ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Хоким. Жойлардаги ижро органлари (ҳокимиятлар) /

Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 19.04.2022 й. 195-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 19 апрелдаги

195-сон қарорига

3-ИЛОВА



Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли

бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш

масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси

фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчиси) вазифа ва функциялари, ҳуқуқлари, фаолиятини ташкил этиш ҳамда жавобгарлигини белгилайди.


2. Ҳоким ёрдамчисининг фаолияти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан мувофиқлаштирилади.


3. Ҳоким ёрдамчиси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий Низомга ва қонунчиликка амал қилади.



2-БОБ. ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИНИНГ

ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифа ва функциялари қуйидагилардан иборат:

маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш;

маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари, тадбиркорлик бўйича ихтисослашув ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда, уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш;

доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш;

маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;

маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашиш;

маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, уларга тадбиркорлик билан мустақил шуғулланиш тажрибасига эга бўлмаган фуқаролар ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун уларга бириктириш;

аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда кўмаклашиш;

кредитлар ва субсидиялар ажратиш кўзда тутилган ҳар бир лойиҳанинг самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлигини чуқур ўрганган ҳолда масъул идора ва ташкилотларга ўз тавсиясини бериш;

маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича масъул идора ва ташкилотларга таклифлар киритиш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг (муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш, турли хил фаолиятни йўлга қўйиш учун рухсатномалар ва лицензиялар олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиш ва бошқалар) масъул идора ва ташкилотлар томонидан ҳал этилишини ташкил этиш;

маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб бориш;

ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирлик, идоралар, тижорат банкларининг масъул ходимлари (республика вакиллари) билан биргаликда ўзига бириктирилган маҳаллани ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;

ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш.

Ҳоким ёрдамчиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


5. Ҳоким ёрдамчиси ўзига юкланган вазифа ва функциялар бўйича қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг туман (шаҳар) бўлинмалари ҳамда масъул идора ва ташкилотлардан маълумотлар сўраб олиш;

ўз ваколати доирасида семинарлар, кўргазмалар, учрашувлар ташкил этиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шундай тадбирларда иштирок этиш;

ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан туман (шаҳар) ҳокимлиги ва Марказга таклифлар киритиш;

ўзига юкланган вазифа ва функциялар бажарилишида маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик олиб бориш;

давлат томонидан имтиёзли кредит асосида лойиҳаларни молиялаштириш бўйича дастур лойиҳаларини шакллантириш жараёнида қатнашиш;

ўзига юкланган вазифа ва функциялар бажарилишида барча вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари биринчи раҳбарларидан амалий ёрдам сўраш;

ҳоким ёрдамчиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Ҳоким ёрдамчиси:

ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

маҳаллани ривожлантириш бўйича ишлаб чиқиладиган "йўл харитаси" ижросини таъминлаш;

ўзига юкланган вазифа ва функциялар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан туман (шаҳар) ҳокимига ҳамда Марказга маълумот киритиб бориш;

"Онлайн маҳалла" электрон платформасига барча маълумотларни киритиб бориш;

фаолиятининг натижалари бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот бериб бориш;

ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали ижроси юзасидан жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шуъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимларидан тайинланади.


8. Ҳоким ёрдамчиси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссиялари орқали очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.


9. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзоднинг интилувчанлиги, мақсадга йўналганлиги, қобилияти, тажрибаси кабиларни инобатга олган ҳолда тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам қабул қилиниши мумкин.


10. Ҳоким ёрдамчисининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда:

хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида тўлаб борилади.


11. Ҳоким ёрдамчисига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда, етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан компенсация қилиб борилади.


12. Ҳоким ёрдамчиси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи томонидан керакли мебель билан жиҳозланган алоҳида хона, интернет тармоғига уланган компьютер жамламаси билан таъминланади.


13. Фаолияти давомида юқори самарадорлик кўрсаткичларига эришган ҳоким ёрдамчиси "Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси" кўкрак нишони билан тақдирланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


14. Мазкур Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 19 апрель
























































Время: 0.1674
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск