ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 20.04.2022 й. 200-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 20 апрелдаги

200-сон қарорига

4-ИЛОВА



Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш

бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг буюртмасига (шартномага) мувофиқ лойиҳа ташкилотлари (кейинги ўринларда - ариза берувчилар) томонидан берилган сўровномага асосан ер майдони ҳажмидан қатъи назар, барча турдаги бинолар, иншоотлар, якка тартибдаги уй-жойлар, кўп квартирали уйлар, сув таъминоти, канализация ва оқова сувларни тозалаш тизимлари, гидротехника иншоотлари ва бошқа объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини (кейинги ўринларда - лойиҳа-смета ҳужжатлари) кўриб чиқиш ва келишиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламентнинг амал қилиши бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни мукаммал таъмирлашга нисбатан қўлланмайди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари билан боғлиқ бўлган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун бевосита тўғридан-тўғри Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаларига мурожаат қилинади.


3. Лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли лицензияси бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади. Лойиҳа-смета ҳужжатларида бино ва иншоот ҳамда якка тартибдаги уй-жойнинг умумий майдони (квадрат метр) кўрсатилиши керак.


4. Объект эгаси ўзгарганда (бегоналаштирилганда), объектни қуриш (реконструкция қилиш) бўйича келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ўзгармаса, лойиҳа ҳужжатлари қайта келишилиши талаб этилмайди.


5. Икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.

Мазкур ҳолатларда туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини бошлаш учун асос ҳисобланади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан бино-иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш тақиқланади.

Уй-жойлар, ёрдамчи-хўжалик қурилмалари ва ҳовлидаги иншоотларнинг қурилиши шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун мўлжалланган ер участкасида бир оила аъзолари учун мазкур уй-жойнинг ҳовлисига мустақил чиқишга эга икки ва ундан ортиқ якка тартибдаги турар жой биноси қуришга рухсат берилади.


6. Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш лойиҳа-смета ҳужжатлари қуйидагилардан иборат бўлади:

ер усти (уй-жой қурилиши учун янги ажратилган ер участкалари учун - ер ости муҳандислик коммуникациялари акс эттирилган) ер участкаси тарҳи;

якка тартибдаги уй-жойнинг пойдеворлари, ертўлалари, қаватлари, уларнинг қирқимлари ва бинонинг олд томони тарҳлари;

молиявий смета ҳисоб-китоби (кредит олишга эҳтиёж бўлган тақдирда).

Бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектурага оид қисмида бино ва иншоотнинг жойлашиши акс эттирилган лойиҳа режаси, рангли фасадлари, қаватлар режалари, қирқимлари, қурилиш объектининг бош режаси бўлади.


7. Лойиҳа-смета ҳужжатлари:

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари (кейинги ўринларда - Кенгашлар) томонидан - тарихий зоналарда, маданий ёдгорликларни қўриқлаш зоналарида, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида қуриладиган объектларнинг ҳамда давлат объектлари бўйича беш иш куни мобайнида;

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари (кейинги ўринларда - ваколатли орган) томонидан - икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлган нотурар бино ва иншоотлар бўйича уч иш куни мобайнида;

туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан - икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар бўйича уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади ва келишилади.


8. Икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлган нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектининг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилади ҳамда объект Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг ҳудудий инспекцияларида рўйхатдан ўтказилади.


9. Давлат хизматлари марказлари, Кенгашлар, ваколатли органлар, туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари ҳамда санитария-эпидемиологик хизматнинг туман (шаҳар) бўлимлари ва туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (кейинги ўринларда - хулоса берувчилар) ўртасида ахборот алмашиш ЭРИдан фойдаланган ҳолда фақат электрон амалга оширилади.


10. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


11. Ариза берувчилар лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда - ЯИДХП) давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатьи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.


12. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса - ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган шакл бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

Сўровномага лойиҳа-смета ҳужжатларининг электрон кўринишдаги эскиз лойиҳаси PDF ёки JPEG форматда илова қилинади.

Ариза берувчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


13. Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

14. Давлат хизматлари кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлат хизмати кўрсатиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш электрон тарзда амалга оширилади.


15. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

10 фоизи - Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар тўлиқ миқдорда ваколатли органнинг банк ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

10 фоизи - Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар тўлиқ миқдорда ваколатли органнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.


16. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


17. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари ходими объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги бино ва иншоотнинг майдонига кўра сўровномани ва лойиҳа-смета ҳужжатларини реал вақт режимида мазкур регламент 7-банди билан ўрнатилган тартиб асосида:

Кенгашларга;

бир вақтда хулоса берувчилар ва ваколатли органга;

туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига юборади.


18. Хулоса берувчилар уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини кўриб чиқадилар ва уларга эътирозлар бўлмаган ҳолатда QR-код қўйилган хулосаларни ваколатли органга электрон шаклда юборадилар.

Хулоса берувчиларнинг барчасидан ижобий хулосалар олингандан сўнг ваколатли орган, Кенгашлар ва туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари ушбу Регламентнинг 7-бандида кўрсатилган муддатларда ушбу Регламентга 3-иловада келтирилган шакл бўйича QR-код қўйилган лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилганлиги хақидаги хулосани беради ёки рад этишнинг аниқ асосларини ва қонунчилик ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этади.

Бунда ариза берувчига электрон тизим орқали автоматик тарзда QR-код қўйилган хулоса берилади, ариза берувчи хулосасиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ҳамда хулоса берувчилар, ваколатли орган, Кенгашлар ва туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари эҳтимол тутилган барча оқибатлар учун жавоб беради.

Хулоса берувчилар томонидан ижобий хулоса берилиб, бироқ ваколатли орган, Кенгашлар ва туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан рад этилган тақдирда ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этиб умумий тартибда давлат хизматидан фойдаланиш учун такроран мурожаат қилганда сўровнома хулоса берувчиларга кўриб чиқиш учун қайтадан юборилмайди.


19. Қуйидагилар давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;

давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик;

тегишли лицензияга эга бўлмасдан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилганлиги;

зарур ҳолларда ушбу Регламентнинг бино ва иншоот қисмлари рангининг атрофдаги бино ва иншоотлар архитектура кўринишига ва табиий ландшафт архитектурасига уйғунлаштирилмаганлиги;

бино ва иншоот қисмларидаги яхлит ранглар ва шакллар (парапет, пилястр, дераза, эшик ва ҳоказо) мазкур бино ва иншоотларнинг функционал вазифасига ёки умумий архитектура кўринишига мос келмаслиги.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Хулоса берувчилар, ваколатли орган, Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан рад этиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг номи, унинг қисми, банди, кичик банди ёки хатбошисига асосланган бўлиши талаб этилади.


20. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш уни ваколатли орган, Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг ЭРИси билан тасдиқлаш йўли билан амалга оширилади.

Бунда аризани кўриб чиқиш муддати давомида заруратга кўра кўчмас мулк объектининг кадастр ҳужжатларини текшириш талаб этилганда Кадастр агентлигининг ахборот тизими билан интеграция қилинган Қурилиш вазирлигининг "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали реал вақт режимида кўчмас мулк объектига оид зарур маълумотлар ва кадастр ҳужжатларини мустақил равишда (юклаб) олиш мумкин.


21. Ариза берувчилар лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш рад этилгандан кейин ўн кун мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчилар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганда такроран келишиш:

Кенгашлар томонидан беш иш кунида;

ваколатли орган ҳамда туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан икки иш кунида амалга оширилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини такроран кўриб чиқишда аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.


22. Лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилган куннинг ўзида QR-код қўйилган хулоса Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига ЯИДХП орқали юборилади.

Давлат хизматлари маркази хулоса тушганидан сўнг реал вақт режимида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини электрон тарзда хабардор қилади.

Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, ариза берувчининг сўровига кўра унга хулосани электрон шаклда ёки қоғоз шаклида тақдим этади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчи ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаши керак.


24. Хулоса лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилган куннинг ўзида "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида автоматик равишда ҳисобга олиб борилади.


25. Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.


26. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


27. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш

СХЕМАСИ

         

     

Босқичлар

   


     

Субъектлар

      


     

Амалга ошириладиган тадбирлар

      


     

Бажариш муддатлари

     








1-босқич


Ариза берувчи


      

1. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилиш.


2. Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлаш.

     


    

1. Хоҳишига кўра.



2. Мурожаат қилинганда

    








2-босқич


1. Давлат хизматлари маркази.


2. ЯИДХП


         

Сўровномани (объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини):

а) Кенгашларга;

б) бир вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ҳамда ҳудудий санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматларига;

в) туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига юбориш.

          


Автоматик

равишда








3-босқич


   

Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати, ҳудудий ёнғинга қарши назорат хизмати

     


1. Лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини кўриб чиқиш.


2. QR-кодли хулосани Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига тизим орқали электрон шаклда юбориш.


3 иш куни

мобайнида








4-босқич


    

Кенгашлар



1. Лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш.


2. QR-кодли хулосани расмийлаштириш ва Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига ЯИДХП орқали электрон шаклда юбориш.


     

5 иш куни

мобайнида


Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси




3 иш куни

мобайнида



туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари

    



3 иш куни

мобайнида








5-босқич


Давлат хизматлари маркази


     

Ариза берувчининг электрон манзилига хулосани жўнатиш, ариза берувчини бу хақида электрон тарзда хабардор қилиш ва хулосани бериш.

     


Реал вақт

режимида

        

     




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА








(санаси)




(рақами)

         

         

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича

давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

     

I. Ариза берувчи - жисмоний шахс тўғрисида маълумот:

      

1. ЖШШИР



2. Ф.И.О.



3. Телефон рақами



4. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)



     

II. Ариза берувчи - юридик шахс тўғрисида маълумот:

       

1. Тўлиқ номи



2. СТИР



3. Телефон рақами



4. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)



      

III. Бино, иншоот ва лойиҳа ташкилоти тўғрисида маълумот:

      

1. Лойиҳа ташкилотининг СТИР рақами



2. Кўчмас мулкнинг кадастр рақами



3. Кўчмас мулкнинг манзили



4. Бино ва иншоотни лойиҳалаштирган ташкилотнинг номи



а) Бино ва иншоотнинг ҳажми

(нотурар бино ва иншоот учун)


Ҳудудий қурилиш бош бошқармасига юбориш


умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ


Туман (шаҳар) қурилиш бўлимига юбориш


умумий майдони 500 квадрат метрдан кам


б) Якка тартибдаги уй-жой


Туман (шаҳар) қурилиш бўлимига юбориш


барча якка тартибдаги уй-жойлар


в) Тарихий зоналарда, шу жумладан, маданий ёдгорликларни қўриқлаш зоналарида қуриладиган объектлар ҳамда давлат объектлари


Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига юбориш


     

IV. Сўровномага илова:

      

Лойиҳа-смета ҳужжатларининг эскиз лойиҳаси



        

         




Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА



         

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРИЛИШ ВАЗИРЛИГИ

        


(Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар

қурилиш бош бошқармалари, туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари)

       

Ҳужжат тузилган сана:




Ариза берувчининг номи ёки Ф.И.О.:


         

       

Лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилганлиги хақида

ХУЛОСА

       

20____ й. "____" ________-сон

      

1.

Ариза рақами



2.

Лойиҳа ташкилотининг номи



3.

Объект эгасининг номи



4.

Объект манзили



5.

Объект номи



6.

Архитектура-режалаштириш топшириғининг реквизитлари



         

Лойиҳани кўриб чиқиш бўйича хулоса:

келишилди, келишилмади


                         (танланади)

         

Асос: Ҳудудий ёнғинга қарши назорат хизмати:

келишилди, келишилмади


                (танланади)

         

Қўшимча маълумотлар:

      

Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати:

келишилди, келишилмади


              (танланади)

         

Қўшимча маълумотлар:

     

    

     

       

Бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳаси

      

       

       

  

Изоҳ. Бунда икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган бино ва иншоотлар ҳамда якка тартибдаги уй-жойлар фақат туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари билан келишилади.

       

    

Ҳужжатни имзолаган шахс



(Ф.И.О.)

         

   

Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код

    




          

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 апрель




















































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск