ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 25.04.2022 й. ЎРҚ-766-сон "Органик маҳсулотлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 03.12.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 17.03.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.2022 й.

N ЎРҚ-766



ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 3 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 17 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади органик маҳсулотлар (органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилиш, шунингдек мувофиқликни баҳолаш ва авторизациялаштириш) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган органик маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилмайди.



2-модда. Органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик


Органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


авторизациялаштириш - мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитация қилинган орган сифатида фаолиятни амалга оширишга ушбу Қонунда ватехник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги органик маҳсулотларга доир бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат органи томонидан рухсатнома бериш;


инспекция назорати - органик маҳсулотларнинг органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчиликда ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш тартиб-таомили;


органик маҳсулотлар - ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилишнинг барча босқичларида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқариш технологияларини қўллаган ҳолда олинган сертификатлаштирилган маҳсулотлар;


органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш - органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатини олиш учун риоя этилиши зарур бўлган органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқариш технологияларини қўллаган ҳолда маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва қайта ишлашга доир фаолият;


органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи - органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс.



4-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб

чиқариш соҳасидаги асосий принциплар


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлашнинг, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлиги;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналишини танлашдаги ихтиёрийлик;

органик маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотнинг шаффофлиги ва очиқлиги;

қайта тикланадиган табиий ресурслардан фойдаланиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш.



2-БОБ. ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАР СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

органик маҳсулотлар соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

органик маҳсулотлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилишни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий ҳамда иқтисодий шарт-шароитлар яратади;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш чоғида йўл қўйиладиган ифлосланиш нормаларини ва органик маҳсулотларнинг, шу жумладан органик экинларнинг (ўсимликларнинг) касалликлари хавфсизлигига доир талабларни белгилайди ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган биологик ва кимёвий моддаларнинг органик маҳсулотлар таркибидаги қолдиқларининг йўл қўйиладиган миқдорини белгилайди;

органик маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга ва унинг ҳудудидан олиб чиқишга, шунингдек органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, реализация қилишга ҳамда утилизация қилишга доир талабларни белгилайди;

органик маҳсулотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



6-модда. Органик маҳсулотлар соҳасидаги

ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги органик маҳсулотлар соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

органик маҳсулотлар соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

органик маҳсулотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

давлат сиёсати ва унинг ижросини таъминлашга қаратилган давлат дастурларининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ барқарор ривожланиш концепцияси принципларига асосланган органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш тизими яратилишини таъминлайди;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, шунингдек бу жараён доирасидаги ишларни ташкил этишга доир фаолиятни тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга оширади;

органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига, шу жумладан сертификатлаштирилган уруғлардан, экиш материалларидан, органик ўғитлардан ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан, озуқа хомашёсидан, озуқавий қўшимчалардан, уй ҳайвонларини, паррандаларни, асалариларни парваришлаш чоғида фойдаланиладиган дори воситаларидан, дезинфекцияловчи ва тозаловчи воситалардан, озиқ-овқат қўшимчаларидан ва технологик компонентлардан органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш чоғида фойдаланиш билан боғлиқ талабларга риоя этилишининг мониторингини ўтказади;

мувофиқликни баҳолаш органлари фаолиятини авторизациялаштиришни амалга оширади;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотлардан органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги зарур ахборотни сўрайди ва олади;

инсон ҳаётининг ва соғлиғининг хавфсизлиги, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган инновацион агротехнологик усуллар ҳамда технологиялардан, услублар ва жараёнлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти субъектларига органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратади;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш масалалари бўйича ўқитиш ва маслаҳат хизматлари кўрсатади;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадлари ва истиқболлари тўғрисидаги билимларни тарғиб қилишга доир ишларни амалга оширади;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилиши мониторингини амалга оширади;

органик маҳсулотлар соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чораларини кўради;

органик маҳсулотлар соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради;

органик маҳсулотлар соҳасида инновацион усуллар ва технологияларни ишлаб чиқиш бўйича мақсадли тадқиқотлар ўтказилишини қўллаб-қувватлайди;

ташқи ва ички бозорларда органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилишни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди;

органик маҳсулотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик

осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг

органик маҳсулотлар соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати:

органик маҳсулотларнинг хавфсизлиги соҳасидаги халқаро стандартлар ва тавсиялар билан уйғунлашган санитария қоидаларини, нормаларини ва гигиеник нормативларни ишлаб чиқаришга жорий этилишини таъминлайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг органик маҳсулотлар хавфсизлигига мувофиқлиги юзасидан экспертизасини ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш қўмитасининг органик маҳсулотлар

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси:

қишлоқ хўжалигида органик чорвачиликни ривожлантириш соҳасидаги халқаро стандартлар ва тавсиялар билан уйғунлашган ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқаришга жорий этилишини таъминлайди;

ишлаб чиқарувчилар томонидан органик маҳсулотларни, чорвачиликка оид органик маҳсулотларни ҳамда келиб чиқиши ҳайвонлар ва ўсимликларга мансуб бўлган хомашёни етиштириш чоғида ветеринария тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган ветеринария-санитария талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи

савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан

тартибга солиш агентлигининг органик маҳсулотлар

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида:

мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишни амалга оширади ва уларга аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради;

органик маҳсулотларнинг миллий мувофиқлик белгиси шакли ва ўлчамини тасдиқлайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тизимли равишда жорий этишда, шунингдек органик маҳсулотлар соҳасидаги халқаро стандартларни республикада жорий этишга тизимли равишда кўмаклашади;

мувофиқликни баҳолаш органларининг мутахассислари учун инспекция назоратини ўтказиш доирасида ёки сертификатлаштириш жараёнида малака ошириш бўйича тадбирларни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

органик маҳсулотлар соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

қишлоқ хўжалиги корхоналарига ва қайта ишлаш корхоналарига органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш учунер участкалари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатади;

органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг органик маҳсулотлар сифатида реализация қилинишига йўл қўймаслик чораларини кўради;

аҳолини органик маҳсулотлар етиштириш тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Мувофиқликни баҳолаш органининг ваколатлари


Мувофиқликни баҳолаш органи қуйидаги ваколатларга эга:

халқаро стандартларга мувофиқ органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни сертификатлаштириш чоғида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлайди;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни сертификатлаштириш тўғрисидаги ёки органик маҳсулотлар ҳақидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган тақдирда сертификатлаштиришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришучун берилган ер участкаларидаги тупроқ, сув, уруғлар, кўчатлардан ва экиш материалидан, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларидан ва озуқалардан намуналар олишни амалга оширади;

қонунчиликда белгиланган тартибда органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатини беради, унинг амал қилишини тўхтатиб туради ва ушбу сертификатни бекор қилади.

Мувофиқликни баҳолаш органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Мувофиқликни баҳолаш органи органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни сертификатлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларни органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчидан сўраб олиш ҳуқуқига эга.



12-модда. Органик маҳсулотлар соҳасини

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш


Органик маҳсулотлар соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилишни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли давлат дастурларини қабул қилиш ҳамда амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сертификатлаштирилган органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун субсидиялар ажратиш;

органик маҳсулотлар соҳасида инновацион услублар ва технологияларнинг, шунингдек илғор тажрибаларнинг жорий этилишини рағбатлантириш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни молиялаштиришда, ахборотга оид, маслаҳат ва сертификатлаштириш хизматлари кўрсатишда кўмаклашиш;

органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва синов лойиҳаларини амалга ошириш бўйича давлат ва халқаро грант дастурлари доирасида кўмаклашиш;

органик маҳсулотлар тоифасига кирмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш чоғида субсидиялар бериш.



3-БОБ. ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАРНИ ИШЛАБ

ЧИҚАРУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ,

УЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


13-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб

чиқарувчиларнинг ҳуқуқлари


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш чоғида ўз фирма номидан, товар белгисидан ва хизмат кўрсатиш белгисидан фойдаланиш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш учун зарур бўлган хизматлар (ишлар) турларини, шу жумладан мувофиқликни баҳолаш органларини ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларни мустақил равишда танлаш.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



14-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб

чиқарувчиларнинг мажбуриятлари


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилиш чоғида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши шарт.



15-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб

чиқарувчилар фаолиятининг кафолатлари


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга фаолиятнинг қуйидаги кафолатлари берилади:

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ажратилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришни илмий асосланган алмашлаб экиш схемаларига мувофиқ, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек норматив ҳужжатлар талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ажратилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинларини эркин жойлаштириш.



4-БОБ. ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАРГА

ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


16-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб

чиқаришга ўтиш шартлари


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш шартлари қуйидагилардан иборат:

органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва мувофиқликни баҳолаш органи ўртасида органик маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш органик маҳсулотлар тоифасига кирмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан алоҳида тарзда амалга оширилади;

ўтиш даврида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни "ўтиш давридаги органик маҳсулотлар" сифатида тамғалаш ва реализация қилиш.

Органик маҳсулотлар тоифасига кирмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш чоғида ўтиш даври белгиланиб, маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи томонидан бу давр ичида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бажарилиши таъминланади.



17-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб

чиқаришга доир талаблар


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

соғлом ҳайвонлар ва ўсимликлардан, хавфсиз маҳсулотлардан ҳамда келиб чиқиши ҳайвонлар ва ўсимликларга мансуб бўлган хомашёдан фойдаланиш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш чоғида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган технологиялардан фойдаланиш;

тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ва ошириш;

ишлаб чиқариш учун органик маҳсулотларнинг муайян турини танлаш чоғида экологик тизимларни сақлаш;

қайта тикланадиган табиий ресурслардан, шу жумладан келиб чиқиши ўсимликлар ва ҳайвонларга мансуб бўлган маҳсулотлардан ҳамда чиқиндилардан органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ фойдаланиш;

қайта тикланмайдиган табиий ресурслардан фойдаланишни қисқартириш;

инсон соғлиғига, ўсимликларга ва ҳайвонларга зарар етказмайдиган, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини оладиган ёки унинг оқибатларини бартараф этадиган технологиялардан фойдаланиш;

технологик жараёнларни сифатли бажариш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда рухсат этилган нормаларда озиқ-овқат қўшимчаларидан, микроэлементлардан фойдаланиш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни кўриш, шу жумладан алмашлаб экишга, касалликларга, зараркунандаларга ва бегона ўтларга чидамли бўлган ўсимликлар турларини ҳамда навларини танлашчоғида механик, биологик ва физик усулларни қўллаш;

маҳаллий шароитларга мослашган, чидамли ўсимлик турларини, навларини ва ҳайвонлар зотларини танлаш;

чорвачиликда органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун келиб чиқиши табиий бўлган моддалардан олинган ингредиентлардан иборат озуқаларни ва озуқавий қўшимчаларни қўллаш;

ичимлик суви учун қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган сувдан органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш чоғида ингредиент сифатида фойдаланиш;

айни бир турдаги органик ва ноорганик ингредиентларни битта органик маҳсулотга аралаштирмаслик.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш чоғида қуйидагилар тақиқланади:

синтетик моддалар, пестицидлар, гормонлар, антибиотиклардан ва кимёвий озиқ-овқат қўшимчаларидан фойдаланиш;

тупроқдан фойдаланмасдан ўсимлик маҳсулотларини етиштириш усулларини қўллаш;

ионлаштирувчи нурланишдан (манбалардан) фойдаланиш;

табиий ҳолда ўсадиган ўсимликларга ишлов беришнинг кимёвий усулларидан фойдаланиш;

оқова сувлар чўкмасидан, септик чиқиндилардан ҳамда инсон ҳаётига ва фаолиятига доир бошқа чиқиндилардан таркиб топган моддалардан ўғит сифатида фойдаланиш;

чиқиндилардан, кимёвий ва радиоактив моддалардан ифлосланган ер участкаларидан, сув объектларидан ва (ёки) уларнинг қисмларидан фойдаланиш;

эмбрионларни трансплантация қилишни, клонлаштиришни ва генга оид муҳандислик усулларини, ген-муҳандислик-модификация қилинган ҳамда трансген организмларни қўллаш, шунингдек ген-муҳандислик-модификация қилинган ва трансген организмлардан фойдаланган ҳолда тайёрланган маҳсулотларни қўллаш.

Органик маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришга, шу жумладан уларни параллель равишда ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш шарт-шароитларига доир алоҳида талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.



18-модда. Органик маҳсулотларни Ўзбекистон

Республикаси ҳудудига олиб кириш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига органик маҳсулотларни олиб кириш чоғида чет давлатнинг мувофиқликни баҳолаш органи томонидан берилган органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатининг ва ушбу мамлакатда қабул қилинган намунадаги органик маҳсулотларнинг келиб чиқишини тасдиқлайдиган сертификатнинг кўчирма нусхалари тақдим этилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган органик маҳсулотларга нисбатан қонунчиликда белгиланган санитария, фитосанитария, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари қўлланилади.



19-модда. Органик маҳсулотларни Ўзбекистон

Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш


Органик маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган шаклдаги органик жиҳатдан мувофиқлик сертификати тақдим этилганда амалга оширилади.



5-БОБ. МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ, МУВОФИҚЛИКНИ

БАҲОЛАШ ОРГАНИНИ АВТОРИЗАЦИЯЛАШТИРИШ, ОРГАНИК

МАҲСУЛОТЛАР СОҲАСИДАГИ ЭКВИВАЛЕНТЛИКНИ БАҲОЛАШ,

ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАРНИ ТАМҒАЛАШ


20-модда. Органик маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлашнинг мувофиқлигини баҳолашни ташкил этиш органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар учун ихтиёрийдир.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилишнинг мувофиқлигини баҳолаш чоғида инспекция назорати органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан амалга оширилади.

Органик жиҳатдан мувофиқлик сертификати органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилишнинг мувофиқлигини баҳолаш натижасидир.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи органик маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш тартиб-таомилидан ўтганидан ва органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатини олганидан кейин органик маҳсулотларнинг миллий мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Органик маҳсулотларнинг миллий мувофиқлик белгисининг тавсифи, шакли ва унга доир техник талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.



21-модда. Мувофиқликни баҳолаш

органини авторизациялаштириш


Аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органи органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш жараёнларининг мувофиқлигини органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ баҳолаш ишларини кейинчалик амалга ошириш учун ваколатли давлат органи томонидан авторизациялаштиришдан ўтиши шарт.

Мувофиқликни баҳолаш органи авторизациялаштиришдан ўтиш учун ваколатли давлат органига авторизациялаштириш тўғрисида ариза беради.

Авторизациялаштириш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

аккредитация ҳақидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси;

юридик шахс уставининг ва (ёки) таъсис шартномасининг кўчирма нусхаси;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларга ишлов бериш, уларни қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш (органик ўсимлик маҳсулотлари, чорвачиликдан олинадиган органик маҳсулотлар, органик озиқ-овқат маҳсулотлари, органик озуқа маҳсулотлари ва бошқалар) соҳасида базавий ихтисослашув тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган доимий инспекторларнинг ёки инспекторнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар;

мувофиқликни баҳолаш органи ходимларининг рўйхати ва уларнинг органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларга ишлов бериш, уларни қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш соҳасидаги малака даражасини (иш тажрибасини, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги махсус билимларини, органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини билишини) тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ваколатли давлат органи мувофиқликни баҳолаш органини авторизациялаштириш ҳақидаги ёки авторизациялаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарорни ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида қабул қилади.

Мувофиқликни баҳолаш органи:

авторизациядан ўтган тақдирда, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш жараёнларининг мувофиқлигини органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ баҳолашни белгиланган тартибда амалга оширади;

органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ваколатли давлат органини ёзма шаклда хабардор қилади;

бир йил ичида берилган сертификатлар тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ваколатли давлат органига тақдим этади.

Мувофиқликни баҳолаш органининг авторизациялаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарори қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

мувофиқликни баҳолаш органи авторизациялаштиришни бекор қилиш тўғрисида ариза берганда;

органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари мувофиқликни баҳолаш органи томонидан бузилганда;

ушбу модданинг учинчи қисми талабларига мувофиқ бўлмаганда;

мувофиқликни баҳолаш органи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган ахборот ишончсиз бўлганда;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганда, тугатилганда ёки у бекор қилинганда.

Мувофиқликни баҳолаш органи органик маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш тўғрисида ўзи билан шартнома тузган органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни ушбу органнинг авторизациялаштирилиши бекор бўлганлиги ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Мувофиқликни баҳолаш органи томонидан берилган, авторизациялаштирилиши бекор қилинган органик жиҳатдан мувофиқлик сертификати ҳақиқий деб топилади, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар эса органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи мақомини органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугагунига қадар сақлаб қолади.



22-модда. Органик маҳсулотлар соҳасида

эквивалентликни баҳолаш


Органик маҳсулотлар соҳасида эквивалентликни баҳолаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида эквивалентликни баҳолаш чоғида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари хорижий мамлакатлар қонунчилигига ва халқаро стандартларга мувофиқ ўрганилади.



23-модда. Органик маҳсулотларни тамғалаш


Органик маҳсулотларни тамғалаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар органик маҳсулотларнинг миллий мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувлар томонидан органик маҳсулотларни тамғалашда:

"organic" (органик), "biologic" (биологик), "ecologic" (экологик), "natural" (табиий) деган сўзлардан ва уларнинг қисқартмаларидан ёки ушбу сўзлардан ҳосил қилинган сўзлардан алоҳида тарзда ёхуд органик маҳсулотларнинг номига қўшиб фойдаланилиши мумкин;

органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатини берган мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг Мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестрида назарда тутилган рўйхатга олиш рақами кўрсатилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестри


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестри ваколатли давлат органи томонидан электрон ҳужжат тарзида шакллантирилади ва юритилади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестри ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.



25-модда. Органик маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотнинг

шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш


Ваколатли давлат органи фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солиши ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган қалбакилаштирилган органик маҳсулотлар чиқарилишининг олдини олишга, унинг оқибатларини камайтиришга ёки уни бартараф этишга қаратилган чоралар тўғрисида аҳолини хабардор қилади.

Органик маҳсулотларни реализация қилиш билан шуғулланувчи шахсларга органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган органик маҳсулотларни реализация қилиш тақиқланади.

Мувофиқликни баҳолаш органи ваколатли давлат органига органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар томонидан органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш, шу жумладан уларни қонунчиликда белгиланган тартибда сертификатлаштиришни амалга ошириш тўғрисида ахборот тақдим этади.



26-модда. Низоларни ҳал этиш


Органик маҳсулотлар соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



27-модда. Органик маҳсулотлар тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



28-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



29-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 апрель


"Халқ сўзи", 2022 йил 26 апрель







































Время: 0.1943
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск