ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш /

Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.04.2022 й. 197-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 19 апрелдаги

197-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида синов

тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан

ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

         

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига (кейинги ўринларда - синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш) тайёргарлик кўриш, уларни амалга ошириш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш тартибини белгилайди.


2. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишлари 2022 йилнинг август ойида танлаб олинган ҳудудларда амалга оширилади ва рўйхатдан ўтказиш бошланишининг аниқ вақти 2022 йил 1 август соат 00:00 этиб белгиланади (кейинги ўринларда - рўйхатдан ўтказиш санаси). Рўйхатдан ўтказиш давомийлиги - 31 кун этиб белгиланади.

Респондентларнинг қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларини йиғишда рўйхатдан ўтказиш санасидан кейин содир бўлган хўжалик фаолиятидаги ўзгаришлар ҳисобга олинмайди ҳамда мазкур ўзгаришлар рўйхатдан ўтказиш сўровномалари ва бошқа рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларида қайд этилмайди.


3. Рўйхатдан ўтказиш сўровномалари синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш дастурига киритилган саволлардан ташкил топади.


4. Қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларни тўплаш:

деҳқон ва томорқа хўжаликлари, дала ҳовли участкалари эгалари тўғрисидаги маълумотлар улар яшайдиган хўжаликларга ташриф буюрган ҳолда, респондентлар билан сўров ўтказиш ва уларнинг жавоблари асосида маълумотларни планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш орқали тўпланади. Сўров ўтказилаётган респондентларнинг оғзаки жавоблари асосида рўйхатдан ўтказувчи шахслар томонидан тегишли сўровномаларга маълумотлар киритилади. Рўйхатдан ўтказиш даврида хўжалик бошлиғининг ўзи бўлмаганда, хўжаликка доир маълумотлар ушбу хўжаликнинг вояга етган аъзоси томонидан маълум қилинади;

фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг раҳбар ва масъул ходимлари билан сўров ўтказиш ва уларнинг жавоблари асосида маълумотларни планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш орқали тўпланади. Сўров ўтказилаётган респондентларнинг оғзаки жавоблари асосида рўйхатдан ўтказувчи шахслар томонидан тегишли сўровномаларга маълумотлар киритилади. Хўжаликка (ташкилотга) доир маълумотлар ушбу хўжалик (ташкилот)нинг раҳбари ёки бош ҳисобчиси томонидан маълум қилинади;

рўйхатдан ўтказиш объектида рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатдан ўтказиш сўровномаларига маълумотлар туман ҳокимликлари томонидан ажратилган бино ёки хоналарда жойлашган стационар участкаларда (кейинги ўринларда - стационар участкалар) киритилади;

респондентлар рўйхатдан ўтказиш сўровномасидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатдан ўтказиш сўровномаларига маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, шунингдек Кадастр агентлиги ҳузуридаги Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаларидаги, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларидаги мавжуд маълумотлар асосида киритилади;

гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган респондентларнинг хўжаликка (ташкилотга) доир маълумотлари тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида тўпланади.


5. Респондентлар ўзининг қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширадиган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади. Бу жой респондент рўйхатдан ўтган (рўйхатга қўйилган) манзил билан мос келиши ёки мос келмаслиги ҳам мумкин.



2-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ЖАРАЁНИДА ИШТИРОК

ЭТУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ


6. Қуйидаги органлар синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга оширишни таъминлайди:

2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда - республика комиссияси);

Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида тузилган 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар);

давлат статистика органлари;

тегишли вазирликлар ва идоралар.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича махсус ваколатли давлат органи сифатида қуйидагиларни амалга оширади:

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш бўйича методика ва қўлланма материалларни тайёрлайди ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқади;

планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш, таҳлил қилиш ва натижаларини ўз вақтида олиш бўйича ахборот тизими ишлаб чиқилишини ташкил қилади;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини чоп этиш, канцелярия буюмлари ҳамда моддий-техник таъминот воситаларини тайёрлаш (сотиб олиш) ва уларни ўз вақтида тегишли ҳудудларга етказиб бериш ишларини ташкил этади;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитиш тартибини белгилайди, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятлари статистика бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий статистика бошқармалари) ходимларини ўқитишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда - Кадастр агентлиги) билан биргаликда рўйхатдан ўтказишда фойдаланиладиган картографик материалларни тайёрлаш бўйича техник шартларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ҳақида аҳолини ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган субъектларни хабардор қилиш ишларини (шу жумладан, SMS-хабарнома, аудио ва видео реклама материаллари, нашрлар ва бошқалар) мувофиқлаштиради;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларининг ҳудудий комиссиялар билан биргаликда сифатли ўтказилишини ташкил этишга кўмаклашади;

қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларга ишлов бериш тартибини белгилайди ва уларга ишлов беришни амалга оширади.


8. Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, Жомбой ва Паркент туманлари ҳокимликлари:

маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ҳисобга олиб, аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди;

томорқа ер майдонлари мавжуд бўлган деҳқон ва томорқа хўжаликлари сонини кўрсатган ҳолда, фуқаролар йиғинларининг тўлиқ рўйхатини тузади;

мавжуд фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар, боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари сонини кўрсатиб, уларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантиради;

деҳқон ва томорқа хўжаликлари, дала ҳовли участкалари эгалари, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар сонидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда ҳудудларни рўйхатдан ўтказиш, инструкторлик ва ҳисоб участкаларига бўлинишини таъминлайди ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этади;

маъмурий-ҳудудий бирликларда кўчаларнинг номлари, уйларнинг рақамлари кўрсатилган кўрсаткичлар бўлишини таъминлайди;

жалб этилган рўйхатдан ўтказувчи ходимлар таркибини тасдиқлайди;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитишни ташкил этади;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинча бинолар ёки хоналар ажратилишини таъминлайди;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини вақтинча сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ёки хоналар ажратилишини таъминлайди;

зарур транспорт ва алоқа воситалари тақдим этилишини таъминлайди;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларининг сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказишда хавфсизликни таъминлаш ишлари мувофиқлаштирилишини ташкил этади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси:

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига жалб этилган шахсларнинг хавфсизлигини;

жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар рўйхатлари шакллантирилишини;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш жараёнида жамоат тартибини сақлаш мақсадида рўйхатдан ўтказувчи гуруҳларга бир нафар ходим жалб этилишини;

ўз ходимларининг синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимлар билан биргаликда рўйхатдан ўтказиш жараёнида иштирок этишини;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш даврида рўйхатдан ўтказиш материалларининг сақланишини ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органларнинг бинолари ва юклари қўриқланишини;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш даврида рўйхатдан ўтказувчи ходимларни рўйхатдан ўтказиш учун корхона ва ташкилотлар ҳудудига киришга тўсқинлик қилмаслик мақсадида корхона ва ташкилотлар маъмурияти билан профилактик тушунтириш ишлари ўтказилишини;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш даврида ҳудудларда тинчлик ва осойишталик, жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди.


10. Зарур ҳолларда, синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш доирасидаги айрим ишлар ва тадбирларни бажаришга кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар қўшимча равишда жалб этилиши мумкин.


11. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳисоб-китоблари Қўмита, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан тайёрланади.



3-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДА ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

ИШЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ


12. Кадастр агентлиги синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш учун зарур картографик материаллар билан таъминлайди.

Рўйхатдан ўтказиш учун картографик материаллар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Жомбой ва Паркент туманларининг маъмурий-ҳудудий хариталари;

шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларнинг схематик режалари.

Шу билан бирга, Кадастр агентлиги томонидан:

ер участкаларининг ўрни ва ўлчамлари, уларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар бўйича маълумотлар;

ҳар бир ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори бўйича ер кадастри электрон маълумотлар базаси шакллантирилади.


13. Рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга оширишнинг ташкилий режаси (кейинги ўринларда - ташкилий режа) тегишли ҳудудий комиссиялар томонидан Жомбой ва Паркент туманлари бўйича алоҳида тузилади.

Рўйхатдан ўтказиш участкаларининг чегаралари ҳар бир рўйхатдан ўтказиш участкасига тўғри келадиган юкламани (ўртача 4500 та деҳқон хўжалиги (хонадон) ва ўртача 250 та фермер хўжалиги) ҳисобга олинган ҳолда, маъмурий-ҳудудий бўлиниш яхлитлигини (туман даражасида) сақлаш шарти билан белгиланади.

Рўйхатдан ўтказиш участкалари ҳар бир инструкторга тўғри келадиган юклама (ўртача 900 та деҳқон хўжалиги (хонадон) ва ўртача 50 та фермер хўжалиги) ва ҳудуддаги мавжуд хўжаликлар сони ҳисобга олинган ҳолда инструкторлик участкаларига бўлинади.

Инструкторлик участкалари ҳар бир рўйхатдан ўтказувчига тўғри келадиган юкламадан (ўртача 180 та деҳқон хўжалиги (хонадон) ва ўртача 10 та фермер хўжалиги) келиб чиққан ҳолда ҳисоб участкаларига бўлинади.

Ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси қарорига асосан бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда ҳисоб участкасига тўғри келадиган деҳқон ва томорқа хўжалиги (хонадон) сони ўртача 50 тадан иборат бўлиши мезон сифатида олинади.

Айрим ҳолларда ҳисоб участкаларини тузишда рўйхатдан ўтказувчига тўғри келадиган ўртача юклама белгиланган нормалардан кам ёки кўп бўлиши мумкин.

Ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатдан ўтказиш участкалари сонидан келиб чиқиб, рўйхатдан ўтказиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар сони аниқланади.

Ташкилий режани тузишда кўзда тутилмаган ҳолатлар (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юкланган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олинган ҳолда ҳисоб участкаси, инструкторлик ҳамда рўйхатдан ўтказиш участкаларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи иш ҳақи тўланмайдиган кадрлар захираси шакллантирилади.

Кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келганда, рўйхатдан ўтказиш жараёнларига захирадан жалб этилган ходимларга белгиланган тартибда иш ҳақи тўланади.


14. Жомбой ва Паркент туманлари бўйича тайёрланган ташкилий режалар туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ҳамда Самарқанд ва Тошкент вилоятлари статистика бошқармаларига тақдим этилади.


15. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини ташкил этиш ва уларнинг амалга оширилиши, ҳудудлар даражасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳудудий комиссиялар томонидан мувофиқлаштирилади.


16. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш белгиланган ҳудудлардаги ички ишлар органлари томонидан жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар тўғрисидаги маълумотлар 2022 йил июнь ойидан кечиктирмаган ҳолда ҳудудий комиссияларга тақдим этилади.

Олинган маълумотлар рўйхатдан ўтказилади ва ҳисоб участкалари бўйича гуруҳланади ҳамда рўйхатдан ўтказувчиларни ушбу манзиллар тўғрисида хабардор қилиш учун рўйхатдан ўтказиш участкалари бошлиғи ёки уларнинг ўринбосарларига тақдим этилади.



4-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДАРЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ИШЛАРИГА ЖАЛБ ҚИЛИНАДИГАН

ХОДИМЛАР ТОИФАЛАРИ


17. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:

республика даражасида - республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари;

ҳудудий даражада - тегишли ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари;

туманларда - Жомбой ва Паркент туманлари статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман рўйхатдан ўтказиш бўлимлари ҳамда рўйхатдан ўтказиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимлари.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, рўйхатдан ўтказишни молиявий ва моддий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун мутахассислар қўшимча равишда шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.


18. Самарқанд ва Тошкент вилоятлари, Жомбой ва Паркент туманлари ҳокимликлари синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишлари учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва уларнинг рўйхатини шакллантиради.

Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга оширишга жалб этиладиган шахслар рўйхати Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.


19. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш жараёнида Қўмитанинг ҳудудий статистика органлари томонидан Жомбой ва Паркент туманлари ҳудуди шартли равишда уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузиш участкаларига бўлинади, бунда участка чегараларида ўртача 750 та уй-жой ва 25 та хўжалик (ташкилот) қамраб олинади.

Уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузувчилар сонини шакллантиришда кўзда тутилмаган ҳолатлар (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олинган ҳолда, асосий таркибга қўшимча равишда иш ҳақи тўланмайдиган 5 фоиз кадрлар захираси шакллантирилади.

Ҳар бир уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузиш участкаларига уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузувчилар бириктирилади. Уларнинг фаолиятини тегишли туман синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи назорат қилади.


20. Уй-жойлар ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузувчилар махсус дастур асосида ўқитилиб, бино ва уй-жойлар, хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузиш учун жалб этилади.

Уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузувчилар ўз участкасини хатловдан ўтказиш давомида респондентлар яшайдиган барча бинолар рўйхатини аниқлайди, картографик материалларни текширади, уларга тегишли белги қўяди ва зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритади.


21. Туманлар ҳокимликлари томонидан ҳудудий статистика органлари билан биргаликда Давлат статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Кадастр агентлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари орасидан уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузувчилар танлаб олинади ҳамда шартнома асосида ишга жалб этилади.


22. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкалар ишини ташкил қилиш учун ёлланадиган қуйидаги ходимлар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб қилинади:

респондентдан сўров ўтказиш орқали синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга оширувчи рўйхатдан ўтказувчи ходим;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар ишини назорат қиладиган назоратчи инструктор ходим;

инструкторлар ишини назорат қилувчи ходимлар (синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосари);

туман миқёсида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини назорат қилувчи ходимлар (тегишли туман рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари);

туман миқёсида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини мувофиқлаштирадиган ходим (синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси).


23. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга оширишга жалб қилинган шахслар меҳнатига мазкур қарорга 3-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳақ тўланади.


24. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига вақтинча жалб қилинадиган ходимларга Қўмита томонидан тайёрланган махсус гувоҳнома берилади.


25. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига вақтинча жалб этиладиган ходимларга махсус гувоҳномалар беришга тегишли ҳудудий статистика органлари масъул ҳисобланади.


26. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар ўқитилади.


27. Ўқитиш давомида қуйидагилар:

синов тариқасида рўйхатдан ўтказишнинг мақсад ва вазифалари, рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга оширишни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, рўйхатдан ўтказиш сўровномалари таркиби ва унга маълумотларни киритиш тартиби, шунингдек, рўйхатдан ўтказувчи ходимларнинг вазифалари, ахлоқ нормаларини ўргатиш бўйича машғулотлар;

планшет қурилмаларидан фойдаланган ҳолда сўровномаларни тўлдириш, тўпланган маълумотларни марказий базага юклаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича машғулотлар;

техника хавфсизлиги бўйича машғулотлар;

уй-жой ва хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини тузувчилар томонидан шаҳар, шаҳар типидаги аҳоли пункти, қишлоқ аҳоли пунктларидаги уй-жойлар, бинолар, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тегишли ер участкалари рўйхатини тузиш бўйича амалий машғулотлар;

респондентлар билан сўров ўтказиш, келиб чиқадиган барча қийинчиликларни аниқлаштиришга доир муаммоли масалаларни муҳокама қилиш бўйича амалий машғулотлар;

ўқитилган ходимларнинг маълумотларни ўзлаштирганлиги бўйича назорат қилиш ишлари ташкил этилади.


28. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимлар ўқитилгандан сўнг махсус гувоҳнома ва кийим (нимча, бош кийим ва бошқалар бўлиши мумкин), рўйхатдан ўтказиш воситалари (планшет, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари ва канцелярия буюмларини олиб юриш учун сумка) билан таъминланади.



5-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДА ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИДА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


29. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга оширишда, респондентлар сўрови қуйидагича ташкил этилади:

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш сўровномалари асосида уйма-уй юрган ҳолда, юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжаликлари, томорқа хўжаликлари ва дала ҳовли участкаларини рўйхатдан ўтказиш;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш сўровномалари асосида хўжалик (ташкилот) раҳбари ва масъул ходимлари билан сўров ўтказган ҳолда, юридик шахс ташкил этган деҳқон хўжаликлари, фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш сўровномалари асосида ҳокимликлар балансида бўлган захира ерларни рўйхатдан ўтказиш;

ҳар бир ҳисоб участкасидаги хўжаликларнинг 10 фоизини танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганиш.


30. Агар респондент яшаб турган хонадонида рўйхатдан ўтишни истамаса, рўйхатдан ўтказувчи унга инструкторлик участкасига бориб рўйхатдан ўтишни таклиф этади ва участка манзилини беради.

Инструкторлик участкаси тегишли ҳудудларда синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш даврида фаолият юритади.


31. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш участкаси ходимлари, инструкторлар ва рўйхатдан ўтказувчилар белгиланган тартибда махсус гувоҳнома, сумка ва канцелярия буюмлари билан таъминланади.


32. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш даврида инструкторлар рўйхатдан ўтказувчилар томонидан сўров ўтказилган респондентлар сонини кунлик назорат қилади ва уларнинг ҳисобини юритиб боради.


33. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимлар:

сўров ўтказишдан олдин ўзини таништириши, респондентга ўз гувоҳномасини кўрсатиши, ташриф мақсадини тушунтириши, шунингдек, синов тариқасида рўйхатдан ўтказишда иштирок этишнинг муҳимлиги, респондентларнинг хўжаликка доир маълумотларининг махфийлиги таъминланиши ва сўров тахминан қанча вақт давом этиши тўғрисида маълумот бериши;

хўжаликка доир маълумотларни тўплаш жараёнида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш дастурида белгиланган саволлар рўйхатига риоя этиши, уларнинг мазмуни бузилишига йўл қўймаслиги;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш сўровномасида келтирилган кетма-кетлик бўйича саволлар бериши, сўровномада мавжуд бўлмаган саволларни бермаслиги;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш бўйича йўриқномада келтирилган тушунтиришлардан ташқари респондентга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча равишда тушунтиришлар бериши;

хушмуомала бўлиши, бошқа шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги ёки уларнинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига хавф солмаслиги, шунингдек, статистика органлари обрўсига путур етказадиган ҳаракатлардан сақланиши;

хўжаликка доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши ва уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги;

ўз ваколатларига мувофиқ ишларни тўлиқ, сифатли ва белгиланган муддатларда бажариши лозим.


34. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар инструктор, рўйхатдан ўтказиш участкаси ходимлари кўрсатмаларини ўз вақтида ва аниқ бажаради ҳамда бу борада бошқа рўйхатдан ўтказувчилар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши мумкин.

Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар иш жараёнида юзага келадиган муаммолар ва уларнинг сабаблари бўйича инструкторга хабар беради ҳамда ушбу муаммоларни имкон қадар мустақил равишда бартараф қилиш чораларини кўради.

Шунингдек, cинов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар зарурат туғилганда, оилавий аҳволи, соғлиги ва бошқа кутилмаган ҳолатлар ҳақида инструкторга хабар беради.


35. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар мустақил равишда иш режасини тузади, зарур ҳолларда инструктор билан маслаҳатлашади, ўзига бириктирилган ҳудуддаги барча хўжаликларни ҳисобга олган ҳолда сўров ўтказиш учун қулай бўлган йўналишни белгилаб олади.

Кун режасини тузишда cинов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар қуйидагиларни:

кам вақт сарф этиб, қисқа масофани босиб максимал миқдорда хўжаликларни айланиб, рўйхатдан ўтказишни;

жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар хонадонларига Миллий гвардия ёки ички ишлар органлари ходимлари билан биргаликда ташриф буюрган ҳолда зарур хавфсизлик чораларини кўришни ҳисобга олади.


36. Агар cинов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар режадан сезиларли даражада ортда қолаётган бўлса, инструкторлар ушбу ҳолатнинг сабабини аниқлаштиради ва зарур ҳолларда, захира таркибидан cинов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилар жалб этилиши юзасидан ҳудудий статистика бошқармалари бошлиқларига таклиф киритади.


37. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш хўжаликнинг қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширганлигини аниқлашдан бошланади.


38. Сўров давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин. Бунда cинов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимлар ушбу ҳудудда яшовчи ёки шу ҳудуднинг аҳолиси билан эркин мулоқот қила оладиган шахслар орасидан танланади.


39. Маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида уч кун муддатда танланма равишда назорат кузатуви ўтказилади.

Назорат кузатуви барча ҳисоб участкалари бўйича 10 фоиздан кам бўлмаган қамров билан ўтказилади.

Назорат кузатувидан сўнг назорат кузатуви маълумотлари билан синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш даврида рўйхатдан ўтказиш сўровномаларига киритилган маълумотлар солиштирилади ҳамда рўйхатдан ўтказиш тўлиқлиги ва рўйхатдан ўтказиш сўровномаларига киритилган маълумотлар сифати текширилади.


40. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказишнинг хўжаликка доир маълумотлари махфий бўлиб, респондентнинг розилигисиз ошкор этилмайди ва тарқатилмайди.


41. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ва назорат кузатуви ўтказилгандан кейин планшетлар, сумкалар ва бошқа ҳужжатлар қуйидаги тартибда топширилиши керак:

синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи - рўйхатдан ўтказиш ишлари якунлангандан сўнг 1 (бир) календарь кун муддатда инструкторларга;

инструкторлар - синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчилардан қабул қилиб олингандан сўнг 3 (уч) календарь кун муддатда синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш участкаси бошлиқларига;

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш участкаси бошлиғи - инструктордан қабул қилиб олингандан сўнг 5 (беш) календарь кун муддатда туман синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиқларига;

туман синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиқлари - рўйхатдан ўтказиш участкаси бошлиқларидан қабул қилиб олингандан сўнг 5 (беш) календарь кун муддат ичида тегишли ҳудудий статистика бошқармаларига топширади.



6-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ИШЛАРИНИНГ НАТИЖАЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ


42. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчи ходимлар томонидан тайёрланган йиғма маълумотлар натижалари асосида туманлар бўйича дастлабки маълумотлар хўжалик тоифаларига ажратилган ҳолда шакллантирилади.


43. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларининг натижалари тегишли ҳудудлар бўйича белгиланган жадваллар шаклида шакллантирилади.


44. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларининг электрон маълумотлар базаси ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакли ҳамда синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларининг йиғма ҳужжатлари қайта ишлангандан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлигига тақдим этилади.



7-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ИШЛАРИНИ МОДДИЙ-ТЕХНИК

ВА МОЛИЯВИЙ ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАШ


45. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга оширишга жалб этиладиган ходимлар фаолиятини белгиланган меъёрлар асосида ташкил этиш учун синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини моддий-техника воситалари билан таъминлаш Қўмита томонидан амалга оширилади.


46. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказувчиларнинг сумкалари, канцелярия буюмлари, гувоҳномаси, махсус кийимлари ҳамда бошқа товар-моддий бойликлари Қўмита томонидан "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ харид қилинади.


47. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини ҳамда планшет қурилмалари тегишли ҳудудий статистика органларига Қўмита томонидан етказиб берилади.



8-БОБ. СИНОВ ТАРИҚАСИДА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ИШЛАР


48. Синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларининг натижалари бўйича қуйидагилар амалга оширилади:

синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш дастури, рўйхатдан ўтказиш сўровномалари, рўйхатдан ўтказиш услублари, рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш бўйича асосий тадбирлар ҳамда фойдаланилган ахборот технологиялари бўйича синов натижалари таҳлил қилинади;

синов натижаларига кўра 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш дастури, услубий қўлланмалар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш усуллари ва қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказиш якунларини шакллантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

           

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 апрель






















































Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск