ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.2022 й. ПҚ-234-сон "2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.05.2022 й.

N ПҚ-234



2023 ЙИЛДА ХАНЧЖОУ ШАҲРИДА

(ХИТОЙ) БЎЛИБ ЎТАДИГАН XIX ЁЗГИ

ОСИЁ ВА IV ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИГА

ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИНИ

КОМПЛЕКС ТАЙЁРЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Жорий йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг ҳар томонлама тайёрлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш, уларда олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида:


1. Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасининг таклифига кўра Ханчжоу шаҳрида (Хитой) 2023 йил 23 сентябрь - 8 октябрь кунлари XIX ёзги Осиё ўйинлари ҳамда шу йилнинг 22 - 28 октябрь кунлари IV ёзги Параосиё ўйинларида (кейинги ўринларда - Осиё ва Параосиё ўйинлари) Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирок этиши режалаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Осиё ва Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлашнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон спорт делегациясининг аввалги Осиё ўйинларига нисбатан спорт турлари бўйича 30 тадан 35 тагача ҳамда Параосиё ўйинларига нисбатан параспорт турлари бўйича 8 тадан 13 тагача, умумий профессионал спортчилар сонини 50 фоиздан ошириш;

анъанавий яккакураш спорт турлари билан бир қаторда ўқ отиш, енгил атлетика, эшкак эшиш, велоспорт, гандбол, регби, баскетбол 3х3, сув спорти, шунингдек, паравелоспорт ва парашахмат спорт турлари бўйича натижадорликни ошириш;

спортчиларнинг генетик ва фенокопик имкониятларини ўрганиб, уларга рационал овқатланиш ҳамда машғулот юкламаларини тўғри тақсимлаш бўйича тавсиялар бериш ва уларни миллий терма жамоаларга жалб қилиш, шунингдек, ҳар бир спортчининг психологик портретини шакллантириш орқали психологик тайёрлаб бориш;

спорт турлари бўйича тайёргарлик жараёнига хорижий тренерлар ва мутахассисларни, шу жумладан, спорт фармакологлари, диетологлари, психологларини жалб қилиш;

спортчилар учун узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ҳамда якуний тайёргарлик босқичини самарали ва сифатли ташкил этиш.


3. Ўзбекистон спорт делегациясининг 2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўриши ва муваффақиятли иштирок этиши бўйича "йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари:

олтин медаль учун - 5 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль учун - 3 000 АҚШ доллари;

бронза медаль учун - 2 000 АҚШ доллари;

б) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган тренерлар:

олтин медаль учун - 2 500 АҚШ доллари;

кумуш медаль учун - 1 500 АҚШ доллари;

бронза медаль учун - 1 000 АҚШ доллари;

в) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган бошқа мутахассислар (шифокор, диетолог, массажист ва бошқалар):

олтин медаль учун - 2 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль учун - 1 000 АҚШ доллари;

бронза медаль учун - 500 АҚШ доллари миқдорида ҳар бир медаль учун бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилади;

г) мазкур бандда назарда тутилган харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.


5. Белгилансинки, Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари ва уларни тайёрлаган тренерлар қўшимча равишда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилади:

а) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари:

олтин медаль учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида;

кумуш медаль учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;

бронза медаль учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида рағбатлантирилади;

б) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган тренерлар:

олтин медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг - 200 баравари миқдорида;

кумуш медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг - 100 баравари миқдорида;

бронза медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг - 50 баравари миқдорида;

в) мазкур бандда назарда тутилган харажатлар маҳаллий бюджетнинг қолдиқ маблағлари ва даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан қопланади.


6. Қуйидагилар Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўришнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига ажратилган Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссиясига (А.Н. Арипов):

икки ҳафта муддатда Осиё ва Параосиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясининг контингентини, шунингдек, ушбу ўйинларга босқичма-босқич тайёргарлик олиб бориш схемасини тасдиқлаш;

Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўриш ва муваффақиятли иштирок этиш бўйича мазкур қарор билан тасдиқланган "Йўл харитаси"да масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар зиммасига юклатилган вазифа ва топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назоратга олиш;

спорт соҳасидаги малакали мутахассислар ва масъул спорт ташкилотлари вакилларидан иборат Осиё ва Параосиё ўйинлари тезкор штаблари фаолиятини ташкил этиш;

Осиё ўйинлари дастурига киритилган ноолимпия спорт турларига спорт базаларини бириктириш, спорт инвентарлари билан таъминлаш, 110 кунлик узлуксиз маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда халқаро спорт мусобақаларида терма жамоа аъзолари иштирокини таъминлаш;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида спортчиларнинг допинг назоратини олиб бориш учун мўлжалланган Допингга қарши маъмурият ва бошқарув тизими (ADAMS) дастури бўйича махсус ишчи гуруҳларини ташкил этиш;

натижадорлиги паст бўлган спорт федерация (ассоциация)ларида замонавий спорт менежментини йўлга қўйиш.


8. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А. Икрамов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев)га:

спортчиларнинг халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлиги давомида жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш, жумладан, тренерлар, спорт шифокорлари, ҳакамлар иштирокида маҳаллий ва халқаро семинар-тренинглар, мастер-класс тадбирларини ўтказиб бориш чораларини кўриш;

Осиё ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларининг қатнашиши учун уларни спорт анжомлари, расмий либос ва спорт экипировкаси билан таъминлаш;

Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Осиё ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини тантанали кузатиш ва кутиб олиш тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш вазифаси юклатилсин.


9. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) миллий терма жамоа аъзоларига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш мақсадида:

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда - Марказ) фаолиятини янада такомиллаштириш;

спортчиларнинг ўқув-йиғин машғулотлари ва мусобақалар даврида жисмоний ҳолатини тиббий кўрикдан ўтказишга мўлжалланган мобиль лабораториялар фаолиятини ташкиллаштириш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш;

спорт турлари бўйича терма жамоаларга тиббиёт ходимларини Марказ орқали бириктириш ва жалб этиш тизимини йўлга қўйиш;

Марказ иш фаолияти унумдорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш чораларини кўрсин.


10. Белгилансинки:

Марказ фаолиятини яхшилаш ҳамда спортчиларнинг даволанишлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, жароҳат олган спортчиларга ўз вақтида жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш ва реабилитация қилиш мақсадида Марказда юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган хирургия ва реабилитация бўлимлари ташкил этилади.

Бунда, зарур бўладиган тиббий асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 2023 йилда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида 5 миллиард сўм йўналтирилади, шунингдек 2023 йилда Давлат бюджети параметрларида қўшимча зарур маблағлар кўзда тутилади ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси орқали молиялаштирилади;

Марказ учун талаб этиладиган бошқа тиббиёт жиҳозлари ва асбоб-ускуналарни харид қилиш Марказнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошқулов), Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Мудофаа вазирлиги (Б. Қурбонов), Миллий гвардия (Р. Джураев) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) билан биргаликда Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг ташкил этиладиган спорт мусобақалари, ўқув-машғулот йиғинлари даврида таълим муассасаси ўқув дарсларидан, иш фаолиятидан белгиланган тартибда озод қилинишини ва спорт тадбирларида ўз вақтида иштирок этишини таъминласин.


12. Миллий антидопинг агентлиги (Н. Турсунов):

спортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали назоратни амалга оширсин;

спорт федерация (ассоциация)лари билан биргаликда режа-график асосида семинар-тренинглар ташкил қилиб борсин;

Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини антидопинг мавзуларига оид тегишли ўқув-ахборот материаллари ва турли кўргазмали маълумотлар билан таъминласин.


13. Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов):

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси буюртманомасига мувофиқ Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик даври мобайнида терма жамоа аъзолари учун хорижга чиқиш ҳужжатларининг тезкорлик билан расмийлаштирилишини таъминласин;

Ўзбекистон спорт делегациясининг Пекиндаги "Бейжинг" ҳамда Ханчжоудаги "Сяошань" (Хитой) халқаро аэропортларида иммиграция назоратидан ўтишига кўмаклашсин.


14. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов):

Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларининг Осиё ва Параосиё ўйинларида қатнашиши учун уларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари тезкорлик билан расмийлаштирилишини таъминласин;

кузатиш ва кутиб олиш тадбирларида хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, Ўзбекистон спорт делегацияси транспорт воситалари кузатувини ташкил этиш бўйича зарур ташкилий чораларни кўрсин.


15. Транспорт вазирлиги (И. Махкамов):

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси талабномаларига асосан жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Ханчжоу шаҳрига (Хитой) рейслар ташкил этилиши, шунингдек, Ўзбекистон спорт делегацияси учун авиачипталар бронь қилинишини;

"Тошкент - Ханчжоу - Тошкент" йўналиши бўйича қўшимча чартер рейслари ташкил этилиши ва амалга оширилишини;

Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига тегишли бўлган спорт анжомлари ва жиҳозларининг Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропорти орқали бепул ўтказилишини;

Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортининг умумий залида "яшил йўлак" ташкил қилиш ва мазкур йўлак орқали Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини кузатишни ва кутиб олишни таъминласин.


16. Давлат божхона қўмитаси (А. Мавлонов) Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари ва уларнинг қўл юкларини (спорт овқатлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, спорт анжомлари, жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар ва препаратлар ҳамда бошқалар) божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш ишлари тезкорлик билан амалга оширилишини таъминласин.


17. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов) ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) билан биргаликда Ўзбекистон спорт делегациясини зарур бўлган тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва препаратлар билан таъминласин.


18. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кўчимов) спортчиларнинг тайёргарлик жараёнлари, ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинларида бевосита иштироки тўғрисида қисқа метражли видеороликлар ҳамда махсус кўрсатувлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида доимий равишда кенг ёритилишини таъминласин.


19. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А. Икрамов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари ҳамда спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари томонидан Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўриш учун спорт анжомлари, жиҳозлар, ускуналар, делегация расмий либослари, спорт экипировкаси, спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий-биологик препаратларни харид қилиш, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинлари бўлиб ўтадиган спорт базаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ётоқхона, спорт заллари ва спорт жиҳозлари ижараси ҳамда овқатланишни ташкил қилиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар қонунчиликда белгиланган тартибда давлат харидларининг асосий принципларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилсин.

20. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

жойларда олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида спорт федерация (ассоциация)лари ҳудудий бўлинмаларининг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамласин;

туман (шаҳар)ларда тегишли спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш ҳамда зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин;

Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган миллий терма жамоа спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассисларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватласин, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш бўйича масъулларни бириктирсин;

ҳудудий терма жамоа спортчилари, тренерлари ва бошқа спорт мутахассисларининг республика ва халқаро спорт тадбирлари ҳамда ўқув-машғулот йиғинларида узлуксиз иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.


21. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов, ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Ш.Ш. Махмудов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Р. Ташматов ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М. Ташходжаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси К.К. Куранбаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 5 майдаги

ПҚ-234-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон спорт делегациясининг 2023 йилда

Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX ёзги

Осиё ва IV Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўриши

ва муваффақиятлииштирок этиши бўйича

"Йўл харитаси"


Т/р

Тадбир номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Молиялаштириш манбалари

Масъул ижрочилар

I. ОСИЁ ВА ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ТЕРМА

ЖАМОА АЪЗОЛАРИНИ ТАНЛАБ ОЛИШВА САРАЛАШ (СЕЛЕКЦИЯ)

1.

Спорт мактаби, ихтисослаштирилган спорт мактаби, олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаблари, спорт федерация (ассоциация)лари ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш.

1. Спорт мактаблари ҳамда федерация (ассоциация)ларига мутахассислар, тренерлар томонидан эркин ташриф буюриш ва машғулот жараёнларини кузатиб бориш.


2. Кузатув натижасида иқтидорли спортчиларни кейинги босқичдаги спорт-таълим муассасасига ўтказишга тавсия қилиш.


3. Танлаб олинган иқтидорли спортчи билан алоҳида тайёргарлик режаси асосида иш олиб бориш.


4. Терма жамоа таркибига кирган спортчиларнинг масъулиятли вазифаларини тушунтириш.


5. Терма жамоа аъзолари учун мақсадли машғулот жараёнларини узлуксиз ташкил қилиш.


6. Терма жамоа аъзоларига спорт анжомлари, спорт экипировкалари, тегишли дори-дармон, витаминлар ажратиш ҳамда уларни шифокор ва спорт психологларнинг доимий назоратида ушлаб туриш.

Режа асосида









Ишлаб чиқиш - 2023 йил 1 июль





Амалга ошириш - 2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (О. Фозилкаримов),

спорт федерация (ассоциация)лари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

2.

Спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчилардан иборат таркибни шакллантириш.

1. Ўзбекистон чемпионатлари ва бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчилардан иборат таркибни шакллантириш.


2. Терма жамоа тренерлари томонидан Осиё ва Параосиё ўйинларига спортчиларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиб тасдиқлаш.


3. Тренерлар томонидан тасдиқланган дастур асосида танлаб олинган спортчиларнинг иштирокида ўқув-машғулот йиғинлари ва халқаро спорт мусобақаларига иштирокини узлуксиз таъминлаш бўйича буюртманомаларни белгиланган тартибда тақдим этиш.


4. Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган терма жамоа аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни камида 10 кун олдин ҳал этиш.

2022 йил 1 июль











2023 йил давомида










Режа

асосида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари

3.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида иштирок этадиган спортчиларни қуйи бўғиндан бошлаб, тўрт босқичда (муассаса, туман/шаҳар миқёсида, вилоят миқёсида, республика миқёсида) мусобақалар ўтказиш ва тизимли асосида танлаб олиш жараёнларини пухта, шаффоф, адолатли амалга ошириш чораларини кўриш.

1. Ўтказиладиган спорт мусобақалари ва иштирокчилар рўйхатини шакллантириш.


2. Мусобақани ўтказиш учун зарур шароитлар яратилишига эътибор қаратиш (инвентар, ҳакам, совринли ўринлар саҳнаси, фахрий ёрлиқ, медаль, совға ва бошқалар).


3. Мусобақаларни шаффоф, адолатли ўтказиш учун видеокамера, фото аппаратлардан фойдаланиш ва мусобақа жараёнларини тасвирга олиш.


4. Мусобақа жараёнларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш.


5. Мусобақа якунлари бўйича натижаларни расмийлаштириш ҳамда қуйидаги кетма-кетликда ҳисоботларни мониторинг қилиб бориш ва тақдим этиш:

муассаса миқёсида ўтказилган мусобақалар натижалари юзасидан ҳисоботларни туман (шаҳар) спортни ривожлантириш бўлимига;

туман (шаҳар) миқёсида ўтказилган мусобақа натижалари бўйича ҳисоботларни вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармасига;

вилоят миқёсида ўтказилган спорт мусобақалари натижалари бўйича ҳисоботларни спорт федерация (ассоциация)ларига;

республика миқёсида ўтказилган мусобақа натижалари бўйича ҳисоботларни Спортни ривожлантириш вазирлигига.

Режа асосида






Ишлаб чиқиш - 2023 йил 20 май






Амалга ошириш - 2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

4.

Спорт турлари бўйича машҳур спортчилар иштирокида доимий мастер-класс ва семинарлар ўтказилишини йўлга қўйиш.

1. Мастер-класс ва семинарлар ўтказиш режасини ишлаб чиқиб тасдиқлаш.


2. Машҳур спортчилар рўйхатини шакллантириш.


3. Тасдиқланган режа асосида мастер-класс ва семинарларни ўтказиш.

Режа асосида





Ишлаб чиқиш - 2023 йил 20 май

Амалга ошириш - 2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

5.

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, "Хўжакент" ҚФЙ, "Қоронқул" МФЙда жойлашган "Қоронқул" дам олиш маскани ҳамда вилоятдаги "Қалдирғоч" дам олиш оромгоҳиларидан сув спорти базаси сифатида фойдаланиш учун уни Сув спорти турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби балансига бериш.

1. Тошкент вилоятидаги "Қоронқул" ва "Қалдирғоч" дам олиш масканларини Сув спорти турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби балансига ўтказиш.


2. Ўзбекистон "Rowing & Canoe" федерациясига Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, "Хўжакент" ҚФЙ, "Қоронқул" МФЙда жойлашган "Қоронқул" дам олиш масканини спорт базаси сифатида бириктириш.


3. Мазкур объект имкониятлари асосида нуфузли спорт мусобақаларига сув спорти бўйича Ўзбекистон спортчиларини пухта тайёрлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.

2023 йил 1 июнь

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги (А. Ортиқов), Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамахмудов), Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон "Rowing & Canoe" федерацияси

II. ОСИЁ ВА ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИГА СПОРТЧИЛАРНИ

ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРЛАШ ВА ТИББИЙ ПСИХОЛОГИК,

ФАРМАКОЛОГИК ТАЪМИНЛАШ

6.

Допингга қарши муросасиз муҳитни яратиш, шаффоф спорт ва адолатли рақобат тамойилларини кенг тарғиб қилиш мақсадида:

доимий равишда семинар, вебинар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилишини;

олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари спортчиларини ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалари жараёнида допингга қарши доимий назорат қилишни;

спорт фармакологияси, психологияси, тиббиёти, диетологиясини чуқур таҳлил қилиш ва ўрганиш натижалари асосида фармакологик коррекция ва спортчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва уларни амалга оширишни;

жароҳат олган спортчиларни қайта текширувдан ўтказиш ва уларни спорт психологлари ёрдамида қисқа муддатда мусобақаларда иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда, тайёргарлик базаларидаги терма жамоа тайёргарлигига қайтаришни таъминлаш;

спорт турлари бўйича терма жамоаларга тиббиёт ходимларини Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази орқали марказлашган холда бириктириш ва жалб этиш тизимини йўлга қўйиш.

1. Семинар, вебинар, учрашув ва давра суҳбатларини ўтказиш режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва ўтказиш.


2. Ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалари жараёнида допингга қарши доимий назоратни ўрнатиш.


3. Фармакологик коррекция ва спортчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва уларни амалга ошириш.


4. Жароҳат олган спортчиларни қайта текширувдан ўтказиш ва уларни спорт психологлари ёрдамида қисқа муддатларда терма жамоа тайёргарлигига қайтариш чораларини кўриш.


5. Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази орқали терма жамоаларга тиббиёт ходимларини бириктириш.

Режа асосида

Ишлаб чиқиш - 2023 йил 20 май



Амалга ошириш - 2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Миллий антидопинг агентлиги (А.Садиқов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари

7.

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спортчиларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва жароҳатлардан кейин тиббий тикланиш учун зарур бўлган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш.

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига етишмаётган тиббий асбоб-ускуналар вақтинча ажратилишини таъминлаш.


2. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жаҳон талабларини ўрганган ҳолда замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарни хорижий грант маблағлари эвазига харид қилиш ҳамда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига тақдим этиш.

2023 йил 20 май

Бюджет ва ҳомийлар маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев)

III. ОСИЁ ВА ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОН СПОРТ

ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ МУВАФФАҚИЯТЛИ ИШТИРОКИНИ

ТАЪМИНЛАШ

8.

Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик кўриш, мониторинг олиб бориш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича доимий ишлаб турувчи тезкор штабларни ташкил этиш.

1. Республика тезкор штабларини Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасида ташкил этиш.


2. Вилоят тезкор штабларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиш.


3. Тезкор штабларни вақтинча енгил автотранспорт, компьютер техникаси ва бошқа воситалар билан таъминлаш.


4. Тезкор штабларни қуйидаги йўналишлар бўйича камида 8 нафардан иборат масъулларни бириктириган ҳолда ташкил этиш:

спортчилар мониторинги олиб бориш ва таҳлил қилиш;

тиббий назоратни олиб бориш;

маиший шарт-шароитларни яхшилаш.


5. Осиё ва Параосиё ўйинлари якунларидан сўнг тезкор штаблар аъзоларини рағбатлантириш.

2023 йил 20 май

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

9.

Осиё ва Параосиё ўйинларидан олдин Ўзбекистон спорт делегацияси учун тезкор штабни Ханчжоу шаҳрида (Хитой) ташкил этиш.

1. Осиё ва Параосиё ўйинларидан олдин Ўзбекистон спорт делегацияси учун Ханчжоу шаҳри (Хитой)да ташкил этиладиган тезкор штаб аъзолари таркибини тасдиқлаш ва уларнинг вазифаларини белгилаш.


2. Тезкор штаб аъзолари Ханчжоу шаҳри (Хитой)га юбориш.


3. Тезкор штаб аъзолари томонидан Ўзбекистон спорт делегациясини кутиб олиш, жойлаштириш, овқатланиш, тиббий бўлим жойларини тайёрлаш.


4. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан тезкор штаб аъзоларига барча зарурий амалий ёрдам кўрсатиш.

2023 йил

1 август


2023 йил

1 сентябрь


2023 йил

сентябрь-октябрь

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари Ташқи ишлар вазирлиги (В. Норов)

10.

Осиё ва Параосиё ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон спорт делегациясини қўшимча озиқ-овқат билан таъминлаш.

1. Қўшимча озиқ-овқат таъминоти рўйхатини шакллантириш.


2. Қўшимча озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш.


3. Харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини Ханчжоу шаҳри (Хитой)га етказиш.

Режа асосида

Бюджет ва ҳомийлар маблағлари

Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Ташқи ишлар вазирлиги (В. Норов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), Давлат божхона қўмитаси (О. Ибрагимов), Транспорт вазирлиги (А. Муминов), Ўзбекозиқовқатзахира (З. Файзиев), спорт федерация (ассоциация)лари

IV. ОСИЁ ВА ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОР

БЎЛГАН СПОРТЧИЛАР, УЛАРНИ ТАЙЁРЛАГАН ТРЕНЕРЛАР ҲАМДА

БОШҚА МУТАХАССИСЛАРНИ МУКОФОТЛАШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ

11.

Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган тренерлар ва бошқа мут?хассислар учун бир марталик тўловни тақсимлаш.

Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган тренерлар ва бошқа мутахассисларга (маслаҳатчи тренер, спорт менежери, шифокор, диетолог, массажист) ажратиладиган бир марталик тўловларни спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабларида ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасида ташкил этилган тренерлар кенгаши қарорига мувофиқ тақсимлаш.

2023 йил 15 август

Бюджет ва ҳомийлар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (М.Исмаилов), Миллий паралимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари

12.

Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ва уларни тайёрлаган ҳар бир тренерга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қуйидаги миқдорда бир марталик тўловлар бериш:

а) спортчига:

олтин медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида;

кумуш медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;

бронза медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;

б) тренерга:

олтин медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;

кумуш медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;

бронза медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида.

Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ва уларни тайёрлаган ҳар бир тренерга бир марталик тўловлар маҳаллий бюджетининг қолдиқ ва даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.

2023 йил 10 декабрь

Маҳаллий бюджетнинг қолдиқ маблағлари ва даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

13.

Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ва уларни тайёрлаган тренерлар ва бошқа мутахассисларни давлат мукофотларига тавсия этиш.

1. Осиё ва Параосиё ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон спорт делегацияси рўйхатини белгиланган тартибда шакллантириш.


2. Шакллантирилган рўйхатни Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этиш.

2023 йил

1 октябрь,

20 октябрь

-

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев)

14.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерация (ассоциация)ларига ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган пул маблағларидан оқилона, тежамкор, самарали ва мақсадли фойдаланиш.

1. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерация (ассоциация)ларига ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган пул маблағларидан оқилона, тежамкор, самарали ва мақсадли фойдаланилганлиги ҳақида уларнинг ҳисоботини 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссиясининг мажлисларида эшитиб бориш юзасидан режа-графикни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Тасдиқланган режа-график асосида ҳисоботларни 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссиясининг мажлисларида эшитиб бориш.


3. Ҳомийлик хайрия ёрдами сифатида ажратиладиган маблағларни тўлаб бориш бўйича режа-график тасдиқлангандан сўнг уларни ҳомий ташкилотларнинг тегишли бошқарув органлари томонидан бир ой муддатда тўлаб бориш.


4. Ажратилган пул маблағларидан оқилона, тежамкор, самарали ва мақсадли фойдаланилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда натижалари ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш.

Режа-график асосида

Ишлаб чиқиш - 2023 йил 1 июнь


Амалга ошириш - 2023 йил давомида

Ҳомийлик маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (М.Исмаилов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари

V. ОСИЁ ВА ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК ВА ИШТИРОК

ЭТИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА

КЕНГ ЁРИТИШ

15.

Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Оммавий ахборот воситаларида Осиё ва Параосиё ўйинларига доир рукнларни мунтазам равишда ёритиб бориш.

Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлик бўйича спорт ташкилотлари ҳамда федерация (ассоциация)лари фаолияти ҳақидаги материалларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш ва кенг ёритиш.

Медиа-режа ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва амалга ошириш.

2023 йил

20 май

Ижрочилар маблағлари

Миллий телерадиокомпания (Ф. Махмудов), Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари

16.

Осиё ва Параосиё ўйинларини марказий студияларда, шу жумладан "Sport" телерадиоканалида тўғридан-тўғри эфирга узатиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.

Осиё ва Параосиё ўйинларини марказий студияларда, шу жумладан "Sport" телерадиоканалида тўғридан-тўғри эфирга узатиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш.

2023 йил

сентябрь-октябрь

Ижрочилар маблағлари

Миллий телерадиокомпания (Ф. Махмудов), Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев)

17.

Республикада бўлиб ўтадиган саралаш мусобақаларида шаффоф ва одилона ҳакамлар корпусини шакллантириш.

1. Спорт турлари бўйича салоҳиятли ҳакамлар рўйхатини шакллантириш.


2. Шаклланган рўйхатга мувофиқ республикада бўлиб ўтадиган саралаш мусобақаларига жалб этиш.


3. Мусобақаларни шаффоф ва одилона ўтиши юзасидан видеокамералар ўрнатиш ва жараёнларни тасвирга олиш.

2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Махмудов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

VI. ХАЛҚАРО СПОРТ ТАШКИЛОТЛАРИ БИЛАН

АЛОҚАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ

18.

Осиё ва Параосиё ўйинлари ташкилий қўмитаси билан ўзаро доимий ҳамкорликни таъминлаш.

1. Осиё ва Параосиё ўйинлари ташкилий қўмитаси билан музокаралар олиб бориш.


2. Ўзбекистон спорт делегацияси учун зарур шарт-шароитлар яратилишини келишиб олиш.


3. Осиё ва Параосиё ўйинлари даврида Ўзбекистон спорт делегациясини қўллаб-қувватлашни ташкил этиш.

2023 йил

май - октябрь

Бюджет ва ҳомийлар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев)

19.

Спорт федерация (ассоциация)лари томонидан халқаро спорт ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш.

1. Халқаро спорт ташкилотлари билан музокаралар олиб бориш.


2. Халқаро спорт ташкилотлари раҳбарларини Ўзбекистонга таклиф қилиш ва улар билан спорт турларини ривожлантириш истиқболларини келишиб олиш.

2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), спорт федерация (ассоциация)лари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

20.

Халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлик ва техник лавозимларига спорт соҳасида юқори малака ва хорижий тажрибага эга бўлган Ўзбекистоннинг номзодларини тавсия этиш.

1. Номзодлар рўйхатини шакллантириб бориш.


2. Халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлик ва техник лавозимларига Ўзбекистондан номзодлар тавсия этиш.

2023 йил давомида

Бюджет, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Миллий олимпия қўмитаси (Ш. Ташматов), Миллий паралимпия қўмитаси (М. Ташходжаев), Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов), спорт федерация (ассоциация)лари

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 май


"Халқ сўзи", 2022 йил 6 май




























Время: 0.2393
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск