ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 11.05.2022 й. ЎРҚ-768-сон "Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.04.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.04.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.05.2022 й.

N ЎРҚ-768



ИНСОН АЪЗОЛАРИ ВА ТЎҚИМАЛАРИНИНГ

ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 26 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 28 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

инсоннинг кўпайишига тааллуқли бўлган аъзолар ва тўқималарнинг (тухум ҳужайраси, сперма, тухумдонлар, моякларнинг ёки эмбрионларнинг) трансплантациясига;

аъзолар ва тўқималарнинг аутоген (бир шахснинг ўзи тирик донор ва реципиент бўлади) трансплантациясига;

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.



2-модда. Инсон аъзолари ва тўқималарининг

трансплантацияси тўғрисидаги қонунчилик


Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бош миянинг ўлими - бош мия барча вазифаларининг тўлиқ ва асл ҳолига қайтмайдиган тарзда тўхташи;


инсон аъзоси - инсон организмида муайян вазифани бажарувчи турли хил ҳужайралар ва тўқималарнинг алоҳида мажмуи;


инсон тўқимаси - умумий келиб чиқиши, тузилиши ва инсон организмида бажарадиган вазифаларига кўра бирлашган ҳужайралар ҳамда ҳужайралараро моддалар мажмуи;


реципиент - ўзига нисбатан инсон аъзосининг ва (ёки) тўқимасининг трансплантацияси бажариладиган инсон;


тирик донор - ўзидан аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон;


трансплантация - реципиентда мавжуд бўлмаган ёхуд шикастланган, ўзининг муҳим ҳаётий вазифаларини бажаришга қодир бўлмаган аъзоларни ва (ёки) тўқималарни тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзоларга ва (ёки) тўқималарга жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказиш йўли билан алмаштириш.



4-модда. Трансплантация объектлари


Тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация объектлари бўлиши мумкин, уларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Сунъий равишда етиштирилган аъзолар трансплантация объектлари бўлмайди.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

тегишли органлар ва ташкилотларнинг инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

трансплантация объектлари рўйхатини, шунингдек уларнинг трансплантацияси тартибини белгилайди;

инсон аъзолари ва тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг инсон аъзолари ва тўқималарининг

трансплантацияси соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестрини шакллантиради ҳамда юритади;

инсон аъзолари ва тўқималарини олишни ҳамда уларнинг трансплантациясини амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари фаолиятини назорат қилади, шунингдек уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасида халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Инсон аъзолари ва тўқималарини олишни

ҳамда уларнинг трансплантациясини амалга

оширувчи тиббиёт муассасалари


Инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантацияси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади, ушбу муассасаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



2-БОБ. ИНСОН АЪЗОЛАРИ ВА ТЎҚИМАЛАРИНИ ОЛИШ

ҲАМДА УЛАРНИНГ ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ

ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБИ


8-модда. Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг

трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса


Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса даволовчи шифокор, трансплантолог, анестезиолог, невропатолог, зарурат бўлганда бошқа ихтисосликлардаги шифокорлардан иборат таркибдаги мутахассис-шифокорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда берилади.



9-модда. Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг

трансплантацияси шартлари


Тирик донордан ёки инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш фақат бошқа жарроҳлик амалиётлари ёки муолажалар реципиент ҳаётини сақлаб қолишни ёхуд унинг соғлиғи тикланишини кафолатлай олмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.

Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини реципиентларга трансплантация қилиш инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида амалга оширилади.



10-модда. Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг

трансплантациясига реципиентнинг розилиги


Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси реципиентнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Бунда реципиент бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида имзо қўйдирилиб огоҳлантирилиши керак. Ушбу жараён мажбурий тартибда видеоёзувга қайд этилади. Агар реципиент ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ёхуд реципиентнинг ўзидан розилик олишнинг имкони бўлмаса, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси унинг ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилининг ёзма розилиги билан амалга оширилади.



11-модда. Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини

унинг мурдасидан олиш шартлари


Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Инсоннинг мурдасидан олинган аъзолардан ва (ёки) тўқималардан барча муҳтож шахсларга трансплантация қилиш учун фойдаланилиши мумкин.

Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан тегишли розиликсиз олиш қонунга хилофдир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда, инсон бош миясининг ўлимини қайд этиш асосида бериладиган ўлим тўғрисидаги хулоса мавжуд бўлган тақдирда, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари унинг мурдасидан трансплантация учун олиниши мумкин. Инсон бош миясининг ўлимини қайд этишда трансплантологларнинг ҳамда инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни таъминловчи бригадалар аъзоларининг иштирок этиши тақиқланади.



12-модда. Тирик донордан аъзоларни ва (ёки)

тўқималарни олиш шартлари


Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда инсон мурдасида трансплантация учун яроқли бўлган аъзолар ва (ёки) тўқималар мавжуд бўлмаган ёхуд самарадорлиги инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси самарадорлиги билан таққосланиши мумкин бўлган муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин.

Тирик донорни ундан аъзосини ва (ёки) тўқималарини олиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.

Тирик донордан жуфт аъзоларидан бири ва (ёки) аъзосининг бир қисми, шунингдек тўқимаси ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талаблар ҳисобга олинган ҳолда трансплантация учун олиниши мумкин.

Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олишга фақат, агар олиш пайтида тиббий хулосага кўра унинг соғлиғига кўриш, нутқ, эшитиш қобилияти йўқолишига ёхуд аъзосининг (бундан инсоннинг трансплантация қилинаётган аъзоси ва (ёки) тўқимаси мустасно) функциялари қисман ёки тўлиқ йўқолишига, руҳияти бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган тарзда ёки соғлиғининг меҳнат қобилияти ўттиз уч фоиздан ортиқ тарзда барқарор йўқолишига олиб келадиган бошқа бузилишига сабаб бўладиган тарзда зиён етказилмаса, йўл қўйилади.

Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни реципиентга трансплантация қилиш учун олишга, агар донор:

аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида камида ўттиз кун олдин ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этган ҳолда огоҳлантирилган бўлса;

ўз аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга бўлган розилигини ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда билдирган бўлса;

ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтган бўлса ҳамда унинг аъзосини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш учун олиш мумкинлиги тўғрисида мутахассис-шифокорларнинг тиббий хулосаси мавжуд бўлса, йўл қўйилади.

Тирик донорни ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.



13-модда. Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг

трансплантацияси вақтида видеотасвирга олиш


Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси вақтида инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни ҳамда уларнинг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси томонидан видеотасвирга олиш амалга оширилади. Бунда видеоёзувдаги инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси ҳақидаги ахборот ошкор этилишига йўл қўйилмайдиган шифокор сирини ташкил этади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Реципиентни ва донорни соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақидаги огоҳлантиришнинг, шунингдек трансплантация жараёнининг видеоёзуви тиббиёт муассасаси томонидан архивлаштирилади, видеоёзув аслининг дубликати эса сақлаш учун ички ишлар органларига топширилади.

Видеоёзувни амалга ошириш тартиби, шунингдек уни сақлаш тартиби қонунчиликда белгиланади.



14-модда. Донорликка доир чекловлар


Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга, агар улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган, трансплантация қилиш учун инсон аъзолари ва тўқималари донорлигига қарши кўрсатма мавжуд бўлган касалликлар рўйхатига кирувчи касаллиги бўлган ёки илгари шундай касалликка чалинган тирик донорга ёки инсон мурдасига тегишли бўлса, йўл қўйилмайди.

Қуйидагиларга нисбатан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга йўл қўйилмайди:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга (бундан суяк илигини трансплантация қилиш ҳоллари мустасно);

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, шунингдек руҳий ҳолатнинг бузилишларига (руҳий касалликларга) чалинган шахсларга;

қамоқда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;

ҳомиладор аёлларга;

шахси аниқланмаган шахсларга;

муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларга;

"Меҳрибонлик", "Саховат" ва "Мурувват" уйларида яшовчи шахсларга;

аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахсларга.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмас.



15-модда. Трансплантация қилинадиган инсон аъзоларининг ва

(ёки) тўқималарининг олди-сотдисини, шунингдек Ўзбекистон

Республикасидан ташқарига олиб чиқилишини тақиқлаш


Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишда жисмоний ҳамда юридик шахсларга инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланади.

Трансплантация қилинадиган инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.



16-модда. Тирик донор ва реципиент тўғрисидаги

маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмаслиги


Тирик донор ва реципиент тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайдиган шифокор сирини ташкил этади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.



3-БОБ. ТИРИК ДОНОР ҲАМДА РЕЦИПИЕНТНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17-модда. Тирик донорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тирик донор:

ўзидан аъзосини ва (ёки) тўқимасини олиш амалга ошириладиган тиббиёт муассасасидан инсон аъзосини ва (ёки) тўқимасини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тўлиқ ахборот олиш;

жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказилишини у бошлангунига қадар рад этиб, рад этиш сабабини асосламаслик;

ўзидан аъзоси ва (ёки) тўқималари олинганлиги билан боғлиқ бўлган, юзага келган асоратлар туфайли давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қонунчиликка мувофиқ даволаниш ва кузатувда бўлиш ҳуқуқига эга.

Тирик донор:

ўз бошидан ўтказган ёхуд ўзида мавжуд бўлган касалликлар тўғрисидаги маълумотларни ўзидан аъзосини ва (ёки) тўқимасини олиш амалга ошириладиган тиббиёт муассасасига маълум қилиши;

шифокорларнинг тиббий тавсияларига риоя этиши шарт.



18-модда. Реципиентнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Реципиент:

ўзига инсон аъзосини ва (ёки) тўқимасини трансплантация қилиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида аъзонинг ва (ёки) тўқиманинг трансплантацияси амалга ошириладиган тиббиёт муассасасидан тўлиқ ахборот олиш;

жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказилишини у бошлангунига қадар рад этиб, рад этиш сабабини асосламаслик;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида реабилитациядан ўтиш ва кузатувда бўлиш;

ўзига инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация қилиниши билан боғлиқ бўлган, юзага келган асоратлар туфайли Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган зарур тиббий ёрдамни қонунчиликка мувофиқ олиш ҳуқуқига эга.

Реципиент:

ўз бошидан ўтказган ёхуд ўзида мавжуд бўлган касалликлар тўғрисидаги маълумотларни аъзонинг ва (ёки) тўқиманинг трансплантацияси амалга ошириладиган тиббиёт муассасасига маълум қилиши;

шифокорларнинг тиббий тавсияларига риоя этиши шарт.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19-модда. Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон

аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри


Инсон аъзоларидан ва (ёки) тўқималаридан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек трансплантацияга муҳтож бўлган шахсларга тезкорлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри (бундан буён матнда Ягона давлат реестри деб юритилади) ташкил этилади.

Ягона давлат реестри автоматлаштирилган ахборот тизими ҳисобланади ҳамда инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг ахбороти асосида шакллантирилади.

Ягона давлат реестрида:

аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг потенциал реципиентлари;

ўзига нисбатан аъзолар (аъзонинг бир қисми) ва (ёки) тўқималарнинг трансплантацияси бажарилган реципиентлар;

ўзидан аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган тирик донорлар;

ўзининг биологик ўлими юз бериши факти аниқланганидан кейин ўз танасидан (танасининг қолдиқларидан) аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган шахслар;

ўзидан трансплантация учун аъзолар ва (ёки) тўқималар олинган донорлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ягона давлат реестрида сақланадиган маълумотлар шифокор сиридир.



20-модда. Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси

соҳасидаги ишларни молиялаштириш


Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги ишларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



21-модда. Инсон аъзолари ва тўқималарининг

трансплантацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик


Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



22-модда. Низоларни ҳал этиш


Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



23-модда. Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



24-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



25-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



26-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 12 май


"Халқ сўзи", 2022 йил 12 май












































Время: 0.0083
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск