ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик шахслар ходимларининг ва жисмоний шахсларнинг малакасини ошириш ҳамда уларга сертификат бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.05.2022 й. 251-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 11 майдаги

251-сон қарорига

ИЛОВА



Хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида

хизмат кўрсатадиган юридик шахслар ходимларининг

ва жисмоний шахсларнинг малакасини ошириш ҳамда

уларга сертификат бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларини етиштирувчи кластерлар, фермер ва деҳқон ҳўжаликлари, ўсимликлар клиникалари, биолабораториялар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари импорти, улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўсимликлар ҳимояси соҳаси мутахассислари малакасини ошириш ҳамда уларга сертификат бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


буюртмачи - ўсимликлар ҳимояси соҳасида ходимларининг малака ошириш ва сертификат олиш юзасидан буюртма қилган хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахс;


имтиҳон комиссияси - малака ошириш ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги ва ўсимликлар ҳимояси соҳасида фаолият юритувчи бошқа илмий ташкилотлар вакилларидан шакллантириладиган ҳамда Агентлик раҳбарияти томонидан тасдиқланадиган таркиб;


малака имтиҳони - малака ошириш курси давомида берилган билим ва кўникмаларнинг тингловчи томонидан ўзлаштирилганлигини текшириш мақсадида имтиҳон комиссияси томонидан ўтказиладиган имтиҳон;


малака ошириш - тегишли ўқув дастурлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўсимликлар ҳимояси фаолиятига оид билим талаб этиладиган мутахассисларнинг малака ва кўникмаларини янгилаш орқали уларнинг касбий маҳорати оширилишини таъминлашга қаратилган ўқитиш шакли;


малака ошириш ташкилоти - Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда - илмий-тадқиқот институти) ва унинг филиаллари;


сертификат - тингловчининг малака имтиҳонини муваффақиятли топширганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


тингловчи - хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ёки жисмоний шахснинг шартнома асосида малака ошириш курсига қабул қилинган ҳамда ўсимликлар ҳимояси соҳасида олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган ходими.


3. Тингловчиларнинг малакасини ошириш ва уларга сертификат бериш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


4. Малака ошириш курсларининг давомийлиги 72 соат бўлади.



2-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Буюртмачи ходимларининг ўсимликлар ҳимояси соҳасидаги халқаро тажрибани ўзлаштиришини, зарур касбий билим ва кўникмаларни янгилашини, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ уларнинг касбий лаёқати ва маҳоратининг доимий ривожланишини таъминлаш малака оширишнинг мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар малака оширишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

касбий лаёқат ва маҳоратни янада ошириш;

тингловчининг мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг билимларини янада такомиллаштириш;

ахборот технологиялари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи имкониятларидан ишда фойдаланишнинг амалий кўникмаларини шакллантириш;

тингловчиларга зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларнинг кенг ривожланиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш, одамлар ва жониворларнинг хавфсизлигини таъминлашда қўлланадиган технологиялар хусусиятларини ўргатиш;

тингловчиларга ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича назарий билимлар бериш.



3-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ТИЗИМИНИ БОШҚАРИШ


7. Агентлик:

малака ошириш тизимига умумий раҳбарликни амалга оширади;

малака ошириш ташкилоти томонидан Агентлик тизимида ва бошқа ўсимликлар ҳимояси соҳасида фаолият юритувчи илмий ташкилотлар вакилларидан шакллантирилган имтиҳон комиссияси таркибини тасдиқлайди;

малака ошириш ташкилоти томонидан малака ошириш курсларида таълимни ташкил этиш учун қилинадиган ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб тайёрланган ўқиш учун тўлов суммасини келишиб беради;

малака ошириш курсларининг тўлиқ ҳамда сифатли ўтказилиши юзасидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади.


8. Малака ошириш ташкилоти:

буюртмачилар буюртмаларини қабул қилади, малака оширишга қабул қилинган тингловчилар рўйхатини шакллантиради ҳамда рўйхатга мувофиқ малака ошириш курслари жадвалини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

малака ошириш курсларида таълимни ташкил этиш учун қилинадиган ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб тайёрланган ва Агентлик билан келишилган ўқиш учун тўловларни тасдиқлайди;

буюртмачилар билан уларнинг ходимларининг малакасини ошириш курсларини ўтказиш бўйича шартномалар тузади;

тузилган шартномалар асосида ходимларни тингловчиликка қабул қилади, қоида тариқасида, 20 - 25 нафар тингловчилардан иборат таркибда гуруҳлар шакллантиради;

малака ошириш курсларида ўқиш тингловчининг асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда амалга оширилади;

минтақалар учун хос бўлган ўсимликлар зараркунанда ва касалликларини ҳисобга олган ҳолда малака ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлайди;

ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот тузилмаларининг моддий-техника базасидан фойдаланган ҳолда машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув ва моддий-техника базасини яратади;

малака оширишнинг илмий-услубий асосларини, ўқув-услубий ҳужжатларини, ягона таълим механизмини ишлаб чиқиш ишларини ташкил қилади;

ўсимликлар ҳимояси соҳасига оид фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича малака оширишни ташкил этади ҳамда улар бўйича замонавий методик, ахборот-маълумотнома базасини яратади;

малака ошириш курсларида таълим жараёнини такомиллаштириш механизмларини ва методларини белгилайди;

инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни, мустақил таълим олишни кенгайтиришни назарда тутувчи техника ва технологияларнинг истиқболда ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, тингловчилар малакасини оширишнинг дастурларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

малака ошириш курсларида таълим жараёнини такомиллаштириш механизмларини ва методларини белгилайди;

ўсимликлар ҳимояси соҳасидаги илғор хорижий тажрибани умумлаштирган ҳолда ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашнинг замонавий, самарали усуллари ва методларининг, янги технологияларнинг ўқув жараёнига жорий қилинишини таъминлайди;

малака ошириш курслари якуни бўйича имтиҳон комиссияси фаолиятини ташкил қилади;

малака имтиҳонидан мувафаққиятли ўтган тингловчиларга сертификат беради.



4-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ЖАРАЁНИНИНГ МАЗМУНИ

ВА СИФАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


9. Малака ошириш жараёнининг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ белгиланади.


10. Малака ошириш тизимида мутахассисликлар йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурлари малака ошириш ташкилотининг етакчи мутахассислари ва профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан, илмий-тадқиқот институтлари, лабораториялар, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасининг етакчи олимлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда улар малака ошириш жараёнини услубий таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади.


11. Ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда соатларнинг модуллар бўйича 10 фоизгача ўзгартирилишига рухсат этилади.


12. Ўқув дастури мазмунига қўйиладиган талаблар тингловчиларнинг касбий тавсифномасига қатъий мувофиқ равишда уларнинг зарур билим ва кўникмаларни эгаллашини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ўқув режалари ва дастурларида ўсимликларни ҳимоя қилиш фани, техникаси, технологиялари соҳасидаги ютуқлар акс эттирилиши, шунингдек, улар ўсимликлар ҳимояси бўйича таълим тизимида ягона узвийлик ва изчилликни таъминлаш талабларига жавоб бериши зарур.



5-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАР

ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


13. Буюртмачи малака ошириш ташкилотига бевосита, почта хизмати орқали ёки онлайн тарзда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ходимнинг малакасини ошириш бўйича буюртма;

ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси;

олий ёки ўрта махсус (профессионал) маълумот тўғрисидаги диплом ҳамда диплом иловаси нусхалари.

Бунда ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш малака ошириш ташкилотининг расмий веб-сайти ёки электрон почта манзили орқали амалга оширилади.



6-БОБ. ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ,

УЛАРНИ ЎҚИШДАН ЧЕТЛАТИШ АСОСЛАРИ


14. Тингловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув дастурида назарда тутилган билимларни олиш;

ўқув жараёнини янада яхшилаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича малака ошириш ташкилоти раҳбариятига таклифлар киритиш;

маънавий-маърифий ва маданий тадбирларда қатнашиш;

малака ошириш билан боғлиқ бўлган қўшимча маълумотлар ҳамда маслаҳатлар олиш;

малака ошириш ташкилотининг ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари ва компьютер техника воситаларидан фойдаланиш;

малака ошириш ташкилоти ва унинг ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.

Тингловчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


15. Тингловчилар:

таълим дастурлари талабларини бажариши;

ўқув машғулотларига ўз вақтида қатнашиши;

ўқув дастурларида назарда тутилган малака имтиҳонини топшириши;

ўз назарий билимларини, касбий кўникмалари ва маҳорат даражасини ошириши;

ўқув жараёнида берилган топшириқларни ўз вақтида бажариши;

малака ошириш ташкилотига тегишли бўлган мулкни асраб-авайлаш, малака ошириш ташкилоти ички тартиб-қоидаларига қатъий риоя этиши шарт.

Тингловчилар зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар юкланиши мумкин.


16. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда ўқишдан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизоми ва малака ошириш ташкилотининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганда;

ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз 16 академик соатдан ортиқ қолдирганда;

тингловчига берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетини бошқа шахсларга фойдаланиш учун берганлиги аниқланганда;

шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаганда;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

суд ҳукмига асосан озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланганда;

вафот этганда.

Ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларини бир марта қўпол равишда бузиш асослари малака ошириш ташкилоти томонидан белгиланади.


17. Тингловчи малака ошириш курси тингловчилари сафидан чиқарилганда, малака ошириш ташкилоти бу ҳақда уни ўқишга юборган буюртмачига хабар беради.



7-БОБ. МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ

ЎТКАЗИШ ВА СЕРТИФИКАТ БЕРИШ


18. Малака ошириш курслари якунлари бўйича малака имтиҳони ўтказилади ҳамда уни ташкил этиш учун Агентлик директорининг буйруғи билан имтиҳон комиссияси тузилади. Комиссия, қоида тариқасида тоқ сонда бўлиб, раис ва камида тўрт нафар аъзодан иборат бўлади.

Малака имтиҳони ўқув дастурларига асосан ўтказилади. Имтиҳон натижалари имтиҳон қайдномасида "ўтди" ёки "ўтмади" деб баҳоланади ҳамда комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.


19. Ўқув дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тингловчиларга 3 кун ичида мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ намунадаги сертификат берилади. Сертификат амал қилиш муддати 3 (уч) йил.

Малака имтиҳонига етиб кела олмаган тингловчи имтиҳон комиссиясининг навбатдаги йиғилишида кейинги тингловчилар гуруҳи билан биргаликда имтиҳон топширишига рухсат берилади.


20. Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўта олмаган тингловчига сертификат берилмайди. Бунда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.


21. Сертификат қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимоя элементига эга бўлади ҳамда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда берилади.


22. Имтиҳон комиссиясининг қароридан норози бўлганлар натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида Агентликка ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.



8-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР ҲИМОЯСИ

МУТАХАССИСЛИГИ БЎЙИЧА СЕРТИФИКАТ

БЕРИЛГАН МУТАХАССИСЛАРНИНГ ДАВЛАТ

РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


23. Ўсимликлар ҳимояси мутахассислиги бўйича сертификат берилган мутахассисларнинг давлат реестрига (кейинги ўринларда - Давлат реестри) қуйидаги маълумотлар киритилади:

сертификатга эга бўлган мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

сертификатга эга бўлган мутахассис билан мулоқот қилиш учун телефон рақами, почта манзили (электрон почта манзили);

сертификатга эга бўлган мутахассиснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар;

сертификатга эга бўлган мутахассис тугатган олий (ўрта махсус, профессионал) таълим ташкилоти номи;

сертификатни бериш тўғрисидаги малака ошириш ташкилоти қарорининг санаси ва рақами;

сертификатни бериш санаси ва рақами.


24. Давлат реестридаги маълумотлар очиқ фойдаланиладиган маълумотлар ҳисобланади.

Давлат реестри Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида

хизмат кўрсатадиган юридик шахслар ходимларининг

ва жисмоний шахсларнинг малакасини ошириш

ва уларга сертификат бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ёки жисмоний шахс

(буюртмачи)


Малака ошириш курсида қатнашиш учун малака ошириш ташкилотига буюртма ва зарур ҳужжатларни малака ошириш ташкилотининг веб-саҳифаси ёки электрон почта манзили орқали юборади.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти ёки унинг тегишли филиали

(малака ошириш ташкилоти)


1. Буюртмачи билан унинг ходимлари малакасини ошириш бўйича шартнома тузади.


2. Малака ошириш курсларида тингловчиларни 72 соат давомида ўқитади.


1. Буюртма қабул қилингандан сўнг


2. Тингловчилар гуруҳи шакллангандан сўнг









3-босқич

Имтиҳон комиссияси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти

(малака ошириш ташкилоти)


1. Малака имтиҳонини ўтказади.


2. Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификат беради.


1. Малака ошириш курслари тугагандан сўнг


2. 3 кун ичида










         





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири

Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси

агентлиги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот

институти Ўсимликларни ҳимоя қилиш мутахассислари

малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисида

СЕРТИФИКАТ МС № 000000

20______ йил "_____" ____________



(берилган жойи)

        

(фамилияси, исми, отасининг исми)

20____йил "_______"___________________дан 20_______ йил "______"___________________________ гача


даги

(таълим ташкилотининг номи)



да

(малака ошириш қайта тайёрлаш ва курсларининг номи)


___________________________________________________________ соатли курслардан муваффақиятли ўтди. Имтиҳон комиссиясининг 20___ йил "_____"_______даги "____"-сон қарорига биноан унга сертификат берилди


Амал қилиши муддати: 20____ "____" ______________ гача.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 11 май

















































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск