ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикасининг Иєтисодий процессуал кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг 16.05.2022 й. ЎРҚ-769-сон "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 28.12.2021 й. қабул қилинган, Cенат томонидан 28.04.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.05.2022 й.

N ЎРҚ-769



"ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИ

ТЎҒРИСИДА"ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚОНУНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда қабул қилинган

Cенат томонидан 2022 йил 28 апрелда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ-461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, N 7, 433-модда; N 10, 672-модда; 2019 йил, N 3, 166-модда, N 5, 261, 266-моддалар, N 9, 592-модда, N 10, 671-модда, N 11, 791-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 198-модда, N 10, 593-модда; 2021 йил, N 1, 10-модда, 4-сонга илова, N 8, 803-модда, N 9, 903-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 20-модданинг 2-бандидаги "ҳакамлик суди судьяси" деган сўзлар "ҳакамлик суди судьяси, арбитр" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 25-модда:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 4-1-банд билан тўлдирилсин:

"4-1) арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар";

еттинчи қисми "биринчи қисмининг" деган сўзлардан кейин "4-1" рақами билан тўлдирилсин;


3) қуйидаги мазмундаги 28-1-модда билан тўлдирилсин:


"28-1-модда. Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар


Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар жумласига "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қуйидаги аризалар бўйича ишлар киради:

1) арбитрни тайинлаш тўғрисидаги;

2) арбитрни рад этишни қаноатлантириш ҳақидаги;

3) арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш тўғрисидаги;

4) арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳақидаги;

5) таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги;

6) таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги;

7) далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги;

8) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги;

9) арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ишлар иқтисодий судлар томонидан иқтисодий суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича ушбу Кодекснинг 29-1-бобида кўрсатилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1 - 4, 7 ва 8-бандларида санаб ўтилган ишлар иқтисодий судлар томонидан фақат, агар арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида жойлашган бўлса, кўриб чиқилади";


4) 32-модданинг иккинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни";

учинчи хатбошиси тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


5) 37-модда:

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, далилларни олишга кўмаклашиш, шунингдек арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш, арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ёхуд, агар қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади";

бешинчи ва олтинчи қисмлари тегишинча еттинчи ва саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


6) 53-модданинг иккинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасасининг ходимлари, ҳакамлик судьялари - арбитраж ёки ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида";

учинчи хатбошиси тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


7) 93-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чоралари арбитраж муҳокамаси тарафининг аризасига кўра иқтисодий суд томонидан кўрилиши мумкин";


8) 99-модда:

қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги арбитражнинг ҳал қилув қарори таъминлаш чораларини иқтисодий суд томонидан бекор қилиш учун асос бўлади";

саккизинчи қисми тўққизинчи қисм деб ҳисоблансин;


9) 107-модданинг:


1-банди "ҳакамлик суди" деган сўзлардан кейин "арбитраж суди" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига ёки арбитражга кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига ёки арбитражга мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва, агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар ўзининг низонинг мазмуни бўйича биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ёки арбитражнинг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса";


10) 110-модда қуйидаги мазмундаги 3-1-банд билан тўлдирилсин:

"3-1) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитражнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этган ҳоллар мустасно";


11) 154-модданинг биринчи қисми:


3-банди "ҳакамлик судининг" деган сўзлардан кейин "арбитраж судининг" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


қуйидаги мазмундаги 4-1-банд билан тўлдирилсин:

"4-1) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитражнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этган ҳоллар мустасно";


қуйидаги мазмундаги 5-1-банд билан тўлдирилсин:

"5-1) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитраж муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим мавжуд бўлса, бундан арбитраж судида ушбу низони кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли арбитраж муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно";


12) қуйидаги мазмундаги 29-1-боб билан тўлдирилсин:


"29-1-боб. Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни юритиш


1-§. Арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш

билан боғлиқ ишларни юритиш


232-1-модда. Арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш билан

боғлиқ ишларни кўриб чиқишнинг умумий қоидалари


Ушбу бобда белгиланган қоидалар арбитраж муҳокамаси тарафларининг арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш, таъминлаш чораларини кўриш, далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги аризалари иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилаётганда қўлланилади.


232-2-модда. Аризанинг шакли ва мазмуни


Ушбу Кодекснинг 232-1-моддасида кўрсатилган аризалар ёзма шаклда берилади ва арбитраж муҳокамасининг тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак, арбитраж суди томонидан далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисида берилган ариза эса раислик қилувчи арбитр томонидан имзоланиши керак.

Аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;

2) арбитраж судининг номи, арбитражнинг жойлашган ери ва таркиби;

3) арбитраж муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

4) талабга асос бўлган ҳолатлар;

5) талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги аризада иш учун аҳамиятли бўлган қайси ҳолатлар ушбу далил билан аниқланиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган бўлиши, далил белгиланиши ва унинг турган ери кўрсатилиши керак.

Аризада тарафларнинг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили ва бошқа маълумотлари кўрсатилиши мумкин.

Агар ариза арбитраж муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.

Арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳақидаги ариза "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16, 18 ва 21-моддаларида кўрсатилган муддат ичида берилиши мумкин. Кўрсатилган муддат иқтисодий суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 232-3-моддасида, ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича аризачига қайтарилади.


232-3-модда. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар


Ушбу Кодекснинг 232-1-моддасида кўрсатилган аризаларга қуйидагилар илова қилинади:

1) арбитраж битимининг асл нусхаси ёки унинг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

2) почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

3) аризанинг кўчирма нусхаси арбитраж муҳокамасининг бошқа тарафига топширилганлиги ҳақидаги хабарнома ёки хабарнома юборилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари аризага қуйидагилар илова қилинади:

1) арбитрни тайинлаш тўғрисидаги аризага - арбитраж судига даъво тақдим этилганлигининг далиллари; аризачи (арбитраж муҳокамаси тарафлари) томонидан арбитр тайинланганлиги ёхуд арбитрни тайинлаш тартиб-таомилига риоя этилмаганлиги далиллари;

2) арбитрни рад этишни қаноатлантириш ҳақидаги аризага - арбитраж судига даъво тақдим этилганлигининг далиллари; арбитрни рад этиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича арбитраж суди ажримининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий арбитраж муассасаси ажримининг кўчирма нусхаси ушбу арбитраж муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади, муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этилган арбитраж суди ажримининг кўчирма нусхасидаги арбитр имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;

3) арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш тўғрисидаги аризага - арбитраж судига даъво тақдим этилганлигининг далиллари; арбитр ўз вазифаларини бажариши мумкин эмаслигини тасдиқловчи далил ёки арбитрнинг ўз вазифаларини амалга оширишга асоссиз равишда кечикишсиз киришмаганлигини тасдиқловчи далил;

4) арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳақидаги аризага - арбитраж судининг ўз юрисдикцияси ҳақидаги ажримининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий арбитраж муассасаси ажримининг кўчирма нусхаси ушбу арбитраж муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади, муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этилган арбитраж суди ажримининг кўчирма нусхасидаги арбитр имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;

5) таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага - арбитраж судининг таъминлаш чоралари кўрилганлиги ҳақидаги ажримининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий арбитраж муассасаси ажримининг кўчирма нусхаси ушбу арбитраж муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади, муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этилган арбитраж суди ажримининг кўчирма нусхасидаги арбитр имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;

6) таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги аризага - арбитраж судига даъво тақдим этилганлигининг далиллари;

7) далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги аризага - арбитраж судининг иш юритувида низо мавжуд бўлиб, уни ҳал этиш учун далиллар зарурлиги ва бу далилларни олиш учун кўмаклашиш ҳақида ариза берилганлигининг далили.

Чет тилида тузилган ҳужжатларни иқтисодий судга тақдим этишда ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак.


232-4-модда. Арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш

билан боғлиқ ишлар бўйича суд муҳокамаси


Таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги, таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар ариза келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида кўриб чиқилади.

Арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш билан боғлиқ ишлар иқтисодий суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича мазкур бобда кўрсатилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ишларни кўриб чиқиш чоғида суд доимий арбитраж муассасаси арбитрларининг рўйхатига киритилган арбитрлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилаётган иш билан боғлиқ бўлган иш материалларини талаб қилиб олиши мумкин. Арбитраж муассасаси талаб қилиб олинадиган ҳужжатларни сўров қабул қилинганидан кейинги кундан кечиктирмай иқтисодий судга тақдим этиши шарт.

Иқтисодий суд ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Иқтисодий суднинг таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ҳамда таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


2-§. Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят

қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш


232-5-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарори

устидан шикоят қилиш


Арбитраж муҳокамасининг тарафи арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан иқтисодий судга арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани бериш орқали шикоят қилиши мумкин.

Ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар ҳам арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиши мумкин.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу аризани берган тараф арбитражнинг ҳал қилув қарорини олган санадан эътиборан, "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ илтимоснома берилган тақдирда эса ушбу илтимоснома бўйича арбитраж суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан эътиборан ёки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахс арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани бериш учун асос бўлган ҳолатларни билган ёки билиши керак бўлган санадан эътиборан уч ой ўтгач берилиши мумкин эмас.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза келиб тушган тақдирда, иқтисодий суд арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги масала бўйича иш юритишни арбитраж судига арбитраж муҳокамасини тиклаш ёки арбитраж судининг фикрига кўра арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асосларини бартараф этадиган бошқа ҳаракатларни бажариш имконини бериш учун ўзи белгилаган муддатга, тегишли ҳолатда ва тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра тўхтатиб туриши мумкин.


232-6-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор

қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни


Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва арбитраж муҳокамасининг тарафи ёки ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар ёки уларнинг вакили томонидан имзоланади.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;

2) арбитраж судининг номи, арбитражнинг жойи ва таркиби;

3) арбитраж муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

4) арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;

5) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган тараф шикоят қилинаётган ҳал қилув қарорини олган сана;

6) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва ушбу қарор устидан қандай асослар бўйича шикоят қилинаётганлиги.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада тарафларнинг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили ва бошқа маълумотлари кўрсатилиши мумкин.

Арбитраж муҳокамаси тарафининг арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига қуйидагилар илова қилинади:

1) арбитраж ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий арбитраж муассасаси ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ушбу арбитраж муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади, муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этилган арбитраж суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасидаги арбитр имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;

2) арбитраж келишувининг асл нусхаси ёки унинг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

3) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;

4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

5) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари арбитраж муҳокамасининг бошқа тарафига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Чет тилида тузилган ҳужжатлар иқтисодий судга тақдим этилаётганда, ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак.

Ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахснинг арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига ушбу модда тўртинчи қисмининг 3, 4 ва 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади.

Агар арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж муҳокамаси тарафининг вакили ёки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахснинг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.

Ушбу Кодекс 232-5-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган қоидаларга кўра арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилиши лозим.

Ушбу Кодекс 37-моддасининг бешинчи қисмида, мазкур модданинг биринчи, иккинчи, тўртинчи - еттинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидаларга кўра аризачига қайтарилади.


232-7-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини

бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш


Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 28-бобида назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.


232-8-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини

бекор қилиш асослари


Арбитражнинг ҳал қилув қарори, агар тараф ёки ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахс қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, иқтисодий суд томонидан бекор қилиниши лозим:

1) арбитраж келишуви тарафлар ушбу келишувни қайси қонунчиликка бўйсундирган бўлса, ўша қонунчилик бўйича, бундай қонунчилик мавжуд бўлмаганда эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича ҳақиқий эмаслиги далилини;

2) "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасида кўрсатилган арбитраж келишувининг тарафларидан бири қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз эканлиги далилини;

3) тараф арбитр тайинланганлиги ҳақида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра ўз важларини тақдим эта олмаганлиги далилини;

4) арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитражда ҳал қилиниши назарда тутилмаган ёки арбитражга мурожаат қилиш шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича қабул қилинганлиги далилини ёки унда арбитраж келишувини қўллаш доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича қарор мавжудлиги далилини. Бунда, агар арбитражда кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар бўйича қарорларни арбитражга тегишли бўлмаган масаладан ажратиб олиш мумкин бўлса, у ҳолда арбитраж ҳал қилув қарорининг арбитражга тегишли бўлмаган масалалар бўйича қарори мавжуд бўлган қисмигина бекор қилиниши мумкин;

5) арбитраж судининг таркиби ёки арбитраж тартиб-таомили тарафларнинг келишувига мувофиқ эмаслиги далилини, агар фақат бундай келишув "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тарафлар чекиниши мумкин бўлмаган ҳар қандай қоидасига зид бўлмаса ёки бундай келишув мавжуд бўлмаса, "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ эмаслиги далилини.

Агар иқтисодий суд:

1) низо предмети Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига кўра арбитраж муҳокамасига тегишли эмаслигини;

2) арбитражнинг ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зидлигини аниқласа, арбитражнинг ҳал қилув қарори бекор қилиниши лозим.


232-9-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини

бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича ажрим


Иқтисодий суд арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга кўра ажрим чиқаради.

Иқтисодий суднинг арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ёки арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш ҳақидаги ажримида қуйидагилар ҳам бўлиши керак:

1) арбитражнинг шикоят қилинаётган ҳал қилув қарори ва у қабул қилинган жой ҳақидаги маълумотлар;

2) шикоят қилинаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган арбитражнинг номи ва таркиби ҳақидаги маълумотлар;

3) арбитраж муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) арбитражнинг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ёхуд аризачининг талабини тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этишга оид кўрсатма.

Арбитраж ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги, агар арбитражга мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, арбитраж муҳокамаси тарафларининг арбитраж келишувига мувофиқ арбитражга янгитдан мурожаат этиши ёки ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра иқтисодий судга мурожаат этиши учун монелик қилмайди.

Агар арбитражнинг ҳал қилув қарори иқтисодий суд томонидан арбитраж келишуви ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори арбитраж келишувида назарда тутилмаган ёхуд унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёки унда арбитраж келишувида қамраб олинмаган масалалар бўйича хулосалар мавжудлиги оқибатида тўлиқ ёки қисман бекор қилинган бўлса, арбитраж муҳокамасининг тарафлари бундай низони ҳал этиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра иқтисодий судга мурожаат этиши мумкин.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий суд ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин";


13) 248-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш масалалари, агар арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида жойлашган бўлса, ушбу бобда назарда тутилган тартибда, "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда ҳал этилади";


14) 334-модданинг иккинчи қисмидаги "чет давлат судининг ёки арбитражининг" деган сўзлар "чет давлат судининг, арбитражнинг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 201-модда, N 5, 298-модда, N 10, 593-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 7, 661-модда, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 968-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:


1) 5-модданинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2) иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун";


2) илованинг 2-банди:


"ж" кичик бандидаги "ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги" деган сўзлардан кейин "арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


"з" кичик бандининг русча матнидаги "иностранных судов (арбитражей)" деган сўзлар "иностранных судов и арбитражей" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 17 май


"Халқ сўзи", 2022 йил 17 май












































Время: 0.2144
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск