ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш Дастури (ЎзР Президентининг 25.05.2022 й. ПК-159-сон карорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 25 майдаги

ПҚ-259-сон қарорига

1-ИЛОВА



Этноспорт турларини 2025 йилгача

оммалаштириш ва ривожлантириш

ДАСТУРИ

       

         

1-БОБ. АМАЛДАГИ ҲОЛАТ


Мамлакатимизда миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини (этноспорт) 6 та йўналишга бўлиш мумкин: ҳаракатли ўйинлар, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий ўйинлар, столда ўйналадиган ўйинлар, чўпончилик, ов қилиш ўйинлари.

Ўтган давр мобайнида айрим этноспорт турлари бўйича бошқариш тизими яратилди, спортчилар ва тренерлар захираси шакллантирилди, мусобақаларни доимий равишда ўтказиш ва уларни молиялаштириш йўлга қўйилди, бунинг эвазига юқори натижаларга эришилди.

Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистон белбоғли курашчилари дунё рейтингида 2-ўринни олиб, 2020 йил ўтказилган жаҳон чемпионатида дунёнинг 30 га яқин мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллади.

Қарабтеп (ланка) ўйини 7 минг йиллик тарихга эга бўлиб, нафақат Марказий Осиёда, балки Хитой, Шимолий Кавказ, Сибирь ҳамда Европа мамлакатларида ҳам кенг тарқалган.

Чиллак ўйини ўзига хос хусусиятлар ва нозик томонларга эга бўлиб, қатнашчилардан зукколик, ўйин маданиятини, жисмоний бақувватликни, жасурликни талаб қилади. Мазкур ўйин Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кенг тарқатилган.

Наврўз байрамлари, ҳосил байрамлари, халқ сайилларида ҳамда тўй маросимларида улоқ-кўпкари ва от пойгаси бўйича мусобақалар ўтказиб келинмоқда. 2001 йилдан бошлаб Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси ўз фаолиятини амалга ошириб, халқаро улоқ-кўпкари ва от пойгаси мусобақаларини ташкил қилиш ҳамда ҳамюртларимизнинг иштирокини таъминлашда катта ҳисса қўшмоқда.

Ҳозирда республикада 40 та оилавий дорбозлик гуруҳлари фаолият кўрсатиб келмоқда. "Ўзбек давлат цирки" давлат муассасасининг "Ўзбекистон дорбозлари" жамоалари қадимги дорбозлик анъаналарини замонавий циркнинг бадиий ифода воситалари билан бойитиб келмоқда.

Шу билан бирга, этноспорт турлари бўйича маҳалларда тизимли равишда мусобақалар ва фестиваллар ўтказиш, бунинг учун тегишли инфратузилма яратиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини халқаро даражага олиб чиқиш ҳамда кенг тарғиб қилиш, уларни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида кўплаб муаммолар мавжуд.

Шу сабабли, Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда - Дастур) ишлаб чиқилди.

Дастур этноспорт турларини тизимли ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, асосий йўналишлари, истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда келгусида ушбу йўналишда чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



2-БОБ. ЭТНОСПОРТ ТУРЛАРИНИ ОММАЛАШТИРИШ

ВА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ўзбекистонда этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантиришнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

биринчи йўналиш - аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ўсмирлар ва ёшларнинг этноспорт турлари билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, этноспорт турлари бўйича республика ва ҳудудий мусобақаларни, шу жумладан Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ўтказиш;

иккинчи йўналиш - этноспорт турлари бўйича спортчилар, тренерлар, мутахассислар ва бошқа кадрларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар ўтказиш;

учинчи йўналиш - миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг моҳияти ҳақида тарғибот материалларини (қўлланма, буклет, баннер, флайер ва бошқалар)ни тайёрлаш, таълим муассасаларида тарғибот ишларини олиб бориш, малакали устозлар, полвонлар, тренерлар ҳамда мутахассислар иштирокида семинар, тренинг, маҳорат сабоқларини ўтказиш;

тўртинчи йўналиш - халқаро ҳамкорликни кучайтириш, этноспорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантириш.



1-§. Биринчи йўналишдаги вазифаларни рўёбга

чиқариш учун қуйидаги асосий чора-тадбирларни

амалга ошириш лозим:


1.1. Оммавий спорт мусобақалари ташкил қилинадиган этноспорт турлари рўйхатини тасдиқлаш.


1.2. Этноспорт турлари билан шуғулланиш ва уларни тарғиб қилиш бўйича маҳаллаларда аҳолини кенг жалб қилиш ишларини ташкил этиш.


1.3. Маҳаллаларда миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ўтказиш.


1.4. Болалар ва ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини кенг тарғиб этиш мақсадида этноспорт турлари бўйича уч босқичли мусобақаларни ташкил этиш: биринчи босқич - туман (шаҳар) мусобақалари, иккинчи босқич - вилоят мусобақалари, учинчи босқич - республика (финал) мусобақалари.


1.5. Этноспорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


1.6. 2023 йилги ва келгуси йиллардаги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаларида этноспорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш учун зарур маблағлар миқдорини кўпайтириб бориш.


1.7. Тошкент шаҳрида ҳар йили бир маротаба этноспорт турлари бўйича "Uzbekistan Ethno Games" республика фестивалини ташкил этиш.


1.8. Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро этноспорт фестивалини ташкил этиш. Бунда, "Ичан қалъа" мажмуасида фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимларини ўтказиш.


1.9. Ҳар икки йилда бир маротаба полвонлар ва дорбозлар иштирокида "Полвонлар сулоласи" кўрик-танловини ўтказиш.


1.10. "Устоз-шогирд" анъанаси асосида давом этиб келаётган дорбозлик ва полвонлик санъатини янада кенгроқ оммалаштириш мақсадида дорбозлик ва полвонлик санъати тўгаракларини ташкил этиш.


1.11. Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳар йили улоқ-кўпкари, от пойгаси, миллий кураш ва бошқа этноспорт турлари бўйича турнирларни ташкил қилиш.


1.12. Алоҳида этноспорт турини ривожлантириш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларини ташкил қилиш масаласини ўрганиш ва таклиф киритиш.



2-§. Иккинчи йўналишдаги вазифаларни рўёбга

чиқариш учун қуйидаги асосий чора-тадбирларни

амалга ошириш лозим:


2.1. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Республика эстрада цирк коллежида дорбозлик ва полвонлик санъати йўналишида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.


2.2. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб этноспортнинг бошқа турлари бўйича (шу жумладан, миллий кураш, турон кураши, белбоғли кураш, бел олиш ва учкураш, баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш, улоқ-кўпкари, от пойгаси, ўзбек жанг санъати, дорбоз, қарабтеп/ланка) мутахассисларни тайёрлаш.


2.3. Дорбозлик ва полвонлик йўналишлари, шунингдек, этноспортнинг бошқа турлари бўйича ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2.4. Этноспорт турлари бўйича хорижий тажрибани ўрганиш орқали ўқув-машғулотлар жараёнига замонавий илмий-инновацион технологияларни кенг жорий қилиш.


2.5. Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш.



3-§. Учинчи йўналишдаги вазифаларни рўёбга

чиқариш учун қуйидаги асосий чора-тадбирларни

амалга ошириш лозим:


3.1. Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг моҳияти ҳақида тарғибот материалларини (қўлланма, буклет, баннер, флайер ва бошқалар) тайёрлаш.


3.2. Болалар ва ўсмирлар учун алоҳида шартларни назарда тутувчи "Миллий халқ ўйинлари" ўқув методик қўлланмасини нашр этиш.


3.3. Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида этноспорт турларининг жисмоний, интеллектуал, маънавий-ахлоқий жиҳатдан ўрни ҳақида жисмоний тарбия дарслари ҳамда маънавият соатларида тушунтиришлар бериш.


3.4. Ижтимоий тармоқларда ёшларни этноспорт турларига кенг жалб этиш, улар ўртасида мусобақаларни оммалаштиришга қаратилган мотивацион роликлар тарқатиш.


3.5. Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида малакали устозлар, тренерлар, полвонлар ҳамда мутахассислар иштирокида семинар, тренинг, маҳорат сабоқлари ташкил этиш.



4-§. Тўртинчи йўналишдаги вазифаларни рўёбга

чиқариш учун қуйидаги асосий чора-тадбирларни

амалга ошириш лозим:


4.1. Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш мақсадида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси, ЮНЕСКО ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш.


4.2. Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси, ЮНЕСКО ва бошқа ташкилотлар иштирокида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш.


4.3. Малакали мутахассис ва халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ЮНЕСКО ташкилотидан номоддий маданий мерос мақоми олиниши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхатини шакллантириш, шунингдек, уларни ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш бўйича тавсия бериш.


4.4. Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедиясини ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиш, тақдимотини ўтказиш ҳамда уни халқаро ва маҳаллий ташкилотларга етказиш.


4.5. Тошкент шаҳрида Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари музейини ташкил қилиш.


4.6. Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантиришга қаратилган мақолалар, тематик телекўрсатувлар тайёрлашни назарда тутувчи медиа-режа ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


4.7. "Миллий халқ ўйинлари - миллий ғурур" номли махсус роликлар тайёрлаш ва эфирга узатиш бўйича танлов эълон қилиш.


4.8. Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тарғиб қилиш ва янада оммалаштириш бўйича полвонлар ва фахрий устозлар иштирокида туркум кўрсатувларни ташкил этиш.


4.9. Ҳудудий телерадиоканаллар орқали этноспорт турларини янада кенг тарғиб қилиш, шунингдек, маҳаллий мусобақаларни ўтказиш жараёнларини мунтазам ёритиш.


4.10. Ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, аҳолининг фикр ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, жорий йил учун миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш ва ривожлантириш, спорт мусобақаларини ташкил қилиш бўйича ҳудудий дастурларни қабул қилиш.


4.11. Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар доирасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ва халқ ўйинларини ташкил этиш.


4.12. Болалар ва ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида ўзбек миллий халқ ўйинларини кенг тарғиб этиш, уларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундашга қаратилган кўрсатувларни намойиш этиш орқали оммалаштириш.


4.13. Этноспорт турлари бўйича мусобақалар ва фестивалларни туристик маршрутлар объектлари рўйхатига киритиш, уларга хорижий ва маҳаллий туристларни жалб қилиш, туристларга миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг тарихи ва аҳамияти ҳақида маълумотларни етказиш.



3-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Мазкур Дастурда белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:

республикада этноспорт турларининг оммавийлигини ошириш ҳисобига этноспорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони кўпаяди;

мусобақалар ўтказишнинг янги тизимини яратиш натижасида этноспортчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштироки кенгаяди ва бундай мусобақаларнинг мамлакатимизда кўпроқ ўтказилиши натижасида халқаро унвон талабларини бажариш имконияти ошади, шу орқали спорт усталари, халқаро тоифадаги спорт усталари етишиб чиқиши таъминланади;

мусобақаларни тизимли равишда ўтказиш орқали иқтидорли ёшлар ва ўсмирлар саралаб олинади ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар таркибида сифатли спорт захираси шаклланади;

ҳудудларда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида мусобақаларни тизимли ва юқори савияда ташкил этиш орқали этноспортнинг ривожланиш суръати жадаллашади;

этноспорт бўйича кўрик танловлар ва маҳорат сабоқларининг тизимли ўтказилиши натижасида этноспорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантиришга эришилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 май

















































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск