ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Ўрта таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.06.2022 й. 294-сон "Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.06.2022 й.

N 294




РЕСПУБЛИКА ВЕЛОСПОРТ МАҲОРАТ

МАКТАБ-ИНТЕРНАТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 24 сентябрдаги ПҚ-5251-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 24 сентябрдаги ПҚ-5251-сон қарорига мувофиқ:

Тошкент шаҳри Олмазор тумани Мухбир кўчаси 12-уй манзилида Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати (кейинги ўринларда - мактаб-интернат) ташкил этилганлиги;

мактаб-интернат ўқувчиларининг умумий контингенти 100 нафар этиб белгиланганлиги;

мактаб-интернат ўқувчиларига Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ўқувчилари учун белгиланган суткалик озиқ-овқат нормаси татбиқ этилиши;

мактаб-интернатга велоспорт турлари бўйича белгиланган синов имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 5-синфга қабул қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт клублари ёки бошқа спорт-таълим ташкилотларида спорт тайёргарлиги ўқув-машқ босқичининг биринчи йил тайёргарлигидан ўтган ҳамда спорт билан шуғулланишга иқтидори бўлган ўқувчилар ўртасида танлов асосида мактаб-интернатда ўқишни давом эттириш учун танлаб олиш;

республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спорт захирасини терма жамоалар таркибига тайёрлаш;

ўқувчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур бўлган маҳорати ва кўникмалари чуқур ривожлантирилишини таъминлаш;

спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, медико-биологик ва моддий-техник шарт-шароитларни таъминлаш.


3. Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг штатлар жадвали иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

а) мактаб-интернат ўқувчиларининг таълим олиши мактаб-интернатга яқин жойда жойлашган умумтаълим мактабларида ташкил этилади;

мактаб-интернат ўз фаолиятини, Вазирлар Маҳкамасининг "Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2018 йил 2 июндаги 410-сон қарорида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширади, шу жумладан юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган умумтаълим давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади;

б) мактаб-интернат директори, директор ўринбосарлари, тренер-ўқитувчилар, йўриқчи-услубчилар, тарбиячилар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда мактаб-интернат директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, тарбиячилар меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига мувофиқ;

мактаб-интернат директори, мактаб-интернат директорининг ўқув ва спорт ишлари бўйича ўринбосари, тренер-ўқитувчилар, йўриқчи-услубчилар, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш (устама ҳақ тўлаш) Вазирлар Маҳкамасининг "Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарорига мувофиқ;

мактаб-интернат тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


5. Қуйидагилар мактаб-интернат фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва мактаб-интернатнинг уставидаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

мактаб-интернатда озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови;

асосий машғулотлар ўтказиладиган вақтда бўш бўлган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мактаб-интернат фаолиятини юритиш учун зарур маблағларни 2022 йил Давлат бюджетида Спортни ривожлантириш вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин;

мактаб-интернатга 2 та, шу жумладан 1 та навбатчи автотранспорт воситаси ва 1 та махсус микроавтобус харид қилиш учун белгиланган тартибда зарур маблағ ҳамда уларни сақлашга лимит ажратсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги:

а) бир ой муддатда мактаб-интернатнинг уставини тасдиқласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

б) 2022 йил 1 сентябрга қадар:

мактаб-интернатни замонавий педагогик технологияларини эгаллаган малакали педагог кадрлар ҳамда тренерлар билан тўлдириш юзасидан зарур чораларни кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳар Олмазор тумани Мухбир кўчаси 12-уй манзилида мактаб-интернат учун халқаро стандартларга жавоб берадиган 100 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона ва 100 ўринли ўқув биноси қурилишини якунига етказсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 июндаги

294-сон қарорига

ИЛОВА



Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати

бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи

ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг

ШТАТЛАР ЖАДВАЛИ

Т/р

Лавозимлар номи


Штат бирлиги

сони


1.

Директор


1

2.

Директорнинг ўқув ва спорт ишлари бўйича ўринбосари


1

3.

Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари


1

4.

Хўжалик мудири


1

5.

Психолог (спорт психологи)


1

6.

Врач


1

7.

Тиббиёт ҳамшираси


1

8.

Бухгалтер


1

9.

Котиб-иш юритувчи


1

10.

Бош ошпаз


1

11.

Ошпаз


1

12.

Ошхона ишчиси


2

13.

Кир ювувчи


1

14.

Ғазначи


0,5

15.

Хўжалик бекаси


0,5

            

Изоҳ. Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлари учун алоҳида лавозимларни киритиш нормалари ушбу намунавий штатлар иловасига мувофиқ амалга оширилади.






Штатлар жадвалига

ИЛОВА



Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати

бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари

учун алоҳида лавозимларни киритиш

МЕЪЁРЛАРИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисидаги низомга мувофиқ, тренер-ўқитувчи (тренер)лар таркиби Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернатидаги (кейинги ўринларда - мактаб-интернат) гуруҳлар сони ва ўқув режасига асосан аниқланади.


2. Мактаб-интернатда тренер-ўқитувчи (тренер)лар сони 0,5 лавозим бирлигидан кам бўлмаган ҳолатларда 1,0 бирлик, кейинги ҳар 8,0 бирлик тренер-ўқитувчи (тренер) лавозими учун қўшимча 1,0 бирликдан йўриқчи-услубчи лавозими киритилади (жами 2,0 бирликдан ошмаган ҳолда).


3. Мактаб-интернатда тарбиячи лавозими дам олиш ва байрам кунларида ҳар бир ўрин алмашиш иш вақти ҳисобга олинган ҳолда, мактаб-интернатнинг ўқувчилар турар жойида яшовчи ҳар 25 нафар ўқувчига 1,0 бирлик ҳисобидан киритилади.


4. Тунги навбатчилик учун тарбиячи ёрдамчиси лавозими бола сони 100 нафаргача бўлган ётоқхона биноси учун 2 штат бирлик киритилади.


5. Мактаб-интернатнинг ҳар 2 500 кв. м супуриладиган майдони учун 1,0 бирлик ҳовли супурувчи лавозими киритилади. Бироқ мактаб-интернатда 0,5 бирликдан кам бўлмаган миқдорда ҳовли супурувчи лавозими киритилади.


6. Мактаб-интернатнинг мевали боғ, гулзор ва кўкаламзорлаштирилган 0,5 га дан 2,0 га гача майдони учун 1,0 бирлик, кейинги ҳар 2,0 га майдон учун 1,0 бирлик боғбон лавозими киритилади, мактаб-интернатнинг ижарага берилган майдони бундан мустасно.


7. Мактаб-интернатни кеча-кундуз қўриқлаш учун дам олиш ва байрам кунлари ҳамда таътил даврида ҳар бир ўрин алмашиш иш вақти ҳисобга олинган ҳолда, 3,0 бирлик қоровул лавозими киритилади.


8. Бино ва иншоотлар, шунингдек жиҳозларни жорий таъмирловчи ва хизмат кўрсатувчи:

а) электромонтёр лавозими 700 тагача ёритиш нуқталари (выключатель, розетка ва кароба) (мактаб-интернатнинг кўча ёритиш нуқталари ҳам ҳисобланади) учун 0,5 бирлик, ёритиш нуқталари 700 дан ортиқ бўлса, 1,0 бирлик;

б) чилангар (сантехник) лавозими - сув қувурлари, канализация ва иссиқлик қуввати билан жиҳозланган ҳар 2800 кв. м майдон учун 1,0 бирлик (бироқ, ташкилотда 2,0 бирликдан ортиқ бўлмаган ҳолда);

в) мактаб-интернатда 0,5 бирлик дурадгор лавозими киритилади;

г) мактаб-интернат биноларини эксплуатация ишлари ихтисослаштирилган ташкилот томонидан шартнома асосида амалга оширилганда, бино ва иншоотлар, шунингдек жиҳозларни жорий таъмирловчи ва хизмат кўрсатувчи ишчилар лавозимлари киритилмайди.


9. Мактаб-интернат биноларининг ички қисми, шу жумладан хизмат хоналари, йўлаклари, зинапоялари, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув-аудитория (ётоқхонанинг ўқувчилар ётадиган хоналари бундан мустасно) майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 700 кв. м тозалаш майдони учун 1,0 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.


10. Уй-жой коммунал хўжалик тизимига ўтказилмаган мактаб-интернатда иситиш мавсумида ўт ёқувчи лавозими:

а) локал иситиш тизимида кўмир, торф, мазут ва шу кабилар билан иситиладиган ҳар бир қозонхонага ҳар бир ўрин алмашишиш вақти учун 2,0 бирликдан, табиий газ ёқилғиси билан ишлайдиган ҳар бир қозонхоналарда (қозонхона ҳажмидан қатъи назар) ҳар бир ўрин алмашишиш вақти учун 1,0 бирликдан;

б) алоҳида кичик қозонлари билан иситиладиган ҳар бир алоҳида манзилда жойлашган бинолар мажмуасига ҳар бир ўрин алмашиш иш вақти учун қозонлар сони 6 тагача бўлса, 1,0 бирликдан, 6 та ва ундан ортиқ бўлса, 2,0 бирликдан;

в) иситиш печлари орқали иситиладиган биноларда ҳар 10 дона печ учун 1,0 бирликдан ва кейинги ҳар 5 - 9 дона печ учун қўшимча 0,5 бирликдан (лекин мактаб-интернат учун 0,5 бирликдан кам бўлмаган ҳолда) киритилади.


11. Мактаб-интернатнинг соз ҳолатдаги ҳар бир автотранспорт воситаси учун 1,0 бирлик ҳайдовчи лавозими киритилади.


12. Мактаб-интернатнинг ҳар 3000 кв. м табиий ёки сунъий қопламали очиқ спорт майдончаларига хизмат кўрсатиш (стадиондаги чим ўтларини ўстириш, дренаж устаси) ва таъмирлаш устаси 1,0 бирлик ишчи лавозими киритилади.


13. Мактаб-интернатда мавжуд велосипедлар сони 40 тагача бўлса 1 бирлик, 40 та ва ундан ортиқ бўлса 1 бирликдан техника спорт тури бўйича механик лавозими киритилади (бироқ, ташкилотда 2,0 бирликдан ортиқ бўлмаган ҳолда).


14. Штат жадвалини тузишда мактаб-интернатнинг йилнинг 1 январь ҳолатидаги рўйхатда мавжуд бўлган ўқувчилар сони ҳисобга олинади ва ушбу ўқувчилар сони ўзгариши билан йилнинг 1 сентябрь ҳолатига қайта кўриб чиқилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 июнь















































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск