ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мақсадли кредитлар, қарзлар, грантлар /

"Янги Ўзбекистон" университетининг иқтидорли талабаларига давлат грантини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2022 й. 300-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 2 июндаги

300-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Янги Ўзбекистон" университетининг иқтидорли

талабаларига давлат грантини бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Президент таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги "Янги Ўзбекистон" университетининг (кейинги ўринларда - Университет) бакалавриат таълим йўналишларида иқтидорли талабаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун давлат грантини бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


грант талабгори - Университетга ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган тартибга мувофиқ тўлиқ давлат гранти асосида ўқиши белгиланган, шунингдек, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, юқори ўринларни эгаллаган абитуриент ҳамда ўқув йили якуни бўйича академик кўрсаткичлари энг юқори бўлган талабалар;


давлат гранти - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Университетда ўқиш қиймати қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаб бериладиган маблағ миқдори;


стипендиат - қонунчиликка мувофиқ тўлиқ ёки табақалаштирилган тартибда давлат гранти тақдим этилган Университет талабалари.


3. Университетни тамомлагандан сўнг Агентлик йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича мулкчилик шаклларидан қатъи назар республикада фаолият юритувчи ташкилотларда 5 йилгача тўлиқ бандлик режимида ишлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахс давлат гранти талабгори бўлиши мумкин.


4. Университетда иқтидорли талабаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун давлат гранти:

халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчиларига;

Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ажратиладиган қабул параметрларига мувофиқ кириш имтиҳонлари асосида ушбу мактаблар битирувчиларига;

Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолибларига;

Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар фарзандларига нисбатан тақдим этилади.


5. Давлат гранти Университетнинг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги таълим шаклида таҳсил оладиган грант талабгорлари учун ажратилади.


6. Давлат гранти мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ тақдим этилади.


7. Грант талабгорлари бўлган абитуриентлар Университетга қабул бўйича белгиланган тартибда онлайн платформа орқали ариза билан бирга ҳужжатларни тақдим этиш жараёнида мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган грант талабгорлари тоифасига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг PDF (portable document format) форматида сканер қилинган нусхаларини ҳам илова қилади, Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бундан мустасно.

Ушбу ҳужжатлар абитуриентлар томонидан Университетга қабул қилиш бўйича аризаларга белгиланган муддатларда тақдим этилиши шарт. Қабул қилиш муддати тугагандан сўнг ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмайди.


8. Давлат грантини олиш учун алоҳида ариза топширилмайди.



2-БОБ. ДАВЛАТ ГРАНТИНИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ


9. Давлат гранти Университет томонидан ҳар бир таълим йўналиши учун белгиланган қабул квотаси доирасида Агентлик билан келишилган ҳолда ажратилади.


10. Давлат грантининг тўлиқ (100 фоиз) миқдори Университетда таълим йўналиши бўйича белгиланган тўлов-контрактнинг тўлиқ (100 фоиз) миқдорига тенг бўлади.


11. Қуйидаги тоифага кирувчи грант талабгорига тўлиқ (100 фоиз) миқдорда давлат гранти ажратилади:

а) халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчилари;

б) Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган:

Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолиблари;

таълим йўналишлари бўйича белгиланган умумий қабул квоталарининг 5 фоизи миқдорида ажратилган квота бўйича ўқишга қабул қилинган Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари;

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар фарзандлари.

Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари учун белгиланган умумий қабул квоталарининг 5 фоизи миқдорида ажратилган қабул квотаси доирасига кирмаган Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари умумий тартибда таълим йўналишлари бўйича давлат грантига талабгорлик қилишлари мумкин.


12. Мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ давлат гранти тақдим этилган стипендиатлар учун бутун ўқув йиллари мобайнида тўлиқ давлат грантини тақдим этиш тартиби сақлаб қолинади.

Бунда стипендиатнинг ўқув йили (семестр) якунига кўра белгиланган академик кўрсаткичлари (Academic Performance) қониқарсиз бўлганлиги натижасида талабанинг тегишли фанни қайта ўқиши билан боғлиқ харажатлар ўз ҳисобидан амалга оширилади.


13. Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда ўтган ўқув йили якунига кўра энг юқори академик кўрсаткичларга (Academic Performance) эришган Университет талабаларига (ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган грант талабгорларидан ташқари) давлат гранти бир ўқув йили учун қуйидаги жадвалга мувофиқ табақалаштирилган тартибда ажратиб берилади:

Таълим йўналиши бўйича

энг юқори ўринни эгаллаган

абитуриентлар (талабалар)

гуруҳи (баллар кетма-

кетлигида)


Давлат гранти квотаси

(ҳар бир таълим йўналиши

бўйича умумий квотага

нисбатан)


Бир нафар абитуриент (талаба)

учун молиялаштириладиган

давлат гранти

(фоиз ҳисобида)


1-гуруҳ


10 фоиз

100

2-гуруҳ


10 фоиз

70

3-гуруҳ


15 фоиз

50

    

14. Табақалаштирилган давлат грантини ажратиш белгиланган мезонларга асосан Университет томонидан ҳар ўқув йили якунига кўра қайта кўриб чиқилади ва белгиланган тартибда грант талабгорларига тақдим этилади.


15. Табақалаштирилган давлат грантини тақдим этиш жадвалининг 2-3-гуруҳларига кирувчи абитуриентлар (талабалар) томонидан Университетда ўқиш учун белгиланган тўлов-контрактининг қолган миқдори шартномада белгиланган муддатларда тўланади.


16. Грант талабгорлари рўйхати ҳар ўқув йили бошланишининг биринчи беш иш куни мобайнида Университет ректорининг буйруғига асосан тасдиқланади.

Грант талабгорлари ўртасида тенг баллар тўпланган тақдирда, тенг балл тўплаган барча грант талабгорлари учун давлат гранти тақдим этилади.


17. Агентлик, Университет ва стипендиатлар ўртасида белгиланган тартибда ҳар ўқув йили бошланишининг биринчи ўн иш куни мобайнида давлат грантини тақдим этиш, қайтариш ҳамда ишлаб бериш шартларини назарда тутувчи уч томонлама шартнома (кейинги ўринларда - шартнома) расмийлаштирилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ГРАНТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат грантини бериш харажатлари учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Президент таълим муассасалари агентлигига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан давлат грантини бериш харажатлари учун ажратиладиган маблағлар Агентликнинг Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида назарда тутилади.


19. Агентлик белгиланган тартибда тузилган уч томонлама шартномага мувофиқ ҳар ўқув йили бошланишининг биринчи ўн беш иш куни мобайнида Университетнинг банк ҳисобварағига тегишли маблағларни молиялаштириб беради.


20. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Агентликка давлат грантини бериш харажатлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича харажатлар сметасини тузиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш ва унга ўзгартиришлар киритиш бюджет қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. ГРАНТ ТАЛАБГОРЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


21. Қуйидагилар грант талабгорларининг ҳуқуқлари ҳисобланади:

кириш имтиҳонларида энг юқори ўринларни эгаллаган ва ўқув йили якунидаги академик кўрсаткичларидан (Academic Performance) келиб чиқиб давлат грантини тўлиқ ёки қисман белгиланган тартибда олиш;

Университетда тўлов-контракт асосида ўқиган ҳолда кейинги ўқув семестрлари якуни бўйича академик кўрсаткичлари (Academic Performance) юқори бўлган тақдирда, давлат грантига талабгор бўлиш;

давлат грантидан воз кечиш ва Университетда ўқишни тўлов-контракт асосида давом эттириш.


22. Тўлиқ давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларга (стипендиатларга) ўқишни тамомлагандан сўнг, бироқ икки ой муддатдан кечикмасдан Агентлик йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича мулкчилик шаклларидан қатъи назар республикада фаолият юритувчи ташкилотларда 5 йилгача тўлиқ бандлик режимида ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Давлат ташкилотларида кадрларга бўлган эҳтиёж Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аниқланади ҳамда давлат гранти соҳиби бўлган битирувчиларни тақсимлаш учун Агентликка тақдим этилади.

Ўқиш даврида давлат грантини қисман олган битирувчиларнинг давлат гранти умумлаштирилиб, мажбурий ишлаб бериш муддати мутаносиб равишда, бироқ камида бир йилгача бўлган муддатга яхлитланиб ҳисобланади.


23. Магистратура босқичида ёки докторантурада ўқишни давом эттираётган битирувчиларнинг (стипендиатларнинг) мажбурий ишлаб бериш муддати магистратура босқичида ёки докторантурада ўқиш даври тугагандан сўнг бошланади.


24. Давлат гранти асосида таълим олган битирувчи (стипендиат) мазкур Низомда ҳамда шартномада белгиланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, унга ажратилган давлат грантининг қиймати белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Янги Ўзбекистон" университетининг иқтидорли

талабаларига давлат грантини бериш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич

Грант талабгори (халқаро даражадаги тегишли дастурлар дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчилари, Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган халқаро математика, физика, кимё, биология, информатика олимпиадалари ғолиблари, таълим йўналишлари бўйича белгиланган умумий қабул квоталарининг беш фоизи миқдорида ажратилган квота бўйича ўқишга қабул қилинган Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар фарзандлари, Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) бўлган абитуриент томонидан Университетга ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган тартибда онлайн платформа орқали ариза билан бирга ҳужжатларни тақдим этиш жараёнида мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган давлат гранти талабгорлари тоифасига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг PDF (portable document format) форматида сканер қилинган нусхаларини илова қилиш.


Университетга қабул қилиш бўйича белгиланган муддатларда








2-босқич

Грант талабгорлари рўйхатини ҳар ўқув йили бошланишининг биринчи беш иш куни мобайнида Университет ректорининг буйруғига асосан тасдиқлаш.


Ҳар ўқув семестри бошланишининг биринчи 5 иш куни мобайнида







3-босқич

Президент таълим муассасалари агентлиги, Университет ва стипендиатлар ўртасида белгиланган тартибда давлат грантини тақдим этиш, қайтариш ҳамда ишлаб бериш шартларини назарда тутувчи уч томонлама шартномани расмийлаштириш.


Ҳар ўқув семестри бошланишининг биринчи 10 иш куни мобайнида






4-босқич

Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан белгиланган тартибда тузилган уч томонлама шартномага мувофиқ Университетнинг банк ҳисобварағига тегишли маблағларни молиялаштириб бериш.


Ҳар бир ўқув семестри бошланишининг биринчи 15 иш куни мобайнида


5-босқич

Давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларнинг ўқишни тамомлагандан сўнг Агентлик йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича мулкчилик шаклларидан қатъи назар республикада фаолият юритувчи ташкилотларда беш йилгача тўлиқ бандлик режимида ишлаб бериши.


Ўқишни тамомлагандан кейин беш йил давомида


           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 3 июнь










































Время: 0.0149
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск