Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / Қимматли қоғозлар бозори / Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш органи. Лицензиялаш. Аттестациядан ўтказиш /

Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 07.06.2022 й. 304-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 7 июндаги

304-сон қарорига

ИЛОВА



Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга

ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни

аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича

давлат хизматларини кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ушбу Регламент талаблари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларида, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (кейинги ўринларда - Марказий депозитарий), фонд биржалари ва валюта биржаларининг фонд бўлимларида ишлашга талабгор бўлган ёки ишлаётган ҳамда олий маълумотга эга жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилади.


2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда - ваколатли орган) - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги;


қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан ўтказиш (кейинги ўринларда - аттестациядан ўтказиш) - қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш, хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажаришда қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака сертификатини олишга талабгор бўлган қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларнинг (кейинги ўринларда - талабгорлар) назарий билим ва касбий тайёргарлик даражасини баҳолаш жараёни;


қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака сертификати - ваколатли орган томонидан қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси, марказий депозитарий, фонд биржаси ва валюта биржаси фонд бўлими номидан қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш ҳуқуқини тасдиқловчи ва тегишли тоифаси кўрсатилган тарзда жисмоний шахсга бериладиган ҳужжат;


I тоифали малака сертификати - жисмоний шахсларга бериладиган ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ижро этувчи органи раҳбари, марказий депозитарий ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбари, фонд биржасининг ижро этувчи органи ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбари ва валюта биржаларининг фонд бўлими раҳбари лавозимини эгаллаш учун талаб этиладиган малака тоифаси;


II тоифали малака сертификати - жисмоний шахсларга бериладиган ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларида, марказий депозитарийнинг қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи бўлимлари, фонд биржалари ва валюта биржаларининг фонд бўлимларида мутахассис сифатида ишлаш учун талаб этиладиган малака тоифаси.


3. Малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш бўйича давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали кўрсатилади.


4. Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш учун малака сертификати талабгорларга беш йил амал қилиш муддати билан берилади.


5. Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш учун ваколатли орган ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда - ЭРИ) билан тасдиқланган ҳамда ушбу Регламентга ва 1б-иловаларга мувофиқ электрон шаклда QR-код билан расмийлаштириладиган малака сертификати берилади.


6. Қуйидаги шахслар қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малакаси сертификатини олиш учун аттестациядан ўтишлари шарт (ушбу Регламентнинг 9-бандида қайд этилган ҳоллар бундан мустасно):

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ижро органи раҳбарлари, марказий депозитарий ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари, фонд биржаларнинг ижро органи ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари ва валюта биржаларининг фонд бўлими раҳбарлари;

қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишда иштирок этувчи, хизматлар кўрсатувчи ва (ёки) қимматли қоғозлар бозорида ишларни бажарувчи қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг, марказий депозитарийнинг қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи бўлимларининг, фонд биржасининг ва валюта биржалари фонд бўлимларининг мутахассислари.

Аттестациядан ўтмаган деб топилган шахслар мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида қайд этилган лавозимларни эгаллашга ҳақли эмас.


7. Малака сертификатининг амал қилиш муддати тугаган шахслар малака сертификатининг амал қилиш муддати тугаган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмасдан мажбурий аттестациядан ўтишлари лозим.

Мазкур банднинг биринчи хатбошида қайд этилган муддат давомида малака сертификатининг амал қилиш муддати тугаган шахслар тегишли лавозимларни қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширишда иштирок этиш, хизматлар кўрсатиш ва (ёки) қимматли қоғозлар бозорида ишларни бажариш ҳуқуқисиз эгаллашга ҳақли.


8. Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларида, фонд биржалари ва валюта биржаларининг фонд бўлимларида ишлаётган малака сертификатига эга ходимлар икки кишидан кам бўлмаслиги лозим.

Ушбу банднинг биринчи хатбошидаги ходимларнинг лавозимлари, вазифалари, функциялари ва ваколатлари кўрсатилган рўйхат хўжалик юритувчи субъектнинг буйруғи билан тасдиқланади.


9. Қуйидаги шахслар истисно тариқасида:

молия-иқтисод ёки ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича олий маълумот тўғрисидаги имтиёзли дипломга эга олий таълим муассасаси битирувчилари, (агар олий маълумотга эгалиги тўғрисидаги диплом берилган кундан уч йилдан кўп вақт ўтмаган бўлса);

охирги беш йил мобайнида CFA Institute (Chartered Financial Analyst) халқаро ташкилоти томонидан берилган молиявий таҳлил ва инвестициялар соҳасидаги халқаро сертификатнинг камида биринчи даражасига ёки ACI - The Financial Markets Association халқаро ташкилоти томонидан берилган валюта ва пул бозорлари, хавфни (таваккалчиликни) бошқариш ва молиявий таҳлил соҳаларидаги сертификатга ёки ACCA (Association of Chartered Certified Accountants) халқаро ташкилотининг молия, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаларидаги халқаро сертификатига ёхуд Молиявий риск менежер FRM сертификатининг камида амалий билимлар (Applied Knowledge) даражасига эга бўлган шахслар ваколатли орган томонидан ўтказиладиган аттестациядан ўтмасдан ва белгиланган йиғимни тўламасдан, II тоифали малака сертификатини олишлари мумкин.



2-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИНИНГ

ИШ ТАРТИБИ


10. Ваколатли орган ҳузурида аттестация саволларини тузиш, қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш, аттестацияни ўтказиш билан боғлиқ юзага келган баҳсли масалаларни ҳал қилиш, аттестация натижаларини расмийлаштириш ва аттестациядан ўтмаган деб топилган шахсларнинг апелляцияларини кўриб чиқиш мақсадида аттестация комиссияси тузилади.


11. Аттестация комиссияси ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан ваколатли органнинг мансабдор шахслари ва мутахассислари орасидан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ҳамда унинг раис ва раис ўринбосари ҳамда аъзолардан иборат бўлади.

Аттестация комиссияси мажлисларининг кун тартибидаги масалалар муҳокамаси ва қабул қилинган қарорларнинг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида бошқа давлат бошқаруви органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ихтиёрий бирлашмаси вакиллари аттестация комиссияси таркибига кириш ҳуқуқига эга.


12. Ваколатли орган раҳбарининг ўринбосари аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг раиси вақтинча бўлмаганда (хизмат сафари, меҳнат таътили, бетоблик сабабли), аттестация комиссияси раисининг ўринбосари комиссияга раислик қилади.


13. Аттестация комиссияси фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ ташкилий масала ва тадбирлар аттестация комиссияси котиби (кейинги ўринларда - котиб) томонидан амалга оширилади.

котиб қуйидагиларни амалга оширади:

талабгорлар томонидан ваколатли органга тақдим этилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш;

аттестациядан ўтишга рухсат берилган талабгорлар рўйхатини шакллантириш, бу ҳақда талабгорларни хабардор қилиш;

аттестация натижаларига асосан тегишли малака сертификатини белгиланган тартибда расмийлаштириш ва талабгорларга юбориш;

аттестациядан ўтган шахсларнинг ягона давлат реестрини юритиш;

малака сертификатини қайта расмийлаштириш.


14. Аттестация комиссияси қуйидагиларни амалга оширади:

аттестацияни ўтказиш санаси, жойи ва вақтини белгилаш;

талабгорларни белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш;

аттестация натижаларини тасдиқлаш;

аттестациядан ўтмаган деб топилган шахсларнинг апелляцияларини кўриб чиқиш.


15. Аттестация саволларини тузиш, қайта қўриб чиқиш ва тасдиқлаш, аттестацияни ўтказиш билан боғлиқ юзага келган баҳсли масалаларни ҳал қилиш, аттестациядан ўтмаган деб топилган шахсларнинг апелляцияларини кўриб чиқиш ва малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ҳамда уни бекор қилиш билан боғлиқ масалалар аттестация комиссиясининг мажлисларида кўриб чиқилади.

Аттестация комиссиясининг мажлислари заруратга кўра, лекин камида бир ойда бир марта ўтказилади. Котиб аттестация комиссиясининг мажлисини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг мажлиси комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг мажлисида қатнашаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, аттестация комиссияси раисининг ёки аттестация комиссияси раиси бўлмаганда, раислик қилувчи шахснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Аттестация комиссиясининг қарори баённома шаклида расмийлаштирилади ва аттестация комиссияси аъзолари томонидан имзоланади.


16. Аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилиши (мажлис ўтказиладиган сана, жой ва вақти) тўғрисида аттестация комиссиясининг аъзолари котиб томонидан хабардор қилинади.


17. Ваколатли орган буйруғига асосан аттестация комиссиясининг сайёр мажлислари ҳам ўтказилиши мумкин.


18. Аттестация саволларини ишлаб чиқиш учун тегишли йўналишдаги таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ихтиёрий бирлашмалари, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори соҳасида фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар жалб этилиши мумкин.



3-БОБ. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ БЕРИШ

БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


19. Малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.


20. Талабгорлар малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.


21. Талабгорлар давлат хизматлари марказларига бевосита ўзлари ёки ишончли вакили орқали мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими талабгорлар номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилган ҳолларда эса - талабгорлар мустақил равишда ушбу Регламентга , ва 3в-иловаларга мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

Сўровнома давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилганда, талабгорлар ундаги маълумотларнинг тўғрилигини текширгандан сўнг, ЯИДХП орқали мурожаат этилган тақдирда эса - талабгорлар томонидан зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг тегишли маълумот идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан ҳам тасдиқланиши мумкин.


22. Малака сертификатларини бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун талабгорлар томонидан ушбу Регламентга ва 3в-иловаларга мувофиқ шаклда сўровнома тўлдирилади. Мазкур сўровномаларга талабгорлар қуйидаги маълумотларни киритади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - уларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари);

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - уларнинг яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари).


23. Ушбу Регламентнинг 9-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар аттестациядан ўтмасдан II тоифали малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун ушбу Регламентга 3б-иловага мувофиқ шаклда сўровнома тўлдиради. Мазкур сўровномага талабгорлар томонидан қуйидаги маълумотлар киритилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - уларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари);

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - уларнинг яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари);

CFA Institute (Chartered Financial Analyst) халқаро ташкилоти томонидан берилган молиявий таҳлил ва инвестициялар соҳасидаги халқаро сертификатнинг камида биринчи даражасига ёки ACI (The Financial Markets Association) халқаро ташкилоти томонидан берилган валюта ва пул бозорлари, хавфни (таваккалчиликни) бошқариш ва молиявий таҳлил соҳаларидаги сертификатга ёки ACCA (Association of Chartered Certified Accountants) халқаро ташкилотининг молия, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаларидаги халқаро сертификатига ёхуд FRM (Financial Risk Manager) сертификатининг камида амалий билимлар (Applied Knowledge) даражасига эга шахс бўлган ҳолларда - ушбу халқаро сертификат(лар) маълумотлари;

олий маълумот тўғрисидаги имтиёзли диплом маълумотлари.

Талабгорлар томонидан сўровномага ушбу банднинг тўртинчи хатбошидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.


24. Қуйидаги ҳужжатлар ваколатли орган томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан, "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:

паспорт (идентификацияловчи ID-карта) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхаси;

талабгорнинг белгиланган шаклдаги фотосурати;

молия-иқтисод ёки ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича олий маълумот тўғрисидаги диплом, илмий даража олганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси ёхуд олий маълумот ёки илмий даража ҳақидаги хорижий ҳужжатни тан олиш тўғрисида ваколатли давлат органининг гувоҳномаси нусхаси (олиш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно);

иш стажи тўғрисида маълумотлар (олиш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно);

жисмоний шахсларнинг фамилияси ва (ёки) исми ўзгартирилган бўлса, бу тўғрисида маълумотлар.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасида ахборот алмашинуви ЭРИни қўллаган ҳолда, фақат идоралараро электрон ҳамкорлик орқали амалга оширилади.


25. Талабгорлар давлат хизматлари марказига бевосита ўзлари ёки ишончли вакили орқали мурожаат этганда, уларнинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, талабгорлар идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан тасдиқлангандан сўнг реал вақт режимида, бироқ бир соатдан ошмаган вақт ичида, ЯИДХП орқали мурожаат қилганда эса - сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга электрон шаклда юборилади.


26. Талабгорларнинг тегишли малака сертификатини бериш тўғрисидаги сўровномасини кўриб чиқиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Талабгорлар давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, йиғим суммасининг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

қолган маблағлар - ваколатли органнинг бюджетдан ташқари жамғармасига;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

0,5 фоизи - ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - ваколатли органнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.

Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


27. Талабгорлар томонидан ушбу Регламентга асосан сўровномага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги, тегишли равишда расмийлаштирилмаган ва тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш учун белгиланган йиғимни тўланмаганлиги давлат хизматлари кўрсатилишини рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


28. Ваколатли орган талабгорларнинг сўровномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.


29. Талабгорларнинг сўровномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги аниқланса, ушбу ҳужжатлар талабгорларга камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.

Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар қайтарилишининг аниқ сабаблари кўрсатилган электрон шаклдаги хабарнома талабгорларга 28-бандда белгиланган муддат ичида юборилади.


30. Ҳужжатлари қайтарилган талабгорлар рад этиш учун сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг мазкур Регламентда белгиланган тартибда ваколатли органга етти иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Ваколатли орган томонидан белгиланган муддатда қайта мурожаат қилинганда, талабгорлардан қўшимча йиғим ундирилмайди.


31. Талабгорлар етти иш куни муддати ўтгандан кейин такроран мурожаат қилган тақдирда, сўровнома янгидан берилган деб ҳисобланади ва умумий асосларда кўриб чиқилади, йиғим суммаси эса қайтариб берилмайди.


32. Котиб томонидан аттестация ўтказиладиган кундан беш кун аввал аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхати шакллантирилиб, аттестация комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва бу тўғрисидаги маълумот ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Такроран мурожаат қилган ва аттестациядан ўтишга рухсат берилган бироқ, шакллантирилган рўйхатга киритилмаган талабгорлар навбатдаги ўтказиладиган аттестацияга киритилади.


33. Аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхати тасдиқланган куни котиб томонидан талабгор(лар)нинг аттестациядан ўтишга рухсат берилганлиги, аттестация ўтказиладиган сана, жойи ва вақт тўғрисида тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи мурожаат этганда) ёки талабгорга ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этганда) электрон шаклда хабарнома юборилади.

Давлат хизматлари маркази ваколатли органдан электрон шаклда хабарнома келиб тушган кунда уни талабгорларга улар сўровномада кўрсатган электрон манзил бўйича юборади. Давлат хизматлари маркази талабгорларнинг сўровига кўра хабарномани қоғоз шаклида бериши лозим.

Агар хабарнома ваколатли орган томонидан талабгорга ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилса, у автоматик равишда талабгорларнинг электрон кабинетида намоён бўлади.


34. Талабгорлар давлат хизматларидан фойдаланишдан уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгорлар давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, уларнинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади. Бунда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.



4-БОБ. АТТЕСТАЦИЯДАН (ҚАЙТА АТТЕСТАЦИЯДАН)

ЎТКАЗИШ ВА МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


35. Малака сертификатини бериш бўйича аттестациядан ваколатли орган томонидан ҳар ойнинг биринчи пайшанба кунида ўтказилади. Агар ушбу кун байрам кунига тўғри келса ёки техник сабабларга кўра ушбу кунда аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш имконияти бўлмаса, аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш шу ойнинг бошқа пайшанба куни ўтказилади.

Заруратга қараб, котиб аттестация комиссияси аъзолари билан келишган ҳолда, аттестациядан ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган санадан бошқа санада ўтказиши мумкин.


36. Котиб томонидан белгиланган аттестациядан ўтказиш кунида аттестациядан ўтувчилар рўйхатига киритилган талабгорлар белгиланган вақтда аттестациядан ўтказиладиган жойга етиб келишлари шарт.

Талабгорлар ўз ёнида паспорти, идентификацияловчи ID-картаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эга бўлиши лозим. Паспорти, идентификацияловчи ID-картаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эга бўлмаган ёки аттестацияга кечикиб келган талабгорлар келмаган деб ҳисобланади ва навбатдаги аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхатига киритилади.

Кетма-кет икки марта узрли сабабсиз аттестациядан ўтишга келмаган талабгорлар ваколатли орган томонидан аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхатидан чиқарилади ҳамда аттестация ўтказиш бўйича иш тугатилади.

Аттестация ўтказиш бўйича иш тугатилган кундан кейин бир иш куни мобайнида талабгорларга улар сўровномада кўрсатган электрон манзил бўйича хабарнома юборилади ва талабгорлар бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади. Бунда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган йиғим қайтарилмайди.

Ҳужжатларни қайтадан тақдим этиш умумий тартибда янгидан мурожаат этиш орқали амалга оширилади.

Талабгорлар узрли сабабларга кўра аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтишга кела олмаган тақдирда, улар навбатдаги аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхатига киритилади.


37. Ваколатли орган аттестациядан ўтказиш жараёнига техник хизмат кўрсатиш учун зарур дастурий-техник ускуналарга эга бўлган ташкилот билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузиш ҳуқуқига эга.

Аттестация натижалари юзасидан компьютер маълумотлар базасини сақлаш учун жавобгарлик аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилади.


38. I тоифали малака сертификатини олиш учун талабгорлар аттестациядан тест синови орқали икки босқичда ўтказилади.

Тест синови жами 90 та саволдан иборат бўлади.

Биринчи босқич талабгорларнинг қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишдаги умумий билим савияси ва кўникмасини аниқлашга қаратилган 60 та саволни ўз ичига олиб, уларга жавоб бериш учун талабгорларга 60 дақиқа берилади ва улар биринчи босқичда камида 45 та саволга тўғри жавоб беришлари лозим.

Иккинчи босқич талабгорларнинг бошқарув қобилияти ва маънавий дунёқарашини аниқлашга қаратилган 30 та махсус саволни ўз ичига олиб, уларга жавоб бериш учун талабгорларга 30 дақиқа берилади ва талабгорлар иккинчи босқичда камида 22 та саволга тўғри жавоб беришлари лозим.

II тоифали малака сертификатини олиш учун талабгорлардан фақат биринчи босқич тест синовини муваффақиятли топшириш талаб қилинади.

Тест синови талабгорларнинг танловига кўра давлат ёки рус тилларида компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Талабгорлар аттестациядан (қайта аттестациядан) компьютер воситаси орқали ўтказилади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.


39. Аттестация натижаларига кўра тест синовларини топшириб бўлган талабгорлар шу вақтнинг ўзида "аттестациядан ўтди" ёки "аттестациядан ўтмади" деб топилади.


40. Тест синови ўтказилаётган вақтда талабгорларнинг қуйидагиларни амалга ошириши тақиқланади:

маълумотнома, қўлланма ёки адабиётлардан фойдаланиш;

ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа техника воситаларидан, шу жумладан, уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш;

тест ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган талаблар бузилган тақдирда, талабгорлар аттестациядан четлаштирилади ва аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади.

Тест синови ўтказилаётган хонада бегона шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.


41. Аттестациядан ўтказиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида тест синови жараёнлари тўлиқ ва узлуксиз тарзда онлайн кузатиш имконияти яратилади ҳамда видеоёзувга (овозли) ёзиб олинади ва ушбу видеоматериаллар ваколатли органда камида бир йил сақланади.


42. Тест синови натижаларига асосан аттестация ўтказилган куни аттестациядан ўтган деб топилган шахсларга тегишли малака сертификатини бериш тўғрисида ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинади ва бу тўғридаги маълумот ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


43. Ваколатли орган малака сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилгандан кейинги икки иш куни мобайнида белгиланган тартибда QR-код қўйилган малака сертификатини расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИ билан тасдиқлаб, тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи мурожаат этганда) ёки талабгорларга ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этганда) электрон шаклда юборади.


44. Давлат хизматлари маркази ваколатли органдан малака сертификати электрон шаклда келиб тушгандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорларнинг электрон манзилига юборади ва уларни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари марказига талабгорлар ўзлари келиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг сўровига кўра малака сертификати электрон ёки қоғоз шаклда берилади.

Агар малака сертификати ваколатли орган томонидан талабгорларга ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилса, у автоматик равишда талабгорларнинг электрон кабинетида намоён бўлади.


45. Аттестациядан ўтмаган деб топилган талабгорлар умумий тартибда янгидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аттестациядан ўтмаган деб топилган талабгорларга Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган йиғим қайтарилмайди.



5-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА

АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТЛАРИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


46. Аттестация натижаларидан норози бўлган талабгорлар апелляция комиссиясига аттестациядан ўтмаган деб топилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ёзма шаклда шикоят бериши мумкин.


47. Апелляция комиссияси таркиби ваколатли орган раҳбари буйруғига мувофиқ беш кишидан иборат таркибда тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига ваколатли орган раҳбарининг ўринбосари (комиссия раиси), таркибий бўлинмалар мутахассислари, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ихтиёрий бирлашмаси вакиллари киритилади.

Апелляция комиссияси таркибига аттестация комиссияси таркибидан аъзо киритилмайди.


48. Апелляция комиссияси шикоят келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни мобайнида уни кўриб чиқиши ҳамда кўриб чиқиш натижаси бўйича талабгорларга апелляция комиссиясининг қарори апелляция комиссияси раиси томонидан имзоланган комиссия мажлиси баённомасидан кўчирма кўринишида юборилади.

Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидагилар ҳақида қарорлар қабул қилиши мумкин:

аттестациядан ўтмаган деб топилган талабгорларнинг аризасини қаноатлантиришни рад этиш;

аттестациядан ўтмаган деб топилган талабгорларнинг аризасини қаноатлантириш ва уларни "аттестациядан ўтди" деб топиш.


49. Апелляция комиссиясининг талабгорнинг аризасини қаноатлантириш ва уни "аттестациядан ўтди" деб топиш ҳақидаги қарорига асосан уларга тегишли малака сертификати берилади.


50. Апелляция комиссиясининг аттестациядан ўтмаган деб топилган талабгорларнинг аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори асослантирилган ҳолда қабул қилиниши лозим.

Талабгорлар апелляция комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, аттестация комиссияси қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли.



6-БОБ. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


51. Илгари берилган малака сертификатида кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгорлар малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун ўн иш куни ичида давлат хизматлари марказларига бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Регламентнинг 22 ва 23-бандларида назарда тутилган тартибда тегишли сўровномани тўлдиради.


52. Сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги ахборот тизимлари ёрдамида автоматик равишда текширилади.


53. Сўровномада хато маълумотлар кўрсатилган тақдирда, сўровнома автоматик равишда рад этилади ва бу ҳақда талабгорларга онлайн тарзда электрон шаклда жавоб қайтарилади.


54. Ваколатли орган талабгорларнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда малака сертификатини қайта расмийлаштиради ва ушбу Регламентнинг 43-бандида белгиланган тартибда уларга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


55. Ваколатли орган малака сертификатини қайта расмийлаштиришда реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади ва илгари берилган малака сертификати реестрдан чиқариб ташланади.


56. Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун талабгорлардан қайта аттестациядан ўтиш талаб қилинмайди.

Малака сертификати қайта расмийлаштирилганда унинг амал қилиш муддати амалдаги малака сертификатининг амал қилиш муддатига мувофиқ равишда амалда бўлади.


57. Малака сертификатини қайта расмийлаштиришда талабгорларнинг тегишли малака сертификатини бериш тўғрисидаги сўровномасини кўриб чиқиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


58. Малака сертификатининг эгаси малака сертификати қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган малака сертификати асосида амалга оширади. Бунда малака сертификати қайта расмийлаштирилган кундан бошлаб илгари берилган малака сертификати ўз кучини йўқотган деб ҳисобланилади.



7-БОБ. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


59. Ваколатли органнинг ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмалари ўз вақтида бажарилмаганда, малака сертификати бекор қилинади.


60. Малака сертификати қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

малака сертификатини олган жисмоний шахс малака сертификатини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

жисмоний шахснинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

ваколатли органнинг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

малака сертификати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда;

малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс томонидан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бир марта қўпол равишда бузилганда.

Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бир марта қўпол бузилиши ҳолатлари сифатида қуйидагилар эътироф этилади:

ваколатли органнинг қонуний кўрсатмалари ва қарорларини бажаришдан бўйин товлаш;

атайин нотўғри маълумотларни тарқатиш (тақдим этиш) йўли билан ваколатли орган ва инвесторларни чалғитиш;

қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ва (ёки) инсайдерлик ахборотидан фойдаланиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлиги учун белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатларда.


61. Малака сертификати ушбу Регламентнинг 60-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда ваколатли органнинг қарорига асосан бекор қилинади.

Ваколатли органнинг малака сертификатини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни мобайнида малака сертификати эгасига қабул қилинган қарор ҳақида ёзма шаклда ёки у сўровномада кўрсатган электрон манзил бўйича электрон шаклда хабарнома юборади ва малака сертификати эгасини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.


62. Малака сертификати ушбу Регламентнинг 60-банди тўртинчи - олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади.


63. Малака сертификати ушбу Регламентнинг 60-банди тўртинчи хатбошида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, малака сертификати берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.


64. Ваколатли органнинг малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарори бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


65. Ваколатли орган малака сертификатининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради ва аттестациядан ўтган шахсларнинг ягона давлат реестридаги қайдларига тегишли ўзгартиришларни киритади.



8-БОБ. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИНГ

РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


66. Ваколатли орган қимматли қоғозлар бозорида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга жисмоний шахсларнинг ягона давлат реестрини (кейинги ўринларда - реестр) юритади.

Реестр ваколатли орган томонидан электрон шаклда юритилади.

Реестрда малака сертификати берилган мутахассислар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

малака сертификати эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми;

малака сертификати эгасининг паспорти, идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари);

малака сертификати тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилишининг тугаш муддати, тоифаси;

малака сертификати амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш, уни бекор қилиш санаси ҳамда асослари;

Реестрга киритилган маълумотлар ҳамма танишиши учун очиқ маълумотлар сифатида ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


67. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


68. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий тузилмалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламентнинг талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ва мониторинг олиб боради.


69. Талабгорлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликка мувофиқ шикоят қилишлари мумкин.


70. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Маъмурий регламентга

1а-ИЛОВА



НАМУНА

Ягона интерактив

давлат хизматлари портали

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги



Ҳужжат берилган жисмоний шахс: Сўровнома рақами:


Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш учун

I ТОИФАЛИ МАЛАКА

СЕРТИФИКАТИ

га

(жисмоний шахснинг номи)


Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.


Малака сертификати берилган сана:


Малака сертификати рақами:


Ваколатли органнинг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарори санаси ва рақами:


Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари:


Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) маълумотлари:


Малака сертификатининг амал қилиш муддати 5 йил.





(Ваколатли орган мансабдор шахсининг Ф.И.О.)


Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низомга мувофиқ шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхаси ҳисобланади. Электрон ҳужжатнинг нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш учун repo.gov.uz веб-сайтига ўтинг ва электрон ҳужжатнинг ноёб рақамини киритинг ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилинг.

Диққат! Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарорига мувофиқ электрон ҳужжатлардаги маълумотлар қонуний ҳисобланади. Давлат органларига Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шакллантирилган электрон ҳужжатларнинг нусхаларини қабул қилишни рад этиши қатъиян тақиқланган.

Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код




Маъмурий регламентга

1б-ИЛОВА

НАМУНА

Ягона интерактив

давлат хизматлари портали

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги



Ҳужжат берилган жисмоний шахс: Сўровнома рақами:


Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш учун

II ТОИФАЛИ МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ

га

(жисмоний шахснинг номи)


Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш учун II тоифали малака берилди.


Малака сертификати берилган сана:


Малака сертификати рақами:


Ваколатли органнинг малакани бериш тўғрисидаги қарори санаси ва рақами:


Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари:


Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (паспорт, идентификацияловчи ID-картаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) маълумотлари:


Малака сертификатининг амал қилиш муддати: 5 йил





(Ваколатли орган мансабдор шахсининг Ф.И.О.)


Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низомга мувофиқ шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхаси ҳисобланади. Электрон ҳужжатнинг нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш учун repo.gov.uz веб-сайтига ўтинг ва электрон ҳужжатнинг ноёб рақамини киритинг ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилинг.

Диққат! Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарорига мувофиқ электрон ҳужжатлардаги маълумотлар қонуний ҳисобланади. Давлат органларига Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шакллантирилган электрон ҳужжатларнинг нусхаларини қабул қилишни рад этиши қатъиян тақиқланган.

Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА




Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни

амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар

кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш ҳуқуқини

берувчи малака сертификатини бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддати











1-босқич


Талабгор


1. Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентида назарда тутилган рўйхатга мувофиқ тегишли малака сертификатини олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.


1. Заруратга кўра



2. Талабгор тегишли малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун исталган давлат хизматлари марказларига бевосита ўзи келиб ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтиб, тегишли ҳужжатларни тақдим этиши лозим.


2. Талабгор хоҳишига кўра








2-босқич


Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП


Талабгор давлат хизматлари марказига бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, талабгорнинг имзоси билан тасдиқлангандан сўнг ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилганда - сўровнома талабгор томонидан мустақил равишда тўлдирилиб, ваколатли органга электрон шаклда юборилади.


Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинганда реал вақт режимида, бироқ бир соатдан ошмаган вақтда, ЯИДХП орқали эса сўровнома автоматик тарзда








3-босқич


Молия вазирлиги


1. Ваколатли орган томонидан талабгорнинг сўровномаси унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда келиб тушган кундан бошлаб кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.


1. Сўровнома ваколатли органга электрон шаклда келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида



2. Талабгорнинг сўровномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги аниқланса, ушбу ҳужжатлар талабгорга камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.


2. Қарор қабул қилинган санадан кейин икки иш куни ичида



3. Котиб томонидан аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхати шакллантирилиб, аттестация комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва бу тўғрисидаги маълумот ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


3. Аттестация ўтказиладиган кундан беш кун аввал



4. Аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхати тасдиқланган куни котиб томонидан талабгор(лар)нинг аттестациядан ўтишга рухсат берилганлиги, аттестациядан ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи мурожаат этганда) ёки талабгор ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этганда) электрон шаклда хабарнома юборилади.


4.Аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхати тасдиқланган кунда



5. Давлат хизматлари маркази ваколатли органдан келиб тушган электрон шаклдаги хабарномани талабгорга у сўровномада кўрсатган электрон манзил бўйича юборади ва талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.


5. Ваколатли органдан электрон шаклда хабарнома келиб тушган кунда



6. Агар хабарнома ваколатли орган томонидан талабгорга ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилса, у талабгорнинг шахсий кабинетида намоён бўлади.


6. Автоматик равишда








4-босқич


Молия вазирлиги


1. Ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан ваколатли органнинг мансабдор шахслари ва мутахассислари орасидан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда аттестация комиссияси тузилади.

Аттестация комиссияси ишининг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида бошқа давлат бошқаруви органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ихтиёрий бирлашмаси вакиллари аттестация комиссияси таркибига киритилиши мумкин.


1. Аттестация ўтказиладиган кундан камида уч иш куни олдин

Аттестация комиссияси

2. Аттестация комиссияси томонидан талабгорлар тест синовлари орқали қуйидаги тартибда аттестациядан ўтказилади:

а) I тоифали малака сертификатини олиш учун жами 90 саволдан иборат тест синови икки босқичда ўтказилади:

биринчи босқич талабгорларнинг қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишдаги умумий билим савияси ва кўникмасини аниқлашга қаратилган 60 та саволни ўз ичига олиб, уларга жавоб бериш учун талабгорларга 60 дақиқа берилади ва улар биринчи босқичда камида 45 та саволга тўғри жавоб беришлари лозим;

иккинчи босқич талабгорларнинг бошқарув қобилияти ва маънавий дунёқарашини аниқлашга қаратилган 30 та махсус саволни ўз ичига олиб, уларга жавоб бериш учун талабгорларга 30 дақиқа берилади ва талабгорлар иккинчи босқичда камида 22 та саволга тўғри жавоб беришлари лозим.

б) II тоифали малака сертификатини олиш учун талабгорлардан фақат биринчи босқич тест синовини муваффақиятли топшириш талаб қилинади.

Аттестация (қайта аттестация) компьютер воситаси орқали ўтказилади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.

2. Ҳар ойнинг биринчи пайшанба кунида








5-босқич


Талабгор


1. Аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш кунида аттестациядан ўтувчилар рўйхатига киритилган талабгор аттестациядан ўтиш учун кўрсатилган жойга етиб келади.


1. Аттестациядан ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган кунда


Аттестация комиссияси котиби


2. Кетма-кет икки марта сабабсиз аттестациядан ўтишга келмаган талабгор ваколатли орган томонидан аттестациядан ўтишга рухсат берилган шахслар рўйхатидан чиқарилади ва талабгорга у сўровномада кўрсатган электрон манзил бўйича хабарнома юборилади ва талабгор бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади.


2. Аттестация ўтказилган кундан сўнг бир иш куни мобайнида








6-босқич


Аттестация комиссияси котиби


1. Ваколатли орган малака сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилгандан кейин белгиланган тартибда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган малака сертификатини расмийлаштиради ва уни ўзи ЭРИ билан тасдиқлаб, тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи мурожаат этганда) ёки талабгорга ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этганда) электрон шаклда юборади.


1. Ваколатли орган малака сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейин икки иш куни мобайнида.


Давлат хизматлари маркази


2. Давлат хизматлари маркази ваколатли органдан малака сертификатини олгандан сўнг уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари марказиги талабгор ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, талабгорнинг сўровига кўра, унга малака сертификатини электрон ёки қоғозга чиқарилган шаклда муҳрини босиб, масъул ходимнинг имзосини қўйиб бериши мумкин.


2. Ваколатли органдан электрон шаклда хабарнома келиб тушган кунда




3. Агар хабарнома ваколатли орган томонидан талабгорга ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилса, у талабгорнинг шахсий кабинетида намоён бўлади.


3. Автоматик равишда




Маъмурий регламентга

3а-ИЛОВА

(сана)


(сон)


Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни

амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар

кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш ҳуқуқини

берувчи II тоифа малака сертификатини бериш

бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

Талабгор тўғрисидаги маълумотлар

1. Фамилияси, исми, отасининг исми


2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - уларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари); чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - уларнинг яшаш ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) ЖШШИР маълумотлари


3. Телефон рақами


4. Электрон почта манзили





Маъмурий регламентга

3б-ИЛОВА

(сана)


(сон)


Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни

амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар

кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш ҳуқуқини

берувчи II тоифа малака сертификатини аттестациядан

(қайта аттестациядан) ўтказмасдан бериш бўйича

давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

Талабгор тўғрисидаги маълумотлар

1. Фамилияси, исми, отасининг исми


2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - уларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари); чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - уларнинг яшаш ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) ЖШШИР маълумотлари.


3. CFA Institute (Chartered Financial Analyst) халқаро ташкилоти томонидан берилган молиявий таҳлил ва инвестициялар соҳасидаги халқаро сертификатнинг камида биринчи даражасига ёки ACI (The Financial Markets Association) халқаро ташкилоти томонидан берилган валюта ва пул бозорлари, хавфни (таваккалчиликни) бошқариш ва молиявий таҳлил соҳаларидаги сертификатга ёхуд ACCA (Association of Chartered Certified Accountants) халқаро ташкилотининг молия, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаларидаги ҳалқаро сертификатига ёхуд FRM (Financial Risk Manager) молиявий риск менежер сертификатининг камида амалий билимлар (Applied Knowledge) даражасига эга бўлган шахс бўлса, унда ушбу халқаро сертификат маълумотлари.


4. Олий маълумот тўғрисидаги имтиёзли диплом маълумотлари.


5. Телефон рақами


6. Электрон почта манзили





Маъмурий регламентга

3в-ИЛОВА

(сана)


(сон)

Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни

амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар

кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш ҳуқуқини

берувчи I тоифа малака сертификатини бериш бўйича

давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

Талабгор тўғрисидаги маълумотлар

1. Фамилияси, исми, отасининг исми


2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - уларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари); чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - уларнинг яшаш ёки фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати) ЖШШИР рақами маълумотлари.


3. Телефон рақами


4. Электрон почта манзили


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 июнь





































Время: 0.1926
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск