ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Гуманитар фанларга оид олий ўқув юртлари (санъат, чет тиллар ва б.) /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.06.2022 й. ПҚ-275-сон "Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
09.06.2022 й.
N ПҚ-275
ИСҲОҚХОН ИБРАТ НОМИДАГИ НАМАНГАН
ДАВЛАТ ЧЕТ ТИЛЛАРИ ИНСТИТУТИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Маърифатпарвар олим, шарқ ва ғарб тилларининг билимдони Исҳоқхон Ибратнинг ёрқин хотираси ҳамда номини абадийлаштириш, Наманган вилоятида хорижий тилларни мукаммал эгаллаган, чуқур билимга эга бўлган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:
1. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигининг Наманган шаҳрида Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки, Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида фаолият юритади.
2. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
халқаро баҳолаш дастурларидан (PISA, TALIS, PIRLS) фойдаланган ҳолда ўқитишнинг замонавий шакллари ҳамда методларини жорий этиш, ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;
ўз таълим дастурларини халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим муассасаларининг дастурлари асосида шакллантириш;
чет тилларини ўқитишнинг интерфаол воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида чет тилларини ўрганишни оммавийлаштиришга кўмаклашиш;
таълимни замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, ўқув жараёнига рақамли технологияларни татбиқ қилиш, талабаларда синхрон, бадиий, кетма-кет ҳамда илмий-техник таржима кўникмаларини шакллантириш;
чет тиллар бўйича маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар билан ҳамкорликда янги авлод ўқув адабиётларини яратиш, ахборот-ресурс марказларни замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш ҳамда уларни мунтазам янгилаб бориш;
Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;
таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни амалга ошириш.
3. Қуйидагилар:
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтида ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) Институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади;
б) Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;
в) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда:
чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
чет тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида касбий (ижодий) имтиҳонсиз максимал балл берилади;
г) Институтда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация бериш амалиёти йўлга қўйилади;
д) Институтнинг хорижий тилда мутахассислик фанларидан дарс берадиган С1 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларига уларнинг базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилади.
5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов):
а) 2022 йил 1 августга қадар Институтни танлов асосида амалий тажриба ва (ёки) илмий даражага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг хорижий тиллар ўқитувчилари С1 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлишини таъминласин;
в) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
Институтнинг ўқув жараёнига тил эгаси бўлган малакали хорижий мутахассислар жалб қилинишини ташкиллаштирсин. Бунда, хорижий мутахассисларнинг ойлик иш ҳақи Институт томонидан бозор конъюнктураси асосида белгиланади ҳамда Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тўланади;
Институтнинг мутахассислик фанлари (хорижий тилдан ташқари) ўқитувчиларининг B2 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлишини таъминласин;
г) Институт талабаларининг ўқув ва илмий амалиётларини хорижий давлатларда ташкил этишга кўмаклашсин.
6. Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги (С.Обидов) қуйидаги йўналишларда Институтга яқиндан кўмаклашсин:
хорижлик экспертларни жалб этган ҳолда Институтнинг профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари учун малака ошириш, жумладан, бадиий ва синхрон таржима қилиш кўникмаларини шакллантириш бўйича курсларни ташкил қилишда;
Институт профессор-ўқитувчиларида замонавий ўқитиш кўникмаларини шакллантиришда ва уларни чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонларга тайёрлашда;
Институтнинг бўш аудиторияларида хорижий тилларни ўқитиш курсларини ташкил этиш орқали талабаларга қўшимча даромад топишлари учун зарур шароит яратишда;
аҳоли ва таълим муассасалари учун чет тилларини ўрганишда кўмак берувчи контентларни шартнома асосида яратишда.
7. Институт Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабининг (кейинги ўринларда - Ижод мактаби) таълим ҳамкори этиб белгилансин.
Институт зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:
2023 йил 1 январга қадар Институтда Ижод мактаби ўқувчилари учун "Таржимонлар клуби"ни ташкил этиш;
Институтнинг профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабаларини Ижод мактабининг таълим жараёнига кенг жалб қилиш;
Ижод мактаби учун малакали ва чет тилларни мукаммал эгаллаган кадрларни тайёрлаш;
Ижод мактаби ўқитувчиларини Институтга стажировка ўташга жалб қилиш;
Ижод мактаби ўқув жараёнига чет тиллари бўйича замонавий таълим технологиялари, илғор ва инновацион тажрибаларни жорий этиш;
Ижод мактабини чет тилларидаги ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда электрон ўқув ресурслари билан таъминлаш.
8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, "Янгиобод" МФЙ, Саодат кўчаси, 28-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш;
Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Тўрақўрғон кўчаси, 22-уй манзилида жойлашган Наманган давлат университети тизимидаги "Исҳоқхон Ибрат - Қатағон қурбонлари хотираси" музейини Институт тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
9. Наманган вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдуразаков):
2023 йил 1 январга қадар Институтга 1 000 ўринли янги ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан зарур ер участкаси ажратилишини таъминласин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) билан биргаликда Институт талабаларининг амалиётини ҳудуддаги корхоналар, туризм ва маданий мерос объектлари, таълим ва бошқа ташкилотларда ўтказиш ҳамда юқори курс талабаларини иш ҳақи тўланадиган тизим орқали банд қилиш чораларини кўрсин;
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Институтнинг ахборот-ресурс базасини хорижий ўқув, бадиий ва илмий адабиётлар билан бойитиб боришга кўмаклашсин;
олис ҳудудлардан ва хорижий мамлакатлардан келиб дарс берадиган профессор-ўқитувчиларни иш даври давомида уй-жой билан таъминлаш мақсадида Институтга яқин ҳудудда жойлашган кўп қаватли уй-жойлардан хизмат уйларини Институтга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин.
10. Институтга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бошқа ҳудудлардан жалб этилган профессор-ўқитувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, уй-жой ижараси учун тўловни компенсация қилишга рухсат этилсин.
11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан:
Институтнинг Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ажратиладиган ер майдонида 1 000 ўринли ўқув биносини қуриш ва жиҳозлаш;
Институтга берилаётган Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, "Янгиобод" МФЙ, Саодат кўчаси, 28-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2025 йил 1 январга қадар Институтнинг 400 ўринли талабалар турар жойини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини таъминласин.
12. Белгилаб қўйилсинки:
Институт фаолияти Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро грантлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Институтнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйишда унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш, интернет тармоғига улаш) ишлари Наманган вилоятининг маҳаллий бюджети ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушда амалга оширилади;
мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2023 йилдан бошлаб - Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
13. Инновацион ривожланиш вазирлиги филология фанлари тармоғининг тегишли ихтисосликлари бўйича юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, 2023 йилдан бошлаб Институтга докторантура бўйича қабул квоталари ажратилишини таъминласин.
14. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Наманган вилояти ҳокими Ш.Ш. Абдуразаков белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2022 йил 9 июндаги
ПҚ-275-сон қарорига
1-ИЛОВА
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат
чет тиллари институти фаолиятини ташкил
этиш бўйича чора-тадбирлар
ДАСТУРИ
Президентининг
2022 йил 9 июндаги
ПҚ-275-сон қарорига
2-ИЛОВА
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат
чет тиллари институтини 2026 йилга қадар
ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари
Т/р |
Устувор вазифа |
Мақсадли кўрсаткич |
Йиллар кесимида |
Ўсиш кўрсаткичи (2023 йилга нисбатан) |
|||
2023 йил |
2024 йил |
2025 йил |
2026 йил |
||||
1. |
Хорижий тиллар бўйича миллий ёки унга мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга талабалар улушини ошириш |
Жами талабалар сонига нисбатан, фоизда |
30 |
45 |
60 |
100 |
3,3 баравар |
2. |
Юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш |
Илмий салоҳият, фоизда |
24 |
32 |
43 |
57 |
2,4 баравар |
3. |
Ҳимоя қилинадиган фалсафа доктори диссертациялари (PhD) сони |
6 |
13 |
19 |
22 |
3,7 баравар |
|
4. |
Ҳимоя қилинадиган фан доктори диссертациялари (DSc) сони |
2 |
4 |
6 |
8 |
4 баравар |
|
5. |
Фалсафа доктори илмий даражасини олишга талабгор докторантлар (PhD) сони |
10 |
12 |
16 |
22 |
2,1 баравар |
|
6. |
Фан доктори илмий даражасини олишга талабгор докторантлар (DSc) сони |
2 |
4 |
6 |
6 |
3 баравар |
|
7. |
Мустақил изланувчилар сони |
6 |
14 |
19 |
24 |
4 баравар |
|
8. |
Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-услубий фаолияти натижадорлигини ошириш |
Дарсликлар сони |
2 |
5 |
8 |
10 |
5 баравар |
9. |
Ўқув қўлланмалар сони |
4 |
8 |
15 |
20 |
5 баравар |
|
10. |
Монографиялар сони |
4 |
6 |
8 |
10 |
2,5 баравар |
|
11. |
Scopus, Web of Science маълумотлар базасига киритилган мақолалар сони |
16 |
40 |
70 |
100 |
6,3 баравар |
|
12. |
Республика журналларида эълон қилинган илмий мақолалар сони |
30 |
70 |
100 |
120 |
4 баравар |
|
13. |
Scopus, Web of Science маълумотлар базасига киритилган ҳар бир мақолага тўғри келувчи иқтибослар сони |
0,5 |
1,0 |
1,5 |
2,0 |
4 баравар |
|
14. |
Илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини амалиётга татбиқ этишдан олинган маблағлар (млрд сўм ҳисобида) |
Хорижий илмий-тадқиқот марказлари ва илмий фондлардан олинган маблағлар |
0,1 |
0,3 |
0,8 |
1 |
10 баравар |
15. |
Давлат грантлари асосида ўтказилган илмийтадқиқотлардан олинган маблағлар |
0,1 |
0,2 |
0,3 |
0,5 |
5 баравар |
|
16. |
Халқаро илмий-техник ҳамкорликни кенгайтириш |
Жаҳоннинг етакчи университетлари ва илмий марказларига хизмат сафарларига юбориладиган Институт профессор-ўқитувчилари сони |
8 |
10 |
15 |
20 |
2,5 баравар |
17. |
Институтга камида бир ой муддатга ташриф буюрадиган хорижий олимлар сони |
2 |
2 |
4 |
8 |
4 баравар |
|
18. |
Институтда таҳсил оладиган хорижий талабалар сони |
5 |
10 |
30 |
50 |
10 баравар |
|
19. |
Академик алмашинув дастурларида иштирок этувчи талабалар сони |
10 |
30 |
50 |
80 |
8 баравар |
|
20. |
Институт профессор- ўқитувчиларининг хорижий олимлар билан ҳаммуаллифликда чоп этган мақолалари сони |
5 |
10 |
15 |
20 |
4 баравар |
Президентининг
2022 йил 9 июндаги
ПҚ-275-сон қарорига
3-ИЛОВА
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари
институтида ташкил этиладиган бакалавриат таълим
йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари
РЎЙХАТИ
Т/р |
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари |
Бакалавриат таълим йўналиши |
|
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган |
|
1. |
Хорижий тил ва адабиёт: инглиз тили |
2. |
Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил: инглиз тили |
3. |
Ўзга тилли гуруҳларда рус тили |
4. |
Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили |
5. |
Филология ва тилларни ўқитиш: француз тили |
6. |
Филология ва тилларни ўқитиш: немис тили |
7. |
Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили |
8. |
Таржима назарияси ва амалиёти: инглиз тили |
9. |
Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти: инглиз тили |
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган
|
|
10. |
Таржима назарияси ва амалиёти: немис тили |
11. |
Филология ва тилларни ўқитиш: форс тили |
12. |
Филология ва тилларни ўқитиш: корейс тили |
13. |
Филология ва тилларни ўқитиш: хитой тили |
14. |
Филология ва тилларни ўқитиш: япон тили |
Магистратура мутахассисликлари |
|
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган
|
|
15. |
Хорижий тил ва адабиёт: инглиз тили |
16. |
Она тили ва адабиёти: рус тили ва адабиёти |
17. |
Адабиётшунослик: инглиз адабиёти |
18. |
Лингвистика: инглиз тили |
19. |
Лингвистика: француз тили |
20. |
Лингвистика: немис тили |
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган
|
|
21. |
Синхрон таржима (тиллар бўйича) |
22. |
Бадиий таржима (тиллар бўйича) |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 10 июнь