ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2022 й. ЎРҚ-778-сон "Қўриқлаш фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 01.02.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.04.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.06.2022 й.

N ЎРҚ-778



ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 1 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 28 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади қўриқлаш фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги

қонунчилик


Қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик - Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг шартнома асосида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини қўриқлаш учун тузиладиган таркибий бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолиятининг тури;


идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш - Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини шартнома асосида қўриқлаш бўйича махсус вазифаларни бажариш учун тузиладиган, хизмат фаолияти қоровуллик хизматини ташкил этиш ва ўташ тартиби талабларига мувофиқ ташкил этиладиган таркибий бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолиятининг тури;


идоравий қоровуллик - давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, тадбиркорлик субъектларининг ўз объектларини қўриқлаш учун юридик шахс ташкил этмасдан тузиладиган таркибий бўлинмаси томонидан ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган алоҳида ходими томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолиятининг тури;


идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш - давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг ўз объектларини қўриқлаш бўйича махсус вазифаларни бажариш учун юридик шахс ташкил этмасдан тузиладиган, хизмат фаолияти қоровуллик хизматини ташкил этиш ва ўташ тартиби талабларига мувофиқ ташкил этиладиган таркибий бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолиятининг тури;


идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчиси ва хизматчиси - идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг қўриқлаш фаолиятини бошқариш, назорат қилиш ва амалга ошириш вазифалари ўз зиммасига юклатилган ишчиси ва хизматчиси;


назорат-ўтказиш режими - қўриқланадиган объектларга (қўриқланадиган объектлардан) шахсларнинг киришини (чиқишини), транспорт воситаларининг кириб келишини (чиқиб кетишини), мол-мулк олиб кирилишини (олиб чиқилишини), ташиб кирилишини (ташиб чиқилишини) назорат қилиш тартибини таъминловчи қоидалар мажмуи;


объектнинг ички режими - қўриқланадиган объектда белгиланган ички тартиб қоидаларига ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминловчи тадбирлар мажмуи;


қўриқланадиган объект - белгиланган тартибда қўриқлашга олинган жисмоний ва юридик шахсларнинг бинолари, иморатлари, иншоотлари, уларнинг ҳудудлари, жойнинг участкалари, транспорт воситалари, транспортда ташиладиган юклари, пул маблағлари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулки, шунингдек жисмоний шахс;


қўриқлашнинг муҳандислик воситалари - қўриқланадиган объектларни тажовузлардан механик жиҳатдан ҳимоя қилиш учун қўлланиладиган қурилмалар ва иншоотлар;


қўриқлашнинг техник воситалари - қўриқланадиган объектларни тажовузлардан ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган, мустақил вазифаларни бажарадиган, конструктив жиҳатдан якунланган қурилмалар;


қўриқлаш фаолияти - қўриқланадиган объектларни ҳимоя қилиш, шунингдек юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларида назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларини таъминлаш бўйича фаолият.



4-модда. Қўриқлаш фаолиятининг

асосий вазифалари


Қўриқлаш фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

жисмоний шахсларнинг ҳаётини ва соғлиғини тажовузлардан ҳимоя қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш;

қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш;

юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларида назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларини таъминлаш.



5-модда. Қўриқлаш фаолиятининг

асосий принциплари


Қўриқлаш фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

қўриқланадиган объектнинг дахлсизлиги;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.



6-модда. Ўта муҳим ва тоифаланган объектларни,

шунингдек махсус юкларни қўриқлаш


Ўта муҳим ва тоифаланган объектлар рўйхати, мазкур объектларни қўриқлаш турлари, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлашга доир талаблар, шунингдек махсус юкларни транспортда ташиш жараёнида уларни қўриқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқланиши лозим бўлган объектлар рўйхатини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажариш учун рухсатнома бериш тартибини белгилайди;

қўриқлашнинг техник воситаларини монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар (бундан буён матнда қўриқлаш-техник хизматлар деб юритилади) кўрсатиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабардор қилиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқлаш-техник хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият устидан назоратни амалга ошириш тартибини белгилайди, бундан якка тартибда фойдаланиладиган қўриқлашнинг техник воситалари (автотранспорт воситаларини олиб қочишга қарши қўриқлашнинг техник воситалари ва бошқалар) устидан назорат қилиш мустасно;

хизмат қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлашни, идоравий қоровулликни ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг рўйхатини, шунингдек идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг касбий тайёргарлигини амалга ошириш тартибини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари томонидан шахсий кўрикдан ўтказишни, ашёларни, қўл юкини, багажни, транспорт воситаларини кўздан кечиришни амалга ошириш қоидаларини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхатини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари томонидан қўлланиладиган хизмат қуролининг ҳамда унинг ўқ-дориларининг турлари, хиллари, моделларини, таъминот нормаларини, шунингдек идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчиларига ва хизматчиларига фойдаланиш учун рухсат этилган махсус воситалар рўйхатини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб хавфли юкларни ташиш жараёнида уларни қўриқлаш қоидаларини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларида хизмат қуролининг ва унинг ўқ-дориларининг муомалада бўлиши тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан кўрсатиладиган қўриқлаш хизматлари учун тарифларни тасдиқлайди;

давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ҳамда бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шунингдек хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарини қўриқлашни амалга оширади;

қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсат юритилишини, улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни, шунингдек қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг миқёсда жорий этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчилари ва хизматчиларининг формали кийим-боши ва фарқловчи белгилари намуналарини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқлаш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномаларнинг намунавий шаклини тасдиқлайди;

саф бўлинмалари, идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари томонидан қўриқлашнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда қўриқлаш хизматларини, шунингдек қўриқлаш-техник хизматларни кўрсатади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармасига қўриқлаш учун топширилган объектларни қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлаш талабларини, тартибини ҳамда шартларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлаш-техник хизматлар кўрсатиш бўйича ишларни бажариш учун рухсатномалар беради;

қўриқлаш-техник хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабардор қилиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлайди, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади ва уларга чек қўяди;

ўзгалар мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятларнинг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини амалга оширади;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари томонидан қўлланилишига рухсат этилган махсус воситаларни олиш, транспортда ташиш, сақлаш, ҳисобга олиш, таъмирлаш ва йўқ қилиш қоидаларини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг хизмат-жанговар, ижтимоий-ҳуқуқий, ахлоқий-руҳий ҳамда жисмоний тайёргарлигини амалга ошириш тартибини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари нарядлари томонидан хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги тавсияларни ишлаб чиқади;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг бошланғич тайёргарлигини ҳамда уларнинг малакаси оширилишини шартнома асосида таъминлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг фаолияти ташкил этилишини назорат қилади, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ушбу бўлинмалар томонидан қўриқланадиган объектларида қўриқланиш, назорат-ўтказиш режими, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозланганлик ҳолатини текширади (икки йилда бир марта);

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари шахсий таркибининг энг кўп сонини белгилайди;

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

қўриқлаш фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ СУБЪЕКТЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга

оширувчи субъектлар


Қуйидагилар қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга:

давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари;

идоравий қоровуллик бўлинмалари.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолиятини чет давлатларнинг жисмоний шахслари ва ташкилотлари, шу жумладан хусусий ташкилотлари томонидан амалга оширишга йўл қўйилмайди, бундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қисқа муддатли ташриф билан келган олий даражали меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ҳоллари мустасно.



10-модда. Давлат органларининг қўриқлаш

бўлинмалари


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларнинг тегишли бўлинмалари давлат органларининг қўриқлаш бўлинмаларидир.

Давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари жамоат тартибини сақлаш ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун белгиланган тартибда жалб қилиниши мумкин.



11-модда. Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш

бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган

ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари


Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари нарядлари томонидан хизматнинг ўталишини ташкил этиш ва хизматнинг ўталиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Гарнизон ва қоровуллик хизматлари устави асосида ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан келишилган, ўз тасарруфида идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар тасдиқлаган қоидаларга мувофиқ белгиланади.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан келишувга кўра ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган, тегишли фарқловчи белгилари бўлган формали кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқига эга.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ишчиларига ва хизматчиларига белгиланган тартибда хизмат гувоҳномалари берилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари қонунчиликда идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ишчилари ҳамда хизматчилари учун белгиланган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.



12-модда. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ва

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган

қоровуллик бўлинмалари


Идоравий қоровуллик бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг хизматни ўташи тартиби давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва бошқа ташкилотларнинг идоравий ҳужжатларида белгиланади.

Идоравий қоровуллик бўлинмалари нарядларининг иш вақти ва сменаси давомийлиги Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ белгиланади.

Идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари тегишли идоралар томонидан белгиланган тартибда жорий этилган махсус формали кийим-бошга, фарқловчи белгиларга эга бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари қонунчиликда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ҳамда хизматчилари учун белгиланган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.



13-модда. Қўриқлаш фаолиятини шартнома асосида

амалга оширувчи субъектлар


Қуйидагилар шартнома асосида қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси - Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқланиши лозим бўлган объектларда, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан мажбурий қўриқланиши лозим бўлган ўта муҳим ва тоифаланган объектларда, шунингдек транспортда ташиладиган махсус юкларни қўриқлаш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги - қонунчиликда белгиланадиган транспортда ташиладиган юкларни ва бошқа объектларни қўриқлаш бўйича.



14-модда. Қўриқлаш фаолиятини шартнома тузмасдан

амалга оширувчи субъектлар


Қуйидагилар қўриқлаш фаолиятини қонунчиликда берилган ваколатлар доирасида шартнома тузмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга:

давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари;

идоравий қоровуллик бўлинмалари.



15-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга

оширувчи субъектларнинг ҳуқуқлари


Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қўриқлаш фаолиятини амалга оширишда фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш;

қўриқланадиган объект ҳудудида жисмоний ва юридик шахслардан қонунчиликка риоя этишни, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, бундан қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган ҳоллар мустасно;

радиоалоқани амалга ошириш учун радиочастотадан (радиотўлқиндан) белгиланган тартибда фойдаланиш;

буюртмачидан қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни олиш;

қўриқланадиган объектни кўздан кечириш.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



16-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектларнинг мажбуриятлари


Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар қўриқланадиган объектлардаги хизматни ташкил этиш ва ўташ чоғида:

қўриқланадиган объектларнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаши;

қўриқланадиган объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини издан чиқаришга қаратилган қонунга хилоф ҳаракатларнинг олдини олиши ва ташиладиган юкларнинг бут сақланишини таъминлаши;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этиши;

қўриқланадиган объектга қонунга хилоф равишда кирган шахсларни қидириш ва ушлашда иштирок этиши;

назорат-ўтказиш режимини ташкил этиши ва қўриқланадиган объект ҳудудида объектнинг ички режимига риоя этилишини назорат қилиши;

қўриқлаш фаолиятига замонавий техник воситалар ва тизимларни жорий этиши ҳамда улардан самарали фойдаланиши;

қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши ва уларга чек қўйиши;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор қилмаслиги шарт.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



17-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектларнинг жавобгарлиги


Қўриқлаш хизматларини кўрсатишга доир шартномага мувофиқ қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида қўриқланадиган объектга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт.

Зарарнинг ўрнини қоплаш миқдори ва шартлари қўриқлаш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги икки томонлама шартномада белгиланади.

Қўриқлаш фаолиятини шартнома тузмасдан амалга оширувчи субъектларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида қўриқланадиган объектга зарар етказилган тақдирда жавобгарлик қонунчиликка мувофиқ белгиланади.



4-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ

СУБЪЕКТЛАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ,

ХОДИМЛАРИНИНГ, ИШЧИЛАРИ ҲАМДА

ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


18-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг,

ишчилари ва хизматчиларининг ҳуқуқлари


Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари хизматни ўтаётганда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

жисмоний ва юридик шахслардан белгиланган назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларига, шунингдек жамоат тартибига риоя этилишини талаб қилиш;

қўриқланадиган объект ҳудудидан мол-мулкни қонунга хилоф равишда олиб чиқишга ёки қўриқланадиган объектга тақиқланган предметларни олиб киришга уриниш чоғида шахсларни ушлаш;

қўриқланадиган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шароитларини, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари ҳолатини ҳамда созлигини текшириш, аниқланган қоидабузарликларнинг, камчиликларнинг бартараф этилишини талаб қилиш;

қўриқланадиган объектга қонунга хилоф равишда кирган ёки қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг шахсини аниқлаш, уларни ушлаш ҳамда қўриқлаш хизмати хонасига етказиш (бундай ваколатлари мавжуд бўлмаганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини чақириш);

муомалада бўлиши чекланган моддалар, шу жумладан объектга олиб кириш (ундан олиб чиқиш) учун тақиқланган предметлар рўйхатига қўриқланадиган объект маъмурияти томонидан киритилган моддалар бор деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўздан кечириш ҳамда уларни олиб юриш ва сақлаш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда мазкур предметлар, воситалар ва моддаларни олиб қўйиш, шунингдек транспорт воситаларини кўздан кечириш, уларда ташилаётган юкларнинг илова қилинадиган ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш;

қўриқланадиган объектдаги, патруллик йўналишидаги ҳодисани, содир этилган ҳуқуқбузарликни белгиланган тартибда расмийлаштириш, жиноят изларини сақлаш мақсадида фуқаролардан ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;

қонунчиликда назарда тутилган тартибда хизмат қуролини ҳамда махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек жисмоний куч ишлатиш.

Қўриқлаш бўлинмаларининг хизматни ноқулай меҳнат шароитларига эга бўлган объектларда ўтайдиган ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари ушбу объектларнинг ходимлари учун назарда тутилган меҳнат соҳасидаги қўшимча кафолатлардан фойдаланади. Меҳнат соҳасидаги қўшимча кафолатлар қўриқлаш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада акс эттирилади.



19-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг,

ишчилари ва хизматчиларининг мажбуриятлари


Қўриқлаш бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари қўриқлаш тури, шакллари, усулларидан қатъи назар, хизматни ўташ вақтида:

қўриқланадиган объектларни ҳимоя қилиши, белгиланган тартибга ва қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши, қўриқланадиган объектни кузатиб боришни амалга ошириши;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини, шунингдек юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўриши;

хизматни ўташ жойларида жамоат тартибини сақлаши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши ва уларга чек қўйиши;

қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарликларнинг ва ҳодисаларнинг излари сақланишини таъминлаши;

ҳодиса жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилган шахсларга биринчи ёрдам кўрсатиши ёки шундай ёрдам кўрсатилишини ташкил этиши;

қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни амалга ошириши;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни ҳал этишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши;

қўриқланадиган объектлардаги табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этиши;

қўриқланадиган объектда назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларига риоя этилишини қўриқланадиган объект маъмурияти томонидан қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан келишувга кўра тасдиқланган қоидаларга мувофиқ таъминлаши;

ўзига ишониб топширилган хизмат қуролининг ва унинг ўқ-дориларининг, махсус ва техник воситаларнинг, шахсий ҳимоя воситаларининг ҳамда мол-мулкнинг хавфсиз ва лозим даражада сақланишини таъминлаши;

белгиланган тартибда махсус формали кийим-бошини кийиши ва фарқловчи белгиларини тақиб юриши;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш чоғида ўзларига маълум бўлиб қолган хизматга доир ахборотнинг ва бошқа ахборотнинг махфийлигини таъминлаши шарт.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг, ишчилари ва хизматчиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



5-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРИГА, ХОДИМЛАРИГА,

ИШЧИЛАРИ ВА ХИЗМАТЧИЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


20-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектларнинг ҳарбий хизматчилари, ходимлари,

ишчилари ва хизматчилари лавозимларига

номзодларга қўйиладиган талаблар


Қуйидаги шахслар қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи бўлинмаларга ишга (хизматга) қабул қилинмайди:

қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

жиноий жазони ўтаётган шахслар;

мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун бир йил ичида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар;

руҳий касалликлари бўлган, наркологик касалликларга чалинган, шунингдек соғлиғининг ҳолатига нисбатан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган шахслар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлмаган шахслар;

чет эл фуқаролари бўлган шахслар.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи бўлинмаларга ишга (хизматга) кириш учун номзодларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ қўшимча талаблар қўйилиши мумкин.



21-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектларнинг ҳарбий хизматчиларини, ходимларини,

ишчилари ва хизматчиларини тайёрлаш, қайта

тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш


Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари қуйидаги тартибда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш ўқув курсларида ўқувдан ўтади:

давлат органлари қўриқлаш бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари - тегишли органлар томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида;

хизмат қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари - шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг таълим муассасаларида ҳамда рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа таълим ташкилотларида;

хизмат қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари - мустақил равишда ўз бўлинмаларида, шунингдек ихтиёрий тартибда - шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таълим муассасаларининг ўқув курсларида.



22-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг,

ишчилари ва хизматчиларининг касбий, жисмоний ва

жанговар тайёргарлиги


Давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг, ишчилари ва хизматчиларининг касбий, жисмоний ҳамда жанговар тайёргарлигини ташкил этиш тартиби улар қайси органнинг тасарруфида бўлса, ўша орган томонидан белгиланади.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари махсус ўқув дастурлари бўйича махсус тайёргарликдан (хизмат тайёргарлигидан, жисмоний, жанговар тайёргарликдан) ўтади. Махсус тайёргарлик (хизмат тайёргарлиги, жисмоний, жанговар тайёргарлик) бўйича машғулотлар ўтказиладиган вақт иш вақтига киритилади.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари бир йилда бир марта мажбурий тиббий кўрикдан ўтади, бундан қонунчиликда давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари ходимлари учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтишнинг бошқача муддати белгиланган ҳоллар мустасно.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг махсус тайёргарлик (хизмат тайёргарлиги, жисмоний, жанговар тайёргарлик) бўйича ўқув дастурлари фанларини ўзлаштирмаган ҳарбий хизматчиларига, ходимларига, ишчилари ва хизматчиларига қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш тақиқланади.



6-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРИ, ХОДИМЛАРИ, ИШЧИЛАРИ

ВА ХИЗМАТЧИЛАРИ ТОМОНИДАН ЖИСМОНИЙ

КУЧ ИШЛАТИШ, МАХСУС ВОСИТАЛАРНИ

ВА ХИЗМАТ ҚУРОЛИНИ ҚЎЛЛАШ


23-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни

ва хизмат қуролини қўллаш шартлари


Давлат органлари қўриқлаш бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хизмат қуролини ҳамда махсус воситаларни олиб юриш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш ҳуқуқига эга.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллаш билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш учун даврий текширувлардан ўтиши керак. Махсус тайёргарликдан ўтган ишчилар ва хизматчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш учун текширувдан ўтмаган ишчилари ва хизматчилари жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа лавозимга меҳнат шартномасига мувофиқ ўтказилади ёки улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Жисмоний куч ишлатишдан, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллашдан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан бундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчисининг ва хизматчисининг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун бевосита хавф туғдирадиган ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситаларнинг ёки хизмат қуролининг қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки хизмат қуролини қўллаш учун мазкур моддада, ушбу Қонуннинг 25 ва 26-моддаларида назарда тутилган асослар юзага келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки хизмат қуролини қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши ҳамда энг қисқа муддатларда тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши керак.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ҳамда хизмат қуроли қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида бевосита бошлиғига дарҳол хабар бериши шарт.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъект жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек хизмат қуроли қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида прокурорга ва ички ишлар органларига дарҳол хабар беради.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчилари ва хизматчиларининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки хизмат қуролини қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки хизмат қуролини қўллаш қонунчиликда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари бундай жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки хизмат қуролини қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у вафот этса, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.



24-модда. Жисмоний куч ишлатиш


Агар куч ишлатилмайдиган усуллар идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, улар қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

қўриқланадиган объектга тажовузларнинг олдини олишда ва унинг ҳудудидаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишда;

қўриқланадиган ҳудудда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни ушлаб туришда ва уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширишда;

қўриқлаш бўлинмасининг ҳарбий хизматчиси, ходими, ишчиси ва хизматчисининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этишда.

Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари ушбу Қонунда махсус воситалар ёки хизмат қуроли қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъект ҳарбий хизматчисининг, ходимининг, ишчиси ва хизматчисининг ҳаётига ҳамда соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилинганлиги ҳоллари мустасно.



25-модда. Махсус воситаларни қўллаш


Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

қўриқланадиган объектга қилинган ҳужумни қайтаришда;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчисига ва хизматчисига ёки қўриқланадиган объект ҳудудидаги фуқарога қилинган ҳужумни қайтаришда;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчисига ва хизматчисига кўрсатилаётган қаршиликка барҳам беришда;

қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарлик содир этиш чоғида кўриб қолинган шахсни ушлашда, агар ушбу шахс қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлса;

ушлаб турилган шахсларни олиб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;

қўриқланадиган объектда ҳайдовчиси қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектнинг ҳарбий хизматчиси, ходими, ишчиси ва хизматчиси талабларини бажармаган транспорт воситасини тўхтатиш зарур бўлганда.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

резина таёқларни - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

қўлкишанларни ёки бошқа боғлаш воситаларини - ушбу модда биринчи қисмининг учинчи - олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

хизмат (қўриқчи) итларини - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситаларини - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари ушбу Қонунда хизмат қуролини ишлатишга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Махсус воситалар, агар идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан огоҳлантирувчи ҳаракатларнинг бошқа барча шаклларидан фойдаланилса ва улар кутилган натижаларни бермаса, қўлланилади.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга ҳамда ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг ҳаётига ҳамда соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади, бундан одам қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг ҳаётига ҳамда соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.



26-модда. Хизмат қуролини қўллаш


Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари қуйидаги ҳолларда хизмат қуролини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

қўриқланадиган шахсни ва қўриқланадиган объектда бўлган бошқа фуқароларни ҳужумдан ҳимоя қилишда, агар ҳужум ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қилинган бўлса;

қўриқланадиган объектларга қуролли ҳужумни ёки гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни қайтаришда;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳужумни қайтаришда, шунингдек хизмат қуролини эгаллаб олишга бўлган уринишларнинг олдини олишда;

ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва қўриқланадиган объект ҳудудидан яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ўзидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

агар ҳайдовчи қўриқланадиган объект ишчилари ва хизматчиларининг, қўриқланадиган шахснинг ҳаётига ҳамда соғлиғига ҳақиқий хавф туғдирса ва идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиси ва хизматчисининг қонуний талабларига қарамасдан тўхташни рад этса, ушбу транспорт воситасини унга шикаст етказиш йўли билан тўхтатишда;

инсоннинг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантиришда;

хизмат қуролини қўллаш нияти тўғрисида огоҳлантириш сифатида ўқ отишда, юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигналини беришда ёки ёрдамга чақиришда.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчиси ва хизматчиси хизмат қуролини қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан уларнинг ўз ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан хизмат қуролини қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиси ва хизматчисининг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Агар хизмат қуроли қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас, бундан террорчилик ҳаракатининг олдини олиш, гаровдагиларни озод қилиш, қуролли ҳужумни қайтариш ҳоллари мустасно.



27-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи

субъектлар томонидан хизмат (қўриқчи)

итларидан фойдаланилиши


Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун хизмат (қўриқчи) итларидан фойдаланиши мумкин. Хизмат (қўриқчи) итлари хизматда фойдаланишга яроқли деб топилган бўлиши ва уларнинг ветеринар паспорти бўлиши керак.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари қўриқланадиган ҳудудни хизмат (қўриқчи) ити билан айланиб чиқиши вақтида хизмат (қўриқчи) ити тасмада ва тумшуқбоғда бўлиши керак. Жамоат жойларида ва одамлар гавжум бўлган жойларда махсус тайёргарликдан ўтказилмаган хизмат (қўриқчи) итларидан фойдаланиш тақиқланади.

Одамлар бўлмаган вақтда ёпиқ ҳудудда хизмат (қўриқчи) итларидан қўриқлаш бўлинмаси ходимининг назорати остида тасмасиз фойдаланишга рухсат берилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28-модда. Қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



29-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини

таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



30-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга

мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 16 июнь


"Халқ сўзи", 2022 йил 16 июнь











































Время: 0.1872
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск