ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 2022 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 16.06.2022 й. ЎРҚ-779-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 11.06.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 13.06.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.06.2022 й.

N ЎРҚ-779



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 11 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 13 июнда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги 417-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августда қабул қилинган 265-II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 9-10, 176-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; 2019 йил, N 9, 588-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 3, 216-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 1-модданинг:

иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир.

Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.

Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин";

учинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;


2) 8-модданинг:

биринчи қисми "сиёсий партиялардан" деган сўзлардан кейин "фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

иккинчи қисмидаги "ўн беш кун" деган сўзлар "ўн кун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади";


3) 9-модда:

биринчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"референдум участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва овоз бериш қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, овоз бериш бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш";

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида уч кун олдин хабардор қилиши керак";


4) 18-модда:

ўн олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно";

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва сайлов тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади";


5) 19-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Референдум ўтказувчи округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кундан кечикмай комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз - ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Референдум ўтказувчи округ комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин етти кундан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади";


6) 20-модданинг 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"11) овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно";


7) 21-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Референдум ўтказувчи участка комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин округ комиссияси томонидан йигирма беш кундан кечикмай беш - ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тузилади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси таркибининг сони зарур бўлган ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияси раисининг вазифаларини уларнинг раҳбари амалга оширади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли референдум ўтказувчи округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади";


8) 23-модданинг:

иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпини бир ташкилотда ишлайдиган шахслар ташкил этадиган бўлса, улар ушбу комиссия таркибига тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари мустасно";

учинчи - еттинчи қисмлари тегишинча тўртинчи - саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

еттинчи қисми чиқариб ташлансин;

саккизинчи қисми еттинчи қисм деб ҳисоблансин;


9) 24-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади";

тўртинчи - еттинчи қисмлари тегишинча бешинчи - саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


10) 25-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Фуқаролар, шунингдек кузатувчилар референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари устидан ушбу қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, агар референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилади. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга";


11) IV бўлим қуйидаги мазмундаги 25-1-модда билан тўлдирилсин:


"25-1-модда. Референдум ўтказувчи комиссиялар

томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби


Референдум ўтказувчи комиссиялар референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Қонун талаблари бузилганлиги ёки референдумни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, референдумга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.

Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.

Референдум ўтказувчи комиссиянинг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Қонунда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган референдум ўтказувчи участка комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт";


12) қуйидаги мазмундаги 26-1-модда билан тўлдирилсин:


"26-1-модда. Чет давлатларда турган фуқароларни

овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига

киритиш


Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияларига уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисида референдумдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларини уч кун ичида текширади ва фуқарони овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади";


13) 27-модда:

иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Чет давлатларда турган фуқароларга овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади";

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш референдумга беш кун қолганида тўхтатилади";


14) 28-модданинг иккинчи қисмидаги "референдум ўтказувчи юқори комиссияларга ёки" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


15) 30-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Референдум ўтказувчи участка комиссиялари овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказиладиган кунга, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганида округ комиссияларидан олади. Овоз бериш бюллетенлари берилганлиги ва олинганлигини референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди";

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларидаги овоз берувчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси овоз бериш бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди";


16) 35-1-модданинг:

иккинчи қисмидаги "тегишли округ комиссияси" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

олтинчи қисмидаги "ва овоз берувчининг имзоси" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


17) қуйидаги мазмундаги 35-2-модда билан тўлдирилсин:


"35-2-модда. Фуқаронинг чет давлатда турган

жойида овоз бериши


Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш фуқаронинг турган жойида ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияси фуқароларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда фуқароларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Фуқароларнинг турган жойида овоз бериши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Овоз бериш тугаганидан кейин референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги овоз бериш бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни пломбалайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Овоз бериш бюллетенлари солинган қоп пломбаланган ҳолда далолатнома билан бирга референдум участкасига олиб борилади ва референдум куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади";


18) 37-модда:

биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"референдум округи бўйича овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқароларнинг умумий сонини";

учинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол референдум ўтказувчи округ комиссиясининг биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилади";


19) 39-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум якунлари бўйича қабул қилинган қарорни референдум ўтказилгандан кейин кўпи билан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва расмий манбаларда эълон қилади.

Референдумда қонун қабул қилинган тақдирда, унинг матни референдум якунлари бўйича қарор билан бирга эълон қилинади";


20) 40-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агар референдумда қабул қилинган қарорнинг, қонуннинг мазмунидан бошқача қоида келиб чиқмаса, референдумда қабул қилинган қарор, қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Референдумда қабул қилинган қарор, шу жумладан қонун шаклида қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади";


21) 41-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Агар референдумда қабул қилинган қарорни амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш талаб этилса, давлат ҳокимияти органи референдумда қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу масала бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини ва уларни тайёрлаш муддатини ўз ваколатлари доирасида белгилаши шарт".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги 706-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 1, 10-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 4, 224-модда; 2019 йил, N 9, 588-модда; 2020 йил, N 8, 488-модда, N 9, 537-модда, 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова) 3-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолинади. Бунда депутат сайлов округининг ҳудуди жойлашган халқ депутатлари Кенгаши ёхуд янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда шакллантирилган халқ депутатлари Кенгаши таркибига киради, депутатнинг ваколатлари муддати эса мазкур халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига мувофиқ бўлади";

иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июнда қабул қилинган ЎРҚ-544-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 6, 327-модда; 2021 йил, N 2, 139-модда, 4-сонга илова, N 6, 518-модда; 2022 йил, N 3, 213-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:


1) 9-модда:

қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Янги ташкил этилган вилоятнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари сони Сенатнинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади, янги ташкил этилган туманнинг, шаҳарнинг халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларининг сони эса тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмлари талаблари инобатга олинган ҳолда белгиланади.

Янги ташкил этилган вилоятнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари Сенатнинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан, янги ташкил этилган туманнинг, шаҳарнинг халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари эса тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тузилади";

еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари тегишинча тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи қисмлар деб ҳисоблансин;


2) 19-модданинг:

иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно, тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганда ўн бир - йигирма бир нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.

Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссияси Сенат томонидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши сайловини ўтказиш бўйича туман, шаҳар сайлов комиссиялари эса тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан сайловга камида йигирма беш кун қолганда ўн бир - йигирма бир нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланади. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тақдирда эса вилоят сайлов комиссияси раиси Сенат томонидан тайинланади";

тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;


3) 88-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашларга сайлов Ўзбекистон Республикасида фаолиятини амалга ошираётган бошқа маҳаллий Кенгашлар ваколатларининг тугаш муддатидан ортиқ бўлмаган муддат учун ўтказилади";


4) 15-боб қуйидаги мазмундаги 93-1-модда билан тўлдирилсин:


"93-1-модда. Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий

бирликларда маҳаллий Кенгашлар

депутатлари сайлови


Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайлови маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этиш тўғрисида белгиланган тартибда қарорлар қабул қилинганидан кейин икки ой ичида ўтказилади.

Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайлови Марказий сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови эса тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан сайлов ўтказилишига камида бир ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекснинг талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади. Бунда сайлов округи сайловга йигирма саккиз кун қолганда, округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун қолганда, сайлов участкаси эса сайловга йигирма кун қолганда, участка сайлов комиссиялари сайловга ўн беш кун қолганда тузилади. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўн беш кун қолганда тугалланади.

Агар кейинги сайлов кампанияси бошланишига уч ойдан кам вақт қолган бўлса ёки ваколатлари сақлаб қолинган ва янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликнинг халқ депутатлари Кенгаши таркибига кирган депутатлар сони халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашида ўн беш кишини ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашида ўттиз кишини ташкил этса, янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови ўтказилмаслиги мумкин".


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 28 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида"ги ЎРҚ-635-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 8, 492-модда; 2021 йил, N 8, 800-модда) қуйидаги мазмундаги 40-1-модда билан тўлдирилсин:


"40-1-модда. Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари

ҳал этилаётганда сайлов округларининг

чегараларини ўзгартириш


Маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган, тугатилган ёки унинг чегаралари ўзгартирилган тақдирда унинг ҳудудида жойлашган сайлов округларини тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда сайлов округларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этиш, тугатиш ёки уларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун киритилгунига қадар, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади".


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 16 июнь



























Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск