Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Интеллектуал мулк / Муаллифлик ҳуқуқи. Турдош ҳуқуқлар /

Патент вакиллигига номзодларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда патент вакилларини аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 09.06.2022 й. 324-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 9 июндаги

324-сон қарорига

1-ИЛОВА



Патент вакиллигига номзодларни

аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда

патент вакилларини аттестациядан ўтказиш

бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

      

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент патент вакиллигига номзодларни (кейинги ўринларда - номзод) аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда патент вакилларини аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматларини (кейинги ўринларда - давлат хизматлари) кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан кўрсатилади.


3. Давлат хизматидан фойдаланиш учун Вазирликка мурожаат этиш ва давлат хизматини кўрсатиш ушбу Регламент талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали амалга оширилади.


4. Вазирлик ва ЯИДХП ўртасида ахборот алмашинуви электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали реал вақт режимида амалга оширилади.


5. Патент вакиллигига номзоднинг аттестацияси патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш истагини билдирган жисмоний шахснинг патент вакилига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


6. Патент вакили аттестацияси патент вакилларининг касбий малака даражасини холисона баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Патент вакиллари аттестацияси ҳар беш йилда камида бир марта ўтказилади.


7. Патент вакилига патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома (кейинги ўринларда - гувоҳнома) берилади.


8. Номзодларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда патент вакилларини аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш мазкур Регламентнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


9. Номзод уни патент вакили сифатида аттестациядан ўтказиш тўғрисида Вазирликка ЯИДХПда мазкур Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги аризани тўлдириш орқали мурожаат қилади ва ўз хоҳишига кўра аризасига малакасини тавсифловчи бошқа ҳужжатларни илова қилади.

Номзоднинг олий маълумоти тўғрисидаги диплом маълумотлари "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд бўлмаганда ушбу диплом нусхаси илова қилинади.


10. Патент вакили уни аттестациядан ўтказиш тўғрисида Вазирликка ЯИДХПда мазкур Регламентнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги аризани тўлдириш орқали мурожаат қилади.

Бунда, патент вакили гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ой олдин мурожаат этиши керак.


11. Ариза шакли тўлдирилганидан сўнг номзод ёки патент вакили маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, аризани тасдиқлайди.


12. Давлат хизматини кўрсатиш учун ЯИДХП орқали ариза шакллантирилган санадан бошлаб уч ой давомида мазкур Регламентнинг 4-иловасида белгиланган миқдордаги тўловлар амалга оширилади ва тўлов амалга оширилганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.

Бунда, давлат хизматини кўрсатиш бўйича ЯИДХП орқали мурожаат этилганлиги учун белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.


13. Тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Вазирликнинг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

11,25 фоизи - ЯИДХПдан фойдаланганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

0,5 фоизи - тўловларни тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Вазирликнинг Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.


14. Ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида номзод ёки патент вакилига автоматик равишда маълум қилинади.


15. Номзод ёки патент вакилини аттестацияси малака имтиҳони ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Малака имтиҳони жараёни овозли видеотасвирга туширилади, шунингдек Вазирликнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.

Номзод ва патент вакилини аттестациядан ўтказиш учун Вазирлик томонидан малака комиссияси тузилади.


16. Номзод ёки патент вакилини малака имтиҳонига қўйиш ёки малака имтиҳонига қўйишни рад этиш ҳақида қарор малака комиссияси раиси томонидан қабул қилинади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб, беш иш куни мобайнида номзод ёки патент вакилига малака имтиҳонига қўйилганлиги ёки малака имтиҳонига қўйиш рад этилганлиги ҳақида билдиришнома юборилади.


17. Қуйидаги ҳолатларда номзод ёки патент вакилини малака имтиҳонига қўйиш рад этилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланмаганда;

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходими бўлганда;

аризага нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар киритилганда;

аттестациядан ўтказиш рад этилган, шу жумладан имтиҳондан четлаштирилган номзод ёки патент вакили имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб олти ой ўтмасдан мурожаат қилганда;

мазкур Регламентнинг 9 - 12-бандларида белгиланган талабларга риоя этилмаганда.

Вазирлик томонидан ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда номзод ёки патент вакилига ўн иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида сўровнома юборилади.

Номзод ёки патент вакилини бошқа асослар бўйича малака имтиҳонига қўйиш рад этилишига йўл қўйилмайди.


18. Малака имтиҳонига қўйиш рад этилганда номзод ёки патент вакили аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади. Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун тўланган тўлов қайтарилади.



3-БОБ. НОМЗОД ЁКИ ПАТЕНТ ВАКИЛИНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


19. Малака имтиҳони номзод ёки патент вакилини имтиҳонга қўйилгани ҳақида билдиришнома йўлланган санадан эътиборан икки ойдан ошмаган муддатда ўтказилади.


20. Номзод ёки патент вакилига малака имтиҳони ўтиш жойи, санаси ва вақти ҳақида имтиҳон ўтадиган санадан ўн календарь кунидан кам бўлмаган муддатда хабар берилади.


21. Номзод ёки патент вакили имтиҳон топширишда паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этади.


22. Номзод ёки патент вакили малака имтиҳони давомида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни ҳимоя ва муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун Вазирлик томонидан тасдиқланган дастурга мос равишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари соҳасида зарур билимларга эга эканлиги аниқланади.


23. Малака имтиҳони саволлари қуйидаги йўналишлар бўйича тузилади:

интеллектуал мулк ҳуқуқига оид умумий қоидалар;

саноат мулкига оид Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги;

саноат мулки соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари.

Малака комиссияси томонидан тасдиқланган саволлар Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда даврий равишда қайта кўриб чиқилади.


24. Малака имтиҳони саволларини шакллантиришда саноат мулкига оид Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда саноат мулки соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари йўналишларидаги саволлар номзод аризасида келгусидаги фаолияти учун кўрсатилган ихтисосликка ёки патент вакилининг ихтисослигига мос бўлиши лозим.

Агар айрим ихтисосликларга бевосита тааллуқли Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари мавжуд бўлмаса, тегишли саволлар Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясига (1883 й.) мос бўлиши керак.

Икки ва ундан ортиқ ихтисослик бўйича суҳбатдан ўтадиган номзод ёки патент вакилига ҳар бир қўшимча ихтисослик бўйича яна 1 тадан қўшимча савол берилади.


25. Патент вакилларининг ихтисослиги қуйидаги интеллектуал мулк объектлари бўйича белгиланади:

товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичлар;

ихтиро ва фойдали моделлар;

саноат намуналари;

селекция ютуқлари;

интеграл микросхемалар топологиялари.


26. Малака имтиҳони суҳбат шаклида ўтказилади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.


27. Номзод ёки патент вакилига саволларга жавоб беришга тайёргарлик кўришлари учун 30 дақиқа вақт ажратилади.

Номзод ёки патент вакилига икки ва ундан ортиқ ихтисослик бўйича саволларга жавоб беришга тайёргарлик кўришлари учун ҳар бир қўшимча ихтисослик бўйича савол учун 10 дақиқа вақт ажратилади.


28. Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнида номзод ёки патент вакилига қуйидагилар тақиқланади:

алоқа ва телекоммуникация воситалари (телефон, компьютер, планшет ва бошқалар), китоб ҳамда шпаргалкаларни олиб кириш ёки фойдаланиш;

бошқа номзод ёки патент вакиллари билан суҳбатлашиш;

имтиҳон тугамасдан малака комиссияси аъзоларининг рухсатисиз ва назоратисиз хонадан ташқарига чиқиш.

Номзод ёки патент вакилининг мазкур қоидаларга амал қилмаслиги уни имтиҳондан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва малака комиссияси аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади.

Малака имтиҳонида қатнашишдан четлаштирилган номзод ёки патент вакили аттестациядан ўтмаган деб топилади.


29. Тайёргарлик кўриш учун берилган вақт тугагандан сўнг номзод ёки патент вакили ўзига берилган саволлар бўйича малака комиссиясига жавоб беради.

Малака комиссияси аъзолари айрим жавобларни аниқлаштириш мақсадида қўшимча саволлар бериши мумкин.

Номзод ёки патент вакили саволларга жавоб бериб бўлганидан сўнг, унга хонадан чиқишига рухсат берилади.


30. Малака комиссияси суҳбат натижасига кўра номзод ёки патент вакилини аттестациядан ўтказиш ёки аттестациядан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Номзод ёки патент вакили икки ва ундан ортиқ ихтисослик бўйича имтиҳон топширган тақдирда барча ихтисосликларнинг умумий суҳбат натижаси юзасидан ягона қарор қабул қилинади.


31. Малака комиссияси қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

рақами ва қабул қилинган санаси;

иштирок этган комиссия аъзолари рўйхати;

аттестациядан ўтказилган ёки аттестациядан ўтказиш рад этилган номзодлар ёки патент вакилларининг рўйхати;

малака комиссия қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқининг мавжудлиги.

Қарор малака имтиҳони ўтказилган куннинг ўзида имтиҳонда иштирок этган номзод ёки патент вакилларига ўқиб эшиттирилади.

Малака комиссияси қарори икки нусхада тузилади. Қарорнинг бир нусхаси малака имтиҳони ўтказиш жараёни туширилган овозли видеотасвир сақлаш қурилмалари билан бирга аттестациядан ўтказишга оид ҳужжатлар йиғма жилдига тикилади, иккинчи нусхаси эса бир иш куни ичида номзод ёки патент вакилига юборилади.

Малака имтиҳони ўтказиш жараёни қайд этилган овозли видеотасвир Вазирлик томонидан бир йил мобайнида сақланади.


32. Мазкур Регламент талабларига мувофиқ аттестациядан ўтказиш рад этилган, шу жумладан имтиҳондан четлаштирилган номзод ёки патент вакили малака имтиҳони ўтказилган санадан олти ой ўтгандан сўнг малака имтиҳонида қайта иштирок этишига йўл қўйилади.


33. Номзод ёки патент вакиллари томонидан малака комиссияси қарори устидан апелляция комиссиясига шикоят этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 июлдаги 298-сон қарори билан тасдиқланган Патент вакиллари тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


34. Аттестациядан ўтказилган номзод ёки патент вакили ҳақидаги маълумотлар Вазирлик томонидан бир иш куни ичида Патент вакиллари давлат реестрига (кейинги ўринларда - реестр) киритилади ҳамда уларга мазкур Регламентнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда QR-код қўйилган гувоҳнома юборилади.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати - беш йил.


35. Муайян ихтисослик бўйича аттестациядан ўтган патент вакили гувоҳноманинг амал қилиш даврида қўшимча ихтисослик олиш учун Вазирликка ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Бунда патент вакилини қўшимча аттестациядан ўтказиш ушбу Регламентда белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда мазкур Регламентнинг 6-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган патент вакилларини аттестациядан ўтказиш муддатини ҳисоблаш янгидан бошланади ва патент вакилига янги гувоҳнома берилади.



4-БОБ. ПАТЕНТ ВАКИЛИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


36. Реестрдаги қайд қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

рўйхат рақами (ушбу рақам гувоҳномага ҳам қўйилади);

патент вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми;

патент вакилининг доимий турар жойи;

малака комиссияси қарори рақами ва санаси;

патент вакилининг фаолият ихтисослиги;

патент вакилининг ёлланиш бўйича иши тўғрисида маълумотлар;

ёзишмалар учун манзил (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида), шунингдек телефон рақами ҳамда электрон почта манзили;

патент вакили рўйхатдан ўтказилган сана;

гувоҳнома берилган ёки жўнатилгани тўғрисида маълумотлар;

берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати тўғрисида маълумотлар;

патент вакилининг аттестациядан ўтган санаси;

патент вакилининг реестрдан ўчирилган санаси.

Реестрга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Патент вакилининг мурожаатига кўра реестрдаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилади. Бунда тўлов ундирилмайди.


37. Патент вакили гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қайта аттестациядан ўтмаган тақдирда белгиланган тартибда суднинг қарори асосида реестрдан ўчирилади.


38. Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтмаган ёхуд реестрдан ўчирилган шахснинг ўз фаолиятида патент вакили мақомидан фойдаланиши мумкин эмас.



5-БОБ. ПАТЕНТ ВАКИЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА

МАЪЛУМОТЛАРНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ


39. Патент вакилининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар у реестрда рўйхатдан ўтказилгандан сўнг автоматик тарзда Вазирликнинг расмий ахборотномаси ва веб-сайтида эълон қилинади.


40. Вазирликнинг расмий ахборотномаси ва веб-сайтида патент вакили тўғрисида қуйидаги маълумотлар эълон қилинади:

фамилияси, исми, отасининг исми;

гувоҳнома рўйхат рақами;

кўрсатадиган фаолият ихтисослиги;

иш жойи ва лавозими ёки бошқа ёлланиш бўйича иши тўғрисида маълумотлар;

ёзишмалар учун манзил (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида), шунингдек телефон рақами ҳамда электрон почта манзили.


41. Вазирлик расмий ахборотномаси ва веб-сайтида, шунингдек патент вакилларини рўйхатдан ўтказишга доир ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан патент вакиллари фаолиятида аниқланган камчиликларни тузатишга қаратилган чора-тадбирлар, патент вакили реестрдан ўчирилганлиги ҳақида ва бошқа маълумотларни эълон қилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


42. Давлат хизматини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча ёзишмалар (сўровнома, билдиришнома ва хабарномалар), шунингдек аттестациядан ва рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар электрон шаклда ЯИДХП орқали юборилади.


43. Номзод ёки патент вакилининг хоҳишига кўра ЯИДХП томонидан давлат хизматларидан фойдаланишнинг ҳар бир босқичи тўғрисида SMS-хабарнома юборилади.


44. Номзод ёки патент вакили давлат хизматларидан фойдаланишдан уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Номзод ёки патент вакили давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганида унинг аризаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган тўлов қайтарилмайди.


45. Мазкур Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

         

         




Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Патент вакиллигига номзодларни

аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда

патент вакилларини аттестациядан ўтказиш

бўйича давлат хизматларини кўрсатиш

СХЕМАСИ

         

   

Босқичлар

    


    

Субъектлар

     


     

Тадбирлар

     


     

Бажариш муддатлари

      








1-босқич


      

Номзод ёки патент вакили

(олий маълумотли Ўзбекистон Республикаси

фуқароси)

         


Давлат хизматидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ариза топшириш.

Заруратга кўра аризага олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси ва малакасини тавсифловчи бошқа ҳужжатларни илова қилиш.


Хоҳишига кўра

(патент вакили учун ҳар беш

йилда камида бир марта)








2-босқич


      

Номзод ёки патент вакили

(олий маълумотли Ўзбекистон Республикаси

фуқароси)

      


Ариза топшириш учун БҲМнинг 4 баравари миқдорида тўловни амалга ошириш (тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади).


Ариза шакллантирилган санадан бошлаб уч ой давомида








3-босқич


Адлия

вазирлиги


     

Аризани қабул қилиш.

Ариза рақами ва санасини номзод ёки патент вакилига юбориш.

        


Автоматик тарзда








4-босқич


Адлия

вазирлиги


     

Номзод ва патент вакилини аттестация (малака имтиҳони)дан ўтказиш учун Адлия вазирлигининг энг малакали ва тажрибали ходимлари, адвокатлар, олимлар ва мутахассислардан иборат таркибда малака комиссияси тузиш.

        


Ариза келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни давомида








5-босқич


Адлия

вазирлиги


      

Ариза ва унга иловага қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш.

Натижаси бўйича номзод ёки патент вакилига малака имтиҳонига қўйилганлиги ёхуд малака имтиҳонига қўйиш рад этилганлиги ҳақида билдиришномани юбориш.

       


Ариза келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни давомида








6-босқич


Малака

комиссияси


      

Қуйидаги йўналишлар бўйича тузилган саволлар асосида малака имтиҳонини суҳбат шаклида ўтказиш:

интеллектуал мулк ҳуқуқига оид умумий қоидалар;

саноат мулкига оид Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги;

саноат мулки соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари.

       


Номзод ёки патент вакилини имтиҳонга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришнома йўлланган санадан

бошлаб икки ой ичида








7-босқич


Адлия

вазирлиги


        

Малака имтиҳони жараёнини овозли видеотасвирга тушириш Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилиш.

       


Малака имтиҳони ўтказиш давомида








8-босқич


Малака

комиссияси


       

Суҳбат натижасига кўра номзод ёки патент вакилини аттестациядан ўтказиш ёки аттестациядан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

(Аттестациядан ўтказиш рад этилган номзод ёки патент вакили малака имтиҳони ўтказилган санадан олти ой ўтгандан сўнг малака имтиҳонида қайта иштирок этишига йўл қўйилади).

       


Малака имтиҳони ўтказилган куннинг ўзида








9-босқич


Адлия

вазирлиги


Малака комиссияси қарорининг бир нусхасини номзод ёки патент вакилига юбориш.


       

Малака имтиҳони ўтказилган санадан бошлаб бир иш куни ичида

      








10-босқич


Адлия

вазирлиги


       

Патент вакилини Патент вакиллари давлат реестрига киритиш ва патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида QR-код қўйилган гувоҳномани юбориш.

Патент вакилининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни расмий ахборотнома ва веб-сайтда эълон қилиш.

(Патент вакили гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қайта аттестациядан ўтмаган тақдирда белгиланган тартибда суднинг қарори асосида реестрдан ўчирилади).

     


Малака имтиҳони ўтказилган санадан бошлаб бир иш куни ичида

         

          




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА






Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига

       

       

Номзодни патент вакили сифатида

аттестациядан ўтказиш тўғрисида

АРИЗА

         


(номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги)*

           


патент вакили сифатида аттестациядан ўтказишингизни сўрайман.

          


(номзоднинг доимий турар жойи)*

           


(қайси олий таълим муассасасини қачон тамомлаган,  олий маълумот тўғрисидаги диплом серия ва рақами)*

           


(патент вакили сифатида келгуси фаолият ихтисослиги)

           


(иш жойи ва лавозими ёки бошқа ёлланиш бўйича иши тўғрисида маълумотлар)

           


(ёзишма учун манзил)

           


(телефон рақами, электрон почта манзили)*

           


(номзоднинг фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картаси маълумотлари)*

           

Илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати:

олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси**;

малакани тавсифловчи бошқа ҳужжатлар***.

       

*) Ушбу маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан автоматик тарзда юклаб олинади.


**) Олий маълумоти тўғрисидаги диплом маълумотлари "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд бўлмаганда ушбу диплом нусхаси илова қилинади.


***) Номзоднинг истагига кўра тақдим этилади.

         

         




Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА






Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига

       

       

Патент вакилини

аттестациядан ўтказиш тўғрисида

АРИЗА

          


(патент вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги)*

           


          


ҳар беш йилда белгиланган аттестациядан ўтказишингизни сўрайман.

          


(патент вакилининг доимий турар жойи)*

           


          


(иш жойи ва лавозими ёки бошқа ёлланиш бўйича иши тўғрисида маълумотлар)

           


(ёзишма учун манзил)

           


          


(телефон рақами, электрон почта манзили)*

           


          


(патент вакилининг фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картаси маълумотлари)*

           


          


(малака ошириш курсида ўқиганлик тўғрисида сертификат маълумотлари)*

           

*) Ушбу маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан автоматик тарзда юклаб олинади.

         

         




Маъмурий регламентга

4-ИЛОВА



Патент вакиллигига номзодлар

ва патент вакилларини аттестациядан

ҳамда патент вакилларини қўшимча

аттестациядан ўтказиш учун тўловлар

МИҚДОРИ

         

Т/р

     

Тўлов номи

   

Тўлов миқдори

      

1.

Патент вакиллигига номзодлар ва патент вакилларини аттестациядан ўтказиш

         

БҲМнинг 4 баравари

2.

Патент вакилларини қўшимча аттестациядан ўтказиш

        

БҲМнинг 4 баравари

         

       




Маъмурий регламентга

5-ИЛОВА



(O`zbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri)

      

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

ADLIYA VAZIRLIGI

    

GUVOHNOMA

            

Ushbu bilan


        


ning

        

malaka komissiyasining qaroriga asosan

            


          


          


          

ixtisosligi bo`yicha

PATENT VAKILI

sifatida ro`yxatdan o`tkazilganligi tasdiqlanadi.

Patent vakillari davlat reyestriga 20___ yil "___" ___________________

_________________________ son bilan tegishli yozuv kiritilgan.

Guvohnomaning amal qilish muddati 20___ yil "___"___________________ gacha.

         

               





         

Hujjatning

haqiqiyligini

tasdiqlovchi

QR-kod

         



          

         

Mazkur hujjat Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-sentabrdagi 728-son qarori bilan tasdiqlangan O`zbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali to`g`risidagi nizomga muvofiq shakllantirilgan elektron hujjatning nusxasi hisoblanadi.

Elektron hujjatning nusxasida ko`rsatilgan ma`lumotlar to`g`riligini tekshirish uchun edoc.gov.uz veb-saytiga o`ting va elektron hujjatning noyob raqamini kiriting yoki mobil telefon yordamida QR-kodni skaner qiling.

Diqqat! Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-sentabrdagi 728-son qaroriga muvofiq elektron hujjatlardagi ma`lumotlar qonuniy hisoblanadi. Davlat organlariga Yagona portalda shakllantirilgan elektron hujjatlarning nusxalarini qabul qilishni rad etishlari qat`iyan taqiqlangan.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 10 июнь























































Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск