ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш ва назорат қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 29.06.2022 й. ЎРҚ-781-сон "Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 01.02.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.05.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.06.2022 й.

N ЎРҚ-781



ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ КОМПЕНСАЦИЯ ЭВАЗИГА

ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИШ

ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 1 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 28 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

ва амал қилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини (бундан буён матнда ер участкаси деб юритилади) компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомилларини белгилашдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, шунингдек давлат органлари ва муассасаларининг, корхоналарининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг доимий фойдаланишида бўлган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.



2-модда. Ер участкаларини компенсация

эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш

тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик


Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


асослантирувчи материаллар - компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектлари (шу жумладан турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ҳолати, уларнинг жорий белгиланган мақсади) тўғрисидаги, ер участкасини олиб қўйиш мақсадлари жамоат эҳтиёжлари деб эътироф этилган мақсадларга мувофиқлигини тасдиқловчи маълумотларни, шунингдек мазкур ер участкасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа ҳамда ишларнинг тавсифини ва уларни рўёбга чиқариш муддатларини ўз ичига олган ҳужжатлар;


ер участкаси - жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тартибда тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида берилган ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми, шу жумладан кўп квартирали уйлар жойлашган ер участкалари;


ер участкасининг ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаси (бундан буён матнда ҳуқуқ эгаси деб юритилади) - ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларга асосан ер участкасига нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқига ҳамда мазкур ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


ер участкасини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ташаббускори (бундан буён матнда ташаббускор деб юритилади) - республика давлат бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари;


келишув - тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳуқуқ эгаси ўртасида уларнинг розилиги билан тузиладиган, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шартнома бўлиб, унда компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутилади;


компенсация қилиш - ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ҳуқуқ эгасига зарарларнинг ўрнини ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда пул шаклида ёки бошқа шаклда қоплаш;


кўчмас мулк объекти - бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб тарзда зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмаган объектлар. Ушбу Қонун мақсадларида ер ости бойликлари, шу жумладан фойдали қазилмалар кони кўчмас мулк объектлари жумласига кирмайди.



4-модда. Ер участкаларини компенсация эвазига

жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос

бўладиган мақсадлар


Ер участкаларини қуйидаги мақсадларда компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари деб эътироф этилади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш (бундан кенг тарқалган фойдали қазилмалар конлари мустасно);

республика аҳамиятига ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);

тасдиқланган аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуришга оид қисмини бажариш;

давлат инвестиция дастурларида кўрсатилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг бинолари ҳамда иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш.

Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланади.



5-модда. Ер участкаларини компенсация

эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш

тартиб-таомилларининг асосий принциплари


Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомилларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

мулк ҳуқуқининг устуворлиги;

хусусий мулкнинг дахлсизлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

компенсациянинг кафолатланганлиги.



2-БОБ. ЕР УЧАСТКАЛАРИ ЖАМОАТ

ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН ЗАРАРЛАРНИНГ ЎРНИНИ

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРГА ҚОПЛАШ

БЎЙИЧА МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ЖАМҒАРМАЛАР

ҲАМДА КОМПЕНСАЦИЯ КОМИССИЯЛАРИ


6-модда. Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун

олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини

жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича

марказлаштирилган жамғармалар


Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида - республика даражасида (бундан буён матнда республика жамғармаси деб юритилади), шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида - ҳудудий даражада (бундан буён матнда ҳудудий жамғармалар деб юритилади) ташкил этилади.

Республика жамғармаси ва ҳудудий жамғармалар юридик шахс ҳисобланмайди.



7-модда. Республика жамғармаси ва ҳудудий

жамғармалар маблағларини шакллантириш


Республика жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда республика бюджети маблағлари ва республика бюджетининг қўшимча манбалари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Ҳудудий жамғармалар маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари захира жамғармаларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари қўшимча манбаларининг маблағлари;

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни электрон савдо майдончасида реализация қилишдан келиб тушган, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг махсус ғазна ҳисобварақларига қўшимча манбалар сифатида ўтказиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Республика жамғармасига ва ҳудудий жамғармаларга келиб тушган маблағлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ғазначилик бошқармаларида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.



8-модда. Республика жамғармасининг ва ҳудудий

жамғармаларнинг маблағларидан фойдаланиш


Республика жамғармасининг маблағларидан фақат ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ташаббусига кўра ёки республика давлат бошқаруви органларининг ташаббусига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар Кенгаши (бундан буён матнда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш деб юритилади) томонидан компенсация эвазига ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганлиги муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш учун фойдаланилади.

Ҳудудий жамғармаларнинг маблағларидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг ташаббусига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганлиги муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш учун фойдаланилади.



9-модда. Республика жамғармасининг ва ҳудудий

жамғармаларнинг кузатув кенгашлари


Республика жамғармасининг ва ҳудудий жамғармаларнинг кузатув кенгашлари (бундан буён матнда кузатув кенгашлари деб юритилади) ушбу жамғармаларнинг юқори бошқарув органларидир.

Кузатув кенгашларининг таркиби ва фаолиятни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



10-модда. Кузатув кенгашларининг ваколатлари


Кузатув кенгашлари қуйидаги ваколатларга эга:

ташаббускор томонидан тақдим этилган асослантирувчи материалларни кўриб чиқиш ва келишиб олиш;

ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрни жисмоний ва юридик шахсларга қопланишини молиялаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

тегишли жамғарма маблағларининг келиб тушиши ва улардан фойдаланиш прогнозларини кўриб чиқиш, шунингдек уларни кейинги йил учун тасдиқлаш;

тегишли жамғарма даромадларининг барқарор шакллантирилишини ҳамда ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш.



11-модда. Компенсация комиссиялари


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш ҳузурида уларнинг қарорлари асосида компенсация комиссиялари (бундан буён матнда Компенсация комиссиялари деб юритилади) тузилади.

Компенсация комиссиялари аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарорлари билан ўн етти кишидан иборат бўлган таркибда икки йил муддатга тасдиқланади.

Компенсация комиссияси таркибига қуйидагилар киради:

ўн нафар депутат (шундан бир нафари раис);

нодавлат нотижорат ташкилотларининг уч нафар вакили;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси вакили (овоз бериш ҳуқуқисиз);

ҳудудий молия органининг вакили (овоз бериш ҳуқуқисиз);

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳудудий бўлинмасининг вакили (овоз бериш ҳуқуқисиз);

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмасидаги ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбасининг раҳбари (овоз бериш ҳуқуқисиз).

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасидаги ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаларининг раҳбарлари тегишли Компенсация комиссиялари котибининг вазифаларини бажаради.

Компенсация комиссиялари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан тасдиқланадиган регламентлар асосида амалга оширади.



12-модда. Компенсация комиссияларининг вазифалари


Компенсация комиссиялари:

компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди;

компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилмаган ҳоллар аниқланган тақдирда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга ахборот киритади;

компенсациялар берилиши билан боғлиқ бўлган низоларни судга қадар тартибда ҳал этишга кўмаклашади;

компенсациялар берилиши билан боғлиқ бўлган низолар бўйича тавсиявий хусусиятга эга қарорлар қабул қилади.



3-БОБ. ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ КОМПЕНСАЦИЯ ЭВАЗИГА

ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИШ ВА ҲУҚУҚ

ЭГАЛАРИ БИЛАН КЕЛИШУВ ТУЗИШ ТАРТИБИ


13-модда. Асослантирувчи материалларни

ташаббускор томонидан тайёрлаш


Ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида белгиланган мақсадларда лойиҳа ва ишларни амалга ошириш учун мақбул бошқа ер участкаси мавжуд бўлмаганлиги туфайли ер участкасини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга (бундан буён матнда ер участкасини олиб қўйиш деб юритилади) зарурат ва асос мавжуд бўлган тақдирда, ташаббускор асослантирувчи материалларни тайёрлайди. Бунда яшаш учун яроқсиз бўлган, шу жумладан жисман эскирганлиги, авария ҳолатида эканлиги туфайли яшаш учун яроқсиз бўлган уйлар ва турар жойлар (бундан моддий маданий мерос объектлари мустасно), фойдаланилмаётган объектлар (иморатлар, иншоотлар) жойлашган ер участкалари биринчи навбатда аниқланади, бундай ер участкалари аниқланмаган тақдирда эса бошқа ер участкалари танланади.

Республика давлат бошқаруви органлари томонидан тайёрланган асослантирувчи материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар ҳокимликларига киритилади.

Истисно тариқасида, халқаро шартнома лойиҳасида чет эл дипломатик ваколатхонасига ажратиш учун назарда тутилган ер участкасининг халқаро шартнома лойиҳасининг ажралмас қисми бўлган харитаси ва реквизитлари ҳамда у билан боғлиқ асослантирувчи материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тегишли сўров келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни давомида тайёрланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Асослантирувчи материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан кўриб чиқилганидан ёки бевосита тайёрлангандан кейин қуйидагиларга тегишли хулосани ва бошқа маълумотларни олиш учун сўровлар юборилади:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тизимидаги ҳудудий қурилиш органларига - "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ахборот тизими орқали;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаларига (бундан буён матнда Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари деб юритилади) - "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизими орқали.

Сўров келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тизимидаги ҳудудий қурилиш органлари, зарур бўлганда жойларга чиққан ҳолда, қурилиш объектларини жойлаштириш схемаларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш ҳамда қурилишни режалаштириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар ва бошқа ахборотни тайёрлайди ҳамда уларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юборади;

Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари, зарур бўлганда жойларга чиққан ҳолда, ушбу ер участкасига нисбатан ҳуқуқ эгаларининг ҳамда унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини, шунингдек улар ҳақидаги бошқа ахборотни тайёрлайди ҳамда уларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юборади. Бунда Давлат кадастрлари палатаси томонидан кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш ташаббускорнинг ҳисобидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тегишли хулосалар ва бошқа ахборот олинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўчмас мулк объектларининг умумий сони, тури, ҳолатини, жойлашган ерни ва бошқа мезонларни ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқ эгаларига бериладиган компенсациянинг, шунингдек ер участкаларини олиб қўйиш, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда уларни бузиб ташлаш билан боғлиқ харажатларнинг дастлабки миқдорини аниқлайди, шу жумладан жойларга чиққан ҳолда аниқлайди.

Моддий маданий мерос объектлари жойлашган жойларда ва уларга туташ ҳудудларда ер участкаларини олиб қўйиш "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларининг моддий маданий мерос объектлари жойлашган жойларда ва уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишларини ва бошқа ишларни, моддий маданий мерос объектларини асрашга оид ишларни, шунингдек моддий маданий мерос объектларида илмий ва илмий-техник тадқиқотларни олиб боришга доир талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

томонидан қабул қилинган қарорларни амалга ошириш

зарурати муносабати билан ер участкаларини олиб қўйиш


Ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида белгиланган мақсадларда лойиҳаларнинг амалга оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш, шунингдек ер участкаларини олиб қўйиш зарурати юзага келган тақдирда, лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ташаббус ва асослантирувчи материаллар манфаатдор давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Лойиҳани амалга ошириш ва шу муносабат билан ер участкаларини олиб қўйиш бўйича ташаббус, шунингдек асослантирувчи материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган мақсадларда лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор қабул қилинганлиги муносабати билан ер участкаларини олиб қўйиш зарурати юзага келган тақдирда, ушбу Қонун билан ташаббускорнинг зиммасига юклатилган барча мажбуриятлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бажарилади, ер участкаларини олиб қўйиш эса ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



15-модда. Асослантирувчи материалларни

кузатув кенгаши билан келишиш


Компенсациянинг дастлабки миқдори аниқланган кундан эътиборан беш иш куни ичида асослантирувчи материаллар компенсациянинг дастлабки миқдори кўрсатилган ҳолда ташаббускор томонидан келишиш учун кузатув кенгашига киритилади.

Кузатув кенгаши ташаббускорни ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашини, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиш воситасида асослантирувчи материалларни ўн иш куни ичида келишиш ёхуд келишишни рад этади.

Асослантирувчи материалларни келишиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, кузатув кенгаши ҳуқуқ эгаларига бериладиган компенсациянинг дастлабки миқдорига тенг бўлган суммадаги пул маблағларини захира қилиб қўяди.

Кузатув кенгаши томонидан келишиш рад этилган тақдирда, асослантирувчи материаллар рад этиш сабаблари бартараф этилганидан кейин ташаббускор томонидан кузатув кенгашига такроран киритилиши мумкин.



16-модда. Асослантирувчи материалларни

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига,

маҳаллий Кенгашга киритиш


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинганидан кейин уч иш куни ичида асослантирувчи материалларни кузатув кенгашининг ёзма розилиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга кўриб чиқиш учун киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан асослантирувчи материалларни кузатув кенгашининг ёзма розилигини олмасдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиш тақиқланади.



17-модда. Ер участкаларини олиб қўйиш

бўйича ташаббусни Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан

дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби


Ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббуснинг ушбу Қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган жамоат эҳтиёжларига мувофиқлиги ҳамда ер участкасини олиб қўйиш билан боғлиқ кутилаётган сарф-харажатларнинг оқилоналиги масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг асослантирувчи материаллар киритилганидан кейин чақириладиган навбатдаги очиқ мажлисида дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижаларига кўра ер участкаларини олиб қўйиш бўйича ташаббуснинг очиқ муҳокамасини (бундан буён матнда очиқ муҳокама деб юритилади) ўтказиш тўғрисида ёки ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги қарорда қуйидаги масалаларга баҳо берилиши керак:

ер участкаларини олиб қўйиш бўйича ташаббуснинг ушбу Қонун 4-моддасининг талабларига мувофиқлиги ҳақидаги;

ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида белгиланган мақсадларда лойиҳа ва ишларни амалга ошириш учун мақбул бошқа ер участкаси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;

яшаш учун яроқсиз бўлган, шу жумладан жисман эскирганлиги, авария ҳолатида эканлиги туфайли яшаш учун яроқсиз бўлган уйлар ва турар жойлар (бундан моддий маданий мерос объектлари мустасно), фойдаланилмаётган объектлар (иморатлар, иншоотлар) жойлашган ер участкаларини биринчи навбатда аниқлашга, бундай ер участкалари аниқланмаган тақдирда эса бошқа ер участкалари танланишига доир талабларга риоя этилганлиги тўғрисидаги;

ер участкасини олиб қўйиш билан боғлиқ ҳолда кутилаётган сарф-харажатларнинг оқилоналиги ҳақидаги.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни дастлабки тарзда кўриб чиқишга доир мажлислари оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ ўтказилади.



18-модда. Ер участкасини олиб қўйиш

бўйича ташаббусни рад этиш


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни рад этиш тўғрисидаги қарори қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббус ушбу Қонуннинг 4-моддаси талабларига мувофиқ бўлмаганда;

ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида белгиланган мақсадларда лойиҳа ва ишларни амалга ошириш учун мақбул бошқа ер участкаси мавжуд бўлганда;

яшаш учун яроқсиз бўлган, шу жумладан жисман эскирганлиги ва авария ҳолатида эканлиги туфайли яшаш учун яроқсиз бўлган уйлар ва турар жойлар (бундан моддий маданий мерос объектлари мустасно), фойдаланилмаётган объектлар (иморатлар, иншоотлар) жойлашган ер участкаларини биринчи навбатда аниқлашга доир талабларга риоя этиш юзасидан чоралар кўрилмаганда;

агар олиб қўйиш учун таклиф этилаётган ер участкаларидан ташқари ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган ер участкалари аниқланган бўлса;

ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан сарф-харажатлар кутилаётган натижага эришиш учун нооқилона бўлганда;

кузатув кенгашининг ёзма розилиги мавжуд бўлмаганда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддатда асослантирувчи материаллар рад этиш сабаблари бартараф этилганидан кейин такроран киритилиши мумкин.

Такроран киритилган асослантирувчи материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан умумий тартибда кўриб чиқилади.

Ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни рад этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан такроран қабул қилинган тақдирда, айнан ушбу ташаббусни беш йил ичида такроран киритиш тақиқланади.



19-модда. Очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги

қарорнинг эълон қилиниши


Очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан кейин бир иш куни ичида ташаббускорга ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилади.

Очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги қарор келиб тушган кундан кейинги иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек мазкур давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида тўлиқ ҳажмда эълон қилиниши керак.



20-модда. Ҳуқуқ эгалари билан очиқ

муҳокама ўтказиш тартиби


Ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида ўтказилади.

Ташаббускор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш томонидан очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки иш куни ўтгач, бироқ очиқ муҳокама ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин ҳуқуқ эгаларига очиқ муҳокамани ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолдаги хабарномани юбориши керак.

Ҳуқуқ эгалари очиқ муҳокамани ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек мазкур давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълонлар бериш орқали ҳам хабардор қилиниши керак.

Очиқ муҳокама ташаббускор томонидан ташкил этилади ва очиқ муҳокама жараёнининг мажбурий тартибда аудио- ва видеоёзуви таъминланади. Очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ташкил этилиши керак. Ташаббускор очиқ муҳокамада оммавий ахборот воситаларининг иштирокини таъминлаши керак.

Очиқ муҳокама жараёнининг аудио-, фото- ва видеоёзуви олиб борилишини чеклашга йўл қўйилмайди.

Очиқ муҳокамани ўтказиш жойи кўпчилик ҳуқуқ эгаларининг яшаш жойига ёки жойлашган ерига яқин бўлиши керак.

Ташаббускор ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари) учун очиқ муҳокамада онлайн иштирок этиш имкониятини таъминлаши керак.

Очиқ муҳокама, агар унда ҳуқуқ эгаларининг (улар вакилларининг) учдан икки қисми иштирок этган бўлса, ўтказилган деб ҳисобланади.

Очиқ муҳокама жараёнида ташаббускор ҳуқуқ эгаларини (уларнинг вакилларини) мазкур ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг мақсади, шартлари ва истиқболлари билан таништириши ҳамда уларнинг фикрларини эшитиши керак.

Очиқ муҳокама якунлари бўйича ташаббускор томонидан баённома тузилади, баённома ташаббускорнинг вакили ва очиқ муҳокамада иштирок этган барча ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари) томонидан имзоланади.

Баённомада очиқ муҳокама ўтказилган жой, вақт, иштирокчилар таркиби, кун тартиби, муҳокамада билдирилган фикрлар кўрсатилади. Баённомага очиқ муҳокамада иштирок этган ташаббускор вакилларининг ҳамда ҳуқуқ эгаларининг (улар вакилларининг) рўйхати, шунингдек очиқ муҳокама жараёнининг аудио- ва видеоёзуви илова қилинади.

Ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари) баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, бунинг сабаблари кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади, далолатнома баённомани имзолашдан бош тортган ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари) ва ташаббускорнинг вакили томонидан имзоланади.

Баённома тузилган кундан кейинги иш кунида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг расмий веб-сайтида тўлиқ ҳажмда эълон қилинади, баённоманинг ва далолатноманинг асл нусхалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга юборилади.

Очиқ муҳокама белгиланган муддатда ўтказилмаган тақдирда, асослантирувчи материаллар ўн беш иш куни ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга ер участкаларини олиб қўйиш бўйича ташаббусни такроран кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин. Такроран киритилган асослантирувчи материаллар умумий асосларда кўриб чиқилади.



21-модда. Ер участкаларини олиб қўйиш

тўғрисидаги қарорни қабул қилиш тартиби


Очиқ муҳокама якунлари бўйича тузилган баённома Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга тақдим этилгандан кейин бир ой ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси девони, маҳаллий Кенгаш котибияти ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарори лойиҳасини тайёрлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори лойиҳасида қуйидагилар кўрсатилади:

олиб қўйилаётган ер участкасининг географик координаталари;

ер участкасини олиб қўйиш асослари ва мақсадлари;

олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган, бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулк объектлари ва уларнинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотлар;

олиб қўйилаётган ер участкасида амалга ошириладиган лойиҳанинг ва ишларнинг тавсифи, шу жумладан қуриладиган объектлар, лойиҳани ҳамда ишларни амалга оширишнинг бошланиш ва якунланиш муддатлари ҳақидаги маълумотлар;

ер участкасини олиб қўйиш, шу жумладан ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш билан боғлиқ бошқа масалалар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси кўриб чиқиш ҳамда мазкур қарор лойиҳасининг ушбу Қонун талабларига мувофиқ эканлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида ҳуқуқий хулоса бериш учун тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармасига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказиш "E-qaror" ягона электрон тизими орқали юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан ўн иш куни ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ва унинг натижаси бўйича тегишли ҳуқуқий хулоса берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси бўйича салбий хулоса берилган тақдирда, аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қарор лойиҳаси хулоса бериш учун такроран киритилиши мумкин. Такроран киритилган қарор лойиҳаси умумий асосларда кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан ижобий хулоса берилган тақдирда, мазкур қарор лойиҳаси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан салбий хулоса берилган тақдирда, қарор лойиҳасини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш кўриб чиқиши учун киритиш тақиқланади.

Ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг мажлисида ташаббускор вакилларининг ва ҳуқуқ эгаларининг (улар вакилларининг) иштирок этиши таъминланиши керак. Бунда ташаббускорнинг вакили ва ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари) ўз фикрларини, эътирозларини билдиришга, тегишли тушунтиришлар олишга, шунингдек ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бўйича депутатларнинг овоз бериши жараёнини кузатишга ҳақли.

Ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат бўлган кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Агар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси овоз бериш якунларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат бўлган кўпчилик овозини ололмаса, ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги ташаббус рад этилган деб ҳисобланади. Бунда мазкур ташаббус беш йил ичида такроран киритилиши мумкин эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш ёки ер участкасини олиб қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек мазкур органларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилиниши керак.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори мазкур ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш учун асос бўлмайди.



22-модда. Ҳуқуқ эгалари билан келишув

тузиш тартиби


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳуқуқ эгалари билан компенсациянинг шартлари, турлари ва миқдори бўйича келишувга эришишга доир ишларни амалга оширади.

Келишувга эришилганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ҳуқуқ эгаси ўртасида икки томонлама келишув имзоланади, келишув нотариал тартибда тасдиқланади ҳамда "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялаштирилган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизими орқали Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаларига юборилади, шунингдек мазкур ер участкасида жойлашган кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишга нисбатан тақиқ қўйилади.

Компенсациянинг турлари, миқдори ва уни бериш муддати, шунингдек компенсация тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин кўчмас мулк объектини бўшатиш муддати келишувда назарда тутилади. Бунда кўчмас мулк объектини бўшатиш муддати компенсация тўлиқ ҳажмда берилган кундан эътиборан ҳисобланади ва олти ойдан ошмаслиги керак.

Ҳуқуқ эгаси келишув тузилганидан кейин вафот этган тақдирда, келишув бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар унинг меросхўрларига меросдаги ўз улушларига мутаносиб равишда ўтади.

Ҳуқуқ эгаси келишув тузилгунига қадар вафот этган тақдирда, келишув тузиш билан боғлиқ музокаралар унинг меросхўрлари билан умумий асосларда ўтказилади. Меросхўрларнинг таркиби ва улардан ҳар бирининг меросдаги улуши меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома асосида, низо юзага келган тақдирда эса суд томонидан белгиланади.

Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини келишув имзоланганидан кейин бошқа шахсга ўтказишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг ёзма розилиги мавжуд бўлганда ёхуд келишув (келишувда белгиланган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган тақдирда йўл қўйилади.

Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган шахс келишувдан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича аввалги ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқий вориси бўлади.

Компенсация тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланади.

Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида ўзига тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини эркин тасарруф этишига монелик қиладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан турар жойни (яшаш учун мўлжалланмаган жойни), ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини ҳамда бошқа бинолар ва иншоотларни коммуникация тармоқларидан, шу жумладан сув таъминоти, оқова сувларни чиқариб юбориш, электр, алоқа, иссиқлик ва газ тармоқларидан узиб қўйишга, кўчмас мулк объектларига киришни тўсиб қўйишга, ҳуқуқ эгасининг муносиб ҳаёт кечириши учун монелик қиладиган шарт-шароитларни яратишга йўл қўйилмайди.



4-БОБ. КОМПЕНСАЦИЯ БЕРИШ ТАРТИБИ


23-модда. Ер участкаси олиб қўйилиши муносабати

билан бериладиган компенсация


Қуйидагилар компенсация қилинади:

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;

олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи мустасно);

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;

кўчиш, шу жумладан бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;

ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда (бунда ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектлари бўшатиб қўйилган пайтдан эътиборан аввалги фаолиятни тиклашга қадар бўлган, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатдаги фойда ёки мавсумий ҳосилдан олиниши мумкин бўлган фойда ҳисобга олинади);

ҳуқуқ эгасининг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлари ва зарарлари.

Ер участкаси олиб қўйилганлиги муносабати билан ҳуқуқ эгасига ноқулайликлар келтириб чиқарилганлиги учун компенсация сифатида ер участкасида жойлашган кўчмас мулк бозор қийматининг беш фоизи миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган компенсацияларнинг миқдорини баҳолаш стандартлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланади.

Қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган, олиб қўйилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар (яшаш учун мўлжалланмаган жойлар), ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда бошқа бинолар ва иншоотлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг бозор қиймати ҳам тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган мақсадларда лойиҳалар ва ишларни амалга ошириш учун режалаштирилган ер участкасида (бундан аҳоли пункти ерлари тоифасига кирмайдиган ерлар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва муҳофаза этиладиган ҳудудларда жойлашган ер участкалари мустасно) жойлашган турар жойга нисбатан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, ушбу турар жойга ўн беш йил (эгалик қилиш ҳуқуқини юзага келтирувчи муддат) мобайнида худди ўз мулкидек ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахсларга, ушбу кўчмас мулк объектлари учун солиқлар тўлаб келинганлиги тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объектлари қийматининг ўрни қопланади.



24-модда. Бериладиган компенсация турлари ва манбалари


Бериладиган компенсация турлари қуйидагилардан иборат:

пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари;

бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;

келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа турлари.

Тарафларнинг келишувига кўра ҳуқуқ эгасига кўчмас мулк объектларининг баҳолаш қиймати ҳисобга олинган ҳолда компенсациянинг бир неча турлари берилиши мумкин.

Бузиб ташланадиган кўчмас мулк ўрнига янги қурилган кўчмас мулк объектини бериш муддати бошқа кўчмас мулк объекти вақтинча фойдаланишга берилган кундан эътиборан йигирма тўрт ойдан ошмаслиги керак. Кўрсатилган муддатда янги кўчмас мулк объекти берилмаган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимлиги ҳуқуқ эгасига ҳар бир кечиктирилган кун учун бузиб ташланган ёки бузиб ташланадиган кўчмас мулк объекти баҳолаш қийматининг 0,05 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Битта маҳаллада ёки битта кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида, ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра уларга битта маҳаллада ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп квартирали уйдаги квартиралар) берилиши мумкин.

Компенсация ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган тартибда тегишли марказлаштирилган жамғарма маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан берилади.



25-модда. Компенсация бериш тартиби ва муддатлари


Кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси олиб қўйилганда тарафларнинг келишувига кўра ҳуқуқ эгасига, қоида тариқасида, ўша туманда (шаҳарда) ёки ҳуқуқ эгасининг танловига кўра бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган, майдони уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган, аввалгисига тенг қийматли турар жой (квартира) мулк қилиб берилади. Ҳуқуқ эгасининг хоҳишига кўра турар жой (квартира) олиб қўйилган ер участкасида қурилаётган кўп квартирали уйдан берилиши мумкин. Бундай ҳолда ҳуқуқ эгасига ушбу турар жой (квартира) топшириладиган пайтга қадар унга ва унинг оила аъзоларига ташаббускорнинг маблағлари ҳисобидан бошқа барча қулайликлари бўлган турар жой вақтинчалик ижарага берилади.

Яшаш учун мўлжалланмаган объект жойлашган ер участкаси олиб қўйилганда тарафларнинг келишувига кўра ҳуқуқ эгасига, қоида тариқасида, ўша туманда (шаҳарда) ёки ҳуқуқ эгасининг танловига кўра бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган, майдони аввалги яшаш учун мўлжалланмаган объектнинг умумий майдонидан кичик бўлмаган, аввалгисига тенг қийматли яшаш учун мўлжалланмаган объект мулк қилиб берилади. Яшаш учун мўлжалланмаган объект олиб қўйилган ер участкасида қурилаётган объектдан берилган тақдирда, ушбу яшаш учун мўлжалланмаган объект топшириладиган пайтга қадар ташаббускорнинг маблағлари ҳисобидан ҳуқуқ эгасига яшаш учун мўлжалланмаган объект вақтинчалик ижарага берилади.

Якка тартибдаги (шу жумладан қурилиши тугалланмаган, лекин белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган) уй жойлашган ер участкаси олиб қўйилганда тарафларнинг келишувига кўра ҳуқуқ эгасига, қоида тариқасида, ўша туманда (шаҳарда) ёки ҳуқуқ эгасининг танловига кўра бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган, майдони уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган, аввалгисига тенг қийматли якка тартибдаги уй мулк қилиб берилади. Ушбу якка тартибдаги уй ҳуқуқ эгасига бериладиган пайтга қадар унга ва унинг оила аъзоларига ташаббускорнинг маблағлари ҳисобидан барча қулайликлари бўлган турар жой вақтинчалик ижарага берилади.

Ҳуқуқ эгасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаси олиб қўйилганда ҳуқуқ эгасига ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматига тенг миқдорда пул маблағлари тўланади.

Компенсацияни пул маблағлари тарзида бериш ушбу маблағларни ҳуқуқ эгасининг банк (депозит) ҳисобварағига ёки шахсий банк пластик картасига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Агар олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг ҳамда мазкур ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг бозор қиймати компенсация сифатида берилаётган кўчмас мулкнинг бозор қийматидан ортиқ бўлса, ушбу фарқ ҳуқуқ эгасига компенсация қилиниши керак.

Агар олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг ҳамда мазкур ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг бозор қиймати компенсация сифатида берилаётган кўчмас мулкнинг бозор қийматидан паст бўлса, ушбу фарқни ҳуқуқ эгаси томонидан қайтариш талаб этилмайди.

Умумий биргаликдаги мол-мулк иштирокчиларига уларнинг умумий мол-мулкдаги улушларига мувофиқ компенсация берилади.

Агар олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган турар жойнинг ўрнига компенсация сифатида бошқа турар жой берилса, уй-жойнинг ижтимоий нормасини ҳисоблашда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган турар жойда ер участкасини олиб қўйиш тартиб-таомили бошлангунига қадар рўйхатдан ўтказилган ва ҳақиқатда яшаётган шахслар сони инобатга олинади (бундан амалда яшаб турган шахслар сонининг эр-хотин никоҳ тузганида, фарзанд туғилиши, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тарбиялаш учун оилага - фарзандликка, васийликка, ҳомийликка ёки тутинган оилага берилиши ҳисобидан ошиши ҳоллари мустасно).

Компенсация келишувда кўрсатилган муддатларда, бироқ келишув тузилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай, агар келишувда пул маблағлари тарзидаги компенсация назарда тутилган бўлса, бундай компенсация келишув тузилган санадан эътиборан бир ойдан кечиктирмай берилади. Мазкур муддатлар ушбу Қонун 24-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган муддатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бунда кўп квартирали уй ёки яшаш учун мўлжалланмаган кўп қаватли жой жойлашган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда, пул маблағлари тарзидаги компенсацияни тўлаш муддатлари ушбу кўп квартирали уйда ёки яшаш учун мўлжалланмаган кўп қаватли жойда жойлашган кўчмас мулк объектлари ҳуқуқ эгаларининг ҳар бири билан келишув тузилган пайтдан эътиборан ҳисобланади. Ҳуқуқ эгалари барча ҳуқуқ эгалари билан келишув тузилганлиги ва компенсацияни тўлаш муддатлари бошланганлиги ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан хабардор қилиниши керак.

Кўп квартирали уйда ёки яшаш учун мўлжалланмаган кўп қаватли жойда жойлашган кўчмас мулкнинг ҳуқуқ эгаларидан бири билан биринчи келишув тузилган кундан эътиборан барча ҳуқуқ эгалари билан келишувлар тузиш бўйича ишларни якунлаш муддати уч ойдан ошмаслиги керак. Ушбу муддат бузилган тақдирда ҳуқуқ эгалари билан тузилган барча келишувлар бекор қилинган деб ҳисобланади. Бекор қилинган келишувлар такроран тузилиши мумкин.

Барча ҳуқуқ эгалари билан уч ой ичида келишув тузилган пайтда келишув тузилган кундан эътиборан бир ой ўтган келишувларда компенсация сифатида кўрсатилган пул суммаси тегишли ойларда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан расман эълон қилинган инфляцияга мутаносиб равишдаги индексация ҳисобга олинган ҳолда тўлаб берилади.



26-модда. Келишув шартлари бажарилишининг ҳисобини

юритиш ва кўчмас мулк объектини бўшатиш


Келишувда назарда тутилган компенсациялар тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин келишувда назарда тутилган компенсациялар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ўша куннинг ўзида "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизимига киритилади.

Келишувда назарда тутилган барча компенсациялар тўлиқ ҳажмда берилган пайтдан эътиборан ҳуқуқ эгаси:

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини йўқотади;

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини (турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни, ишлаб чиқариш жойларини, бошқа биноларни ва иншоотларни) олти ой ичида тўлиқ бўшатади.

Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари компенсациялар тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин тўлиқ бўшатилгунига қадар коммуникация тармоқларидан, шу жумладан сув таъминоти, оқова сув, электр, алоқа, иссиқлик ва газ тармоқларидан узиб қўйилиши мумкин эмас.

Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари компенсациялар тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин олти ой ичида бўшатилмаган тақдирда, ташаббускор мажбурий кўчириш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли.



27-модда. Компенсация ўз вақтида тўлиқ ҳажмда

берилишининг мунтазам мониторинги


Компенсация ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилишининг мунтазам мониторинги ва берилган компенсацияларнинг ҳисобини юритиш "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизими орқали Компенсация комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Компенсация ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилишининг мунтазам мониторингини амалга ошириш учун "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизимида Компенсация комиссияларининг котиблари учун шахсий кабинет очилади.

Мониторинг келишувда назарда тутилган компенсациялар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизимига киритилганлиги факти асосида, келишув нотариал тартибда тасдиқланган ва у мазкур тизимга киритилган кундан эътиборан олти ой ичида олиб борилади.

Компенсациянинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда берилмаганлиги ҳолати аниқланган тақдирда Компенсация комиссияси ўз мажлисида мониторинг натижаларини кўриб чиқиб, компенсация юзасидан низо келиб чиқишининг олдини олиш бўйича тавсиявий тусга эга бўлган қарор қабул қилади ҳамда уни компенсациянинг ўз вақтида ва тўлиқ берилмаганлигига йўл қўйган ташаббускорга юборади.

Компенсация комиссиясининг қарорлари унинг мажлисларида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда бир овоздан қабул қилинади.

Компенсация комиссиясининг мажлислари ташаббускорларнинг вакиллари ва ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари), шунингдек жамоатчилик иштирокида очиқ тарзда ўтказилади.

Компенсация комиссияси компенсация ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда берилмаганлиги ҳолати аниқланганлиги тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга ахборот киритади.



5-БОБ. ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН ЕР УЧАСТКАСИДА

ЖОЙЛАШГАН КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТИНИ ЭГАСИЗ

МОЛ-МУЛК ДЕБ ТОПИШ ВА БУЗИЛАДИГАН КЎЧМАС

МУЛКНИ, ШУНИНГДЕК ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН ЕР

УЧАСТКАСИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ

БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


28-модда. Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас

мулк объектини эгасиз мол-мулк деб топиш тартиби


Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти, агар унинг мулкдори бўлмаса (шу жумладан, агар кўчмас мулк объекти турар жой бўлса, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар) ёки унинг мулкдори номаълум бўлса, эгасиз мол-мулк бўлади.

Эгасиз мол-мулк бўлган кўчмас мулк объекти тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига биноан кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган томонидан ҳисобга олинади.

Эгасиз мол-мулк бўлган кўчмас мулк объекти ҳисобга қўйилган кундан эътиборан бир йил ўтгач, давлат мулкини бошқаришга ваколатли бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу кўчмас мулк объектини давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига киритилган деб топиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин.



29-модда. Бузиладиган кўчмас мулк объектларини,

шунингдек олиб қўйилган ер участкасига

бўлган ҳуқуқларни баҳолаш


Бузиладиган кўчмас мулк объектларини, шу жумладан кўп йиллик дов-дарахтларни, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида ушбу Қонуннинг 21-моддасида назарда тутилган тартибда қарор қабул қилинганидан кейин ва келишув тузилгунига қадар амалга оширилади. Бундай ҳолда кўчмас мулк объектларининг, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қиймати ер участкаси олиб қўйилиши тартиб-таомили бошлангунига қадар бўлган пайтдаги ёки ер участкаси олиб қўйилиши ҳақидаги хабар кўчмас мулк объектининг қийматига, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларга таъсир кўрсатилгунига қадар бўлган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.

Эгасиз мол-мулк бўлган кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ҳам баҳоланади.

Бузиладиган кўчмас мулк объектларини, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш чоғида ташаббускорнинг ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг баҳоловчи ташкилот фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Баҳоловчи ташкилот ва ташаббускор ўртасида тузиладиган шартнома, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда эса суднинг ажрими бузиладиган кўчмас мулк объектини, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолашдан ўтказиш учун асос бўлади.

Олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш фақат ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Бузиладиган кўчмас мулк объектини, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш ҳақида ҳисобот тузилган пайтдан эътиборан олти ой ичида такроран баҳолашдан ўтказишга йўл қўйилмайди, бундан ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар бузиладиган кўчмас мулк объектини, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот суднинг қарорига биноан ишончли эмас деб топилса, қонунчиликда белгиланган тартибда такроран баҳолашдан ўтказишга йўл қўйилади.

Бузиладиган кўчмас мулк объектини, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ташаббускорнинг олиб қўйилаётган ер участкасида тегишли лойиҳани ва ишларни амалга ошириш учун мўлжалланган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



6-БОБ. ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН ЕР УЧАСТКАСИДА

ЖОЙЛАШГАН КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ

БУЗИШ ТАРТИБИ


30-модда. Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган

кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисида қарор

қабул қилиш тартиби


Компенсациялар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар "Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими"га интеграция қилинган махсус ахборот тизимига киритилганидан кейин, шунингдек кўчмас мулк объектини бўшатишнинг келишувда назарда тутилган муддати тугагач, ташаббускор олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бузиладиган кўчмас мулк объектларининг рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашга тақдим этади.

Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бузиладиган кўчмас мулк объектларининг рўйхати тақдим этилганидан кейин ўн беш кун ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг девони, маҳаллий Кенгашларнинг котибиятлари олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақидаги қарор лойиҳасини тайёрлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарори лойиҳасида қуйидагилар акс эттирилиши керак:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг мазкур ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги қарорларининг рақами, санаси ва эълон қилинадиган манбаи;

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бузиладиган кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхати;

олиб қўйилган ер участкасида жойлашган ҳар бир кўчмас мулк объектининг бузилиши бошланадиган сана;

қонунчиликда белгиланган шаҳарсозлик нормаларига ва қоидаларига риоя этилишига доир талаблар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарори лойиҳасига қуйидагилар илова қилинади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқ эгаси ўртасида тузилган келишувнинг кўчирма нусхаси;

ҳуқуқ эгаларига компенсация тўлиқ ҳажмда берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг кўчмас мулк объектини бузиш ҳақидаги қарори лойиҳаси кўриб чиқиш ҳамда қарор лойиҳасининг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақида ҳуқуқий хулоса бериш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг "E-qaror" ягона электрон тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармасига юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини ўн иш куни ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, натижалари юзасидан тегишли ҳуқуқий хулоса беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш ҳақидаги қарори лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси, зарур ҳолларда, бошқа керакли ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси юзасидан салбий хулоса берилган тақдирда, аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин мазкур қарор лойиҳаси ҳуқуқий хулоса бериш учун такроран киритилиши мумкин. Такроран киритилган қарор лойиҳаси умумий асосларда кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақидаги қарори лойиҳаси юзасидан ижобий хулоса берилган тақдирда, қарор лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси юзасидан салбий хулоса берилган тақдирда, мазкур қарор лойиҳасини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш кўриб чиқиши учун киритиш тақиқланади.

Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат бўлган кўпчилик овози билан қабул қилинади.



31-модда. Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб

қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини

бузиш тўғрисидаги қарорини эълон қилиш


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиш ҳақидаги қарори ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида:

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тугатиш тўғрисида тегишли ёзувни киритиш учун Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига;

тегишли солиқлар ва йиғимларни қайта ҳисоб-китоб қилиш учун тегишли туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисидаги қарори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг расмий веб-сайтида, бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек мазкур давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилиниши керак.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг кўчмас мулк объектини бузиш ҳақидаги қарори бузиладиган кўчмас мулк объектига нисбатан мулкий ҳуқуқларнинг ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг тугатилиши учун асос бўлади.



32-модда. Кўчмас мулк объектини бузишга

доир харажатларнинг ўрнини қоплаш учун

маблағларнинг манбалари


Кўчмас мулк объектини бузиш олиб қўйилаётган ер участкасида лойиҳани ва ишларни амалга ошириш учун мўлжалланган маблағлар ҳисобидан ташаббускор томонидан амалга оширилади.

Ҳуқуқ эгаси ташаббускор билан келишилган ҳолда кўчмас мулк объектини ўз маблағлари ҳисобидан бузиши ва қурилиш материалларини олиб чиқиб кетиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33-модда. Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер

участкасини олиб қўйиш ёки олиб қўйишни рад этиш,

шунингдек кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисидаги

қарори устидан шикоят қилиш


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш ёки олиб қўйишни рад этиш, шунингдек кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисидаги қарори устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



34-модда. Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши

билан боғлиқ низоларни ҳал этиш


Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши билан боғлиқ низолар дастлаб судга қадар тартибда Компенсация комиссиялари томонидан кўриб чиқилади.

Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши билан боғлиқ низо юзасидан ариза Компенсация комиссияси аризани олган кундан эътиборан уч иш куни ичида кўриб чиқилиши керак.

Компенсация комиссиясининг қароридан норози бўлган тараф қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.



35-модда. Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши

билан боғлиқ низо кўриб чиқилгунига қадар кўчмас

мулк объектларини бузиш тўғрисида қарорлар

қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги


Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши билан боғлиқ низо келиб чиққан тақдирда, агар мазкур низо судга қадар тартибда кўриб чиқилмаган бўлса ва мазкур низо бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлмаса, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақида қарор қабул қилиш тақиқланади.



36-модда. Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарорига

биноан олиб қўйилган ер участкаларидан мақсадсиз

фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарорига биноан олиб қўйилган ер участкаларидан фақат мазкур қарорда кўрсатилган мақсадларда фойдаланилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарорига кўра олиб қўйилган ер участкаларидан мазкур қарорда назарда тутилмаган мақсадларда фойдаланилиши тақиқланади, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Олиб қўйилган ер участкасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилишига монелик қиладиган, ташаббускор олдиндан кўра билиши мумкин бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда, мазкур ер участкасидан ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган мақсадлардан бири учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг қарорига кўра фойдаланилиши мумкин.



37-модда. Ер участкаларини компенсация эвазига

жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Ушбу Қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш тақиқланади.

Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



38-модда. Қабул қилинган маъмурий ҳужжат

қонунга хилоф деб топилган тақдирда етказилган

зарарларнинг ўрнини қоплаш


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарорлари қонунга хилоф деб топилган тақдирда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрни, биринчи навбатда, марказлаштирилган жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан қопланиб, кейинчалик ушбу маблағлар айбдор шахслардан регресс тартибида ундирилади.



39-модда. Ушбу Қонун кучга киргунига

қадар бошланган, бироқ якунланмай қолган

муносабатларнинг тартибга солиниши


Агар ер участкаларини олиб қўйиш тартиб-таомиллари ушбу Қонун кучга киргунига қадар бошланган, бироқ ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ қарор қабул қилинмаган бўлса, мазкур ер участкаларига нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган тартиб-таомиллар қўлланилади.

Агар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор ушбу Қонун кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ қабул қилинган бўлса, мазкур ер участкаларига нисбатан келишув тузиш, компенсация бериш, бузиладиган кўчмас мулкни ва олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш, кўчмас мулк объектларини бузиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш чоғида ушбу Қонуннинг 22 - 32-моддаларида назарда тутилган тартиб-таомиллар қўлланилади.



40-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



41-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



42-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 июнь


"Халқ сўзи", 2022 йил 30 июнь


































































Время: 0.2157
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск