ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) / Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва органлари /

Болалар масалалари бўйича миллий комиссия тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.07.2022 й. 363-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 6 июлдаги

363-сон қарорига

1-ИЛОВА



Болалар масалалари бўйича миллий комиссия тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг (кейинги ўринларда - Миллий комиссия) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Миллий комиссия давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек, Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссияларининг (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар) болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи орган ҳисобланади.


3. Миллий комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Миллий комиссия ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан фаолиятини ташкил этишда давлат органлари ва ташкилотларини, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.


5. Миллий комиссиянинг қабул қилган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



2-БОБ. МИЛЛИЙ КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш;

болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш;

боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш;

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш;

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг олиб бориш ва самарадорлигини ошириш;

тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш;

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш.

Миллий комиссия қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7. Миллий комиссия ўзига юкланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, қуйидаги функцияларни бажаради:


а) боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш соҳасида:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишида давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотлари, Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасалари (кейинги ўринларда - республика ўқув-тарбия муассасалари) ва жазони ижро этиш муассасаларининг фаолиятида болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлайди;

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

фарзандликка олинган, васийлик, ҳомийлик белгиланган ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг турмуш шароитлари ва уларнинг тарбияланишини назорат қилади;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланишини назорат қилади;

болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади;


б) болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш соҳасида:

болаларнинг ҳар томонлама камол топишига муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларни мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар болаларига белгиланган имтиёзлар асосида таълим олиш чора-тадбирларини белгилайди;

болалар, айниқса етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида уларнинг ижодий ва индивидуал салоҳиятларини оширишга қаратилган маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказади, болалар спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этилишини ташкил этади;

болаларни, айниқса олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган ҳамда касб эгаллаш истагини билдирган умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этади;

янги уй-жой массивларини қуриш ва лойиҳалаштиришда ўйин ва спорт майдончалари, болалар стадионлари ва болалар дам олиш зоналари қуриш учун ер майдонлари ажратилишини назорат қилиб боради;


в) боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш соҳасида:

болаларнинг оилада тарбия олиши ва уларга зарур шароитлар яратиш чораларини кўради, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлайди;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

ижтимоий етимликнинг олдини олади, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиради, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратади;

болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлигини таъминлаш мақсадида ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ғамхўрлик қилаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини кўради;


г) болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш соҳасида:

болалар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўради;

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга васий ва ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш масалаларида давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирларни амалга оширади, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилади;

ўқув-тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашади;


д) болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг олиб бориш ва самарадорлигини ошириш соҳасида:

оилада тарбияланаётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланиши мониторинги олиб борилишини назорат қилади;

давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларининг, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятини ўрганади, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича таъсир чораларини қўллайди;

Миллий комиссия қарорлари ижросини таъминламаган ҳамда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатлар бўйича уларни бартараф этиш чораларини кўрмаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдимнома киритади;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган, шунингдек, таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз қатнашмаётган болаларнинг ҳисоби юритилишини назорат қилади, бундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар беради;

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ижобий иш тажрибасини ўрганади ҳамда оммалаштириш чораларини кўради;


е) тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш соҳасида:

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминлаш, уларга васий ва ҳомий тайинлаш соҳасидаги тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлайди, уларни қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;


ж) болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш соҳасида:

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ҳамда улардан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширишда фойдаланади;

болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикасига оид чора-тадбирларни амалга оширади, назоратсиз, ота-оналар қаровисиз қолган ҳамда муайян яшаш жойига эга бўлмаган болаларни аниқлаш ва уларни жойлаштириш билан боғлиқ масалаларни ўрганади ва уларни бартараф этиш чораларини кўради;


з) давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

ҳудудий комиссияларининг йиллик иш режаларини келишади;

ҳудудий, туман (шаҳар) комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиради ва таҳлил қилади, уларга ташкилий-методик жиҳатдан кўмаклашади;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари ходимларининг касбий маҳоратини оширишга оид чора-тадбирлар кўради;

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик таъминланишини ташкил этади.

Миллий комиссия қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. МИЛЛИЙ КОМИССИЯНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Миллий комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва ташкилотларидан Миллий комиссия иши учун зарур бўлган маълумотларни, шунингдек, Миллий комиссия қарорларида белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳақидаги маълумотларни сўраб олиш;

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан тегишли чоралар кўриш;

давлат органлари ва ташкилотларида, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида болаларни сақлаш, тарбиялаш ва ўқитиш шароитларини назорат қилиш;

болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ўртасида қаровсизлик, назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид фаолият билан шуғулланадиган давлат органлари ва ташкилотларини ўрганиш;

Миллий комиссия фаолиятини ташкил этиш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва мутахассисларини жалб қилиш;

Миллий комиссия йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг Миллий комиссия фаолиятига оид масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш;

болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида давлат мактабдан ташқари таълим муассасаларида спорт ва ижодий тўгараклар ташкил этиш ҳамда болалар ушбу тўгаракларга белгиланган тартибда жалб этилишини назорат қилиш;

Миллий комиссия қарорлари ижросини таъминламаган ҳамда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича уларни бартараф этиш чораларини кўрмаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдимнома киритиш.

Миллий комиссия қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Миллий комиссия:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифларни ва мурожаатларни кўриб чиқиши;

боланинг биринчи навбатдаги манфаатидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиши шарт.

Миллий комиссия қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. МИЛЛИЙ КОМИССИЯ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Миллий комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Миллий комиссиянинг ҳамраислари ҳисобланади.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси Миллий комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Давлат органлари ва ташкилотлари, ўқув-тарбия муассасалари, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини ўрганиш ва текшириш Миллий комиссия ишчи органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


13.Миллий комиссия йиғилишлари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ташкил этилиши мумкин.


14. Миллий комиссия ҳамраиси:

Миллий комиссия фаолиятини ташкил этади;

Миллий комиссия иш режасини тасдиқлайди;

Миллий комиссия йиғилиши санасини белгилайди ва кун тартибини тасдиқлайди;

Миллий комиссия йиғилишларида навбатма-навбат раислик қилади;

Миллий комиссия ваколатига кирувчи масалалар бўйича комиссия аъзоларига ижро этиш мажбурий бўлган топшириқлар беради;

Миллий комиссиянинг фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ҳар йили бир маротаба ахборот беради.


15. Миллий комиссия раиси ўринбосари:

Миллий комиссия йиғилишларини ташкил этади ва унда кўриб чиқиладиган материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Миллий комиссия иш режаси ва қарорларининг ижросини назорат қилади;

Миллий комиссия ҳамраислари йўқлигида уларнинг вазифаларини бажаради.


16. Миллий комиссия аъзолари Миллий комиссия ваколатига кирадиган масалаларни кўриб чиқишда ва муҳокама қилишда тенг ҳуқуққа эга ҳамда қуйидагиларни амалга оширади:

Миллий комиссия йиғилишларида ва уларни ташкил этишда иштирок этади;

Миллий комиссия йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалалар билан олдиндан (йиғилишгача) танишади;

болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш ҳамда улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид фаолият юзасидан Миллий комиссия йиғилишларида ахборот беради;

давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти бўйича таклифлар беради;

Миллий комиссия ҳамраисининг топшириқларини бажаради.


17. Миллий комиссия аъзоси йиғилишда иштирок эта олмаса, кўрилаётган масала бўйича ўз фикрини олдиндан ёзма равишда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Бунда унинг фикри Миллий комиссия йиғилишида таништирилади ва йиғилиш баённомасига илова қилинади.


18. Миллий комиссия қарорлари Миллий комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Миллий комиссия ҳамраисидан бирининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


19. Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари Миллий комиссия қарорларини бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Миллий комиссияга ўн беш кун муддатда хабар беради.


20. Миллий комиссия ҳар чорак якунлари бўйича ҳудудий комиссияларнинг ҳисоботларини эшитади.

Миллий комиссия фаолияти бўйича ҳисоботларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ундаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун Миллий комиссия ҳамраислари шахсан жавобгар ҳисобланади.


21. Миллий комиссия ваколатига киритилган муҳим масалаларни самарали ва тезкор тартибда ҳал қилиш учун вақтинча ёки доимий ишловчи ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин. Ишчи гуруҳлар Миллий комиссиянинг қарори билан тузилади.

Бунда ишчи гуруҳларга жалб қилинган ходимлар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширади.


22. Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси масъул ходими Миллий комиссиянинг котиби саналади.

Миллий комиссия баённомалари ва қарорлари лойиҳалари Миллий комиссия котиби томонидан тайёрланади ва Миллий комиссия ҳамраисидан бири томонидан тасдиқланади.


23. Миллий комиссия ҳар йили ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


25. Миллий комиссияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 июль





















































Время: 0.1663
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск