ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўл хўжалиги. Йўл жамғармаси /

Йўл чизиқларини чизишга, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатишга, алмаштиришга ва уларга техник хизмат кўрсатишга аутсорсинг хизматини жалб этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.07.2022 й. 415-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 июлдаги

415-сон қарорига

2-ИЛОВА



Йўл чизиқларини чизишга, йўл ҳаракатини

ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатишга,

алмаштиришга ва уларга техник хизмат кўрсатишга

аутсорсинг хизматини жалб этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

        

      

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш ва уларга техник хизмат кўрсатишга аутсорсинг хизматини жалб этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аутсорсинг - Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг (кейинги ўринларда - эксплуатация-монтаж бўлинмалари) йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;


аутсорсер - шартнома асосида буюртмачига аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;


буюртмачи - ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари эксплуатация-монтаж бўлинмалари.


3. Буюртмачи хизматларини аутсорсингга ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:

аутсорсерни қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш;

аутсорсерга ўтказиладиган ишлар (хизматлар) сифатини ошириш;

буюртмачининг аутсорсерга берадиган ишлар (хизматлар)ни бажариш билан банд бўлган ходимлар сонини (штатини) оптималлаштириш.

Ишлар (хизматлар) аутсорсерга ўтказилишида уларнинг иқтисодий самарадорлиги ошиши ва хўжалик фаолияти харажатлари қисқариши ҳамда аутсорсерга берилган ишлар (хизматлар)нинг сифати ошиши лозим.



2-БОБ. АУТСОРСИНГ ХИЗМАТЛАРИГА

НАРХ БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


4. Аутсорсинг хизматларига ҳақ тўлаш миқдорлари буюртмачи томонидан тегишли хизматлар таннархига (иш ҳақи, иш ҳақига ажратма, моддий харажатлар, билвосита харажатлар) аутсорсернинг харажатларини қоплаш мақсадида 20 фоизгача устама ҳақни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.



3-БОБ. АУТСОРСЕРНИ ТАНЛАШ, ШАРТНОМА

ТУЗИШ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


5. Аутсорсер Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ танланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарорига мувофиқ давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатидан ташқари барча ҳолларда аутсорсерни танлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича аутсорсер энг яхши таклифларни тақдим этган талабгорлар орасидан танлаб олинади.

Танлов жараёнида катта иш тажрибасига, тегишли молиявий, моддий-техника ва логистика базасига эга бўлган талабгорларга устунлик берилади.

Аутсорсерни танлаш мақсадида танлов ўтказиш ҳамда аутсорсер ва буюртмачи ўртасида ҳисоб-китоблар мазкур Низомга иловада келтирилган схема асосида амалга оширилади.


7. Аутсорсер талабгорларига нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

тадбиркорлик субъекти бўлиши;

аутсорсинг хизмати бўйича камида уч ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларга эга бўлиши;

молиявий аҳволи барқарорлиги, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги.


8. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича шартнома буюртмачи ва аутсорсер ўртасида календарь йил учун икки нусхада тузилади.

Бунда аутсорсер томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилган ва буюртмачининг харажатлар сметасида ажратилган маблағ аутсорсерни қониқтирган тақдирда, томонларнинг келишувига кўра шартнома муддати навбатдаги календарь йил учун узайтирилиши мумкин.


9. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи миқдорида олдиндан, 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб ҳар 10 кунда, якуний ҳисоб-китоб эса - кейинги ойнинг 5 - кунига қадар амалга оширилади.



4-БОБ. АУТСОРСЕР ВА БУЮРТМАЧИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижара шартномаси доирасида бино ва иншоотларнинг ички ва ташқи қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

амалга оширилган ишлар (хизматлар) учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш;

амалга оширилган ишлар (хизматлар) учун 20 фоизгача устама ҳақни олиш;

ишлар (хизматлар) таннархининг ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;

амалга оширилган ишлар (хизматлар) натижасида фойда олиш;

буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш.

Аутсорсер қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Аутсорсер:

ижарага олинган бино ва иншоотлар, жиҳозлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланиши, сақлаши, носоз ҳолга келганда уларни ўз ҳисобидан таъмирлаши;

аутсорсинг хизматини кўрсатишда техника, ёнғин, меҳнат муҳофазаси қоида ва нормаларига қатъий риоя этиши;

ишлар (хизматлар) сифатли амалга оширилиши ва буюртмачига топширилишининг таъминлаши;

шартномани бекор қилиш ҳақида буюртмачини икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, ушбу муддат тугагунига қадар эса буюртмачининг тегишли ишларини (хизматларини) узлуксиз ташкил этишни таъминлаши лозим.

Аутсорсер зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


12. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ишларнинг (хизматларнинг) сифатли амалга оширилишини ва шартнома шартларининг бажарилишини аутсорсердан талаб қилиш;

аутсорсернинг фаолиятига аралашмаган ҳолда шартнома шартларининг бажарилишини назорат қилиш;

аутсорсер томонидан ишлар (хизматлар)ни сифатсиз амалга ошириш ҳолатларига йўл қўйилганида шартномани бекор қилиш ҳақида аутсорсерни ёзма равишда огоҳлантириш.

Буюртмачи қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Буюртмачи шартномага мувофиқ белгиланган муддат ва шартлар асосида аутсорсерга кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириши лозим.

Буюртмачи зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



5-БОБ. АУТСОРСИНГ ХИЗМАТИ КЎРСАТИЛИШИ

ЮЗАСИДАН НАЗОРАТ ВА МОНИТОРИНГНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


14. Аутсорсер томонидан техника, ёнғин, меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш аутсорсернинг маъсул ходимлари зиммасига юкланади.


15. Аутсорсинг хизматларини мониторинг қилиш буюртмачи томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда амалга оширилади.


16. Аутсорсер томонидан амалга оширилаётган ишларнинг (хизматларнинг) амалдаги стандартлар талабларига тўлиқ мувофиқлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан назорат қилинади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

         

          




Низомга

ИЛОВА



Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

томонидан аутсорсерни танлаш ҳамда ўзаро

ҳисоб-китобларни амалга ошириш схемаси

            

     

Босқичлар

      


      

Субъектлар

      


      

Тадбирлар

       


       

Муддатлар

       








      

I.АУТСОРСЕРНИ ТАНЛАШ

          








I-босқич


Ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари


        

Аутсорсерларни танлаш учун махсус ахборот порталига танлов ўтказилиши тўғрисида эълон бериш (амалга ошириладиган ишлар (хизматлар) рўйхати, уларнинг ҳажми ва бошқалар).

         


Заруратга кўра








II-босқич


Ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари томонидан тузилган харид комиссияси


      

1. Танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва энг яхшиларини танлаб олиш.


2. Танлов ғолибини аниқлаш ва баённомани расмийлаштириш.


3. Баённомадан кўчирмани (танлов натижалари) махсус ахборот порталига жойлаштириш.

       


Эълон муддати тугаган пайтдан эътиборан 10 кун муддатда

Баённома тасдиқланган кундан эътиборан 3 иш куни давомида








III-босқич


Буюртмачи (эксплуатация-монтаж бўлинмалари)


Танлов ғолиби (аутсорсер) билан йил охирига қадар амал қилиш муддати билан шартнома тузиш.


           

Танлов натижаси эълон қилинган кундан эътиборан 5 иш куни давомида

        








         

II.ҲИСОБ-КИТОБ

        








I-босқич


Буюртмачи (эксплуатация-монтаж бўлинмалари)


        

Тегишли ой учун шартнома қийматининг 15 фоизи миқдоридаги маблағни аутсорсернинг ҳисобрақамига ўтказиб бериш.

        


Ҳар ойнинг дастлабки

10 банк куни давомида








II-босқич


Аутсорсер


          

1. Кўрсатилган хизматларнинг асос-ланган ҳужжатларини расмийлаштириш.


2.Буюртмачи билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун амалда кўрсатилган хизмат-лар ҳисоб-фактурасини (бажарилган ишлар далолатномаларини) тақдим этиш.

         


Ҳар ойнинг

5 - кунига қадар








III-босқич


Буюртмачи (эксплуатация-монтаж бўлинмалари)


         

1. Асословчи ҳужжатларни (ҳисоб-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари) таққослаш.


2. Тузилган шартнома шартларига мувофиқ қолган 85 фоиз суммани хизматлар кўрсатиш ойи тугагандан сўнг тўлаш.

        


      

1. 3 иш куни давомида



2. Ҳар ойнинг

20 - кунига қадар

(ўтган ой учун)


         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 1 август






























































Время: 0.2027
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск