ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Аудит / Ички аудит /

Вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизмати тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.08.2022 й. 416-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 августдаги

416-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизмати тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом вазирлик ва идоралар ички аудит хизматининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


вазирлик ва идоралар - ички аудит хизмати ташкил этилган бюджет маблағларини тақсимловчилар ва давлат мақсадли жамғармалари;

ички аудит хизмати - вазирлик ва идораларда ички аудит фаолиятини амалга оширувчи ҳамда бошқа таркибий тузилмалардан мустақил таркибий бўлинма;


ички аудит фаолияти - вазирлик ва идораларда бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, бюджет тизими бюджетлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашга қаратилган мустақил фаолият;


ички аудит объекти - ички аудит тадбири амалга оширилиши назарда тутилган вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, тизим ташкилотлари ҳамда тасарруфидаги бюджет ташкилотлари;

ички аудит тадбири - ички аудит объектларида ички аудит хизмати мақсадларига эришишга қаратилган ички аудит хизмати ходими томонидан амалга ошириладиган жараён.


3. Ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, ўзлари фаолият юритаётган вазирлик ва идоранинг қарорлари, буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


4. Ички аудит хизмати ўзи ташкил этилган вазирлик ва идорада ички аудит фаолиятини амалга оширишга масъул ҳисобланади.


5. Ички аудит хизмати вазирлик ва идораларнинг асосий фаолияти натижаларига жавобгар ҳисобланмайди ҳамда уларга асосий фаолият йўналишидан ташқари қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бошқа функцияларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди.

6. Ички аудит хизмати томонидан ички аудит мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш учун ички аудит объектларида, шу жумладан, фуқаролар иштирокидаги аудит тизими орқали аниқланган объектларда ички аудит тадбирларини ўтказади, натижаларини расмийлаштиради ҳамда таклиф ва тавсиялар тайёрлайди.

Ички аудит тадбирлари вазирлик ва идора раҳбари томонидан тасдиқланган ички аудит йиллик режаси асосида ўтказилади.


7. Вазирлик ва идоралар томонидан ички аудит хизмати тўғрисидаги низом ушбу низомга мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ички аудит тадбирлари ички аудитнинг миллий стандартлари ва ички аудит тадбирларини ўтказиш қўлланмаси асосида ўтказилади.


2-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА ИДОРАЛАРНИНГ ИЧКИ

АУДИТ ХИЗМАТЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Ички аудит хизмати вазирлик ва идоралар марказий аппаратида мустақил таркибий тузилма сифатида ташкил этилади.

Бунда ички аудит хизматини ташкил этмасдан ички аудит фаолиятини бошқа таркибий тузилмаларга юклашга йўл қўйилмайди.


9. Ички аудит хизмати бевосита вазирлик ва идоранинг биринчи раҳбарига бўйсунади.

Ички аудит хизмати фаолиятига вазирлик ва идораларнинг бошқа мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.


10. Ички аудит хизматининг ходими лавозимига ички аудит бўйича миллий малака сертификатига эга бўлган шахслар қабул қилинади. Малака сертификатига эга бўлмаган шахсларнинг ички аудит хизматининг ходими лавозимига ишга қабул қилишга ҳамда уларнинг ушбу тизимларда фаолият юритишига йўл қўйилмайди.


11. Ички аудит хизмати ходимига қуйидаги ҳолларда ички аудит тадбирларида иштирок этишга ёки ушбу тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди:

ички аудит тадбирини ўтказиш назарда тутилган ички аудит объектида шахсий ёки мулкий манфаатлари бўлса;

ички аудит объектида ишлаган даври шу объектда ўтказилиши режалаштирилган ички аудит тадбирлари билан қамраб олинган бўлса;

манфаатлар тўқнашуви ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка сабаб бўладиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.



3-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Ички аудит хизматининг асосий мақсади вазирлик ва идораларда бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини профилактика қилиш, бюджет харажатларининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш ҳамда ички аудит фаолияти соҳасидаги ҳужжатлар ижросини таъминлашдан иборат.


13. Қуйидагилар ички аудит хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таҳлил қилиш ва баҳолаш, бюджет ҳисобининг юритилиши ҳамда молиявий ҳисоботлар шакллантирилишини ўрганиш орқали бюджет интизомини мустаҳкамлаш;

масофавий аудитни қўллаган ҳолда, бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш хавфларини аниқлаш, минималлаштириш, уларни содир этишга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш орқали бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари профилактикасини амалга ошириш;

ривожлантириш дастурларининг самарадорлиги натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали бюджет харажатларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш;

вазирлик ва идораларни молиялаштириш жараёнига ахборот технологиялари татбиқ этилишини баҳолаш орқали улардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


14. Ички аудит хизмати ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таҳлил қилиш ва баҳолаш, бюджет ҳисобининг юритилиши ҳамда молиявий ҳисоботлар шакллантирилишини ўрганиш орқали бюджет интизомини мустаҳкамлаш бўйича:

бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш жараёнини, яъни харажатлар сметаси ва жамланма харажатлар сметаси, даромадлар ва харажатлар сметаси, штатлар жадвали ҳамда уларга қўшимча ҳужжатларни тузиш, тасдиқлаш ва ижро этиш тартиби ва жараёнларини ўрганади ва баҳолайди;

бюджет тизими бюджетлари маблағларининг уларни олиш (улардан фойдаланиш) шартларига мувофиқ бўлган мақсадларга йўналтирилишини ўрганади;

меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича белгиланган разрядларга, лавозим маошлари, устамалар, иш ҳақига қўшимчалар ва бошқа тўловлар миқдорларига риоя этган ҳолда, тўловлар амалга оширилишини таҳлил қилади;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар нормативларга мувофиқ харажатлар сметасига киритилишини ўрганади;

ходимларнинг белгилаб қўйилган чекланган умумий сонига, ходимларнинг тоифалари ўртасидаги ўзаро нисбат нормативларига, намунавий штат нормативларига, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибига, тарификация рўйхатларини тузишнинг белгиланган тартиби ва нормативларига риоя этилишини ўрганади;

кўрсатилаётган давлат хизматлари турлари ва сифатини ўрганиш орқали маблағлар иқтисод қилиниши ва мақбуллаштирилиши бўйича таклиф тайёрлайди;

молиявий ҳисоботларнинг ишончлилиги, асосланганлиги, тўлиқлиги ҳамда тўғри шакллантирилганлигини ўрганиш орқали улар юзасидан раҳбариятга ишончли маълумотлар тақдим этади;

асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик юзасидан мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликлар ҳолати ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда манбаларини ўрганиш орқали барча турдаги дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш ва уларнинг юзага келишига йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

активлардан фойдаланиш ва уларнинг сақланишини баҳолаш орқали уларни доимий бутлиги ва ишга яроқлилигини ўрганади ҳамда уларнинг натижалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

аниқланган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари статистикасини юритади ва улар юзасидан вазирлик ва идора раҳбарини хабардор қилиб боради;

давлат харидларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини ҳамда харид комиссиялари фаолиятини ўрганади;

харид қилинган товарлар мақсадга мувофиқлиги, тўғри кирим қилиниши, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини ўрганади;

хўжалик шартномаларини бажармаганлик ёки тегишли даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарликлари бажарилишини ўрганади;

фаолият ва уни молиявий таъминлашни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлиги эҳтимолини ўрганади;

бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича ўз ваколатлари доирасида тушунтириш ва тавсиялар беради;

ички аудит тадбири натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан киритилган таклиф ва тавсиялар бажарилишини назорат қилади;

давлат молиявий назорат органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари билан ҳамкорлик қилади;

молия-бухгалтерия ходимлари таркибини мустаҳкамлаш масалалари бўйича тавсиялар тайёрлайди;


б) масофавий аудитни қўллаган ҳолда, бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш хавфларини аниқлаш, минималлаштириш, уларни содир этишга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш орқали бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари профилактикасини амалга ошириш бўйича:

масофавий аудитни кенг кўламда қўллаш, замонавий ахборот технологиялари ва маълумотлар базаси воситасида ички аудит объектлари ва йўналишларини аниқлаш йўли билан ички аудит тадбирлари самарадорлигини оширади;

хавф таҳлилини амалга ошириш орқали маблағлардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

молиявий таъминлашни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзаро номувофиқликлар, камчиликлар ва бўшлиқларни аниқлаш орқали уларни бартараф этиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

давлат молиявий назорат органлари томонидан ўтказилган молиявий назорат ва ташқи аудит натижалари бўйича аниқланган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик ва олдини олиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

бюджет ташкилотларида бюджет маблағлари бошқарилиши ва бюджет ҳисоби юритилишини махсус автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлар воситасида мониторинг қилади;

махсус ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, тендер (танлов) савдоларининг ўтказилиши ва шартномалар тузилишини мониторинг қилади;

бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари профилактикаси ва уларнинг олдини олишни назарда тутадиган истиқболли йўналишлар бўйича таклифлар беради;

молиявий-иқтисодий масалаларга тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида вазирлик ва идоралар вазифаларининг тўлиқ ҳажмда, ўз муддатида ва сифатли бажарилишини, иқтисодий тежамкорлик, молиявий мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан кўриб чиқади;

молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олиш мақсадида масофавий аудитнинг махсус модулларини ишлаб чиқиш ва дастурий мажмуаларга жойлаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

соҳага оид семинарлар, тренинглар ва бошқа шу каби тадбирларда иштирок этади ва/ёки уларни ташкил қилади;


в) ривожлантириш дастурларининг самарадорлиги натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали бюджет харажатларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича:

вазирлик ва идораларнинг ривожлантириш дастурларининг самарадорлик (мақсадли) индикаторлари ижроси натижаларини таҳлил қилади ва баҳолайди ҳамда соҳага тааллуқли самарадорликнинг янги индикаторларини жорий этиш юзасидан таклифлар киритади;

давлат қарзи ва грантлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ўрганади;

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган объектларда амалга оширилаётган қурилиш ишларини мониторинг қилади;

вазирлик ва идораларнинг вазифаларини бажариш учун шакллантирилган таркибий тузилма ва унинг таркибидаги лавозимлар, бўйсунув ва ҳисобдорликни яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

вазирлик ва идораларнинг такрорланувчи ва самарасиз вазифа ҳамда функцияларини аниқлаш ва баҳолаш орқали уларни оптималлаштириш, давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритишни йўлга қўйиш ёки тўлиқ хусусий секторга ўтказиш бўйича таклиф ва тавсиялар беради;

мавжуд моддий, молиявий ва инсон ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда юқори натижадорликка эришиш, хусусан, қўшимча фаолиятни ташкил этиш орқали бюджетдан ташқари жамғармаларга даромадларни шакллантириш ва ошириш имкониятлари бўйича таклиф киритади;

бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш юзасидан таҳлиллар ўтказиш орқали даромадларни ошириш ва маблағлардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

бюджет тизими бюджетларидан субсидиялар ажратилиши мақсадга мувофиқлигини, ажратилаётган субсидияларнинг мақсадлилиги ва манзиллилигини ҳамда самарадорлигини баҳолайди;


г) вазирлик ва идораларни молиялаштириш жараёнига ахборот технологиялари татбиқ этилишини баҳолаш орқали улардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича:

дастурий таъминотлар ва ахборот технологияларининг татбиқ этилиш ҳолатини баҳолайди ҳамда вазирлик ва идоралар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мослигини ўрганади;

дастурий таъминотлардан олинадиган молиявий маълумотлар тўғри ва тўлиқ шаклланганлигини баҳолайди;

дастурий мажмуалардан фойдаланиш тартиблари, босқичлари ва жараёнлари самарадорлигини баҳолаш орқали уларни мақбуллаштириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни татбиқ этиш орқали фаолиятнинг янада самарадор ва натижадор бўлишини таъминлашга қаратилган таклифлар тайёрлайди.



4-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Ички аудит хизматлари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ички аудит фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни электрон, оғзаки ва ёзма шаклда сўраш ва олиш;

ўз ваколатларини мустақил равишда, фақат қонунчилик ҳужжатларига бўйсунган ҳолда амалга ошириш;

ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун реал вақт режимида давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасидан фойдаланиш;

ички аудит объекти мансабдор шахси ҳамда ички аудит тадбири ўтказилаётган соҳага масъул бўлган шахслардан юзага келаётган масалалар бўйича тушунтириш олиш;

ички аудит объектларининг тегишли ҳодимларидан ички аудит тадбирлари натижалари бўйича ҳужжатларни имзолашни сўраш;

давлат молиявий назорат органлари билан ички аудит объекти фаолиятига доир маълумотларни алмашиш;

ички аудит фаолиятини амалга оширишда махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун вазирлик ва идораларнинг тузилмасидаги мутахассисларни жалб этиш;

ички аудит тадбирларини ўтказиш мақсадида қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳолларда, ички аудит объектининг барча биноларига, шунингдек, электрон ва қоғоз архивлари ҳамда дастурий мажмуаларига кириш ва улардан фойдаланиш;

вазирлик ёки идоралар томонидан чақириладиган молиявий-иқтисодий масалаларга тегишли йиғилишларда иштирок этиш;

жиноят аломатлари аниқланган ҳолларда, касса ва касса бинолари, омборлар, архивлар ва бошқа биноларни муҳрлаш, қалбакилаштириш, сохталаштириш ва бошқа суистеъмолликлар аломатлари аниқланган тақдирда, ички аудит объектидан тегишли ҳужжатларни олиб қўйиш, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг мансабдор шахсларидан асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китоблар хатловдан ўтказилишини талаб қилиш;

ички аудит фаолияти натижаларини қайд этиш учун техник воситалардан, шу жумладан, аудио-фото ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиш;

ички аудит хизматининг ходими билан ички аудит тадбирларини ўтказишга йўл қўйилмайдиган ҳолатлар юзага келган тақдирда, ички аудит тадбирини ўтказишни рад этиш, тўхтатиш;

вазирлик ва идоралар тизимидаги молиявий-иқтисодий масалалар бўйича тузилмалар билан ҳамкорликда ходимларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган учрашувлар, семинарлар, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

ички аудит фаолиятига тааллуқли бўлган ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун вазирлик ва идоралар раҳбарларига киритиш.

Ички аудит хизмати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Ички аудит хизматлари:

ички аудит фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш, ўз ваколат доирасидан четга чиқмаслик;

ички аудит тадбирларини холис, субъектив фикрларнинг таъсир қилишига йўл қўймаган ҳолда амалга ошириш;

ички аудит хизмати ходимлари томонидан ички аудит хизмати обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширмасдан ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда ички аудит тадбирлари ўтказилишини таъминлаш;

аниқланган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари, молиявий хато ва камчиликлар, мақсадсиз ва ноқонуний харажатлар, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомади юзасидан тўғридан-тўғри вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарига хабар бериш;

жиноят аломатлари, коррупцияга доир ҳуқуқбузарликлар аломатлари (шу жумладан, ички аудит тадбирини амалга оширган шахслар томонидан) аниқланган тақдирда, тегишли чоралар кўриш (ҳужжатлаштириш, олдини олиш чораларини кўриш) ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материалларни юбориш юзасидан вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарини хабардор қилиш;

ички аудит фаолияти натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, асослилиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

ички аудит фаолиятини амалга оширишда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;

ички аудит тадбирлари натижаларини белгиланган тартибда расмийлаштириш;

олинган ҳужжатларнинг бут сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

мунтазам равишда ички аудит тадбири натижалари юзасидан вазирлик ва идора раҳбарига маълумотлар киритиш;

"Давлат аудити" дастурига ички аудит тадбирлари режалари киритилишини, барча ички аудит тадбирлари рўйхатдан ўтказилишини ва уларнинг натижалари, бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари ижросини баҳолаш натижалари киритилишини таъминлаш;

бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини, уларни содир этишга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ички аудит объектларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;

бир иш куни ичида ўзи аниқлаган ва ваколати доирасида ҳал этиш имкони бўлмаган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари юзасидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясини хабардор қилиш;

хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва тегишли даражада бажармаганлик учун "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган жавобгарлик чораларини қўллаш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясини хабардор қилиш;

ички аудит тадбирида аниқланган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини мониторинг қилиб бориш;

ички аудит тадбирларини ўтказиш вақтида сўралган ҳужжат ва материалларни вазирлик ва идоралар мансабдор шахслари томонидан тақдим этмаслик ҳолатлари бўйича далолатномалар тузиш;

ички аудит объекти мансабдор шахсларининг тушунтиришлар бериш ва ички аудит тадбири натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашдан бош тортганликлари тўғрисида далолатнома тузиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъи риоя қилиш;

давлат, тижорат ва хизмат сирларини ошкор этмаслик;

белгиланган вазифа ва функцияларини бажаришда коррупция ҳолатларининг, шу жумладан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чораларини кўриш;

иш юритишни белгиланган тартибда олиб бориш, ички аудит тадбирлари бўйича тўпланган ҳужжатларнинг нусхасини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатда сақлаш ҳамда ҳисобини юритиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ўз фаолияти юзасидан сўралган бошқа маълумотларни тақдим этиш бўйича мажбуриятларга эга.

Ички аудит хизмати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



5-БОБ. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ ҲИСОБДОРЛИГИ


17. Ички аудит хизмати вазирлик ва идораларнинг бевосита биринчи раҳбарларига ҳисобдордир.


18. Вазирлик ва идоралар томонидан Молия вазирлигига ички аудит хизмати фаолияти натижалари юзасидан ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасигача чораклик ҳисобот ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 январига қадар йиллик ҳисобот тақдим этилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


20. Мазкур Низомнинг 7-банди 2022 йил 1 сентябрдан ва 10-банди 2024 йил 1 апрелдан бошлаб амал қилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 1 август





















































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск