ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқарув /

Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.08.2022 й. 422-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 2 августдаги

422-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Спортни

ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан

ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

маблағларини шакллантириш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Молия вазирлиги Ғазначилигида жамғарма учун очилган Спортни ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик)нинг шахсий ғазна ҳисобварағида, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Спортни ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2022 йил 18 февралдаги ПҚ-136-сон қарорига мувофиқ Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

муассиси Вазирлик ҳисобланган ташкилотлар (кейинги ўринларда - тизим ташкилотлари) ихтиёрида солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;

хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган тегишли маблағлар;

тизим ташкилотларининг мол-мулкини (бундан кўчмас мулк мустасно) сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи;

тизим ташкилотларининг мол-мулкини ижарага беришдан тушган бюджетга йўналтирилаётган маблағларнинг 50 фоизи;

тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган Давлат бюджети маблағларининг, шунингдек, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;

тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари, талон-торож, растраталар, камомадлар суммалари;

тизим ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

спорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларнинг 3 фоизи (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар бундан мустасно) Жамғармага йўналтирилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ушбу маблағларни ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15 санасига қадар Жамғармага ўтказиб боради. Бунда, тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини мақсадли молиялаштириш мақсадида:

"2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунда Савдо-саноат палатасига ажратиш назарда тутилган маблағлар 2022 йилда Жамғармага ўтказиладиган маблағлардан чегириб қолган ҳолда;

2023 йилдан бошлаб, Савдо-саноат палатаси Президиуми томонидан белгиланган, бироқ тушумнинг (Жамғармага тушадиган 3 фоиз қисмидан) 10 фоизидан ошмаган миқдори Савдо-саноат палатасига мақсадли йўналтирилади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарма маблағларидан ҳар йили Вазирлик томонидан тасдиқланадиган ва Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказиладиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ фойдаланилади.


6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

спорт соҳасидаги мақсадли дастурларни молиялаштиришга;

Вазирлик, унинг тизим ташкилотлари бино ва иншоотларини қуриш ва таъмирлашга, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга (мебель, оргтехника, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва бошқалар) ҳамда жорий сақлаш харажатларига;

янги спорт иншоотларини қуриш ва фойдаланишга топширишга;

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

вакиллик харажатлари ва совғалар харид қилишга;

Вазирликка фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлаш учун мутахассисларни, шу жумладан хорижий экспертларни ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни шартномалар орқали жалб этишга;

спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан Вазирлик марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари ходимларининг соҳавий хорижий ўқув марказларида ва таълим ташкилотларида стажировкадан ўтишга, конференция, семинар ва бошқа тадбирларда иштирок этишига;

спорт соҳасига доир рақамлаштириш тизимини юритиш ва уни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;

Вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга (мукофотлар тўлаш, маошларга устамалар белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар), бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳисобланган ва тўланган ўртача иш ҳақига қўшилган ва ижтимоий суғурта бадаллари (ижтимоий солиқ) ҳисобланган, меҳнат таътили ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳамда бошқа тўловларга;

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ўз уй-жойига эга бўлмаган ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўловларни компенсация қилишга;

Вазирлик томонидан ўз тизимида ташкил этиладиган давлат унитар корхоналари ва давлат муассасаларини сақлаш харажатлари, уларнинг устав жамғармаларини шакллантириш ҳамда тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида уларнинг уставларига мувофиқ улар томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) учун тўловларни амалга оширишга;

Вазирлик ва тизим ташкилотларига авиачипталар харид қилиш, хизмат сафарлари харажатларини қоплаш, аъзолик бадалларини тўлаш, хорижий адабиётлар харид қилиш ва қонунчиликда назарда тутилган хорижий валютадаги бошқа харажатларга ҳақ тўлаш учун хорижий валютада маблағлар ажратишга;

нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш, улар фаолиятини рағбатлантириш, спорт соҳасидаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, шунингдек, спорт федерация (ассоциация)ларининг халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини спортни ривожлантириш вазирининг (кейинги ўринларда - Вазир) буйруғи билан тўлаб беришга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари асосида спорт соҳасидаги тадбирлар билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш (қоплаш), шунингдек, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш ва молиялаштиришга;

юқори натижага эришган спортчилар ва уларнинг тренерларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида эсдалик совғалари харид қилиш, пул кўринишида мукофотлар тўлашга;

Вазирлик тизимидаги таълим муассасаларининг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим ва ногиронлиги бўлган талабалари (ўқувчилари)ни қўллаб-қувватлаш мақсадида стипендиялар тўлашга (стипендиялар миқдори Вазир буйруғига асосан белгиланади);

Вазирликнинг касаба уюшмасига жамоа шартномасида (келишувида) белгиланган мақсадлар ва миқдорларда маблағлар ўтказишга.

Спорт соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан боғлиқ бўлган бошқа тадбирларни молиялаштиришга.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ХОДИМЛАРНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА УЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ЙЎНАЛТИРИШ


7. Жамғарма маблағлари ҳисобидан Вазирлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спортни ривожлантириш бош бошқармалари, туман (шаҳар) спортни ривожлантириш бўлимлари, шунингдек, тизим ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш Жамғарма молиявий ҳолатидан келиб чиқиб қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

кўп йиллик ишлаганлик учун қўшимча ҳақ ва устамалар тўлаш;

қонунчиликда белгиланган байрам кунларда ва бошқа муҳим саналарда бир марталик пул мукофоти билан мукофотлаш;

лавозим маошларига ҳар ойлик белгиланадиган шахсий устама тўлаш;

ишда муваффақиятларга эришганлиги ва муҳим топшириқларни бажарганлиги учун алоҳида ходимларни мукофотлаш;

овқат пули учун тўлов;

йўлкира харажатлари учун тўлов;

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ўз уй-жойлари бўлмаган ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўловларни компенсация қилиш;

моддий ёрдам кўрсатиш.


8. Вазирлик марказий аппарати ходимларига Жамғарма ҳисобидан, қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (устама ва рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

1 йилдан 3 йилгача - 0,3;

3 йилдан 5 йилгача - 0,6;

5 йилдан 10 йилгача - 0,8;

10 йилдан 15 йилгача - 1,0;

15 йилдан 20 йилгача - 1,2;

20 йилдан юқори - 1,5.

Бунда, кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўловлари коэффициентини ҳисоблашда Вазирлик марказий аппарати ходимларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар (якка тадбиркор ва ўзини узи банд қилиб ишлаган давридан ташқари) барча ташкилотлардаги расмий меҳнат фаолияти даври ҳисобга олинади.


9. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари қуйидаги байрамлар ва муҳим саналар муносабати билан мукофотланади.

1 январь - Янги йил;

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни;

21 март - Наврўз байрами;

9 май - Хотира ва қадрлаш куни;

Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр);

Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа);

1 сентябрь - Мустақиллик куни;

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни;

8 декабрь - Конституция куни.

Бунда, ходимларга бериладиган мукофот миқдори Вазир томонидан белгиланади.


10. Вазирлик марказий аппарати ходимларига Жамғарма ҳисобидан қуйидаги устама ва рағбатлантириш чоралари белгиланади:

ташаббускорлик ва меҳнат натижалари бўйича ҳар ойда шахсий устама тўловлари лавозим маошининг (устама ва рағбатлантириш коэффициенти ҳамда кўп йиллик ишлаганлик учун устамани ҳисобга олган ҳолда) - икки юз эллик фоизигача бўлган миқдорда;

хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарганлиги, ижро интизомига риоя этилганлиги, уз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси ва хизмат вазифаларини самарали бажариш тизимини жорий этганлиги ҳамда моддий жавобгарлиги юқори бўлган ходимларга ҳар чоракда лавозим маошининг (устама ва рағбатлантириш коэффициенти ҳамда кўп йиллик ишлаганлик учун устамани ҳисобга олган ҳолда) - икки юз фоизигача бўлган миқдорда.

Мазкур бандда назарда тутилган устамалар ходим ишга кирган ойнинг кейинги ойидан бошлаб қўлланилади.


11. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари алоҳида муваффақиятларга эришганлиги ва муҳим топшириқларни бажарганлиги учун чорак якунлари бўйича лавозим маошининг (устама ва рағбатлантириш коэффициенти ҳамда кўп йиллик ишлаганлик учун устамани ҳисобга олган ҳолда) икки юз фоизигача миқдорда мукофотланади.

Устама ва рағбатлантириш чоралари жорий қилинадиган ходимлар тоифаси, тартиби ва уларга бериладиган устама ва рағбатлантириш миқдори Вазир томонидан белгиланади.


12. Вазирлик ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда овқат пули ҳамда йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда йўлкира пули берилади.


13. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларига Вазирлик касаба уюшмасинииг илтимосномасига биноан қуйидаги шароитлар ва миқдорларда моддий ёрдам кўрсатилади:

а) ходимнинг юбилей саналари (50, 55, 60, 65, 70) муносабати билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари;

б) ходимнинг ўзи оила қурганда ёки фарзандининг тўйи муносабати билан (никоҳ гувоҳномасига асосан) базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари;

в) ходим вафот этганда унинг турмуш ўртоғи ёки қонуний вакилига базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари;

г) Оила кодексига мувофиқ ходимнинг яқин қариндошлари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шунингдек, ака-укалари, опа-сингиллари) вафот этганда (ўлим тўғрисидаги гувоҳномага асосан) базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари;

д) алоҳида эҳтиёж туғилгаида (бахтсиз ҳодиса, авария, узоқ муддатли касаллик сабабли махсус даволаниш ва соғлиқни қайта тиклашга, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол ва бошқа ҳолатлар) базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари;

е) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун йилда бир марта (қоида тариқасида куз ойларида) базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида.


14. Соҳа ривожланишида алоҳида хизмат кўрсатган ходимларга меҳнат таътили даврида оиласи (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) билан санатор-курорт зоналарида дам олиши билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилиши мумкин.

Бунда, ушбу харажатларнинг қоплаб бериладиган қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ошмаслиги лозим.


15. Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ўз уй-жойига эга бўлмаган ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача бўлган миқдорда компенсация тўловлари амалга оширилади.

Бунда, ходим (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари)нинг номида уй-жой мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва ижара шартномаси нусхаси тақдим этилиши лозим.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

БОШҚАРИШ ТАРТИБИ


16. Жамғармани бошқариш фаолияти Жамғарма кенгаши томонидан амалга оширилади.

Жамғарма кенгаши Вазир (Кенгаш раиси) ҳамда унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларидан иборат таркибда Вазир томонидан тасдиқланади.


17. Қуйидагилар Жамғарма кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарманинг кейинги йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш;

чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларининг тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғармадан маблағ олиш учун келиб тушган талабномалар бўйича маблағ ажратилиши юзасидан қарорларни қабул қилиш;

Жамғармани қўллаб-қувватлаш ва унга хорижий кредитларни ҳамда грантларни жалб этиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва уларни тасарруф этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.



6-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН

ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


18. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Вазирликнинг Молия-иқтисодиёт бошқармаси томонидан амалга оширилади.


19. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Вазирликнинг Комплаенс назорат ва ички аудит бўлимига юклатилади.


20. Вазирлик белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.


21. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва хорижий валютада жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Ушбу Низомнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


23. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 август















































Время: 0.2319
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск