ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 04.08.2022 й. ЎРҚ-787-сон "Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.05.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 08.07.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

04.08.2022 й.

N ЎРҚ-787



СОЛИҚ МАСЛАҲАТИГА ОИД ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 24 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 8 июлда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади солиқ маслаҳатига оид фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчилик


Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


солиқ маслаҳатчисининг малака сертификати - солиқ маслаҳатчисининг малакасини тасдиқловчи ва солиқ маслаҳатчилари ташкилоти номидан солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;


солиқ маслаҳатига оид фаолият - солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолияти;


солиқ маслаҳатига оид хулоса - солиқ маслаҳатига доир шартномада назарда тутилган хизматларни кўрсатган солиқ маслаҳатчисининг фикрини ўз ичига олган ҳужжат;


талабгор - солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун даъвогар бўлган жисмоний шахс.



4-модда. Солиқ маслаҳатига оид

фаолиятнинг асосий принциплари


Солиқ маслаҳатига оид фаолиятнинг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, касбий билимга эгалик ва махфийликдан иборатдир.



5-модда. Қонунийлик принципи


Солиқ маслаҳатига оид фаолият Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.



6-модда. Мустақиллик принципи


Солиқ маслаҳатига оид фаолият давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар таъсиридан мустақил бўлиши керак.

Солиқ маслаҳатчилари ўз фаолиятининг мустақиллигига монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатишни рад этиши мумкин.



7-модда. Касбий билимга эгалик принципи


Солиқ маслаҳатчилари касбий билимлар ва кўникмаларга эга бўлиши ҳамда уларни солиқ маслаҳатчилари ташкилоти таркибида солиқ маслаҳати бўйича сифатли хизматлар кўрсатиш учун етарли бўлган даражада сақлаб туриши керак.



8-модда. Махфийлик принципи


Солиқ маслаҳатчилари солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш жараёнида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни солиқ маслаҳати бўйича ўзига хизматлар кўрсатилган шахсларнинг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳамда ўзгаларга беришга ҳақли эмас.



9-модда. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар


Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

мижозга (ишонч билдирувчига) солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш, солиқ ҳисоботини тайёрлаш ва тақдим этиш масалалари бўйича маслаҳат беришни;

солиқ ҳисоботини (декларациясини) тайёрлашни, шу жумладан солиқ ҳисоботини (декларациясини) мижоз (ишонч билдирувчи) номидан унинг шахсий кабинети орқали тақдим этишни;

ортиқча ундирилган ёки ортиқча тўланган солиқлар ҳисобидан солиқ қарзини қайтариш ва (ёки) тўлаш, солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун солиқ органларига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларни қонунчиликда белгиланган ҳолларда тайёрлашни;

солиқ ҳисобини юритишни;

солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлашни;

солиққа оид ва молиявий таваккалчиликларни таҳлил қилишни ҳамда баҳолашни, мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ имтиёзларини қўллашга доир тавсиялар тақдим этишни;

судларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган иқтисодий, фуқаролик, жиноят ишларини ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда вакиллик қилишни;

мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан ўз солиқ мажбуриятлари муайян давр учун, шу жумладан ихтиёрий равишда тугатилаётганда тўғри бажарилишини текширишни;

солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни.

Қуйидагилар солиқ маслаҳати бўйича хизмат ҳисобланмайди:

солиқ органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат органлари томонидан ўз ваколатларини амалга ошириш доирасида солиқ тўғрисидаги қонунчиликни тушунтириш;

солиқ солиш масалалари бўйича адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш, шу жумладан судда ва бошқа давлат органларида вакиллик қилиш.



2-БОБ. СОЛИҚ МАСЛАҲАТИГА ОИД ФАОЛИЯТ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


10-модда. Солиқ маслаҳатига оид фаолият

соҳасидаги ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги солиқ маслаҳатига оид фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

ўз ваколатлари доирасида солиқ маслаҳатига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек миллий стандартларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини (бундан буён матнда малака сертификати деб юритилади) олиш учун малака имтиҳонларини ўтказишни ҳамда талабгорларни ўқитишни ташкил этишда техник ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси


Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси (бундан буён матнда Солиқ маслаҳатчилари палатаси деб юритилади) ушбу Қонун билан ўз зиммасига солиқ маслаҳати соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича функциялар юклатиладиган, солиқ маслаҳатчиларининг, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ихтиёрий аъзолиги асосида ташкил этиладиган касбий бирлашмадир.

Солиқ маслаҳатчилари палатасининг фаолияти ушбу Қонун билан тартибга солинади ва унинг уставида белгиланади.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси аъзолари ўз фаолиятини амалга оширишда мустақиллигини сақлаб қолади.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳудудий ва ҳудудлараро ваколатхоналар ва (ёки) филиаллар ташкил этиши мумкин.

Солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормалар ва қоидаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Солиқ маслаҳатчилари палатаси билан келишилади.



12-модда. Солиқ маслаҳатчилари палатасининг

асосий вазифалари ва функциялари


Солиқ маслаҳатчилари палатасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

солиқ маслаҳатчиларининг ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг манфаатларини ифодалаш;

солиқ маслаҳатчиларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг касбий даражасини ривожлантириш;

малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштиришва унинг амал қилишини тугатиш;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ва солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришда иштирок этиш.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси қуйидаги функцияларни бажаради:

солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритади;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг реестрини юритади;

ушбу Қонун 23-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган, солиқ маслаҳатига оид хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг рўйхатини юритади;

солиқ маслаҳатининг миллий стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ва солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

амалга оширилаётган фаолияти билан боғлиқ йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, ўз аъзоларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Cолиқ маслаҳатчилари палатаси ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган реестрларни, шунингдек рўйхатни шакллантириш ҳамда юритиш тартибини белгилайди.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси ўқув жараёнига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва солиқ маслаҳатига ўқитишни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан ушбу талабларга риоя этилиши мониторингини улар билан тузилган шартнома асосида амалга оширади.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси қонунчиликка ва ўз уставига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



13-модда. Солиқ маслаҳатчиларининг ва солиқ

маслаҳатчилари ташкилотларининг

реестрларини юритиш


Солиқ маслаҳатчилари палатаси солиқ маслаҳатчиларининг реестрини электрон шаклда юритади, унга қуйидаги ахборот киритилади:

солиқ маслаҳатчисининг фамилияси, исми, отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

солиқ маслаҳатчисининг иш жойи;

малака сертификатининг рақами ва берилган санаси;

солиқ маслаҳатчисининг ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

малака сертификатини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тугатиш, уни бекор қилиш ва малака сертификатининг дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.

Ваколатли давлат органининг ва Солиқ маслаҳатчилари палатасининг расмий веб-сайтларига солиқ маслаҳатчилари реестридаги очиқ маълумотлар танишиб чиқиш учун жойлаштирилади, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

солиқ маслаҳатчисининг фамилиясини, исмини, отасининг исмини;

малака сертификатининг рақамини ва берилган санасини;

малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни.

Солиқ маслаҳатчилари палатаси солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг реестрини электрон шаклда юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг телефон рақами;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг электрон манзили ва расмий веб-сайти (мавжуд бўлган тақдирда);

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг идентификация рақами;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш рақами ва санаси;

солиқ маслаҳатчилари ташкилоти раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбарига берилган малака сертификатининг рақами ва берилган санаси.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг реестридаги мавжуд ахборот танишиб чиқиш учун очиқдир.



14-модда. Эксперт кенгаши


Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳузурида Солиқ маслаҳатчиларининг эксперт кенгаши (бундан буён матнда Эксперт кенгаши деб юритилади) ташкил этилади.

Эксперт кенгашининг фаолияти Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан тартибга солинади.

Эксперт кенгаши таркибига солиқ маслаҳатчилари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, юриспруденция соҳасидаги мутахассислар киради.

Эксперт кенгашинингасосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

солиқ тўловчилар ва назорат қилувчи органлар ўртасида мунтазам равишда юзага келаётган солиққа оид низолар бўйича хулосани кўриб чиқиш ҳамда бериш;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни эксперт баҳолаш;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Эксперт кенгашининг солиққа оид низолар бўйича хулосалари назорат қилувчи органлар томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинади.



15-модда. Солиқ маслаҳатига оид фаолиятнинг кафолатлари


Учинчи шахсларнинг солиқ маслаҳатчилари фаолиятига аралашиши, улардан хизматлар кўрсатиш чоғида олинган бирон-бир маълумотни талаб қилиш, шунингдек бундай маълумотларни солиқ маслаҳатчиларининг ёрдамчиларидан ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш жараёнида иштирок этаётган бошқа шахслардан талаб қилиш тақиқланади.

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатаётган шахслардан мазкур хизматлар кўрсатилиши муносабати билан тайёрланган ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчиси ва унинг ёрдамчиси ўз касбий вазифаларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчилари ва уларнинг ёрдамчилари суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан экспертлар ва мутахассислар сифатида жалб этилиши, шунингдек мазкур органлар томонидан ташаббус қилинган текширувларни амалга оширишга жалб этилиши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари иштирокида ташкил этилиши мумкин эмас.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин эмас.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизматда бўлган шахслар солиқ маслаҳатига жалб этилиши мумкин эмас.

Судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари солиқ маслаҳатчиларининг мижознинг (ишонч билдирувчининг) вакили сифатидаги ҳуқуқларини ва ҳаракатларини чеклашга ҳақли эмас.



3-БОБ. СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИСИ ВА СОЛИҚ

МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ТАШКИЛОТИ


16-модда. Солиқ маслаҳатчиси


Малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс солиқ маслаҳатчисидир.

Агар солиқ маслаҳатчиси солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг штатида турган бўлса ёки солиқ маслаҳатчилари ташкилоти у билан фуқаровий-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузган тақдирда, у солиқ маслаҳатига оид фаолиятга жалб этилиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчиси Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан белгиланган тартибда ҳар йили ўз малакасини ошириши шарт.



17-модда. Солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчиси


Малака сертификатига эга бўлмаган ва солиқ маслаҳатчисининг солиқ маслаҳатига оид фаолият билан боғлиқ топшириқларини бажарувчи жисмоний шахс солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчисидир.

Солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчиси солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботни, хулосани ва солиқ маслаҳатига оид фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни имзолашга ҳақли эмас.

Солиқ маслаҳатчиси ёрдамчисининг меҳнат шароитлари қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ маслаҳатчилари ташкилоти билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланади.

Солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчиси сифатида ишланган вақт малака сертификатини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.



18-модда. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбари солиқ маслаҳатчиси бўлиши керак.

Қонунчиликда устав фондини (устав капиталини) шакллантиришга доир талаблар белгиланган ҳолларда, муассис бўлган солиқ маслаҳатчисининг (солиқ маслаҳатчиларининг) устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши камида эллик бир фоизни ташкил этиши керак.

Ушбу модда тўртинчи қисмининг талабларига номувофиқлик юзага келган тақдирда, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти номувофиқлик юзага келган кундан эътиборан беш кунлик муддатда Солиқ маслаҳатчилари палатасини бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади ва юзага келган номувофиқликни кўрсатиб ўтилган санадан эътиборан уч ойдан кўп бўлмаган муддатда бартараф этиши ёхуд солиқ маслаҳатига оид фаолиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Ушбу модда тўртинчи қисмининг талабларига номувофиқлик бартараф этилгунига қадар солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан солиқ маслаҳатига оидфаолиятни амалга ошириш тақиқланади.

Ушбу Қонун 23-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган солиқ маслаҳатига оид хулосани ўз фаолиятини бир йилдан ортиқ амалга ошираётган ва штатида солиқ маслаҳати бўйича камида бир йил стажга эга солиқ маслаҳатчилари мавжуд бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилоти беради.

Ушбу модда еттинчи қисмининг талабларига номувофиқлик юзага келган тақдирда, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти номувофиқлик юзага келган кундан эътиборан беш кунлик муддатда Солиқ маслаҳатчилари палатасини бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан белгиланган тартибда Солиқ маслаҳатчилари палатасига аъзо бўлиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ушбу Қонуннинг 9-моддасида назарда тутилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда қуйидаги хизматларни кўрсатиши мумкин:

бухгалтерия ҳисобини ва молиявий ҳисобни юритиш;

молия-хўжалик фаолиятини юритиш бўйича консалтинг;

экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш бўйича консалтинг;

мижозни унинг ўз фаолиятини амалга ошириши даврида давлат рўйхатидан ўтказишда, шунингдек унинг тугатилиши чоғида кузатиб бориш;

инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва кузатиб бориш (мониторинг қилиш);

харид жараёнларини кузатиб бориш (мониторинг қилиш);

солиқ солиш масалалари бўйича семинарлар ва тренинглар ўтказиш.



19-модда. Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг ҳуқуқлари


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мижоздан (ишонч билдирувчидан) солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни олиш;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш жараёнида юзага келган масалалар бўйича мижоздан (ишонч билдирувчидан) оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар олиш;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган ахборотни, маълумотномаларни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни муассасалардан ҳамда ташкилотлардан сўраб олиш;

солиқ солиш масалалари бўйича давлат органларига мурожаат қилиш (илтимоснома бериш, таклифлар киритиш, сўровлар, аризалар, шикоятлар бериш ва бошқалар) ҳамда улардан жавоблар олиш;

мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан бошқа мутахассисларни солиқ маслаҳатида иштирок этишга шартнома асосида жалб этиш;

мижоз (ишонч билдирувчи) солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни тақдим этмаган тақдирда, солиқ маслаҳати беришни рад этиш;

мижознинг (ишонч билдирувчининг), шу жумладан ихтиёрий равишда тугатилаётган, товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича йиллик айланмаси охирги уч йил ичида бир миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчининг (бундан "таваккалчиликни таҳлил қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида аниқланадиган таваккалчилик даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар мустасно) уни ихтиёрий равишда тугатиш чоғида солиқ даври учун солиқ мажбуриятларини бажариши бўйича хулоса бериш;

солиқ текширувини ўтказиш чоғидасолиқ маслаҳатига оид хулосани мижознинг (ишонч билдирувчининг) номидан мустақил равишда, асос сифатида тақдим этиш;

мижоз (ишонч билдирувчи) билан тузилган шартномада белгиланган ҳолларда, ўтказиладиган солиқ текширувларида иштирок этиш;

солиқ органларида, шу жумладан солиққа оид низони судгача ҳал қилиш чоғида божхона органларида, прокуратура органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини ифодалаш;

судларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган иқтисодий, фуқаролик, жиноят ишларини ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқиш чоғида, шу жумладан дастлабки тергов жараёнида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини ифодалаш;

солиқ солиш билан ҳамда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар, солиқ органларининг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва (ёки) ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш чоғида судларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органларда ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситаларидан, аудио- ва видео ёзув қурилмаларидан фойдаланиш.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари солиқ маслаҳати бўйича биргаликда хизматлар кўрсатишга ҳақли.

Солиқ маслаҳати бўйича биргаликда хизматлар кўрсатиш чоғида солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ҳар бири мижоз (ишонч билдирувчи) олдида мустақил равишда жавобгар бўлади.

Солиқ маслаҳати бўйича биргаликда хизматлар кўрсатиш чоғида мижоз (ишонч билдирувчи) билан шартнома солиқ маслаҳатчиларининг ҳар бир ташкилоти билан алоҳида-алоҳида тузилиши мумкин.



20-модда. Солиқ маслаҳатчилари

ташкилотининг мажбуриятлари


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти:

мижознинг (ишонч билдирувчининг) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши, солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома доирасида барча ҳаракатларни амалга ошириши;

мижознинг (ишонч билдирувчининг) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунчиликда назарда тутилган усуллари ҳамда воситаларидан фойдаланиши;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этиши;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилаётганда мижознинг (ишонч билдирувчининг) талабига кўра ташкилот раҳбарининг малака сертификатини кўрсатиши;

мижозга (ишонч билдирувчига) унинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан зарар етказилганлиги ҳақида далолат берувчи фактлар аниқланган, шунингдек қонунчилик бузилган тақдирда, бу ҳақда мижозга (ишонч билдирувчига) маълум қилиши;

солиқ маслаҳатига оид фаолиятни амалга ошираётган солиқ маслаҳатчилари ҳақидаги ҳамда солиқ маслаҳатчиларининг ҳар йилги малака оширишдан ўтиши тўғрисидаги ахборотни Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан белгиланган тартибда тақдим этиши;

мижоз (ишонч билдирувчи) билан тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда, солиқ органларининг солиқ текширувларига оид далолатномаларини ва солиққа оид низоларни кўриб чиқиш баённомаларини мижоз (ишонч билдирувчи) номидан имзолаши;

фуқаролик жавобгарлигини суғурта полисига эга бўлиши;

солиқ маслаҳатчилари ишининг сифатини ички назорат қилиш қоидаларини белгилаши ва уларга риоя этишишарт. Солиқ маслаҳатчилари ишининг сифатини ички назорат қилишни ташкил этишга доир талаблар солиқ маслаҳатининг миллий стандартлари билан белгиланади.



21-модда. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар

кўрсатиш тўғрисидаги шартнома


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижоз (ишонч билдирувчи) билан унинг яшаш жойидан ва жойлашган еридан (почта манзилидан) қатъи назар, солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузишга ҳақли.

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

махфийлик;

солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг реестрига киритилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта полиси мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.



22-модда. Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот


Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатувчи солиқ маслаҳатчиси шартномада назарда тутилган ҳолларда солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботни мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳатининг миллий стандартларида белгиланган тартибда тақдим этади.

Солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботдаги мавжуд ахборот махфийдир ва у ошкор қилиниши мумкин эмас, бундан шартномада назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботнинг ҳар бир саҳифаси солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатган солиқ маслаҳатчиси, солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланади ва мазкур ташкилотнинг муҳри (мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади.

Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан солиқ органига солиқ маъмуриятчилигини ва (ёки) солиқ назоратини амалга ошириш доирасида тақдим этилиши мумкин.



23-модда. Солиқ маслаҳатига оид хулоса


Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатаётган солиқ маслаҳатчиси шартномада назарда тутилган ҳолларда солиқ маслаҳатига оид хулосани мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳатининг миллий стандартларида белгиланган тартибда тақдим этади.

Солиқ маслаҳатига оид хулоса солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатган солиқ маслаҳатчиси, солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланади ва мазкур ташкилотнинг муҳри (мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади.

Солиқ маслаҳатига оид хулосадаги мавжуд ахборот махфийдир ва у ошкор қилиниши мумкин эмас, бундан шартномада назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Солиқ маслаҳатига оид хулоса мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан солиқ органига солиқ маъмуриятчилигини ва (ёки) солиқ назоратини амалга ошириш доирасида тақдим этилиши мумкин.

Солиқ маслаҳатига оид хулоса солиққа оид низони судгача ҳал қилиш доирасида кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ ҳисобини юритиш бўйича хизматлар доирасида тақдим этилган солиқ маслаҳатига оид хулоса солиқ таваккалчилигини баҳолаш чоғида солиқ органлари томонидан қабул қилинади.

Йиллик айланмаси охирги уч йил ичида бир миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчи (бундан таваккалчилик даражаси юқори бўлган солиқ тўловчи мустасно) ихтиёрий тугатилганда, мазкур хулосани бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилоти берган солиқ маслаҳатига оид хулоса солиқ органлари томонидантан олинади.



4-БОБ. МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ ВА МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ

24-модда. Малака талаблари


Бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб берадиган шахс малака сертификатини олиш учун талабгор бўлиши мумкин:

олий маълумотга эга бўлган шахс;

Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан белгиланган тартибда солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича курсни ўтаган шахс;

камида беш йил иш стажига, шу жумладан иқтисодий ёки юридик мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлган шахс.

"Солиқлар ва солиқ солиш" мутахассислиги бўйича олий таълим ташкилотини тамомлаган талабгорлар мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, малака имтиҳонини топширишга қўйилади.

Солиқ органларида камида уч йил иш стажига, шунингдек аудитор сертификатига эга бўлган талабгорлар солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича қисқартирилган курсни ўтайди.

Солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича курс, шу жумладан масофадан туриб ўқитиш шаклидаги курс Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан тасдиқланган дастур асосида ташкил этилади.

Солиқ маслаҳатчилари Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳузуридаги таълим ташкилотларида Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан тасдиқланган дастур асосида малака оширади.



25-модда. Малака имтиҳони ўтказилишини ташкил этиш


Талабгор малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза билан Солиқ маслаҳатчилари палатасига мурожаат қилишга ҳақли.

Малака имтиҳонини топшириш учун ариза бериш, мазкур имтиҳонни ўтказиш тартиби Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан тасдиқланади.

Малака имтиҳони Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан ўтказилади. Солиқ маслаҳатчилари палатаси тест синовларини ўтказишга ихтисослаштирилган юридик шахсларни шартнома асосида жалб этиши мумкин.

Малака сертификатини олишга доир малака имтиҳонларида иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган йиғим тўланади.



26-модда. Малака сертификати


Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатишга бўлган ҳуқуқ ушбу Қонунда белгиланган тартибда жисмоний шахсга берилган малака сертификати билан тасдиқланади.

Малака сертификати чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.



27-модда. Малака сертификатини бериш ва қайта

расмийлаштириш, унинг дубликатини бериш


Малака сертификати жисмоний шахсга малака имтиҳони муваффақиятли топширилганидан кейин Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан ўн кун ичида берилади.

Солиқ маслаҳатчиси ўз фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, тегишли ўзгартишларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан эътиборан бир ойлик муддатда Солиқ маслаҳатчилари палатасига малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Малака сертификатини қайта расмийлаштириш солиқ маслаҳатчиси томонидан малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган сертификатнинг асл нусхаси ва тегишли ўзгартишларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан эътиборан беш иш куни ичида амалга оширилади. Қайта расмийлаштириш чоғида аввал берилган рақамли малака сертификатининг янги бланкаси берилади. Аввал берилган сертификатнинг бланкаси йўқ қилинади.

Солиқ маслаҳатчисининг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган малака сертификати ўрнига малака сертификатининг дубликатини бериш тўғрисидаги аризаси асосида унинг дубликати берилади. Малака сертификати йўқолганлиги тўғрисидаги ахборот Солиқ маслаҳатчилари палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Малака сертификатининг дубликати айнан ўша рақам билан, сертификатнинг янги бланкасига "Дубликат" деган ёзув албатта киритилган ҳолда берилади.

Яроқсиз ҳолга келган малака сертификати Солиқ маслаҳатчилари палатасига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.



28-модда. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш


Малака сертификатининг амал қилиши Солиқ маслаҳатчилари палатасининг ёки суднинг қарори асосида тугатилади.

Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

солиқ маслаҳатчисининг аризаси;

солиқ маслаҳатчисининг ҳар йилги малака оширишдан Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан белгиланган тартибда ўтмаганлиги;

солиқ маслаҳатчисининг вафот этганлиги;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги;

фуқарони муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги;

солиқ маслаҳатига оид фаолиятда уч йил давомида иштирок этмаганлик (бундан ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болани парваришлаш бўйича таътил даври мустасно);

малака сертификати солиқ маслаҳатида иштирок этиш учун фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилганлиги фактининг аниқланганлиги;

солиқ маслаҳатчиси томонидан солиқ маслаҳати бериш давомида олинган маълумотлар мижознинг (ишонч билдирувчининг) ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганлиги;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатишда солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчиликнинг бир йил ичида иккита бузилиши содир этилганлиги.

Ушбу модда иккинчи қисмининг еттинчи хатбошисида назарда тутилган асос адвокатлик тузилмаларининг, аудиторлик ташкилотларининг, бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар кўрсатувчи бошқа юридик шахсларнинг штатида, шунингдек давлат органларида асосий иш жойи бўйича ишлайдиган солиқ маслаҳатчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Малака сертификатининг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан тугатилади.

Малака сертификатининг амал қилиши ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган асослар бўйича Солиқ маслаҳатчилари палатасининг қарори билан, ушбу модда иккинчи қисмининг саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида кўрсатилган асослар бўйича эса суднинг қарори билан тугатилади.

Малака сертификатининг амал қилиши ушбу модда иккинчи қисмининг саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича тугатилган шахс малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида Солиқ маслаҳатчилари палатасига малака сертификатини олиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Солиқ маслаҳатчилари палатасининг малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



29-модда. Малака сертификатини бекор қилиш


Малака сертификати cуд қарори асосида бекор қилинади.

Малака сертификати қуйидаги асосларга кўра бекор қилинади:

малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорнинг қонунга хилоф эканлиги аниқланганлиги;

малака сертификатининг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги.

Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор берилган санадан эътиборан амал қилади.

Малака сертификати ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган шахс суднинг малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган санадан эътиборан уч йил ичида Солиқ маслаҳатчилари палатасига малака сертификатини олиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


30-модда. Низоларни ҳал этиш


Солиқ маслаҳати соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



31-модда. Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг

ва солиқ маслаҳатчиларининг жавобгарлиги


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижозга (ишонч билдирувчига) зарар етказганлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Мижозга (ишонч билдирувчига) етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши лозим.

Солиқ маслаҳатчиси ишни сифатсиз бажарганлиги, тижорат сирини ошкор этганлиги натижасида етказилган зарар ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг зарар кўришига олиб келган бошқа хатти-ҳаракатлар учун қонунчиликка мувофиқ солиқ маслаҳатчилари ташкилоти олдида жавобгар бўлади.



32-модда. Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



33-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш,

шунингдек айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш


1. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги ЎРҚ-682-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 4, 288-модда; 2022 йил, N 3, 213-модда) иловасининг 102-бандига қўйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси билан - солиқ маслаҳатига оид фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масалаларига доир лойиҳалар";

ўн учинчи ва ўн тўртинчи хатбошилар тегишинча ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 21 сентябрда қабул килинган "Солиқ маслаҳати тўғрисида"ги ЎРҚ-55-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 9, 497-модда);


2) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган "Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-197-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, N 12, 640-модда) 35-моддаси;


3) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 4 январда қабул қилинган "Солиқ маслаҳати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-316-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 1, 2-модда);


4) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 312-модда) 33-моддаси;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-429-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 137-модда) 14-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 175-моддаси.



34-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



35-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 август
























Время: 0.1900
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск