ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Никоҳ ва оила / Кон-кариндошлик. Болаларнинг насл-насабини белгилаш. Алимент мажбуриятлари. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.08.2022 й. ПҚ-345-сон "Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.08.2022 й.

N ПҚ-345



ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, болаларни жойлаштиришнинг оилавий ҳамда бошқа муқобил шаклларини амалиётга киритиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Белгилансинки, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

оилавий болалар уйлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни (кейинги ўринларда - тарбияланувчилар) оилага тарбияга олишни истаган фуқаролар томонидан юридик шахс мақомисиз тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ташкил этилади;

оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар сони камида 3 нафарни, лекин кўпи билан 5 нафарни ташкил қилиши лозим. Бунда, оилавий болалар уйини ташкил қилган фуқароларнинг ўз фарзандлари ҳамда тарбияланувчиларнинг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак;

оилавий болалар уйларини тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган фуқаролар томонидан ташкил қилишга рухсат этилади;

оилавий болалар уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Миллий гвардия ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан амалга оширилади;

оилавий болалар уйини ташкил этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган шахслардан тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базаларидан олиш мумкин бўлган ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади.


2. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Миллий гвардия (Р.Джураев), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда амалда юридик шахс мақомидаги давлат тарбия муассасаси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган оилавий болалар уйларини юридик шахс мақомисиз қайта ташкил этиш чораларини кўрсин.

Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1-бандида оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларнинг энг кўп сонига ўрнатилган чеклов давлат тарбия муассасаси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган ва юридик шахс мақомисиз қайта ташкил этилаётган оилавий болалар уйларига татбиқ этилмайди.

Бунда, ушбу оилавий болалар уйларидаги тарбияланувчилар 18 ёшга тўлгунга ёхуд бошқа сабабларга кўра кетгунга қадар мазкур уйларда қолади.


3. Миллий гвардия (Р.Джураев) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) билан биргаликда бир ой муддатда оилавий болалар уйларини ташкил қилмоқчи бўлган фуқаролар учун тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини ташкил этиш ва ушбу жараёнга малакали, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўрсин.

Жамоат хавфсизлиги университети тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари фаолиятини мувофиқлаштириб борсин.

Белгилансинки, оилавий болалар уйларини ташкил қилмоқчи бўлган фуқаролар нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ташкил қилинган тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларида ўқиши ва тегишли сертификатни олиши мумкин.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар ойда Давлат бюджетидан:

оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида;

оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчини парвариш қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг1 баравари (ногиронлиги бўлган болалар учун 1,5 баравари) миқдорида;

оилавий болалар уйига тарбияга олинган ҳар бир ногиронлиги бўлган болани даволаш-соғломлаштириш учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида маблағ ажратилади;

б) оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларнинг яшаш харажатлари учун ажратилган маблағларҳар ойнинг 5-санасига қадар тутинган ота-она номига очилган банк пластик картасига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади;

в) оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларга ҳудудда жойлашган давлат спорт мажмуалари, маънавий-маърифий масканлар, тўгараклар, от спорти секциялари, "Ишга марҳамат" мономарказлари ва бошқа ўқув марказларидаги тўгараклар ва курсларга бепул қатнашиш ҳуқуқи берилади;

г) оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар учун:

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан йилига бир маротаба соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш учун бепул йўлланмалар ажратилади;

туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан бир йилда икки маротаба республикамизнинг тарихий шаҳарларига бепул саёҳатлар ҳамда театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилади;

д) оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан бир йилда икки маротаба бепул тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилади;

е) оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларга мазкур қарорга мувофиқ берилаётган соғломлаштириш оромгоҳига ва саёҳатга бориш, театр томошалари ва концертларда қатнашишга оид имтиёзлар оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларнинг ўз фарзандларига ҳам татбиқ этилади.


5. Туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари Миллий гвардия ходимлари ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликда оилавий болалар уйларини ташкил этишда тутинган ота-оналарга зарур ташкилий ёрдам кўрсатсин ҳамда ҳар ойда камида бир марта болаларнинг турмуши ва уларни тарбиялаш учун яратилган шароитларини кузатиб борсин.


6. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда оилавий болалар уйларини ташкил этиш ва уларни молиялаштириш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ушбу уйларга бериш тартибини тасдиқласин.


7. Миллий гвардия (Р.Джураев):

Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев) билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар бир ойда камида бир марта ушбу қарор мақсади ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини олиб борсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Миллий гвардия қўмондони Р.М. Джураев, халқ таълими вазири Б.О. Саидов ҳамда молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 август











































Время: 0.2168
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск