ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим соҳасида бошқарув. Таълим муассасаларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш /

Халқ таълими вазирининг жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 02.08.2022 й. 425-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 2 августдаги

425-сон қарорига

1-ИЛОВА



Халқ таълими вазирининг жамғармаси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Халқ таълими вазири жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш, Жамғарма маблағлари ҳисобидан халқ таълими тизимидаги педагог ходимларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.


3. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


малакали педагог кадрлар - Вазирлик тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган:

ўқувчилари олий таълим муассасаларига ёки Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида энг юқори натижа кўрсатган педагог кадрлар;

ўқувчилари халқаро ёки республика миқёсидаги мусобақа ва танловларда совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрлар;


илғор ходимлар - халқ таълими тизимида фаолият юритаётган:

таълим сифатини оширишга ўз ҳиссасини қўшган раҳбар кадрлар, психологлар ва кутубхоначилар;

ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган ёки ўз маҳорат мактабини ташкил қилган методистлар;

республика бўйича ташаббус кўрсатган, ишлари республика ва халқаро миқёсда оммалашган ёки халқ таълими тизимида самарали фаолият юритаётган педагог кадрлар;


мобил методик гуруҳлар - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 3 февралдаги Ф-22-сон фармойишига мувофиқ ҳудудлардаги таълим сифати паст, муҳити оғир бўлган мактабларга бориб педагогларга илғор ўқитиш методикалари ва инновацияларга ўргатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган методик гуруҳлар;


халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари (кейинги ўринларда - ҳудудий кенгашлар) - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 3 февралдаги Ф-22-сон фармойишига мувофиқ ташкил этилган ҳудудий кенгашлар.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


5. Жамғарма маблағлари қуйидаги маблағлар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


6. Жамғарманинг маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфланади:

Вазирлик тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган малакали педагог кадрларга ҳар ойлик устама тўлаш;

халқ таълими тизимида фаолият юритаётган илғор ходимларга бир марталик пул мукофотини тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ халқаро ва асосий олимпиаданинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга бир марталик пул мукофотларини тўлаш;

малакали педагог кадрлар ва илғор ходимларни саралаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

ҳудудлардаги таълим сифати паст, муҳити оғир бўлган мактабларга бориб, педагогларга илғор ўқитиш методикалари ва инновацияларга ўргатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган методик гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шу жумладан, ушбу гуруҳлар таркибига жалб этилган мутахассисларни рағбатлантириш;

таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва педагогик маҳоратини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.

Жамғарма маблағларининг ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа мақсадларга йўналтирилишига йўл қўйилмайди.


7. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Давлат бюджетига қайтарилмайди ва улардан кейинги йилларда фойдаланилади.



4-БОБ. МАЛАКАЛИ ПЕДАГОГ КАДРЛАР ВА

ИЛҒОР ХОДИМЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ


8. Малакали педагог кадрларга ва илғор ходимларга ҳар ойлик устама ҳамда бир марталик пул мукофотларини тўлаш ишларини мувофиқлаштириш учун Вазирликда доимий равишда ишлайдиган Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - Ишчи гуруҳ) тузилади.

Ишчи гуруҳ таркиби Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Ишчи гуруҳ таркибига фаол жамоатчилик вакиллари жалб қилинади.


9. Ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни саралаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) Вазирлик ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг республика бўйича чекланган сонини (кейинги ўринларда - йиллик квота) белгилайди;

б) қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларининг тегишли ўқув йилида ўқишга қабул қилишда олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумотларни (абитуриентлар ва имтиҳон ўтказилган фанлар бўйича);

Президент таълим муассасалари агентлиги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг тегишли ўқув йилида ўқишга қабул қилишда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумотларни (абитуриентлар ва имтиҳон ўтказилган фанлар бўйича);

тегишли вазирликлар ва идоралар халқаро ва республика мусобақалари ва танловларида совринли ўринларни эгаллаган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари тўғрисидаги маълумотларни Вазирликка тақдим этади;

в) Ишчи гуруҳ умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари (ўқувчилари) томонидан тегишли ўқув йили қабулида олий таълим ташкилотларига, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида жамлаган баллардан келиб чиқиб йиллик квотани "Бошланғич таълим", "Аниқ ва табиий фанлар", "Хорижий тиллар", "Ижтимоий фанлар" ва "Амалий фанлар" йўналишлари бўйича туман (шаҳар)лар бўйича тақсимлайди (кейинги ўринларда - туман (шаҳар) квотаси) ва ҳудудий кенгашларга тақдим этади;

г) ҳудудий кенгашлар туман (шаҳар) квотасидан келиб чиқиб ҳар ойлик устама олиш учун номзодларни "Бошланғич таълим", "Аниқ ва табиий фанлар" "Хорижий тиллар", "Ижтимоий фанлар" ва "Амалий фанлар" йўналишлари бўйича туман (шаҳар) бўйича Ишчи гуруҳга тақдим этади. Бунда:

ҳар ойлик устама олишга номзодлар мазкур Низом билан малакали педагог кадрлар учун қўйилган мезонларга жавоб бериши лозим;

ҳар битта йўналиш бўйича тегишли туман (шаҳар) учун белгиланган ҳар битта квота ўрнига кўпи билан учта номзодни тақдим этиш мумкин;

"Бошланғич таълим" йўналиши бўйича номзод сифатида ўқувчилари Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида энг юқори натижаларни кўрсатган бошланғич синф педагог кадрлари тақдим этилиши мумкин;

д) Ишчи гуруҳ томонидан унга тақдим этилган номзодлар орасидан устама тўланадиган малакали педагог кадрларни танлаб олиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1-босқичда - зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ёки таълим сифатини баҳолаш ҳуқуқига эга нодавлат ташкилотларни жалб қилган ҳолда номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилади;

2-босқичда - умумтаълим фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган тест синовларида максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади. Бунда:

суҳбат ўтказиш тартиби ва мезонлари Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади;

ҳар ойлик устама тўланадиган номзодларнинг умумтаълим фанини билиш даражасини ҳамда касбий маҳоратини баҳолаш жараёнлари видеоёзувга олинади;

умумтаълим фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган тест синовларида максимал баллнинг 80 фоизидан паст натижа кўрсатган номзодлар саралашнинг иккинчи босқичига қўйилмайди;

е) касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади;

ж) касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.


10. Бир марталик пул мукофотини олиш ҳуқуқига эга бўлган илғор ходимлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади.

Бунда илғор ходимлар тўғрисидаги маълумотлар Ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига тақдим этилади.


11. Бир марталик пул мукофоти меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида тўланади.


12. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик устама ва бир марталик пул мукофотини олиш ҳуқуқига эга бўлган малакали педагог кадрлар ва илғор ходимларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


13. Жамғармага Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган ҳисобварағига йўналтирилади.

Ўз навбатида, Жамғарма ушбу маблағларни Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган бюджетдан ташқари ҳисобварағи орқали сарфлайди.


14. Жамғарма маблағлари ҳисобидан:

ҳар ойлик устама у белгиланган кундан бошлаб 9 ой давомида;

бир марталик пул мукофотлари уларни тўлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи чиққан вақтдан бошлаб бир ой давомида тўлаб берилади.


15. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик устама олаётган малакали педагог кадрларга бир марталик пул мукофотларини белгилашга йўл қўйилмайди.


16. Малакали педагог кадрлар ҳамда илғор ходимларга ҳар ойлик устама ва бир марталик пул мукофотларини тўлаш Жамғармада мавжуд бўлган маблағлар доирасида амалга оширилади.


17. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик устама халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларга тўланади. Бунда:

малакали педагог кадрлар халқ таълими тизимидаги меҳнат фаолиятини тугатган тақдирда, ҳар ойлик устама тўлаш тўхтатилади;

халқ таълими тизимидаги меҳнат фаолиятини тугатган малакали педагог кадрларга уларнинг охирги ишлаган ойи учун устама тўлиқ миқдорда тўлаб берилади.


18. Умумий ўрта таълим муассасалари директорлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий халқ таълими бошқармалари) бошлиқлари халқ таълими тизимидаги меҳнат фаолиятини тугатган малакали педагог кадрлар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёзма равишда тақдим этади.

Бунда халқ таълими тизимидаги меҳнат фаолиятини тугатган педагог кадрларга ҳар ойлик устама тўлаган ва бу ҳақида ўз вақтида юқори турувчи ташкилотга ёзма хабар бермаганлиги учун тегишли ташкилот раҳбари жавобгар ҳисобланади ҳамда ушбу тўловлар унинг ҳисобидан қопланади.


19. Халқ таълими тизимида ходимнинг иш жойи, лавозими ўзгарган ҳолда ҳам унинг ҳар ойлик устамаси сақлаб қолинади ва белгиланган муддатга қадар тўланади. Бунда ушбу ўзгаришлар бўйича мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган тартибда хабар берилади.


20. Жамғарма маблағлари Вазирлик томонидан тегишли ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

Ҳудудий халқ таълими бошқармалари ўз навбатида маблағларни тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига ўтказиб беради.

Бунда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати тегишли маблағлар ходим фаолият юритаётган ташкилотнинг ғазна ҳисобварағига ўтказиш орқали тўлаб берилишини таъминлайди.


21. Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи билан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Жамғарма ҳисобидан ҳар ойлик устама ва бир марталик пул мукофоти учун ажратилган квоталар асосида номзодлар сараланмай қолган ёки мукофот ва устама олувчи шахслар сони квотадан кам бўлган тақдирда, Ишчи гуруҳнинг тегишли қарорига мувофиқ квоталарни қайта кўриб чиқиш ваколати билан қўшимча саралаш ўтказилишига рухсат берилади.


23. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан назорат Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Халқ таълими вазирининг жамғармаси ҳисобидан

малакали педагог кадрларга ҳар ойлик устама тўлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Халқ таълими вазирлиги


Малакали педагог кадрларга ва илғор ходимларга ҳар ойлик устама ҳамда бир марталик пул мукофотларини тўлаш ишларини мувофиқлаштириш учун доимий равишда ишлайдиган Ишчи гуруҳ тузади.


Ҳар йили 1 октябрга қадар









2-босқич

Халқ таълими вазирлиги

(Ишчи гуруҳ)


1. Ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг республика бўйича чекланган сонини белгилайди.


2. Давлат тест маркази ва Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан тақдим этиладиган кириш имтиҳонларидаги натижалардан келиб чиқиб, квотани ҳудудлар ва туман (шаҳар)лар бўйича тақсимлайди ҳамда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига тақдим этади.


Ҳар йили 20 ноябрга қадар









3-босқич

Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари


Ҳар битта йўналиш бўйича тегишли туман (шаҳар) учун белгиланган квотага нисбатан уч баравар кўп номзодларни саралаш учун Халқ таълими вазирлиги (Ишчи гуруҳ)га тақдим этади.


Квоталар тасдиқлангандан сўнг 30 кун ичида









4-босқич

Халқ таълими вазирлиги

(Ишчи гуруҳ)


Ҳудудий кенгашлар томонидан тақдим этилган номзодлар орасидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни 2 босқичда саралайди.


Номзодлар тақдим этилгандан сўнг 60 кун ичида









5-босқич

Халқ таълими вазирлиги


Саралаш натижаларига кўра ҳар ойлик устама белгиланган педагог кадрлар рўйхатини тасдиқлайди ва Жамғарма ҳисобидан устамаларни тўлаш бўйича халқ таълими вазирининг буйруғи қабул қилинади.

Устама олиш ҳуқуқига эга бўлган педагог кадрларнинг рўйхатини Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-саҳифасида эълон қилади.


Саралаш якунидан сўнг 5 иш кунида









6-босқич

Халқ таълими вазирлиги


Рағбатлантириш учун талаб этиладиган маблағларни ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.


Халқ таълими вазирининг буйруғи қабул қилингандан сўнг 5 иш кунида









7-босқич

Ҳудудий халқ таълими бошқармалари


Ажратилган маблағларни тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига ўтказиб беради.


Халқ таълими вазирлиги томонидан маблағлар ўтказиб берилгандан сўнг 3 иш кунида









8-босқич

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари


Тегишли маблағларни ходимларга ҳар ой тўлаб боради.


Ҳар йили ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан маблағлар ўтказиб берилгандан сўнг 3 иш кунида



              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 3 август

















































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск