ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Давлат молия назорати. Ҳисоб палатаси /

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.08.2022 й. 431-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 5 августдаги

431-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Давлат молиявий назорати

инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси (кейинги ўринларда - Инспекция) ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мақомини, вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Инспекция молиявий ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари (кейинги ўринларда - бюджет тизими бюджетлари) маблағларининг мақсадли сарфланишини, молиявий назорат объектлари томонидан бюджет қонунчилигига, шунингдек, бюджет ва смета-штат интизомига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи давлат молиявий назорат органи ҳисобланади.


3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Бюджет кодекси ва бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Инспекциянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Инспекция идоравий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қарашли ва ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига бўйсунади ва ҳисобот беради.

Инспекция юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.

Инспекция ходими лавозимига малака сертификатига эга бўлмаган (молиявий назорат функцияси юклатилмаган лавозимлардан ташқари) шахсларни ишга қабул қилишга ҳамда уларнинг ушбу тизимларда фаолият юритишига йўл қўйилмайди, бундан халқаро сертификатга эга бўлган шахслар мустасно.


6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат молиявий назорати бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) юридик шахс ҳисобланмайди, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган бланкаларга эга бўлади ҳамда ўз фаолиятида бевосита Инспекцияга бўйсунади ва ҳисобот беради.


7. Инспекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - O'zbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi, қисқартирилган номи - Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - State financial control Inspectorate of the Ministry of Finance of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - State financial control Inspectorate;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственная инспекция финансового контроля при Министерстве финансов Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Государственная инспекция финансового контроля.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

бюджет ташкилотларида бюджет маблағларини бошқариш ва бюджет ҳисобини юритиш бўйича махсус автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлар воситасида бюджет ташкилотларининг молиявий фаолиятини доимий мониторинг қилиш орқали бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг тўғри ҳисобланишини назорат қилиш ва ортиқча тўловларнинг олдини олиш;

бюджет қонунчилигига риоя этиш бўйича бюджет ташкилотлари билан тизимли асосда профилактика ишларини олиб бориш;

бюджет ташкилотларида аниқланаётган пул маблағлари ва моддий бойликларни талон-торож қилиш, камомадларга йўл қўйиш, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда ижро этиш тартибини бузиш ва бюджет қонунчилигини бошқача тарзда бузиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва улар содир этилиши шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш, замонавий ахборот технологиялари ва маълумотлар базаси воситасида текшириш объектлари ва мақсадларини аниқлаш йўли билан кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда бюджет ташкилотларини текшириш самарадорлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланишда бюджет қонунчилигига ҳамда бюджет ва смета-штат интизомига риоя этилиши устидан молиявий назоратни амалга ошириш;

бюджет тизими бюджетлари маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган қурилиш объектларида назорат ўлчови ҳамда амалга оширилган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш;

давлат харидларида бюджет буюртмачилари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан молиявий назоратни амалга ошириш;

давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағларидан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

Инспекция тизимида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш.


9. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) бюджет ташкилотларида бюджет маблағларини бошқариш ва бюджет ҳисобини юритиш бўйича махсус автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлар воситасида бюджет ташкилотларининг молиявий фаолиятини доимий мониторинг қилиш орқали бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг тўғри ҳисобланишини назорат қилиш ва ортиқча тўловларнинг олдини олиш соҳасида:

харажатлар сметасига киритилган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳаққонийлиги ва уларнинг амалдаги нормативларга мувофиқлигини ўрганиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича белгиланган разрядларга, лавозим маошлари, устамалар, иш ҳақига қўшимчалар ва бошқа тўловлар миқдорларига риоя этилишини ўрганиш асосида ортиқча тўловларнинг олдини олиш;

ходимларнинг белгилаб қўйилган чекланган умумий сонига, ходимларнинг тоифалари ўртасидаги ўзаро нисбат нормативларига, намунавий штат нормативларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

тарификация рўйхатларини тузишнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартиби ва нормативларига риоя этилиши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш.


б) бюджет қонунчилигига риоя этиш бўйича бюджет ташкилотлари билан тизимли асосда профилактика ишларини олиб бориш соҳасида:

бюджет тизими бюджетлари харажатларини режалаштириш даврида профилактика ишларини кучайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш;

электрон тарзда бюджет тизими бюджетлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағларининг ҳаракати тўғрисида тегишли манбалардан олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш асосида молиявий ҳуқуқбузарликлар содир этилиши хавфи мавжуд бўлган молиявий назорат объектида профилактика ишларини олиб бориш;

ҳудудий молия органлари ва ғазначилик бўлинмаларида бюджет қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш юзасидан профилактика ишларини олиб бориш;


в) бюджет ташкилотларида аниқланаётган пул маблағлари ва моддий бойликларни талон-торож қилиш, камомадларга йўл қўйиш, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда ижро этиш тартибини бузиш ва бюджет қонунчилигини бошқача тарзда бузиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва улар содир этилиши шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш соҳасида:

молиявий ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш учун маълумотлар базасини шакллантириш, умумлаштириш ва ҳисобини юритиш;

бюджет тизими бюджетлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағларидан фойдаланишда масофадан кузатиш тизимини ва камерал назоратни жорий этиш орқали текширишлар самарадорлигини ошириш;

молиявий назорат ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси шакллари ҳамда усулларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;


г) масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш, замонавий ахборот технологиялари ва маълумотлар базаси воситасида текшириш объектлари ва мақсадларини аниқлаш йўли билан кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда бюджет ташкилотларини текшириш самарадорлигини ошириш соҳасида:

вазирликлар ва идоралар билан реал вақт режимида ахборот алмашинуви орқали бюджет қонунчилигини бузиш хавфини таҳлил қилиш;

"Электрон назоратчи-тафтишчи" дастурий мажмуаси орқали аниқланган хавфларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

модул асосида давлат молиявий назорати объектининг муайян давр учун айрим масалалар бўйича фаолиятини мавзули назорат қилиш;

бир ҳудуд ёки соҳада аниқланган характерли молиявий ҳуқуқбузарликлар юзасидан республика ҳудудидаги назорат объектларида тизимли молиявий назоратни амалга ошириш;

молиявий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон яратувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича молиявий назорат объектларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;

молиявий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини таҳлил қилиш асосида уларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш.


д) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишда бюджет қонунчилигига ҳамда бюджет ва смета-штат интизомига риоя этилиши устидан молиявий назоратни амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан мақсадли фойдаланилишда бюджет қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадларининг ҳисобланиши ва ўз вақтида ундирилишида қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

ҳисобот йили якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг бажарилишини якуний назоратдан ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан миллий ва чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет ссудаларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет тизими бюджетларидан субсидиялар ажратилишида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларининг олдинги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текширишларни ташкил этиш;

давлат молиявий назорати ҳужжатларини умумлаштириш, улар юзасидан тегишли ахборотлар ва таклифлар тайёрлаш;

давлат молиявий назорати натижаларида аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш, мақсадсиз ва ноқонуний харажатларни, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомадини ундириш юзасидан, назорат объекти айбдор шахсларини жавобгарликка тортиш юзасидан тақдимнома ва кўрсатмалар тайёрлаш;

назорат тадбирларини мувофиқлаштириш ва методик жиҳатдан таъминлаш;

маъмурий жавобгарликка олиб келадиган қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳолатлари бўйича ўз ваколати доирасида баённомалар тузиш;

давлат молиявий назорати натижалари бўйича топширилган ҳужжатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қабул қилинган ва суд органлари томонидан чиқарилган қарорлар бўйича бюджет қонунчилиги бузилиши бартараф этилиши мониторингини олиб бориш;


е) бюджет тизими бюджетлари маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган қурилиш объектларида назорат ўлчови ҳамда амалга оширилган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш соҳасида;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари учун амалга оширилган тўловларни ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш;

"Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимидан ҳамда замонавий ахборот технологияларидан ва маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда кенг қамровли масофавий (камерал) назорат ва мониторинг олиб бориш;

тегишли электрон ҳужжатларни таҳлил қилиш йўли билан молиялаштирилган маблағ миқдорига мос равишда ҳақиқатда бажарилган қурилиш ҳажми мониторингини олиб бориш;

пудратчининг танланиши ва тендер (танлов) ўтказилишида қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини ўрганиш;

тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда объектда бажарилган қурилиш ишлари сифатини ўрганиш;

қонунчилик ҳужжатлари асосида белгиланган пудрат ташкилотлари ҳамда қурилиш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга ошириладиган объектларда буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасида қурилиш материаллари, машина ва механизмлар, ускуна ва жиҳозлар, ишчиларнинг иш соати ва пудратчининг бошқа харажатлари, объект учун тайёрланган қурилиш материаллари, жиҳозлар ва бошқалар бўйича асословчи ҳужжатларни ҳамда расмийлаштирилган келишув баённомаларини ўрганиш ва нархларини таҳлил қилиш;

қурилиш объектларида ҳақиқатда бажарилган физик иш ҳажмларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига, оферта ҳамда бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура маълумотномалари асосида назорат ўлчовидан ўтказиш;

назорат ўлчови натижасига кўра пудрат шартномаси асосида лойиҳа-смета ҳужжатларида, офертада ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура маълумотномаларида назарда тутилган иш турлари ва ҳажмларининг ҳақиқатда бажарилганлигини иш турлари ва ҳажмлари бўйича таҳлил қилиш;

назорат ўлчови натижасига кўра қурилиш объектида ҳақиқатда бажарилган иш турлари ва ҳажмларида лойиҳа-смета хужжатларидан четга чиқиш ҳолатларини таҳлил қилиш;

бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура маълумотномалари бўйича қурилиш объектига ўрнатилган асбоб-ускуналарни ҳамда коммуникация соҳасида бажарилган ишларнинг сифати синовдан (лабораториядан) ўтказилганлигини юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш.


ж) давлат харидларида бюджет буюртмачилари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш;

давлат харидлари жараёнида чекловларга амал қилиниши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш;

электрон дўкон (миллий дўкон) воситасида, бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион воситасида ва энг яхши таклифларни танлаш, тендер ва тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар орқали амалга ошириладиган давлат харидлари қонунчилигига риоя этилиши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат берилган харидлар бўйича шартнома ва шартномага оид қўшимча келишувлар қонунда белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш;

давлат харидлари соҳасида бюджет буюртмачиларининг маъмурий жавобгарликка олиб келадиган қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳолатлари бўйича ўз ваколати доирасида баённомалар тузиш.


з) Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан молиявий назоратни амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида қарз олувчи-резидентлар томонидан қарз (кредит) бўйича битимларда белгиланган муддатда қарзнинг тўлиқ қопланиши;

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозлари ҳисобига тушган маблағларнинг мақсадли сарфланиши;

инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш.


и) давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағларидан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағларидан мақсадли фойдаланилиши;

давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалари даромадларининг ҳисобланиши ва ўз вақтида ундирилишида қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ажратиладиган пенсия маблағлари, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам ҳамда компенсация маблағлари мақсадли сарфланиши;

шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларининг тўғри ва тўлиқ ҳисоблаб чиқарилиши, ўз вақтида тўланиши ҳамда Акциядорлик тижорат Халқ банки ва унинг филиалларида фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ҳамда фоизлар тўғри ҳисоблаб чиқарилиши;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа жамғармалар маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан молиявий назоратни амалга ошириш.


л) ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш соҳасида:

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек, молиявий назорат объектларининг (давлат молиявий назорати натижалари бўйича эътирозлар) мурожаатларини кўриб чиқиш (ўрганиш ва текшириш);

"Давлат аудити" дастурий мажмуаси орқали жисмоний шахс(лар)дан тушган хабар бўйича масофавий ёки қоидабузарликлар содир этилган назорат объектига чиққан ҳолда давлат молиявий назорати тадбирини амалга ошириш;

мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга ошириш, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;

тушган ва кўриб чиқилган (ўрганилган, текширилган) мурожаатларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва уларнинг натижалари бўйича тегишли чоралар кўриш.


к) Инспекция тизимида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш соҳасида:

ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

тизимда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳамда унда иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, бошқа ҳужжатларни Молия вазирлигига белгиланган тартибда киритиш;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа давлат органларидан ҳамда ўзга ташкилотлардан ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича материаллар, маълумотлар ва тушунтиришларни сўраб олиш;

ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун рухсат этилган давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш;

бошқа давлат молиявий назорати органлари, вазирликлар ва идораларнинг ички аудит ва молиявий назорат хизматлари билан ахборот алмашиш;

ғазначилик бўлинмаларидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларидан бюджет тизими бюджетлари, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағларининг ҳаракати тўғрисида маълумотларни сўраб олиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма сўров асосида давлат молиявий назорати соҳасида Инспекцияга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет маблағлари ҳақидаги маълумотларни тижорат банкларидан олиш;

Акциядорлик тижорат Халқ банки филиалларидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига тушган пенсия бадаллари тўғрисида маълумотларни сўраб олиш;

давлат молиявий назоратини амалга оширишда махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини эксперт сифатида жалб этиш;

бюджет тизими бюджетлари маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган қурилиш объектларида қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун белгиланган тартибда назорат ўлчовини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ташкилотларни жалб этиш;

назорат объектининг мансабдор ва бошқа масъул шахсларидан молиявий назорат тадбири жараёнида пайдо бўладиган масалалар бўйича тушунтиришлар беришни талаб қилиш;

молиявий-хўжалик фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан зарур ҳолларда назорат объектининг ходимларини таклиф қилиш ва ҳар бир ходим билан алоҳида суҳбат ўтказиш ҳамда тегишли тушунтириш хатларини ёзма тартибда олиш;

зарур ҳолларда, касса ва касса бинолари, омборлар, архивлар ва бошқа биноларни муҳрлаш, қалбакилаштириш, сохталаштириш ва бошқа суиистеъмолликлар аломатлари аниқланган тақдирда эса - назорат объекти тегишли ҳужжатларини олиб қўйиш, шунингдек, назорат объекти мансабдор шахсларидан асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китоблар хатловдан ўтказилишини талаб қилиш;

давлат молиявий назоратини амалга ошириш жараёнида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, мақсадсиз ва ноқонуний харажатларни, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомадини ундириш, назорат объекти айбдор шахсларини жавобгарликка тортиш юзасидан мажбурий тусга эга тақдимнома ва кўрсатмалар киритиш;

Инспекция фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган биноларга хизмат кўрсатиш ишларини бажариш, инвентарь ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер техникаси, асбоб-ускуналар, дастурий таъминот ва бошқа товарларни харид қилиш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш.

Инспекция давлат молиявий назоратини ҳар қандай давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда, фақат қонунчилик ҳужжатларига бўйсунган ҳолда амалга оширади.

Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари қуйидагиларга мажбур:

ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни сифатли бажариш;

ҳар чоракда камида бир маротаба ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунига қадар оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;

давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

давлат сирларининг ҳамда назорат объектларининг қонунчилик билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

бюджет маблағлари олувчиларнинг консолидациялашган бюджети, шу жумладан, давлат қарзи маблағларидан тўғри фойдаланилиши устидан давлат молиявий назорати тадбирларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни белгиланган тартибда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш;

Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан "Давлат аудити" дастурига йиллик назорат режалари (шу жумладан, уларга киритиладиган ўзгартиришлар)нинг киритилишини, барча назорат тадбирлари рўйхатдан ўтказилишини, электрон рўйхатга олиш дафтарида қайд этилишини ва уларнинг натижалари ҳақида ахборот киритилишини таъминлаш;

ҳудудий бошқармалар томонидан давлат молиявий назорати объектларида тизимли равишда давом этаётган ва кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида Инспекцияни хабардор қилиш.

Инспекциянинг мансабдор шахслари лавозим мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлик юзага келганлиги тўғрисида Инспекция бошлиғига маълум қилиши, шунингдек, бундай тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш чораларини кўриши шарт.


12. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мансабдор шахсларига ушбу Низомда белгиланмаган вазифаларни топшириш қатъиян тақиқланади.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Инспекция бошлиғи тиббий хизмат, транспорт ва моддий таъминоти бўйича молия вазири ўринбосарига тенглаштирилади.

Инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


14. Инспекция ходимлари, ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва ходимлари Инспекция бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Инспекциянинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари белгиланган тартибда Инспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


15. Инспекция бошлиғи:

Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

ҳудудий бошқармалар билан биргаликда Инспекцияга юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;

қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари ижросини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонининг талабларига қатъий риоя этади;

Инспекция фаолияти доирасида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизомини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар, шунингдек, ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўради;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Инспекция тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳуқуқ амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлайди, таҳлил қилади, уларни юзага келтирувчи сабаблар ва шартларни бартараф этади;

ҳудудий бошқармалар фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

ходимларни меҳнат муносабатларига оид (ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва бошқа ишга ўтказиш бундан мустасно) буйруқлар, шу жумладан, хизмат сафарларига юбориш тўғрисида буйруқлар чиқаради;

давлат молиявий назорати натижалари юзасидан назорат объекти учун кўрсатмаларни имзолайди;

Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Инспекцияга ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва бошқа ишга ўтказиш юзасидан таклифлар киритади;

Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари молиявий назорат соҳасида қайта тайёрланишини ва малакаси оширилишини ташкил этади;

Инспекцияга ва унинг ҳудудий бошқармаларига юкланган вазифаларни бажаришда бошқа вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликни ташкил қилади;

Инспекция ходимлари ҳамда Инспекция ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва ўринбосарлари, ходимларининг функционал вазифаларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ Инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва Инспекция ҳудудий бошқармалари бошлиқларини рағбатлантириш ва уларга интизомий жазолар қўллаш бўйича молия вазирига тақдимнома киритади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ Инспекция ходимлари ҳамда Инспекция ҳудудий бошқармалари ходимларини рағбатлантиради ва уларга интизомий жазолар қўллайди.

Инспекция бошлиғи унга юклатилган вазифалар ва функциялар бажарилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади.

Инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари:

Инспекция бошлиғи вақтинча бўлмаганда, унинг вазифаларини бажаради;

ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва бажарилишини назорат қилади;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан иш режалари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланган режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш чораларини кўради;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар фаолиятида ижро интизомига риоя қилинишини таъминлайди, шунингдек, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўради;

Молия вазирлигининг ўз фаолиятига тааллуқли топшириқлари, Инспекция буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилади;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Инспекция бошлиғига таклифлар киритади;

Инспекция фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлаш ва кўриб чиқишда иштирок этади;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари томонидан лавозим мажбуриятларини бажариш чоғида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди ва манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш чораларини кўради.

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилади.

Инспекция бошлиғи ўринбосари:

ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва бажарилишини назорат қилади;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан иш режалари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланган режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш чораларини кўради;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар фаолиятида ижро интизомига риоя қилинишини таъминлайди, шунингдек, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўради;

Молия вазирлигининг ўз фаолиятига тааллуқли топшириқлари, Инспекция буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилади;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Инспекция бошлиғига таклифлар киритади;

Инспекция фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлаш ва кўриб чиқишда иштирок этади;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари томонидан лавозим мажбуриятларини бажариш чоғида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди ва манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш чораларини кўради.

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилади.


16. Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ўзининг ваколати доирасида:

хатлар, шунингдек, давлат молиявий назорати натижалари юзасидан назорат объекти учун кўрсатмаларни;

режа асосида ўтказиладиган молиявий назоратни ўтказиш ҳуқуқини берувчи буйруқларни;

Инспекциянинг рухсати билан режадан ташқари молиявий назорат тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги буйруқларни;

тегишли ҳудуд доирасида ходимларни хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқларни имзолайди;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ Инспекция бошлиғига ҳудудий бошқармаларнинг ходимларини рағбатлантириш ва уларга интизомий жазолар қўллаш бўйича таклифлар киритади.

Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари уларга юклатилган вазифалар ва функциялар бажарилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади.


17. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари молиявий назорат фаолиятини тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси молия вазири ва Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган йиллик назорат режаси асосида амалга оширади.


18. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда режадан ташқари молиявий назоратни амалга ошириши мумкин.


19. Молиявий назорат тадбири ўтказиш билан банд бўлган Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларини бир вақтнинг ўзида бошқа молиявий назорат тадбири ўтказилишига жалб этиш қатъиян тақиқланади.

Мансабдор шахслар бир назорат объектида кетма-кет тафтиш ўтказиш учун тайинланишига йўл қўйилмайди.

Инспекциянинг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг Масофавий назоратни амалга ошириш ва хавфларни баҳолаш бўлими ҳамда Ахборот технологиялари ва маълумотлар базасини шакллантириш шуъбаси мутахассисларини назорат объектларида молиявий назорат тадбирлари ўтказиш учун жалб этиш тақиқланади.

Бир молиявий назорат объектида молиявий назорат тадбирлари натижасида аниқланган молиявий қонунчилик бузилиши ҳолатлари бўйича мазкур молиявий назорат объектида аввалги молиявий назорат тадбирлари даврига мос келадиган қонунчилик бузилиши ҳолатларига дастлабки молиявий назорат тадбирларини ўтказган мансабдор шахс жавобгар ҳисобланади.

Инспекциянинг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг молиявий назорат функцияси юклатилган ходимлари назорат объектларида тузилган рўйхат асосида олиб қўйилган ҳужжатлар сақланишини таъминлаш ҳамда зарурат бўлганда кассани, касса хоналарини ва хизмат хоналарини, омборларни ҳамда архивларни муҳрлаш (тамғалаш) учун махсус муҳрга эга бўлади.


20. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари (молиявий назорат функцияси юклатилмаган ходимлар бундан мустасно) аттестацияси ҳар уч йилда ўтказилади.



5-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ ИШ

ҲАҚИ ВА УЛАРНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ


21. Инспекция моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси молия тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ривожлантириш жамғармаси, Инспекцияни ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Инспекциянинг бошқарув ходимлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш ва тиббий хизмат шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тегишли ходимларига тенглаштирилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Молиявий назорат объектларининг мансабдор шахслари Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга мажбурдирлар.


23. Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, нотўғри маълумотни тақдим этиш ёки тақдим этишдан бўйин товлаш, шунингдек, Инспекциянинг мансабдор шахсларини Инспекцияга қонунчилик ҳужжатлари билан юклатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳамда уларга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.


24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


25. Мазкур Низомнинг 5-банди учинчи хатбошиси 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб кучга киради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 6 август



























Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск