ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Интеллектуал мулк / Саноат мулкига бўлган ҳуқуқ (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси) /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2022 й. 440-сон "Ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.08.2022 й.

N 440




ИХТИРОЧИЛИК ВА РАЦИОНАЛИЗАТОРЛИК

ФАОЛИЯТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Республика иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ижтимоий-иқтисодий барқарор ривожланишида ихтирочилик ва рационализаторликнинг муҳим аҳамиятини эътиборга олиб, ихтирочилар ва рационализаторларнинг ижодий салоҳиятидан фойдаланишда нодавлат нотижорат ташкилотлар ролини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Инновацион ривожланиш вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Ўзбекистон Ихтирочилар ва рационализаторлар жамиятини (кейинги ўринларда - Жамият) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Инновацион ривожланиш вазирлигига ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги вазифалар юклансин:

республика иқтисодиётининг барча тармоқларида ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларнинг ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини мувофиқлаштириш;

ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар ташкил этишга ва уларнинг фаолиятига кўмаклашиш;

ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича кўргазмалар ҳамда кўрик-танловлар ўтказиш;

республика даражасида ўтказиладиган кўрик-танловлар ғолибларини таълим ташкилотларига ўқишга киришда имтиёзлар бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига таклифлар киритиб бориш.


3. Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 октябрга қадар Жамият фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

республикада ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш;

рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш тўғрисида намунавий низом ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш;

ихтирочилар ва рационализаторларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш;

ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича кўргазмалар ҳамда уларнинг доирасида кўрик-танловлар ўтказиш;

Жамиятга республикадаги тажрибали олимлар, ихтирочилар ва рационализаторларни жалб қилиш;

жорий қилинган ихтирочилик ва рационализаторлик таклифларини рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириб бориш;

республикада ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти бўйича таргибот-ташвиқот ишларини ташкил қилиш.


4. Белгилансинки, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларнинг инновацияларни жорий этиш бўйича вазифалар юклатилган раҳбар ўринбосарлари:

тегишли тармоқда ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш ҳамда натижаларини амалиётга жорий этишни таъминлайди;

тармоқ ташкилотларида мавжуд техник ва технологик муаммолар ечимига тегишли илмий ташкилотлар, ихтирочилар ва рационализаторларни кенг жалб қилади;

тармоқ ташкилотларида жорий этилган, иқтисодий самара берган ихтиролар ва рационализаторлик таклифларининг муаллифларини, ихтиролар ва рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқаришга жорий этишда хизмат кўрсатган ходимларни тегишли инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантириб боради.


5. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлигининг 2022 йилдан бошлаб ҳар йили ҳудудлар, тармоқлар ва соҳалар кесимида ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича кўргазмалар ва уларнинг доирасида кўрик-танлов ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. Бунда:

а) ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича ўтказиладиган кўрик-танловлар ғолибларига қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари берилиши назарда тутилади:

1-ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари;

2-ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 баравари;

3-ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари;

б) ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича ўтказиладиган кўрик-танловлар ғолиблари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мукофотланади;

в) кўрик-танловларда ғолибларнинг ихтирони патентлаш билан боғлиқ харажатлари Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

г) кўрик-танловларда ғолибларнинг ихтироларини келгусида стартап лойиҳалар доирасида молиялаштиришга устуворлик берилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги 2022 йил 1 октябрга қадар:

ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича кўргазмалар ва уларнинг доирасида кўрик-танловлар ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

кўрик-танловларни онлайн форматда ўтказиш мақсадида электрон платформа ишга туширсин.


6. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган кўргазмалар ва кўрик-танловлар ғолиблари ўзлари тамомланган таълим йўналишидан келиб чиқиб:

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниши;

олий таълим муассасаларининг тегишли техник таълим йўналишлари бўйича магистратура мутахассислигига Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг гранти ҳисобидан, қабул параметрларидан ташқари ўқишга имтиҳонсиз қабул қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритилган таклифлар асосида чора-тадбирлар амалга оширилади.


7. Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга масъул таркибий бўлинма лавозимларига ишга қабул қилишда ихтиролар ва рационализаторлик таклифларининг муаллифларига (номзодларга) устунлик берилиши тавсия этилсин.


8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда мавзуга оид мақолалар, туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш орқали аҳоли ўртасида ихтирочилик ва рационализаторликка қизиқишни оширишни таъминласин.


9. Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 28 декабрдаги 596-сон қарори билан тасдиқланган Рационализаторлик фаолияти тўғрисидаги низомни бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, шу жумладан, ихтирочига тўлаш лозим бўлган мукофотнинг энг кам миқдори корхонадаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги кераклиги назарда тутган ҳолда, қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф киритсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 11 август















































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск