ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Интеллектуал мулк / Муаллифлик ҳуқуқи. Турдош ҳуқуқлар /

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.08.2022 й. 469-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 22 августдаги

469-сон қарорига

ИЛОВА



Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон

назорат нусхаларини ягона базада

сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлашга қабул қилувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда - депозитарийлар) томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (кейинги ўринларда - Ягона база) сақлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари нотариуслар томонидан муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш учун тегишли маълумотларни қабул қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Интеллектуал мулк маркази" давлат муасcасаси (кейинги ўринларда - Оператор) томонидан мувофиқлаштирилади.


3. Оператор Ягона базанинг ишлашини, техник кузатувини, ахборот хавфсизлиги ва мунтазам янгиланишини, жойлаштирилган маълумотларнинг очиқлигини, шунингдек, мазкур базага рухсат берилмаган тарзда киришдан ҳимояни таъминлайди.

Оператор томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнлари депозитарийларнинг Ягона базадан фойдаланишига услубий кўмаклашиш орқали мувофиқлаштирилади.


4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


муаллифлик ҳуқуқи объекти - ижодий фаолият натижаси бўлган объектив шаклга эга бўлган фан, адабиёт ва санъат асарлари;


муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаси - белгиланган тартибда Ягона базага киритилган фан, адабиёт ва санъат асарларининг электрон нусхаси.


5. Депозитарийлар томонидан "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ сақлашга қабул қилинган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда Ягона базада сақланади.

Муаллифлик ҳуқуқи объектининг депозитарийга сақлаш учун топширилиши муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон нусхаси Ягона базага киритилиши учун асос ҳисобланади.


6. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базада сақлаш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

ЭЛЕКТРОН НАЗОРАТ НУСХАЛАРИНИ

ЯГОНА БАЗАДА САҚЛАШ


7. Ягона базада қуйидаги муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари сақланади:

адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);

драма ва сценарий асарлари;

матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари;

мусиқали драма асарлари;

хореография асарлари ва пантомималар;

аудиовизуал асарлар;

рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъатнинг бошқа асарлари;

манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;

архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари;

фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;

география, геология хариталари ва бошқа хариталар, география, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;

барча турдаги электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, шу жумладан, ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда, чунончи, бошланғич матн ҳамда объект кодида ифодаланиши мумкин бўлган амалий дастурлар ва операция тизимлари;

"Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа асарлар.


8. Муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон назорат нусхалари Ягона базада муддатсиз сақланади.


9. Ягона базада:

муаллифлик ҳуқуқи объектини сақловга қабул қилган депозитарий;

муаллифлик ҳуқуқи объектини сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси;

асар муаллифи;

муаллифлик ҳуқуқи объектининг тури, номи, яратилган санаси;

сақлашга қабул қилинган муаллифлик ҳуқуқи объектининг биринчи марта чоп этилган санаси (агар у чоп этилган бўлса);

асардан фойдаланиш шартлари;

муаллифлик ҳуқуқи объектининг Ягона базада рўйхатга олинган санаси ва рақами ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг Ягона базага киритилганлиги ҳақидаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.


10. Ягона базада рўйхатга олинган муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳақидаги маълумотларга тузатишлар киритилиши ва муаллифлик ҳуқуқи объекти сақловга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг бекор қилиниши депозитарийлар томонидан мазкур Низомда назарда тутилган тартибда Ягона базада акс эттирилади.



3-БОБ. ДЕПОЗИТАРИЙЛАРНИНГ ЯГОНА

БАЗАДАН РЎЙХАТДАН ЎТИШИ


11. Депозитарийлар Ягона базадан фойдаланиш учун аввал Ягона базадан рўйхатдан ўтади.

Рўйхатдан ўтиш учун депозитарий томонидан Ягона базага солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса) ва телефон рақами киритилади.

Ягона базага зарур маълумотлар киритилгандан сўнг депозитарий уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.


12. Депозитарийларнинг Ягона базадан фойдаланишини тугатиш уларнинг Ягона базага йўллаган хабарномасига кўра, суднинг қарорига асосан ёки юридик шахс сифатида тугатилганда амалга оширилади.



4-БОБ. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

ЭЛЕКТРОН НАЗОРАТ НУСХАЛАРИНИ ЯГОНА

БАЗАГА ЖОЙЛАШТИРИШ


13. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари Ягона базага депозитарийлар томонидан жойлаштирилади.


14. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш учун депозитарий қуйидаги материаллар ва маълумотларни бириктиради:

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг муаллифи ва сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгасини идентификацияловчи маълумотлар (жисмоний шахслар учун - фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда юридик шахслар учун - солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР));

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг тури;

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг номи;

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг яратилган санаси;

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг биринчи марта чоп этилган санаси (агар у чоп этилган бўлса, кўрсатилиши лозим);

асардан фойдаланиш шартлари;

муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон нусхаси (фото, видео ва бошқалар).

Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объекти ва зарур маълумотлар киритилгандан сўнг депозитарий уни электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.


15. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага жойлаштириш учун депозитарийлар томонидан Операторнинг ҳисобварағига тўлов амалга оширилади.

Тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланиб, Ягона базада муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини жойлаштиришда техник ресурслардан фойдаланилиши билан боғлиқ Операторнинг харажатларидан ошмаслиги керак.


16. Ягона базага маълумотлар киритилгач тегишли муаллифлик ҳуқуқи объекти автоматик тарзда Ягона базада сақлашга қабул қилинади ва бу тўғрисида депозитарийга шу вақтнинг ўзида билдиришнома юборилади.

Билдиришномада сақлашга қабул қилинган муаллифлик ҳуқуқи объектининг тури, номи, муаллифи ва сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси, асар яратилган вақт тўғрисидаги маълумотлар ҳамда объектнинг Ягона базада рўйхатга олинган санаси ва рақами кўрсатилади.


17. Депозитарийлар томонидан билдиришнома олингандан сўнг асарни сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгасига муаллифлик ҳуқуқи объекти сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилинади.

Мазкур ҳужжат билдиришномада кўрсатилган маълумотлар асосида шакллантирилади.


18. Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнини мувофиқлаштириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тўловлар Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Депозитарийлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритмаган ёки мазкур Низом 16-бандининг иккинчи хатбошида назарда тутилган маълумотларни акс эттирмаган ҳолда асарни сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси номига расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


20. Ягона базага киритилган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхасидан депозитарий ва сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси ўртасида тузилган шартнома ҳамда "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-33-моддаларида белгиланган тартибда фойдаланилади.


21. Операторнинг Ягона базани юритиш ва техник таъминлаш бўйича хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон

назорат нусхаларини ягона базада сақлаш

тартиби хизматини кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич


Муаллифлик ҳуқуқи

объектларини ҳисобга олиш ва сақлаш

бўйича хизматларни кўрсатувчи

юридик шахс - Депозитарий


Ягона базадан фойдаланиш учун Ягона базадан рўйхатдан ўтиш:

ягона базага солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили ва телефон рақами киритиш;

ягона базага зарур маълумотлар киритилгандан сўнг уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш.


Автоматик тарзда




2-босқич


Депозитарий


Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари Ягона базага жойлаштириш


Рўйхатдан ўтганидан сўнг




3-босқич


Депозитарий


Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага жойлаштирганлик учун тўловни амалга ошириш


Электрон назорат нусхани

Ягона базага жойлаштирган-дан сўнг




4-босқич


Интеллектуал мулк маркази давлат муассасаси - Оператор


Ягона базага киритилган муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома юбориш


Автоматик тарзда




5-босқич


Депозитарий


Асарни сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгасига муаллифлик ҳуқуқи объекти сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилиш


Билдиришнома олинганидан сўнг




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 22 август




































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск