ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Алоҳида турдаги товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш, жойини ўзгартириш / Транзит ташишлар /

Транзит декларациясини тўлдириш, расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 31.08.2022 й. 3382-сон билан рўйхатга олинган Давлат божхона қўмитасининг 22.07.2022 й. 12/02-22-22-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 31 августда 3382-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

2022 йил 22 июлдаги

12/02-22-22-сон қарорига

ИЛОВА



Транзит декларациясини тўлдириш, расмийлаштириш,

унга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни

қайтариб олиш ҳамда бекор қилиш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом транзит декларациясини тўлдириш, божхона органига тақдим этиш, қоғозда чоп этиладиган нусхасини шакллантириш, расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ҳамда бекор қилиш тартибини белгилайди.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


транзит декларацияси - товарлар ва (ёки) транспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда божхона органига тақдим этиладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган товарларини жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органигача назорат қилиш учун фойдаланиладиган ҳужжат;


декларацияловчи шахс - божхона органларига транзит декларациясини ўз номидан тақдим этаётган шахс ёки транзит декларациясини тўлдириш, имзолаш ва божхона органларига декларант номидан тақдим этишга ваколатли божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ёхуд бошқа шахс;


жўнатувчи - товарларни ўз номидан ташиш учун ташувчига тақдим этувчи ва у ҳақидаги маълумотлар транспорт ҳужжатларида кўрсатилган шахс;


қабул қилувчи - юк ташишни амалга ошираётган ташувчи тақдим этиши лозим бўлган, товарларни ўз номидан қабул қилиб олувчи ва у ҳақидаги маълумотлар транспорт ҳужжатларида кўрсатилган шахс, товарларнинг божхона режими ўзгарган ҳолларда эса - транзит декларацияси тақдим қилинаётган вақтда божхона расмийлаштирувидан сўнг декларацияланаётган товарларни божхона органларидан ўз тасарруфига олиш ваколатига эга бўлган шахс;


кузатув ҳужжатлари - тижорат ва транспорт ҳужжатлари;


ташувчи - божхона назорати остида турган товарлар ташилишини амалга оширувчи ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс;


транспорт ҳужжатлари - коносамент, юк хати ёки товарларни ташиш шартномаси борлигини тасдиқловчи ҳамда шундай ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжатлар;


транзит декларациясидаги хато - божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган ҳужжатлардаги ахборот ва (ёки) божхона органларида мавжуд ахборот билан транзит декларациясидаги маълумотлар орасидаги тафовут, шунингдек транзит декларациясидаги нотўғри маълумотлар;


транзит декларациясидаги камчилик - божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган маълумотларнинг етишмаслиги ёки транзит декларацияси билан бирга тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар;


транзит декларациясига ўзгартириш киритиш - транзит декларациясидаги маълумотларга ўзгартиришлар киритиш;


транзит декларациясига қўшимча киритиш - транзит декларациясига янги маълумотларни киритиш ёхуд тегишли ҳужжатларни қўшиш;


транзит декларациясини қайтариб олиш - транзит декларациясини божхона органида рўйхатга олинганидан сўнг уни қайтариш орқали юридик кучга эга ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш;


транзит декларациясини бекор қилиш - транзит декларациясини божхона органида рўйхатга олинганидан сўнг бекор қилиш орқали юридик кучга эга ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш;


расмийлаштирилган транзит декларацияси - божхона органи томонидан рўйхатга олинган ва жўнатувчи божхона органи томонидан "D" графасида расмийлаштирилганлигини ифодаловчи божхона органининг тегишли белгилари қўйилган транзит декларацияси;


рўйхатга олиниб, қабул қилинмаган транзит декларацияси - божхона органи томонидан рўйхатга олинган, аммо "E-Tranzit" автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда "E-Tranzit" ААТ деб юритилади) орқали декларацияловчи шахсга қабул қилинганлиги маълум қилинмаган транзит декларацияси;


қабул қилинган транзит декларацияси - божхона органи томонидан рўйхатга олиниб, "E-Tranzit" ААТ орқали декларацияловчи шахсга қабул қилинганлиги маълум қилинган, расмийлаштирилмаган транзит декларацияси;


ахборот алмашиш тизими - ахборот тизимлари орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда божхона органлари ва декларацияловчи шахслар ўртасида электрон хабарларни алмашиш, тегишли ҳужжатларни тақдим этиш ва қабул қилиб олиш воситаси.


2. Транзит декларациясини тўлдириш, қоғозда чоп этиладиган нусхасини шакллантириш, расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ҳамда бекор қилиш "E-Tranzit" ААТ орқали амалга оширилади.


3. Декларацияловчи шахс транзит декларациясини тўлдириш ва уни божхона органига тақдим этиш учун "E-Tranzit" ААТга ўзига жисмоний шахс сифатида бириктирилган электрон рақамли имзо асосида кириши ва қуйидагилардан бирини танлаши лозим:

ташувчи ёки унинг номидан иш кўрувчи ваколатли шахс (ҳайдовчи бундан мустасно) - "Ташувчи" тугмаси;

товар ташилаётган ёки товар сифатида олиб ўтилаётган транспорт воситасини бошқараётган жисмоний шахс (ҳайдовчи) - "Ҳайдовчи" тугмаси;

декларантга хизмат кўрсатувчи божхона брокери номидан иш кўрувчи ваколатли шахс - "Божхона брокери ходими" тугмаси;

юкни қабул қилувчи ёки унинг номидан иш кўрувчи ваколатли шахс - "Юкни қабул қилувчи" тугмаси.

Декларацияловчи шахс "Божхона брокери ходими" тугмасини танлаганда, "Брокер" номли алоҳида ажратилган майдонда божхона брокерининг солиқ тўловчининг идентификация рақами (бундан буён матнда СТИР деб юритилади), унинг қисқача номи ва жойлашган ери (юридик манзили) қайд этилади.


4. Декларацияловчи шахс "Ҳужжатларни тақдим этган шахс" номли майдонда транзит декларациясини тўлдиришга асос бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этган ҳамда улардаги маълумотларга жавобгар ҳисобланган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, фуқаролиги ва унга тегишли жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади) қайд этади.

Ҳужжатларни тақдим этган ҳамда улардаги маълумотларга жавобгар ҳисобланган шахс ЖШШИРи мавжуд бўлмаган норезидент бўлса, у ҳолда шахснинг ЖШШИРи қайд этиладиган жойда "99999999999999" коди кўрсатилади.


5. "E-Tranzit" ААТда декларацияловчи шахс томонидан транзит декларацияси "Янги декларация яратиш" тугмаси орқали товар олиб ўтилаётган ёки ҳаракатланаётган транспорт турини танлаган ҳолда шакллантирилади. Бунда, маълумотлар мавжуд бўлимлардаги алоҳида ажратилган майдонларда қайд этилади ва ҳар бир бўлимга қадамлар рақами бўйича кетма-кетликда ўтилади.

Масалан, 1-қадамдаги "Умумий маълумотлар" бўлимида қайд этилиши зарур бўлган барча маълумотлар кўрсатилмагунига қадар кейинги 2-қадамдаги "Транспорт тўғрисида маълумот" бўлимига ўтиш имконияти бўлмайди.

"E-Tranzit" ААТга битта транспорт ҳужжати бўйича битта транспорт воситасида олиб ўтилаётган товарлар ҳақида маълумот киритилиши мумкин. Агар мазкур шартлардан бирида фарқ бўлса, у ҳолда маълумотлар "E-Tranzit" ААТда алоҳида киритилади.

Масалан, товарлар икки хил (турли) транспорт воситаси ёки транспорт ҳужжати орқали олиб ўтилаётган бўлса, барчаси бир вақтнинг ўзида "E-Tranzit" ААТга киритилмайди.


6. "E-Tranzit" ААТда транзит декларацияси:

автотранспорт воситасида олиб ўтилаётган товарлар бўйича "Умумий маълумотлар", "Транспорт тўғрисида маълумот", "Юк тўғрисида маълумот", "Кафолат ва йиғимлар" ва "Ҳужжатларни генерациялаш" бўлимлари орқали;

темир йўл транспорт воситасида олиб ўтилаётган товарлар бўйича "Умумий маълумотлар", "Юк тўғрисида маълумот", "Йиғимлар" ва "Ҳужжатларни генерациялаш" бўлимлари орқали шакллантирилади.


7. Божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун асос бўлувчи ҳужжатлар "Е-архив" интерактив хизмати орқали тақдим этилади. Бунда, декларацияловчи шахс томонидан мазкур Низомнинг 8-бандига асосан "Е-архив" интерактив хизмати орқали шакллантирилган ҳужжатларга тегишли махсус рақамни "E-Tranzit" ААТда белгиланган майдонда кўрсатиш ва сақлаш билан чегараланади.


8. Декларант ёки унинг номидан иш кўрувчи ваколатли шахс ўзининг электрон рақамли имзоси орқали "Е-архив" интерактив хизматига электрон архивни шакллантириш мақсадида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатларни жойлаштиради.

"Е-архив" интерактив хизматига жойлаштирилган ҳужжатларга автоматик тарзда махсус рақам берилади ва бу ҳақда декларант ёки унинг номидан иш кўрувчи ваколатли шахсга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.

"Е-архив" интерактив хизматига жойлаштирилган ҳужжатлар декларант ёки унинг номидан иш кўрувчи ваколатли шахс томонидан ўзгартирилиши ва ўчирилиши мумкин, бундан божхона расмийлаштирувида фойдаланилган ҳужжатлар мустасно.

Божхона расмийлаштирувида фойдаланилган ҳужжатларни ўзгартириш зарурияти юзага келганда, ҳужжатлар мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда такроран "Е-архив" интерактив хизматига жойлаштирилади.

Декларант божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатларга "Е-архив" интерактив хизмати орқали берилган махсус рақамни декларацияловчи шахсга тақдим этиши мумкин.


9. Транзит декларацияси бир ёки бир нечта товарнинг кузатув ҳужжатлари бўйича ташиладиган товарнинг ҳар бир туркуми ёки товарларнинг бир нечта туркуми учун расмийлаштирилади. Бунда, товарнинг бир нечта туркуми бўйича битта транзит декларациясини расмийлаштириш учун улар бир транспорт воситасида битта транспорт ҳужжати билан битта жўнатувчидан битта қабул қилувчининг манзилига ташилаётган бўлиши лозим.


10. Божхона транзити божхона режими остида товарларни етказиб бериш ички ва халқаро транзит йўналишларига бўлинади.

Товарларни чегара ўтказиш пунктида жойлашган божхона органидан республиканинг ички ҳудудида жойлашган божхона органига, республиканинг ички ҳудудида жойлашган бир божхона органидан бошқасига божхона назорати остида етказиб бериш ички транзит ҳисобланади.

Товарларни чегара ўтказиш пунктида жойлашган жўнатувчи божхона органидан республиканинг ички ҳудудида жойлашган божхона органи орқали ёки тўғридан-тўғри товар келиб тушадиган чегарадаги божхона органига божхона ҳудуди бўйлаб етказиб бериш халқаро транзит ҳисобланади.


11. Транзит декларацияси ўзбек ёки рус тилида тушунарли тўлдирилган бўлиши лозим.

Товарнинг кузатув ҳужжатларида шахслар, товарлар, транспорт воситалари номланишлари ва бошқа маълумотларнинг лотин ёки бошқа (араб, хитой ва ҳ.к.) алифболар ҳарфларида ёзилганлиги ҳолатлари учраса, у ҳолда бундай маълумотлар транзит декларацияда лотин алифбоси ҳарфлари билан, кирилл алифбосидаги номланишлар кирилл алифбоси ҳарфлари билан ёзилади.

Масалан:

шахснинг номи - "Central global cargo Gmbh", "Xinjiang zhongtai chemical Co., LTD", "Магнитогорский металлургический комбинат", Куприянов Игорь Михайлович;

автотранспорт воситасининг номи - автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида гувоҳнома ёки расмий маълумотларга мувофиқ "Toyota land cruiser", "BMW 523i", "MAN", "КАМАЗ", "МАЗ";

товарнинг номи - "Mars", "Adidas", "Алёнка", "Русское поле".


12. Транзит декларациясини тўлдириш ва унинг қоғозда чоп этиладиган шаклида маълумотларни шакллантиришда Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 3-16-иловаларидаги таснифлагичлардан фойдаланилади.


13. Транзит декларацияси декларацияловчи шахс томонидан божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилади, бундан божхона ҳудудида турган божхона назорати остида ташилаётган товарларни етказиб беришни назорат қилиш учун тақдим этиладиган ҳоллар мустасно.

Божхона ҳудудида турган божхона назорати остида ташилаётган товарларни етказиб беришни назорат қилиш учун транзит декларацияси товарлар транспорт воситасига юкланишидан аввал тақдим этилади.


14. Транзит декларацияси ҳамда божхона назоратини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар божхона расмийлаштируви ва божхона назорати якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 184-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган муддат давомида сақланади.


15. Божхона органлари транзит декларациясини қоғозга чоп этмайдилар ва қоғоздаги транзит декларациялар нусхаларини имзо ва муҳр билан тасдиқлаб бермайдилар, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўзда тутилган ёки ташувчи ёхуд ҳайдовчи томонидан талаб этиладиган ҳолатлар мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ транзит декларация қоғозга чоп этилганда, божхона органининг ваколатли ходими транзит декларациясининг ҳар бир варағига тегишли штамп қўяди, уни ўз имзоси ва шахсий рақамли муҳри (агар божхона органи ходимига шахсий рақамли муҳр бириктирилмаган бўлса, божхона органининг муҳри) билан тасдиқлайди, қоғознинг юқори ўнг бурчагини эса "Нусха" ёзуви билан белгилайди.

Ташувчи ёки ҳайдовчининг талабига кўра транзит декларацияси қоғозга чоп этилганда, қоғознинг юқори ўнг бурчагига "Нусха" ёзуви қайд этилмайди, унинг нусхаси имзо ва муҳр билан тасдиқлаб берилмайди.



II БЎЛИМ. "E-TRANZIT" ААТДА ТРАНЗИТ

ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ


1-БОБ. АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАСИДА ЕТКАЗИБ

БЕРИЛАЁТГАН ТОВАРЛАР БЎЙИЧА ТРАНЗИТ

ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ТЎЛДИРИШ


1-§. "Умумий маълумотлар" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


16. "Умумий маълумотлар" бўлимида маълумотлар қуйидаги тартибда кўрсатилади:


1) 1-майдон. "Транспорт тури".

Майдонда Транспорт турлари таснифлагичидан товарлар олиб ўтилаётган ёки ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг техник хусусиятларидан келиб чиқиб транспорт тури қуйидаги тартиб бўйича танланади:

"10" - енгил автомобиль (ҳайдовчи ўрнини ҳисобга олмаганда 8 тадан кўп бўлмаган ўриндиққа эга бўлган);

"21" - юк автомобиль (юк кўтариш қобилияти 10 тоннагача бўлган);

"22" - юк автомобиль (юк кўтариш қобилияти 10 тоннадан 20 тоннагача бўлган);

"23" - юк автомобиль (юк кўтариш қобилияти 20 тоннадан ортиқ бўлган);

"31" - автобус (ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда 12 тагача ўриндиққа эга бўлган);

"32" - автобус (ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда 13 тадан 30 тагача ўриндиққа эга бўлган);

"33" - автобус (ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда 30 тадан ортиқ ўриндиққа эга бўлган);

"40" - микроавтобус (транспорт воситасининг тўла вазни 3,5 тоннадан кам ва ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда 8 тадан ортиқ ўриндиққа эга бўлган );

"50" - трактор;

"60" - мототранспорт;

"70" - махсус транспорт;


2) 2-майдон. "Жўнатувчи божхона пости".

Майдонда Божхона постлари таснифлагичига асосан транзит декларацияси тақдим этиладиган божхона постининг коди ва номи танланади;


3) 3-майдон. "Юк ташиш бошланган мамлакат".

Майдонда юк ташиш бошланган (товарлар мазкур транспорт воситасига юкланган) мамлакатнинг номи транспорт ҳужжатига асосан Дунё мамлакатлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;


4) 4-майдон. "Юк ташиш тугалланадиган мамлакат".

Майдонда транспорт воситасидан товарлар тушириладиган (етказиб бериладиган) мамлакат Дунё мамлакатлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади.

Товарларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикасида тушириб қолдириладиган ҳамда қолган қисми транзит олиб ўтиладиган бўлса, майдонда "Ўзбекистон" ёзуви кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Қўшимча маълумотлар".

Майдонда қайд этилган қуйидаги саволлар бўйича "Ҳа" ёки "Йўқ" қисқа жавобларидан бири танланади:

а) "Транспорт юк биланми?" - ҳаракатланаётган транспорт воситасида товар олиб ўтилаётган бўлса "Ҳа" жавоби, акси бўлган ҳолатда "Йўқ" жавоби танланади;

б) "Транспорт товар сифатидами?" - ҳаракатланаётган транспорт воситаси товар сифатида олиб ўтилаётган бўлса "Ҳа" жавоби, акси бўлган ҳолатда "Йўқ" жавоби танланади;

в) "Транспорт вазн ва габаритлари меъёрларга мосми?" - ҳаракатланаётган транспорт воситасининг вазн ва габаритлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон "Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этилган меъёрларга мос бўлса "Ҳа" жавоби, акси бўлган ҳолатда "Йўқ" жавоби танланади;

г) "Товар бошқа транспортга қайта юкланадими?" - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланаётган транспорт воситасига ортилган товарларнинг тўлиқ ёки маълум бир қисми бошқа транспорт воситасига юкланадиган бўлса "Ҳа" жавоби, акси бўлган ҳолатда "Йўқ" жавоби танланади;

д) "Ойна туси ўзгартирилганми?" - ҳаракатланаётган хорижий автотранспорт воситасининг олд, орқа ва ён ойналари тусининг ёруғлик ўтказувчанлиги ўзгартирилган (қорайтирилган) бўлса "Ҳа" жавоби, акси бўлган ҳолатда "Йўқ" жавоби танланади;

е) "Товарга аввал транзит декларацияси расмийлаштирилганми?" -товарга аввал божхона транзити божхона режимига жойлаштириш учун транзит декларацияси расмийлаштирилган бўлса "Ҳа" жавоби, акси бўлган ҳолатда "Йўқ" жавоби танланади. Бунда, "Ҳа" жавоби танланса, "Аввалги ҳужжат" номи остидаги майдонда товарга расмийлаштирилган аввалги транзит декларациясининг рўйхат рақами кўрсатилади.

Товарга аввал бир нечта транзит декларацияси расмийлаштирилган бўлса, ҳар бирининг рўйхат рақами алоҳида янги қатордан кўрсатилади.



2-§. "Транспорт тўғрисида маълумотлар" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


17. "Транспорт тўғрисида маълумотлар" бўлими "Ташувчи маълумотлари", "Транспорт тўғрисида маълумотлар", "Ҳайдовчи маълумотлари" номли қисмлардан иборат. Бўлимда Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан товарлар олиб ўтилаётган ёки товар сифатида ўзи ҳаракатланувчи транспорт воситаси ва унинг ҳайдовчиси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.


18. "Ташувчи тўғрисида маълумотлар" қисмида товарларни етказиб беришни амалга ошираётган ташувчининг юридик ёки жисмоний шахс эканлиги қайд этилган ҳолда унга тегишли маълумотлар кўрсатилади.


19. Ташувчи юридик шахс бўлган тақдирда, маълумотлар қуйидаги тартибда кўрсатилади:


1) 1-майдон. "Рўйхатга олинган давлат".

Майдонда ташувчи юридик шахс сифатида рўйхатга олинган мамлакат коди Дунё мамлакатлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;


2) 2-майдон. "СТИР".

Майдонда ташувчига тегишли СТИР кўрсатилади.

Ташувчи СТИРга эга бўлмаган норезидент бўлса, "999999999" коди кўрсатилади;


3) 3-майдон. "Ташувчи номи".

Майдонда ташувчининг (ташувчи ташкилотнинг) номи кўрсатилади.

Масалан, "Vodiy trans" МЧЖ;


4) 4-майдон. "Телефон рақами".

Майдонда ташувчининг телефон рақами кўрсатилади.

Масалан, +998999999999;


5) 5-майдон. "Электрон почта".

Майдонда ташувчининг электрон почта манзили (мавжуд бўлса) кўрсатилади.

20. Ташувчи жисмоний шахс бўлганда, маълумотлар қуйидаги тартибда кўрсатилади:


1) 1-майдон. "Фуқаролиги".

Майдонда ташувчининг фуқаролиги бўйича мамлакат коди Дунё мамлакатлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади. Фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан "000-номаълум" ёзуви қайд этилади;


2) 2-майдон. "ЖШШИР".

Майдонда ташувчига тегишли ЖШШИР кўрсатилади.

Ташувчи ЖШШИРга эга бўлмаган норезидент бўлса, "99999999999999" коди кўрсатилади;


3) 3-майдон. "ФИО".

Майдонда ташувчининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Масалан, Раимов Бектемир Аминжонович;


4) 4-майдон. "Телефон рақами".

Майдонда ташувчининг телефон рақами кўрсатилади.

Масалан, +998999999999;


5) 5-майдон. "Электрон почта".

Майдонда ташувчининг электрон почта манзили (мавжуд бўлса) кўрсатилади;


6) 6-майдон. "Паспорт серияси ва рақами".

Майдонда ташувчининг хорижга чиқишда фойдаланадиган паспорт серияси ва рақами кўрсатилади.

Транзит декларацияси Ўзбекистон Республикасининг ички ҳудудидаги жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб бериш учун тақдим этилаётган ҳолларда ташувчининг хорижга чиқиш биометрик паспорти мавжуд бўлмаса, унинг биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси серияси ва рақами кўрсатилади.

Агар ташувчи фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг серия ва рақами кўрсатилади.

Маълумот бўш жойсиз (пробелсиз), лотин алифбоси ҳарфлари ва рақамлардан иборат бўлиши лозим.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда серия ва рақами қайд этилган паспорт нусхасига "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақамини қайд этилади ҳамда сақланади, бундан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорт нусхаси мустасно;


21. "Транспорт тўғрисидаги маълумотлар" қисмида товарлар олиб ўтилаётган ёки товар сифатида ўзи ҳаракатланувчи транспорт воситаси ҳақида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:


1) 1-майдон. "Давлат рақами".

Майдонда автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси кўрсатилади. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисидаги ҳарфлар қайси алифбода бўлса, ушбу алифбо ҳарфларида қайд этилиши лозим.

Масалан, лотин алифбосидаги ҳарфлар лотин алифбосида, кирилл алифбосидаги ҳарфлар кирилл алифбосида ёзилади.

Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси мавжуд бўлмаган ҳолларда "000000" ёзуви қайд этилади.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси қайд этилган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома (техник паспорт) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат нусхасига "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақам қайд этилади ва сақланади;


2) 2-майдон. "Рўйхатдан ўтган мамлакат".

Майдонда автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтган мамлакатнинг номи Дунё мамлакатлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади.

Автотранспорт воситаси товар сифатида ҳаракатланаётган бўлса, Дунё мамлакатлари таснифлагичидан танлаш орқали "000-номаълум" ёзуви қайд этилади;


3) 3-майдон. "Маркаси ва модели".

Майдонда автотранспорт воситасининг маркаси ва модели кўрсатилади. Марка ва модел ҳақидаги маълумотлар транспорт ҳужжатлари асосида кўрсатилади;


4) 4-майдон. "VIN рақами ".

Майдонда транспорт воситасининг идентификация рақами (VIN рақами) кўрсатилади.

Агар товарни ташишда автотранспорт воситалари составидан фойдаланилган бўлса, ушбу транспорт воситаларини (тиркамаларни, ярим тиркамаларни ва ҳ.к.) ҳаракатга келтирувчи автотранспорт воситасига тегишли идентификация рақами (VIN рақами) кўрсатилади.

Транспорт воситасининг идентификация рақами (VIN рақами) транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномада (техник паспортда) қайд этилади. Маълумот бўш жойсиз (пробелсиз), лотин алифбоси ҳарфлари ва рақамлардан иборат бўлиши лозим.

Транспорт воситасининг идентификация рақами (VIN рақами) 17 та белгидан иборат ягона рақам бўлиб, айрим ҳолларда "Шасси", айримларида "Кузов" рақами қисмида берилади.

Агар транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномада (техник паспортда) транспорт воситасининг идентификация рақами (VIN рақами) 17 та белгидан кам бўлган тақдирда, идентификация рақами (VIN рақами) 17 та белгига етгунига қадар унинг олдига ноль рақамлари қўйилади.

Масалан, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномада (техник паспортда) транспорт воситасининг идентификация рақами (VIN рақами) "ХX1234" шаклида кўрсатилган бўлса, у ҳолда идентификация рақами (VIN рақами) "00000000000XX1234" шаклида қайд этилади;


5) 5-майдон. "Юксиз вазни (кг)".

Майдонда автотранспорт воситасининг юксиз вазни килограммда кўрсатилади;


6) 6-майдон. "Двигател қуввати (от кучи)".

Майдонда автотранспорт воситасининг двигатель қуввати (от кучи) кўрсатилади;


7) 7-майдон. "Катта ҳажмли ва оғир юкларни ташиш учун рухсатнома рақами".

Майдонда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида келишилган аниқ йўналиш бўйича катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташишга ҳуқуқ берувчи ҳужжат (махсус рухсатнома) рақами кўрсатилади.

Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташиш учун рухсатнома (махсус рухсатнома)ни расмийлаштириш талаб этилмайдиган ҳолларда майдонда маълумотлар кўрсатилмайди;


8) 8-майдон. "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ва транзит ўтиши учун рухсатнома рақами".

Майдонда хорижий автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва транзит ўтиши учун рухсатнома талаб этиладиган ҳолларда рухсатнома рақами кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида автотранспорт воситаси учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгиланган ҳолларда "истисно қилиш" деб номланган майдонча орқали унинг сабабларидан бири маълумотномадан танланади;


9) 9-майдон. "Ишлаб чиқарилган йили".

Майдонда автотранспорт воситасининг ишлаб чиқарилган йили маълумотномадан танлаш орқали кўрсатилади;


10) 10-майдон. "Тиркама ва контейнер рақами".

Майдонда тиркама ва контейнер рақамлари қуйидаги тартибда кўрсатилади:

а) "Тиркама маълумотлари" бўлмаси орқали алоҳида ажратилган майдончаларда тиркаманинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами, идентификация рақами (VIN рақами), юксиз вазни, рўйхатга олинган давлати ҳақидаги маълумотлар мазкур банднинг 1, 2, 4, 5-кичик бандларида белгиланган тартибда кўрсатилади;

б) "Контейнер маълумотлари" бўлмаси орқали алоҳида ажратилган майдончаларда контейнер рақами, унинг юксиз вазни, контейнер ортилган тиркама рақами ва контейнер товар сифатида олиб ўтилаётганлиги ёки товар сифатида олиб ўтилмаётганлиги ҳақида маълумотлар қайд этилади.

Тиркама ва (ёки) контейнер мавжуд бўлмаган ҳолларда уларга тегишли майдонларда маълумот кўрсатилмайди;


22. "Ҳайдовчи маълумотлари" қисмида майдонлар қуйидаги тартибда тўлдирилади:


1) 1-майдон. "Фуқаролиги".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) фуқаролиги кўрсатилади. Ҳайдовчи фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, маълумотномадан "000-номаълум" ёзуви танланади;


2) 2-майдон. "Паспорт серияси ва рақами".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) хорижга чиқишда фойдаланадиган паспорти серияси ва рақами кўрсатилади.

Транзит декларацияси Ўзбекистон Республикасининг ички ҳудудидаги жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб бериш учун тақдим этилаётган ҳолларда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) хорижга чиқиш биометрик паспорти мавжуд бўлмаса, унинг биометрик паспорти ёки идентификация ID-картаси серияси ва рақами кўрсатилади.

Агар автотранспорт воситасини бошқараётган шахс (ҳайдовчи) фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг серияси ва рақами кўрсатилади.

Маълумот бўш жойсиз (пробелсиз), лотин алифбоси ҳарфлари ва рақамлардан иборат бўлиши лозим.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда серия ва рақами қайд этилган паспорт нусхасига "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақам қайд этилади ҳамда сақланади, бундан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорт нусхаси мустасно;


3) 3-майдон. "ЖШШИР".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) ЖШШИРи кўрсатилади.

Автотранспорт воситасини бошқараётган шахс (ҳайдовчи) ЖШШИРга эга бўлмаган норезидент бўлса, "99999999999999" коди кўрсатилади;


4) 4-майдон. "Фамилияси".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) фамилияси кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Исми".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) исми кўрсатилади;


6) 6-майдон. "Телефон рақами".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) телефон рақами кўрсатилади;


7) 7-майдон. "Электрон почта".

Майдонда автотранспорт воситасини бошқараётган шахснинг (ҳайдовчининг) электрон почта манзили (мавжуд бўлса) кўрсатилади.



3-§. "Юк тўғрисида маълумот" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


23. "Юк тўғрисида маълумот" бўлими "Юк кузатув ҳужжатлари", "Товар тўғрисида маълумотлар" ва "Нотариф чоралар" номли қисмлардан иборат.


24. "Юк кузатув ҳужжатлари" қисмида маълумотлар кузатув ҳужжатлари асосида "Қўшиш" тугмаси орқали кўрсатилади. Агар товарларни қабул қилувчиси ёки жўнатувчиси икки ёки ундан ортиқ бўлса, ҳар бирига оид маълумотлар алоҳида кўрсатилади.


25. "Юк кузатув ҳужжатлари" қисмида маълумотлар қуйидагича кўрсатилади:


1) 1-майдон. "CMR рақами".

Майдонда автотранспорт воситасига тегишли халқаро транспорт юк хати (CMR) рақами кўрсатилади.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда рақами кўрсатилган халқаро транспорт юк хатининг (CMR) нусхаси "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақам қайд этилади ҳамда сақланади;


2) 2-майдон. "CMR санаси".

Майдонда автотранспорт воситасига тегишли халқаро транспорт юк хатининг (CMR) санаси кўрсатилади;


3) 3-майдон. "Инвойс рақами".

Майдонда товарларни жўнатувчи шахс томонидан берилган инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) рақами кўрсатилади. Инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) рақамида ҳарфлар мавжуд бўлган тақдирда, улар қайси алифбода бўлса, ушбу алифбо ҳарфларида қайд этилиши лозим.

Масалан, лотин алифбосидаги ҳарфлар лотин алифбосида, кирилл алифбосидаги ҳарфлар кирилл алифбосида ёзилади.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда рақами кўрсатилган инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) нусхасига "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақами қайд этилади ҳамда сақланади;


4) 4-майдон. "Инвойс санаси".

Майдонда товарларни жўнатувчи шахс томонидан берилган инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) санаси кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Юк жўнатувчи".

Майдонда Дунё мамлакатлари таснифлагичидан товарлар жўнатилган мамлакатнинг коди ва номи танланади ҳамда жўнатувчи шахс ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

жўнатувчи жисмоний шахс бўлса - жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

жўнатувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);


6) 6-майдон. "Юк қабул қилувчи".

Майдонда Дунё мамлакатлари таснифлагичидан товарлар келиб тушадиган мамлакатнинг коди ва номи танланади ҳамда қабул қилувчи шахс ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

қабул қилувчи жисмоний шахс бўлса - жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ЖШШИРи, унинг яшаш манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

қабул қилувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери, СТИРи, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);


7) 7-майдон. "Жойлар сони".

Майдонда товарлар жойлаштирилган ўринлар (жойлар) сони кўрсатилади.

Товарлар сочилган, уюмланган, қуйилган (ўрамсиз) ҳолатда олиб кирилаётганда, "0" рақами қайд этилади;


8) 8-майдон. "Манзил божхона пости".

Майдонда товарлар етказиб бериладиган божхона постининг коди ва номи Божхона постлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;


9) 9-майдон. "Юк тушириладиган божхона омбори".

Майдонда товарлар етказиладиган (жойлаштириладиган, тушириладиган) божхона омбори кўрсатилади.

Товарлар божхона омбори мақомига эга бўлмаган бошқа омборларга жойлаштириладиган ёки чегара божхона пости орқали республика ҳудудидан олиб чиқиб кетиладиган ёхуд декларантда товарлар жойлаштириладиган божхона омбори ҳақида маълумот мавжуд бўлмаган ҳолларда майдонни тўлдириш талаб этилмайди;


10) 10-майдон. "Қўшимча ҳужжатлар".

Майдонда декларацияловчи шахс томонидан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун асос бўлувчи қўшимча ҳужжатлар (мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Бунда, қўшимча ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар "Қўшиш" тугмаси орқали қуйидаги тартибда кўрсатилади:

"Ҳужжат тури" номли майдончада ҳужжатнинг тури Божхона юк декларациясини тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;

"Ҳужжат рақами" номли майдончада ҳужжатнинг рақами кўрсатилади.

Ҳужжат рақамида ҳарфлар иштирок этса, улар қайси алифбода бўлса, ушбу алифбо ҳарфларида қайд этилиши лозим.

Масалан, лотин алифбосидаги ҳарфлар лотин алифбосида, кирилл алифбосидаги ҳарфлар кирилл алифбосида ёзилади.

"Ҳужжат санаси" номли майдончада ҳужжатнинг санаси кўрсатилади;

Агар кўрсатилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони бир нечта бўлганда, ҳар бир ҳужжатга тегишли маълумотлар янги қаторда кўрсатилади.


26. "Товар тўғрисида маълумотлар" қисмида товарлар тўғрисида маълумотлар кузатув ҳужжатлари асосида "Қўшиш" тугмаси орқали кўрсатилади. Агар товарлар бир нечта бўлса, ҳар бирига оид маълумотлар алоҳида рақам остида кўрсатилади.

Агар товарлар тўғрисидаги маълумотлар мазкур қисмда кўрсатилган намуна асосида "excel" форматида тайёрланган бўлса, ушбу маълумотни юклаб олиш орқали ҳам майдонлар тўлдирилиши мумкин.


27. "Товар тўғрисида маълумотлар" қисмида маълумотлар қуйидагича кўрсатилади:


1) 1-майдон. "ТИФ ТН коди".

Майдонда товарнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) мувофиқ ўнта рақамли коди кўрсатилади. Товарнинг ТИФ ТН коди инвойсдан (ҳисоб, ҳисоб-фактурадан) олинади.

Агар товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўнта рақамли кодини кўрсатишни имкони бўлмаса, майдонда ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг коди олтита рақамгача кўрсатилиши мумкин;


2) 2-майдон. "Товар номи ва тавсифи".

Майдонда товарга тегишли инвойсда (ҳисоб, ҳисоб-фактурада) мавжуд бўлган товарнинг номи, белгилари, артикуллари, навлари, стандартлари ва бошқа техник ва тижорат тавсифлари (давлат стандартлари, техник регламентлар ҳамда стандартлар ва ҳ.к.) кўрсатилади;


3) 3-майдон. "Қадоқ тури".

Майдонда товарга тегишли ўров варағида қайд этилган товарнинг қадоқ тури Қадоқ турлари маълумотномасидан танлаш орқали кўрсатилади (масалан, пакет, қоп ва ҳ.к.);


4) 4-майдон. "Ўлчов бирлиги".

Майдонда товарнинг ўлчов бирлиги товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ коди асосида қуйидаги тартибда кўрсатилади:

товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўнта рақамли коди кўрсатилган бўлса, майдон ТИФ ТНда келтирилган "Ўлчов бирликлари жадвали"га мувофиқ божхона органи томонидан автоматлаштирилган тартибда тўлдирилади;

товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ коди олтита рақамгача кўрсатилган бўлса, майдонда товарнинг кузатув ҳужжатларидаги ўлчов бирлиги маълумотномадан танлаш орқали кўрсатилади.

Масалан:

транспорт воситасида оғирлиги 4200 килограммга тенг 50 та дона музлаткич олиб ўтилаётган бўлса - майдонда "796-шт" ёзуви кўрсатилади;

транспорт воситасида оғирлиги 23000 килограммга тенг 460 та қопда буғдой уни олиб ўтилаётган бўлса - майдонда "166-кг" ёзуви кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Миқдори".

Майдонда товарнинг ушбу қисмнинг 4-майдонида кўрсатилган ўлчов бирлигидаги миқдори товарнинг кузатув ҳужжатлари асосида кўрсатилади;


6) 6-майдон. "Брутто вазни".

Майдонда товарнинг килограммдаги "брутто" оғирлиги кўрсатилади;


7) 7-майдон. "Нетто вазни".

Майдонда товарнинг килограммдаги "нетто" оғирлиги товарнинг кузатув ҳужжатлари асосида кўрсатилади;


8) 8-майдон. "Фактура қиймати"

Майдонда товарнинг инвойсда (ҳисоб, ҳисоб-фактурада) қайд этилган фактура қиймати кўрсатилади;


9) 9-майдон. "Валюта тури".

Майдонда товарнинг фактура қийматини инвойсдаги (ҳисоб, ҳисоб-фактурадаги) ҳисоб-китоб амалга оширилган ёки амалга ошириладиган валюта номи бўйича валюта тури Валюталар таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;


10) товар сифатида автотранспорт воситаси олиб ўтилаётган ҳолларда алоҳида ажратилган майдонларда унинг ишлаб чиқарилган йили, двигателнинг иш ҳажми (қуввати, от кучи) кўрсатилади.


28. "Нотариф чоралар" қисмида маълумотлар (товар ва транспорт воситаларига нисбатан мавжуд тақиқлар, чекловлар, чегара божхона постида талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва ҳ.к.) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида автоматик тарзда шаклланади.

Агар товарга нисбатан талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни тақдим этмаслик учун асос бўлувчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда, "истисно" деб номланган майдонга белги қўйиш орқали ушбу ҳужжат ҳақида маълумот мазкур Низомнинг 25-банди 10-кичик банди талаблари асосида қайд этилади.



4-§. "Кафолат ва йиғимлар" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


29. "Кафолат ва йиғимлар" бўлими "Кафолат" ва "Йиғимлар" номли қисмлардан иборат бўлиб, тақдим этилган маълумотларга асосан ҳисобланган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси ҳамда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усулларига оид маълумотлар кўрсатилади.


30. Тақдим этилган маълумотларга асосида "Кафолат" қисмида Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг дастлабки суммаси божхона органлари томонидан автоматлаштирилган тартибда ҳисобланади.


31. Декларацияловчи шахс томонидан қуйидагилар кўрсатилади:


1) 1-майдон. "Кафолат турини танланг".

Майдонда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усуллари маълумотномадан танлаш орқали кўрсатилади.

Божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган бўлса, маълумотномадан "Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш" ёзуви танланади.

Агар товарлар етказиб бериш миллий ташувчи томонидан амалга оширилаётган бўлса, "миллий автоташувчи" ёзуви танланади;


2) 2-майдон. "Рақами".

Майдонда божхона тўловлари тўланишини таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами қайд этилади.

Агар товарлар Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 223-моддасига асосан миллий ташувчи томонидан етказиб бериладиган ҳолларда ташувчининг лицензия рақами қайд этилади;


32. "Йиғимлар" қисмида қонунчилик ҳужжатларига асосан ундириладиган йиғимларнинг сўмдаги дастлабки миқдори "E-Tranzit" ААТ томонидан автоматлашган тартибда ҳисобланади.



5-§. "Ҳужжатларни генерациялаш" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


33. "Ҳужжатларни генерациялаш" бўлимида декларацияловчи шахс томонидан киритилган маълумотлар асосида транзит декларацияси шакллантирилади.


34. "E-Tranzit" ААТга маълумот киритган декларацияловчи шахс мазкур бўлимда шакллантирилган ҳужжатларни қоғозга чоп этиши ва юклаб олиши мумкин.


35. Декларацияловчи шахснинг хоҳишига кўра йиғимлар бир вақтнинг ўзида "E-Tranzit" ААТ орқали яратилган иловалардан фойдаланган ҳолда "Тўловларни амалга ошириш" бўлмасига белги қўйиш орқали тўланади.

Агар ваколатли шахс йиғимларни чегара божхона постида тўласа, "E-Tranzit" ААТдаги "Чегара божхона постида тўлаш" бўлмасига белги қўяди.


36. Декларацияловчи шахс томонидан транзит декларациясини божхона органига тақдим этиш "Декларацияни тасдиқлайман ва юбораман" тугмаси орқали амалга оширилади.



2-БОБ. ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИДА

ЕТКАЗИБ БЕРИЛАЁТГАН ТОВАРЛАР БЎЙИЧА

ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ТЎЛДИРИШ


1-§. "Умумий маълумотлар" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


37. "Умумий маълумотлар" бўлимида маълумотлар транспорт ҳужжатларига асосан қуйидаги тартибда кўрсатилади:


1) 1-майдон. "Вагон рақами".

Майдонда СМГС шаклидаги темир йўл юк хатида қайд этилган темир йўл вагони рақами кўрсатилади;


2) 2-майдон. "Индекс рақами".

Майдонда транспортнинг (поезднинг) индекс рақами кўрсатилади (мавжуд бўлса);


3) 3-майдон. "Жўнатувчи божхона пости".

Майдонда Божхона постлари таснифлагичига асосан транзит декларацияси тақдим этиладиган божхона постининг коди ва номи танланади;


4) 4-майдон. "Жўнатувчи станция".

Майдонда СМГС шаклидаги темир йўл юк хатида қайд этилган дастлабки жўнатувчи станциянинг коди кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Охирги станция".

Майдонда СМГС шаклидаги темир йўл юк хатида қайд этилган охирги манзил станциянинг коди кўрсатилади;


6) 6-майдон. "Контейнер маълумотлари".

Майдондаги алоҳида ажратилган майдончаларда контейнер рақами, унинг юксиз вазни ва контейнер товар сифатида олиб ўтилаётганлиги ёки товар сифатида олиб ўтилмаётганлиги ҳақидаги маълумотлар қайд этилади.



2-§. "Юк тўғрисида маълумот" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


38. "Юк тўғрисида маълумот" бўлими "Юк кузатув ҳужжатлари" ва "Товар тўғрисида маълумотлар" номли қисмлардан иборат.


39. "Юк кузатув ҳужжатлари" қисмида маълумотлар кузатув ҳужжатлари асосида "Қўшиш" тугмаси орқали кўрсатилади. Агар товарларни қабул қилувчиси ва жўнатувчиси икки ёки ундан ортиқ бўлса, уларнинг ҳар бирига оид маълумотлар алоҳида кўрсатилади.


40. "Юк кузатув ҳужжатлари" қисмида маълумотлар қуйидагича кўрсатилади:


1) 1-майдон. "CMГС рақами".

Майдонда CMГС шаклидаги темир йўл юк хати рақами кўрсатилади.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда рақами кўрсатилган CMГС шаклидаги темир йўл юк хатининг нусхаси "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақам қайд этилади ҳамда сақланади;


2) 2-майдон. "Инвойс рақами".

Майдонда товарларни жўнатувчи шахс томонидан берилган инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) рақами кўрсатилади. Инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) рақамида ҳарфлар мавжуд бўлган тақдирда, улар қайси алифбода бўлса, ушбу алифбо ҳарфларида қайд этилиши лозим.

Масалан, лотин алифбосидаги ҳарфлар лотин алифбосида, кирилл алифбосидаги ҳарфлар кирилл алифбосида ёзилади.

Алоҳида ажратилган "Fayl" номли майдончада ушбу майдонда рақами кўрсатилган инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) нусхасига "Е-архив" интерактив хизмати томонидан берилган тегишли махсус рақам қайд этилади ҳамда сақланади;


3) 3-майдон. "Инвойс санаси".

Майдонда товарни жўнатувчи шахс томонидан берилган инвойс (ҳисоб, ҳисоб-фактура) санаси кўрсатилади;


4) 4-майдон. "Контейнер рақами".

Майдонда товарлар ортилган контейнер рақами "Умумий маълумотлар" бўлимида қайд этилган контейнерлардан бирини танлаган ҳолда кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Юк жўнатувчи".

Майдонда Дунё мамлакатлари таснифлагичидан товарлар жўнатилган мамлакатнинг коди ва номи танланади ҳамда жўнатувчи шахс ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

жўнатувчи жисмоний шахс бўлса - жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

жўнатувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);


6) 6-майдон. "Юк қабул қилувчи".

Майдонда Дунё мамлакатлари таснифлагичидан товарлар келиб тушадиган мамлакатнинг коди ва номи танланади ҳамда қабул қилувчи шахс ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

қабул қилувчи жисмоний шахс бўлса - жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ЖШШИРи, унинг яшаш манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

қабул қилувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери, СТИРи, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);


7) 7-майдон. "Жойлар сони".

Майдонда товарлар жойлаштирилган ўринлар (жойлар) сони кўрсатилади.

Товарлар сочилган, уюмланган, қуйилган (ўрамсиз) ҳолатда олиб кирилаётганда, "0" рақами қайд этилади;


8) 8-майдон. "Манзил станция".

Майдонда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ташув тугалланадиган станция темир йўл станциялари маълумотномасидан танлаш орқали қуйидаги тартибда кўрсатилади:

товарлар ички транзит йўналиши бўйича етказиб берилаётган бўлса - СМГС шаклидаги темир йўл юк хатининг 5-графасидаги темир йўл станцияси;

товарлар халқаро транзит йўналиши бўйича етказиб берилаётган бўлса - СМГС шаклидаги темир йўл юк хатининг 6-графасидаги темир йўл станцияси;


9) 9-майдон. "Манзил божхона пости".

Майдонда товарлар етказиб бериладиган божхона постининг коди ва номи Божхона постлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;


10) 10-майдон. "Қўшимча ҳужжатлар".

Майдонда декларацияловчи шахс томонидан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун асос бўлувчи қўшимча ҳужжатлар (мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Бунда, қўшимча ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар "Қўшиш" тугмаси орқали қуйидаги тартибда кўрсатилади:

"Ҳужжат тури" номли майдончада ҳужжатнинг тури Божхона юк декларациясини тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади;

"Ҳужжат рақами" номли майдончада ҳужжатнинг рақами кўрсатилади.

Ҳужжат рақамида ҳарфлар иштирок этса, улар қайси алифбода бўлса, ушбу алифбо ҳарфларида қайд этилиши лозим.

Масалан, лотин алифбосидаги ҳарфлар лотин алифбосида, кирилл алифбосидаги ҳарфлар кирилл алифбосида ёзилади.

"Ҳужжат санаси" номли майдончада ҳужжатнинг санаси кўрсатилади.

Агар кўрсатилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони бир нечта бўлганда, ҳар бир ҳужжатга тегишли маълумотлар алоҳида кўрсатилади.


41. "Товар тўғрисида маълумотлар" қисмида товарлар тўғрисида маълумотлар кузатув ҳужжатлари асосида "Қўшиш" тугмаси орқали кўрсатилади. Агар товарлар бир нечта бўлса, ҳар бир товар ҳақидаги маълумотлар алоҳида рақам остида кўрсатилади.

Агар товарлар тўғрисидаги маълумотлар мазкур қисмда кўрсатилган намуна асосида "excel" форматида тайёрланган бўлса, ушбу маълумотни юклаб олиш орқали ҳам майдонлар тўлдирилиши мумкин.


42. "Товар тўғрисида маълумотлар" қисмида маълумотлар қуйидагича кўрсатилади:


1) 1-майдон. "ТИФ ТН коди".

Майдонда товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўнта рақамли коди кўрсатилади. Товарнинг ТИФ ТН коди инвойсдан (ҳисоб, ҳисоб-фактурадан) олинади.

Агар товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўнта рақамли кодини кўрсатишни имкони бўлмаса, майдонда ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг коди олтита рақамгача кўрсатилиши мумкин;


2) 2-майдон. "Товар номи ва тавсифи".

Майдонда товарга тегишли инвойсда (ҳисоб, ҳисоб-фактурада) мавжуд бўлган товарнинг номи, белгилари, артикуллари, навлари, стандартлари ва бошқа техник ва тижорат тавсифлари (давлат стандартлари, техник регламентлар ҳамда стандартлар ва ҳ.к.) кўрсатилади;


3) 3-майдон. "Ўлчов бирлиги".

Майдонда товарнинг ўлчов бирлиги товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ коди асосида қуйидаги тартибда кўрсатилади:

товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўнта рақамли коди кўрсатилган бўлса, майдон ТИФ ТНда келтирилган "Ўлчов бирликлари жадвали"га мувофиқ божхона органи томонидан автоматлаштирилган тартибда тўлдирилади;

товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг коди олтита рақамгача кўрсатилган бўлса, майдонда товарнинг кузатув ҳужжатларидаги ўлчов бирлиги маълумотномадан танлаш орқали кўрсатилади.

Масалан:

транспорт воситасида оғирлиги 4200 килограммга тенг 50 та дона музлаткич олиб ўтилаётган бўлса - майдонда "796-шт" ёзуви кўрсатилади;

транспорт воситасида оғирлиги 23000 килограммга тенг 460 та қопда буғдой уни олиб ўтилаётган бўлса - майдонда "166-кг" ёзуви кўрсатилади;


4) 4-майдон. "Миқдори".

Майдонда товарнинг ушбу қисмнинг 3-майдонида кўрсатилган ўлчов бирлигидаги миқдори кузатув ҳужжатлари асосида кўрсатилади;


5) 5-майдон. "Брутто вазни".

Майдонда товарнинг килограммдаги "брутто" оғирлиги кўрсатилади;


6) 6-майдон. "Нетто вазни".

Майдонда товарнинг килограммдаги "нетто" оғирлиги товарнинг кузатув ҳужжатлари асосида кўрсатилади;


7) 7-майдон. "Фактура қиймати"

Майдонда номи товарнинг инвойсда (ҳисоб, ҳисоб-фактурада) қайд этилган фактура қиймати кўрсатилади;


8) 8-майдон "Валюта тури".

Майдонда товарнинг фактура қийматини инвойсдаги (ҳисоб, ҳисоб-фактурадаги) ҳисоб-китоб амалга оширилган ёки амалга ошириладиган валюта номи бўйича валюта тури Валюталар таснифлагичидан танлаш орқали кўрсатилади.



3-§. "Йиғимлар" бўлимидан фойдаланиш

тартиби


43. "Йиғимлар" бўлимида қонунчилик ҳужжатларига асосан ундириладиган йиғимларнинг сўмдаги дастлабки миқдори E-Tranzit" ААТ томонидан автоматлашган тартибда ҳисобланади.



4-§. "Ҳужжатларни генерациялаш" бўлимидан

фойдаланиш тартиби


44. "Ҳужжатларни генерациялаш" бўлимида декларацияловчи шахс томонидан киритилган маълумотлар асосида транзит декларацияси шакллантирилади.


45. "E-Tranzit" ААТга маълумот киритган декларацияловчи шахс мазкур бўлимда шакллантирилган ҳужжатларни қоғозга чоп этиши ва юклаб олиши мумкин.


46. Декларацияловчи шахснинг хоҳишига кўра йиғимлар бир вақтнинг ўзида "E-Tranzit" ААТ орқали яратилган иловалардан фойдаланган ҳолда "Тўловларни амалга ошириш" бўлмасига белги қўйиш орқали тўланади.

Агар ваколатли шахс йиғимларни чегара божхона постида тўласа, "E-Tranzit" ААТдаги "Чегара божхона постида тўлаш" бўлмасига белги қўяди.


47. Декларацияловчи шахс томонидан транзит декларациясини божхона органига тақдим этиш "Декларацияни тасдиқлайман ва юбораман" тугмаси орқали амалга оширилади.



III БЎЛИМ. ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ

ҚОҒОЗГА ЧОП ЭТИЛАДИГАН ШАКЛИДА

МАЪЛУМОТЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ


3-БОБ. ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ҚОҒОЗГА

ЧОП ЭТИЛАДИГАН ШАКЛИ


48. Қоғозга чоп этиладиган транзит декларацияси мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги транзит декларациясининг асосий варағи, бир нечта товарларни декларациялашда эса ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги транзит декларациясининг қўшимча варағидан иборат бўлади.

Транзит декларациясининг асосий варағида битта товар, битта қўшимча варағида эса учта товар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши мумкин.


49. Транзит декларациясини қоғозга чоп этиладиган шакли декларацияловчи шахс томонидан мазкур Низомнинг 1 ва 2-бобларида белгиланган тартибда кўрсатилган маълумотларга ва божхона органи ходими томонидан қайд этилган белгиларга асосан "E-Tranzit" ААТ томонидан автоматлаштирилган тартибда тўлдирилади.



4-БОБ. ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ҚОҒОЗГА

ЧОП ЭТИЛАДИГАН ШАКЛИДАГИ ГРАФАЛАРНИНГ

ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ


50. Қоғозга чоп этиладиган шаклдаги транзит декларациясининг қуйидаги графалари тўлдирилади: 1, 2, 3, 5, 7, 8, 9, 13, 14, 15, 15а, 17, 17а, 18, 19, 22, 23, 26, 29, 31, 32, 33, 35, 37, 38, 40, 41, 42, 44, 46, 47, 50, 53, 54, "A" ва "D".


51. Транзит декларациясини қоғозга чоп этиладиган шаклидаги графалар қуйидаги тартибда тўлдирилади:


1) 1-графа. "Декларация тури".

Графанинг биринчи бўлмасида божхона транзити операцияси йўналишининг қисқа номи қуйидаги тартибда кўрсатилади:

товарлар ички транзит йўналиши бўйича етказиб берилаётган бўлса - "ВТ";

товарлар халқаро транзит йўналиши бўйича етказиб берилаётган бўлса - "МТ";

Графанинг иккинчи бўлмасида "80" коди кўрсатилади;


2) 2-графа. "Юкни жўнатувчи".

Графада божхона транзити божхона режимига жойлаштирилаётган товарларни жўнатувчи шахс тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

Графада қуйидагилар кўрсатилади:

жўнатувчи жисмоний шахс бўлса - жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш манзили;

жўнатувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери;


3) 3-графа. "Қўшимча варақлар".

Графанинг биринчи бўлмасида варақнинг тартиб рақами, иккинчи бўлмасида транзит декларацияси варақларининг умумий сони (асосий ва қўшимча варақлари йиғиндиси) кўрсатилади.

Масалан, агар транзит декларацияси иккита қўшимча варақларга эга бўлса, унинг асосий варағида "1/3", биринчи қўшимча варағида "2/3", иккинчи қўшимча варағида "3/3" кўрсатилади. Агар транзит декларацияси қўшимча варақларга эга бўлмаса "1/1" кўрсатилади;


4) 5-графа. "Товарлар номларининг умумий сони".

Графада транзит декларациясининг 31-графаларида кўрсатилган товарлар номларининг умумий сони ёзилади. Бу сон транзит декларациясининг 31-графалари сонига мувофиқ бўлиши лозим;


5) 7-графа. "Рўйхат рақам".

Графада транзит декларацияси тақдим этилган божхона постининг коди, транзит декларациясининг рақами ва у рўйхатга олинган сана қуйидаги тартибда кўрсатилади:

99999 /99.99.9999 / 9999999

  1    2  3  4      5

1-элемент - декларацияловчи шахс томонидан қайд этилган божхона постининг Божхона постлари таснифлагичига мувофиқ бешта белгили коди;

2, 3 ва 4-элементлар - транзит декларацияси божхона расмийлаштируви учун қабул қилинган кун, ой ва йил;

5-элемент - божхона органи томонидан рўйхатга олинган транзит декларациясининг тартиб рақами (жорий йилда ўсиш тартибида, йил якунлангач рақамлаш янгидан бошланади);


6) 8-графа. "Юкни қабул қилувчи".

Графада транспорт ҳужжатларига асосан божхона транзити режимига жойлаштирилаётган товарларни қабул қилувчи шахс тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

Графада транспорт ҳужжатларига асосан божхона транзити режимига жойлаштирилаётган товарларни қабул қилувчи шахс тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

қабул қилувчи жисмоний шахс бўлса - жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

қабул қилувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери, телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса);.

Графанинг пастки қисмида "N" белгисидан сўнг юкни қабул қилувчининг СТИРи (жисмоний шахс бўлса, ЖШШИРи) кўрсатилади.

Товарлар СТИР ёки ЖШШИРга эга бўлмаган шахслар томонидан олиб ўтилаётганда, "999999999" коди кўрсатилади;


7) 9-графа. "Ташувчи".

Графада товарларни ташувчиси тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

ташувчи жисмоний шахс бўлса - унинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш манзили (Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ мамлакатнинг қисқа номи ва манзили), телефон рақами ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар;

ташувчи юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи ва жойлашган ери (Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ мамлакатнинг қисқа номи ва юридик манзили), телефон рақами;

Графанинг пастки қисмида "N" белгисидан сўнг ташувчининг СТИРи (жисмоний шахс бўлса, ЖШШИРи) кўрсатилади. Ташувчи СТИР ёки ЖШШИРга эга бўлмаган шахс бўлса, "999999999" коди кўрсатилади;


8) 13-графа.

Графада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, транзит декларацияси рўйхатга олинган кундаги АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан курси кўрсатилади;


9) 14-графа. "Декларант/божхона брокери".

Графада божхона брокери ёки декларацияни тақдим этган декларант ҳақидаги маълумотлар (юридик шахс бўлса - унинг қисқача номи, жойлашган ери (юридик манзили), жисмоний шахс бўлса - фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш манзили) кўрсатилади.

Графанинг юқори қисмида "N" белгисидан сўнг, божхона брокери ёки декларантнинг СТИРи (жисмоний шахс бўлса, ЖШШИРи) кўрсатилади;


10) 15-графа. "Жўнатувчи мамлакат".

Графада товар жўнатилган мамлакатнинг Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ қисқа номи кўрсатилади;


11) 15а-графа. "Жўнатувчи мамлакат коди".

Графада товар жўнатилган мамлакатнинг Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ рақамли коди кўрсатилади;


12) 17-графа. "Келиб тушадиган мамлакат".

Графада товар келиб тушадиган мамлакатнинг Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ қисқа номи кўрсатилади;


13) 17а-графа. "Келиб тушадиган мамлакат коди".

Графада товар келиб тушадиган мамлакатнинг Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ рақамли коди кўрсатилади;


14) 18-графа. "Жўнатиш/етказиб бериш вақтидаги транспорт воситаси".

Графада жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига товарларни ташиш амалга оширилаётган транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Графанинг чап бўлмасида транспорт воситалари миқдори ёзилади, битта бўш жой (пробел) ташлаб Транспорт турлари таснифлагичига мувофиқ транспорт воситасининг қисқача номи, сўнгра икки нуқтадан кейин орасига ";" ажратиш белгиси қўйилган ҳолда транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади (темир йўл вагони рақами, автотранспорт воситаси рўйхат рақами, автотранспорт воситасининг VIN рақами ва шу каби маълумотлар).

Масалан:

1 АВТО: A987SA; WYC5241321L245013;

1 ЖД: 63453546;

Агар товарлар автотранспорт воситалари состави билан олиб ўтилган бўлса, транспорт воситаси рўйхат рақамидан сўнг "/" ажратиш белгиси қўйилган ҳолда тиркамалар, ярим тиркамалар рақамлари ва уларнинг VIN рақамлари кўрсатилади.

Масалан:

1 АВТО: A987SA;WYC5241321L245013/K118DS;СYC5241321L245013.

Графанинг ўнг бўлмасида транспорт воситаси тегишли бўлган мамлакатнинг Дунё мамлакатлари таснифлагичига мувофиқ рақамли коди кўрсатилади.

Агар товарларни ташишда автотранспорт воситалари составидан фойдаланилган бўлса, ушбу транспорт воситаларини (прицепларни, ярим прицепларни ва ҳ.к.) ҳаракатга келтирган автотранспорт воситаси рўйхатга олинган мамлакатнинг рақамли коди кўрсатилади.

Графада транспорт воситаси билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин;


15) 19-графа. "Контейнер".

Графада қуйидагилар кўрсатилади:

"0" - агар товарлар контейнерда олиб ўтилмаётган бўлса;

"1" - агар товарлар контейнерда олиб ўтилаётган ёки товар сифатида контейнер расмийлаштирилаётган бўлса;


16) 22-графа. "Валюта ва товарларнинг умумий фактура қиймати".

Графанинг чап бўлмасида фактура қийматнинг инвойсдаги (ҳисоб, ҳисоб-фактурадаги) ҳисоб-китоб амалга оширилган ёки амалга ошириладиган валюта коди Валюталар таснифлагичига мувофиқ кўрсатилади.

Графанинг ўнг бўлмасида рақамларда товарларни фактура қийматининг умумий суммаси кўрсатилади.

Товарларни фактура қийматининг умумий суммаси транзит декларациясининг 42-графаларидаги қийматлар йиғиндисидан ташкил топади;


17) 23-графа. "Валюта курси".

Графада транзит декларациясининг 22-графасида коди кўрсатилган валютанинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, транзит декларацияси рўйхатга олинган кундаги Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан курси кўрсатилади.

Масалан:

агар 1 Россия рубли = 182,52 сўм бўлса, графада "1/182,52" кўрсатилади;

агар 10 Япон йенаси = 79,70 сўм бўлса, графада "10/79,70" кўрсатилади;

агар валюта контракти Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси бўлса, графада "1/1" кўрсатилади;


18) 26-графа. "Транспорт тури".

Графада Транспорт турлари таснифлагичига мувофиқ 18-графада кўрсатилган транспорт воситаси турининг коди кўрсатилади;


19) 29-графа. "Чегарадаги божхона".

Графада Божхона постлари таснифлагичига мувофиқ товарлар Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган божхона пости коди ва номи кўрсатилади

Транзит декларацияси Ўзбекистон Республикасининг ички ҳудудидаги жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб бериш учун тақдим этилган бўлса, графа тўлдирилмайди;


20) 31-графа. "Юк жойлари ва товар тавсифи". "Маркировка ва миқдор - контейнерлар рақами - товар тавсифи".

Графада декларацияланаётган товар ҳақида декларацияловчи шахс томонидан кўрсатилган маълумот қайд этилади. Маълумотларнинг ҳар бири янги сатрдан бошланади ва улардан ҳар бирининг олдига тартиб рақами қўйилади:

1 - товар тавсифи ҳамда товарнинг миқдор ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотлар;

2 - ўрамга эга бўлган товар учун у эгаллаган юк жойларининг умумий сони, агар товарлар сочилган, уюмланган, қуйилган (ўрамсиз) ҳолатда олиб кирилган бўлса, "0" рақами кўрсатилади.

3 - товар контейнерда ташилганда ёки контейнер товар сифатида олиб ўтилаётган ҳолларда контейнер рақами ёзилади.

Графанинг пастки ўнг бурчагида алоҳида ажратилган жойда товарларнинг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори ва ўлчов бирлигининг ТИФ ТНга мувофиқ шартли белгиланиши кўрсатилади;


21) 32-графа. "Товар N".

Графада 31-графада декларацияланаётган товарнинг тартиб рақами кўрсатилади;


22) 33-графа. "Товар коди".

Графанинг чап қисмида 31-графада декларацияланаётган товарларнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўнта ёки олтита рақамли коди кўрсатилади. Ушбу код бўш жойсиз (пробелсиз) ва бошқа ажратувчи белгиларсиз ёзилади;


23) 35-графа. "Брутто вазн (кг)".

Графада транзит декларациясидаги товарнинг килограммдаги "брутто" оғирлиги кўрсатилади;


24) 37-графа. "Процедура".

Графада товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиш процедурасининг етти белгили коди кўрсатилади. Ушбу код қуйидаги учта таркибий қисмлардан иборат:

биринчи иккита рақам - Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ баён этилаётган божхона режими коди;

кейинги иккита рақам - Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ аввалги божхона транзити божхона режими коди. Агар аввалги божхона транзити божхона режими мавжуд бўлмаса, "00" кўрсатилади;

охирги учта рақам - "000" коди кўрсатилади;


25) 38-графа. "Нетто вазн (кг)".

Графада товарнинг декларацияловчи шахс томонидан қайд этилган килограммдаги "нетто" оғирлиги кўрсатилади;


26) 40-графа. "Умумий декларация/аввалги ҳужжат".

Товарлар баён этилаётган божхона режимидан аввал божхона режимига жойлаштирилган бўлса, графада товарларни аввалги божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлган транзит декларациясининг рўйхат рақами кўрсатилади;


27) 41-графа. "Қўшимча ўлчов бирлиги".

Графада ТИФ ТНда келтирилган "Ўлчов бирликлари жадвали"га мувофиқ 31-графанинг пастки ўнг бўлмасида кўрсатилган товар миқдорининг қўшимча ўлчов бирлиги коди кўрсатилади;


28) 42-графа. "Товарнинг фактура қиймати".

Графада декларацияловчи шахс томонидан қайд этилган товарнинг фактура қиймати кўрсатилади;


29) 44-графа. "Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар".

Графада транзит декларациясини тўлдиришга асос бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Ҳар бир ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар Божхона юк декларациясини тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичига мувофиқ ҳужжатнинг тартиб рақами ва ҳарфли коди қайд этилган ҳолда кўрсатилади;


30) 46-графа. "Статистик қиймат".

Графада товарнинг статистик қиймати кўрсатилади. Статистик қиймат сифатида 42-графада кўрсатилган ва минг АҚШ долларига келтирилган товарнинг фактура қиймати қабул қилинади.

Статистик қиймат математик қоидаларга кўра вергулдан сўнг, уч белгигача аниқликда яхлитланади.

Статистик қийматини ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, транзит декларацияси рўйхатга олинган кунда амалда бўлган курсдан фойдаланилади;


31) 47-графа. "Божхона тўловларининг ҳисоби".

Графада божхона тўловларининг ҳисоби тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

"Тўлов тури" устунида Божхона тўловлари таснифлагичига мувофиқ божхона тўлови турининг коди кўрсатилади.

"Ҳисоблаш асоси" устунида божхона тўловини ҳисоблашнинг асоси кўрсатилади.

"Ставка" устунида божхона тўлови суммасини ҳисоблашда қўлланиладиган божхона тўловларининг белгиланган ставкаси миқдори кўрсатилади.

"Сумма" устунида божхона тўловининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ҳисобланган суммаси кўрсатилади;


32) 50-графа. "Ишонч билдирган шахс".

Графада транзит декларациясини тўлдиришга асос бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни декларацияловчи шахсга тақдим этган ҳамда улардаги маълумотларга жавобгар ҳисобланган ваколатли шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва унга тегишли жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади) кўрсатилади.

Ҳужжатларни тақдим этган шахс ЖШШИРи мавжуд бўлмаган норезидент бўлса, у ҳолда шахснинг ЖШШИРи қайд этиладиган жойда "99999999999999" коди кўрсатилади.


33) 53-графа. "Келиб тушадиган божхона ва мамлакат".

Графа халқаро транзит йўналиши бўйича етказиб берилаётган товар ва (ёки) транспорт воситаларини божхона транзити божхона режимига жойлаштиришда тўлдирилади.

Графада Божхона постлари таснифлагичига мувофиқ товарлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиладиган божхона органи номи ва коди кўрсатилади;


34) 54-графа. "Жой ва сана".

Графада декларацияловчи шахс ҳақида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади (маълумотларнинг ҳар бири янги сатрдан бошланади ва улардан ҳар бирининг олдига тартиб рақами қўйилади):

1 - декларацияловчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

2 - декларацияловчи шахснинг телефон рақами;

3 - декларацияловчи шахснинг ЖШШИРи;


35) "А" графа.

Графада транзит декларациясига берилган идентификация коди қайд этилади;


36) "D" графа.

Графанинг чап бўлмасида жўнатувчи божхона органига тегишли маълумотлар қуйидаги тартибда тўлдирилади:

рўйхатга олиниб, қабул қилинмаган транзит декларациясида - "Қабул қилинмаган" ёзуви қайд этилади;

рўйхатга олиниб, қабул қилинган транзит декларациясида - "Қабул қилинган, расмийлаштирилмаган" ёзуви қайд этилади;

расмийлаштирилган транзит декларациясида - божхона органи томонидан ушбу транзит декларациясида баён этилган товар ва транспорт воситаларига нисбатан қабул қилинган қарорлар ҳақидаги божхона органи белгилари (ёзувлари) кўрсатилади.

Графанинг ўнг бўлмасида маълумотлар қуйидаги тартибда тўлдирилади:

жўнатувчи божхона органи томонидан расмийлаштирилган транзит декларациясида - "Божхона назоратидаги юк" ёзуви қайд этилади;

қабул қилувчи божхона органи томонидан транзит божхона режими якунланганда - товарларга нисбатан қабул қилинган қарорлар ҳақидаги божхона органи белгилари (ёзувлари) кўрсатилади.



IV БЎЛИМ. ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ

РЎЙХАТГА ОЛИШ, РАСМИЙЛАШТИРИШ, УНГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ, УНИ

ҚАЙТАРИБ ОЛИШ ҲАМДА БЕКОР ҚИЛИШ


5-БОБ. ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШ ВА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


52. Декларацияловчи шахс томонидан тақдим этилган транзит декларациясини божхона органи томонидан рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида "E-tranzit" ААТда автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади.

"E-tranzit" ААТда транзит декларацияларини рўйхатда ўтказиш идентификация коди ва тартиб рақамлари берилган ҳолда қуйидаги тартибда амалга оширилади:

идентификация коди битта транспорт воситаси ва битта транспорт ҳужжати бўйича бир вақтда тақдим этилган транзит декларацияларига берилади;

тартиб рақами мазкур Низомнинг 51-бандида белгиланган тартибда ҳар бир транзит декларациясининг 7-графасини тўлдириш орқали берилади.


53. Транзит декларацияси божхона органи томонидан товар ва транспорт воситаси жўнатувчи божхона органига етиб келганидан сўнг қабул қилинади. Бунда, декларант томонидан товар ва транспорт воситаси бўйича тақдим этилган транзит декларациясига "E-Tranzit" ААТ томонидан берилган идентификация коди божхона органига маълум қилиниши зарур.

Транзит декларациясини қабул қилиш декларант томонидан божхона органларига товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этиши ва идентификация кодини маълум қилиши билан бир вақтда амалга оширилади ҳамда бу ҳақда декларант ёки декларацияловчи шахс хабардор қилинади.


54. Рўйхатга олинган транзит декларацияси божхона органи томонидан қабул қилингандан сўнг, божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


55. Транзит декларациясининг жўнатувчи божхона органида божхона расмийлаштируви ҳамда тақдим этилган ҳужжатларни текшириш қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш зарурати юзага келмаганда, божхона декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган вақтдан бошлаб уч соат давомида, бундан ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига божхона хизмати органларининг иш вақтидан ташқари пайтда транзит декларацияси тақдим этилган ҳолатлар мустасно;

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилмаган бошқа ҳолларда транзит декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган кундан эътиборан бир иш куни ичида.

Мазкур муддатлар хавфларни бошқариш тизимида белгиланган зарур тадбирларни, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди.



6-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИНИБ, ҚАБУЛ ҚИЛИНМАГАН

ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧА КИРИТИШ, УНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ

ҲАМДА БЕКОР ҚИЛИШ


56. Транзит декларацияси рўйхатга олиниб, божхона органи томонидан қабул қилиб олингунига қадар декларацияловчи шахс транзит декларациясига ўзгартириш ва қўшимча киритиши, уни қайтариб олиши мумкин.


57. Рўйхатга олиниб, қабул қилинмаган транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш зарурати юзага келганда, декларацияловчи шахс "E-Tranzit" ААТда "Декларацияни тузатиш" тугмаси орқали амалга оширилади. Бунда, транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш мазкур Низомнинг 1 ва 2-бобларида белгиланган тартибда ҳамда кетма-кетликда амалга оширилади, бундан "E-Tranzit" ААТ томонидан автоматлаштирилган тартибда тўлдирилган майдонлар мустасно.


58. Рўйхатга олиниб, қабул қилинмаган транзит декларациясини қайтариб олиш "Декларацияни қайтариб олиш" тугмаси орқали амалга оширилади.

Агар битта идентификация коди билан рўйхатга олинган бир нечта транзит декларацияларининг биттасини қайтариб олиш зарурати юзага келган бўлса, бир вақтнинг ўзида уларнинг барчаси қайтариб олинади.


59. Қайтариб олинган транзит декларациясининг ўрнига янги транзит декларациясини тақдим этиш мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган муддатидан ошиб кетмаслиги лозим.


60. Транзит декларацияси рўйхатга олинган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида унда кўрсатилган товарлар жўнатувчи божхона органига тақдим этилмаса, транзит декларацияси берилмаган деб ҳисобланади. Бунда, транзит декларацияси "E-Tranzit" ААТ томонидан автоматлаштирилган тартибда бекор қилинади ҳамда бу ҳақда декларацияловчи шахсга ахборот алмашиш тизими орқали маълум қилинади.


61. Қайтариб олинган ёки бекор қилинган транзит декларациясининг идентификация коди ва тартиб рақамлари бошқа транзит декларациясига берилмайди.



7-БОБ. ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ВА РАСМИЙЛАШТИРИЛГАН

ТРАНЗИТ ДЕКЛАРАЦИЯСИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧА КИРИТИШ, УНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ

ҲАМДА БЕКОР ҚИЛИШ


1-§. Декларант ёки декларацияловчи шахснинг

мурожаатига асосан транзит декларациясига

ўзгартириш ва қўшимча киритиш,

уни қайтариб олиш


62. Қабул қилинган ва расмийлаштирилган транзит декларацияларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш декларант ёки декларацияловчи шахснинг мурожаатига мувофиқ божхона органининг розилиги билан амалга оширилади.

Қабул қилинган транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун божхона органига декларант ёки декларацияловчи шахс мурожаат қилади.

Қабул қилинган транзит декларациясини қайтариб олиш ёки расмийлаштирилган транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун божхона органига декларант ёки унинг номидан транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш тўғрисидаги ишончномаси асосида декларацияловчи шахс мурожаат қилади.


63. Қабул қилинган ва расмийлаштирилган транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

транзит декларациясини тўлдириш ва тақдим этиш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш зарур бўлганда;

битта товар юзасидан такроран бир нечта транзит декларацияси қабул қилинганлиги аниқланганда;

транзит декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.


64. Қуйидаги ҳолларда транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш тақиқланади:

декларант ёки декларацияловчи шахсдан транзит декларациясида кўрсатилган товарларга тегишли ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар талаб қилиниб, бу бўйича текширув якунига етмаган бўлса;

транзит декларациясида кўрсатилган товарларни божхона кўригидан ўтказиш белгиланиб, бу жараён якунига етмаган бўлса;

транзит декларациясида кўрсатилган товарларни божхона экспертизасидан ўтказиш тайинланиб, бу жараён якунига етказилмаган бўлса.


65. Декларант ёки декларацияловчи шахс транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун ўз хоҳишига кўра қуйидаги шаклларда мурожаат қилади:

транзит декларациясига "E-Tranzit" ААТда ўзгартириш ва қўшимча киритиш учун транзит декларацияси рўйхатга олинган божхона органига ахборот алмашиш тизими орқали;

декларант ёки декларацияловчи шахсда транзит декларациясини "E-Tranzit" ААТ орқали ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш имкони бўлмаган тақдирда, божхона органига мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ тузатиш киритиш варағини тақдим этиш орқали.


66. Тузатиш киритиш варағида транзит декларациясининг божхона органида рўйхатга олинган рақами, ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш лозим бўлган графа ва (ёки) майдонлар, уларга киритиладиган тузатишлар билан боғлиқ маълумотлар кўрсатилади ҳамда тузатиш киритиш варағи уни тақдим этган шахс томонидан имзоланади.


67. Транзит декларацияга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш тўғрисидаги мурожаатлар божхона органи томонидан қуйидаги муддатларда кўриб чиқилади:

қабул қилинган транзит декларацияси бўйича мурожаат мазкур Низомнинг 55-бандида назарда тутилган расмийлаштирув муддатлари ичида;

расмийлаштирилган транзит декларацияси бўйича мурожаат Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунининг 28-моддасида белгиланган муддатда.


68. Божхона органи мурожаатни кўриб чиқиб, мазкур Низомнинг 63 ва 64-бандларига мувофиқ транзит декларацияга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишни асосли деб топса, транзит декларациядаги хато ва (ёки) камчиликларни бартараф этиш бўйича мурожаат этган шахсни хабардор этади.

Транзит декларациясига "E-Tranzit" ААТда ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида мурожаат қилинган бўлса, божхона органи томонидан "E-Tranzit" ААТда транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш имконияти яратилади. Бунда, декларацияловчи шахс томонидан транзит декларациясидаги маълумотларга "E-Tranzit" ААТда қуйидаги муддатлар ичида ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилади:

қабул қилинган транзит декларацияси у қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида;

расмийлаштирилган транзит декларацияси божхона органи томонидан ёзма шаклда хабардор этилган кундан эътиборан беш кун ичида.

Мурожаат тузатиш киритиш варағи орқали амалга оширилган бўлса, божхона органи томонидан "E-Tranzit" ААТда транзит декларацияси маълумотларига бир иш куни ичида ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритилади. Бунда, тузатиш киритиш варағи транзит декларацияга илова тарзда бириктирилади.


69. Декларацияловчи шахсда транзит декларацияси бўйича товар ва транспорт воситаси билан боғлиқ ҳужжатларни божхона органига тақдим этиш зарурати юзага келганда, ҳужжат нусхаларини ахборот алмашиш тизими орқали тақдим этади, бундан "Е-архив" интерактив хизмати орқали тақдим этилган ҳужжатлар мустасно.

Божхона органи тақдим этилган ҳужжатни ахборот алмашиш тизими орқали қабул қилиб олади, бундан асоссиз тақдим этилган ёки сифатсиз (хира, бўялган, тушунарсиз ва ҳ.к.) ёхуд "Е-архив" интерактив хизмати орқали тақдим этилган ҳужжатлар мустасно.


70. Қабул қилинган ва расмийлаштирилган транзит декларацияси декларантнинг мурожаатига асосан қуйидаги ҳолларда қайтариб олиниши мумкин:

битта товар юзасидан такроран бир нечта транзит декларацияси қабул қилинган ҳолат аниқланганда;

транзит декларациясини қайтариб олиш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.


71. Транзит декларациясини қайтариб олиш зарурати юзага келганда, декларант божхона органига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади. Мурожаатда қайтариб олиш зарур бўлган транзит декларациясининг рўйхат рақами, уни қайтариб олишнинг сабаблари қайд этилади.


72. Транзит декларациясини қайтариб олиш бўйича тақдим этилган мурожаат божхона органи томонидан мазкур Низомнинг 67-бандида назарда тутилган муддатларда кўриб чиқилади.


73. Божхона органи мурожаатни кўриб чиқиб, транзит декларациясини қайтариб олишни мазкур Низомнинг 70-бандига мувофиқ асосли деб топса, транзит декларацияси "E-Tranzit" ААТда бир иш куни ичида қайтарилади.


74. Божхона органи мурожаатни кўриб чиқиш натижаси бўйича транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш учун мазкур Низомнинг 70-бандига мувофиқ асослар мавжуд эмас деб топса, транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишни, уни қайтариб олишни рад этади. Бундай ҳолатларда рад этишнинг асосланган сабаблари ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.



2-§. Божхона органи ташаббуси билан транзит

декларациясига ўзгартириш ва қўшимча киритиш,

уни бекор қилиш


75. Қабул қилинган ва расмийлаштирилган транзит декларацияларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш божхона органининг талаби асосида мазкур Низомнинг 63-бандида тутилган ҳолларда амалга оширилади.


76. Мазкур Низомнинг 64-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда божхона органи ташаббуси билан транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, уни бекор қилиш тақиқланади.


77. Божхона органи томонидан аниқланган транзит декларациясидаги хато ва (ёки) камчиликларни бартараф этиш зарур бўлганда, божхона органи декларант ёки декларацияловчи шахсни хабардор қилади ҳамда "E-Tranzit" ААТда транзит декларациясини ўзгартириш имконияти яратилади.


78. Декларант ёки декларацияловчи шахс ўз хоҳишига кўра транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун қуйидагилардан бирини амалга оширади:

қабул қилинган транзит декларациясидаги маълумотларга божхона органи томонидан ёзма шаклда хабардор этилган кундан эътиборан бир иш куни ичида, расмийлаштирилган транзит декларациясига беш кун ичида "E-Tranzit" ААТ орқали ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритади;

декларант ёки декларацияловчи шахсда транзит декларациясига "E-Tranzit" ААТ орқали ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш имкони бўлмаганда, божхона органига мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ тузатиш киритиш варағини қабул қилинган транзит декларацияси бўйича божхона органи томонидан ёзма шаклда хабардор этилган кундан эътиборан бир иш куни ичида, расмийлаштирилган транзит декларацияси бўйича беш кун ичида тақдим этади.

Тузатиш киритиш варағида транзит декларациясининг божхона органида рўйхатга олинган рақами, ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш лозим бўлган графа ва майдонлар, уларга киритиладиган тузатишлар билан боғлиқ маълумотлар кўрсатилади ҳамда уни тақдим этган шахс томонидан имзоланади.

Агар декларант ёки декларацияловчи шахс транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун зарурат йўқ деб ҳисобласа, бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда божхона органига ўзининг асослантирилган хатини мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган муддат ичида тақдим этиши лозим.


79. Тузатиш киритиш варағи тақдим этилгандан сўнг, божхона органи томонидан "E-Tranzit" ААТда транзит декларацияси маълумотларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритилади. Бунда, тузатиш киритиш варағи транзит декларациясига илова тарзда бириктирилади.


80. Божхона органи талаби билан транзит декларацияси бўйича товар ва транспорт воситаси билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этиш зарурати юзага келганда, декларацияловчи шахс ҳужжат нусхаларини ахборот алмашиш тизими орқали тақдим этади, бундан "Е-архив" интерактив хизмати орқали тақдим этилган ҳужжатлар мустасно.

Агар декларант ёки декларацияловчи шахс божхона органи томонидан талаб этилган ҳужжатларни тақдим этиш учун зарурат йўқ деб ҳисобласа, бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда божхона органига ўзининг асослантирилган хатини тақдим этиши мумкин.


81. Божхона органи тақдим этилган ҳужжатни ахборот алмашиш тизими орқали қабул қилиб олади, бундан талаб этилмаган (асоссиз тақдим этилган) ёки сифатсиз (хира, бўялган, тушунарсиз ва ҳ.к.) ҳужжатлар ёхуд "Е-архив" интерактив хизмати орқали тақдим этилган мустасно.


82. Транзит декларацияси божхона органи ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

қабул қилинган транзит декларациясига белгиланган муддатда декларацияловчи шахс томонидан "E-Tranzit" ААТ орқали ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритилмаса;

қабул қилинган транзит декларациясига белгиланган муддатда декларант томонидан тузатиш киритиш варағи тақдим этилмаса;

битта товар юзасидан такроран бир нечта транзит декларацияси рўйхатга олинган ҳолат тасдиқланганда;

транспорт воситалари олиб кирилган чегара божхона назорат зонасини тарк этмасдан қайтариб олиб чиқиб кетилганда.



V БЎЛИМ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


83. Битта товар юзасидан такроран қабул қилинган транзит декларациясини бекор қилиш ёки қайтариб олишда нисбатан хавф даражалари паст бўлган транзит декларациялари бекор қилинади ёки қайтарилади.

Агар битта товар юзасидан қабул қилинган транзит декларацияларининг хавф даражалари бир хил бўлса, уларнинг рўйхатга олинган вақти бўйича охиргилари бекор қилинади ёки қайтарилади.


84. "E-Tranzit" ААТда фойдаланувчиларга қулайлик яратиш учун мазкур Низомда назарда тутилмаган қўшимча имкониятлар ёки маълумотлар жорий этилиши мумкин, бундан декларант ёки декларацияловчи шахслардан ушбу Низомда белгиланмаган қўшимча ҳужжат ва маълумотларни талаб этиш билан боғлиқ бўлган ҳоллар мустасно.


85. Декларант ёки декларацияловчи шахс божхона органининг транзит декларациясини расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш бўйича ҳаракатларидан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи божхона органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли.


86. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.




Низомга

1-ИЛОВА

Низомга

2-ИЛОВА

Низомга

3-ИЛОВА



Тузатиш киритиш варағи

Транзит декларациясининг тартиб рақами 99999/99.99.9999/9999999

Транзит декларацияси графаси/ Тизимдаги майдон

Товарнинг тартиб рақами*

Аввалги маълумот

Янги маълумот

18-графа (Давлат рақами)


30М789КВ

01М789КВ

15-графа (Жўнатувчи мамлакат)


398

643

31-графа (Миқдори)

2

560

56

3-майдон "Юк ташиш бошланган мамлакат".


643

398

*) "Товарнинг тартиб рақами" устуни ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш ҳақидаги маълумотлар товарга тегишли бўлса тўлдирилади.

Декларант/декларацияловчи шахс


(Ф.И.О)

(имзо)

Телефон рақами


Сана

(кун, ой, йил)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 31 август









































Время: 0.0092
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск