ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати / Назоратни амалга ошириш тартиби /

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 13.09.2022 й. ПҚ-374-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 13 сентябрдаги

ПҚ-374-сон қарорига

ИЛОВА



Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик

субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика

тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом назорат қилувчи органлар ва уларнинг таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - назорат қилувчи органлар) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - қонунчилик билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширишга ваколат берилган ташкилот;


назорат қилувчи органлар - тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган вазирлик, идора, уларнинг тизимидаги бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар;


назорат қилувчи орган мансабдор шахси - вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилувчи, тадбиркорлик субъектларида юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни ҳамда маъмурий ёки суд органларида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс;


тадбиркорлик субъектлари - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;


текширув - тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини текшириш учун керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган назорат тадбири;


текширув дастури - тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувнинг назорат саволномаси;


"Ягона давлат назорати" ахборот тизими (кейинги ўринларда - Ахборот тизими) - тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказиш ташаббусини (келишиш ёки хабардор этиш орқали), ўтказиладиган текширувларни ва улар натижаларини рўйхатга олишни таъминловчи электрон ахборот тизими.


3. Текширувни ўтказиш ваколатли орган билан келишган ёки уни хабардор этган ҳолда Ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали амалга оширилади, бундан тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда жиноят-процессуал қонунчилиги асосида ўтказиладиган тафтиш мустасно.

Ахборот тизими техник сабабларга кўра ишламаган тақдирда текширув ўтказишни келишиш ва хабардор этиш кейинчалик Ахборот тизимга киритиш шарти билан қоғоз шаклида расмийлаштирилиши мумкин.

Назорат қилувчи орган ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар Ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.



2-БОБ. ТЕКШИРУВ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


4. Текширув ўтказишда тадбиркорлик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг текширув масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;

текширув ўтказишда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;

талаб қилиб олинаётган ҳужжатларни, агар ушбу ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари тадбиркорлик субъекти томонидан назорат қилувчи органга олдинги ўтказилган текширувларда тақдим этилган бўлса, тақдим этмаслик;

экспертни рад этиш ва экспертни ўзи кўрсатган шахслар орасидан тайинлаш тўғрисида илтимос қилиш;

назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;

текширув материаллари билан танишиш ва текширув далолатномасини олиш;

назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан, шунингдек, белгиланган тартибда текширув натижалари устидан шикоят қилиш;

текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ (қарор, фармойиш) белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ва буйруқ нусхаси тадбиркорлик субъектига берилмаган, текширув белгиланган тартибда ваколатли орган билан келишилмаган ёки у хабардор этилмаган, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаган, Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортилган ҳолларда, назорат қилувчи орган мансабдор шахсларини текширув ўтказиш учун ўз ҳудуди ва биноларига қўймаслик, тадбиркорлик субъекти тегишли ҳужжатларни олишдан бош тортган ҳоллар бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.


5. Текширувларни ўтказишда тадбиркорлик субъектларининг мажбуриятлари:

назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик, уларнинг текширув билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш;

текширувни ўтказаётган назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот ташувчи воситаларда сақланадиган ҳужжатлар ва ахборотни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини таъминлаш.

Тадбиркорлик субъектлари зиммасида қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


6. Текширувларни ўтказишда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари:

тадбиркорлик субъектининг текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот ташувчи воситаларда сақланадиган ҳужжатлари ва маълумотларини талаб қилиб олиш ва ўрганиш;

тадбиркорлик субъектининг ҳудудлари ва биноларини кўздан кечириш;

текширилаётган тадбиркорлик субъектларига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

текширувлар давомида тадбиркорлик субъектини ёзма билдириш асосида назорат қилувчи органга у томонидан текширув билан боғлиқ тушунтиришлар беришга чақириш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, тадбиркорлик субъектлари мулкдорлари олдига айбдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани қўйиш;

текширувга аудиторлик ташкилотларини ва (ёки) экспертларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этиш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш.

Назорат қилувчи органлар қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.


7. Текширувларни ўтказишда назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбур:

текширилаётган тадбиркорлик субъектларига текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни кўрсатиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятига халал бермаслик;

тадбиркорлик субъектини текширув мақсади, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириш;

Текширувларни рўйхатга олиш китобига қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ҳақидаги ёзувларни киритиш;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш;

текширувлар натижаларини далолатнома билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текширув тугаган куни текширилаётган тадбиркорлик субъектида қолдириш;

текширув натижаларини Ахборот тизимига киритиш;

профилактика тадбирларини ўтказиш;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўриш.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг зиммасида қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



3-БОБ. ТЕКШИРУВЛАРНИ КЕЛИШИШ


8. Назорат қилувчи органлар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда ваколатли органга текширув ўтказишни ташаббус қилишга ҳақли:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилиши юзасидан мурожаатлари, аноним мурожаатлар бундан мустасно;

"хавфни таҳлил этиш" тизимининг натижалари;

бошқа давлат органлари томонидан қонунчилик бузилиши тўғрисида тақдим этилган маълумотлар;

оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот манбаларидан, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан қонунчилик бузилиши тўғрисида олинган маълумотлар.

Ушбу банддаги асослар бўйича тадбиркорлик фаолиятида текширув ўтказишни ташаббус қилишда, дастлаб назорат қилувчи орган томонидан текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги ўрганиб чиқилиши лозим.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказиш ташаббуси, улар томонидан қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг амалга оширилади, солиқ текширувлари, давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказиладиган текширувлар, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.

9. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширувни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг ҳудудий бўлинмаси орқали ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаларига киритилади.

Муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг марказий аппарати томонидан ваколатли органга киритилади.

Назорат қилувчи органнинг марказий аппарати томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг марказий аппарати томонидан ваколатли органга киритилади.


10. Назорат қилувчи органнинг туман (шаҳар) бўлинмаси ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларни келишиш текширувга асос бўлган ҳужжатларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ушбу органнинг ҳудудий бўлинмаси орқали ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиш орқали амалга оширилади.


11. Назорат қилувчи орган томонидан текширувни келишиш учун Ахборот тизимига қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда буюртма киритилади:

текширув ўтказадиган назорат қилувчи орган номи;

текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, ИФУТ коди ва манзили;

текширув ўтказиш учун асос;

талаблари бузилиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисидаги маълумот;

текширув ўтказиш муддати;

текширув предмети;

текшириладиган фаолият даври.

Текширув предмети талаблари текшириладиган фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мос бўлиши шарт.


12. Ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган асослар бўйича батафсил маълумотлар ва тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирлари ўтказилганлиги бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари ва (ёки) маълумотлар ҳамда текширув дастури буюртмага илова сифатида Ахборот тизимига киритилади.

Текширув дастури ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган асослар доирасида тузилиши ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланиши шарт.


13. Текширувни келишиш учун буюртма ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


14. Текширув ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан назорат қилувчи органга юборилади.

Текширув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги асослар мавжуд бўлганда қабул қилинади:

текширувни келишиш учун буюртма мазкур Низом талаблари асосида Ахборот тизимига жойлаштирилмаган бўлса;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда текширувни ўтказиш ташаббус қилинган тақдирда;

фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки фаолияти тугатилган тадбиркорлик субъектларида текширув ўтказиш ташаббус қилинган тақдирда;

тадбиркорлик субъектида текширув ўтказишни ташаббус қилишга асос қилинган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганда;

тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ бошқа қонунчилик талаблари бузилганда.


15. Назорат қилувчи орган текширувни ўтказиш келишилган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ (қарор, фармойиш) қабул қилади ҳамда бир иш кунида Ахборот тизимига киритади.

Буйруқда (қарорда, фармойишда) текширув ўтказиш учун мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган асосларнинг бири, назорат қилувчи органнинг текширувда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати, текшириладиган фаолият даври ва текширув Ахборот тизимида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи текширув коди кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.


16. Тадбиркорлик субъектида икки ёки ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларни ваколатли орган билан келишиш Ахборот тизими орқали ҳар бир орган томонидан алоҳида амалга оширилади.



4-БОБ. ТЕКШИРУВЛАРНИ ЎТКАЗИШ


17. Назорат қилувчи орган "хавфни таҳлил этиш" тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида ўн иш куни олдин тадбиркорлик субъектини унинг Ахборот тизимидаги шахсий кабинети ёки почта алоқаси (агар электрон шаклда хабардор этишнинг техник имконияти мавжуд бўлмаса) орқали хабардор қилиши шарт, давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.

Бунда, қонунчилик ҳужжатларида тадбиркорлик субъектини текширув ҳақида хабардор этиш учун кўпроқ муддат ўрнатилган бўлса, хабардор этиш тегишли қонунчилик ҳужжатида белгиланган муддатда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектини текширув ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилмасдан текширув ўтказишга йўл қўйилмайди, давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.

Хабарномада текширув ўтказиш муддати ва предмети, тарафларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун тарафларнинг жавобгарлиги, коррупция аломатлари вужудга келганда хабар бериш тартиби, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари устидан шикоят бериш тартиби ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда кўрсатилиши лозим.

Хабарнома тадбиркорлик субъектига Ахборот тизими орқали жўнатилади ва ушбу тизимнинг маълумоти билан тасдиқланади ёки почта орқали буюртма хат билан тадбиркорлик субъектига жўнатилади ҳамда у жўнатилгандан кейин уч кун ўтгач топширилган ҳисобланади.

Текширув бошланиши ҳақида хабарномани олган тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишидан олдин юридик манзилини ўзгартирган ёки бошқа тадбиркорлик субъектига қўшиб юборилган ҳолларда текширув назорат қилувчи орган томонидан қайта хабардор қилмасдан ўтказилади.

Тадбиркорлик субъекти Ахборот тизими ёки почта алоқаси орқали юборилган текширув бошланиши ҳақида хабарномани шахсан олмаганлиги текширув ўтказишга тўсқинлик қилмайди.


18. Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсни) текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатади, текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (текширув ўтказиш келишилганлиги ёки ваколатли орган текширув ҳақида хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда тақдим қилади, шунингдек, Ахборот тизимига текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, ушбу Низомнинг 40-банди ўн биринчи хатбошисида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ахборот тизимидан бепул реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали ёки қисқа хабар (SMS) кўринишида олиши мумкин.


19. Текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

Текширилаётган тадбиркорлик субъектининг текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан далолатнома тузилади. Бунда, далолатнома расмийлаштирилган вақт текширувни ўтказиш бошланган вақт ҳисобланади.


20. Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган Текширувларни рўйхатга олиш китобини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлдириши шарт.


21. Текширувни фақат текширув ўтказишга рухсат берилган назорат қилувчи орган ва унинг текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга бўлган мансабдор шахслари ўтказишга ҳақли.

Назорат қилувчи органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.

Назорат қилувчи орган текширувни ўзининг ҳудудий бўлинмаларига юклатишга ҳақли.


22. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортган тақдирда ёки мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган ҳамда текширувга назорат қилувчи органнинг буйруғида (қарори, фармойиши) кўрсатилмаган бошқа шахсларни жалб этиш ҳолатларида, текширувга шартнома асосида аудиторлик ташкилотлари ва (ёки) экспертларни жалб этиш ҳолатлари бундан мустасно, тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳамда ушбу ҳолат ҳақида ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига ва прокуратура органларига хабар беришга ҳақли.


23. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар муддати ваколатли орган билан келишиш ёки ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги шарт.


24. Текширув ўтказиш жараёнида назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари ва текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.


25. Текширув тадбиркорлик субъектининг иш вақти давомида ўтказилади.


26. Тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган текширувларда унинг сўровига кўра Савдо-саноат палатасининг вакиллари, тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятида текширув ўтказишда эса мазкур бирлашмалар вакиллари иштирок этиши мумкин.

Текширув давомида тадбиркорлик субъектига cолиқ маслаҳатчилари, таржимон ва (ёки) адвокатлар томонидан шартнома асосида тегишли хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларни текширувда иштирок этишга жалб қилиш ҳуқуқини тушунтиради ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан текширув ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари олинганлигини тасдиқловчи тилхатда маълумот қайд этилади.

Тадбиркорлик субъекти томонидан маълум қилинган мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларнинг текширувда иштирок этиш учун етиб келмаслиги текширув ўтказилишига тўсқинлик қилмайди.


27. Текширув давомида назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари ҳамда текширилаётган тадбиркорлик субъектлари ушбу Низомда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларга амал қиладилар.


28. Текширув билан тадбиркорлик субъектининг бевосита текширув предмети билан боғлиқ бўлган фаолият даври қамраб олинади. Бунда:

текширув ўтказиш вақтидан олдинги уч календарь йилдан, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган масалаларда эса беш календарь йилдан кўп бўлмаган муддатдаги фаолият қамраб олиниши мумкин;

текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмайди.


29. Тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) текширувда иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки соҳавий мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширув назорат қилувчи органнинг буйруғи (қарори, фармойиши) асосида тўхтатилиши ҳамда назорат қилувчи органнинг асослантирилган мурожаатига кўра текширув ёки унинг қолган муддати ваколатли орган билан келишилган ҳолда бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

Муддати кўчирилган текширувни ўтказиш текширув тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширув ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бундай текширув кейинчалик умумий тартибда ўтказилиши мумкин.


30. Текширув муддатини максимал узайтириш назорат қилувчи органнинг асослантирилган сўровига мувофиқ ваколатли орган билан келишилган ҳолда фақатгина бир марта ва дастлаб белгиланган текширув муддатидан ошмаган муддатга амалга оширилиши мумкин. Бунда, дастлаб ўтказилган ва узайтирилаётган текширувларнинг жами муддатлари қонунчиликда белгиланган текширувларни ўтказиш муддатларидан ошмаслиги керак.


31. Текширув муддатини кўчириш ва узайтириш текширув ўтказишни келишиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда, хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар муддатини узайтириш ва кўчириш ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


32. Текширувни тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган манзилда ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, уни тадбиркорлик субъектининг ёзма розилиги билан ушбу субъект рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ҳудуддаги назорат қилувчи орган биносида ўтказиш мумкин.


33. Текширувлар натижалари текширув далолатномаси билан расмийлаштирилади. Текширув далолатномаси камида икки нусхада тузилади.

Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширув далолатномаси текширув ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширув бўйича эса, текширув муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.

Бунда, текширув далолатномасининг нусхалари назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари ва тадбиркорлик субъектининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади, бир нусхаси тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.


34. Текширилган тадбиркорлик субъекти ўтказилган текширув натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.


35. Текширилган тадбиркорлик субъекти текширув далолатномасини олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси бу ҳақда далолатномага қайд этади ва шу пайтдан эътиборан текширув тугаган ҳисобланади.

Бу ҳолда текширув далолатномасининг бир нусхаси у тузилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъектига почта орқали буюртма хат билан юборилади.


36. Ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатнома, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари ва текширув ўтказиш ҳақида тадбиркорлик субъекти хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (почта квитанцияси ва электрон ахборот тизимларининг маълумотлари) текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар ва суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг бир иш кунидан кечиктирилмасдан назорат қилувчи органлар томонидан Ахборот тизимига киритилиши лозим.


37. Текширув натижасида аниқланган банк сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга оид маълумотлар Ахборот тизимига киритилмайди.

Текширувда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, назорат қилувчи орган дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар бериши ҳамда текширув якунланган вақтдан бошлаб ўн кун ичида ушбу ҳолат бўйича барча ҳужжатларни юбориши шарт. Солиқ текширувида жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса, бу ҳақда хабар бериш солиқ қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ОРГАННИ ХАБАРДОР ЭТИШ

ТАРТИБИДА ТЕК ШИРУВЛАР ЎТКАЗИШНИНГ

ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


38. Ўрнатилган тартибда тасдиқланган ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатида (кейинги ўринларда - Рўйхат) белгиланган текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан уларни Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказилади.


39. Рўйхатда назарда тутилган ҳолатлар бўйича хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувларнинг ташаббуси назорат доирасининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Рўйхатда белгиланган тартибда тизимли равишда амалга оширилади.

Ваколатли органни хабардор этган ҳолда текширувларни ўтказиш ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган асослар ва тартиб бўйича ҳам ташаббус қилиниши мумкин.

Агар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида бир нечта масала кўрсатилиб, улардан ҳеч бўлмаганда биттаси келишиш тартибида текширув ўтказилишини талаб қилса, текширув ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилади.


40. Ваколатли органни хабардор этган ҳолда текширувларни ўтказишдан олдин Ахборот тизимига қуйидаги маълумотлар киритилади:

текширув ўтказадиган назорат қилувчи органнинг номи;

текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, ИФУТ коди ва манзили;

текширув ўтказиш учун асос (ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график);

талаблари бузилиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисидаги маълумот;

текширув ўтказиш муддати;

текширув предмети;

текшириладиган фаолият даври;

текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ (қарор, фармойиш).

Текширув предмети талаблари текшириладиган фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мос бўлиши шарт.

Рўйхатда назарда тутилган айрим текширувлар улар бошлангандан сўнг 24 соат ичида назорат қилувчи органлар томонидан ушбу бандда кўрсатилган маълумотларни Ахборот тизимига киритиш орқали рўйхатга олинади.


41. Рўйхатда кўрсатилган икки ёки ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувлар бўйича ваколатли органни хабардор қилиш ҳар бир орган томонидан алоҳида амалга оширилади.


42. Хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ТЕКШИРУВЛАР ЎТКАЗИЛИШИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ВА ЖАМОАТЧИЛИК

НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


43. Ваколатли орган назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар белгиланган тартибда ўтказилганлигини Ахборот тизими орқали доимий равишда мониторинг қилиб боради.


44. Ваколатли орган томонидан мониторинг натижаларига кўра назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текширув ўтказганлиги ёки текширув давомида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланганда уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.


45. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назорати Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда қонунчиликда белгиланган шахслар томонидан амалга оширилади.



7-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ТАДБИРЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


46. Профилактика тадбири назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, уларнинг талаблари бузилишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар, шунингдек, тадбиркорлик субъектининг фаолият хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда унга солиқ, божхона ва бошқа тўловлар юзасидан берилган имтиёзлар ва преференциялар ҳақида тушунтиришлар бериш мақсадида ўтказилади.


47. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари тасдиқланган чораклик режа-графиклар асосида қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

бевосита жойига чиқмаган ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашмаган ҳолда ҳуқуқий тарғибот, семинарлар, тушунтириш ишлари ва амалий машғулотлар ташкил этиш;

тадбиркорлик субъектларига почта алоқаси ёки электрон ахборот тизимлари орқали уларнинг фаолияти юзасидан қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар, тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган соҳада содир этилаётган тизимли ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитлар бўйича хабарномалар юбориш;

амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни оммавий муҳокама қилиш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғида веб-сайтлар, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда блог ва чатларни ташкил этиш;

"очиқ эшиклар куни" тадбирларини ташкил этиш ва уларда қатнашиш;

тадбиркорлик субъектларини қонунчилик талаблари акс эттирилган тарқатма материаллар ва бошқа қўлланмалар билан таъминлаш.

Ёнғин хавфсизлигини, фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар сақланадиган жойлар (объектлар)нинг техник мустаҳкамлигини, объект ички ва рухсат бериш режимини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни кўздан кечириш орқали амалга оширилиши мумкин.

Ўтказилган профилактика тадбирлари бўйича баённома юритилиб, қайд этилган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Ўтказилган профилактика тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар назорат қилувчи органлар томонидан Ахборот тизимга киритиб борилади.


48. Профилактика тадбири жараёнида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар ва амалий ёрдамлар берилади.


49. Давлат томонидан назорат қилишнинг тегишли соҳасида қонунчилик такомиллашган тақдирда, назорат қилувчи органлар янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳиятини профилактика тадбирларини амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектларига тушунтиришлари зарур.


50. Профилактика тадбири жараёнида аниқланган камчиликларни асос қилиб текширувларни ташаббус қилишга йўл қўйилмайди.


51. Профилактика тадбирини ўтказиш учун ваколатли орган билан келишиш ёки уни хабардор қилиш талаб этилмайди.


52. Профилактика тадбири ўрнатилган тартибда тасдиқланган режа-графиклар асосида тизимли равишда ўтказиб борилади.

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида профилактика тадбирларини ўтказиш режа-графиги тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида уларга тизимли равишда йўл қўйиш ва қасддан содир этилмаган қонунбузилишлар сабаблари таҳлилидан келиб чиқиб ишлаб чиқилиши лозим.


53. Профилактика тадбирларини ўтказишда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш, тадбиркорлик субъекти фаолиятига доир ҳужжатлар ва тушунтиришлар талаб қилиб олиш, текширувлар ўтказиш ва ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораларни қўллашга йўл қўйилмайди.


54. Профилактика тадбири жараёнида аниқланган камчиликлар бўйича уларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда назорат қилувчи орган мансабдор шахси тадбиркорлик субъектига уларни бартараф этишда кўмаклашади, шу жумладан, соҳани тартибга солувчи қонунчилик билан таъминлайди, камчиликларни бартараф этиш бўйича тушунтиришлар ёки тавсиялар беради.


55. Профилактика тадбирини ўтказиш натижаси бўйича назорат қилувчи орган Ахборот тизимга қуйидаги маълумотларни киритади:

профилактика тадбирини ўтказган назорат қилувчи орган ва унинг тегишли таркибий бўлинмаси номи;

профилактика тадбирининг шакли;

профилактика тадбири оммавий равишда ўтказилган тақдирда унда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони, ўтказилган тадбир баёни;

профилактика тадбири манзилли амалга оширилганда унда қатнашган тадбиркорлик субъектлари сони ва уларга берилган тавсия ва хабарномалар сони ва мазмуни;

оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида веб-сайтлар, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда блог ва чатлар орқали ўтказилган муҳокамалар, улар ўтказилган сана, манзили (оммавий ахборот воситаларидаги кўрсатув ёки лойиҳа номи, муҳокаманинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манзили).


56. Назорат қилувчи органлар ҳар чорак якунлари бўйича кейинги ойнинг 10 санасигача мазкур Низомнинг 55-бандида белгиланган маълумотларни Ахборот тизимга киритиб боради.


57. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида:

назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар улар томонидан амалга оширилган текширув ва профилактика тадбирлари таҳлилини ваколатли органга киритади;

ваколатли орган ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни Ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


58. Ваколатли орган ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари мазкур Низом талабларига риоя этилиши, текширув муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек, ошкор этилмайдиган ахборотлар муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.


59. Назорат қилувчи органларнинг:

раҳбарлари текширув ўтказишни келишиш ёки ваколатли органни текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги ҳамда текширувларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказгандан сўнг амалга оширилиши учун;

мансабдор шахслари ўз ваколатлари ва назорат соҳасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширув ўтказилмаслиги ҳамда текширувларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказгандан сўнг амалга оширилиши, шунингдек, ўтказилган текширувлар бўйича зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида Ахборот тизимига киритилиши учун жавобгардир.


60. Тадбиркорлик субъектлари уларда ўтказилаётган текширув ҳақидаги ҳамда уларнинг фаолиятини текшираётган назорат қилувчи органлар тўғрисидаги маълумотни ваколатли органдан ёзма шаклда ёки ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда бепул олишга ҳақлидир.


61. Ташаббус қилинган ва ўтказилган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига, ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


62. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 14 сентябрь





































Время: 0.1831
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск