ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Илмий ташкилотлар /

Илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.09.2022 й. 525-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 27 сентябрдаги

525-сон қарорига

ИЛОВА



Илмий лабораторияларни замонавий

асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш),

шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи

қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом илмий ташкилотлар лабораторияларини республикада ишлаб чиқарилмайдиган, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


буюртмачи - республикада ишлаб чиқарилмайдиган, замонавий илмий асбоб-ускуналар, шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмларни харид қилишга эҳтиёжи бўлган, республика ҳудудида жойлашган илмий ташкилотлар;


эксперт гуруҳи - буюртмалар рўйхатини шакллантириш, маъқуллаш ёки рад этиш, шунингдек, буюртмалардан фойдаланиш натижалари тўғрисида хулоса бериш ваколатига эга бўлган Инновацион ривожланиш вазирлигида тузиладиган коллегиал орган;


юқори турувчи орган - тизимида илмий ташкилотлар бўлган вазирлик ёки идора ҳисобланган, тегишли илмий ташкилотларнинг буюртмалари бўйича лойиҳалар портфелини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига (кейинги ўринларда - Инновацион ривожланиш вазирлиги) тақдим этувчи ташкилот;


буюртмалар - республикада ишлаб чиқарилмайдиган, замонавий илмий ва юқори технологияга асосланган асбоб-ускуналар, шунингдек, битта шартномага мувофиқ биргаликда етказиб бериладиган ушбу асбоб-ускуналарнинг ажралмас қисми ҳисобланган зарур сарфлаш материаллари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар.


3. Буюртмалар бўйича лойиҳалар портфели ҳар йили 1 ноябрга қадар Инновацион ривожланиш вазирлигига юқори турувчи орган томонидан тақдим этилади. Бунда 1 ноябрдан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилган лойиҳалар портфели қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.


4. Илмий лаборатория асбоб-ускуналари, шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмларнинг бошланғич (дастлабки) нархини аниқлаш, белгилаш ва тақдим этилган маълумот (ҳужжат)ларнинг ишончлилиги ҳамда ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик буюртма берган вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юкланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари ижроси юзасидан харид қилиниши назарда тутилган буюртмалар рўйхатини шакллантириш ва уларнинг давлат хариди биринчи навбатда мақсадли тарзда амалга оширилади.


6. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан буюртмалар рўйхатини шакллантириш, тасдиқлаш, давлат харидларини амалга ошириш, шартномалар тузиш, молиялаштириш, етказиб бериш ҳамда фойдаланиш схемаси ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. БУЮРТМАЛАР РЎЙХАТИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАСДИҚЛАШ

ТАРТИБИ


1-§. Буюртмачиларга ва лойиҳалар портфелини

расмийлаштиришга доир талаблар


7. Буюртмачи эҳтиёжига қараб, уч календарь йилида бир маротаба 1 сентябрга қадар лойиҳалар портфелини юқори турувчи органга мазкур Низом талабларига мувофиқ тақдим этади.


8. Зарур бутловчи буюмлар, сарфлаш материаллари ва реактивлар билан таъминлаш учун ажратилган маблағлар бўйича алоҳида буюртмалар рўйхати мазкур Низомга 2-3-иловаларда келтирилган шаклга мувофиқ шакллантирилади ва тасдиқланади.

Илмий лабораторияларга харид қилинадиган республикада ишлаб чиқариладиган асбоб-ускуналар илмий ташкилотлар томонидан "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.


9. Буюртмачи қуйидаги маълумот (ҳужжат)лардан иборат лойиҳалар портфелини тайёрлайди:

буюртмалар рўйхати тўғрисида буюртмачининг коллегиал органи (илмий кенгаш, кенгаш, илмий-техник кенгаш, илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ва бошқалар) қароридан кўчирма;

буюртмаларнинг ҳар бир тури бўйича белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва буюртмачининг раҳбари томонидан тасдиқланган техник топшириқ;

буюртманинг ҳар бир тури бўйича олинган камида иккита дастлабки тижорат таклифлари;

дастлабки тижорат таклифлари асосида тузилган рақобат варақаси;

ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги рўйхат;

буюртмалар бўйича лойиҳалар портфелини тайёрлашга ва харид қилингандан сўнг, ўрнатиш ҳамда созлашгача бўлган жараёнга бириктирилган, масъул мутахассислардан иборат тузилган ишчи гуруҳ таркиби тўғрисида маълумот.



2-§. Лойиҳалар портфелини қабул қилиш


10. Юқори турувчи орган тақдим этилган лойиҳалар портфелини ўн беш иш куни ичида кўриб чиқади. Бунда лойиҳалар портфели мазкур Низом талабларига мувофиқ расмийлаштирилган бўлса, кузатув хати орқали қоғоз ёки электрон шаклда юқори турувчи орган томонидан Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.


11. Лойиҳалар портфели белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, буюртмачига ўн беш иш куни ичида ушбу камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.


12. Буюртмачи ва унинг юқори турувчи органи раҳбари буюртмалар рўйхатини шакллантириш жараёнининг холислиги ва лойиҳалар портфелини мазкур Низом талабларига мувофиқ тақдим этилиши ҳамда маълумот (ҳужжат)ларнинг ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.



3-§. Эксперт гуруҳи фаолиятини

ташкил этиш


13. Инновацион ривожланиш вазирлиги лойиҳалар портфелини кўриб чиқиш, ўрганиш ва асосли хулосалар олиш учун эксперт гуруҳ(лар)ини ҳар йили январь ойида ташкил қилади.

Эксперт гуруҳининг асосий мақсади мазкур Низом ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ буюртмалар рўйхатини шакллантириш ва етказиб берилган буюртмалардан фойдаланиш юзасидан тақдим этилган ҳисоботларни қабул қилишдан иборат.

Эксперт гуруҳи Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи асосида ҳар йили тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда тузилади.


14. Эксперт гуруҳи таркибига мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган ва буюртмалар техник параметрини юқори даражада биладиган вазирликлар, идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотларнинг малакали мутахассислари киритилади.


15. Эксперт гуруҳи раҳбари, зарур ҳолларда, қўшимча (шу жумладан, хорижий) мутахассисларни эксперт сифатида (овоз бериш ҳуқуқи билан) жалб қилиши мумкин.


16. Эксперт гуруҳи аъзолари холис бўлиши ва буюртмаларни танлаб олишдан шахсан манфаатдор бўлмаслиги зарур.


17. Эксперт гуруҳи ишини унинг раҳбари бошқаради. Эксперт гуруҳи раҳбари йўқлигида, унинг вазифаларини ўринбосари бажаради. Эксперт гуруҳи раҳбари гуруҳ аъзоларини йиғилишларга чақиради ва йиғилишларни бошқаради, кун тартибига қўйилган масалаларни кўриб чиқиб, овозга қўяди ва қабул қилинган қарорларни Инновацион ривожланиш вазирлигига киритади.


18. Эксперт гуруҳи раҳбари йиғилишларда овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.

Эксперт гуруҳи аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки бетараф бўлиши мумкин.

Эксперт гуруҳининг фаолиятини овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган масъул котиб юритади.


19. Эксперт гуруҳи йиғилишлари заруратга кўра сиртдан (сўров орқали) ёки онлайн режимда видеоконференцалоқа шаклида ўтказилиши мумкин.


20. Эксперт гуруҳи йиғилишини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг учдан икки қисмини ташкил этиши лозим. Эксперт гуруҳининг қарори унинг аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, эксперт гуруҳи раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


21. Эксперт гуруҳининг барча йиғилишлари ва қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Эксперт гуруҳи баённомалари гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланади ва иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.


22. Инновацион ривожланиш вазирлигининг рухсати билан эксперт гуруҳи етказиб берилган буюртмалар тўғрисидаги ҳисобот маълумотларини ва буюртманинг ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва тақдимот ҳимоясини ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда буюртмачи эксперт гуруҳига ҳисобот маълумотларини ва буюртманинг ҳолатини ўрганиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб беришга масъул.


23. Эксперт гуруҳининг ҳар бир аъзосига йил якуни бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари доирасида бир марталик мукофот пули (барча солиқлар ушлаб қолинган ҳолда) берилади.

Мукофот пули Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи асосида берилади (тайинланади).


24. Эксперт гуруҳи қабул қилган қарорларининг холислиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.



4-§. Лойиҳалар портфелини кўриб чиқиш ва

буюртмалар рўйхатини шакллантириш

ҳамда тасдиқлаш


25. Лойиҳалар портфели эксперт гуруҳининг муҳокамасига Инновацион ривожланиш вазирлигининг масъул тегишли бўлинмаси томонидан киритилади.


26. Жамғарма Кузатув кенгаши буюртмачининг юқори турувчи органининг асослантирилган таклифларига биноан лойиҳалар портфелини эксперт гуруҳи муҳокамасига киритмаган ҳолда, буюртмалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Бунда буюртманинг тегишли тармоқ, соҳа эҳтиёжлари ва талабларига мослигига ҳамда долзарблиги юзасидан бевосита буюртмачининг юқори турувчи органи раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.


27. Лойиҳалар портфели камида ўн иш куни ичида Инновацион ривожланиш вазирлигининг масъул тегишли бўлинмаси томонидан умумлаштирилади ва кўриб чиқиш, ўрганиш ҳамда асосли хулоса олиш учун эксперт гуруҳига киритилади.


28. Эксперт гуруҳи киритилган лойиҳалар портфелига асосан камида бир ой ичида икки босқичда буюртмаларнинг рўйхатини шакллантиради.

Биринчи босқичда лойиҳалар портфели мазкур Низомнинг 8-банди талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Биринчи босқич якунлари юзасидан лойиҳалар портфели иккинчи босқичга ўтказилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади. Ушбу қарор Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда буюртмачининг масъул вакил(лар)и лойиҳалар портфелининг тақдимот кўринишида ҳимоясини ўтказади(лар).


29. Буюртмачининг масъул вакил(лар)и тақдимот ҳимоясига пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишлари талаб этилади.

Буюртмачи масъул вакил(лар)и лойиҳалар портфелининг тақдимот ҳимоясида иштирок этмаган (келмаган) тақдирда, мазкур лойиҳалар портфели эксперт гуруҳининг қарорига асосан рад этилиши ёки навбатдаги йиғилиш муҳокамасига қолдирилиши мумкин.


30. Лойиҳалар портфелининг тақдимот ҳимоясини ўтказиш учун масъул вакил(лар)нинг иштирокини таъминлаш буюртмачи раҳбари зиммасига юкланади.


31. Эксперт гуруҳи иккинчи босқич тақдимот ҳимояси натижаларига асосан буюртмалар рўйхатини шакллантириш тўғрисида якуний хулоса қабул қилишда қуйидаги мезонларга амал қилади:

буюртмалар принципиал жиҳатдан янги, замонавий, илмий ва юқори технологик лаборатория асбоб-ускуналари ҳисобланишига;

буюртмалар тегишли тармоқ ёки соҳа эҳтиёжлари ва талабларига мослигига;

тақдимот ҳимоясида буюртмаларнинг долзарблиги, мақсад ва вазифалари тўлиқ ёритилганлигига;

тақдимот ҳимояси таҳлилий материаллар билан бойитилиши ҳамда буюртмачилар масъул вакилларининг буюртмаларни қисқа, лўнда ва асосланган ҳолда ёритиб беришига.


32. Эксперт гуруҳи раҳбари якуний хулосани ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда тузиладиган рўйхатга асосан Инновацион ривожланиш вазирлигига киритади.

Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур рўйхатни кузатув хати билан Жамғарма кузатув кенгашида кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Жамғарма ижро этувчи дирекциясига киритади.


33. Эксперт гуруҳининг иккинчи босқич якуний натижалари бўйича қабул қилинган қарори Жамғарма кузатув кенгаши томонидан буюртмалар рўйхати тасдиқлангандан сўнг беш иш куни ичида Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Юқори турувчи орган ёки буюртмачининг мурожаатига кўра якуний натижалар Инновацион ривожланиш вазирлигининг кузатув хати билан буюртмачига ва унинг юқори турувчи органига маълум қилиниши мумкин.


34. Натижалар эълон қилингандан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан кейинги календарь йилидан бошлаб буюртмалар харид қилинади.



3-БОБ. БУЮРТМАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ,

ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ ВА ЕТКАЗИБ

БЕРИШ ТАРТИБИ


35. Буюртмаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Молиялаштириш, шартнома тузиш ва етказиб бериш ҳамда буюртмачилар томонидан буюртмаларни мустақил равишда харид қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 1 апрелдаги ПҚ-5047-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


36. Мустақил равишда харид қилиниши режалаштирилган буюртмалар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда молиялаштирилади:

буюртмачининг юқори турувчи органи буюртмаларни мустақил равишда харид қилиш тўғрисида Инновацион ривожланиш вазирлигига мурожаат этади;

буюртмалар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда буюртмачи учун тегишли шахсий ғазна ҳисобварағи очилади, ўтказилган савдолар якунига кўра тарафлар ўртасида шартномалар тузилади;

буюртмачи тузилган шартномаларни (заруратга кўра, кейинчалик тузилган қўшимча келишувларни) юқори турувчи органга тақдим этади;

юқори турувчи орган шартнома (қўшимча келишув) қонунчилик талаблари асосида тузилганлигини кўриб чиқади;

шартнома (қўшимча келишув) қонунчилик талаблари асосида тузилмаган бўлса, буюртмачига камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади;

шартнома (қўшимча келишув) қонунчилик талаблари асосида тузилган бўлса, юқори турувчи орган кузатув хати билан Жамғарма ижро этувчи дирекциясига тақдим этади ёки электрон шаклда почта манзилига юборади.

Жамғарма ижро этувчи дирекцияси тақдим этилган шартномага (қўшимча келишувга) асосан буюртмачининг тегишли ҳисобварағига маблағларни ўн иш куни ичида ўтказади.


37. Мустақил равишда амалга оширилган харидлар белгиланган тартибда ташкил этилганлиги ва ўтказилганлиги ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, тузилган шартноманинг (қўшимча келишув) ҳақиқийлиги учун буюртма берган буюртмачилар ва уларнинг юқори турувчи орган раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.


38. Инновацион ривожланиш вазирлигининг давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул этиб белгиланган ходими Жамғарма шахсий ғазна ҳисобварағидан махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимида давлат харидлари тўғрисида эълон жойлаштиради.

Инновацион ривожланиш вазирлиги хорижий етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларни энг яхши таклифларни танлаш асосида улар билан буюртмаларни етказиб бериш (шу жумладан, зарурат бўлганда, буюртмаларни илмий ташкилотга етказиб бериш, ишга тушириш-созлаш ва бошқа ўзига хос ишларни амалга ошириш) учун тегишли шартномалар тузади.

Тузиладиган шартномаларда Инновацион ривожланиш вазирлиги "Буюртмачи", Жамғарма ижро этувчи дирекцияси "Молиялаштирувчи", ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи "Етказиб берувчи" ва тегишли илмий ташкилот "Қабул қилувчи" (фойда кўрувчи) тарафлар сифатида қатнашади.

Жамғарма ижро этувчи дирекцияси томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан тузилган шартномаларда белгиланган валюта бирлигида Етказиб берувчи билан ҳисоб-китоблар бевосита (Жамғарма ўз номидан Етказиб берувчилар номига хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобварағидан аккредитив очиш орқали ва шартномада белгиланган шартларга мувофиқ барча молиявий операциялар билан боғлиқ тўловлар) тўлаб берилади.



4-БОБ. ЕТКАЗИБ БЕРИЛГАН БУЮРТМАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


39. Буюртмачи буюртмалар етказиб берилган йилдан кейинги календарь йилидан бошлаб беш йил давомида ҳар йили камида бир марта буюртмалардан фойдаланиш ва эришилган натижалар юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳисобот тақдим этади.


40. Буюртмачининг масъул вакил(лар)и ҳисоботнинг эксперт гуруҳида тақдимот шаклида ҳимоясини ўтказади(лар).

Тақдимотда буюртмадан фойдаланишнинг қуйидаги жиҳатлари очиб берилиши лозим:

буюртманинг тўлиқ ва функционал ишлаши учун яратилган шарт-шароитлар;

буюртмадан бевосита фойдаланувчилар сони, шу жумладан, бевосита фойдаланувчи 40 ёшгача бўлган ёш олимлар сони;

буюртмадан билвосита фойдаланувчилар сони, шу жумладан, билвоста фойдаланувчи 40 ёшгача бўлган ёш олимлар сони;

буюртмадан фойдаланиш кўлами: лаборатория, институт (университет) ёки республика миқиёсида (тегишли фактлар асосида);

ҳисобот йилида буюртма ёрдамида олинган муҳим натижалар ва уларнинг чоп этилиши тўғрисида маълумот.


41. Инновацион ривожланиш вазирлигининг рухсатига асосан эксперт гуруҳи ҳисобот маълумотларини ва буюртма ҳолатини ўрганиш мақсадида жойига чиққан ҳолда, буюртмачининг тақдимот ҳимоясини ўтказиши мумкин.


42. Эксперт гуруҳининг раҳбари тақдимот ҳимояси ва ўрганиш натижаларига кўра Инновацион ривожланиш вазирлигига хулоса киритади. Хулоса келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида уни кўриб чиқиб, қарор қабул қилади.

Буюртмадан фойдаланиш натижалари мазкур Низом талабларига мувофиқ эмас деб топилганда, буюртмадан биринчи йил фойдаланиш натижаларига кўра буюртмачига огоҳлантириш берилади ҳамда бу ҳақда буюртмачининг юқори турувчи органи ва Вазирлар Маҳкамасига тақдимнома киритилади.

Огоҳлантириш берилган буюртмачилар огоҳлантириш берилган вақтдан бошлаб уч йил давомида буюртма бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.


43. Буюртмачининг раҳбари буюртмалардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Жамғарма буюртмачидан буюртма тўғрисидаги ва ҳисоботлар юзасидан киритилган маълумот (ҳужжат)лар бўйича қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақли.


45. Буюртмалар бўйича техник топшириқ ва нарх кўрсаткичлари тегишли экспертизадан ўтказилгандан сўнг буюртмачилар томонидан мазкур буюртмалар харидини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда, экспертизага сарфланган харажатлар Жамғарманинг тегишли ҳисобварағига буюртмачилар томонидан қайтарилиши шарт.


46. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда буюртмачилар эксперт гуруҳининг қабул қилган қарорлари бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


47. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан

буюртмалар рўйхатини шакллантириш, тасдиқлаш,

давлат харидларини амалга ошириш, шартномалар

тузиш, молиялаштириш, етказиб бериш

ҳамда фойдаланиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Бажариш муддатлари




1-босқич


Ҳар бир буюртмачи (илмий ташкилот)


Лойиҳалар портфелини тайёрлайди ва юқори турувчи органга тақдим этади


3 йилда бир марта 1 сентябрга қадар




2-босқич


Юқори турувчи орган (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар)


Лойиҳалар портфелини кўриб чиқиб, белгиланган тартибда кузатув хати орқали Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этади


Ўн беш иш куни ичида ҳар йили 1 ноябрга қадар




3-босқич


Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик)


1. Эксперт гуруҳ(лар)ини тузади.


2. Лойиҳалар портфелини киритади.


1. Ҳар йили январь ойида


2. 1 ноябрдан сўнг камида ўн иш кунида




4-босқич


Эксперт гуруҳи,

Вазирлик


Лойиҳалар портфелини кўриб чиқади, буюртмалар рўйхатини шакллантиради, якуний хулосани Вазирликка тақдим этади


Лойиҳалар портфели эксперт гуруҳига киритилган кундан бошлаб камида бир ой ичида




5-босқич


Вазирлик,

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

(Жамғарма)


Буюртмалар рўйхатини тасдиқлаш мақсадида Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарорини қабул қилиш


Вазирлик кузатув хати киритилгандан сўнг камида бир ой муддатда




6-босқич


Вазирлик


Буюртмалар бўйича натижаларни расмий веб-сайтида эълон қилади


Беш иш куни ичида




7-босқич


Вазирлик,

Экспертиза ташкилоти,

Буюртмачилар


Давлат харидларини ташкил этади ва ўтказади


Молия йили давомида




8-босқич


Вазирлик,

Жамғарма,

буюртмачилар,

етказиб берувчилар


Буюртмалар бўйича шартномалар тузади, молиялаштиради ва етказиб беради


Танлаш савдолари якунларига кўра шартномада белгиланган муддатларда




9-босқич


Буюртмачилар,

Вазирлик


Етказиб берилган буюртмалардан фойдаланиш юзасидан ҳисобот тақдим этади


Кейинги календарь йилдан бошлаб беш йил давомида ҳар йили камида бир марта




10-босқич


Эксперт гуруҳи, Вазирлик


Буюртмалардан фойдаланиш юзасидан ҳисобот қабул қилади, якуний хулосани Вазирликка тақдим этади


Ҳар йили сентябрь ойи якунига қадар







Низомга

2-ИЛОВА

учун талаб этилаётган реактивлар ва сарфланувчи материаллар

буюртмачининг тўлиқ номи

РЎЙХАТИ

Т/р

Реактивлар ва

сарфланувчи

материаллар номи

Таснифи

ТИФ ТН коди

Ўлчов

бирлиги

Сони

Таклиф

этилаётган

харид

нархи

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

Жами талаб

этиладиган

маблағ

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

Ишлатилиш

мақсади








  

Изоҳ.


1. Буюртманинг харид нархини асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.


2. Буюртманинг ТИФ ТН бўйича узил-кесил кодлари божхонада расмийлаштириш вақтида белгиланади.

Буюртмачи раҳбари

(Имзо)

Ф.И.О.

М.Ў.


Тузилган санаси: 20__ йил "____" __________




Низомга

3-ИЛОВА


учун талаб этилаётган бутловчи қисмлар


буюртмачининг тўлиқ номи

                     РЎЙХАТИ

Т/р

Мавжуд буюртма

русуми ва ишлаб

чиқарувчи номи

Бутловчи қисм

номи

Техник таснифи

ТИФ ТН коди

Ўлчов бир

лиги

Сони

Таклиф

этила

ётган

харид нархи

(харид қилиш валюта бирлигида)

Жами

талаб

этила

диган

маблағ

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

Ишлатилиш

мақсади









Изоҳ.


1. Буюртманинг харид нархини асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.


2. Буюртманинг ТИФ ТН бўйича узил-кесил кодлари божхонада расмийлаштириш вақтида белгиланади.


Буюртмачи раҳбари

(Имзо)

Ф.И.О.

М.Ў.


Тузилган санаси: 20__ йил "____" __________




Низомга

4-ИЛОВА


га харид қилиниши назарда тутилган буюртмалар


буюртмачининг тўлиқ номи

                         РЎЙХАТИ

Т/р

Янги ёки мавжуд лабораториянинг

номи

Буюртма

номи

Буюртма ТИФ ТН

коди

Ўлчов бир

лиги

Сони

Таклиф этилаётган харид нархи

(харид қилиш валюта бирлигида)

Жами талаб этиладиган маблағ

(харид қилиш валюта бирлигида)

Буюртманинг

илмий,

иқтисодий самарадорлиги

ва кутилаётган натижалари

...








   

Изоҳ.


1. Янги ёки мавжуд лабораториянинг номи, буюртма номи, сони, таклиф этилаётган харид нархи ва жами талаб этиладиган маблағлар устуни лойиҳалар портфелидаги бошқа маълумот (ҳужжат)лар билан бир хилда ифодаланиши ҳамда мос бўлиши шарт.


2. Буюртманинг таклиф этилаётган харид нархи, жами талаб этиладиган маблағлар устуни белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва (ёки) молия-иқтисод ходимлари томонидан рақобат варағи тузилгандан сўнг тўлдирилади.


3. Буюртманинг ТИФ ТН бўйича узил-кесил кодлари божхонада расмийлаштириш вақтида белгиланади.


Буюртмачи раҳбари

(Имзо)

Ф.И.О.

М.Ў.


Тузилган санаси: 20__ йил "____" __________



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 28 сентябрь





















































Время: 0.2429
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск