ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўсимлик дунёсини муҳофазаси қилиш, ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш /

"Яшил жамоат парклари" тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.09.2022 й. 529-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 27 сентябрдаги

529-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Яшил жамоат парклари" тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Яшил жамоат парклари"нинг мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, шунингдек, уларни барпо этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди.


2. "Яшил жамоат парклари" идоравий мансублигидан қатъи назар, бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қурилиши тақиқланган ҳамда аҳоли сайил қилишига мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлади.


3. "Яшил жамоат парклари" юридик шахс ҳисобланмайди.


4. Қуйидагилар "Яшил жамоат парклари"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳолининг сайил қилиши, табиат билан уйғунлашган ҳолда очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариши учун етарли шароитлар яратиш;

аҳолига очиқ ҳавода китоб мутолаа қилиш, шахмат, шашка каби ўйинлар билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш;

ҳудуддаги ўсимлик дунёсини сақлаш ва бойитиш;

атрофмуҳит софлигини сақлаш ва яшилликни кўпайтириш борасидаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш;

аҳоли яшаш ҳудудларида таълим ва экология билан боғлиқ маданий-маърифий фаолиятни ривожлантириш;

парк ҳудудида декоратив қуш ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш ҳамда кўпайтириш;

ўз ҳудудидаги ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларини мониторинг қилиш ҳамда уларга қарши курашиш;

муйаян ҳудуднинг экологик софлиги ва мўътадиллиги доимий сақланишини таъминлаш.


5. "Яшил жамоат парклари" ҳудудига кириш бепул.


6. "Яшил жамоат парклари"ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


7. "Яшил жамоат парклари"ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, уларнинг ҳудудида дарахтлар экиш, уларни сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахслар, биринчи навбатда, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролар фаол жалб қилинади.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан аҳолига бепул кўчат тарқатиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига кўчатлар етказиб беради ҳамда "Яшил жамоат парклари"га дарахт экиш мақсадида келган фуқароларни кўчат экиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлайди.


9. "Яшил жамоат парклари" қуйидаги ҳужжатлар (кейинги ўринларда - шаҳарсозлик ҳужжати) асосида ташкил этилади:

аҳоли пунктларининг бош режалари;

батафсил режалаштириш лойиҳалари.


10. Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлмаганда, ер участкаларини танлаш ва ажратиш бўйича материаллар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилади.


11. "Яшил жамоат парклари" аҳоли пунктларида, одатда, ободонлаштирилмаган бўш турган ҳудудларда, улар мавжуд бўлмаганда эса боғ-парк ёки дарахтзорлар ҳудудига жойлаштирилади.


12. Қуйидагилар "Яшил жамоат парклари"ни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

аҳолининг сайил қилишига, табиат билан уйғунлашган ҳолда очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган бўлиши;

аҳоли яшаш пунктида ёки унга туташ ҳудудларда жойлашган бўлиши;

майдони 0,5 гектардан кам бўлмаган дарахт-бутазор ҳамда майсазорлардан иборат бўлиши.


13. "Яшил жамоат парклари" ҳудудида, одатда, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ велосипедлар учун экойўлаклар ташкил этилади. Ушбу ҳудудларда кўргазмалар, байрам тадбирлари (спорт тадбирлари, халқ сайиллари ва бошқа тадбирлар) ўтказилиши мумкин. Шаҳардаги истироҳат боғлари тарихий аҳамиятга эга бўлиши ва боғ-парк санъатининг объектлари-ёдгорликлари ҳисобланиши мумкин.


14. "Яшил жамоат парклари" ҳудудида қуйидагилар мавжуд бўлади:

тунги ёриткичлар;

очиқ ҳаводаги кутубхоналар;

шахмат, шашка, домино каби ўйинлар учун яшил спорт майдончалари;

ландшафт дизайнининг замонавий намуналари (топиар, композиция, бонсай, вертикал кўкаламзорлаштириш);

сунъий кичик кўллар ёки сунъий шаршаралар;

очиқ ҳавода сайил ва оммавий тадбирлар учун майдонлар;

усти ёпиқ айвонлар ва дам олиш ўриндиқлари;

югуриш ва сайр қилиш йўлакчалари (тротуар) ҳамда ташриф буюрувчилар тинчлигини бузмайдиган бошқа элементлар.

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида енгил конструкциялар асосида қурилган кўргазма майдонлари ташкил қилиниши ҳам мумкин.

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида йўл ва сунъий конструкциялар майдонлари ҳудуд умумий майдонининг 5-10 фоизидан ошмаслиги керак.


15. "Яшил жамоат парклари"ни жойлаштиришда мавжуд ўсимликлар ва сув ҳавзалари бўлган участкаларни имкон қадар сақлаб қолиш зарур.


16. "Яшил жамоат парклари" қуйидаги мезонлар бўйича таснифланади:

а) аҳоли пунктлари ҳудудида жойлашуви бўйича:

умумшаҳар (марказий);

туман (турар жой ҳудудларида);

б) географик жойлашуви бўйича:

шаҳар яшил жамоат парклари;

шаҳардан ташқари яшил жамоат парклари;

қишлоқ яшил жамоат парклари (шаҳар типидаги шаҳарчаларда, қишлоқлар ва овулларда);

в) ҳажми бўйича:

I тип - 8 ва ундан ортиқ гектар майдонга эга;

II тип - 4 - 8 гектаргача майдонга эга;

III тип 0,5 - 4 гектаргача майдонга эга.


17. "Яшил жамоат парклари" жойлашган ер участкалари уларнинг мулкдорлари тасарруфида, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари эгалигида (фойдаланишида) бўлади.



2-БОБ. "ЯШИЛ ЖАМОАТ ПАРКЛАРИ"НИ

БАРПО ЭТИШ ТАРТИБИ


18. "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш ишлари ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


19. Қуйидагилар "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ташаббус билан чиқиш ҳуқуқига эга:

давлат органлари ва ташкилотлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари.


20. Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилмаган жисмоний ва юридик шахслар "Яшил жамоат парклари"ни ўз маблағлари ҳисобидан барпо этиш юзасидан таклиф киритишлари мумкин.


21. "Яшил жамоат парклари" эстетик, рекреацион, соғломлаштириш ва бошқа алоҳида аҳамиятга эга ер участкаларини ўз ичига олган ҳудудларда жойлаштирилади.


22. "Яшил жамоат парклари" кўкаламзорлаштириш ва табиий ландшафтни сақлаш орқали ташкил этилади. Бунда "Яшил жамоат парклари" ҳудудида уларнинг фаолияти учун лойиҳа асосида қуриладиган бино ва иншоотлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тасарруф этилади ва улар давлат мулки ҳисобланади.


23. "Яшил жамоат парклари" аҳоли яшаш пунктларида ёки уларнинг жамоат транспортида етиб бориш вақти 20 дақиқадан ошмаган ҳудудларда жойлашган бўлиши лозим.


24. "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича киритилган таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан 15 иш куни ичида кўриб чиқилади.


25. "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича киритилган таклифлар маъқулланган тақдирда, ҳар йили 10 февралга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти ўртасида "Яшил жамоат парклари"ни барпо этишва лойиҳалаш ишлари бўйича шартномалар тузилади.


26. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институтига "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича техник топшириқлар ҳар йили 1 мартга қадар тақдим этилади.

Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилмаган жисмоний ва юридик шахслар ҳисобидан "Яшил жамоат парклари"ни барпо этишда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаш институти жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзлари томонидан белгиланиши мумкин.


27. "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, уни ҳар йили 1 майга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади.


28. "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳар йили 15 майга қадар тегишли қарор қабул қилиш учунхалқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритилади.


29. Киритилган таклифлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича келгуси йилнинг манзилли дастурига киритиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этилади.


30. Манзилли дастурга киритилган "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан "Яшил ҳудуд" давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) ўртасида шартномалар тузилади.

Бунда шартномаларни тузиш ишлари манзилли дастур тасдиқлангандан сўнг келгуси йилнинг 20 январига қадар амалга оширилади.


31. "Яшил жамоат парклари"га кўчат экиш тадбирлари ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида "Яшил ҳудуд" давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) томонидан амалга оширилади.


32. "Яшил жамоат парклари"нинг ҳудудида бошқа жойлардан дарахтларни кўчириб ўтқазиш мумкин, дарахтларни белгиланган тартибда ёки ноқонуний кесганлик учун компенсация сифатида унинг ўрнига дарахт экилади.


33. "Яшил жамоат парклари" жойлашган ер участкалари мулкдорлари, эгалари "Яшил жамоат парклари"ни бошқариш ва унга хизмат кўрсатувчи штат бирликлари билан таъминлайди.


34. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудларда "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш юзасидан хатловдан ўтказиш бўйича комиссия тузилади.


35. Хатлов комиссияси томонидан мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудда "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш юзасидан хатлов ўтказилади ва хатлов якуни бўйича далолатнома тузилади. Бунда:

"Яшил жамоат парклари"ни барпо қилиш учун ажратилган ернинг умумий майдони ва ундаги мавжуд дарахт-буталарнинг сони аниқланади;

дарахт-буталарнинг морфологик ва биологик кўрсаткичлари (диаметри, баландлиги, ёши ва ҳозирги ҳолати) баҳоланади.


36. Танланган объектда "Яшил жамоат парклари"ни барпо этишдан олдин қуйидагилар:

объектнинг санитария ҳолати, жумладан, агрессив дарахтларнинг турлари, касаллик ўчоқларининг мавжуд ёки йўқлиги аниқланиши, улар аниқланганда тегишли тартибда тозалаш-профилактика ишлари ташкил этилиши;

суғориш манбаларига эгалиги;

йўл инфратузилмасининг мавжудлиги;

манзарали дарахт ва буталар турларини кўпайтириш учун тупроққлим шароитининг мослиги;

танланган "Яшил жамоат парклари" ҳудудларини ҳимоя қилиш имкониятининг мавжудлиги аниқланиши;

ушбу ер майдонларининг ҳар хил чиқиндилардан холи бўлиши;

биологик ёшини ўтаб бўлган (қуриган) дарахт ва буталар, синган шох-шаббаларни олиб ташлаш каби тадбирлар амалга оширилиши керак.


37. Ҳудудларда мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудда тегишли соҳа мутахассисларининг илмий хулосалари ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тавсияси асосида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорлари асосида "Яшил жамоат парклари" барпо этишга рухсат берилади.



3-БОБ. "ЯШИЛ ЖАМОАТ ПАРКЛАРИ"НИ ТАШКИЛ

ЭТИШ БЎЙИЧА ТУГАЛЛАНГАН ЛОЙИҲАЛАРНИ

ФОЙДАЛАНИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


38. Барпо этилган (реконструкция қилинган) "Яшил жамоат парклари", "Яшил жамоат парклари"ни қабул қилиш комиссиялари (кейинги ўринларда - комиссия) томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.


39. Комиссия таркиби туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


40. Комиссия таркибига туман (шаҳар) ҳокими, бош пудрат ташкилоти, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий органлари, лойиҳа ташкилотлари ҳамда ердан фойдаланувчилар вакиллари киритилади.


41. Комиссия томонидан "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш лойиҳаси тугаллангандан сўнг икки ой муддатда қабул қилиб олинади.


42. "Яшил жамоат парклари"нинг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари белгиланмаган бўлса, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан "Яшил жамоат парклари" улардан фойдаланувчи ёки уларга хизмат кўрсатувчи тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади.


43. Ердан фойдаланувчи "Яшил жамоат парклари"нинг келгусида парвариш қилиниши, сақланиши, ўз функцияси бажарилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. "ЯШИЛ ЖАМОАТ ПАРКЛАРИ" ФАОЛИЯТИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ЧЕКЛОВЛАР


44. "Яшил жамоат парклари" фаолиятига қўйиладиган чекловлар қуйидагилардан иборат:

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида бино ва иншоотлар (парк фаолияти учун қурилган бино ва иншоотлар бундан мустасно), ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қурилиши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида тамаки чекиш ва алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилиниши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида овқатланиш ва чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланиши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида тунги вақтларда киришга чекловлар ўрнатилиши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудига ҳар қандай автотранспорт воситалари (махсус автотранспортлардан ташқари) кириши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида оилавий тадбирлар ўтказилиши;

"Яшил жамоат парклари" фаолиятига зид бўлган ва унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти (чорва ва паррандаларни кўпайтириш-боқиш, балиқчилик) амалга оширилиши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида дарахтларни ноқонуний кесиш;

"Яшил жамоат парклари" ташкил этилган майдонларни хусусийлаштириш.



5-БОБ. "ЯШИЛ ЖАМОАТ ПАРКЛАРИ" ЭГАЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


45. "Яшил жамоат парклари" эгалари:

"Яшил жамоат парклари" фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш;

"Яшил жамоат парклари"ни парвариш ва муҳофаза қилиш учун шартнома асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда дарахтларни санитария жиҳатидан кесиш;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида кўкаламзорлаштириш учун кўчатчилик билан шуғулланиш ҳуқуқларига эга.

"Яшил жамоат парклари" эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


46. "Яшил жамоат парклари" эгалари:

"Яшил жамоат парклари" ҳудудидаги мавжуд дарахтлар ва буталарни парвариш қилиши, суғориши, қуриқлаши ва муҳофаза қилиш;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудидаги мавжуд дарахтлар ва буталарнинг зараркунанда ва касалликларга чалинишига қарши тизимли курашиш чораларини кўриши;

"Яшил жамоат парклари" ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаши шарт.

"Яшил жамоат парклари" эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


47. "Яшил жамоат парклари" қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.


48. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари


"Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклиф киритади.


Заруратга кўра









2-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


1. "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича киритилган таклифларни кўриб чиқади.



15 иш куни ичида


2. Маъқулланган таклифлар асосида "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш ва лойиҳалаш бўйича "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти билан шартнома тузади.



Ҳар йили 10 февралгача


3. "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институтига "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича техник топшириқларни тақдим этади.


Ҳар йили 1 мартгача







3-босқич

"Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти


"Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади.


Ҳар йили 1 майгача









4-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


"Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш бўйича таклифларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига тегишли қарор қабул қилиш учун киритади.


Ҳар йили 15 майгача









5-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, "Яшил жамоат парклари"ни барпо этиш учун "Яшил ҳудуд" давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) билан шартнома тузади.



Манзилли дастур тасдиқлангандан кейин келгуси йил 20 январгача









6-босқич

"Яшил ҳудуд" давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари)


"Яшил жамоат парклари"га кўчат экиш тадбирларини амалга оширади.


Ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 28 сентябрь















Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск