ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Шахсга доир маълумотлар /

Биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талаблар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.10.2022 й. 570-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 5 октябрдаги

570-сон қарорига

2-ИЛОВА



Биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган

моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни

шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида

сақлаш технологияларига оид талаблар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида" Қонунига мувофиқ биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


биометрик маълумотлар - субъектнинг анатомик ва физиологик ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар;


генетик маълумотлар - субъектнинг наслдан-наслга ўтган ёки орттирилган хусусиятларига тааллуқли бўлган, субъектнинг биологик қиёфасини таҳлил қилиш ёки муқобил ахборот олиш имконини берадиган бошқа элементни таҳлил қилиш натижаси бўлган шахсга доир маълумотлар;


маълумотларни электрон кўринишда сақлайдиган моддий жисмлар - мослашувчан магнит дисклар, оптик дисклар, қаттиқ (олинмайдиган) магнит дисклар, электрон хотирали дисклар (флэш), аутентификациянинг электрон воситалари (токенлар, планшетлар ва бошқалар);


моддий жисмлар - шахсга доир маълумотларни ташкил этувчи ахборот қайд этилган моддий жисмлар, шу жумладан ҳажмли жисмлар, шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар;


шахсга доир маълумотлар - муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;


шахсга доир маълумотлар базаси (маълумотлар базаси) - таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;


шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) - шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;


шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) - шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;


шахсга доир маълумотларга ишлов бериш - шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш;


шахсга доир маълумотлар субъекти (субъект) - шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс;


қоғоз ёки пластмассадан иборат моддий жисмлар - қоғоз асосида чоп этилган матнли, график ва бошқа маълумотлар, пластик карталар ва бошқалар.



2-БОБ. БИОМЕТРИК ВА ГЕНЕТИК МАЪЛУМОТЛАРНИ

МОДДИЙ ЖИСМЛАРДА САҚЛАШ, УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИНГ

ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


3. Биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш мақсадида фойдаланиладиган ҳар қандай моддий жисмлар қонунчиликда белгиланган тартибда "махфий" ёки "хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифи билан белгиланиши лозим.


4. Биометрик ва генетик маълумотларни электрон шаклда сақлашда ушбу маълумотлар шифрланган ва криптографик ёки бошқа усулларда ҳимояланган бўлиши зарур.


5. Мулкдор ва (ёки) оператор биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш жараёнида ушбу маълумотлар сақланаётган моддий жисмларнинг ҳисоби юритилишини таъминлаши шарт.


6. Мулкдор ва (ёки) оператор биометрик ва генетик маълумотлар қайд этилган моддий жисмларнинг ўғирланиши, ўчирилиши, йўқ қилиниши, рухсатсиз олиниши, ўзгартирилиши ҳамда назоратсиз қолдирилишининг олдини олувчи тегишли хавфсизлик чораларини кўриши лозим.

Хавфсизлик чораларини кўришда биометрик ва генетик маълумотлар:

ёнғин хавфсизлиги талабларига, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши, шунингдек, сув босмаслигидан кафолатланган бўлиши;

бегона шахсларнинг кириш имкониятини истисно этадиган ишончли ҳимоя воситаларига эга бўлиши;

сейфларда, металл жавонларда ёки металл стеллажларда сақланиши;

кириш эшиклари ва деразалари қўриқлаш хизматига боғланган қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган хоналарда сақланиши.


7. Биометрик ва генетик маълумотлар қайд этилган моддий жисмлардан шахсга доир маълумотлар ўчирилганда, ушбу моддий жисмлар ҳисобдан чиқарилмайди.

Ҳисобдан чиқарилмаган моддий жисмлардан келгусида шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадида қайта фойдаланиш мумкин, бир марталик фойдаланиш назарда тутилган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган моддий жисмлар бундан мустасно. Бундай моддий жисмлар белгиланган тартибда йўқ қилинади.


8. Моддий жисмдан унга биометрик ва генетик маълумотларни қайд этган мулкдор ва (ёки) оператор томонидан белгиланган, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган эксплуатация муддатидан кўп бўлмаган муддатда фойдаланилиши керак.


9. Биометрик ва генетик маълумотлардан нусха кўчириш ушбу маълумотлар ишлов берилишига рухсат этилган техник қурилмаларда ҳамда мулкдор ва (ёки) оператор масъул ходимларининг бевосита иштирокида амалга оширилади.


10. Агар моддий жисмда биометрик ва генетик маълумотлар билан бирга уларга боғлиқ қўшимча шахсга доир маълумотлар ҳам бўлса, бундай маълумотлар кучайтирилган малакали электрон имзо билан тасдиқланиши ва (ёки) моддий жисмда қайд этилган маълумотларнинг яхлитлиги ҳамда ўзгармаслигини сақлаб қолиш имконини берувчи бошқа ахборот технологиялари билан ҳимояланган бўлиши керак.


11. Маълумотлар базасидаги биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш жараёнида қўлланилган қурилма тўғрисида идентификация маълумотлари (IP-адрес, MAC-адрес ва бошқа идентификаторлар) қайд этилиши лозим.


12. Биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш учун фойдаланиладиган моддий жисм тури мулкдор ва (ёки) оператор томонидан белгиланади.



3-БОБ. БИОМЕТРИК ВА ГЕНЕТИК МАЪЛУМОТЛАРНИ

ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР БАЗАЛАРИДАН

ТАШҚАРИДА САҚЛАШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


13. Биометрик ва генетик маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлашда қуйидаги технологик ва бошқа талаблар таъминланиши лозим:

мулкдор ва (ёки) операторнинг ваколатли шахслари учун моддий жисмда сақланаётган шахсга доир маълумотларга кириш;

моддий жисмда қайд этилган биометрик ва генетик маълумотларнинг яхлитлиги ва ўзгармаслигини сақлаб қолишга имкон берувчи электрон имзо воситаларидан ёки бошқа ахборот технологияларидан фойдаланиш;

субъектнинг ўзига тегишли биометрик ва генетик маълумотларни ишлов беришга берган ёзма розилиги ёки биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш учун қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган бошқа асослар мавжудлигини текшириш.


14. Биометрик ва генетик маълумотлар шахсга доир маълумотлар базасидан алоҳида сақлаш учун чиқарилганда, ушбу маълумотларни рухсатсиз ва такроран қайд этиш асослари рўйхатга олиниши талаб этилади.


15. Мулкдор ва (ёки) оператор ўзининг маълумотлар базаларида биометрик ва генетик маълумотларни ҳимоя қилиш усулларидан келиб чиқиб, ушбу маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган қўшимча талабларни белгилаш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


16. Мазкур Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 6 октябрь


















































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск