ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Олий таълим (бакалавриат, магистратура) /

Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.10.2022 й. 559-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 3 октябрдаги

559-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом масофавий таълим шакли орқали олий таълим ташкилотларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрларни тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


автопрокторинг - имтиҳон жараёнида талабанинг шахсини автоматик равишда аутентификациялаш, унинг хатти-ҳаракатлари ва нигоҳи йўналишини назорат қилиш, хонадаги товушларни таҳлил қилиш, видеодаги бузилишларни тузатиш ва ҳисоботлар тайёрлашга йўналтирилган дастурий тизим;


асинхрон режим - ўқув жараёни иштирокчиларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғида бир хил бўлмаган вақтлардаги ўзаро алоқа режими;


масофавий таълим - талаба ва таълим берувчининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишига, интерактив аудио ва видеоконференциялар орқали маълум вақт орасида ўзаро мулоқотда бўлишига, электрон почта орқали тўғри ва тескари алоқа ўрнатишига, жумладан хабарларни юбориши ва қабул қилишига мўлжалланган, билим ва кўникмаларни, ўқув дастурларини масофадан туриб ўзлаштиришга йўналтирилган таълим шакли;


масофавий таълимни бошқариш тизими - таълим жараёнини режалаштириш, бошқариш, амалга ошириш ва баҳолашда қўлланиладиган дастурий маҳсулот (электрон таълим платформаси);


масофавий таълим жараёнининг иштирокчилари - таълим ташкилотининг масофавий таълим шаклига қабул қилинган талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда масофавий таълимнинг ташкилий-техник ва методик таъминотини амалга оширишга масъул шахслар;


масофавий таълим технологияси - талабаларга ўқув материалларининг асосий ҳажмини етказишни, талаба ва профессор-ўқитувчининг ўзаро интерфаол ҳаракатини таъминлаб берувчи, ўқув материалини ўзлаштириш бўйича мустақил ишлаши учун талабага имконият тақдим этувчи ахборот-коммуникация ва ўқитиш технологиялари;


синхрон режим - ўқув жараёни иштирокчиларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғида реал вақтдаги ўзаро алоқа режими;


ўқув контенти - ўқув жараёнида талабаларнинг фойдаланиши учун мўлжалланган, масофавий таълимни бошқариш ахборот тизимига жойлаштирилган ўқув методик материаллар (ўқув режалари, ўқув дастурлари, маъруза матнлари, видеодарслар, тақдимотлар, топшириқлар, имтиҳон материаллари, ўқув адабиётлари).


3. Кундузги шаклда таълим жараёни олиб бориладиган бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги мавжуд бўлган олий таълим ташкилотларига тегишли йўналишлар бўйича масофавий шаклда таълим фаолиятини олиб боришга йўл қўйилади, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бундан мустасно.


4. Таълим ташкилотлари таълим беришнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзининг масофавий таълим платформасини жорий этиши ёки мавжуд платформалардан фойдаланиши мумкин.



2-БОБ. МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМНИНГ МАҚСАДИ,

ТАМОЙИЛЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Масофавий таълимнинг мақсади ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида талабанинг турар жойидан қатъи назар, унга таълим дастурларини ўзлаштириш учун имконият тақдим этиш, талабаларнинг қизиқишлари, иқтидори ва эҳтиёжларига мувофиқ касбий салоҳиятини ривожлантиришдан иборат.


6. Масофавий таълим қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади:

иштирокчиларнинг интерфаоллиги;

талабаларнинг идентификация қилиниши;

янги ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг педагогик мақсадга мувофиқлиги;

таълим беришнинг очиқлиги ва мослашувчанлиги.


7. Қуйидагилар масофавий таълимни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

талабаларнинг масофадан туриб таълим олиш ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга бўлган эҳтиёжини қондириш;

ўқув жараёнини ташкил этишнинг умумий, гуруҳ ва индивидуал шаклларининг уйғунлиги;

кадрларнинг касбий даражасини ошириш ва уларнинг мустақил билим олишига кўмаклашиш;

талабаларга мамлакатнинг ҳар қайси ҳудудида ва унинг ташқарисида таълим олишнинг тенг имкониятларини тақдим этиш;

таълим хизматлари экспортини кенгайтириш орқали таълим тизимининг жозибадорлигини ошириш.



3-БОБ. МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМНИ ТАШКИЛ

ЭТИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


8. Масофавий таълимни ташкил этиш учун таълим ташкилотида қуйидагилар бўлиши талаб этилади:

масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот "Learning Management System" (кейинги ўринларда - LMS) платформаси;

Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ахборот-коммуникация инфратузилмаси;

ўқув йили учун мўлжалланган ўқув контенти;

ўқув режа ва дастурлардаги барча фанлардан масофавий таълим технологияларидан фойдаланиш орқали амалга ошириладиган, ўқув контентини қамраб оладиган электрон ўқув-методик мажмуалар, шунингдек, илмий ва ўқув адабиётларининг электрон базаси;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ компьютер техникаси билан жиҳозланган алоҳида бино ёки аудиториялар;

масофавий таълимнинг техник ва дастурий компонентлари ишлашини ва ривожланишини таъминлайдиган тегишли маълумот ва малакага эга муҳандис-техник ходимлар;

юкламаси режадаги талабалар сонига мўлжалланган, таълим ташкилотига мулкий ёки камида 5 йил муддатга тузилган ижара шартномаси асосида тегишли бўлган, мамлакат ҳудудида жойлашган сервер қурилмаси;

таълим ташкилоти тўғрисидаги барча ахборот, жумладан, ташкилот низоми ёки устави, ўқув режа ва дастурлар, педагог кадрлар ҳақида маълумот, академик календарь жойлаштирилган расмий веб-саҳифа.


9. Ўқув-методик ресурслар Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти O`zDSt 36.2030 - "Электрон таълим" миллий тизимига киритиладиган электрон методик комплекслар ва бошқа таълим ресурсларига ягона талаблар"га мувофиқ бўлиши лозим.



4-БОБ. МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМНИ БОШҚАРИШ

БЎЙИЧА ДАСТУРИЙ ТАЪМИНОТГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


10. Масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот - LMS платформаси SCORM стандартларига мос ҳамда унда автопрокторинг тизими мавжуд бўлиши лозим.


11. Масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот - LMS платформаси қуйидаги компонентлардан ташкил топади:


ахборот-ресурслари компоненти - ўқув адабиётлари, дарсликлар, монографиялар, илмий мақолалар ҳамда тадқиқот натижалари акс этган илмий асарлардан фойдаланишни таъминлайди;


бошқариш компоненти - тизимнинг хизмат маълумотномаси ва фойдаланувчилар реестрини юритиш, фойдаланиш ҳуқуқлари ҳамда фойдаланувчиларнинг тизимга киришда шахсий параметрларини белгилаш ҳамда фойдаланувчилар ҳаракатларини қайд этиб бориш, аутентификация (шахсни аниқлаш) ва фойдаланувчиларни бошқаришни таъминлайди;


давомат ва ўзлаштиришни ҳисобга олиш компоненти - ресурслардан фойдаланишни ҳисобга олишга ҳамда ушбу ресурсларни ўзлаштиришга имкон беради, талабаларнинг индивидуал ўқув режаларини шакллантиради ва ўзлаштириш натижаларини таҳлил қилади;


коммуникация компоненти - фойдаланувчиларга ўзаро интерфаол ахборот алмашиш (форум, чат, хабар, электрон почта, видеоконференция ташкил этиш), хабарлар олиш ҳамда тизим, курслар ва педагог кадрлар бўйича тескари алоқа орқали маълумотлар алмашиш имкониятини яратади;


контингентни ҳисобга олиш компоненти - контингентнинг ягона реестрини юритишга имкон бериб, талабалар ва педагог кадрларга оид маълумотларни киритиш ва сақлаш, шунингдек уларнинг шахсий кабинетларига кириш ва қидиришни таъминлайди;


курсларни бошқариш компоненти - ўқув контенларини бошқариш, таҳрирлаш, синхрон ва асинхрон режимда ўтказилган машғулотларнинг видеодарсларини юклаш (импорт/экспорт), тест синовларини ташкил этиш, ташқи таълим ресурсларига гиперҳаволаларни киритиш, топшириқ ва вазифаларни қўйиш имкониятларига эга бўлади;


ўқитишни бошқариш компоненти - талабаларни курсдан курсга ўтказиш, уларга кредитлар бериш ва қайтадан ўқитиш жараёнини назорат қилади, ташкилий-методик воситаларни (машғулотлар жадвали, консультациялар, конференциялар, вазифани топшириш муддати, вебинар, имтиҳонлар ва бошқалар) бошқаради, талабаларнинг ўзлаштиришига доир маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда шакллантиради, ўрганиладиган фанлар рўйхатини шакллантиради ва янгилаб боради;


статистика компоненти - талабалар контингенти, ўзлаштириш кўрсаткичлари ва курсларнинг ўқув контенти билан тўлдирилганлиги ҳақидаги маълумотлардан иборат ахборот олиш имкониятини беради, таълим жараёнига оид ҳисоботларни шакллантиради, талабаларнинг ҳаракати (ўқишга қабул қилиш, кўчириш, четлаштириш, қайта тиклаш) ҳақидаги маълумотларни юритади, ўқишни битирган, ўқишини кўчирган ёки четлаштирилганлар ҳақидаги маълумотларни архивлаштиради;


талабалар билимини назорат қилиш компоненти - ўқув контенти мазмунига мос ва тестология талаблари асосида шакллантирилган назорат материаллари базаси ва тест тизимини, имтиҳон жараёнини ташкил этиш учун автопрокторинг тизимини ўзида жамлайди.



5-БОБ. МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМГА

ТАЛАБАЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚУВ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


12. Масофавий шаклда ўқитиш учун талабаларни таълим ташкилотига қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш бошқа таълим шакллари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


13. Масофавий таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


14. Масофавий таълим шакли жорий этиш мумкин бўлмаган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда ҳар йили 1 апрелга қадар эълон қилинади.


15. Масофавий таълим бўйича қабул параметрлари ва тўлов-контракт қиймати:

давлат олий таълим муассасаларида (молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари бундан мустасно) - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора) томонидан;

молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида - тегишли олий таълим муассасасининг Кузатув кенгаши томонидан;

нодавлат олий таълим ташкилотларида - нодавлат олий таълим ташкилоти муассиси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.


16. Ўқув жараёни масофавий шаклда ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари нодавлат таълим ташкилотларига белгиланган тартибда бериладиган лицензияда қайд этилади.


17. Масофавий таълим бўйича ўқиш давомийлиги тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича кундузги таълим шакли учун белгиланган ўқиш давомийлиги муддатидан кам бўлиши мумкин эмас.


18. Таълим контенти талабанинг таҳсил олаётган таълим тилига ҳамда бакалавриат таълим йўналиши ва (ёки) магистратура мутахассислигига мос бўлиши шарт.


19. Масофавий таълим бўйича ўқув жараёни:

давлат намунасидаги диплом берадиган олий таълим ташкилотларида - давлат таълим стандарти ва малака талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув режа ва ўқув дастурлар асосида;

давлат намунасидаги диплом бермайдиган олий таълим ташкилотларида - касбий стандартлар ва малака талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.


20. Масофавий таълим шакли асосида кадрлар тайёрлашда бир бакалавриат таълим йўналишига қабул параметрлари 300 нафар талабадан, бир магистратура мутахассислигига 30 нафар талабадан ортиқ бўлмаслиги лозим. Бунда:

мазкур талаб ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига нисбатан татбиқ этилмайди;

талабалар сонини аниқлашда хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар ҳисобга олинмайди.


21. Масофавий таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талаба қуйидаги ҳолларда олий таълим ташкилотига шахсан ташриф буюриши шарт:

ўқув жараёни бошланишидан аввал - масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот - LMS платформасида рўйхатдан ўтиш учун;

ҳар семестр якунида - якуний назорат топшириш ўтиш учун.

Шунингдек, якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий ва магистрлик иши ҳимояси бевосита олий таълим ташкилотида анъанавий тарзда амалга оширилади, уларни синхрон ёки асинхрон режимида қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Мазкур бандда назарда тутилган талаблар хорижий давлат фуқароси бўлган талабага нисбатан татбиқ этилмайди.


22. Иш фаолиятини масофавий таълим билан қўшиб олиб бораётган талабаларга семестр охирида якуний баҳолашдан ўтиш, битирувчиларга эса якуний давлат аттестациясини топшириш, битирув малакавий ва магистрлик ишини ҳимоя қилиш учун камида 15 календарь кун муддатга иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилади.


23. Масофавий таълим шаклида ўқийдиган талабаларга амалиётлар ўқув режада белгиланган муддатларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган талабанинг иш жойида, талабанинг иш жойи бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) мос бўлмаган ёхуд иш билан таъминланмаган ҳолда таълим ташкилоти билан келишувга эришган ташкилотларда амалга оширилади.


24. Ўқув жараёнида барча дарс машғулотлари, амалиётлар ва мустақил ишлар ҳамда улар бўйича талабаларни баҳолаш масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот - LMS платформасида назарда тутилиши лозим.

Дарс машғулотлари, талабаларнинг билимини баҳолаш ва ўқув жараёнини назорат қилиш масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот - LMS платформаси орқали амалга оширилади.


25. Масофавий таълим бўйича ўқув жараёнини амалга ошириш учун масофадан туриб дарс машғулотлари олиб борадиган хорижий педагог кадрлар жалб этилиши мумкин.


26. Масофавий таълимда бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари 1:50 нисбатда белгиланади.


27. Масофавий таълим беришга мўлжалланган ўқув режа ва дастурларда кўрсатилган фанлар ва амалиётларни тўлиқ ўзлаштирган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга тегишли академик даража ва белгиланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилади.



6-БОБ. МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ

СИФАТИ МОНИТОРИНГИ


28. Таълим ташкилотларидаги масофавий таълим бўйича ўқув жараёни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мониторинг қилиб борилади.


29. Ўқув жараёнини мониторинг қилишни масофадан туриб амалга ошириш мақсадида олий таълим ташкилотининг масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот - LMS платформаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимига ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Таълим муассасалари, педагог ходимлар, таълим олувчилар ва бошқа ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базаси ахборот тизимига интеграция қилиниши мажбурий ҳисобланади.


30. Ўқув жараёнининг мониторинги дарс машғулотлари ва назорат тадбирларини кузатиш ва таҳлил қилиш, сўровнома ўтказиш, фокус-гуруҳлар ташкил этиш, интервью олиш, натижаларни баҳолаш ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.


31. Мониторинг натижаларига кўра аниқланган камчиликлар олий таълим ташкилотлари томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёки Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг тақдимномаси асосида бартараф этилиши мажбурий ҳисобланади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Олий таълим ташкилотида масофавий таълим бўйича ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


33. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 октябрь



























































Время: 0.0282
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск