ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Марказий банк, унинг таркибий бўлимлари ва муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан молиявий хизматлар соҳасидаги махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 04.10.2022 й. 3391-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 30.08.2022 й. 19/14-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 4 октябрда 3391-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2022 йил 30 августдаги

19/14-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан

молиявий хизматлар соҳасидаги махсус ҳуқуқий

режимни жорий этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан молиявий хизматлар соҳасидаги махсус ҳуқуқий режимни (бундан буён матнда "тартибга солиш қумдони" деб юритилади) жорий этиш ва бекор қилиш, шунингдек мазкур режим доирасида фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ариза берувчи - Марказий банкка янги молиявий операциялар, технологиялар ва хизматларни (бундан буён матнда молиявий хизмат деб юритилади) синовдан ўтказиш учун ариза тақдим этган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс;


биргаликда ариза берувчи - Марказий банкка молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун ариза берувчи билан биргаликда мурожаат этган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс;


Марказий банкнинг назорати остида бўлган ташкилотлар - банклар, нобанк кредит ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, тўлов ташкилотлари, кредит бюролари, валюта биржалари;


синовдан ўтказиш - янги молиявий хизматни "тартибга солиш қумдони" доирасида кўрсатиш;


"тартибга солиш қумдони" иштирокчиси - "тартибга солиш қумдони" доирасида янги молиявий хизматни синовдан ўтказишга рухсат берилган юридик шахс;


"тартибга солиш қумдони"нинг амал қилиш муддати - Марказий банк ва "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси ўртасидаги ўзаро келишувга кўра "тартибга солиш қумдони"нинг вақтинчалик тартибида (бундан буён матнда вақтинчалик тартиб деб юритилади) белгиланадиган, бироқ уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатни ўз ичига олган давр.


2. "Тартибга солиш қумдони"нинг асосий мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:

молиявий хизматлар бозоридаги рақобатни ошириш;

молиявий хизматлар мижозлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молия тизими барқарорлигини таъминлаш шарти асосида янги молиявий хизматларни жорий этишга кўмаклашиш;

молиявий хизматлар турларини кенгайтириш, уларнинг оммабоплигини ҳамда мижозларнинг талабларига мувофиқлик ва уларнинг қониққанлик даражасини ошириш;

молиявий хизматни синовдан ўтказишнинг муваффақиятли натижалари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш.


3. Синовдан ўтказишга рухсат этиладиган молиявий хизматлар қуйидаги мезонлардан бирига мувофиқ бўлиши лозим:

молиявий хизматнинг республика молиявий хизматлар бозори учун янгилиги;

молиявий хизмат истеъмол хусусиятларининг мавжуд хизматларга нисбатан яхшиланганлиги;

молиявий хизматни кўрсатишга қонунчиликда чекловлар ёки ноаниқликларнинг мавжудлиги.


4. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун Марказий банкнинг назорати остида бўлган ташкилотлар, шунингдек, умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ назорати молиявий соҳани тартибга солувчи (назорат қилувчи) орган томонидан амалга ошириладиган бошқа юридик шахслар ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи бўлиши мумкин.

Бунда, мазкур Низом доирасида:

фаолияти Марказий банкдан бошқа давлат органлари ва ташкилотлар томонидан тартибга солинувчи юридик шахсларнинг молиявий хизматларини;

Марказий банк назоратидаги ташкилотларнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотлар томонидан тартибга солинадиган муайян соҳалардаги молиявий хизматларини;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек умум эътироф этилган халқаро стандартларга (Банк назорати бўйича Базель қўмитаси тавсиялари, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва ҳоказолар) мувофиқ қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмасдан кўрсатиладиган молиявий хизматларни синовдан ўтказишга йўл қўйилмайди.


5. Ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи юридик шахс қуйидаги талабларнинг барчасига мувофиқ бўлиши лозим:

қайта ташкил этиш ва тугатиш жараёнида эмаслиги ҳамда банкрот деб топилмаган ва унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик бўйича иш қўзғатилмаган бўлиши;

бенефициар мулкдорларида, бошқарув органлари аъзоларида иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар ёки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун тугалланмаган ёхуд олиб ташланмаган судланганлик ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

бенефициар мулкдорлари, бошқарув органлари аъзолари имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни ўтказишда ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлат ва ҳудуднинг резиденти бўлмаслиги, шундай давлат ва ҳудудда яшамаслиги ёки рўйхатдан ўтмаганлиги;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун аризани тақдим этган кунда Марказий банкнинг назорати остида бўлган ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчига (мавжуд бўлганда) нисбатан "тартибга солиш қумдони" доирасида молиявий хизматни синовдан ўтказишга тўсқинлик қилувчи молиявий операцияларни амалга оширишга доир чекловлар қўлланилмаганлиги.

Агар ариза берувчи ва (ёки) биргаликда ариза берувчининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида "бенефициар мулкдор" тушунчаси белгиланмаган бўлса, бенефициар мулкдор деганда ариза берувчига ва (ёки) биргаликда ариза берувчига ҳақиқатда эгалик қилувчи ёки уни назорат қилувчи жисмоний шахс тушунилади.


6. Марказий банкнинг "тартибга солиш қумдони" доирасидаги ваколатларига қуйидагилар киради:

таклиф этилаётган янги молиявий хизмат бўйича "тартибга солиш қумдони"ни ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги, унинг муддатини "тартибга солиш қумдони"нинг амал қилиш муддати доирасида узайтириш, синовдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

вақтинчалик тартибни ҳамда "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси томонидан молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёни ҳақида Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини тасдиқлаш;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчисининг молиявий хизматни синовдан ўтказишга доир фаолиятини инспекция ва алоҳида масалалар юзасидан текширувдан ўтказиш;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчисига "тартибга солиш қумдони" доирасида амалга ошираётган фаолиятига нисбатан пруденциал нормативлар ўрнатиш;

"тартибга солиш қумдони" доирасида "тартибга солиш қумдони" иштирокчисининг юзага келиши мумкин бўлган тадбиркорлик таваккалчилиги суғурта қилинишини талаб қилиш;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, синовдан ўтказиш натижалари муваффақиятли ёки муваффақиятсизлиги тўғрисида қарор қабул қилиш.

Марказий банк молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёнини ҳар олти ойда кўриб чиқади.


7. Марказий банкнинг "тартибга солиш қумдони"га доир ваколатлари Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. "ТАРТИБГА СОЛИШ ҚУМДОНИ"НИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ


1-§. "Тартибга солиш қумдони"ни жорий

этиш талаблари ва шартлари


8. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи (мавжуд бўлганда) Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ аризани тақдим этади:

синовдан ўтказиш таклиф этилаётган молиявий хизмат тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ маълумотни;

молиявий хизматни синовдан ўтказишда ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи (мавжуд бўлганда) ўртасида вазифаларнинг таклиф этилаётган тақсимоти тўғрисидаги маълумотномани;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёни ҳақидаги ҳисобот шаклларини;

мазкур Низомнинг 9-бандига мувофиқ вақтинчалик тартиб лойиҳасини.

Аризада ариза берувчининг ва биргаликда ариза берувчининг (мавжуд бўлганда) электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Аризада электрон манзили кўрсатилганлиги унинг (уларнинг) аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилигидир.

Марказий банк юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишга масъул бўлган органлардан ва солиқ органларидан "Электрон ҳукумат" идоралараро интеграцион платформаси орқали ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчининг (мавжуд бўлганда) тегишинча таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини сўраб олиши мумкин.


9. Вақтинчалик тартиб лойиҳасида қуйидагилар белгиланиши керак:

синовдан ўтказиладиган молиявий хизматнинг, шунингдек тегишли бизнес-жараённинг тавсифи;

синовдан ўтказишнинг бошланиш ва тугаш саналари;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчисига татбиқ этилмайдиган қонунчилик ҳужжатлари нормалари (мавжуд бўлганда);

"тартибга солиш қумдони" шартлари, "тартибга солиш қумдони" иштирокчисига нисбатан жорий этиладиган чекловлар рўйхати, шу жумладан мазкур Низомнинг 10-бандида кўрсатилган чекловлар;

"тартибга солиш қумдони" жорий этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиб-таомиллари ва мезонларини, шу жумладан мазкур Низом 3-иловасига асосан мақсадли индикаторлар (миқдор ва сифат кўрсаткичлари);

молиявий хизматни синовдан ўтказиш бекор қилинганда ёки муваффақиятсиз деб топилганда "тартибга солиш қумдони" иштирокчисининг кейинги ҳаракатлари (мижозларга хизмат кўрсатиш ёки шартномаларни бекор қилиш, маблағларни қайтариш тартиби ва бошқа шартлар);

мижозлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминловчи қоидалар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга доир талаблар;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёни ҳақида Марказий банкка ҳисобот тақдим этиш тартиби;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этиш муддати;

"тартибга солиш қумдони" доирасида Марказий банк билан ҳар қандай алоқа боғлаш усуллари, шу жумладан, электрон алоқа воситалари ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар;

молиявий хизматни жорий этиш ва қўллаш учун зарур бўлган бошқа ахборотлар.


10. "Тартибга солиш қумдони" доирасида қуйидаги чекловлар ўрнатилиши мумкин:

молиявий хизмат тақдим этилиши мумкин бўлган мижозлар тури (жисмоний шахслар, ўзини ўзи банд қилган шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахслар) ва сони;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчиси томонидан амалга ошириладиган операциялар сони ва ҳажми;

синовдан ўтказишни амалга ошириш жойи (ҳудуди);

берилган тўлов инструментлари ёки тузилган шартномалар сони;

бир мижоз томонидан, шу жумладан белгиланган вақт (кун, ҳафта, ой, чорак) давомида амалга ошириладиган операцияларнинг максимал ҳажми.



2-§. Аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш


11. Марказий банк молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун аризани у қабул қилинган кундан эътиборан қирқ иш кунида кўриб чиқиб, "тартибга солиш қумдони" жорий этилиши мақсадга мувофиқ ёки жорий этилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Аризани кўриб чиқиш муддатига ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи (мавжуд бўлганда) томонидан ҳужжатларни қайта ишлашга сарфланган вақт кирмайди.

Аризани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Молиявий хизматни синовдан ўтказиш жорий этилганлиги айнан шундай молиявий хизматни жорий этиш бўйича тақдим этилган бошқа аризани рад этиш учун асос бўлмайди.


12. Аризани кўриб чиқишда Марказий банк қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи (мавжуд бўлганда) билан ҳамкорлик қилиш, шу жумладан ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчидан (мавжуд бўлганда) мазкур Низом талабларига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш борасида;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган вақтинчалик тартиб лойиҳасига ва молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёни ҳақидаги ҳисобот шаклига ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчи (мавжуд бўлганда) билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритиш (қайта ишлаш), шу жумладан "тартибга солиш қумдони" иштирокчисига нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чоралари қўлланилиши тўғрисида ўзгартиришлар киритиш. Бунда, ўзгартиришлар лойиҳаси келишиш учун ариза берувчига ва биргаликда ариза берувчига (мавжуд бўлганда) ёзма равишда келишиш муддатини кўрсатган ҳолда юборилади.


13. "Тартибга солиш қумдони"ни жорий этиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

таклиф этилаётган молиявий хизмат мазкур низомнинг 3-бандида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқ бўлмаса;

янги молиявий хизматни "тартибга солиш қумдони"ни жорий этмасдан кўрсатиш имконияти мавжуд бўлса;

ариза берувчи ва (ёки) биргаликда ариза берувчи (мавжуд бўлганда) мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқ бўлмаса;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ва (ёки) бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек умум эътироф этилган халқаро стандартларга (Банк назорати бўйича Базель қўмитаси тавсиялари, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва ҳоказолар) мувофиқ қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмасликка олиб келиши аниқланса;

молиявий хизматни синовдан ўтказишда унга хос бўлган таваккалчиликларни бошқариш имконияти мавжуд бўлмаса;

вақтинчалик тартиб лойиҳасига ва молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёни ҳақидаги ҳисобот шаклига ўзгартиришлар киритиш бўйича келишувга эришилмаган бўлса.


14. Қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома ариза берувчига ва биргаликда ариза берувчига (мавжуд бўлганда), у қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ёзма шаклда юборилади.

"Тартибга солиш қумдони" ташкил этилиши мақсадга мувофиқ деб қарор қабул қилинганда хабарномага Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан тасдиқланган вақтинчалик тартиб илова қилинади.

"Тартибга солиш қумдони" ташкил этилиши мақсадга мувофиқ эмас деб қарор қабул қилинганда хабарномада рад этиш асослари кўрсатилади.


15. Янги молиявий хизматни "тартибга солиш қумдони"ни жорий этмасдан кўрсатиш имконияти мавжудлиги сабабли "тартибга солиш қумдони"ни жорий этиш рад этилган тақдирда, ариза берувчига ва биргаликда ариза берувчига (мавжуд бўлганда) мазкур молиявий хизматни кўрсатиш бўйича мавжуд имкониятлар, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тушунтириш юборилади.


16. "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси вақтинчалик тартибга ўзгартириш киритиш, шу жумладан синовдан ўтказиш муддатини "тартибга солиш қумдони"нинг амал қилиш муддати доирасида узайтириш тўғрисидаги ариза билан Марказий банкка мурожаат этиши мумкин. Бунда, синов муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза синов муддати тугашидан камида бир ой олдин берилиши лозим.


17. Вақтинчалик тартибга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги ариза Марказий банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Синовдан ўтказиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, вақтинчалик тартибга синовдан ўтказишни якунлашнинг янги муддатини ўз ичига олувчи ўзгартириш киритилади.



3-§. Молиявий хизматни синовдан ўтказишни бекор қилиш


18. Марказий банк томонидан молиявий хизматларни синовдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

"тартибга солиш қумдони" иштирокчиси томонидан молиявий хизматни синовдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан Марказий банкка мурожаат этилганда. Бунда, "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси Марказий банкка синовдан ўтказишни бекор қилиш сабаблари ва муддатини, тартибга солиш қумдони доирасида тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш тартибини ўз ичига олган хабарномани юборади;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчиси томонидан молиявий хизматни синовдан ўтказишни бошлаш вақтинчалик тартибда белгиланган санадан эътиборан олти ойдан ортиқ муддатга кечикканда;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчиси томонидан вақтинчалик тартиб шартлари мунтазам равишда (синовдан ўтказиш муддати давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) бузилганда;

мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатларда нотўғри кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги факти аниқланганда;

"тартибга солиш қумдони" иштирокчисидан Марказий банк томонидан берилган лицензия чақириб олинганда, унинг амал қилиши тугатилганда, бекор қилинганда ёки "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси Марказий банк томонидан юритиладиган тегишли реестрдан чиқарилганда ёки у банкрот бўлганда.

Бунда, Марказий банк "тартибга солиш қумдони" амал қилиши бекор қилинганлиги тўғрисида, бундай қарор қабул қилинганлиги сабабларини кўрсатган ҳолда у қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида "тартибга солиш қумдони" иштирокчисига хабарнома юборади. "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси хабарномада кўрсатилган вақтдан бошлаб молиявий хизматни синовдан ўтказишни тугатиши шарт.

"Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси "тартибга солиш қумдони" бекор қилинганлиги тўғрисидаги хабарномани олган кундан эътиборан беш иш куни ичида, мижозларни "тартибга солиш қумдони" доирасидаги фаолият тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим. Бунда, "тартибга солиш қумдони" бекор қилиниши мазкур режим доирасида тузилган шартномалар бўйича томонларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди. Марказий банк "тартибга солиш қумдони" доирасида фаолият кўрсатган ташкилотларнинг "тартибга солиш қумдони" доирасида тузилган шартномалари бўйича мажбуриятлари бажарилгунига қадар мазкур ташкилотлар устидан назоратни амалга оширади.



3-БОБ. "ТАРТИБГА СОЛИШ ҚУМДОНИ"

ИШТИРОКЧИСИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

синовдан ўтказиладиган молиявий хизматни вақтинчалик тартибда назарда тутилган шартларда кўрсатиш;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш муддатини узайтириш ёки синовдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан Марказий банкка мурожаат этиш;

вақтинчалик тартиб шартларини ўзгартириш бўйича асослантирилган сабабларни кўрсатган ҳолда Марказий банкка мурожаат этиш;

"тартибга солиш қумдони" доирасида Марказий банк томонидан қабул қилинган қарорлар устидан судга шикоят қилиш.


20. "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси қуйидагиларга мажбур:

вақтинчалик тартиб шартларига риоя этишга;

Марказий банк вакилларига инспекция ва алоҳида масалалар юзасидан текширув ўтказишга, шу жумладан синовдан ўтказиш билан боғлиқ бўлган ахборотларни олиш учун "тартибга солиш қумдони" иштирокчисининг ахборот тизимидан фойдаланишга тўсқинлик қилмасликка;

мижозларни молиявий хизмат синовдан ўтказиш режимида тақдим этилаётганлиги, шунингдек мазкур хизматдан фойдаланишдаги эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисида хабардор қилишга;

мижозлар билан "тартибга солиш қумдони"нинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган даврга шартномалар тузиш;

молиявий хизматни синовдан ўтказиш жараёни ҳақидаги ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этишга;

мижозга унинг розилигисиз, шу жумладан "тартибга солиш қумдони" иштирокчисининг хатоси сабабли кўрсатилган молиявий хизматлар натижасида етказилган зарарни сўзсиз қоплаб беришга.



4-БОБ. "ТАРТИБГА СОЛИШ ҚУМДОНИ"НИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИНИ ЯКУНЛАШ


21. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш якунланганидан сўнг, "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси вақтинчалик тартибда белгиланган муддатда Марказий банкка қуйидагиларни ўз ичига олувчи молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади:

"тартибга солиш қумдони" жорий этилишининг самарадорлиги ва натижадорлиги, шу жумладан вақтинчалик тартибда белгиланган мақсадли индикаторларга эришилганлиги тўғрисидаги маълумотларни;

синовдан ўтказиш давомида "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси дуч келган муаммолар тавсифини;

мижозлар томонидан янги молиявий хизматга бўлган талабнинг баҳоланишини;

мижозларнинг янги молиявий хизмат тақдим этилиши билан боғлиқ шикоятлари тўғрисидаги маълумотларни;

синовдан ўтказиш давомида аниқланган таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларни;

синовдан ўтказилган молиявий хизматни кейинчалик кўрсатишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган қонунчилик нормалари рўйхатини.


22. Марказий банк молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш натижаси бўйича молиявий хизматни кўрсатишда унга хос бўлган таваккалчиликларни бошқариш имконияти мавжуд бўлганда, шунингдек "тартибга солиш қумдони" иштирокчиси томонидан мақсадли индикаторларга (миқдор ва сифат кўрсаткичларига) эришилган тақдирда синовдан ўтказишни муваффақиятли деб, акс ҳолда муваффақиятсиз деб топади. Бунда, тегишли қарор молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш иш куни ичида қабул қилинади.


23. Марказий банк молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиққан кундан эътиборан уч иш куни ичида "тартибга солиш қумдони" иштирокчисини уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабардор қилади.


24. Синовдан ўтказиш натижалари муваффақиятли деб топилган тақдирда, Марказий банк синовдан ўтказилган молиявий хизматни чекловларсиз амал қилишини жорий этиш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича чораларни кўради ёки молиявий хизматни жорий қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифларни тайёрлайди.


25. Синовдан ўтказиш муваффақиятсиз деб топилган тақдирда, хабарномада "тартибга солиш қумдони" амал қилиши тугатилганлиги кўрсатилиши лозим. Бунда, Марказий банк "тартибга солиш қумдони" доирасида фаолият кўрсатган ташкилотларнинг "тартибга солиш қумдони" доирасида тузилган шартномалари бўйича мажбуриятларининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.



5-БОБ. "ТАРТИБГА СОЛИШ ҚУМДОНИ"НИНГ

ШАФФОФЛИГИ ВА ОММАВИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


26. "Тартибга солиш қумдони" амал қилишининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида, Марказий банк ўзининг веб-сайтида "тартибга солиш қумдон"лари рўйхатини жойлаштиради.


27. "Тартибга солиш қумдон"лари рўйхатига қуйидаги маълумотлар киритилади:

"тартибга солиш қумдони" иштирокчисининг номи ва веб-сайти (мавжуд бўлганда);

синовдан ўтказиладиган молиявий хизматнинг қисқача тавсифи;

вақтинчалик тартиб имзоланган сана;

синовдан ўтказиш бошланадиган ва тугатиладиган сана, шу жумладан синовдан ўтказиш муддати узайтирилганда у тугатиладиган сана;

синовдан ўтказишнинг жорий ҳолати (амалга оширилмоқда, тугатилган, бекор қилинган);

синовдан ўтказиш натижалари (муваффақиятли, муваффақиятсиз).


28. Мазкур Низомнинг 27-бандида кўрсатилган маълумотлар Марказий банк томонидан тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида "тартибга солиш қумдон"лари рўйхатига киритилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Марказий банкига



АРИЗА

Сиздан



(ариза берувчининг тўлиқ номи ва юридик манзили, СТИР)


га

ва


га


(биргаликда ариза берувчининг тўлиқ номи ва юридик манзили, СТИР)


         

(режалаштирилган молиявий хизматнинг қисқача тавсифи)

    

      

        

синовдан ўтказишга рухсат беришингизни сўраймиз.


Ушбу ариза ва ҳужжатлар билан боғлиқ қўшимча маълумот олиш учун боғланиладиган шахс: (ФИО, лавозими, телефон рақами, электрон почта манзили)



Ариза берувчининг раҳбари имзоси


Биргаликда ариза берувчи мавжуд бўлганда унинг раҳбари имзоси


"___" _____________20__ й.






Низомга

2-ИЛОВА



"Тартибга солиш қумдони"ни ташкил

этиш учун маълумотнома

ШАКЛИ

Ариза берувчи тўғрисида маълумот


1. Ташкилотнинг тўлиқ номи



2. Ташкилотнинг юридик манзили



3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)



4. Ташкилотнинг веб-сайти



5. Таъсисчилар тўғрисида маълумот



6. Ижро этувчи орган таркиби (раҳбар, бош бухгалтер Ф.И.О.)



7. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун масъул департамент/бўлим



8. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун масъул департамент/бўлим раҳбари Ф.И.О.



9. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш бўйича боғланиладиган шахснинг Ф.И.О.



10. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш бўйича боғланиладиган шахснинг телефон рақами



11. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш бўйича боғланиладиган шахснинг электрон манзили



Биргаликда ариза берувчи тўғрисида маълумот


1. Ташкилотнинг тўлиқ номи



2. Ташкилотнинг юридик манзили



3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)



4. Ташкилотнинг веб-сайти



5. Таъсисчилар тўғрисида маълумот



6. Ижро этувчи орган таркиби (раҳбар, бош бухгалтер Ф.И.О.)



7. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун масъул департамент/бўлим



8. Молиявий хизматни синовдан ўтказиш учун масъул департамент/бўлим раҳбари Ф.И.О.



Синовдан ўтказиш таклиф этилаётган молиявий хизмат тўғрисида маълумот


1. Молиявий хизмат тавсифи


молиявий хизматнинг батафсил тавсифи


2. "Тартибга солиш қумдони"ни жорий этиш зарурати, шу жумладан молиявий хизматни синовдан ўтказишга асос бўлган мезон


"тартибга солиш қумдони"ни жорий этиш заруратига кўрсатма, шунингдек молиявий хизматнинг синовдан ўтказишга асос бўлган мезони. Синовдан ўтказишга рухсат этиладиган молиявий хизматлар мезонлари мазкур Низомнинг 3 бандида белгиланган.


3. Молиявий хизматга мижозлар томонидан бўлган талаб ва уни жорий этишдан кутилаётган ижобий ижтимоий ва иқтисодий самаралар тавсифи


миқдорий кўрсаткичларни (мавжуд бўлганда) кўрсатган ҳолда, молиявий хизматни кўрсатишдан кўриладиган ижобий самаранинг тавсифи


4. Ариза берувчи ва биргаликда ариза берувчининг (мавжуд бўлганда) синовдан ўтказишни бошлашга техник тайёргарлиги, молиявий хизматни кўрсатишда фойдаланилиши мўлжалланаётган технология тавсифи


техник тайёргарлик ва фойдаланиладиган технология тавсифи


5. Шунга ўхшаш молиявий хизматларни кўрсатишнинг жаҳон тажрибаси тавсифи ёки бундай тажриба мавжуд эмаслигига кўрсатма


Ўзбекистон Республикасидан ташқарида шунга ўхшаш молиявий хизматларни кўрсатиш тажрибаси тавсифи ёки бундай тажриба мавжуд эмаслигига кўрсатма


6. Молиявий хизматни кўрсатиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликлар, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликлар таҳлили


таваккалчилик тавсифи;

7. Кўрсатилган таваккалчиликларни минималлаштиришга йўналтирилган чоралар тавсифи



8. Мижозларнинг молиявий операциялари бўйича ахборотлар ва уларнинг шахсий маълумотлари махфийлигини таъминлаш тавсифи



9. Молиявий хизматни "тартибга солиш қумдони"ни ташкил этмасдан кўрсатишга тўсқинлик қилувчи қонунчилик ҳужжатлари қоидалари ва бошқа ҳолатлар


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар номи, моддалари, бандлари


10. Молиявий хизматни "тартибга солиш қумдони"ни ташкил этмасдан кўрсатишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар


Мавжуд бўлганда кўрсатилади

        





Низомга

3-ИЛОВА



Молиявий хизматни синовдан ўтказиш натижалари

бўйича муваффақиятлилигини баҳолаш

учун мақсадли индикаторлар

РЎЙХАТИ

I. Умумий индикаторлар


1. Жисмоний шахс ҳисобланган мижозлар сони.


2. Юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини юритувчи жисмоний шахслар сони.


3. Юридик шахс ҳисобланган мижозлар сони.


4. Фаол мижозлар (ўтган ой давомида хизматдан камида бир маротаба фойдаланган мижозлар) улуши.


5. Идентификациядан ўтган мижозлар улуши.


6. Мижозларнинг қониққанлик даражаси (анкета/сўров натижалари бўйича қисман танловда қониққанлик индекси асосида).


7. Молиявий хизматнинг истеъмол хусусиятлари яхшиланиши натижасида унинг шаклланган нархи.


8. Ички назорат хизмати томонидан шубҳали деб топилган операциялар улуши (операциялар сони бўйича).


9. Ички назорат хизмати томонидан шубҳали деб топилган операциялар улуши (операциялар ҳажми бўйича).



II. Тўловлар ва пул ўтказмалари доирасидаги лойиҳалар учун индикаторлар


1. Технологиядан фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар ҳажми.


2. Умумий мижозлар базаси кесимида ва фаол мижозлар орасида бир тўлов инструментидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар ўртача миқдори.


3. Умумий мижозлар базаси кесимида ва фаол мижозлар орасида бир тўлов инструментидан (бир ой ичида) фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар ўртача сони.


4. Мижозларга тақдим этилган тўлов инструментлари сони.


5. Тўловчи учун операциянинг ўртача нархи.


6. Қабул қилувчи учун операциянинг ўртача нархи.


7. Операциялар ҳажмининг ўртача ойлик ўсиш суръати.


8. Тўлов амалга ошириш бўйича операциялар ҳажмининг нақд пул ечиш бўйича операциялар ҳажмига нисбати.


9. Мижозлар томонидан баҳслашилган операциялар улуши (операциялар сони бўйича).


10. Мижозлар томонидан баҳслашилган операциялар улуши (операциялар ҳажми бўйича).


11. Мижозларга қоплаб берилган баҳслашилган операциялар улуши (операциялар сони бўйича).


12. Мижозларга қоплаб берилган баҳслашилган операциялар улуши (операциялар ҳажми бўйича).



III. Кредитлаш соҳасидаги лойиҳалар учун индикаторлар:


1. Берилган кредитларнинг (қарзларнинг) умумий ҳажми.


2. Берилган кредитларнинг (қарзларнинг) умумий сони.


3. Берилиши маъқулланган кредитларнинг (қарзларнинг) ўртача миқдори.


4. Кредит (қарз) олиш учун маъқулланган аризалар улуши.


5. Тўловлар бўйича кечикишларга йўл қўйган мижозлар улуши.


6. Берилган кредитлар (қарзлар) бўйича қарздорликларнинг ўртача миқдори.


7. Берилган кредитлар (қарзлар) бўйича қарздорликларнинг умумий ҳажми.


8. Кредит (қарз) бериш тўғрисида қарор қабул қилишнинг ўртача вақти.



IV. Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан белгиланган бошқа индикаторлар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 октябрь









































Время: 0.0264
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск