ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 07.10.2022 й. 582-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 7 октябрдаги

582-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотларининг

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари

билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини

ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

       

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда - мурожаатлар) билан иш олиб борувчи ходимларни (кейинги ўринларда - мурожаатлар билан ишловчи ходимлар) ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.

Бунда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишловчи ходимлар деганда, келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек, мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида давлат ташкилотларида ташкил этилган бўлим, бўлинма ёки гуруҳларнинг раҳбарлари ва ходимлари тушунилади.


2. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишдан мақсад ходимларнинг мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ҳамда мурожаатлар билан иш юритишни ташкил этишдаги назарий ва амалий билимлари, касбий маҳорат ва кўникмаларини шакллантириш ҳамда мунтазам янгилаб боришдан иборат.


3. Қуйидагилар мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг малакасини ошириш ва ўқитишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсад ва вазифалари тўғрисида аниқ тушунчаларни шакллантириш;

мурожаатлар билан иш олиб боришнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари бўйича таҳлилий кўникмаларни шакллантириш ва касбий тайёргарликнинг бажариладиган вазифалар ва функцияларга мувофиқлигини таъминлаш;

фаолиятда мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги вазиятни тизимли назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш кўникмаларини ўргатиш.


4. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва унинг филиалларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларида (кейинги ўринларда - таълим муассасаси) тўлов-шартнома асосида ташкил этилади.


5. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади.


6. Давлат ташкилотлари раҳбарлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларининг ўз вақтида малакасини оширишлари учун масъул ҳисобланади.


7. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар уларни малака оширишга юборган ташкилотнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.



2-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда уларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.


9. Малака ошириш курсида ўқитиш вақти 12 соатни ташкил этади.

Ўқув юкламасининг умумий ҳажми мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, мурожаатлар билан ишлашни ташкил этишга қаратилган фаолият йўналишларига мувофиқ тақсимланади.


10. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини оширишнинг ўқув дастури давлат ташкилотларида мурожаатлар бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигининг таҳлили натижаларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади.

Ўқув дастури Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан тегишли экспертизадан ўтказилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда таълим муассасаси томонидан тасдиқланади.


11. Малака ошириш курсларида ўқиш вақти ва муддати таълим муассасаси билан келишилган ҳолда тайёрланадиган ҳамда тегишлилиги бўйича буюртмачи ташкилотлар томонидан 2-иловага мувофиқ шаклда тасдиқланадиган тингловчиларнинг малака ошириш курсларидан ўтиш вақти, шакли ва йўналиши кўрсатилган тақсимот-режаларга мувофиқ белгиланади.


12. Буюртмачи ташкилотлар томонидан тақсимот-режалар ярим йил учун тузилади ва ҳар йили июнь ва декабрь ойининг 15 санасига қадар тасдиқланади ҳамда мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ўзи танлаган таълим муассасаларидан бирига етказилади.

Тақсимот-режаларда ходимнинг малака ошириш курсларидан ўтиш шакли кўрсатилади.


13. Буюртмачи ташкилотлар тақсимот-режаларга асосан ўқиши белгиланган ходимларини малака ошириш курсларида қатнашишларини таъминлайди.


14. Малака ошириш курсига тингловчиларни қабул қилиш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Таълим муассасаси тингловчиларнинг малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлиги ёки қатнашмаганлиги ҳақида давлат ташкилотларига хабар беради.

Малака ошириш курсларида узрли сабабларга кўра қатнашмаган тингловчиларга навбатдаги малака ошириш курсларида ўқишга рухсат берилади.


15. Малака ошириш курсларида ўқув жараёни ўқув курсининг дастури асосида таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали бўйича олиб борилади.


16. Малака ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

таълим муассасаси ва унинг филиалларида ўқитиш;

ходимларнинг иш жойида ўқитиш;

масофавий таълим орқали ўқитиш.


17. Иш жойида ўқитиш таълим муассасаси томонидан мутахассисларни жалб этиш орқали тингловчини ишдан ажратмаган ҳолда иш жойининг ўзида ўқитишдан иборат.

Малака оширишнинг мазкур шакли бўйича ўқув жараёни давлат ташкилотлари томонидан гуруҳларнинг шакллантирилишини инобатга олган ҳолда тингловчилар сони камида ўн нафар бўлган гуруҳлар учун ташкил этилади.


18. Масофавий таълим онлайн ва офлайн тарзда амалга оширилади.


19. Онлайн шаклдаги масофадан ўқитиш тингловчи ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш учун махсус жиҳозланган ўқув хоналарида реал вақт режимида амалга оширилади.

Офлайн шаклдаги масофадан ўқитиш таълим муассасасида ишга туширилган махсус масофавий таълим платформаси орқали амалга оширилади.

Ходимларнинг масофавий таълим олиш учун белгиланган ўқиш жойларига етиб келиши, шунингдек, масофавий таълим платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ўқув жараёнларида иштирок этиши давлат ташкилотлари томонидан таъминланади.


20. Масофавий таълим давомида тингловчилар курсларни ташкил этиш ва ўтказиш режасига, ўқиш давомийлигига амал қилиши, шунингдек, таълим жараёнида шахсан ўзи иштирок этиши талаб этилади.


21. Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти ва таълим жараёнини мувофиқлаштириш ҳамда йўналтириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан бириктириладиган педагог маслаҳатчи томонидан амалга оширилади.


22. Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш ва тингловчилар билимларини баҳолаш педагог маслаҳатчининг вазифаларига киради. Педагог маслаҳатчи якка тартибдаги топшириқнинг тингловчи томонидан бажарилишини холисона баҳоланиши учун жавоб беради.

Педагог маслаҳатчи билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, педагог маслаҳатчи билан алоқа сессиялар (бевосита юзма-юз мулоқот) тарзида ҳам амалга оширилиши мумкин.


23. Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар (модуллар) бўйича синов имтиҳонини топшириш билан якунланади.


24. Масофавий таълим курслари бўйича синов имтиҳони (суҳбат) офлайн шаклда тест топшириқларини бажариш ёки онлайн шаклда реал вақт режимида ташкил этилиши мумкин.

Синов имтиҳони (суҳбат)ни қабул қилиш шакли таълим муассасаси раҳбарининг буйруғида кўрсатилади.


25. Малака ошириш курсларида ўқиган тингловчиларга ўқув курсининг номи ва ҳажми кўрсатилган ҳолда, малака ошириш курсларини якунлаганлик учун белгиланган намунадаги сертификат расмийлаштирилади.

Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчига сертификат берилмайди. Бу ҳолда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

Тингловчи узрли сабабларга кўра синов имтиҳонида қатнашмаган ҳолларда таълим муассасаси раҳбари томонидан синов имтиҳони (суҳбат)ни топширишга рухсат берилиши мумкин.


26. Синов имтиҳони натижаларидан норози бўлган тингловчи натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида таълим муассасаси раҳбари номига апелляция шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


27. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш учун таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан беш нафар аъзодан иборат таркибда Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига, қоида тариқасида, таълим муассасаси раҳбарининг биринчи ўринбосари, бўлим бошлиқлари, шунингдек, тингловчи натижаларидан норози бўлган синов имтиҳонида иштирок этмаган педагог ходимлар киритилади. Апелляция комиссиясига бошқа ташкилотлардан ҳам мутахассислар жалб этилиши мумкин.

Апелляция комиссияси фаолияти унинг ишида аъзолардан учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва унда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.


28. Апелляция комиссиясининг иш тартиби апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда белгиланади. Апелляция комиссияси таркибига синов имтиҳони комиссияси таркибидан аъзо киритилмайди.


29. Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан шикоят берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилади.

Апелляция шикоятини кўриб чиқишда апелляция комиссияси синов имтиҳони билан боғлиқ материалларни ҳар томонлама ўрганади.


30. Тингловчилар апелляция комиссияси томонидан шикояти кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этишга ҳақли.

Тингловчининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириш;

қўйилган балларни ўзгартириш.

Тингловчининг апелляция шикоятини кўришда унинг илгари олган балини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


31. Малака ошириш курсига қабул қилинган тингловчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича сақлаб қолинади.


32. Таълим муассасаси:

малака ошириш фаолиятига ўқув-методик раҳбарлик қилади;

малака оширишнинг ўқув дастурини ишлаб чиқади ва мунтазам янгиланишини таъминлайди;

малака ошириш механизмлари ва усулларини такомиллаштириш чораларини кўради;

малака ошириш тизимига таълимнинг замонавий шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни жорий қилади.


33. Давлат ташкилотлари:

мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини ошириш қамровининг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилганлиги учун масъул ҳисобланади;

мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини оширишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб беради;

таълим муассасасига статистик, ахборот-таҳлилий материалларни, ҳуқуқни қўллаш амалиёти умумлашмалари ва материалларини тақдим этади, ахборот-ресурс базасини ривожлантиришга кўмаклашади.



3-БОБ. МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШ ОЛИБ

БОРУВЧИ ХОДИМЛАРНИНГ МАЪЛУМОТЛАРИ

БАЗАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА ЮРИТИШ ТАРТИБИ


34. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг маълумотлари базаси тегишли равишда Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари (кейинги ўринларда - ҳудудий адлия органлари) томонидан шакллантирилади ҳамда юритилади.


35. Вазирлик ва ҳудудий адлия органлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида давлат ташкилотлари томонидан мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, улардан мурожаатлар билан ишлаш фаолиятига доир бошқа тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олишга ҳақли.


36. Вазирликда мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг маълумотлари йиғма базаси, ҳудудий адлия органларида эса ҳудудий маълумотлар базаси юритилади.


37. Маълумотлар базалари давлат тилида, электрон шаклда юритилади ҳамда малака ошириш курслари давомида, жумладан унинг даврийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланилади.


38. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, республика даражасидаги давлат ташкилотлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари тўғрисидаги ахборотни Вазирликка, вилоят даражасидаги давлат ташкилотлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари тўғрисидаги ахборотни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ва туман даражасидаги давлат ташкилотлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари тўғрисидаги ахборотни туман (шаҳар) адлия бўлимларига тақдим этади.


39. Давлат ташкилотлари тегишли йил якунлангандан сўнг, кейинги йилнинг 10-санасига қадар тегишли адлия органига мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотларни ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади.

Туман (шаҳар) адлия бўлимлари тегишли йил якунлангандан сўнг, кейинги йилнинг 15-санасига қадар базадаги маълумотларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига электрон шаклда тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари тегишли йил якунлангандан сўнг, кейинги йилнинг 20-санасига қадар ҳудудий базадаги маълумотларни Вазирликка электрон шаклда тақдим этади.


40. Тақдим этилган маълумотлар йил давомида ўзгарган тақдирда, давлат ташкилотлари ўн кун муддатда тегишли маълумотни адлия органига юбориши лозим.

Ҳудудий адлия органи ўзгаришлар бўйича маълумотларни улар тақдим этилгандан сўнг беш кун муддатда Вазирликка тақдим этиши шарт.


41. Таълим муассасаси мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотни ҳар чоракда, тегишли чорак якунлангандан сўнг, кейинги ойнинг 5-санасига қадар Вазирликка электрон шаклда тақдим этади.


42. Тақдим этилган маълумотлар Вазирликка келиб тушгандан сўнг, улар икки иш куни ичида маълумотлар йиғма базасига жойлаштирилади ва мунтазам равишда янгилаб борилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


43. Ушбу Низом талабларини вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан бажарилишини мувофиқлаштириш Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими томонидан амалга оширилади.


44. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


45. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

           

         




Низомга

1-ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотларининг

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари

билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини

ошириш курсларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқич

   


       

Субъектлар

     


       

Чора-тадбирлар

       


       

Бажариш муддатлари

        











     

I. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

        








1-босқич


Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази


      

1. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини оширишнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқади.

     


         

1. Ўқув курси бошланишидан камида 2 ой олдин.



2. Ўқув дастурини Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан тегишли экспертизадан ўтказилишини таъминлайди ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлайди.

       


2. Ўқув курси бошланишидан камида 1 ой олдин.








2-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари


        

1. Малака ошириш курсларида ўқитиладиган ходимларнинг рўйхатини шакллантиради.

       


1. Ҳар йили 1 июнь

ва 10 декабрь.



2. Ходимларини малака ошириш курсларида ўқитиш бўйича ҳар ярим йиллик тақсимот-режаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

      

3. Тақсимот-режаларини Давлат бошқаруви академияси ёки Юристлар малакасини ошириш марказига юборади.

      


2-3. Ҳар йили 15 июнь

ва 15 декабрь.



4. Малака ошириш учун тегишли шартномаларни расмийлаштиради.

       


4. Ўқув курси бошланишидан

5 иш куни олдин




5. Ходимларни ўқув курсларида ўқитиш масалалари бўйича масъул ходимни таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилишини ташкил қилади.

     


5. Доимий равишда








3-босқич


Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази



1. Буйруқ асосида малака ошириш курси тингловчиларининг ўқув гуруҳини шакллантиради.

       

2. Ҳар бир ўқув гуруҳига педагог-маслаҳатчини бириктиради.

     


Ўқув курси бошланишидан

1 иш куни олдин











4-босқич


Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази


      

1. Ўқув дастури ва бошқа ўқув-методик ҳужжатлар асосида малака ошириш курсларини ташкил қилади.

     


1. Тақсимот-режада

белгиланган муддатда



2. Давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда малака ошириш бўйича ўқитиш жараёнлари мониторинг (ички ва ташқи) қилиб борилади.

       


2. Мунтазам, ўқув

жараёни давомида








5-босқич


Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази


       

1. Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар (модуллар) бўйича синов имтиҳонини ташкил қилади.

       


1. Уқув курслари якунида



2. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги (электрон) сертификат расмийлаштиради.

      


2. Синов имтиҳони топширилган куннинг ўзида









          

II. МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШ ОЛИБ БОРУВЧИ

ХОДИМЛАРНИНГ МАЪЛУМОТЛАРИ БАЗАСИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ ТАРТИБИ

          








1-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари


        

1. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар тўғрисидаги маълумотни республика даражасидаги давлат ташкилотлари Адлия вазирлигига, вилоят даражасидаги давлат ташкилотлари ҳудудий (вилоят) адлия органларига, туман даражасидаги давлат ташкилотлари туман (шаҳар) адлия бўлимларига тақдим этади.

        


1. Тегишли йил якунлангандан сўнг, кейинги йилнинг

10-санасига қадар

       


Туман (шаҳар) адлия бўлимлари


2. Маълумотлар базасидаги маълумотларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига электрон шаклда тақдим этади.

    


2. Тегишли йил якунлангандан сўнг, кейинги йилнинг

15-санасига қадар

     


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари


3. Ҳудудий маълумотлар базасидаги маълумотларни Адлия вазирлигига электрон шаклда тақдим этади.


3. Тегишли йил якунлангандан сўнг, кейинги йилнинг

20-санасига қадар

     








2-босқич


Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази


       

Малака оширишдан ўтган давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари ҳақидаги маълумотни Адлия вазирлигига электрон шаклда тақдим этади.

         


Ҳар чоракда, тегишли чорак якунлангандан сўнг, кейинги ойнинг 5-санасига қадар











3-босқич


Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари


         

1. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг маълумотлари базасини шакллантиради ҳамда юритади.


     

1. Тақдим қилинган маълумотлар келиб тушгандан сўнг

2 иш куни ичида.

          



2. Давлат ташкилотларидан мурожаатлар билан ишлаш фаолиятига доир бошқа тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади.

        


2. Заруратга кўра

           

           




Низомга

2-ИЛОВА



_____________________да 20___ йилнинг ___ ярим йиллигида _______________________________ жисмоний ва юридик

            (таълим муассасаси номи)                                                                                                            (буюртмачи давлат органи ёки ташкилоти номи)

           

Шахсларнинг мурожаатлари билан иш

олиб борувчи ходимларининг малака ошириш

курсларида ўқитиш бўйича гуруҳларнинг

ТАҚСИМОТ-РЕЖАСИ

          

Давлат

органи

ёки таш-

килот

номи

   

Ўқитиш

даври

  

Ўқиш

шакли


Мар-

казий

аппа-

рат


Идо-

равий

мансуб

ташки-

лотлар

    

Қора-

қалпо-

ғистон

Респуб-

ликаси

  

Анди-

жон

Бухо-

ро

Жиз-

зах

Наман-

ган

На-

воий

Самар-

қанд

Сир-

дарё

Сурхон-

дарё

Тош-

кент

вило-

яти


Тош-

кент

шаҳ-

ри


Фар-

ғона

Хо-

разм

Қашқа-

дарё


Жами

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

12

13

14

15

16

17

18

19

20














































































         

         




Низомга

3-ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотларининг

мурожаатлар билан иш олиб борувчи

ходимлари ҳақида

МАЪЛУМОТ

         

Т/р

Ф.И.О.

Туғилган йили ва жойи

Тамомлаган таълим муассасаси

ва вақти

Лавозими

(иш жойи кўрсатилган ҳолда)

Иш жойи манзили ва ходимининг электрон почтаси

Хизмат

ва уяли телефон рақами

Эгаллаб турган лавозимга қабул

қилинган

вақти

Шундан эгаллаб турган лавозимидаги иш стажи

(7-устундан)

Таълим муассасасида малакасини оширган вақти

(сертификатнинг серияси, рақами, берилган ҳамда амал қилиш муддати кўрсатилган ҳолда)

        

1

2

3

4

5

6

7

8

9

1.










2.










3.










....










          

             




Низомга

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази

ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академиясида малака оширишдан

ўтган давлат органлари ва ташкилотларининг

мурожаатлар билан иш олиб борувчи

ходимлари ҳақида

МАЪЛУМОТ

           

Т/р

Ф.И.О.

Туғилган йили

ва жойи

Иш жойи

Лавозими

Малака оширган вақти

Малака оширганлиги тўғрисида берилган сертификатнинг вақти, серияси ва рақами

           

1.







2.







3.







....







           

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 8 октябрь



































































Время: 0.0225
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск