ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сувдан фойдаланиш. Сувдан фойдаланиш лимитлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.10.2022 й. ПҚ-394-сон "Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.10.2022 й.

N ПҚ-394



СУВ ТАЪМИНОТИ ОҒИР БЎЛГАН ҲУДУДЛАРДАГИ

АҲОЛИ ТОМОРҚА ЕРЛАРИ ВА ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИНИ

СУВ БИЛАН КАФОЛАТЛИ ТАЪМИНЛАШ МАҚСАДИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш учун аҳолини қўшимча даромад манбаи билан таъминлаш, аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш, мева-сабзавотчилик тармоғидаги имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, фуқароларга деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,15 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамлардаги ер майдонларини очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага бериш тизими жорий этилди.

Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда жойлашган аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини сув билан барқарор таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги "Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-54-сон қарорига мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари, деҳқон хўжаликлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан маблағ йўналтириш тартибини 2026 йил 1 январга қадар узайтириш;

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитларни ташаббускорларга лойиҳабай шакллантирилган буюртманомалар асосида тижорат банклари орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш манбаларида назарда тутилган маблағлардан ташқари ва навбатсиз расмийлаштириш;

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2022 йилда жами ажратилган 100 млрд сўм маблағдан келиб чиқиб, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини ишга туширишнинг прогноз кўрсаткичларини қайта тасдиқлаш.


2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (К.А. Юлдашев) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Т.А. Саттаров), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.А. Пекось) ҳамда Молия вазирлиги (А.Я. Хайдаров) билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун субсидия маблағлари ажратишнинг тўлиқ жараёни "Aгросубсидия" ахборот тизими орқали амалга оширилишини йўлга қўйсин.


3. Молия вазирлиги томонидан 2022 йилда сув таъминоти оғир маҳаллаларда вертикал суғориш қудуқлари қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 2022 йилги Давлат бюджети параметрларида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун кўзда тутилган 50 млрд сўмга қўшимча равишда 50 млрд сўм маблағ ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 12 октябрдаги

ПҚ-394-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3680-сон қарорининг 9-бандида:


а) "б" кичик бандда:

иккинчи хатбошидаги "Микрокредитбанк" АТБ, "Агробанк" АТБ, "Туронбанк" АТБ ҳамда АТ "Халқ банки"га" сўзлари "тижорат банкларига" сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги "Микрокредитбанк" АТБ, "Агробанк" АТБ, "Туронбанк" АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси АТ Халқ банкига" сўзлари "тижорат банкларига" сўзлари билан алмаштирилсин;

ўн бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кредитлар тижорат банклари орқали боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, артезиан қудуқларини қазиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш, "дала дўконлари"ни қуриш ва кўчма музлаткичларни ўрнатиш учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга берилади";

қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Жамғарма томонидан аҳолининг, деҳқон хўжаликлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ва аъзоларининг ҳамда "Томорқа хизмати" МЧЖлар ва ишлаб чиқариш кооперативлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидиялар ажратиш ҳамда ўқув марказлари фаолиятини молиялаштириш тартиби Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади";


б) "в" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари тавсияномасига кўра ҳамда ҳар бир маҳаллага маҳаллабай ишлаш бўйича бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан бериладиган тавсиялар асосида ажратилади".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4231-сон қарорининг 8-бандидан "2018 йил 26 апрелдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3680-сон," сўзлари чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги "Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4767-сон қарорининг 7-бандида:


а) иккинчи хатбошидаги "ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар" сўзлари "ҳар йили 1 январь ва 1 июлга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"лойиҳа ташаббускорларига белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга асосан ажратиладиган субсидиялар 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги "Томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-54-сон қарорида:


а) 2-банднинг "б" кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Мазкур гаровсиз кредитлар қайтмаслиги хавфи ташаббускор ҳисобидан кредит олишдан олдин суғурталанади, ташаббускор томонидан кредит эвазига олинган асосий воситаларга тижорат банки томонидан тақиқ қўйилади.

Жамғарманинг Васийлик кенгаши қарорига асосан "Томорқа хизмати" МЧЖларга 300 миллион сўмгача ажратилган гаровсиз кредит учун Жамғарманинг тижорат банклари томонидан гаровга (депозит) олинган маблағларининг акцептсиз ундирилган қисмини қоплаш мақсадида, маблағларни тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган Жамғарманинг даромадлари ҳисобидан захира яратилади ҳамда Жамғарманинг тижорат банклари томонидан гаровга (депозит) олинган маблағларининг акцептсиз ундирилган қисми мазкур захира маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади";


б) 3-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"жорий йилда бурғиланган вертикал суғориш қудуқларини ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатлар кейинги йилнинг иккинчи чорагига қадар қабул қилинади ҳамда ушбу харажатлар ҳужжатлар қабул қилинган йил маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади";

тўртинчи - саккизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи - тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

олтинчи хатбошидаги "50 миллиард сўм" сўзларидан кейин ", бундан ташқари сув таъминоти оғир маҳаллаларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм" сўзлари билан тўлдирилсин;


в) 5-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2022 йилда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини ишга туширишнинг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин";


г) 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"2022 йилда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли

томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини суғориш учун

вертикал суғориш қудуқларини ишга туширишнинг

ПРОГНОЗ КЎРСАТКИЧЛАРИ*

Т/р

Ҳудудлар номи


Туманлар

сони


Маҳаллалар

сони


Жами

қудуқлар

сони


Шундан:


кичик

қудуқлар

сони


катта

қудуқлар

сони


1

Қорақалпоғистон Республикаси


15

89

337

331

6

2

Андижон вилояти


10

37

54

17

37

3

Бухоро вилояти


7

107

145

42

103

4

Жиззах вилояти


9

64

207

134

73

5

Қашқадарё вилояти


7

104

333

268

65

6

Навоий вилояти


7

112

407

224

183

7

Наманган вилояти


9

68

90

20

70

8

Самарқанд вилояти


12

72

128

11

117

9

Сурхондарё вилояти


11

87

133

88

45

10

Сирдарё вилояти


4

18

29


29

11

Тошкент вилояти


7

16

51

30

21

12

Фарғона вилояти


17

125

149

59

90

13

Хоразм вилояти


7

49

100


100

Республика бўйича:


122

948

2 163

1 224

939

         

*) Мазкур прогноз кўрсаткичларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифларига асосан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-55-сон қарорида:


а) 1-бандда:

"б" кичик банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш, "дала дўконлари"ни қуриш ва кўчма музлаткичларни ўрнатиш учун - 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга;

боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, артезиан қудуқларини қазиш учун - 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга";


б) 2-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар ташаббускорларга лойиҳабай шакллантирилган буюртманомалар асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш манбаларида назарда тутилган маблағлардан ташқари ва навбатсиз расмийлаштириб берилади.

Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига, Жамғарма ресурсларини ташаббускорларга тижорат банклари томонидан Ягона электрон платформа орқали расмийлаштириш жараёнларини тўлиқ мувофиқлаштириш ваколати берилади";


в) 5-банднинг тўртинчи хатбошиси "тўлиқ сўндирилмаган" сўзларидан кейин "(Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар бундан мустасно)" сўзлари билан тўлдирилсин;


г) 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"9. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва тижорат банкларининг Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ташаббускорларга боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, артезиан қудуқларини қазиш учун ажратилган кредитлар муддатини ҳамда ресурсларни Жамғармага қайтариш графигидаги муддатларни мазкур қарорнинг 1-банди "б" кичик банди тўртинчи хатбошисида белгиланган муддатларга мос равишда узайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 октябрь











































Время: 0.0184
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск