ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Мол-мулк, корхоналар ва бошқа объектларни муҳофаза қилиш /

Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби ҳақида Низом (ЎзР ВМ 14.10.2022 й. 598-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 14 октябрдаги

598-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий

қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва

ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро

ҳамкорлик қилиш тартиби ҳақида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу низом давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат корхоналари ва муассасалари (кейинги ўринларда - давлат органлари ва ташкилотлари) идоравий қоровуллик бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектларда содир этилган жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар, шубҳа уйғотувчи ва қидирувдаги шахслар, юзага келган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган ўзга ҳолатлар (кейинги ўринларда - ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар) юзасидан ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини (кейинги ўринларда - Миллий гвардия бўлинмалари) хабардор қилиш ҳамда улар бўйича ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу низом қоидалари идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик ҳамда идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш фаолиятига, шунингдек махсус юкларни транспортда ташиш жараёнига нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


идоравий қоровуллик бўлинмалари - давлат органлари ва ташкилотларининг ўз объектларини қўриқлаш учун юридик шахс ташкил этмасдан тузиладиган таркибий бўлинмаси ёки алоҳида ходими;


қўриқланадиган объект - белгиланган тартибда қўриқлашга олинган жисмоний ва юридик шахсларнинг бинолари, иморатлари, иншоотлари, уларнинг ҳудудлари, жойнинг участкалари, транспорт воситалари, транспортда ташиладиган юклари, пул маблағлари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулки, шунингдек жисмоний шахс.


4. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларининг иш жойида ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақидаги дарҳол хабар берилиши лозим бўлган профилактика инспекторлари, ҳудудий ички ишлар органларининг ва Миллий гвардия бўлинмаларининг навбатчилик қисмлари, шунингдек патруллик йўналишлари объект атрофидан ўтадиган ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ва Миллий гвардия бўлинмалари нарядларининг рўйхати ҳамда улар билан ахборот алмашинувини таъминлаш тартиби белгиланган бўлиши керак.


5. Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида ушбу масканнинг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган қўриқланадиган объектлар ва идоравий қоровуллик бўлинмалар, уларнинг асосий тавсифлари (манзили, объект ва қоровуллик бўлинмаси раҳбарлари, мулоқот телефонлари, идоравий қоровуллик бўлинмаси ходимларининг сони, уларнинг иш режими, бир суткада смена давомийлиги, бошланиш ва тугалланиш вақтлари) акс эттирилади.

Ушбу маълумотлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари томонидан идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан йўриқномавий машғулотларни ўтказишда, шунингдек, патруллик йўналишларини белгилашда ва ҳудуддаги тезкор вазиятни назорат қилишда фойдаланади ҳамда зарурат билан уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.



2-БОБ. ИДОРАВИЙ ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ҲОДИСАЛАР ҲАҚИДА ИЧКИ

ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ВА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ

БЎЛИНМАЛАРИНИ ХАБАРДОР ҚИЛИШ ҲАМДА

УЛАР БЎЙИЧА ТЕЗКОР ТАЪСИР

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Идоравий қоровуллик бўлинмалари томонидан

ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар

органлари ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларини

хабардор қилиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш


6. Қўриқланадиган объектларда жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар, жиноят содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги, шубҳали шахслар (биринчи навбатда ўзини ўта сергаклиги ёки безовталиги билан шубҳа уйғотган, йил фаслига мос бўлмаган ёки бўй-бастига нолойиқ кийимда бўлган, шунингдек танасида боғланган жойи ва жароҳати бўлганлар) ва буюмлар, шунингдек, ёнғинлар, авариялар, ҳалокатлар, хавфли табиий ҳодисалар, бошқа табиий ва техноген офатлар, мазкур жойга ҳос бўлмаган тутунлар, ҳидлар, алангалар ва шовқинлар пайдо бўлиши, жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган ўзга ҳолатлар аниқланганда идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари:

дарҳол ҳудудий ички ишлар органининг навбатчилик қисмига хабар беради;

ички ишлар органлари ходимлари ёки Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчилари (ходимлари) етиб келгунга қадар ҳуқуқбузарлик ва ҳодисаларнинг излари сақланиши таъминлайди, ҳодиса жойига бошқа шахсларни қўймаслик чораларини кўради;

ҳодиса жойига етиб келган ички ишлар органи ходимларига ёки Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) ҳуқубузарлик ва ҳодисаларнинг ўзига маълум бўлган ҳолатлари ва важлари, уларни содир этган ёки сабаб бўлган шахслар юзасидан ахборот беради, ҳуқубузарлик ва ҳодисаларнинг аломатларига аниқлик киритишга ва уларни расмийлаштиришга кўмаклашади;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этади, одамларни қутқариш ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда авария-қутқарув хизматларига зарурий амалий ёрдам кўрсатади;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлайди.


7. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари томонидан ҳуқубузарлик ва ҳодисалар ҳақида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларига телефон орқали хабар берилади.

Телефон алоқаси мавжуд бўлмаган ёки у ишламаган ҳолларда ҳуқубузарлик ва ҳодисалар ҳақида хабар алоқанинг бошқа турлари орқали, шу жумладан хуштакдан қуйидаги сигналлардан фойдаланиш йўли билан берилиши мумкин:

"Ушла" - битта узун сигнал;

"Ёрдамга" - иккита қисқа сигнал.

Зарурат бўлганда сигналлар қайтарилади.



2-§. Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия

бўлинмалари томонидан идоравий қоровуллик

бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар

ҳақидаги хабарлари бўйича тезкор

таъсир ўтказиш


8. Идоравий қоровуллик бўлинмаларининг хабарига асосан ҳудудий ички ишлар органининг навбатчилик қисми ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар содир этилган ҳудуд (жой) ва бошқа тафсилотларига аниқлик киритади ҳамда улардан келиб чиқиб, зудлик билан ҳодиса жойига профилактика инспекторини жўнатади ва (ёки) хабарни ички ишлар органлари патруль-пост хизматининг, йўл-патруль хизмати ёки Миллий гвардия бўлинмасининг навбатчилик қисмига йўллайди.


9. Келиб тушган хабар бўйича ҳодиса жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимларининг ва (ёки) Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаракатлари ва идоравий қоровуллик бўлинмалари билан ҳамкорликдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиясининг идоравий ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинади.



3-БОБ. ИДОРАВИЙ ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИ

ХОДИМЛАРИ БИЛАН ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ

ВА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ БЎЛИНМАЛАРИНИ

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ БЎЙИЧА

ЙЎРИҚНОМАВИЙ МАШҒУЛОТЛАРНИ

ЎТКАЗИШ


10. Профилактика инспектори томонидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган қўриқланадиган объектлар идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ходимлари билан жадвалга мувофиқ ҳар чоракда ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби бўйича йўриқномавий машғулотлар ўтказилади.

Йўриқномавий машғулотларни ўтказиш жадвали ва машғулотлар дастури профилактика инспектори томонидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган қўриқланадиган объектлар раҳбарлари билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланади.


11. Йўриқномавий машғулотлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси бошлиғи ва ҳудудий профилактика инспектори, қўриқланадиган объектлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жойлашганда эса, Миллий гвардия бўлинмасининг раҳбари томонидан биргаликда ўтказилади.


12. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан йўриқномавий машғулотлар қуйидаги масалалар бўйича ўтказилади:

туман (шаҳар) ва айниқса маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани жавобгарлиги ҳудудида шаклланаётган тезкор вазият, қўриқланадиган объектлар атрофида жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганда, жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги, бедарак йўқолган, бошқа шубҳали шахслар, турли фавқулодда ва бошқа ноодатий вазиятлар, шунингдек мазкур жойга ҳос бўлмаган тутунлар, ҳидлар, алангалар ва шовқинлар пайдо бўлганда, хавф туғдириши мумкин бўлган шубҳали буюмлар аниқланганда, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализациялари ҳаракатга келганда вазифалари ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлари;

маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани, ҳудудий ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл-патруль ва Миллий гвардия бўлинмаларининг патруллик нарядлари ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, улар билан ахборот алмашинувини таъминлаш, ҳамкорлик қилиш тартиби ва усуллари.


13. Йўриқномавий машғулотлар ўтказилгунга қадар жавобгарлик ҳудудида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, шунингдек маъмурий жиҳатдан чегарадош бўлган ҳудудлардаги вазият юзасидан зарур бўлган маълумотлар етказилади.


14. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан йўриқномавий машғулотлар профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари, "Жамоатчилик назорати масканлари" аъзолари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш тадбирларига жалб этилган бошқа жамоатчилик кучлари иштирокида ўтказилиши тавсия этилади.


15. Профилактика инспектори томонидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган идоравий қоровуллик бўлинмаларига туман (шаҳар) ҳудудида очилмаган жиноятлар, уларни содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги ва бедарак йўқолган шахслар, уларнинг умумий ва алоҳида белгилари (мавжуд бўлса - фотосуратлари) ҳақидаги маълумот етказиб борилади ва ҳар ҳафта янгилаб борилади.



4-БОБ. ИДОРАВИЙ ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ


16. Берилган хабарлари жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлашда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларни бартараф этишда муҳим ўрин эгаллаган, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари фаолиятига қўмаклашиш ва яқиндан ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган давлат органлари ва ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларига бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш моддий рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин.


17. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш чоралари давлат органлари ва ташкилотларининг, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, тегишлигича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан амалга оширилади.

Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилганда шу ташкилот раҳбарининг буйруғи чиқарилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 октябрь




































Время: 0.0303
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск