ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Бюджет ҳисобининг стандартлари /

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) "Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот" (АВ томонидан 02.11.2022 й. 3396-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 03.10.2022 й. 53-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 2 ноябрда 3396-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 3 октябрдаги

53-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БЮДЖЕТ ҲИСОБИНИНГ СТАНДАРТИ


(14-сонли БҲС)


ПУЛ ОҚИМЛАРИ ТЎҒРИСИДА ҲИСОБОТ


Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) "Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) пул оқимлари тўғрисида ҳисоботини тузиш ва тақдим этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


пул маблағлари - кассадаги, ҳисоб рақамдаги, шахсий ғазна ҳисобварақдаги ҳамда талаб қилиб олинадиган депозитлардаги маблағлар;


пул маблағлари эквиваленти - бу қисқа муддатли юқори ликвидли инвестициялар бўлиб, улар пул маблағларига осонлик билан айлантирилади ва уларнинг қийматида аҳамиятсиз ўзгариш мавжуд бўлади;


пул оқимлари - пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентининг тушумлари ва чиқимлари;


назорат - ўз фаолиятидан фойда олиш учун  ташкилотларнинг молиявий ва операцион сиёсатини белгилаш ҳуқуқи;


молиявий фаолият - ташкилотларнинг киритилган капитали ёки жалб қилинган маблағлари миқдори ва таркибини ўзгартиришга олиб келадиган фаолият;


инвестицион фаолият - узоқ муддатли активларни ва пул маблағлари эквивалентларига киритилмаган бошқа инвестицияларни сотиб олиш ёки сотиш билан боғлиқ бўлган фаолиятдир;


операцион фаолият - бу ташкилотларнинг инвестицион ва молиявий бўлмаган фаолияти;


ҳисобот санаси - молиявий ҳисобот тайёрланадиган ҳисобот даврининг охирги куни.


2. Ташкилотлар ушбу Стандарт талабларига асосан пул оқимлари тўғрисида ҳисоботни иловадаги жадвалга мувофиқ тайёрлайди ва мазкур ҳисоботни ҳар бир ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботларнинг ажралмас қисми сифатида иқтисодиёт ва молия органига ёки юқори турувчи ташкилотга тақдим этади.

3. Пул оқимлари тўғрисида ҳисоботдан пул оқимлари прогнози тўғрилигини текшириш вақтида ташкилотларнинг фойда олиш ва нарх ўзгариши ўртасидаги таъсирини таҳлил қилиш учун фойдаланилмайди.


4. Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун ташкилотнинг пул маблағларини ва пул маблағларининг эквивалентларини жалб этишни баҳолаш имконини беради.

Шунингдек, пул оқимлари тўғрисида ҳисобот ташкилотнинг операцион фаолияти натижалари бўйича ҳисоботининг таққосланувчанлигини оширади,

чунки у бир хил операциялар учун турли ҳисоб усулларидан фойдаланишни олдини олади.


5. Ўтган ҳисобот даврларидаги пул оқимлари тўғрисида ҳисоботдан кейинги йиллар учун пул оқимлари миқдорини аниқлаш кўрсаткичи сифатида фойдаланилади. Бу аввалги даврлардаги пул оқимларини қанчалик тўғри прогноз қилинганлигини ҳисоб-китоб қилиш учун фойдали ҳисобланади.


6. Пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда пул тушуми манбалари, ҳисобот даврида товарлар (ишлар, хизматлар) учун сарфланган маблағлар ҳамда ҳисобот санасидаги пул маблағлари қолдиғи кўрсатилади. Ташкилотларнинг пул оқимлари тўғрисида ҳисобот кўрсаткичлари молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга ҳисобот бўйича ҳамда тегишли қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни беради.

Шунингдек, пул оқимлари тўғрисида ҳисобот кўрсаткичлари фойдаланувчиларга ташкилотлар ўз фаолиятини молиялаштириш учун зарур бўлган маблағларни қандай шакллантирганлиги ва бу маблағлардан қандай фойдаланганлигини аниқлаш имконини беради.


7. Пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда пул тушумлари ва тўловлари учта асосий фаолиятга ажратилади: операцион фаолият, инвестицион фаолият ва молиявий фаолият.

Ташкилотларнинг пул оқимларига, шунингдек банкдаги валюта ҳисоб рақамларидаги қолдиқларига операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятдан ташқари валюта айирбошлаш курсларидаги фарқлар ҳам таъсир қилади.


8. Стандартнинг мақсади ташкилотларнинг пул маблағлари ва пул эквивалентларидаги аввалги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни ҳисобот даврида операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятлар бўйича пул оқимлари сифатида таснифлайдиган ҳисоботни тузишдан иборат ҳисобланади.



2-БОБ. ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ВА ПУЛ

МАБЛАҒЛАРИНИНГ ЭКВИВАЛЕНТЛАРИ


9. Пул оқимлари пул маблағлари ёки пул маблағлари эквивалентларига мос келадиган компонентлар ўртасидаги ҳаракатларни ўз ичига олмайди, чунки ушбу компонентлар ташкилотнинг пул маблағларини бошқариш билан боғлиқ бўлиб, унинг операцион, инвестицион ёки молиявий фаолиятининг бир қисми эмас. Пул маблағларини бошқариш ортиқча пул маблағларини пул маблағлари эквивалентларига инвестиция сифатида киритишни ўз ичига олади.


10. Пул маблағлари эквивалентлари кўп ҳолларда инвестициялар ёки қисқа муддатли пул мажбуриятларини қоплаш учун мўлжалланган бўлади. Инвестицияларни пул маблағлари эквиваленти сифатида кўриб чиқиш учун инвестициялар пул миқдорига осонлик билан айлантирилиши ва қиймат ўзгариши хавфи сезиларсиз, яъни умумий қийматнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда бўлиши керак. Инвестициялар қисқа муддатларда, яъни сотиб олиш кунидан бошлаб камида уч ой ёки ундан кам муддатда қопланиш имконияти мавжуд бўлса, бундай инвестициялар пул маблағлари эквиваленти ҳисобланади.

Бошқа ташкилотларнинг капиталига киритилган инвестициялар ушбу банднинг биринчи хатбошисидаги талаблар каби бўлмаса, улар пул маблағларининг эквивалентларига киритилмайди.


11. Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот учун назорат қилувчи ва бир нечта назорат қилинадиган ташкилотлар, яъни биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилардан иборат ташкилотлар гуруҳини иқтисодий субъект сифатида таснифлаш лозим.

Иқтисодий субъект таркибига ижтимоий ва тижорат мақсадларига эга ташкилотлар киритилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги имтиёзли шартларда хизмат кўрсатувчи ташкилотларни ва ушбу хизматларни тижорат асосида тақдим этадиган ташкилотларни ўз ичига олади.


12. Ташкилотлар пул маблағлари ва пул маблағларининг эквивалентлари таркибий қисмларини пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда аниқ ифода этади ва пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда кўрсатилган миқдорларни Молиявий ҳолат тўғрисида баланс ҳисоботида келтирилган кўрсаткичлар билан солиштириш учун тақдим этади.


13. Пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентларининг таркибий қисмларини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) "Ҳисоб сиёсати" (рўйхат рақами 2853, 2016 йил 27 декабрь) талаблари орқали ҳар қандай ўзгариш таъсирини белгилаш лозим. Масалан, ташкилотнинг фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, дивидендларни тўлаш операцион фаолият сифатида акс эттирилган бўлса, кейинчалик ташкилот фаолияти ўзгариши натижасида дивидендларни тўлаш инвестицион фаолият сифатида таснифланиши лозим.



3-БОБ. КЕЛГУСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ ФОЙДА

ЁКИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ САЛОҲИЯТИ


14. Активлар ташкилотлар мақсадларига эришиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Ташкилот мақсадларига мувофиқ товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиладиган, аммо тўғридан-тўғри пул оқимлари киримини юзага келтирмайдиган активлар хизмат кўрсатиш салоҳиятини мужассамлаштирган активлар ҳисобланади.

Соф пул маблағлари тушумини ҳосил қилиш учун фойдаланиладиган активлар келгусидаги иқтисодий фойда бўлган активлар сифатида тавсифланади.


15. Активлардан фойдаланиш мақсадларини тўлиқ ва ўз вақтида қамраб олинишини таъминлаш учун активларнинг асосий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, улар келгусидаги иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш салоҳияти бўйича активлар сифатида таснифланиши лозим.


16. Соф капитал Молиявий ҳолат тўғрисида баланс ҳисоботида активлар ҳамда мажбуриятлар ўртасидаги фарқ суммаси натижасида шаклланади.



4-БОБ. ПУЛ ОҚИМЛАРИ ТЎҒРИСИДА ҲИСОБОТ ТАРКИБИ


1-§. Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот тавсифи


17. Пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда ҳисобот давридаги пул оқимларининг операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятлар кесимидаги ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши керак.


18. Ташкилот ўз фаолиятининг хусусиятига мос келадиган шаклда операцион, инвестицион ёки молиявий фаолиятдан келадиган пул оқимлари тўғрисида маълумот беради.

Ушбу фаолиятларнинг таснифланиши ташкилотнинг молиявий ҳолатига, пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари ҳажмига тегишли фаолиятнинг таъсирини баҳолашга имкон берадиган маълумотлар билан молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларни таъминлайди. Ушбу маълумотдан фаолиятлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни баҳолаш учун ҳам фойдаланиш мумкин.


19. Бир операция турли хил фаолият турлари билан боғлиқ бўлган пул оқимларини ўз ичига олиши мумкин. Масалан, агар кредит бўйича пул маблағларини тўлаш фоизлар ва қарзнинг асосий миқдорини ўз ичига олса, фоизларни тўлаш операцион фаолиятга, асосий қарз миқдорини тўлаш эса молиявий фаолиятга тегишли бўлиши мумкин.



2-§. Операцион фаолият


20. Операцион фаолиятдан тушадиган соф пул тушуми миқдори ташкилот фаолиятида солиқ имтиёзлари мавжудлигини ҳамда унинг товар ва хизматларни олувчилар билан қай даражада таъминланганлигини аниқлашнинг асосий кўрсаткичидир.


21. Соф пул оқимлари миқдори ва ташкилотнинг операцион фаолиятини сақлаб қолиш мулк эгаларига дивидендларни тўлаш ва молиялаштириш манбаларини жалб қилмаган ҳолда янги инвестицияларни амалга ошириш имкониятини аниқлашга ёрдам беради.


22. Операцион фаолиятдан келиб тушадиган пул оқимларининг аниқ таркибий қисмлари тўғрисидаги маълумотлар операцион фаолиятдан келадиган келгусидаги пул оқимларини прогноз қилиш учун фойдаланилади.


23. Операцион фаолиятдан келиб тушадиган пул оқими, биринчи навбатда, ташкилотга пул оқимларини олиб келадиган асосий фаолият билан боғлиқдир. Операцион фаолиятдан келадиган пул оқимларига қуйидагилар киради:

солиқлар, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар кўринишидаги пул тушумлари;

ташкилот томонидан етказиб берилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар шаклидаги пул тушумлари;

давлат ёки бошқа жамоат органлари томонидан берилган бошқа грантлар, трансфертлар ва бошқа пул ўтказмалари кўринишидаги пул тушумлари;

роялти, комиссион тўловлар ва бошқа турдаги даромадлар кўринишидаги пул тушумлари;

бошқа давлат сектори ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш учун тўловлар (кредитлардан ташқари);

товарлар ва хизматлар учун етказиб берувчиларга пул тўловлари;

ходимларга ва уларнинг номидан пул тўловлари;

суғурта ташкилотлари томонидан суғурта мукофотлари ва даъволар, аннуитет шартномалари бўйича тушумлар ва тўловлар, шунингдек бошқа полислар бўйича тўловлар;

тижорий ёки савдо мақсадларида тузилган шартномалар бўйича пул тушумлари ва тўловлар;

тўхтатилган фаолият бўйича пул тушумлари ёки тўловлар;

суд қарорлари билан боғлиқ пул маблағлари тушумлари ёки тўловлар.


24. Асосий воситаларни сотиш бўйича операциялар тегишли даврнинг соф фойдаси ёки зарарини ҳисоблашда фойда ёки зарарга олиб келиши мумкин. Бундай операциялардан келиб чиқадиган пул оқимлари инвестицион фаолиятдан келадиган пул оқимларига олиб борилади.

Бироқ, ижара учун мўлжалланган ва сотувга қўйилган асосий воситаларни қуриш ёки сотиб олиш учун сарфланган маблағлар операцион фаолият билан боғлиқ пул оқимлари ҳисобланади.


25. Ташкилотлар оммавий савдога қўйиладиган ёки савдо қилиш учун мўлжалланган қимматли қоғозлар ва қарз мажбуриятларга эга бўлиши мумкин, бу ҳолда уларни махсус қайта сотиш учун мўлжалланган захиралар сифатида таснифлаш лозим. Шу сабабли, қимматли қоғозларни оммавий жойлаштириш ёки улар билан савдо қилиш натижасида пайдо бўлган пул оқимлари операцион фаолият сифатида қаралади.

Шунингдек, халқаро молия институтлари томонидан тақдим этилган пул шаклидаги бўнаклар ва қарзлар ташкилотга пул тушумини олиб келадиган асосий фаолият билан боғлиқ бўлган операцион фаолиятда акс эттирилади.


26. Давлат бюджети ёки бошқа жамоат органлари томонидан ташкилотларга ўз фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар операцион фаолият, капитал қурилиш ёки капитал қўйилмалар учун таснифланмаган ҳолда ажратилиши мумкин.

Агар ташкилотлар ушбу маблағларни мустақил равишда операцион фаолиятга, капитал қурилиш ёки капитал қўйилмаларга тақсимлай олмаса, унда бу маблағларни операцион фаолиятдан келадиган пул оқимларига киритиш керак ва молиявий ҳисоботларда изоҳ билан акс эттириш лозим.



3-§. Инвестицион фаолият


27. Инвестицион фаолиятдаги пул оқимларини алоҳида ошкор қилиш муҳимдир, чунки у ташкилотга келажакда хизмат кўрсатишга мўлжалланган ресурсларни сотиб олиш учун қанча харажатлар сарфланганлигини кўрсатади.


28. Инвестицион фаолият билан боғлиқ пул оқимлари қуйидагилардан иборат:

асосий воситаларни, номоддий ва бошқа узоқ муддатли активларни сотиб олиш учун пул ўтказмалари (буларга тажриба-лойиҳа ишлари учун капитализация қилинадиган харажатлар ва асосий воситаларни ташкилот томонидан ўз мустақил равишда қуриши даврида амалга оширилган тўловлар киритилади);

асосий воситаларни, номоддий активларни ва бошқа узоқ муддатли активларни сотишдан тушган пул тушумлари;

хўжалик юритувчи субъектларнинг улушларини ёки қарз воситаларини сотиб олиш ва қўшма корхоналардаги улушларни олиш учун пул ўтказмалари (пул маблағлари эквиваленти ҳисобланган ёки савдога мўлжалланган воситалар учун тўловлардан ташқари);

ташкилотнинг хўжалик юритувчи субъектлардаги улушларини ёки қарз воситаларини сотишдан тушган пул тушумлари (пул маблағлари эквиваленти ҳисобланган ёки савдога қўйиладиган ёки сотиладиган воситаларидан тушган тушумлар бундан мустасно);

бошқа ташкилотларга берилган пул шаклидаги бўнаклар ва қарзлар (давлат молия институти томонидан бериладиган бўнак ва қарзлардан ташқари);

бошқа ташкилотлардан берилган пул шаклидаги бўнаклар ва қарзларни қайтарилишидан тушган пул тушумлари (давлат молия институти томонидан бериладиган бўнак ва қарзларни қайтарилишидан тушган тушумлардан ташқари);

фьючерс ва форвард шартномалари, опционлар ва своплар бўйича пул шаклидаги тўловлар (тижорат ва савдо мақсадлари учун тузилган шартномалар ёки молиявий фаолият билан боғлиқ тўловлар бундан мустасно);

фьючерс ва форвард шартномалари, опционлар ва своплардан пул тушумлари (шартномалар оммавий савдога ёки савдо мақсадларига мўлжалланган бўлмаса ёки тушум молиявий фаолият сифатида таснифланиши билан боғлиқ тўловлар бундан мустасно).



4-§. Молиявий фаолият


29. Молиявий фаолият тўғрисидаги маълумотларнинг алоҳида ошкор этилиши катта аҳамиятга эга, чунки бу маълумотлар ташкилотни капитал билан таъминловчилар талабларига мувофиқ келгусидаги пул маблағлари ҳаракатини прогноз қилишда фойдаланилади.


30. Молиявий фаолиятга доир пул оқимларига қуйидагилар киради:

қарз мажбуриятлари, векселлар, облигациялар ва бошқа қисқа ёки узоқ муддатли қарзларни жалб қилишдан пул тушумлари;

қарз мажбуриятлари қайтариш бўйича пул тўловлари;

молиявий лизингни тўлаш учун лизинг олувчининг пул тўловлари.



5-БОБ. ОПЕРАЦИОН ФАОЛИЯТ БЎЙИЧА

ПУЛ ОҚИМЛАРИНИ АКС ЭТТИРИШ


31. Ташкилотлар операцион фаолият бўйича пул оқимларини қуйидаги усуллардан бирини танлаган ҳолда ҳисоботни тақдим этади:

ялпи тушум ёки пул тўловларнинг асосий турлари тўғрисида маълумотларни акс эттирадиган бевосита (тўғридан-тўғри) усул;

фойда ёки зарар (профицит ёки дефицит) тўғрисидаги маълумотларни пул кўринишида бўлмаган операциялар натижаларига, операцион фаолият натижаси бўйича юзага келган муддати ўтган ёки ҳисобланган тушумларни (тўловларни), шунингдек даромадлар ёки харажатларнинг миқдорларини ҳисобга олган ҳолда инвестиция ёки молиявий фаолиятдан келадиган пул оқимларига тузатиш киритишни акс эттирадиган билвосита усул.


32. Ташкилотлар томонидан операцион фаолиятдан келадиган пул оқимлари тўғрисида ҳисоботни тайёрлашда бевосита усулдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бевосита усул орқали тайёрланган ҳисобот билвосита усул ёрдамида тайёрланган ҳисоботда мавжуд бўлмаган ва келажакда прогноз қилиш учун керакли бўлган маълумотларни тақдим этади.


33. Бевосита усул ёрдамида ялпи тушумнинг асосий турлари ёки пул маблағларини тўлаш тўғрисидаги маълумотлар қуйидагилар орқали олинади:

а) ташкилотнинг молиявий ҳисоботидан;

б) операцион фаолият орқали ифодаланган даромадлар ва харажатларни (давлат молия институтлари маблағларини жалб қилиш асосида юзага келган фоиз тушумлари ва харажатлари) ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг бошқа кўрсаткичларини қуйидаги омилларни ҳисобга олган ҳолда тузатиш киритиш йўли билан:

муайян даврда захиралар ва жорий дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришлар;

бошқа нақд пулсиз транзакциялар;

инвестиция ёки молиявий фаолиятни келтириб чиқарадиган пул оқимлари.

Операцион фаолиятдан келадиган пул оқими тўғрисида ҳисоботни тайёрлашда бевосита (тўғридан-тўғри) усулдан фойдаланилганда, ташкилотлар томонидан одатдаги фаолиятдан олинган соф фойда ёки зарар суммаси ҳамда операцион фаолиятдан олинган соф пул оқими ўзаро солиштирилиши лозим. Ушбу солиштириш натижалари пул оқимлари тўғрисида ҳисоботга ёки молиявий ҳисоботнинг изоҳ қисмларига киритилиши лозим.


34. Билвосита усулдан фойдаланилганда, операцион фаолиятдан келадиган соф пул оқими жорий операцион фаолиятнинг соф фойда ёки зарарига тузатиш киритиш йўли билан қуйидаги факторларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади:

муайян даврда товар-моддий захиралар ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришлар;

амортизация, баҳоланган мажбуриятлар, муддати ўтган солиқлар, реализация қилинмаган валюта курсидан фойда ва зарарлар;

инвестицион ёки молиявий фаолиятни келтириб чиқарадиган пул оқимларига олиб келадиган бошқа кўрсаткичлар.



6-БОБ. ИНВЕСТИЦИОН ВА МОЛИЯВИЙ ФАОЛИЯТ

БЎЙИЧА ПУЛ ОҚИМЛАРИНИ АКС ЭТТИРИШ


35. Ташкилот ўз ҳисоботида инвестицион ва молиявий фаолиятдан вужудга келган ялпи тушум ва пул тўловлари асосий турларини алоҳида акс эттиради.


36. Операцион, инвестицион ёки молиявий фаолиятнинг қуйидаги пул оқимлари турлари нетто (кирим ва чиқимларнинг фарқи) асосида ҳисоботларда акс эттирилади:

ташкилот фаолиятига тааллуқли бўлмаган ҳамда мижозлар, солиқ тўловчилар ёки бенефициарлар номидан келиб тушган пул маблағларининг тушумлари ва пул тўловлари;

тез айланиши, катта ҳажмли ва қисқа муддатларда қопланиши билан тавсифланадиган активлар бўйича пул маблағларининг тушумлари ва тўловлари.


37. Стандартнинг 36-банди иккинчи хатбошиси фақат ҳисобот берувчи ташкилот томонидан пул маблағларининг охирги қолдиғи назорат қилинадиган операцияларга нисбатан қўлланилади.

Бундай пул маблағлари тушумлари ва тўловларига мисоллар қуйидагилардир:

бир ташкилот томонидан бошқа бир ташкилот учун солиқлар, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловларни ундириш (давлат томонидан тақсимлаш тўғрисидаги битимлар бўйича йиғилган тўловлар бундан мустасно);

ташкилотлар томонидан молия институтларининг талаб қилиб олинадиган депозитлари маблағларини қабул қилиши ва тўлаши;

инвестиция ёки траст (ишонч) фондлари мижозларининг маблағлари;

мулк эгалари номидан йиғилган ва уларга берилган ижара ҳақи.


38. Стандартнинг 36-банди учинчи хатбошисида санаб ўтилган пул маблағлари тушумлари ва бўнак тўловларига мисоллар қуйидагилар:

инвестицияларни сотиб олиш ва сотиш;

бошқа қисқа муддатли, жумладан, қопланиш муддати уч ойгача бўлган қарзлар.


39. Давлат молия институтларининг қуйидаги фаолиятларидан пул оқимлари ҳисоботларида нетто асосида (кирим ва чиқимларнинг фарқи) тақдим этилиши мумкин:

муддати қатъий белгиланган депозитлар бўйича пул тўловларини қабул қилиш ва тўлаш;

бошқа молия институтларида депозитларга маблағ жойлаштириш ва олиш;

мижозларга аванс тўловлари ва кредитлари, шунингдек ушбу аванслар ва кредитларнинг қайтарилиши.



7-БОБ. ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДАГИ ПУЛ ОҚИМЛАРИ,

ФОИЗЛАР ВА ДИВИДЕНДЛАР, ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ

БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН ҲИСОБ-КИТОБЛАР


1-§. Хорижий валютадаги пул оқимлари


40. Хорижий валютадаги пул оқимлари ташкилотнинг функционал валютаси бўйича пул маблағлари ҳаракати санасидаги функционал ва хорижий валюталар ўртасидаги айирбошлаш курси бўйича акс эттирилади.

Чет элда бошқариладиган ташкилотларнинг пул оқими пул маблағлари харакати санасидаги функционал ва хорижий валюта ўртасидаги айирбошлаш курси бўйича ҳисобот даврида қайта ҳисоб-китоб қилинади.


41. Хорижий валюталарда кўрсатилган пул оқими Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) "Валюта курси ўзгаришининг таъсири" (рўйхат рақами 3100, 2018 йил 14 декабрь) талабларига мувофиқ акс эттирилади.

Бу ҳақиқий курсга тахминан тенг бўлган айирбошлаш курсидан фойдаланишга имкон беради. Масалан, маълум давр учун ўртача айирбошлаш курси чет эл валютасидаги операцияларни акс эттириш ёки чет элдаги бошқариладиган субъектнинг пул оқимларини қайта ҳисоблаш учун ишлатилиши мумкин.


42. Валюта айирбошлаш курсларининг ўзгариши натижасида реализация қилинмаган фойда ва зарарлар пул оқими ҳисобланмайди.

Бироқ, валюта айирбошлаш курсининг ўзгаришидаги қиймат чет эл валютасидаги пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентларига таъсири пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда ҳисобот даврининг боши ва охиридаги пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларига солиштиришни таъминлаш мақсадида акс эттирилади.

Бу қиймат операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятдан келадиган пул оқимларида алоҳида сатрда кўрсатилади ва пул оқимлари тўғрисида ҳисобот даври якунидаги айирбошлаш курси бўйича юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай фарқни ўз ичига олади.



2-§. Фоизлар ва дивидендлар


43. Фоизлар ва дивидендларни олиш ва тўлашдан келиб чиқадиган пул оқимлари алоҳида ифодаланиши керак. Мазкур пул оқимлари ҳисобот даврларида операцион, инвестицион ёки молиявий фаолиятдан келадиган пул оқимлари сифатида таснифланиши керак.


44. Ҳисобот даврида тўланган фоизлар тўғрисида маълумот молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда харажат сифатида кўрсатилганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (11-сонли БҲС) "Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар" (рўйхат рақами 3149, 2019 йил 9 апрель) талаблари асосида ифодаланишидан қатъий назар пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда акс эттирилади.


45. Тўланган дивидендлар молиявий маблағларни жалб қилиш харажатлари бўлгани учун молиявий фаолиятдан тушган пул оқимлари сифатида таснифланиши мумкин.

Шу билан бирга, ташкилот фаолиятидан келиб чиққан ҳолда тўланган дивидендлар фойдаланувчиларга ташкилотнинг тўлаш қобилиятини баҳолаш учун операцион фаолиятдан тушган пул оқимларининг таркибий қисми сифатида таснифланиши мумкин.



3-§. Пул маблағлари билан боғлиқ бўлмаган ҳисоб-китоблар


46. Пул маблағлари ёки пул маблағлари эквивалентларида тўловларни талаб қилмайдиган инвестицион ва молиявий операциялар пул оқимлари тўғрисида ҳисоботдан чиқариб ташланиши керак. Бундай операциялар (транзакциялар) бўйича маълумотлар молиявий ҳисоботнинг инвестицион ва молиявий фаолият тўғрисидаги маълумотларининг бошқа бўлимларида кўрсатилиши керак.


47. Инвестицион ва молиявий фаолиятнинг асосий қисми жорий пул оқимларига таъсир қилмайди, лекин ташкилот капитали ва активлари таркибига таъсир қилади. Пул маблағлари билан боғлиқ бўлмаган ҳисоб-китоблар пул оқимлари тўғрисида ҳисоботдан чиқариб ташланиши лозим, чунки ушбу ҳисоб-китоблар жорий даврдаги пул оқимлари билан боғлиқ эмас. Пул маблағлари билан боғлиқ бўлмаган ҳисоб-китобларга қуйидагилар киритилади:

активларни алмаштириш, мажбуриятларни тўғридан-тўғри қабул қилиш ёки молиявий лизинг орқали активларни сотиб олиш;

қарз мажбуриятларни улушга (капиталга) айлантириш.



8-БОБ. АХБОРОТЛАРНИ ОШКОР ЭТИЛИШИ


48. Ташкилотлар молиявий фаолият сабабли ўз мажбуриятларидаги ўзгаришларни пул маблағлари оқимлари таъсиридан қатъий назар ошкор этиши керак.


49. Ташкилотлар томонидан пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда фойдаланиш имконияти бўлмаган йирик миқдордаги пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари тўғрисидаги маълумот ташкилот раҳбарияти изоҳлари билан бирга ошкор этилиши керак.


50. Ташкилотлар балансидаги пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентларидан фойдалана олмаслик ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Масалан, валюта айирбошлаш бўйича чекловлар мавжудлиги. Бундай ҳолда ҳисобот тузишда қўшимча маълумотлар келтирилиши лозим.


51. Қўшимча маълумотлар фойдаланувчиларга ташкилотнинг молиявий аҳволи ва ликвидлилик даражасини тушунишлари учун фойдали бўлади. Бундай маълумотлар молиявий ҳисоботнинг изоҳларида тегишли тушунтиришлар билан бирга ошкор этилиши лозим ҳамда уларда қуйидагиларни ифода этилиши керак:

келажакда операцион фаолият ва капитал мажбуриятларини қайтариш учун тақдим этилиши мумкин бўлган, фойдаланилмаган қарз маблағлари (кредит линиялари) миқдори;

фойдаланилиши чекланган пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари миқдори ва чекланиш асослари.


52. Ташкилотлар ҳисобот даври мобайнида хўжалик юритувчи субъектларнинг улушларини ёки қарз воситаларини сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ қуйидаги умумлаштирилган маълумотларни ошкор қилади:

олди-сотди шартномасининг умумий суммаси;

олди-cотди шартномаси бўйича пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари кўринишида олинган ёки тўланган суммаси;

сотиб олинган ёки сотилган хўжалик юритувчи субъектларнинг улушлари бўйича пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентларининг миқдори;

сотиб олинган ёки сотилган деб тан олинган актив ва мажбуриятларнинг қиймати (пул маблағлари ва пул маблағларининг эквивалентларидан ташқари).






" Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот"га

ИЛОВА



ПУЛ ОҚИМЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ҲИСОБОТ


20 __ йил 1 ____________ ҳолатига


Ташкилот ______________________________________________________

Ҳисобот даври: йиллик, 1 апрель, 1 июль, 1 октябрь

Бюджет тури ____________________________________________________

Ўлчов бирлиги __________________________________________________

Кўрсаткичлар номи


Сатр коди


Кирим


Чиқим


1


2

3

4

Операцион фаолият





Келиб тушган пул маблағлари (бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари)


010



Товарлар (ишлар ва хизматлар) учун мол етказиб берувчиларга тўланган пул маблағлари


020



Ходимларга ва улар номидан тўланган пул маблағлари


030



Операцион фаолиятнинг бошқа пул тушумлари ва тўловлари


040



Жами: операцион фаолиятнинг соф пул кирими/чиқими (сатр 010-020-030+/-040)


050



Инвестицион фаолияти





Асосий воситаларни сотиб олиш ва сотиш


060



Номоддий активларни сотиб олиш ва сотиш


070



Узоқ ва қисқа муддатли инвестицияларни сотиб олиш ва сотиш


080



Инвестицион фаолиятнинг бошқа пул тушумлари ва тўловлари


090



Жами: инвестицион фаолиятнинг соф пул кирими/чиқими (сатр 060+/-070+/-080+/-090)


100



Молиявий фаолият





Олинган ва тўланган фоизлар


110



Олинган ва тўланган дивидендлар


120



Хусусий акцияларни сотиб олганда ва уларни сотганда пул тўловлари ва тушумлари ёки хусусий капитал билан боғлиқ бўлган бошқа инструментлардан келган пул тушумлари


130



Узоқ ва қисқа муддатли кредит ва қарзлар бўйича пул тушумлари ва тўловлари


140



Молиявий фаолиятнинг бошқа пул тушумлари ва тўловлари


150



Жами: молиявий фаолиятнинг соф пул кирими/чиқими (сатр 110+/-120+130-140+/-150)


160



Йил бошидаги пул маблағлари


170



Йил охиридаги пул маблағлари


180



Раҳбар _______________


Бош ҳисобчи _______________



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 ноябрь















































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск