ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Бюджетдан ташқари ва бошқа фондлар / Бошқа давлат фондлари /

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.11.2022 й. 645-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 4 ноябрдаги

645-сон қарорига

1-ИЛОВА



Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш

давлат мақсадли жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, Жамғармани бошқариш, унинг маблағларини шакллантириш ва фаолият юритиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши), Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда - Қўмита) буйруқ ва қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


3. Жамғарма Қўмита тузилмасига кирувчи давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган бланкага ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


4. Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси;

қисқартирилган номи - Оила ва хотин-қизлар жамғармаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственный целевой фонд поддержки семьи и женщин;

қисқартирилган номи - Фонд поддержки семьи и женщин;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - State fund for family and women support;

қисқартирилган номи - Family and women fund.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

ҲАМДА ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5. Жамғарманинг асосий мақсади хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда уларга кўмаклашиш ва рағбатлантиришдан иборат.


6. Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштириш;

хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини қайтармаслик шарти билан тўлаб бериш;

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш.


7. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Васийлик кенгашининг қарори асосида мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни сўраш ва олиш;

Ғазначиликдаги ўз ҳисобварақларида ушбу Низомда белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш;

Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат этиш ҳамда Жамғармани сақлаш ҳамда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни қоплаш билан боғлиқ харажатлардан ташқари барча молиялаштиришни белгиланган тартибда тўхтатиш;

вақтинча бўш пул маблағларини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида депозитларга жойлаштириш;

Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Жамғарма қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Жамғарма ўз ваколатларини амалга ошираётганда:

қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом талаблари, Қўмита ва Васийлик кенгаши қарорларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажариши;

Жамғарма маблағларининг ушбу Низом доирасида ишлатилишини таъминлаши ҳамда улардан мақсадли ва самарали фойдаланишини назорат қилиши;

ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этиши шарт.

Жамғармага қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


9. Жамғарманинг бошқарув органлари Жамғарма Васийлик кенгаши ва Ижро этувчи дирекциясидан (кейинги ўринларда - Дирекция) иборат.

Васийлик кенгаши Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилишни амалга оширувчи олий бошқарув орган, Дирекция эса - ижро этувчи орган ҳисобланади.


10. Васийлик кенгаши аъзолари бир вақтнинг ўзида Дирекцияда меҳнат фаолиятини юритиши мумкин эмас.


11. Васийлик кенгаши:

Жамғарма маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланилиши ҳамда Жамғармага юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилади;

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар йиллик параметрларини ҳамда амалга ошириладиган асосий тадбирлар режасини тасдиқлайди;

умумий тасдиқланган параметрлар доирасида, зарурат бўлганда, Жамғарма даромадлари (манбалар бўйича) ва харажатларининг прогноз параметрларига ўзгартиришлар киритади;

Дирекцияни сақлаш харажатлари сметасини, штатлар жадвалини тасдиқлайди, зарурат бўлган тақдирда, тасдиқланган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Дирекция тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг тавсиясига асосан Дирекция ижрочи директорини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларни жалб қилади, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайрияларини жалб этишга кўмаклашади;

Жамғарма ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини қонунчилик талаблари асосида белгилайди;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


12. Васийлик кенгаши Жамғармага юкланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш, тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва зарур тавсиялар тайёрланишини таъминлаш мақсадида давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, шунингдек, фуқаролардан иборат таркибда эксперт гуруҳлари ташкил қилиши мумкин.


13. Васийлик кенгаши мажлислари заруратга кўра ўтказилади.

Васийлик кенгаши қарорлари мажлисда қатнашаётган Васийлик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Васийлик кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


14. Дирекция Жамғарманинг ижро органи ҳисобланади. Унга Васийлик кенгаши қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор раҳбарлик қилади.


15. Дирекция:

Жамғармага ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

маблағлардан мақсадсиз фойдаланилган ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тўловлардан ташқари молиялаштиришни тўхтатиб туради, кейинчалик ушбу масалани Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритади;

миллий ва чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларини очади ва юритади, белгиланган тартибда улар бўйича тегишли операцияларни амалга оширади;

Жамғармага ўтказилган маблағларнинг амалда тушган суммаси бўйича тегишли ташкилотлардан ахборотлар ҳамда статистик маълумотларни сўраб олади;

Васийлик кенгаши розилиги билан бўш маблағларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида миллий валютада депозитларга жойлаштиради;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритади, шунингдек, улар бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни шакллантиради;

тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилмаган қўшимча маблағларни ажратиш бўйича тушган буюртмаларни тўплайди, умумлаштиради ва кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашига киритади;

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорлари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди;

Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни Васийлик кенгашига ва Молия вазирлигига белгиланган тартибда такдим этади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Дирекция ижрочи директори:

Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва Жамғармага юкланган вазифалар бажарилиши, шу жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлайди;

Дирекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, қонунчилик ҳужжатлари, Васийлик кенгаши қарорлари, Қўмитанинг буйруқ ва қарорлари билан Жамғармага юкланган вазифалар ҳамда функцияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини ташкил этади;

Дирекция, унинг таркибий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ кўрсаткичлар, мақсадли индикаторларга, сифатга ва ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишига эришишни сўзсиз таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўради;

Дирекция ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, уларни рағбатлантириш ҳамда интизомий жазо чораларини қўллаш ҳақида, шунингдек, Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқларни чиқаради;

давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий давлатларнинг тегишли органлари ва ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек, халқаро ташкилотлар олдида Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда, Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши бўйича белгиланган тартибда текширувлар ташкил қилади, уларнинг натижаларини таҳлил қилади ва кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашига таклиф киритади;

жисмоний ва юридик шахслар, тижорат банклари билан Жамғарма фаолиятига тегишли келишувлар ва шартномаларни, шу жумладан, кредит, хўжалик ва меҳнат шартномаларини ҳамда ресурс ва депозитлар шартномаларини имзолайди, Дирекция номидан ишончномасиз иш юритади;

штатлар жадвалини, Жамғарма маблағлари ҳисобидан Дирекция таъминотининг харажатлар сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Васийлик кенгашига тақдим этади;

Дирекциянинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамғарма номидан судга ва бошқа давлат органларига даъволар тақдим этади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


17. Дирекциянинг таъминоти бюджет ташкилотлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА САРФЛАШ


18. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Қўмитанинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 млрд сўмгача бўлган миқдорда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


19. Жамғармага унинг даромадлари бўйича тушаётган маблағлар Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.


20. Жамғарма маблағлар тушишининг тўлиқлиги Васийлик кенгаши томонидан назорат қилинади.


21. Қуйидагилар Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлар ҳисобланади:

Қўмита ва Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ташкил этишда ҳамда шундай фаолият учун белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар ажратишда тижорат банкларида ресурслар ва депозитлар жойлаштириш орқали кўмаклашиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш;

хотин-қизларга ва уларнинг бандлигини таъминловчи тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда субсидия ва грантлар, шу жумладан,

уларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ташкил этиш учун субсидиялар ажратиш;

ёш қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилишига кўмаклашиш;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда моддий қўллаб-қувватлаш;

хотин-қизларни касбларга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда муаммолари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга Васийлик кенгаши томонидан ишлаб чиқилган тартиб асосида грант маблағларини ажратиш;

зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларнинг мослашувига ва саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказларни ҳамда уларнинг бўлинмаларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш;

хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, ўрганишлар давомида аниқланган оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмаклашиш харажатларини молиялаштириш;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини қайтармаслик шарти билан тўлаб бериш;

оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўтказиладиган республика миқёсида ҳамда халқаро тадбирларни ташкил этишга, Ўзбекистон делегациясининг халқаро тадбирларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш, хотин-қизлар масалалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ҳамда хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш йўналишларидан келиб чиқувчи тадбирларни қўллаб-қувватлаш;

Республика хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, унинг ҳудудий бўлинма (филиал)ларини сақлаш билан боғлик харажатларни қоплаш, фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларда ташкил этилган ўқув курсларининг мутахассисларига соатбай ҳақ тўлаш;

"Аёллар маслаҳат кенгашлари" ва маҳаллаларда фаолият юритаётган бошқа жамоатчилик тузилмалари аъзоларини рағбатлантириш чора-тадбирларини молиялаштириш;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, шу билан бирга, тезкор тиббий ёрдамга ёки жарроҳлик амалиётига муҳтож, кам таъминланган оила вакилларини (жинси ва ёшидан қатъи назар) даволатишга ва уларнинг соғлом ҳаётга қайтишига моддий кўмаклашиш;

олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектлари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили бир маротаба ҳар бирининг қиймати 50 миллион сўм бўлган лойиҳалар танловини ўтказиш;

янги иш бошлаётган касаначилар фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш учун хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида лидер касаначиларни жалб этган ҳолда ўқув курслари ташкил этиш;

Дирекцияни сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.


22. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш учун Қўмитага тақдим этилади.


23. Жамғармадан пул маблағлар тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда Васийлик кенгашининг қарори асосида ажратилади.

Харажатлар сметасида кўзда тутилмаган ёки Жамғармага юклатилган топшириқларни бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатлар учун маблағлар Васийлик кенгашининг қарори асосида сарфланади.


24. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ишлари даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.


25. Дирекция Жамғармага ажратилган маблағлардан фойдаланилиши ва кейинги ҳисобот даврида кутилаётган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига киритади.


26. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Жамғарманинг молия-хўжалик фаолияти Васийлик кенгашининг қарорига биноан Жамғарманинг йиллик фаолияти якунлари бўйича текширилади.


28. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.


29. Васийлик кенгашининг талабига кўра Дирекция томонидан Жамғарманинг молиявий фаолияти тўғрисидаги барча ҳужжатлар тақдим этилиши шарт.


30. Жамғарманинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари бўйича Васийлик кенгаши:

ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончли эканлигига баҳо беради;

бухгалтерия ҳисоби юритилиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиш тартиби бузилган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотни;

аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, шунингдек, Жамғарманинг молиявий фаолияти самарадорлигини оширишга оид таклифларни ўз ичига олган қарор қабул қилади.



6-БОБ. ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИСОБОТ


31. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда Васийлик кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва Дирекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.


32. Жамғарма бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритади, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловларни тўлайди.


33. Дирекция ҳар йил якуни бўйича Васийлик кенгашига Жамғарма фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


34. Жамғарманинг бухгалтерия баланси ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 мартига қадар Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Жамғарма қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.


36. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 ноябрь















































Время: 0.2310
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск