ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Наркологик ва психиатрия ёрдами /

Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.11.2022 й. 644-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 4 ноябрдаги

644-сон қарорига

1-ИЛОВА



Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки

ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга

тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлиб, мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотган ёки қаердалигини аниқ англаб етмайдиган шахсларни (алкоголь ва бошқа психоактив моддалардан оғир заҳарланиш (ҳушсиз, кома) ҳолатлари бундан мустасно) ички ишлар органлари ходимлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига етказиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлиб, мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотган ёки қаердалигини аниқ англаб етмайдиган шахслар (кейинги ўринларда - мастлик ҳолатидаги шахс) - психоактив моддалар таъсирида мастлик ҳолатидаги шахс;


наркологик касаллик (сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик) - психоактив моддаларга патологик ружу қўйиш, улардан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) ҳамда ижтимоий оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали касаллик;


психоактив моддалар - марказий асаб тизимига ўзига хос таъсир кўрсатадиган, мунтазам равишда истеъмол қилганда руҳан ва жисмонан қарамликни юзага келтириши мумкин бўлган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий кимёвий моддалар;


психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатини аниқлаш учун шахсларни тиббий текширувдан ўтказиш - шахсларда мастлик ҳолатини аниқлашга қаратилган тиббий кўрик усуллари ва тиббий текширувлар мажмуи.


3. Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиқлари буйруқлари билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли туманлараро тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил қилинади.


4. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида ички режим ҳамда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг қўриқлаш бўлинмалари ташкил этилади.


5. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиши шарт.


6. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига кўчаларда, майдонларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, автомобиль йўлларида, вокзалларда, аэропортларда ва бошқа жамоат жойларида (яшаш жойидан олиб бориш бундан мустасно) бўлган мастлик ҳолатидаги шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб бориш учун қуйидаги мезонлар асос бўлади:

шахснинг мақсадли ҳаракатлар содир этиш ёки ўзи мустақил ҳаракатланиш қобилиятининг йўқотганлиги (бирор жойда ётган ёки ўтирган ҳолати);

шахснинг уйқучанлиги, уйғотишнинг қийинлиги;

шахснинг тикка ҳолатда мустақил тура олмаслиги;

нутқининг ноаниқ, тушунарсиз, ўзаро боғлиқ бўлмаган узуқ-юлуқ алоҳида сўзлардан ташкил топиши (ғўлдираши);

саволларни яхши тушунмаслиги, ўзининг қаердалигини аниқ англаб етмаслиги.


7. Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

ПУНКТЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


8. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

мастлик ҳолатидаги шахсларни ҳушёр ҳолатга келтириш бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш;

мастлик ҳолатидаги шахсларни кеча-кундуз қабул қилиш ва рўйхатини юритиш;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига қабул қилинган шахсларни хавфсиз ва соғлиғига зиён етмайдиган шароитларда сақлаш;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган шахсларда бошқа йўналишдаги даволаш-профилактика муассасаларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни талаб этувчи ҳолатлар (жароҳатлар, куйиш, инсульт, ички аъзолар функцияларининг яққол декомпенсацияси ва б.) аниқланган тақдирда, уларни тегишли даволаш-профилактика муассасасига юбориш;

мастлик ҳолатидаги шахсларни ҳушёр ҳолатга келгандан сўнг тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларидан чиқариб юбориш;

мастлик ҳолатидаги шахс ҳушёр ҳолатга келгандан сўнг тиббий ёрдам кўрсатиш пунктидан чиқариб юбориш вақтида ундан вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган буюмларини қайтариш.



3-БОБ. МАСТЛИК ҲОЛАТИДАГИ ШАХСЛАРНИ

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ПУНКТЛАРИГА

ОЛИБ КЕЛИШ


9. Мастлик ҳолатидаги шахслар ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланади ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб борилади.

Бунда, ички ишлар ходими:

мастлик ҳолатидагиларнинг шахсини аниқлайди;

мастлик ҳолатидаги шахсларга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг, шунингдек уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи хавфнинг олдини олиш мақсадида уларга биринчи ёрдам кўрсатади;

зарурат туғилганда (мастлик ҳолатидаги шахснинг хушсизлиги, кома ҳолатидалиги, оғир тан жароҳати олганлиги ёки ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган бошқа ҳолатларда), улар аниқланган жойга зудлик билан тез тиббий ёрдам бригадасини чақиради;

тез ёрдам бригадасини келиш имкони бўлмаган тақдирда, юқорида кўрсатилган шахсларни тиббиёт муассасаларига ўз хизмат автомашиналарида етказиб боради, бу ҳақда ички ишлар ҳудудий органининг навбатчилик бўлимига хабар беради, навбатчининг кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қилади;

мастлик ҳолатида бўлган шахсларнинг шахсий мулки хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.


10. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари шароитида ёрдам кўрсатишга тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганда, мастлик ҳолатидаги шахсларни ушбу пунктларга ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат автомашиналарида етказади. Уларнинг соғлиғига зарар етказилишини истисно этувчи, ушбу шахсларнинг ёнида бўлган ашёлар, ҳужжатлар ва қимматли буюмларнинг сақланишини таъминлаш чораларини кўради.


11. Мастлик ҳолатидаги шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келишдан олдин ички ишлар органлари ходимлари уларда ўзига ёки бошқа фуқароларга тан жароҳатлари етказиши мумкин бўлган совуқ қурол, шунингдек қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган бошқа буюм (жисм)лар йўқлигига ишонч ҳосил қилишлари керак.

Мастлик ҳолатидаги шахснинг ёнида совуқ қурол, гиёҳванд моддалар ва муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган буюмлар (жисмлар) аниқланган тақдирда, ушбу буюм (жисм)лар ички ишлар органлари ходими томонидан олиб қўйилади ҳамда бутун тиббий ёрдам кўрсатиш даври давомида ушбу шахснинг зарур қўриқланишини таъминлайди.


12. Мастлик ҳолатидаги шахсга тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тегишли чоралар кўриш ва олиб қўйилган буюмлар (жисмлар) сақлаш, топшириш ёки йўқ қилиш масалаларини ҳал этиш учун ҳудудий туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)га топширилади.



4-БОБ. МАСТЛИК ҲОЛАТИДАГИ ШАХСЛАРНИ

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ПУНКТЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида ёрдам кўрсатиш учун тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлса, ушбу шахсни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига қабул қилиш тўғрисида навбатчи шифокор томонидан далолатнома тузилиб, тиббиёт ходими ва ички ишлар органи ходими томонидан имзоланади.


14. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсларнинг кийим-боши ва бошқа буюмлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан тиббиёт ходимлари ва холислар иштирокида текширилади.

Текшириш мобайнида мастлик ҳолатидаги шахсдан унинг ёнидаги буюмлари далолатнома билан расмийлаштирилади ва вақтинча сақлаш учун олиб қўйилади. Бунда, мазкур буюмлар ҳар бир шахс учун алоҳида ячейкаси бўлган, рақамланган ва қулфланадиган махсус жиҳозланган шкафда сақланади.


15. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган барча шахслар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки уни олиб келган ички ишлар органлари ходимларининг ёзма йўлланмаларида кўрсатилган маълумотларига кўра махсус тикилган, рақамланган, тиббиёт муассасаси раҳбари имзоси ва ташкилот муҳри босилган дафтарда қайд этилади.


16. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган шахс олиб келинганда, кўрик далолатномасида унинг алоҳида белгилари (чандиқлари, татиуровкалари, туғма доғлари ва бошқа) синчиклаб қайд қилинади.

Ички ишлар органлари ходимлари шахсни ташқи қиёфасини тузишда тиббиёт ходимларига ёрдам беради.


17. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган шахслар ушбу пунктларнинг хоналарига жойлаштирилади. Бунда эркаклар аёллардан, вояга етмаганлар эса вояга етганлардан алоҳида сақланади.


18. Навбатчи тиббий ходимлар ички ишлар органлари ходимлари билан биргаликда олиб келинган шахснинг қариндошларига дарҳол хабар бериш чораларини кўради.


19. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.


20. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида тегишли ички ишлар органлари, даволаш-профилактика муассасалари ходимлари билан алоқани йўлга қўйиш ҳамда олиб келинган шахсларнинг қариндошларига хабар бериш учун телефон аппарати ўрнатилади.



5-БОБ. МАСТЛИК ҲОЛАТИДАГИ ШАХСЛАРГА

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ПУНКТЛАРИДА

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ


21. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсларга тиббий ёрдам нарколог-шифокорлар ёки махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимлари томонидан кўрсатилади.


22. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахслар тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларининг шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.


23. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари врачлари томонидан тузиладиган мастлик ҳолатидаги шахсларнинг соғлиғи ҳолатини текшириш натижалари далолатномасида қайд этилади ва ушбу далолатнома қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланади.


24. Тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида олиб келинган шахсда бош мия жароҳатлари ёки бошқа оғир тан жароҳатлари, шунингдек яққол аён бўлган оғир ҳолатлар аниқланганда, тиббий ёрдам кўрсатиш пункти жойлашган муассасада тўлиқ ҳажмда тиббий ёрдам кўрсатиш имкони бўлмаса, навбатчи шифокор томонидан ёрдам кўрсатиш ҳажми ёки бошқа даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш масаласи ҳал қилинади.


25. Тиббий ёрдамнинг кўрсатилиш ҳажми олиб келинган шахснинг аҳволидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш стандартлари ва протоколларига мувофиқ амалга оширилади.


26. Мастлик ҳолатидаги шахс тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида 12 соатгача бўлганда далолатнома, 12 соатдан кўп вақт бўлганда ва тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳолларда - касаллик тарихи расмийлаштирилади. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида қўлланилиши зарур бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сарфланишини ҳисобга олиш белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛГАН ШАХСЛАРНИ

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ПУНКТИДАН ЧИҚАРИШ


27. Мастлик ҳолатидаги шахс тиббий ёрдам кўрсатилганидан ва ҳушёр ҳолатга келтирилганидан сўнг шифокор уни такроран тиббий кўрикдан ўтказади ва чиқариш мумкинлиги тўғрисида хулосани беради. Бунда, мастлик ҳолатидаги шахсни ҳушёр ҳолатга келтириш муддати 3 соатдан кам бўлмаслиги керак.


28. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсларни сутканинг тунги вақтида, яъни соат 23.00 дан 06.00 га қадар ёки йилнинг совуқ даврида чиқариб юбориш, уларнинг қариндошлари кузатуви остида амалга оширилади.


29. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсга чиқариб юбориш давомида баённомага ёки касаллик тарихига имзо қўйдирган ҳолда олиб қўйилган ҳужжатлар, пуллар ва бошқа буюмлари қайтариб берилади.



7-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

ПУНКТЛАРИГА ОЛИБ КЕЛИНГАН МАСТЛИК

ҲОЛАТИДАГИ ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


30. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахслар:

шахсий хавфсизлиги таъминланган ва соғлиғига зиён етмайдиган шароитларда сақланишга, тегишли тиббий ёрдам олишга;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинганлиги тўғрисида қариндошлари ёки бошқа шахсларга хабар беришга;

ижтимоий-маиший шарт-шароитларга эга бўлиш ва қонунчиликда тақиқланмаган предмет ва буюмлардан фойдаланишга ҳақли.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Мастлик ҳолатидаги шахслар тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида белгиланган тартибга риоя қилиши шарт.



8-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ПУНКТЛАРИ

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тиббиёт ходимлари:

тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ҳудудида турган бошқа шахслардан тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ходимларининг хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни талаб қилиш, уларни бартараф этиш ва бу ҳақида дарҳол ички ишлар органларига мурожаат этишга;

ички ишлар органлари ходимлари томонидан мастлик ҳолатидаги шахслардан тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида сақлаш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб қўйилишида иштирок этишга ҳақли.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тиббиёт ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


32. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тиббиёт ходимлари:

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиши;

ўз ишини бажаришда тиббий этика ва деонтологияга амал қилиши;

ўзининг малакаси, лавозим йўриқномалари ва мажбуриятларига мувофиқ мастлик ҳолатидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиши;

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни қабул қилиш вақтида, уларда тан жароҳатлари аниқланган тақдирда, дарҳол ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига хабар бериши;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш стандартлари ва протоколларига амал қилиши;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахс ҳушёр ҳолатга келганидан сўнг уни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктидан чиқариб юбориши шарт.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тиббиёт ходимлари ўз зиммасига қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


33. Тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида тиббиёт ходимлари соғлиғига зарар етказилиб, бу унинг меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотилишига сабаб бўлган тақдирда, шунингдек ногиронлик юз берганда ушбу шахсга, у вафот этган тақдирда эса унинг қонуний вакилига етказилган зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



9-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ПУНКТЛАРИДА

ЎЗБЕКИСТОИ РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ

ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ НАРЯДЛАРИНИНГ

ВАЗИФА ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


34. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бўлинмалари нарядлари:

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига қабул қилиш учун тиббиёт ходимлари кўрикдан ўтказаётган ва тиббий ёрдам кўрсатаётган вақтда жамоат тартибини таъминлайди;

мастлик ҳолатида бўлган шахслар томонидан агрессив хатти-ҳаракатлар билан қонунбузарлик ҳаракатлари содир этилган тақдирда, тегишли чоралар кўради;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида ички, рухсат бериш режимларини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўради;

қўриқланаётган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шарт-шароитлари, муҳандислик-техник воситалар ҳолатини текширади;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жисмоний куч ишлатиш, ўқотар қурол ва махсус воситаларидан фойдаланиш чораларини кўради;

қўриқланаётган объект маъмуриятига, мансабдор шахсига объектни муҳандислик-техник мустаҳкамлигини таъминлаш, сигнализация тизимлари ва видеокузатув билан жиҳозлаш бўйича тақдимнома киритади;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларидан мол-мулк, моддий бойликлар ва турли юкларни ноқонуний олиб чиқишга ёки олиб киришга уринаётган шахсларни ушлайди;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўради, зарур ҳолларда эса тегишли қарор қабул қилиш учун уларни ҳудудий ички ишлар органларига топширади;

мастлик ҳолатидаги шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилади, ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни қўллайди.


35. Қўриқлаш бўлинмалари нарядлари:

хизматни ўташ жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириши;

қўриқланаётган объектда жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларининг сақланишини таъминлаши;

қўриқланаётган объектда ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, уларни содир этишга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриши шарт.

Қўриқлаш бўлинмалари нарядлари зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



10-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

ПУНКТЛАРИНИ БОШҚАРИШ


36. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига умумий раҳбарлик, улар ташкил этилган туман (шаҳар) тиббиёт муассасаларининг бош шифокори томонидан, пунктларга бевосита раҳбарлик эса ушбу пунктларда жорий этилган бўлим мудирлари томонидан амалга оширилади.


37. Бўлим мудири ўз ваколатлари доирасида:

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига бевосита раҳбарлик қилади;

тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш пункти зиммасига юклатилган вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ходимлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, улар зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида сақланаётган шахсларнинг кун тартибини тасдиқлайди;

тиббий ёрдам кўрсатиш пунктининг иш режаларини тасдиқлайди;

тиббий ёрдам кўрсатиш пункти тиббиёт ходимлари учун мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, бошқа лавозимга ўтказиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва уларга интизомий жазоларни қўллаш ҳақидаги таклифларни тегишли даволаш-профилактика муассасасининг бош шифокорига белгиланган тартибда тақдим этади.

Бўлим мудири қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Тиббий ёрдам пунктларида мастлик ҳолатидаги шахслар учун ишлатилган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шунингдек тиббий ҳужжатлар ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Ушбу Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан

ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган

шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддати



1-босқич

Ички ишлар органлари ходимлари


Кўчаларда, майдонларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, автомобиль йўлларида, вокзалларда, аэропортларда ва бошқа жамоат жойларида мастлик ҳолатидаги шахсларни аниқлайди ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб боради.


Мастлик ҳолатидаги шахс аниқланиши билан









2-босқич

Тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ходимлари ва ички ишлар органлари ходимлари


1. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига қабул қилиш тўғрисида навбатчи шифокор томонидан далолатнома тузилиб, тиббиёт ходими ва ички ишлар органи ходими томонидан имзоланади.


2. Мастлик ҳолатидаги шахсни махсус дафтарда қайд этади ва хонага жойлаштиради.


3. Мастлик ҳолатидаги шахснинг қариндошларига бу ҳақида дарҳол хабар бериш чораларини кўради.


Мастлик ҳолатидаги шахс олиб келинган вақтдан бошлаб









3-босқич

Тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ходимлари


1. Мастлик ҳолатидаги шахсни тиббий кўрикдан ўтказади ва мастлик ҳолатидаги шахсларнинг соғлиғи ҳолатини текшириш натижалари далолатномасини расмийлаштиради.


2. Мастлик ҳолатидаги шахс тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида 12 соатгача бўлганда далолатнома, 12 соатдан кўп вақт бўлганда ва тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳолларда - касаллик тарихи расмийлаштирилади.


Мастлик ҳолатидаги шахс тиббиёт пункти хонасига жойлаштирилган вақтдан бошлаб









4-босқич

Тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ходимлари


Мастлик ҳолатидаги шахс тиббий ёрдам кўрсатилганидан ва хушёр ҳолатга келтирилганидан сўнг шифокор уни такроран тиббий кўрикдан ўтказади ва чиқариш мумкинлиги тўғрисида хулосани беради.

Бунда, мастлик ҳолатидаги шахсни хушёр ҳолатга келтириш муддати 3 соатдан кам бўлмаслиги керак.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсларни сутканинг тунги вақтида, яъни соат 23.00 дан 06.00 га қадар ёки йилнинг совуқ даврида чиқариб юбориш, уларнинг қариндошлари кузатуви остида амалга оширилади.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсга чиқариб юбориш давомида баённомага ёки касаллик тарихига имзо қўйдирган ҳолда олиб кўйилган ҳужжатлар, пуллар ва бошқа буюмлари қайтариб берилади.


Мастлик ҳолатидаги шахс тўлиқ ўзига келганда



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 ноябрь







































Время: 0.0084
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск