ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Юридик шахслар тўғрисидаги умумий қоидалар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.11.2022 й. ПҚ-415-сон "Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.11.2022 й.

N ПҚ-415



КОРПОРАТИВ МУНОСАБАТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ

АСОСЛАРИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим турларини тугатиш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида:


1. 2022 йил 1 декабрдан бошлаб тижорат ташкилотлари фаолиятига оид қуйидаги талаблар бекор қилинсин:

а) қуйидаги ташкилотларга нисбатан ички аудит хизматларини ташкил этиш:

масъулияти чекланган жамиятлар, бундан активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган масъулияти чекланган жамият, шунингдек, кредит ташкилоти мустасно;

активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баробаридан кам бўлган, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари;

б) масъулияти чекланган жамиятнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;

в) масъулияти чекланган жамиятнинг юридик шахс ҳисобланган иштирокчилари вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тартибда тасдиқлаш;

г) масъулияти чекланган жамиятда захира жамғармаси ташкил этилганда, унинг миқдорини устав фондининг (устав капиталининг) камида 15 фоизи этиб белгилаш.


2. Белгилансинки, 2023 йил 1 мартдан бошлаб унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклида юридик шахс ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Адлия вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 мартга қадар амалда фаолият юритиб келаётган унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш жараёнларини 2025 йил 1 январга қадар якунлашни назарда тутувчи ташкилий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.


3. Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг қимматли қоғозлар эмитентлари томонидан ахборот ва ҳисоботларни ошкор этиш талабини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки 2023 йил 1 октябрдан бошлаб:

қимматли қоғозлар фонд биржасининг листингига киритилган хўжалик жамиятлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор этиладиган ахборот ва ҳисоботлар билан бир қаторда пул маблағларининг ҳаракати ҳамда акциялар чиқаришнинг бир қисми бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор этади;

қимматли қоғозлар фонд биржасининг листингига киритилмаган хўжалик жамиятлари рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган муҳим фактларни мажбурий тартибда ошкор этмайди, бундан тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари, шунингдек, уларнинг таркибидаги акциядорлик жамиятлари мустасно.


4. Хўжалик жамиятларининг иштирокчиси (акциядори) ва кредиторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

масъулияти чекланган жамият устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан кўп бўлган пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;

юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;

хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор қилинади.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 мартдан бошлаб қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайти орқали қуйидаги фактлар тўғрисидаги ахборотни улар юз берган санадан икки иш куни ичида эълон қилади:

қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш;

қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш, хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.


6. Белгилансинки:

а) 2023 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик жамиятининг филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилганлиги ва унинг устав фонди (устав капитали) шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилинади.

Бунда, мазкур маълумотлар масъул вазирлик ва идоралар томонидан "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига киритиб борилади;

б) фонд биржасида қимматли қоғозлар билан савдоларни амалга ошириш қоидаларига киритиладиган биржа аъзоларига ва листинг компанияларига таъсир қилувчи муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар улар тасдиқланишидан камида ўн беш кун олдин фонд биржаси сайтида муҳокамага қўйилади;

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлиси ва иштирокчилари (акциядорлари) умумий йиғилиши баёнлари улар расмийлаштирилгандан сўнг ўн кун муддатда Давлат активларини бошқариш агентлигининг "Давлат мулки" ахборот тизимида жойлаштирилади.


7. Олий суд Адлия вазирлиги ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан биргаликда:

корпоратив низоларни кўриш натижалари бўйича суд қарорларини эгасизлантирган ҳолда Олий суднинг расмий веб-сайти, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва ижтимоий тармоқларда ҳар ойда жойлаштириб борсин;

корпоратив муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ҳамда уларни ҳал этиш амалиёти бўйича судьялар ва хўжалик жамиятлари вакиллари иштирокида ҳар чоракда семинар ва давра суҳбатларини ташкил этсин.


8. Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


9. Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда:

2023 йил 1 июлга қадар илғор хорижий тажриба асосида "Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

янгича корпоратив бошқарув механизмларини, шу жумладан корпоратив шартномалар ва консорциум шартномаларини амалиётга кенг жорий этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириб борсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                      Ш. Мирзиёев

         

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 8 ноябрдаги

ПҚ-415-сон қарорига

ИЛОВА



Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий

асосларини янада такомиллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

           

Т/р

        

Чора-тадбирлар номи

        

Амалга ошириш

шакли

        

Ижро муддати

     

Масъул ижрочилар

     

1.

Қуйидаги мажбурий талабларни бекор қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш:

а) қуйидаги ташкилотларга нисбатан ички аудит хизматларини ташкил этиш:

масъулияти чекланган жамият, бундан активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган масъулияти чекланган жамият, шунингдек, кредит ташкилоти мустасно;

активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баробаридан кам бўлган, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамияти ва давлат унитар корхонаси;

б) масъулияти чекланган жамиятнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;

в) масъулияти чекланган жамиятнинг юридик шахс ҳисобланган иштирокчилари вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тартибда тасдиқлаш;

г) масъулияти чекланган жамиятда захира жамғармаси ташкил этилганда, унинг миқдорини устав фондининг (устав капиталининг) камида 15 фоизи этиб белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатлар

лойиҳалари

2023 йил

январь

Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги


2.

Фонд биржасининг листингига киритилган ва киритилмаган хўжалик жамиятлари учун ҳисобот ва ахборотни ошкор этиш талабини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатлар

лойиҳалари

2023 йил

июль

Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги


3.

Унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклларини босқичма-босқич юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ўзгартириш чораларини кўриш.


Чора-тадбирлар

2023 йил

февраль

Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги


4.

Хўжалик жамиятларининг филиаллари, ваколатхоналари ва унинг устав капитали шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб бориш чораларини кўриш.


Чора-тадбирлар

2023 йил

январь

Ахборот технологиялари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Олий суд


5.

Хўжалик жамиятлари иштирокчиларининг корпоратив шартнома тузиш ҳуқуқини ва ҳуқуқий асосларини белгилаш.


Амалий чора-

тадбирлар, норматив

ҳуқуқий ҳужжатлар

лойиҳалари


2023 йил

февраль

Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги


6.

Юридик шахсларнинг ягона таъсисчиси, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор вафот этгандан сўнг мерос мулкидан фойдаланиш, унга эгалик қилиш ва уни тасарруф этишга оид муносабатларни такомиллаштириш. Лойиҳада, жумладан, қуйидагилар назарда тутилади:

мерос мулкини ишончли бошқарувга бериш;

мулкдорнинг вафоти муносабати билан тадбиркорлик фаолияти тўхтаб қолмаслигини таъминлаш механизмлари.


Қонун лойиҳаси

2023 йил

март

Адлия вазирлиги, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси


8.

Хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгаши ҳамда мажоритар акциядорларининг (иштирокчиларининг) фидуциар мажбуриятлари ва улар бўйича жавобгарлигини аниқлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

декабрь

Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги


9.

Тижорат ташкилотлари томонидан консорциум шартномасига мувофиқ вақтинчалик бирлашма тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш.

Бунда:

консорциум шартномаси фақат тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахслар ўртасида аниқ бир тижорат фаолиятини амалга ошириш ва иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш учун тузилиши;

консорциум ўз мақсадига ресурсларни бирлаштириш ва муайян ҳаракатларни биргаликда бажариш орқали эришиши;

консорциум иштирокчилари унинг фаолияти билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича солидар жавобгар бўлиши;

вақтинчалик бирлашма юридик шахс ҳисобланмаслиги назарда тутилади.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

февраль

Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси

10.

Акциядорлик жамиятларининг миноритар акциядорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатини танлов асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари ёки бошқа юридик шахсларга бериш бўйича таклифлар киритиш. Бунда, мазкур ташкилотларга халқаро молия институтлари ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратиш назарда тутилади.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2025 йил

декабрь

Молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги


12.

"Шерикчилик тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, вазирлик ва идоралар билан келишиш ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Қонун лойиҳаси

2025 йил

декабрь

Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


13.

Қонунчиликка қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш:

жамият устав фондини жалб қилинган инвестициялар ҳисобига кўпайтириш тўғрисида қарорни акциядорлар умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози ёки жамият кузатув кенгаши мажлисида иштирок этаётган аъзолар томонидан бир овоздан қабул қилиш;

хўжалик жамиятларида кузатув кенгаши аъзолари сонини тоқ этиб белгилаш;

акциядорлик жамиятлари устав фондини (устав капиталини) ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан кўпайтиришда қўшимча акциялар олиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар реестрини ёпиш санасини акциялар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ўттизинчи кун деб ҳисоблаш ва мазкур санани икки иш куни ичида эълон қилиш;

жамиятнинг устав капиталини ўз капитали ҳисобидан кўпайтиришда қўшимча акцияларни фақат оддий акция эгалари ўртасида тақсимлаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

июнь

Молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги


14.

Қуйидагиларни назарда тутувчи "Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

юридик шахснинг қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклини бекор қилиш;

бошқарув органларининг фаолият юритиш механизмларини такомиллаштириш;

ижро этувчи органларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш;

"кворум", "малакали кўпчилик овоз" ва бошқа тушунчаларни киритиш.


Қонун лойиҳаси

2023 йил

июль

Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги,

Савдо-саноат палатаси


15.

Корпоратив низоларни кўриш натижалари бўйича суд қарорларини эгасизлантирган ҳолда Олий суднинг расмий веб-сайти, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва ижтимоий тармоқларда ҳар ойда жойлаштириб бориш.


Чора-тадбирлар

Доимий

равишда

Олий суд, Адлия вазирлиги,

Молия вазирлиги


        

Изоҳ. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш предметидан келиб чиқиб, ижро муддатидан қатъи назар ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 9 ноябрь


























































Время: 0.2004
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск