ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / ОИТС, жинсий ва юқумли касалликларни даволаш ва олдини олиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.11.2022 й. 657-сон "Онкогематологик, онкологик, бирламчи иммунодефицит ва даволаш қийин бўлган ҳамда қон тизими касалликларини даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.11.2022 й.

N 657




ОНКОГЕМАТОЛОГИК, ОНКОЛОГИК,

БИРЛАМЧИ ИММУНОДЕФИЦИТ ВА ДАВОЛАШ ҚИЙИН

БЎЛГАН ҲАМДА ҚОН ТИЗИМИ КАСАЛЛИКЛАРИНИ

ДАВОЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

         

        

Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни тиббий-жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш, аҳоли орасида гематологик, онкогематологик скрининг дастурларини жорий қилиш, ушбу касалликларга чалинган беморларга қўшимча қулайликлар ва шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарорига мувофиқ:

2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилганлиги;

илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти йўлга қўйилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 17 майдаги ПФ-136-сон Фармонига мувофиқ Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан 10 фоиз этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида (кейинги ўринларда - марказлар) даволанаётган ҳар бир беморнинг касаллик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, уларни даволаш режаси бўйича ҳар бир марказ учун алоҳида "йўл харита"ларини;

туман (шаҳар)лар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар марказларида оммавий скрининг усулида онкогематологик, онкологик ва бирламчи иммунодефицит ҳамда қон тизими касалликларини эрта аниқлаш бўйича мақсадли текширувлар ўтказиш тартиби, мезонлари ва беморларни соҳа мутахассисларига йўналтириш тартибини тасдиқласин;

б) бир ой муддатда марказлар мутахассисларининг илмий ва амалий салоҳиятини инобатга олган холда уларнинг илғор хорижий тиббиёт муассасаларига малака оширишга юборилишини ташкил этсин;

в) икки ой муддатда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда:

илғор хорижий давлатлар тажрибаси, хусусан Германия стандартлари асосида ҳар икки йилда гематология, онкогематология йўналишларида ташхислаш ва даволаш стандартларини ҳамда клиник баённомаларини қайта кўриб чиқиб, тасдиқласин;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари учун онкогематологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича мақсадли саволномаларни тасдиқласин;

онкогематологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш учун мақсадли саволномаларни тадбиқ қилиш мақсадида малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил қилсин ҳамда ҳудудларга ташриф буюрган ҳолда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига етказсин;

г) 2023 йил 1 январга қадар:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда илғор хорижий тажрибани батафсил ўрганган ҳолда, республикада болалар онкогематологияси мутахассислиги бўйича алоҳида кадрларни тайёрлаш (қайта тайёрлаш) амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

АҚШ, Беларусь, Германия, Жанубий Корея, Туркия ва Россия каби давлатларнинг нуфузли клиника ва марказлари мутахассисларининг узоқ муддатга илмий изланишларга, даволаш ва таълим бериш учун марказларга жалб этилишини таъминласин;

д) 2023 йилдан бошлаб тиббиёт техникум ва коллежларида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари орасидан иқтидорли ва салоҳиятли, онкогематология йўналишида фаолиятини давом эттиришга иштиёқи бўлган талабаларни саралаб олиш ва амалиёт ўташга жалб этиш тизимини жорий этсин, марказларда тиббиёт техникум ва коллежларининг клиник базасини ташкил этишга шарт-шароитлар яратсин.


4. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

онкологик ва онкогематологик касалликларнинг сабаб ва оқибатлари ҳамда уларни эрта аниқлаш масалалари, скрининг тадбирларининг долзарблиги тўғрисидаги маълумотларни аҳолининг барча қатламларига содда ва халқчил тилда, шу жумладан видеороликлар кўринишида оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда етказиш чоралари кўрилишини;

ҳар ойда бир марта гематология ҳамда онкология йўналишидаги тиббиёт ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали онкогематологик касалликлар сабаб ва оқибатлари ҳамда уларни даволаш бўйича яратилаётган имкониятлар тўғрисида аҳолига мурожаат қилиш тизими жорий қилинишни таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг лейкоз, миелома, лимфома, апластик ва туғма гемолитик анемия касалликларига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётини ўтказиш учун мўлжалланган асептик шароитга эга қўшимча иккита беш қаватли биноларни (кейинги ўринларда - объект) марказлар ҳудудида қуриш ҳамда тугалланмаган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини якунлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Объект қурилиши ҳамда тугалланмаган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 февралдаги ПҚ-4592-сон қарори билан ташкил этилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилсин.

Бунда, объект бўйича бош лойиҳа ташкилоти ва бош пудрат ташкилоти буюртмачи томонидан махсус ахборот порталида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштирган ҳолда, қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибига асосан белгилансин.

Объектни жиҳозлаш ишлари амалдаги жиҳозлаш меъёрлари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тасдиқланган жиҳозларнинг техник параметрларига мувофиқ равишда амалга оширилади.


6. Қурилиш вазирлиги объект бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши ҳамда қурилиш-монтаж ишлари шаҳарсозлик фаолиятида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши юзасидан назорат ўрнатсин.


7. Марказларда даволанаётган беморларнинг яқинлари учун 200 ўринли хостел учун ер майдони ажратиш ҳамда уни қуриш ишларини 2023 йил 1 апрелгача якунлаб фойдаланишга топшириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокими раҳбарлигида махсус штаб ташкил этилсин.

Қуйидагилар махсус штабнинг вазифалари этиб белгилансин:

хостел қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур ер майдонини ажратиш, қурилаётган ҳудудда бузиладиган, бошқа жойга кўчириладиган ёки реконструкция қилинадиган бинолар юзасидан аҳолининг қонуний талаблари бажарилишини таъминлаш;

бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган тартибда сифатли тайёрланишини таъминлаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини назорат қилиш;

хостел қурилиш ишлари юзасидан тизимли техник назорат амалга оширилишини таъминлаш, қурилиш жараёнида камчиликлар ва нуқсонлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш юзасидан чораларни кўриш;

хостел белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини назорат қилиш.

Белгилансинки, хостел қурилиши ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказлар ва ҳудудлардаги болалар онкогематологияси бўлимларини қўшимча замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш учун халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2021 йил 8 апрелдаги 193-сон қарорига иловага мувофиқ ўзрартиришлар киритилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.

        

        

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов

     

      




Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 15 ноябрдаги

657-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг

"Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган

касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга

кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш

ҳақида" 2021 йил 8 апрелдаги 193-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар

           

1. 1-банднинг "в" кичик банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, уларга асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олишда".


2. Илованинг 5-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, уларга асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олиш;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилиш;".

        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 ноябрь






















































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск