ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Ном бериш / Эсдалик ва кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.11.2022 й. ПҚ-422-сон "Тўмарис" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.11.2022 й.

N ПҚ-422



"ТЎМАРИС" КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

        

       

Қадимдан аёл оилани, жамиятни жипслаштириш, фарзанд дунёга келтириш, жамият, давлат ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатиш, оналик ва болалик муҳофазасига масъул бўлиш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш тимсоли сифатида улуғланади.

Миллий армиямизнинг нуфузи ва жанговар қудрати юксалишида эркак ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда елкама-елка хизмат қилаётган аёл ҳарбий хизматчиларнинг меҳнати беқиёсдир. Сўнгги йилларда уларнинг халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари, кундалик ҳаётимизда кўрсатаётган ташаббуслари, жисмоний тайёргарликлари ва лавозим мажбуриятларини мукаммал даражада ўзлаштирганликлари бунинг ёрқин далилидир.

"Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қудратини юксалтириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, ёшларимизни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган буюк аждодларимизнинг издошлари бўлган аёл ҳарбий хизматчиларни, ходимларни, ишчи ва хизматчиларни муносиб рағбатлантириш ҳамда маънавий қўллаб- қувватлаш мақсадида:


1. "Тўмарис" кўкрак нишони таъсис этилсин.


2. Қуйидагилар:

"Тўмарис" кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

"Тўмарис" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2- ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг "Давлат белгиси" давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, ҳарбий хизматни ўташ назарда тутилган бошқа вазирликлар ва идораларнинг буюртмаларига асосан "Тўмарис" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.


4. Белгилансинки, "Тўмарис" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, ҳарбий хизматни ўташ назарда тутилган бошқа вазирлик ва идораларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.

       

     

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев

       

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 15 ноябрдаги

ПҚ-422-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Тўмарис" кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ

       

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

1. Ушбу Низом "Тўмарис" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, ҳарбий хизматни ўташ назарда тутилган бошқа вазирликлар ва идораларда (кейинги ўринларда - вазирлик ва идоралар) хизмат фаолиятини амалга ошираётган, мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий-ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда кўрсатган матонати, шунингдек, спорт, адабиёт, маданият, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган аёл ҳарбий хизматчилар, ходимлар, ишчи ва хизматчилар тақдирланадилар.


3. Кўкрак нишонига номзодларни тақдим этиш, ўрганиш ва тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ белгиланади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Ҳарбий қисмлар (муассасалар), шу жумладан, марказга бўйсунувчи ҳарбий қисмлар (муассасалар) командирлари (бошлиқлари) томонидан ҳар йили 1 ноябрга қадар ҳарбий округларга (бирлашмаларга, бошқармаларга) кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсияномалар киритилади.


5. Тавсияномага қуйидаги ҳужжатлар қоғоз ва электрон кўринишда илова қилинади:

тақдирлашга тақдим этилаётган номзодлар рўйхати;

маълумотнома-объективка;

номзоднинг фаолияти давомида мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини барпо этишга қўшган салмоқли ҳиссаси, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий-ватанпарварлик бурчига садоқати, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда кўрсатган матонати, шунингдек, таълим, фан, маданият ва спорт соҳаларида республика ва халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари ва бошқа амалга оширган ишлари бўйича батафсил ҳисобот.


6. Ҳарбий округларда (бирлашмаларда, бошқармаларда) кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия қилинган номзодларни кўриб чиқиш бўйича қуйидаги таркибда комиссия тузилади:

комиссия раиси - ҳарбий округ (бирлашма, бошқарма) қўмондонининг (бошлиғининг) тарбиявий ва мафкуравий ишларга бевосита жавобгар бўлган ўринбосари;

комиссия аъзолари - ҳарбий округ (бирлашма, бошқарма) бошқарув аппарати бошқарма, бўлим ва хизматларининг малакали мутахассислари (6 нафар).

Комиссия ўз йиғилишида номзодларга оид ҳужжатларни ўрганиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулосани баённома шаклида расмийлаштиради.

Тақдирлашга муносиб деб топилган номзодлар бўйича ҳужжатлар баённома билан биргаликда ҳар йили 25 ноябрга қадар тегишли вазирлик ва идоранинг марказий аппаратига юборилади.


7. Вазирлик ва идораларда қуйидаги таркибда кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия қилинган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилади:

комиссия раиси - вазирлик ва идоралар раҳбарининг жанговар тайёргарликка бевосита жавобгар бўлган ўринбосари;

комиссия аъзолари - вазирликлар ва идоралар марказий аппарати бош бошқарма, бошқарма, бўлим ва хизматларининг малакали мутахассислари (10 нафар).

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 25 декабрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқарилади ва хулоса баённома шаклида расмийлаштирилиб, тасдиқланади.


8. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш ва номзодларни саралаш мезонлари ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган талаблар асосида вазирлик ва идораларнинг ички идоравий ҳужжатлари билан белгиланади.


9. Комиссия хулосаси асосида ҳар йили 10 январга қадар номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашга оид вазирлик ва идоралар раҳбарларининг буйруғи қабул қилинади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН

ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ


10. Кўкрак нишони вазирлик ва идоралар раҳбарлари (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида тантанали равишда топширилади.


11. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.


12. Кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.


13. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


14. Номзод кўкрак нишони билан вафотидан кейин тақдирланганда, кўкрак нишони ва пул мукофоти унинг оиласига топширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларга оид ҳужжатларнинг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

          

             




Низомга

ИЛОВА



"Тўмарис" кўкрак нишонига номзодларни

тақдим этиш, ўрганиш ва тақдирлаш

СХЕМАСИ

          


Босқичлар

Субъектлар


  

Тадбирлар

  


Бажариш муддатлари







1-босқич

  

Ҳарбий қисмлар (муассасалар), шу жумладан марказга бўйсунувчи ҳарбий қисмлар (муассасалар) командирлари (бошлиқлари)

  


Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида ҳарбий округларга (бирлашмаларга, бошқармаларга) тавсиянома киритади.


Ҳар йили 1 ноябрга қадар









2-босқич

Ҳарбий округлардаги (бирлашмалардаги, бошқармалардаги) кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия қилинган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси


  

1. Тавсияномаларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқади.


2. Тақдирлашга муносиб деб топилган номзодлар бўйича ҳужжатларни баённома билан расмийлаштиради.



1-2. Ҳар йили 20 ноябрга қадар



3. Тақдирлашга муносиб деб топилган номзодлар бўйича ҳужжатларни баённома билан биргаликда тегишли вазирлик ва идоранинг марказий аппаратига тақдим этади.

  


3. Ҳар йили 25 ноябрга қадар







3-босқич

Вазирлик ва идораларнинг кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия қилинган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси


  

Номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб, энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилади, баённома билан расмийлаштиради ва тасдиқлайди.

  


Ҳар йили 25 декабрга қадар









4-босқич

  

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари

  


Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ қабул қилади.


Ҳар йили 10 январга қадар









5-босқич

  

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар

  


"Тўмарис" кўкрак нишони билан тақдирлайди.


14 январь - Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида



        

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 15 ноябрдаги

ПҚ-422-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Тўмарис" кўкрак нишони

ТАВСИФИ

          

"Тўмарис" кўкрак нишони 0,25 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира кўринишида бўлади.

Нишоннинг олд томонида марказида шон-шуҳрат ва қаҳрамонлик рамзини ифодаловчи камон ва ўқ тутган жангчи Тўмарис тасвирланган.

Тўмарис маликасининг орқа фонида буюк давлатчиликни тимсоли сифатида тарихий обида акс эттирилган.

Доиранинг ички айланаси абадий ҳаёт тимсолида миллий нақш билан безатилган.

Бутун тасвир атрофида оқ рангли эмал фонида айлана бўйлаб "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI QUROLLI KUCHLARI сўзлари бойлик, қудрат рамзи бўлган тилла рангда ёзилган, унинг пастки қисмига тасмада "TO`MARIS" ёзуви туширилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр.

Айлананинг четлари ҳар икки томондан 1 миллиметр қалинликдаги тилла рангдаги қабариқ ҳошия билан ўралган.

Кўкрак нишонининг орқа томонида диаметри 24,5 миллиметрли Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.

Кўкрак нишони уч хил рангдаги йўллари бўлган шойи мато билан сирилган беш қиррали қадағичга (колодка)га илмоқча ва ҳалқача ёрдамида уланади. Мато 7 миллиметрли яшил (ҳаётнинг уйғониши, янгиланиш тимсоли), қизил (ҳаракат, танадаги жўшиб турган қон, ҳайрат рамзи) ва кўк (донишмандлик, оқиллик тимсоли) ранглардан иборат. Уларнинг орасида эни 2 миллиметрли иккита сариқ (муқаддаслик, зиё, қалб гўзаллиги, бойлик, омад, ёруғлик) йўллар жойлашган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.



"Тўлларис" кўкрак нишони

             

                                    Олд томони

                              Орқа томони

             

             

         

        

           

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 15 ноябрдаги

ПҚ-422-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Тўмарис" кўкрак нишони гувоҳномасининг

ТАВСИФИ

             

"Тўмарис" кўкрак нишони гувоҳномаси 170x120 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 250 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғозидан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) тўқ яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 15 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 8 миллиметрли икки қаторда "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI QUROLLI KUCHLARI" сўзлари туширилган ва ушбу сўзларнинг пастида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби жойлашган. Ундан 10 миллиметр пастда "TO`MARIS" сўзи (катта ҳарфларда "Times New Roman" шрифти, 12 кегль) ва ундан 15 миллиметр пастда эса "ko`krak nishoni" сўзлари ("Times New Roman" шрифти, 12 кегль) ёзилган. Ундан 3 миллиметр пастда "GUVOHNOMASI" сўзи (катта ҳарфларда, "Times New Roman" шрифти, 20 кегль) ёзилган.

Ёзувлар ёрқин кўк рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) "Тангир" тасвири туширилган оч яшил рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Гувоҳноманинг ички томони чап қисмининг (иккинчи бети) марказида кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 10 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 10 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Сўнгги чизиқдан 10 миллиметр пастда "O`zbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil "___"_____________dagi Qaroriga binoan ta`sis etilgan" сўзлари ("Times New Roman" шрифти, 12 кегль), ундан 8 миллиметр пастда "Т О` М A R I S" сўзи (катта ҳарфларда "Times New Roman", 12 кегль), кейинги қаторда 3 миллиметр пастда эса "ko`krak nishoni bilan taqdirlandi" сўзлари ("Times New Roman" шрифти, 12 кегль) ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 20 миллиметр пастда чап томонда "Vazir" ("Times New Roman" шрифти, 12 кегль) сўзи ёзилган.

         

        

"Тўмарис" кўкрак нишони гувоҳномаси

          

          

          

            

       

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 16 ноябрь





























































Время: 0.0194
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск