язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 25.04.1996 й. 216-I-сон "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.1996 й.

N 216-I



БАНКЛАР ВА БАНК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Таърифлар

Банк - тижорат ташкилоти бўлиб, банк фаолияти деб ҳисобланадиган қуйидаги фаолият турлари мажмуини амалга оширадиган юридик шахсдир:

юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш;

тўловларни амалга ошириш.

Омонат (депозит) - талаб қилиниши биланоқ ёки тўловни амалга оширувчи шахс билан тўловни олувчи шахс ёхуд уларнинг қонуний вакиллари ўртасида келишилган муддатда фоизлар ёки устама ҳақ тўлаган ҳолда ёхуд бундай тўловларсиз ҳаммасини қайтариб бериш шарти билан топшириладиган пул суммаси.

Чет эл банки - чет эл банкининг ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган шуъба банки бўлиб, унинг устав капиталининг ҳаммаси чет эл банки томонидан тўланади.



2-модда. Банк фаолиятининг субъектлари

Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган ҳамма банклар банк фаолиятининг субъектларидир.



3-модда. Банклар фаолиятининг ҳуқуқий асоси

Банклар фаолияти ушбу Қонун, "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади.


4-модда. Банк операциялари

Банклар ўз фаолиятларида қуйидаги банк операцияларини амалга оширадилар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, вакил банкларнинг ҳисобварақларини очиш ва юритиш, ҳисобварақлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш;

омонатларни жалб этиш;

кредитларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлар ҳисобидан ўз номидан кредитлар бериш.

Банклар бошқа турдаги операцияларни ҳам амалга оширишлари мумкин, чунончи:

маблағ эгаси ёки маблағни тасарруф этувчи билан тузилган шартномага биноан пул маблағларини бошқариш;

чет эл валютасини нақд пул ва нақд бўлмаган пул шаклларида юридик ҳамда жисмоний шахслардан сотиб олиш ва уларга сотиш;

пул маблағлари, векселлар, тўлов ва ҳисоб-китоб ҳужжатларини инкассо қилиш;

учинчи шахслар номидан мажбуриятларнинг бажарилишини назарда тутувчи кафолатлар бериш;

учинчи шахслардан мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш;

қимматли қоғозлар чиқариш, харид қилиш, сотиш, ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, қимматли қоғозлар билан бошқа операцияларни бажариш;

банк фаолияти юзасидан маслаҳат ва ахборот хизмати кўрсатиш;

жисмоний ва юридик шахсларга ҳужжатлар ва бошқа бойликларни сақлаш учун махсус бинолар ёки улар ичидаги пўлат сандиқларни ижарага бериш;

молиявий лизинг;

микроқарз бериш;

халқаро банк амалиётига мувофиқ, лицензияда махсус кўрсатилган бошқа операциялар.

Банклар бевосита ишлаб чиқариш, савдо ва суғурта фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмаслар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5-модда. Банклар фаолиятини лицензиялаш

Банк, шу жумладан чет эл банки, Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади. Лицензияда банк бажарадиган операциялар рўйхати кўрсатилади.

Лицензиясиз амалга ошириладиган банк фаолияти ғайриқонуний деб ҳисобланади ва бундай фаолият натижасида олинган даромад давлат бюджетига олиб қўйилиши лозим.


6-модда. Фирма номи

"Банк" атамаси ёки мазкур атама қўшиб ясалган сўз бирикмаларини ушбу Қонунга мувофиқ банк операцияларини амалга ошириш  учун лицензияга эга бўлган ташкилотлар ўз фирма номида ёки реклама мақсадларида ишлатишлари мумкин.

Ушбу талабни бузиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


II. БАНКЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ ВА

УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ

7-модда. Банк муассислари

Банклар, қоида тариқасида, мулкчиликнинг ҳар қандай шакли асосида акциядорлик жамияти тарзида ташкил этилади.

Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар банк муассислари бўлиши мумкин, башарти, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари бундан мустасно.

Ҳар бир акциядорнинг устав капиталидаги иштирокининг энг кўп улуши қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Банкларнинг акцияларини олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Банк муассислари банк акциядорлари таркибидан у рўйхатга олинган кундан бошлаб бир йил мобайнида чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Банкнинг бошқа банкларнинг устав капиталида иштирокига йўл қўйилмайди, чет эл капитали иштирокидаги банклар ва шўъба банклар ташкил этиш ҳоллари шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар бундан мустасно.


8-модда. Банк устави

Банклар ўз уставлари асосида фаолият кўрсатадилар.

Банк уставида:

банкнинг (тўла ва қисқартирилган) номи ва қаерда жойлашганлиги (почта манзили);

банк операцияларининг рўйхати;

устав капиталининг миқдори, муассислар рўйхати ва устав капиталидаги улушларнинг тақсимоти;

банкнинг бошқарув органлари, уларни ташкил этиш тартиби, уларнинг ваколатлари ҳамда вазифалари ҳақидаги маълумотлар;

банк аудити тартиби, шу жумладан, бухгалтерия ҳисоби халқаро стандартларига мувофиқ белгиланган ҳисоботлар ва аудиторлик дастурларининг мақсадлари кўрсатилган бўлиши лозим.

Банк уставида, ушбу моддада белгиланган талаблардан ташқари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган маълумотлар ҳам бўлиши керак.

Банк уставига киритиладиган ўзгартишлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.


9-модда. Банкнинг устав капитали

Банкнинг устав капитали банк муассислари ва акциядорлари тўлаган пул маблағларидан ташкил топади.

Кредитга ва гаровга олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб этилган маблағлардан банкнинг устав капиталини шакллантириш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Алоҳида ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ банкнинг устав капиталини шакллантириш учун бюджет маблағларидан фойдаланилиши мумкин.

Энг кам устав капитали банк муассислари томонидан уни рўйхатга олиш пайтигача тўланиши керак. Устав капитали учун тўланадиган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкида ёки бошқа банкларида очилган жамғариш ҳисобварағига ўтказилади. Кўрсатилган маблағлардан депозит сифатида фойдаланиш мумкин.

Банклар устав капиталининг энг кам миқдори Марказий банк томонидан белгиланади.


10-модда. Банкларни рўйхатга олиш

ва улар фаолиятини лицензиялаш

Банклар Марказий банкда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўладилар.

Рўйхатга олиш тартиби ва шартлари Марказий банк томонидан белгиланади.

Рўйхатга олиш билан бир вақтда банкларга банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия топширилади.

Банкларни рўйхатга олиш ва уларга лицензия бериш ҳақ эвазига амалга оширилади.

Банкларнинг филиаллари Марказий банкда рўйхатга олинади ва ўз фаолиятларини уларни ташкил этган банкка берилган лицензия асосида амалга оширадилар.


11-модда. Банк очиш учун олдиндан Марказий

банкнинг рухсатномасини олиш асослари ва муддатлари

Лицензия беришдан олдин Марказий банк аризачиларга банк ташкил этиш соҳасидаги фаолиятларини давом эттириш имконини берадиган дастлабки рухсатномани беради.

Дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги қарор ариза ва у билан бирга барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб кўпи билан уч ой ичида қабул қилинади ва муассисларнинг молиявий имкониятларини ҳамда обрўсини, банк раҳбарлигига таклиф этилаётганларнинг касб малакаларини, бизнес-режани, молиявий режани, капиталнинг тузилишини, тегишли банк бинолари ва ускуналар билан таъминлаш имкониятларини баҳолашга асосланади.


12-модда. Банкларни рўйхатга олиш

ва уларга лицензия бериш муддати

Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш учун муассислар дастлабки рухсатнома олинган кундан бошлаб узоғи билан олти ой муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бажаришлари керак.

Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш ҳақидаги қарор Марказий банк талаблари бажарилган кундан кўпи билан бир ойлик муддатда чиқарилади.



13-модда. Банкларни рўйхатга олишни ва

уларга лицензия беришни рад этиш асослари

Марказий банк қуйидагиларга асосланиб банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиши мумкин:

банкни рўйхатга олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар топширилмаганлиги;

таъсис ҳужжатларининг қонун ҳужжатларига номувофиқлиги;

бир ёки бир неча муассиснинг молиявий аҳволи қониқарсизлиги;

муассислар молиявий маблағларининг манбалари эълон қилинмаганлиги;

банкни рўйхатга олиш пайтигача энг кам устав капиталининг тўланмаганлиги;

банк раҳбари ва бош бухгалтери лавозимларига номзодларнинг бу касбга номувофиқлиги.

Банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчига рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади. Бунда банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади. Банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган ҳисобланади.

Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқишда банкни рўйхатга олишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рўйхатга олишни ва лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


14-модда. Банк операцияларини амалга ошириш

учун берилган лицензияни чақириб олиш асослари

Марказий банк қуйидаги ҳолларда банк операцияларини амалга ошириш учун берилган лицензияни чақириб олиши мумкин:

банк тўловга қобилиятсиз бўлиб қолганида, пассивлар активлардан кўпайиб кетганида;

лицензия беришга асос бўлган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда;

банк ўз омонатчилари ва бошқа кредиторлари олдидаги мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаганида;

ҳисобот маълумотлари мунтазам равишда бузиб кўрсатилганда;

қонун ҳужжатларига ва лицензия шартларига зид келадиган банк операциялари амалга оширилганда;

лицензия берилган пайтдан эътиборан банк операцияларини амалга ошириш бир йилдан ортиқ муддатга кечикканда;

монополияга қарши қоидалар бузилганда;

ички назорат қоидалари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш тартиби бузилганда;

Ўзбекистон Республикасида ўз шуъба банкини ташкил этган чет эл банкидан лицензия чақириб олинганда.


15-модда. Чет эл капитали иштирокида банклар

таъсис этиш ва уларнинг фаолиятига

нисбатан қўйиладиган қўшимча талаблар

Марказий банк чет эл капитали иштирокидаги банклар олдига қўшимча талаблар қўйиш, шу жумладан, чет давлатлар банкларидан улар ўзлари жойлашган ва рўйхатга олинган ердаги текширув органи назорати остида эканликларининг тасдиқномасини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Чет эл банкларига лицензиялар, башарти, чет давлат банки ўз мамлакатида қайтариб бериш шарти билан пул депозитлари ва бошқа бойликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлсагина берилади.


16-модда. Банкларнинг филиаллари

ҳамда ваколатхоналари

Банклар Ўзбекистон Республикасида ўз филиалларини, чет эл банклари эса ўз ваколатхоналарини Марказий банкнинг рухсати билан очишлари мумкин.

Банк филиали - уни ташкил этган банк номидан банк фаолиятини амалга оширувчи алоҳида бўлинмадир.

Чет эл банки ваколатхонаси - банк фаолиятини амалга оширмаган ҳолда банкнинг манфаатларини кўзлаб иш юритувчи алоҳида бўлинмадир.

Филиалларнинг раҳбарларини уларни ташкил этган банкнинг раҳбари Марказий банк билан келишиб тайинлайди.


17-модда. Банкларнинг чет эллардаги

филиаллари ва ваколатхоналари

Банклар Марказий банкнинг рухсати билан чет элларда ўз шуъба банкларини, филиаллари ва ваколатхоналарини очишлари, банклар ташкил этишда қатнашишлари мумкин.



18-модда. Банкларнинг иттифоқлари ва уюшмалари

Банклар, башарти, қонун ҳужжатларининг талабларига зид келмаса, ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, ўз аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш ва биргаликдаги дастурларни амалга ошириш учун иттифоқлар, уюшмалар ва бошқа бирлашмалар тузишлари мумкин.

Бундай бирлашмалар мустақил равишда тижорат фаолияти, шу жумладан, банк фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас, улар тижоратчи бўлмаган ташкилотлар учун белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.



19-модда. Банклар фаолиятини тўхтатиш ва уларни тугатиш

Банк қуйидаги ҳолларда ўз фаолиятини тўхтатади:

акциядорлар йиғилишининг қарорига кўра;

Марказий банк лицензияни чақириб олганида;

банкрот деб эълон қилинганида.

Ўз фаолиятини тўхтатган банк Марказий банк томонидан банкларни давлат рўйхатига олиш дафтаридан чиқарилади.

Банкнинг фаолияти тўхтатилганлиги ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.

Банк фаолиятини тўхтатиш ва уни тугатиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


III. БАНК ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ.

БАНКЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ

20-модда. Банкларнинг мустақиллиги

Ўзбекистон Республикасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдирлар.

Банк хизматчиси банк бошқарувининг розилиги билан ўриндошлик асосида бошқа жойда ишлаши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари банк муассасаларида ўриндошлик асосида ишлашга ҳақли эмаслар.



21-модда. Давлат ва банкларнинг

масъулияти чегаралаб қўйилиши

Банклар давлатнинг мажбуриятлари бўйича, давлат эса банкларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



22-модда. Банкнинг бошқарув органлари

Акциядорларнинг умумий йиғилиши, банк кенгаши ва бошқаруви банкнинг бошқарув органлари ҳисобланади.

Банк кенгашининг бурчлари қуйидагилардан иборат:

омонатчилар ва акциядорларни ҳимоя қилиш мақсадида банк фаолиятини, шу жумладан, кредитлаш ва маблағларни инвестициялашнинг тўғрилигини назорат қилиш;

банк раҳбарларини ишга тайинлаш ва ишдан бўшатиш;

банк капиталининг бир текис ўсиб боришини таъминлаб туриш;

банк сиёсатини ишлаб чиқиш;

қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш.

Банк кенгаши аъзолари камида беш кишидан иборат бўлиши лозим. Акциядорлардан ташқари банк соҳаси олимлари ва мутахассислари ҳам банк кенгаши аъзоси бўлишлари мумкин.

Банкка оператив раҳбарлик қилувчи ва унинг фаолияти учун жавоб берувчи банк бошқаруви банкнинг ижроия органи ҳисобланади. Бошқарув банк кенгаши ва акциядорлар умумий йиғилиши олдида ҳисобдордир.


23-модда. Банкларнинг фондлари

Банклар ўз фойдаларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда турли фондлар ташкил этишлари мумкин.


24-модда. Банкларнинг пул маблағларини

захиралаш соҳасидаги бурчи

Банклар Марказий банкда мажбурий захираларини сақлашлари шарт. Мажбурий захиралар нормативи Марказий банк томонидан белгиланади.


25-модда. Банкларнинг умумий иқтисодий

нормативларга риоя қилиш соҳасидаги бурчлари

Банкларнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида банклар Марказий банк томонидан белгиланадиган иқтисодий нормативларга риоя этишлари шарт.

Банклар ўз капитали ва ликвид ресурсларини етарли даражада сақлаб туришлари, активларни таснифлаш асосида шубҳали ва ҳаракатсиз активларга қарши захираларни ташкил этишлари, шунингдек зарар кўриш хавфини камайтириш мақсадида ўз активлари диверсификацияланишини таъминлашлари лозим.

Банклар:

амалга оширилган инвестицияларнинг турлари ёки шаклларига;

кўчмас мулк ва бошқа мол-мулк сотиб олиш ҳамда унга эгалик қилишга;

бошқа юридик шахсларнинг устав фондларида қатнашишга доир шартларга риоя этишлари лозим.

Банклар:

капитални тақсимлаш натижасида ўз капитали талаб қилинадиган энг кам миқдордан ҳам камайиб кетадиган бўлса, капитални тақсимлашга;

акциялар шаклидаги ўз қимматли қоғозлари билан кафолатланган кредит беришга;

олдиндан Марказий банкнинг розилигини олмай туриб, ўз акцияларини сотиб олишга ҳақли эмаслар.

Нормативлар ва уларни ҳисоб-китоб қилиш услубига бўлажак ўзгартишлар амалга киритилишидан камида бир ой олдин Марказий банк томонидан расман эълон қилинади. Устав капиталининг энг кам миқдори ўзгартирилиши тўғрисида Марказий банк бундай ўзгартиш амалга киритилишидан камида уч ой олдин расман хабар беради.



26-модда. Банкка алоқадор бўлган

шахслар билан битимлар тузиш

Банкларнинг ўзига алоқадор бўлган шахслар билан ёки улар номидан тузадиган шартномалари ўзига алоқадор бўлмаган шахслар билан тузадиган шартномаларга қараганда анча қулай шартларга асосланса, уларнинг бундай шартномаларни тузиши тақиқланади.

Марказий банк банкка алоқадор бўлган шахслар билан битимлар тузиш, жумладан уларга кредитлар ажратиш юзасидан чекловлар белгилайди.

Қуйидаги шахслар:

банкнинг мансабдор шахси, жумладан банк кенгашининг аъзоси, шу банкнинг бошқа ходимлари, шунингдек уларнинг яқин қариндошлари;

устав капиталининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ортиқ қисмига эгалик қилиб турган банк акциядорлари;

устав капиталининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ортиқ қисмига эгалик қилиб турган акциядор юридик шахсларнинг мансабдор шахслари, шунингдек уларнинг яқин қариндошлари;

банк юридик шахсларнинг қатнашчиси бўлиб, уларнинг устав капиталидаги улуши ўн фоиздан ортиқ бўлса, мазкур юридик шахслар, уларнинг мансабдор шахслари ва бу шахсларнинг яқин қариндошлари банк билан алоқадор шахслар деб ҳисобланади.

Юқорида қайд этилган шахсларнинг бири билан алоқадор бўлган шахс уларнинг ҳар бири билан алоқадор деб ҳисобланади.

Банк билан алоқадор шахсга кредит, шунингдек банк билан алоқадор шахс учун кафолатлар ушбу модда талабларини ҳисобга олган ҳолда банк кенгашининг қарорига кўра берилиши мумкин.


27-модда. Банкларнинг Ўзбекистон Республикаси

давлат бюджетининг касса ижросига

доир операцияларни бажариши

Марказий банкнинг топшириғига кўра банклар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг касса ижросига доир операцияларни бажарадилар.


28-модда. Банкларнинг кредит ставкалари

ва воситачилик ҳақи миқдорини белгилаш ҳуқуқлари

Банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.

Давлат дастурларини молиялаш учун Марказий банк томонидан банкларга бериладиган кредитлар бўйича Марказий банк ушбу банклар қарздордан ундириб оладиган фоиз ставкаларининг энг кўп миқдорини белгилаши мумкин, бунда марказлаштирилган ресурслар учун тўлов ва банкларнинг харажатлари ўрнини қоплаш ҳисобга олинади.



29-модда. Банкларнинг ҳисобот ва бошқа

ахборотни тақдим этиш мажбуриятлари

Банклар ўз фаолиятларига доир ҳисобот ва бошқа ахборотни Марказий банкка ўз вақтида тақдим этишлари шарт.


29-1-модда. Банкларнинг молия-хўжалик фаолиятини

амалга оширмаётган корхоналар банк ҳисобварақлари

бўйича ахборот тақдим этиш мажбурияти

Корхоналар олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхоналари эса уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳолларда, деҳқон ва фермер хўжаликлари бундан мустасно, банклар бундай корхоналар тўғрисидаги ахборотни улар ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига тегишли чоралар кўриш учун тақдим этишлари шарт.

Банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида суд қарори мавжуд бўлган тақдирда, корхоналарнинг ёпилаётган ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиқлари банк томонидан фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисобварақларга киритиб қўйилади, корхонанинг тўланиши учун банкка тақдим этилган кредиторлик қарзи эса, кўзда тутилмаган ҳолатларнинг алоҳида ҳисобварағига ўтказилади.

Корхоналарнинг банк ҳисобварақлари ёпилганидан кейин уларнинг номига келиб тушаётган маблағлар фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисобварақларга киритиб қўйилади.

Фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисобварақларда жамланган маблағлар банклар томонидан биринчи навбатда корхоналарнинг бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар олдидаги қарзларини қоплаш учун, қолган сумма эса уларнинг кредиторлик қарзини тўловларнинг календарь навбати бўйича қоплаш учун йўлланади.

Корхоналарни тугатиш бўйича махсус комиссия корхона фаолиятини давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилган ёки белгиланган тартибда тугатиш комиссияси тайинлаган пайтдан эътиборан бу корхонанинг ҳисобварақлари тасарруфи тегишинча корхонанинг ўзига ёки тугатиш комиссиясига ўтади".


30-модда. Банк операцияларига доир ҳужжатлар

Банклар ҳужжатларни Марказий банк белгилаган тартибда ва муддатда ўз идоравий архивларида сақлашлари шарт.


31-модда. Банклар ва мижозлар ўртасидаги муносабатлар

Банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади.

Мижозлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзлари танлаган битта ёки бир нечта банкда миллий валютада ва чет эл валютасида талаб қилиб олгунча сақланадиган депозит ҳисобварақлар очишга ҳақли.

Мижозлар ўзлари танлаган фақат битта банкда миллий ва чет эл валютасида талаб қилиб олгунча сақланадиган депозит ҳисобварақлар очишга ҳақли. Бунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ўз танлови бўйича битта ёки бир нечта банкда сўмлар ва чет эл валютасида талаб қилиб олгунча сақланадиган депозит ҳисобварақларига эга бўлишга ҳақли.

Банклар мижозларга ҳисобварақлар очишнинг Марказий банк белгилаган тартибига риоя қилишлари шарт.

Банкнинг барча хизматлари банк акциядорлари ва бошқа мижозларга тенг шартлар асосида кўрсатилади.



32-модда. Банклараро операциялар

Банклар шартнома асосида маблағларни депозитлар, кредитлар шаклида бир-бирларидан жалб этиши ва бир-бирига жойлаштириши, ташкил этиладиган ҳисоб-китоб марказлари ва вакиллик ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириши ҳамда лицензияда назарда тутилган бошқа ўзаро операцияларни бажариши мумкин.



33-модда. Банкларнинг ҳисоб-китоб қилиш тартиби

Банклар ва уларнинг мижозлари ҳисоб-китобларни Марказий банк белгилайдиган тартибда амалга оширадилар. Кўрсатилган тартибни бузганлик учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.


34-модда. Кредитлар қайтарилишини таъминлаш

Банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўчар ва кўчмас мулкни гаровга қўйиш, кафолат бериш, кафилликка олиш ва мажбуриятлар асосида кредит берадилар.

Банклар таъминланмаган кредит (эътимодли кредит) бериш ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин.



35-модда. Қарздорларни тўловга

қобилиятсиз деб эълон қилиш

Банкдан олган кредитларини ўз вақтида тўлаш мажбуриятларини бажармаётган қарздорларни банк тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиши ва бу ҳақда матбуотда хабар бериши мумкин. Банк бундай қарздорларни банкрот деб топишни сўраб, иқтисодий судда даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга.


IV. БАНКЛАРГА ВАСИЙЛИК ҚИЛИШ

36-модда. Васийликни тайинлаш

Банкнинг муваққат маъмуриятини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Марказий банк васий тайинлайди ва васийлик қилиш ҳақида фармойиш чиқаради. Фармойиш матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Банкнинг олдиндан васийдан розилик олмай қилган ҳаракатлари ҳақиқий эмас.


37-модда. Васийнинг ваколатлари

Васий банкнинг мансабдор шахслари ва унинг акциядорлари ваколатларига, шунингдек банк аҳволини нормаллаштириш учун зарур чоралар кўриш, жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ филиалларни ёпиш, мансабдор шахсларни ва хизматчиларни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Васий исталган пайтда фуқароларнинг депозитлари ва инвестициялари бир йилдан кўп бўлмаган муддатга қисман ёки тўла тўхтатиб қўйилганлигини эълон қилиши мумкин, бунда депозитлар ва инвестицияларнинг тахминий қийматини сақлаб қоладиган чоралар кўрилиши шарт.

Башарти, васийлик вақтида ёки васийлик даврининг охирида банкни соғломлаштиришнинг иложи йўқлиги Марказий банк томонидан аниқланса, у лицензияни чақириб олади ва белгиланган тартибда банкни тугатади.


V. БАНК МИЖОЗЛАРИНИНГ

МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

38-модда. Банк сири

Банклар ўз мижозлари ва вакилларининг операциялари, ҳисобварақлари ҳамда жамғармаларига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат беради. Банкнинг барча хизматчилари банк, унинг мижозлари ва вакилларининг банк операциялари, ҳисобварақлари ва жамғармаларига доир маълумотларни сир сақлашлари шарт.

Юридик шахслар ва бошқа ташкилотларнинг операциялари ҳамда ҳисобварақларига доир маълумотномалар ана шу ташкилотларнинг ўзига, прокурор, судларга, жиноий иш қўзғатилган бўлса суриштирув ва тергов органларига берилади.

Жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотномалар мижозларнинг ўзига ва уларнинг қонуний вакилларига; мижозларнинг ҳисобварақлари ва омонатларида турган пул маблағлари ҳамда бошқа қимматбаҳо нарсалар хатланиши, уларга ундирув қаратилиши ёки мол-мулк мусодара этилиши мумкин бўлган ҳолларда юритилаётган ишлар бўйича судлар, суриштирув ва тергов органларига берилади.

Ҳисобварақлар ва омонатнинг эгалари вафот этганда ушбу ҳисобварақлар ҳамда омонатга доир маълумотномалар мазкур ҳисобварақ ёки омонат эгаси банкка топширган васиятномасида кўрсатган шахсларга, вафот этган омонатчиларнинг жамғармаларига доир мерос ишларини юритаётган давлат нотариал идораларига, чет эл фуқароларининг ҳисобварақларига доир маълумотномалар эса - чет эл консуллик муассасаларига берилади.

Банклар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.

Хизмат бурчи юзасидан банк ахборотидан хабардор бўлган шахслар хизмат сирини ошкор қилганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Банклар ўз мижозлари бўлган корхоналарнинг операциялари тўғрисидаги зарур маълумотларни улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлиқ ва тўғри тўлаётганликларини назорат қилиш учун солиқ органларининг сўровига биноан тақдим этади.

Банклар кредит ахборотини кредит бюроларига кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома асосида тақдим этади.

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини ўрганиш учун банк ҳисобварақлари бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги зарур маълумотларни ва ахборотни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг сўровига биноан тақдим этади.


39-модда. Банкларнинг ўз мижозлари

олдидаги жавобгарлиги

Банклар маблағларнинг сақланиши ҳамда омонатчилар олдидаги мажбуриятларининг бажарилиши учун, шу жумладан, тўловлар бир банкдан бошқа банкка ўз вақтида ўтиши ҳамда маблағларнинг корхоналар ва ташкилотлар ҳисоб-китоб варақларига киритилиши учун ўз мижозлари ва омонатчилари олдида жавобгардирлар.

Банк тугатилганда унинг жисмоний шахс бўлган омонатчилари банкни тугатишдан келадиган тушумлар ҳисобидан ўз омонатларини олишда имтиёзга эгадирлар.

Банклар депозит ва кредит операцияларига доир муддатлар ва шартлар, шу жумладан, Марказий банк чиқарган қоидаларга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган йиллик фоиз ставкалари, мукофотлар ва йиғимлар тўғрисида ўз мижозларига мунтазам равишда ахборот бериб боришлари шарт.


40-модда. Монополияга қарши қоидалар

Банкларнинг банк операциялари бозорини монополиялаш ва банк ишида рақобатни чеклашга қаратилган битимларга эришиш мақсадида ўз иттифоқлари, уюшмалари ва бошқа бирлашмаларидан фойдаланиши тақиқланади.

Монополияга қарши қоидаларга риоя этилиши Марказий банк томонидан, шунингдек ушбу мақсадларда қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган бошқа органлар томонидан назорат қилинади.



VI. БАНКЛАРДА ҲИСОБ ЮРИТИШ ВА

ҲИСОБОТ. БАНКЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

41-модда. Банкларда ҳисоб юритиш ва ҳисобот

Банкларда бухгалтерия ҳисоби юритиш ва ҳисобот қоидалари Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро стандартларга мувофиқ белгиланади.

Бухгалтерия ҳисоби юритиш ва ҳисобот қоидалари бузилганлиги учун банк раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


42-модда. Банкларнинг молиявий

ҳисоботларни эълон қилиши

Банклар ўз молиявий ҳисоботларини Марказий банк белгилайдиган шакл ва муддатларда, унда кўрсатилган маълумотнинг тўғрилигини аудиторлар тасдиқлагач, матбуотда эълон қиладилар.


43-модда. Банклар аудити

Банкларнинг фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ аудиторлик текширишларини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган аудиторлар томонидан ҳар йили текшириб турилиши лозим.

Аудит, хусусан, капиталнинг етарлилигини баҳолаш, ссудаларни таснифлаш, ссудалар бўйича зарарларни қоплаш, таваккалчиликни ва ликвидликни ўлчашни ўз ичига олади.

Банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ ички аудиторлик дастурларини ишлаб чиқишлари ва амалга оширишлари ҳам шарт.


44-модда. Банкларни назорат қилиш

Марказий банк қонун ҳужжатларига мувофиқ банклар фаолиятини назорат қилиб боради.

Марказий банк тижорат банкларидан ахборот беришни талаб қилишга ва ушбу Қонунни бажариш мақсадида бошқа ишларни амалга оширишга ҳақлидир.

Банклар фаолиятини текшириш Марказий банк томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Ахборотномаси, 1996 йил, 5-6-сон, 54-модда