ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаво транспорти /

Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.11.2022 й. 658-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 15 ноябрдаги

658-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаро

ва давлат авиациясида учувчисиз учадиган

аппаратлардан фойдаланиш ҳамда уларни

сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

         

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

          

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


ариза берувчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида ҳужжати билан идоравий вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат берилган юридик шахс;


ажратилган ҳаво ҳудуди - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ёки ҳудудий сувлари устидаги ҳаво ҳудуди бўлиб, унинг доирасида идоравий вазифаларни бажариш учун учувчисиз учадиган аппаратлар ва учувчисиз авиация тизимларининг парвозларини амалга ошириш учун рухсат берилган ҳудуд;


давлат авиациясининг авиация ходимлари - учувчисиз учадиган аппаратлар парвозларини ташкил қилиш, бажариш, таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун махсус касбий тайёргарликка эга бўлган мансабдор шахслар;


парвозлар хавфсизлиги - ҳаво кемаларидан фойдаланишга тааллуқли авиация фаолияти билан боғлиқ бўлган ёки бундай фойдаланишни бевосита таъминлайдиган мақбул даражагача пасайтирилган ва назорат қилинадиган ҳолат;


учувчисиз авиация тизими - ҳаво кемаси ва бортида учувчиси бўлмаган ҳолда фойдаланиладиган ҳаво кемаси билан боғлиқ элементлар;


учувчисиз учадиган аппарат - учувчисиз парвозни амалга оширадиган ёки тўлиқ бошқа жойдан масофадан туриб бошқариладиган ёхуд дастурлаштирилган ва парвозда тўлиқ автоном бўлган ҳаво кемаси (ҳаво кемалари моделлари ва ўйинчоқ ҳаво кемалари моделлари бундан мустасно). Учувчисиз учадиган аппарат ўзида одатда яхлит тизим сифатида фойдаланиладиган учувчисиз ва масофадан бошқариладиган ҳаво кемаларини бирлаштиради;


учувчисиз учадиган аппаратлар учун бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмлар - 8802200001, 8802200002, 8802200008, 8803100000, 8803200000 ТН ВЭД кодига тушадиган қисмлар;


парвозларни қисқа муддатли чеклаш - Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими марказларининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни бошқариш борасида ўз ҳудудларида парвозлар хавфсизлигини ва бошқа фаолиятни тезкор таъминлашга йўналтирилган тадбирлар комплекси билан ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича белгиланадиган алоҳида тартиб;


ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими - идоралараро комиссия ва Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими марказларидан ташкил топган, Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш тартибига риоя этилишини ташкил этиш, режалаштириш, мувофиқлаштириш ва мониторингини амалга ошириш учун мўлжалланган орган;


ҳаво кемасининг ўйинчоқ модели - фуқароларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш учун ишлатиладиган, оғирлиги 250 граммдан ошмайдиган, 8802200001 ТН ВЭД кодига тушмайдиган, парвозни автоном бошқариш функциясига ва навигацияга эга бўлмаган, фото ва видео ускуналар билан жиҳозланмаган учадиган аппарат;


ҳаво кемасининг модели (авиамодел) - двигателли ёки двигателсиз, парвозни автоном бошқариш функциясига ва навигацияга эга бўлмаган, фото ва видео ускуналар билан жиҳозланмаган, фақат ўқув, спорт, маданий ва маърифий тадбирлар ва техник ижодкорликни ривожлантириш учун фойдаланиладиган учадиган аппарат;


ҳаводаги яқинлашув йўлаги - аэродром ҳудудидаги учиш-қўниш йўлагининг охирига туташган қисмидаги ҳаво ҳудуди бўлиб, унинг доирасида учадиган пайтда баландликка кўтарилади ва қўниш пайтида пасайиш амалга оширилади;


ҳаво кемаларининг парвозлари учун махсус зона - учиш зонаси, синов парвозлари зонаси, ҳаво кемаларининг паст ва жуда паст баландликдаги парвозлари зонаси, ҳаво кемаларининг товуш тезлигидан ошадиган тезликдаги парвозлари зонаси, ҳаво кемаларига парвозда ёқилғи қуйиш зонаси, ҳаво кемаларининг ўзгарувчан баландликда парвоз қилиш зонаси, ёқилғи тўкиш ва юк ташаш зонаси, ҳаво кемалари моделларининг (авиамоделлар) парвозлари зонаси;


фуқаро авиацияси учувчисиз учадиган аппаратининг оператори - ариза берувчининг учувчисиз учадиган аппаратини бевосита бошқарадиган мансабдор шахси;


эксплуатант - ҳаво кемасига эгалик ҳуқуқи, ижара асосида ёки бошқа қонуний асосда эга бўлган, ушбу ҳаво кемасидан фойдаланиш ҳуқуқи ва қобилияти ҳужжатлаштирилган фуқаро ёки юридик шахс;


ягона ҳаво ҳудуди - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ёки ҳудудий сувлари устидаги ҳаво ҳудуди бўлиб, унинг доирасида Ўзбекистон Республикасининг барча турдаги ҳаво кемаларига парвоз қилиш рухсат берилган.


3. Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудида хорижий давлатларнинг учувчисиз учадиган аппаратлари парвозини амалга оширишга фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан рухсат этилади.


4. Таълим, спорт, маданий ва маърифий тадбирларга, техник ижодкорликни ривожлантиришга мўлжалланган ҳаво кемалари моделларининг (авиамоделларнинг) парвозлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фақат ҳаво кемалари парвозларининг махсус зоналарида амалга оширилади.


5. Ариза берувчи учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат олишдан олдин учувчисиз учадиган аппаратлар жиҳозланган радиоэлектрон воситалардан фойдаланишга ваколатли органдан белгиланган тартибда рухсат олиши керак.



2-БОБ. УЧУВЧИСИЗ УЧАДИГАН АППАРАТЛАР

           

             

1-§. Фуқаро авиациясининг учувчисиз

учадиган аппаратлари

         

6. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари танланган бошқариш усулига қараб автоном ва масофадан туриб бошқариладиганларга бўлинади.


7. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) саноат усулида ишлаб чиқарилган;

б) ишлаб чиқарувчи заводнинг паспортига ёки унга тенглаштирилган ҳужжатга (сифат сертификати, мувофиқлик сертификати) эга бўлиши;

в) парвоз вақтида максимал оғирлиги 25 кг дан ошмаслиги, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни амалга ошириш учун мўлжалланган учувчисиз учиш аппаратлари бундан мустасно, бунда уларнинг максимал учиш оғирлиги 100 кг дан ошмаслиги керак ва тур сертификати мавжуд бўлиши лозим.


8. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари таснифланмайди.


9. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланишга ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан рухсат берилади.


10. Ариза берувчи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ парвозларни амалга ошириш бўйича намунавий шаклда ишлаб чиқилган қўлланмага эга бўлиши шарт.

Парвозларни амалга ошириш бўйича қўлланма ва унга киритиладиган барча ўзгартиришлар Агентлик билан келишилиши керак.


11. Ариза берувчи фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланишга рухсат олиш учун Агентликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланишга рухсат олиш учун ариза;

б) учувчисиз учадиган аппаратга мулк ҳуқуқи ёки бошқа шаклдаги мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;

в) учувчисиз учадиган аппарат учун ишлаб чиқарувчининг паспорти нусхаси ёки унга тенглаштирилган ҳужжат (сифат сертификати, мувофиқлик сертификати);

г) учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқарувчининг ҳужжати (қўлланма, йўриқнома, техник тавсиф) нусхаси;

д) ариза берувчининг парвозларни амалга ошириш бўйича қўлланмаси.


12. Агентлик аризани ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқади ва учувчисиз учадиган аппаратнинг техник ҳолатини ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда баҳолайди. Техник ҳолатни текшириш Агентликда амалга оширилади.


13. Агентлик ҳужжатларни кўриб чиқиш ва учувчисиз учадиган аппаратнинг техник ҳолатини текшириш натижалари бўйича фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги хулосани расмийлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланишга рухсат этилгани тўғрисида берилган хулосаларни маълумотлар реестрига (кейинги ўринларда - реестр) киритади.

Агентлик ариза берувчига учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги хулосани беради (юборади) ёки тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, фойдаланишга рухсат бериш рад этилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.


14. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати тўғрисидаги маълумотни реестрга киритишда унга рўйхатдан ўтишни танитувчи белги берилади, ариза берувчи уни учувчисиз учадиган аппарат корпусига туширади. Рўйхатдан ўтиш танитувчи белги бешта араб рақамидан иборат бўлади.


15. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисидаги хулоса ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.


16. Ариза берувчига қуйидаги ҳолларда фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисидаги хулосани бериш рад этилиши мумкин:

а) талаб қилинадиган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаса;

б) тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

в) фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати техник ҳолатини текшириш натижалари тўғрисидаги асосли салбий хулоса бўлса.


17. Агентлик томонидан учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ҳақ олинмайди.


18. Реестр Агентлик томонидан ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда юритилади.


19. Ариза берувчининг манзили ўзгарганда, учувчисиз учадиган аппарат уни қайта жиҳозлаш билан боғлиқ модификация қилинганда (номи ўзгарганда), фойдаланилаётган учувчисиз учадиган аппарат рўйхатдан чиқарилганда, учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги хулосада кўрсатилган учувчисиз учадиган аппарат оператори (операторлари) тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганда, ариза берувчи юқорида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга етти иш куни ичида Агентликка хулосани қайта расмийлаштириш учун ариза бериши шарт.

Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисидаги хулоса қайта расмийлаштирилганда, Агентлик реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.


20. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисидаги хулосани бериш ва қайта расмийлаштириш Агентлик томонидан тегишли ҳужжатлар билан хулоса бериш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддат ичида амалга оширилади. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга хулоса бериш ва уни қайта расмийлаштириш учун ҳақ олинмайди.


21. Ариза берувчи томонидан ушбу Низомнинг 19-банди талаблари бажарилмаганда, фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратидан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисидаги хулоса тўхтатилади.



2-§. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган

аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимлари


22. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимлари танланган бошқариш усулига қараб, автоном ва масофадан туриб бошқариладиганларга бўлинади.


23. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларига қўйиладиган талаблар, уларни рўйхатга олиш, улардан фойдаланиш ва сақлаш тартиби ишлаб чиқарувчиларнинг эксплуатация қилиш ва техник ҳужжатларига мувофиқ равишда вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланади.

Ишлаб чиқарувчининг техник ҳужжатлари мавжуд бўлмаган давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларини сотиб олиш тақиқланади.


24. Вазирликлар ва идораларда давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларининг ва учувчисиз авиация тизимларининг ишлаб чиқарувчи заводнинг техник-фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ тўғри сақланишини текшириш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вакилларини мажбурий киритиш, шунингдек, қуйидаги шартлар билан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига берилган:

а) текширишни текширилаётган вазирлик ва идоралар раҳбарияти билан келишиш;

б) текширувчиларнинг вазирликлар ва идоралар объектларига кириш учун тегишли рухсати мавжудлиги.

Текширишлар календарь йил давомида келишилган режага мувофиқ амалга оширилади. Вазирликлар ва идоралар томонидан навбатдаги текширувга охирги текширувдан 3 йил ўтгандан кейин рухсат берилади.


25. Вазирликлар ва идоралар томонидан давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан ва учувчисиз авиация тизимларидан Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг рухсатномаси олингандан кейин рухсат этилади.


26. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари билан содир бўлган авиация ҳодисалари (ҳалокатлари) текшируви Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Зарурат бўлганда, давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари билан содир бўлган авиация ҳодисалари (ҳалокатлари) текширувига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги мутахассислари белгиланган тартибда жалб этилиши мумкин.



3-БОБ. ФУҚАРО ВА ДАВЛАТ

АВИАЦИЯСИ ХОДИМЛАРИ

       

       

1-§. Фуқаро авиациясининг учувчисиз

учадиган аппарати оператори

      

27. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган операторлар таркиби ариза берувчи томонидан учувчисиз учадиган аппаратнинг тури, мақсади ва шартларига қараб белгиланади.


28. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати оператори қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлиши;

б) 18 ёшга етган бўлиши;

в) саломатлиги жиҳатидан лавозим вазифаларини бажаришга яроқли бўлиши;

г) учувчисиз учадиган аппаратлар ишлаб чиқарувчиси томонидан тавсия этилган талаблар асосида учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланиш ва уни бошқариш бўйича махсус тайёргарликка эга бўлиши;

д) ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини билиши;

з) учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланиш бўйича билим ва маҳоратини Агентликка намойиш этиши керак.



2-§. Давлат авиациясининг

авиация ходимлари

        

29. Давлат авиацияси авиация ходимларининг таркиби, уларга қўйиладиган асосий талаблар, давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларидан фойдаланишга рухсат бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.


30. Тажриба-конструкторлик, экспериментал ёки илмий-тадқиқот ишларининг мақсадлари ва вазифаларига қараб, давлат авиациясидан фойдаланувчилар манфаати учун ишлаб чиқилган экспериментал учувчисиз учадиган аппаратлар ва учувчисиз авиация тизимларининг шахсий таркиби учадиган аппаратни (тизимни) ишлаб чиқарувчи (йиғувчи) томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.



4-БОБ. АЭРОДРОМЛАР


31. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимлари аэродромларда жойлаштирилиши мумкин.


32. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларидан фойдаланишга рухсат берилган аэродромлар тегишли рухсатномага эга бўлиши керак.


33. Аэродромлардан фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан улар яроқлилик нормалари ва парвозлар хавфсизлигини таъминлайдиган талабларга мувофиқ бўлганда рухсат берилади.


34. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларининг битта аэродромда жойлаштирилиши ҳамда улардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.



5-БОБ. ҲАВО ҲУДУДИДАН ФОЙДАЛАНИШ


35. Фуқаро ва давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари, давлат авиациясининг учувчисиз авиация тизимлари томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назоратини олиб бориш қонунчиликка асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига юкланади.


36. Зарур хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ва Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими органларидан рухсат олингандан кейингина фуқаро ва давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари, давлат авиациясининг учувчисиз авиация тизимларига Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берилади.


37. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари фақат ажратилган ҳаво ҳудудидан фойдаланади.


38. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва давлат авиациясининг учувчисиз авиация тизимлари ажратилган ҳаво ҳудуди ва умумий ҳаво ҳудудларидан фойдаланишлари мумкин.


39. Давлат авиациясининг автоном учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимлари фақат ажратилган ҳаво ҳудудидан фойдаланишлари мумкин.


40. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимлари фақат исталган вақтда битта бошқарув пунктидан ва фақат битта учувчисиз учадиган аппаратда масофада туриб парвоз қилиш шарти асосида ягона ҳаво ҳудудида парвоз қиладиган ҳаво кемалари билан интеграциялашиши мумкин.


41. Давлат авиациясининг манфаатларини кўзлаб экспериментал учувчисиз учадиган аппаратлар ва учувчисиз авиация тизимларининг парвозларини синовдан ўтказиш вақтида ҳаво ҳудудидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.


42. Фуқаро ва давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари, давлат авиациясининг учувчисиз авиация тизимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун буюртманомалар ва рухсатномалар бериш тартиби 6-иловага мувофиқ амалга оширилади.


43. Ўйинчоқ ҳаво кемалари моделлари томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун рухсат олиш талаб қилинмайди.



6-БОБ. УЧУВЧИСИЗ УЧАДИГАН

АППАРАТЛАРНИНГ ПАРВОЗИ


44. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари парвозларни Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими органлари билан келишилган ҳолда ажратилган ҳаво ҳудудида амалга оширади.


45. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларининг ажратилган ва умумий ҳаво ҳудудларида парвоз қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.


46. Давлат авиациясининг манфаатларини кўзлаб, учувчисиз учадиган аппаратларни ва учувчисиз авиация тизимларини парвозда синаб кўриш тартиби уларни ишлаб чиқарувчи (тайёрловчи) томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан келишилади.


47. Ўйинчоқ ҳаво кемалари моделларининг парвозлари аэродромларнинг ҳаводаги яқинлашув йўлагига 150 метрдан кам бўлмаган узоқликда, 50 метргача баландликда, одамлардан хавфсиз масофада ва учадиган аппарат доимий визуал кўриниб турган ҳолда амалга оширилади.



7-БОБ. ПАРВОЗЛАР ХАВФСИЗЛИГИ


48. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларининг парвозлари Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудида фуқаро авиациясининг ва экспериментал авиациянинг парвоз қилиш қоидалари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


49. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларининг парвозлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги авиациясининг парвоз қилиш қоидалари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


50. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари ва учувчисиз авиация тизимларининг бошқариладиган ҳаво кемалари билан биргаликдаги умумий ҳаво ҳудудларидаги парвозларига фақат уларнинг парвозлари хавфсизлиги таъминланган шароитларда рухсат этилади.


51. Ўйинчоқ ҳаво кемалари моделларининг эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аппаратлардан хавфсиз фойдаланиш учун жавобгардирлар.



8-БОБ. УЧУВЧИСИЗ УЧАДИГАН

АППАРАТЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


52. Учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ уларни олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, корхона, муассаса, ташкилотнинг масъул мансабдор шахси томонидан ташкил этилади ва таъминланади.


53. Қуйидагилар фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларини сақлашга қўйиладиган умумий талаблар ҳисобланади:

а) учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш учун бегоналар кириши ман этилган ва сигнализация воситалари (зарурат бўлганда, видео кузатув воситалари) билан жиҳозланган, ҳарорат режими, тўғри тушадиган қуёш нурларининг, иссиқлик ва бошқа турдаги нурланишнинг ёруғлик таъсири, шунингдек, ёнғинга қарши хавфсизлик бўйича ишлаб чиқарувчи талабларига мос келадиган ихтисослаштирилган бино ажратиш;

б) учувчисиз учадиган аппаратларни уларнинг турига мос келадиган махсус контейнерларда сақлаш;

в) учувчисиз учадиган аппаратни қисман ёки демонтаж қилинган ҳолда, унинг дарҳол учишини истисно қиладиган шароитда сақлаш;

г) учувчисиз учадиган аппаратларни дала (ишлаб чиқариш) шароитида уларнинг турига қараб махсус жойлаш контейнерларида аккумулятордан алоҳида ажратилган ҳолда сақлаш. Бунда жойлаш контейнери муҳрланган бўлиши ва сақлаш учун масъул бўлган мансабдор шахс назорати остида бўлиши керак;

д) сақлаш учун масъул бўлган мансабдор шахсга учувчисиз учадиган аппаратни ташлаб кетиш ёки бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


54. Фуқаро авиациясининг эксплуатантдаги учувчисиз учадиган аппаратларини сақлаш тартиби эксплуатант томонидан техник-фойдаланиш ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва Парвозларни амалга ошириш бўйича қўлланмага киритилади. Сақлаш тартиби Агентлик билан келишилиши шарт.


55. Давлат авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларини сақлаш тартиби тегишли вазирлик ва идоранинг раҳбарияти томонидан техник-фойдаланиш ҳужжатларнинг мажбурий талабларига мувофиқ белгиланади.



9-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРО

ВА ДАВЛАТ АВИАЦИЯСИДА АРИЗА БЕРУВЧИЛАР

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


56. Ушбу Низомда белгиланган талабларнинг бажарилишини фуқаро авиациясида Агентлик, давлат авиациясида - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги назорат қилади.


57. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланадиган ариза берувчилар фаолияти инспекция текширувлари шаклида назорат қилинади. Инспекция текшируви натижалари ҳисобот шаклида қайд этилади.


58. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланадиган ариза берувчиларни инспекция текширувлари икки йилда камида бир марта амалга оширилади.


59. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланадиган ариза берувчилар томонидан ушбу Низом талаблари бузилганда, Агентлик ушбу қоидабузарликларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши ҳуқуқига эга.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


60. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

          

          




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаро

авиациясининг учувчисиз учадиган

аппаратларидан фойдаланиш

СХЕМАСИ

          

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


       

Бажариш

муддати

       


































1-босқич


Ариза берувчи


       

Учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ушбу Низомда кўзда тутилган рўйхатга мувофиқ тайёрлайди.

Агентликка ҳужжатларни бевосита, почта хизматлари орқали ёки электрон шаклда улар қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома билан биргаликда тақдим этади.

         


Ариза берувчининг

хоҳишига биноан


































2-босқич


Агентлик


        

Учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади ва улар дарҳол ариза берувчига ҳужжатлар қабул қилинган сана қўйилган ҳолда берилади (юборилади).

          


Ҳужжатларни қабул

қилиш кунида


































3-босқич


Агентлик


          

1. Аризани ҳужжатлар билан бирга кўриб чиқади ва учувчисиз учадиган аппаратларнинг техник ҳолатини баҳолайди.



1. Ариза қабул қилинган

санадан бошлаб ўн иш

куни ичида






2. Ҳужжатларни текшириш ва учувчисиз учадиган аппаратларнинг техник ҳолатини текшириш натижаларига кўра, учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат берилгани тўғрисида хулоса беради (юборади) ёки рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда, учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат бериш рад этилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

       


2. Тегишли қарор қабул

қилингандан бошлаб бир

иш куни ичида


































4-босқич


Агентлик


        

Аризани қайта кўриб чиқади. Агар ариза берувчи белгиланган муддатда учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат берилганлиги тўғрисида хулоса беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этса, ариза берувчига шундай хулосани тақдим этади. Бартараф этилмаган тақдирда, учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат бериш рад этилганлиги тўғрисида ёзма билдиришнома юборилади ва бунда рад этишнинг асосли сабаблари кўрсатилади.

         


Рад этиш сабабларини бартараф этиш тўғрисидаги ариза ва ушбу сабаблар бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан 10 иш

кунидан ошмайдиган

муддатда




            

              




Низомга

2-ИЛОВА



Парвозларни амалга ошириш бўйича

қўлланманинг намунавий шакли

        

"Келишилган"


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги

ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги

директори

"Тасдиқлайман"


Раҳбар


        

           

ПАРВОЗЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМА

__________________________________________

(ариза берувчининг тўлиқ номи)

         

Парвозларни амалга ошириш бўйича қўлланма қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

а) фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларининг парвозларини ташкил этиш тартиби ва уларни амалга ошириш қоидалари;

б) парвозларни амалга оширишга алоқаси бўлган ходимларнинг мажбуриятлари тавсифланган йўриқнома;

в) учувчисиз учадиган аппаратларни бошқариш учун масъул шахс аниқланган ҳолда, ҳар бир амалга ошириладиган парвознинг учувчисиз учадиган аппаратлари шахсий таркиби;

г) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида парвоз қилаётганда учувчисиз учадиган аппаратлар томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича ариза берувчининг Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими органлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича йўриқнома;

д) авиация ҳодисаси юз берган тақдирда, учувчисиз учадиган аппарат операторининг ҳаракат қилиш тартиби;

е) учувчисиз учадиган аппаратга хизмат кўрсатиш ва уни сақлаш тартиби;

ж) ноқонуний аралашув ҳаракатларининг олдини олиш бўйича йўриқнома;

з) меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома;

и) фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати операторини тайёрлаш ва унинг малакасини ошириш дастурлари.

             

            




Низомга

3-ИЛОВА




Ўзбекистон Республикаси Транспорт

вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси

агентлиги директорига



АРИЗА

_______________________________________________________дан

(юридик шахснинг тўлиқ номи)

      

Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларини ҳисобга қўйиш ва улардан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида хулоса беришингизни;


Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги хулосага ўзгартириш киритишингизни сўрайман.


I. Ариза берувчи тўғрисида маълумотлар:

         

1. Ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган тўлиқ номи


         

2. Жойлашган жойи (почта манзили)


         

3. Телефон рақами/факс


         

4. Электрон манзили


         

II. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати ҳақида маълумот:

         

1. Номланиши (тури)


         

2. Белгиланган мақсади


         

3. Серия рақами (завод, идентификация рақами ва бошқалар)


         

4. Ишлаб чиқарилган сана


         

5. Ишлаб чиқарувчининг номи


         

6. Ишлаб чиқарувчи жойлашган жой


         

7. Максимал учиш вазни


         

8. Ўрнатилган двигателлар тури


         

9. Ўрнатилган двигателлар сони


         

10. Двигатель кучи (тортиш)


         

11. Радиоэлектрон воситалар (кўтарма ускуна, фойдали оғирлик) ҳақида маълумот


         

12. Ваколатли органнинг радиочастота спектридан фойдаланишга рухсатномаси


         

13. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати сақланадиган манзили (жой)


         

III. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратлари операторлари тўғрисида маълумот:

             

1. Ф.И.О.


            

2. Махсус тайёргарлиги тўғрисида маълумотлари


            

3. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппарати операторининг ўз вазифаларини бажаришга яроқлилиги тўғрисида

тиббий хулоса


            

4. Бошқа маълумотлар


            

IV. Идоравий вазифалар рўйхати:

         

1.


           

2.


           

Ариза берувчи

____________________________________   20___ й. "___" __________

                                        (имзо, Ф.И.О.)

      

         




Низомга

4-ИЛОВА



Агентлик бланкаси

___________________________________________________________

(юридик шахснинг тўлиқ номи)

           

идоравий вазифаларни бажариш учун ушбу хулосага илова қилинган рўйхатда кўрсатилган учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиши мумкинлиги ушбу ҳужжат билан тасдиқланади.

       

          

Ўзбекистон Республикаси

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги

Фуқаро авиацияси агентлиги директори

_______________________________

(Ф.И.О.)

          

               

Фуқаро авиациясининг учувчисиз

учадиган аппаратлари

РЎЙХАТИ

          

1. Номланиши (тури)


         

2. Белгиланган мақсади


         

3. Серия рақами (завод, иденцификация рақами ва бошқалар)


         

4. Ишлаб чиқарилган сана


         

5. Ишлаб чиқарувчининг номи


         

6. Ишлаб чиқарувчи жойлашган жой


         

7. Максимал учиш вазни


         

8. Ўрнатилган двигателлар тури


         

9. Ўрнатилган двигателлар сони


         

10. Двигатель (тортиш) кучи


         

11. Сақланадиган манзил (жой)


         

12. Оператор Ф.И.О.


         

         




Низомга

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаро

авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларидан

фойдаланишга рухсат этилганлиги тўғрисида

берилган хулосалар

РЕЕСТРИ

           

Т/р

   

Ариза берувчи (эгаси)

      

Оператор

Ф.И.О.

      

Тури

    

Серия рақами

    

Ишлаб

чиқарувчи

завод

      

Максимал

учиш

вазни

       

Хулоса

берилган

сана

      

Хулоса бериш

учун асос

       

Эслатма

       


    

    










     

     










     

     










    

     










     

    










     

   









         

          




Низомга

6-ИЛОВА



Фуқаро ва давлат авиациясининг

учувчисиз учадиган аппаратлари (тизимлари)

томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳаво

ҳудудидан фойдаланиш учун буюртманомалар

тақдим этиш ва рухсат бериш тартиби

           

1. Ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун буюртманомалар (кейинги ўринларда - буюртманома) почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда парвозлар амалга ошириладиган кун арафасида UTC вақти билан соат 09:00 дан (маҳаллий вақт билан 14:00) кечиктирмай топширилиши керак.


2. Буюртманомалар ариза берувчи томонидан Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизим органига учувчисиз учадиган аппаратларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига парвозларни бажаришда ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизим органлари билан ҳамкорлик тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ тақдим этилади.


3. Буюртманомада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

- парвоз амалга ошириладиган сана;

- ариза берувчининг номи;

- учувчисиз учадиган аппарат модели ва рўйхатдан ўтказиш белгиси;

- парвознинг бошланиш ва тугаш вақти (UTC);

- парвозни амалга ошириш ҳудуди (координаталари), (ўзига хос маҳаллий йўналишлар) йўналиши ва улардан узоқлашиши;

- учиш баландлиги ( метрда ва футда);

- парвоз мақсади (иш тури), ишларни бажариш учун рухсатноманинг мавжудлиги (аэрофотосуратга олиш, турар-жой устидан парвоз ва бошқалар);

- учувчисиз учадиган аппарат операторининг Ф.И.О.;

РМК эслатмасида - учувчисиз учадиган аппаратлар сони, учувчисиз учадиган аппарат операторининг телефон рақами, шунингдек, парвозни таъминлаш учун барча ҳар қандай қўшимча маълумотлар.


Буюртманомани расмийлаштириш намунаси:

"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК

САНА/ 2016 йил 10 июнь

ТУРИ ВА РАҚАМИ / квадрокоптер DJI Phantom, 1PAN345

ВАҚТИ/ 10.00 дан 12.00 гача UTC

ПАРВОЗ ҲУДУДИ/ нуқта радиусидан 1000 метр баландликдаги зона 41.15.2 с.ш. 061.12.9 в.д.

УЧИШ БАЛАНДЛИГИ/ 500 метргача

ИШ ТУРИ/ авиафотосурат Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2016 йил 05 июндаги 23/153-сон махсус рухсатномаси

ОПЕРАТОР/ Фозилов А.Т., (90) 979-55-11

ЛАВОЗИМИ __________________________________________ Ф.И.О.

                            (буюртманомани берган жавобгар шахснинг имзоси)


Хабарни ўқиш:

"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК - буюртмачининг номи;

2016 йил 10 июнь - парвоз амалга оширилган сана;

квадрокоптер DJI Phantom, 1PAN 345 - учувчисиз учадиган аппаратнинг модели ва тартиб рақами;

10.00 дан 12.00 гача UTC - парвознинг бошланиш ва тугаш вақти;

нуқта радиусидан 1000 метр баландликдаги зона 41.15.2 ш.к. 061.12.9 ш.у. географик координатлари кўрсатилган парвозни амалга ошириш ҳудуди;

500 метргача - учиш баландлиги;

аэросуратга олиш (2016 йил 05 июндаги 23/153-сон рўйхатнома) - учиш мақсади ва ишни амалга ошириш учун рухсатнома;

Фозилов А.Т. - учувчисиз учадиган аппарат операторининг фамилияси, телефон рақами (90) 979-55-11;

битта (1) учувчисиз учадиган аппарат.


4. Фуқаро авиациясининг учувчисиз учадиган аппаратларининг парвозлари учун буюртманомаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ягона тизим "Ўзаэронавигация" марказининг фуқаролик сектори томонидан Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация ахборот нашрида ёки авиация ахборот циркулярида эълон қилинган ставкалар бўйича мурожаат этувчилар билан шартнома асосида амалга оширилади (Ахборот доираси).


5. Ариза берувчига ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг навбатчи қисмига буюртманомани тасдиқлаш, шунингдек, чекловларни жорий қилиш ёки буюртманомани бекор қилиш тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида парвозларни амалга оширишда учувчисиз учадиган аппаратнинг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича ариза берувчининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ телефон (факс) ёки электрон почта орқали юборилади.


6. Тасдиқланган буюртманома бекор қилинади, агар:

аризада кўрсатилган фаолиятнинг белгиланган вақтидан кейин 20 дақиқа ичида ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган органдан ҳаво ҳудудидан фойдаланишни бошлаш (узайтириш) тўғрисида маълумот келиб тушмаса;

қонунда белгиланган талабларга мувофиқ ҳаво ҳудудидан бошқа фойдаланувчилар манфаатларида фойдаланиш хавфсизлиги таъминланмаса.


7. Махсус ҳолатларда, учувчисиз учадиган аппаратларнинг шошилинч парвозлари олдиндан буюртманомаларсиз амалга оширилиши мумкин.


8. Тезкор вазифаларни Ўзбекистон Республикаси манфаатларига мувофиқ амалга ошириш мақсадида учувчисиз учадиган аппаратлар парвозларини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони қабул қилади.

9. Табиий офатлар, фалокатлар, авариялар юз берганда ёрдам кўрсатиш ва қидирув-қутқарув ишларини амалга ошириш мақсадида ҳамда одамлар ҳаётига хавф туғдирадиган бошқа ҳолатларда, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, учувчисиз учадиган аппаратларга эга бўлган вазирликлар ва идоралар раҳбарлари учувчисиз учадиган аппаратларнинг парвоз қилиши учун қарор қабул қилади.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳолларда фаолиятни амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун рухсатномани Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлик пунктининг тезкор навбатчиси беради ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонига зудлик билан ахборот берилади, Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими бош маркази хабардор қилинади. Бундай рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун сўров олингач, зудлик билан берилади.

Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими марказлари учувчисиз учадиган аппаратларнинг шошилинч парвозларни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятни таъминлаши, бошқа фаолиятни тўлиқ ёки қисман ман этишга мажбур.


10. Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари хизмат вазифаларини бажариш учун учувчисиз учадиган аппаратларнинг шошилинч парвозлари олдиндан буюртмалар берилмасдан, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бирлашмалари қўмондонлигининг қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳолатларда, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун рухсатномани Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлик пунктининг тезкор навбатчиси беради ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонига зудлик ахборот берилади, Ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг ягона бошқарув тизими асосий бош маркази хабардор қилинади.





Низомга

7-ИЛОВА



Фуқаро авиациясининг учувчисиз

учадиган аппаратларидан фойдаланишга

рухсат бериш тўғрисида хулосани олиш

ПАСПОРТИ

          

1.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг номи:

Фуқаро авиацияси учувчисиз учуш аппаратларидан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида Хулоса.


2.

Амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар):


Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида учувчисиз учадиган аппаратлардан идоравий вазифаларни бажариш максадида эксплуатация қилиш.


3.

Ариза берувчилар тоифаси:


Юридик шахс.

4.

Рухсат этиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган:


"Ўзавиация" агентлиги.

5.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

а) учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланишга рухсат олиш учун ариза;

б) учувчисиз учадиган аппаратга мулк ҳуқуқи ёки бошқа шаклдаги мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;

в) учувчисиз учадиган аппарат учун ишлаб чиқарувчининг паспорти нусхаси ёки унга тенглаштирилган ҳужжат (сифат сертификати, мувофиқлик сертификати);

г) учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқарувчининг ҳужжати (қўлланма, йўриқнома, техник тавсиф) нусхаси;

д) ариза берувчининг парвозларни амалга ошириш бўйича қўлланмаси.


6.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:


Йиғим ундирилмайди.

7.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим:


Йиғим ундирилмайди.

8.

Аризани кўриб чиқиш муддати:


10 иш куни.

9.

Рухсат этишга оид талаб ва шартлар:

а) саноат усулида ишлаб чиқарилганлиги;

б) ишлаб чиқарувчи заводнинг паспортига ёки унга тенглаштирилган ҳужжатга (сифат сертификати, мувофиқлик сертификатига) эга бўлиши;

в) парвоз вақтида максимал оғирлиги 25 кг дан ошмаслиги, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни амалга ошириш учун мўлжалланган учувчисиз учиш аппаратлари бундан мустасно, бунда уларнинг максимал учиш оғирлиги 100 кг дан ошмаслиги керак ва тур сертификати мавжуд бўлиши лозим.


10.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришда келишиладиган органлар:


Мавжуд эмас.

11.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати:


Чекланмаган.

          

Изоҳ:


*) Хулосани олиш учун ариза шакли Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг расмий сайтининг интерфаол хизматлар бўлимида (https://www.uzcaa.uz/) келтирилган.


**) Хулосани олиш учун ариза билан тақдим қилинадиган маълумотлар шакли Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқоро авиацияси агентлигининг расмий сайтининг интерфаол хизматлар бўлимида (https://www.uzcaa.uz/) келтирилган.


***) Фуқаро авиацияси учувчисиз учуш аппаратларидан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида хулоса олинмасдан фаолият олиб борилиши Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида" 2021 йил 14 июлдаги Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-701-сон Қонуни талаблари асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима ундирилишига олиб келади.

            

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 16 ноябрь































































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск