ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2022 й. ПҚ-430-сон "Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.11.2022 й.

N ПҚ-430



ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИДА БИРЖА

МЕХАНИЗМЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

КЕНГАЙТИРИШ ҲАМДА БИРЖА САВДОЛАРИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Биржа савдо операцияларини янада кенгайтириш, товар-хом ашё биржалари ва уларнинг профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш, товар деривативлари, шу жумладан фьючерс савдоларини ташкил этишнинг замонавий механизмларини амалиётга кенг жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:


1. Белгилансинки:

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишда уларни бир вақтнинг ўзида биржа тизимида аккредитациядан ўтказиш тартиби жорий этилади;

хорижий етказиб берувчилар томонидан давлат харидлари тизимида иштирок этиш учун мажбурий тартибда электрон рақамли имзо олиш талаби бекор қилинади;

тадбиркорлик субъектларининг юқори ликвидли ва монопол бўлмаган маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш учун истиқболли товарлар секцияси ташкил этилади;

тадбиркорлик субъектларига, ўз хоҳишига кўра, биржадан ташқари тўғридан-тўғри тузилган шартномалар бўйича биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг тизими орқали кафолатли ҳисоб-китоб хизматидан фойдаланиш имконияти яратилади;

маҳсулотларни "форвард" битимлари асосида сотиш тартиби биржа савдолари орқали тузиладиган экспорт-импорт шартномаларига нисбатан ҳам қўлланилади.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 декабрдан 2026 йил 1 январга қадар қуйидаги товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади:

а) монопол корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда - монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар) томонидан ишлаб чиқарилган пўлат шар, металл лист прокати, суюқ углерод оксиди, техник кислород, каустик сода, нефть кокси, синтетик нафта, барда - ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи;

б) монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган:

металл лист прокати ва цемент - ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50 фоизи;

пахтадан олинган чигит, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ва истеъмол этил спирти - ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи.

Бунда, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу бандда назарда тутилган товарларнинг ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган ҳажмлардан ортган қисми биржа савдоларига қўйилади.


3. Ички бозорда нархлар кескин ошиб кетишининг ва сунъий танқислик вужудга келишининг олдини олиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий этилсин:

монополияга қарши орган нархлар кескин тебраниши даврида биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариш ҳажмлари, мавжуд имконият ва захираларидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланиши устидан назорат олиб боради;

давлат солиқ хизмати органлари биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган тақдирда, ўша кундаги биржа савдолари якунларига кўра бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкаси (нарх) ва тўғридан-тўғри шартномада кўрсатилган нарх ўртасидаги фарқ суммасига белгиланган ставкада қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини ҳисоблайди;

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ўзларининг ахборот тизимларини товар-хом ашё биржаларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиб, товарларнинг ҳақиқий бозор нархларини кузатиш, келишиб қилинган ҳаракатлар ва тил бириктириш, манипуляциялар ва бошқа қонунчилик бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий қилади.

Бунда, биржа операциялари бўйича ахборот конфиденциаллигини кафолатлаш ва биржа маълумотларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик ахборот алмашинуви йўлга қўйилган давлат органларининг тегишли мансабдор шахслари зиммасига юкланади.


4. Белгилаб қўйилсинки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан биржа савдолари натижаларига таъсир этувчи, шу жумладан товар бозори иштирокчилари ҳамда улар томонидан бериладиган нархларга чекловлар ўрнатиш юзасидан қарорлар қабул қилиниши ёки кўрсатмалар берилиши тақиқланади.


5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2023 йил 1 мартга қадар хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин. Бунда:

жаҳоннинг йирик биржаларида кенг қўлланиладиган савдо механизмлари ва товар деривативларини амалиётга жорий қилиш ҳамда соҳада ахборот технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш;

миллий ва ҳудудий иқтисодиёт миқёсида талаб юқори бўлган товарлар бўйича таклифлар ва нархларни, улар бўйича юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ҳамда мавжуд имкониятларни комплекс баҳолаш тизимини яратиш;

тадбиркорлик субъектлари вакилларида биржа савдолари ва давлат харидлари электрон тизимларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув-методик қўлланмалар ҳамда илғор симуляцион дастурий таъминотларни жорий этиш;

2022 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини йўлга қўйиш ва халқаро кредит рейтингини олиш;

2022 йил якунлари бўйича катта тўртлик ("big four") аудиторлик ташкилотларидан бирини жалб қилган ҳолда биржанинг молиявий ҳисоботларини халқаро аудит стандартлари асосида мустақил аудитдан ўтказиш назарда тутилсин.


6. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:

товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари, шу жумладан фьючерс савдолари билан шуғулланадиган брокерлик идораларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда биржа аъзоларига қўйиладиган малакавий талабларни белгилаш;

биржа савдоларида нархлар манипуляцияси, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг бошқа рақобатга зид усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш;

товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талабларни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.


7. Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ш.Ш. Шарахметов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 24 ноябрь

















































Время: 0.0096
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск