ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Крипто активлар /

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.11.2022 й. 3397-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 24.11.2022 й. 61-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 28 ноябрда 3397-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2022 йил 24 ноябрдаги

61-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан

крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан

ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


крипто-актив - маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, қиймати ва эгасига эга мулкий ҳуқуқ;


токен - крипто-активнинг бир тури бўлган, смарт-контракт асосида бошқариладиган, маълум бир активга бўлган мажбуриятни ёки мулк ҳуқуқини тасдиқлаш учун мўлжалланган маълумотларнинг тақсимланган реестридаги ҳисоб бирлиги;


смарт-контракт - рақамли транзакцияларни автоматик тартибда амалга ошириш орқали ҳуқуқ ва мажбуриятлар бажарилишини назарда тутувчи электрон шаклдаги шартнома;


таъминланган токен - бирор-бир моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланган токен;


крипто-активлар айланмаси соҳасида хизматлар провайдери (бундан кейин матнда - хизматлар провайдери) - жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;


инвестицион токен - таъминланган токенларнинг эмитенти ва уларнинг эгалари ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқловчи таъминланган токеннинг тури. Инвестицион токенлар уларнинг эгасига асосий қарз, даврий фоизлар ва (ёки) эмитент даромадининг бир қисмини олиш ҳуқуқини беради;


активлар билан таъминланган токен - токен эгасига моддий активга бўлган ҳуқуқни берувчи инвестицион токеннинг тури;


товар токени - товарнинг рақамли аналоги бўлган, шу жумладан таъминот занжирини аниқлаш, кузатиб бориш ва мониторинг қилиш, қийматни товар ва (ёки) хизматга айирбошлаш учун ўтказиш воситаси сифатида ишлатиладиган таъминланган токеннинг тури;


барқарор токен - қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига тенг бўлган таъминланган токеннинг тури;


эмитентнинг экотизими - крипто-активларни чиқариш, тақсимлаш ва айланмасига мўлжалланган эмитентнинг ахборот тизими;


таъминланмаган токен - бирор-бир моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланмаган токен;


утилитар токен - эмитентнинг экотизимида смарт-контракт билан белгиланган ҳаракатларни амалга ошириш учун мўлжалланган, шу жумладан қийматига эга ўлчов бирлиги сифатида ифодаланган таъминланмаган токеннинг тури;


рухсат бериш токени - эмитентнинг дастурий таъминот функцияларига рухсат бериш учун мўлжалланган, шу жумладан токен эгасига уни хизматлар провайдерларининг платформаларида миллий валютага ва (ёки) крипто-активнинг бошқа турига алмаштириш ҳуқуқини берадиган утилитар токеннинг тури;


чипта токени - токен эгасига эмитент томонидан ўтказиладиган тадбирларга бир марта бориш ҳуқуқини тасдиқловчи утилитар токеннинг тури;


ваучер-токени - токен эгасига электрон товарлар ва хизматлар, шу жумладан хизматлар провайдерларининг электрон платформалари доирасида чегирма олиш ҳуқуқини берувчи утилитар токеннинг тури;


бошқарув токени - токен эгасига эмитент экотизими доирасидаги лойиҳа юзасидан овоз бериш жараёнида қатнашиш ҳуқуқини берувчи утилитар токеннинг тури;


ўзаро ўзгармас токен - моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланмаган, мулкдорнинг рақамли шаклдаги ноёб контентга (матн, аудиовизуал, мусиқий, фотографик асарлар, шунингдек тасвирий санъат асарлари ва бошқалар) бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи крипто-активнинг алоҳида тури;


крипто-активни чиқариш - крипто-активнинг пайдо бўлишига қаратилган ташкилий-техник тадбирлар;


крипто-активлар чиқаришни рўйхатдан ўтказиш - чиқарилган крипто-активларни крипто-депозитарий томонидан муомалага киритишга рухсат бериш учун ушбу Низом талабларига мувофиқ текшириш ва крипто-активларнинг электрон реестрига киритиш;


таъминланган токеннинг дастлабки таклифини жойлаштириш - фаолиятни молиялаштириш ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида таъминланган токенларни крипто-депозитарий вакрипто-биржанинг электрон платформаларида ёки эмитентнинг экотизимида муомалага киритиш;


ёпиқ савдо - таъминланган токенларни чекланган инвесторлар орасида оммавий эълон қилмасдан ва реклама компанияси ўтказмаган ҳолда жойлаштириш орқали ўтказиладиган савдо тури;


очиқ савдо - таъминланган токенларни чекланмаган инвесторлар орасида реклама компаниясини ўтказган ҳолда, шу жумладан таъминланган токенларнинг оммавий таклифини жойлаштириш орқали ўтказиладиган савдо тури;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;


крипто-депозитарий - крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;


"White paper" декларацияси - крипто-активлар ва токенларни жойлаштириш орқали инвестициялар жалб қилинадиган эмитент ташкилотнинг фаолияти ҳақида маълумотни ўз ичига олган ҳужжат;


эмитент - крипто-активларни чиқарувчи ҳамда улар юзасидан крипто-актив эгалари олдида "White paper" декларацияси ва (ёки) шартномада белгиланган мажбуриятларни зиммасига оладиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор;


крипто-активларнинг электрон реестри (бундан буён матнда реестр деб юритилади) - ваколатли органнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган ва крипто-депозитарий томонидан рўйхатдан ўтказиладиган крипто-активлар чиқарилишини ҳисобга олувчи ахборот ресурси;


крипто-активнинг эгаси - эмитент томонидан чиқарилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган крипто-активларга эгалик қилиш ҳуқуқини олган юридик ёки жисмоний шахс.


2. Крипто-депозитарий Ўзбекистон Республикаси резидентларига шартнома асосида крипто-активларни чиқариш, рўйхатдан ўтказиш, муомалага киритиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатади. Мазкур хизматларни кўрсатиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар, кўрсатиладиган хизматлар учун тарифлар крипто-депозитарий томонидан белгиланади ҳамда унинг электрон платформасига жойлаштирилади.


3. Крипто-депозитарий ўз фаолиятини крипто-депозитарийнинг электрон платформаси ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини орқали электрон шаклда амалга оширади.


4. Крипто-депозитарийнинг электрон платформасида қуйидагилар амалга оширилади:

крипто-активларни сақлаш;

крипто-активларни чиқариш ва (ёки) чиқаришни рўйхатдан ўтказиш учун талабномаларни қабул қилиш;

таъминланган токенларнинг дастлабки таклифини жойлаштириш ва сақлаш;

крипто-активларни муомалага киритиш, шу жумладан уларни хусусий ва (ёки) очиқ савдоларга чиқариш;

ўзаро ўзгармас токенларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва сақлаш;

крипто-депозитарийнинг электрон платформасида амалга оширилган операциялар бўйича ҳисобот ҳужжатларини тайёрлаш ва шакллантириш;

крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ошкор қилиш;

крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа операциялар.

Крипто-депозитарий мазкур бандда назарда тутилган операцияларни амалга ошириш учун қўйиладиган талабларни назарда тутувчи ўзининг локал ҳужжатларини ишлаб чиқади ва электрон платформасига жойлаштиради.


5. Қуйидагилар крипто-депозитарийнинг вазифалари ҳисобланади:

ўз электрон платформасининг зарур даражада ишлашини ва унинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

ҳар куни кун якуни бўйича амалга оширилган операциялар ҳақида барча маълумотларнинг захира нусхасини яратиш;

крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш бўйича эмитент ва крипто-актив эгаларининг талабномаларини бажариш;

ваколатли органнинг сўровига кўра эмитент ёки крипто-актив эгаларининг талабномалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ахборот тақдим этиш;

ходимлар ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилинган шахсларнинг крипто-депозитарий фаолиятини тартибга солувчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва крипто-депозитарий томонидан тасдиқланадиган бошқа локал ҳужжатларни билиш даражасини доимий ошириб бориш;

крипто-активларни реклама қилишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиш;

крипто-депозитарий томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш учун мурожаат қилган юридик шахсларнинг раҳбарлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг вакиллари, шунингдек жисмоний шахсларни мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган шахслар тоифасига киришини текшириш;

таъминланган токенларни дастлабки таклифини жойлаштириш мақсадида уларни таъминлаш учун киритилган моддий ва (ёки) бошқа мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини текшириш;

ўзининг электрон платформасида крипто-активларнинг чиқарилиши ва (ёки) чиқаришни рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилишини таъминлаш;

эмитентнинг утилитар токенларни муомалага киритиш, уларни йўқ қилиш ёки амал қилиш муддати тугаганидан сўнг муомаладан чиқаришга қаратилган экотизими мавжудлигини текшириш.


6. Крипто-депозитарийга қуйидагилар тақиқланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ террорчилик фаолияти ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларга крипто-активларни чиқариш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

ўз электрон платформасида чиқарилган ёки рўйхатдан ўтказилган крипто-активларнинг номланиши ёки рамзларида "давлат", "давлат томонидан таъминланган", "давлат томонидан қўллаб-қувватланган", "Ўзбекистон", "ўзбек", "миллий", "сўм (UZS)" ҳамда Ўзбекистон Республикаси шаҳарларининг номларини тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда, уларнинг бирликларидан фойдаланган ҳолда, исталган тилда ва ҳар қандай шаклда ишлатиш.



2-БОБ. КРИПТО-АКТИВЛАРНИ ЧИҚАРИШ,

ЧИҚАРИШНИ РЎЙХАТГА ЎТКАЗИШ

ВА МУОМАЛАГА КИРИТИШ


1-§. Крипто-активларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатдан ўтказиш


7. Эмитент крипто-активларни, жисмоний шахслар эса фақат ўзаро ўзгармас токенларни крипто-депозитарий ёки бошқа электрон платформалар орқали чиқаришлари мумкин, бундан мазкур Низомнинг 6-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахслар мустасно.


8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги крипто-активларни резидентлар томонидан чиқариш ва крипто-депозитарий томонидан чиқаришни рўйхатдан ўтказиш тақиқланади:

таъминланмаган токенлар, ушбу бобнинг 4-параграфида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно;

барқарор токенлар.


9. Эмитент томонидан чиқариладиган крипто-активларнинг номинал қиймати миллий валютада ифодаланади.


10. Эмитент ёки унинг бошқарув органи томонидан крипто-активларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

қарор чиқарилган сана;

эмитентнинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;

чиқарилган крипто-активларнинг сони;

крипто-активларга бўлган ҳуқуқларнинг тури ва ҳажми, шунингдек смарт-контракт ва маълумотларнинг тақсимланган реестри тўғрисидаги маълумотлар;

крипто-активларга бўлган ҳуқуқларни уларнинг эгасига ўтказиш тартиби;

крипто-активлар эгасининг ҳуқуқлари;

крипто-активларни жойлаштириш ва бошқариш шартлари.

Крипто-активларни чиқариш тўғрисидаги қарорда қонунчиликка мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


11. Крипто-активларни чиқариш тўғрисидаги қарор унинг дастлабки жойлаштирилишидан бир ой олдин эмитентнинг расмий веб-сайтида ёки бошқа ахборот ресурсида эълон қилиниши лозим.


12. Крипто-активлар чиқаришни рўйхатдан ўтказишфақат крипто-депозитарий томонидан амалга оширилади.


13. Крипто-депозитарийга крипто-активлар чиқаришни рўйхатдан ўтказиш учун эмитент томонидан "White paper" декларацияси тақдим этилиши лозим. Бунда, "White paper" декларациясида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

а) эмитент тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахснинг тўлиқ номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, фаолият тури, эмитент томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ёки кўрсатиладиган хизмат);

б) крипто-активни чиқариш, сақлаш ва (ёки) тақсимлаш учун фойдаланиладиган маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси ва электрон платформа тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек эмитент ва (ёки) тизимнинг эгаси томонидан тизим хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилган чоралар;

в) крипто-активни чиқарган дастурчи (дастурчилар гуруҳи) тўғрисидаги маълумотлар;

г) крипто-активнинг асосий характеристикалари, шу жумладан крипто-активга бўлган ҳуқуқлар ва уларни айирбошлаш орқали молиялаштириладиган лойиҳа тафсилотлари;

д) крипто-активларга эгалик ҳуқуқини ўтказиш усуллари ёки механизмлари (сертификатлаш, маълумотлар реестри ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;

е) крипто-активларнинг қийматини баҳолаш услубиёти;

ж) фирибгарлик, хакерлик ҳужумлари ва (ёки) бошқа молиявий жиноятлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ва уларга қарши ҳаракатлар тўғрисида маълумот;

з) таъминланган токенлар хизматлар провайдерининг электрон платформасида дастлабки жойлаштирилишидан сўнг уларни қайтариб сотиб олиш тартиби ва усуллари (ҳолатлари, ҳажми, пул маблағларини қайтариш усули ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;

к) крипто-активларни муомалага киритишдан олинган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳа ва уни ривожлантириш бўйича маълумотлар (қандай лойиҳа амалга оширилиши, унинг муддатлари ва механизмлари);

л) крипто-депозитарийнинг локал ҳужжатлари билан белгиланган қўшимча маълумотлар, шу жумладан крипто-активлар рекламаси.


14. Крипто-депозитарий мазкур Низом, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва ўзининг локал ҳужжатларига мувофиқ крипто-активларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш бўйича мустақил қарор қабул қилади.


15. Крипто-депозитарий крипто-активлар чиқаришни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб бир кун ичида бу ҳақда ваколатли органни хабардор қилиши керак.

Ваколатли органни хабардор қилиш реестрга тегишли маълумотларни киритиш ва автоматик равишда берилган тартиб рақамини олиш йўли билан амалга оширилади.

Крипто-активлар реестрга тегишли маълумотлар киритилган ва тартиб рақами олинган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказилган деб ҳисобланади.



2-§. Крипто-активларни муомалага киритиш


16. Крипто-активларни муомалага киритиш крипто-депозитарий томонидан уларнинг дастлабки таклифини ўзининг, крипто-биржалар ёки крипто-активлар сотиладиган бошқа электрон платформаларнинг листингига киритиш орқали амалга оширалади.


17. Крипто-активларни муомалага киритиш учун листингга киритиш тартиби ва шартлари крипто-депозитарий ва крипто-биржа ёки крипто-активлар сотиладиган бошқа электрон платформалар ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.



3-§. Таъминланган токенларни чиқариш ва рўйхатдан

ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари


18. Таъминланган токенларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатдан ўтказиш эмитент томонидан ўз фаолиятига инвестицияларни жалб қилиш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадида мазкур Низом ва крипто-депозитарийнинг локал ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


19. Крипто-депозитарий эмитент томонидан тақдим этилган таъминланган токенларни чиқариш тўғрисидаги қарор ва бошқа ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади, шунингдек таъминланган токенларга бўлган ҳуқуқларни токенлар эгасига ўтказиш имкониятини аниқлайди.


20. Крипто-депозитарий таъминланган токенларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига оммавий жойлаштиради.

Крипто-депозитарий таъминланган токенларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган маълумотларни улар эълон қилинган кундан бошлаб таъминланган токенлар эгаларига ўтказилгунига қадар мавжуд бўлишини таъминлайди.


21. Таъминланган токенларни чиқариш тўғрисидаги қарорда фақат битта турдаги таъминланган токенларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатдан ўтказиш назарда тутилиши лозим.


22. Крипто-депозитарий таъминланган токенларни чиқаришни рўйхатдан ўтказишда уларнинг таъминоти сифатида қўйилган моддий ва (ёки) бошқа мол-мулкнинг мавжудлигини текшириши шарт.


23. Эмитент томонидан чиқарилган таъминланган токенлар учун крипто-активлардан таъминот сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.



4-§. Утилитар токенларни чиқариш ва рўйхатдан

ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари


24. Эмитент томонидан қуйидаги утилитар токенлар чиқарилиши мумкин:

рухсат бериш токени;

чипта токени;

ваучер-токени;

бошқарув токени.

Мазкур бандда назарда тутилган утилитар токенларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш ушбу Низом, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва крипто-депозитарий томонидан белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.


25. Утилитар токенлардан эмитентнинг экотизимидан ташқарида фойдаланишга йўл қўйилмайди, бундан мазкур Низомга белгиланган ҳолатлар мустасно.


26. Муомалага чиқарилган утилитар токенлар "White paper" декларацияси ёки эмитентнинг расмий веб-сайтида кўрсатилган муддатда амал қилади.

Крипто-депозитарий утилитар токенларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бу ҳақда ўзининг электрон платформаси ва (ёки) расмий веб-саҳифасида хабар бериши шарт.

Утилитар токенлар амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, улар эмитент томонидан муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши керак.



3-БОБ. КРИПТО-АКТИВЛАРНИНГ ЭЛЕКТРОН

РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


27. Ваколатли орган томонидан реестр электрон шаклда юритилади. Реестрга чиқарилиши рўйхатдан ўтказилган барча крипто-активлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

эмитентнинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), телефон рақами;

чиқарилаётган крипто-активнинг номи ва миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

крипто-активлар чиқарилган маълумотларнинг тақсимланган реестри ҳақидаги маълумотлар;

крипто-активларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатдан ўтказиш санаси ҳамда тартиб рақами.


28. Реестрга киритилган маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда барча учун очиқ ҳисобланади.



4-БОБ. КРИПТО-АКТИВЛАРГА БЎЛГАН

ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


29. Чиқаришни рўйхатдан ўтказилган крипто-активларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш крипто-депозитарийнинг электрон платформаси ва маълумотларнинг тақсимланган реестрида рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.


30. Крипто-активларга бўлган ҳуқуқлар крипто-депозитарийнинг электрон платформасига тегишли ёзув критилган пайтдан бошлаб крипто-активлар эгасига ўтади.



5-БОБ. КРИПТО-АКТИВ ЭГАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


31. Крипто-активлар эгаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

крипто-активларни тасарруф этиш, шартномада белгиланган миқдорда фойда ёки бошқа имтиёзлар олиш;

крипто-активларни, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, сотиш, ўтказиш ва (ёки) айирбошлаш;

крипто-депозитарийдан ўзига тегишли доирада ва ҳажмда амалга оширилган операциялар тўғрисида ахборот сўраш ҳамда олиш.

Крипто-активлар эгаси крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва крипто-депозитарий томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


32. Крипто-активлар эгаси:

крипто-активларни сотиб олиш тўғрисидаги шартномада белгиланган талаблар ва шартларни бажариши, агар мавжуд бўлса;

эмитент томонидан чиқарилган жами крипто-активларнинг 35 ёки ундан ортиқ фоизини сотиб олганлиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиши лозим.

Крипто-активлар эгаси томонидан маълумотларни ошкор қилиш тартиби ва муддатлари крипто-депозитарийнинг локал ҳужжатларида белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


33. Крипто-депозитарий, эмитентлар ва крипто-активлар эгалари ўртасидаги низолар томонларнинг келишувига кўра ёки суд тартибида ҳал қилинади.


34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 29 ноябрь











































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск