ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар /

Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.11.2022 й. 687-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 ноябрдаги

687-сон қарорига

3-ИЛОВА



Товар-хом ашё биржаларининг электрон

савдо тизимларига қўйиладиган

умумий талаблар тўғрисида

НИЗОМ

        

        

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

     

1. Мазкур Низом товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талабларни белгилайди.


2. Фаолият юритаётган товар-хом ашё биржаларида ҳамда товар-хом ашё биржалари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларида ушбу Низом талабларига жавоб берадиган ишлаб турган электрон савдо тизимлари бўлиши шарт.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


дастурий восита (кейинги ўринларда - ДВ) - маълумотлар билан ишлаш тизимининг фаолият юритишига доир дастурлар, тартиботлар, қоидалар, шунингдек, уларга илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлардан иборат объект;


электрон биржа савдолари тизими (кейинги ўринларда - ЭБСТ) - товар-хом ашё биржаси аъзоларига республиканинг бутун ҳудудидан аниқ вақт режимида масофадан туриб биржа савдоларида иштирок этиш имконини берадиган дастурий аппарат воситалари мажмуидан иборат глобал тақсимланган ахборот тизими;


сервер - тармоқ ресурсларининг муайян турини бошқарадиган ҳисоблаш машинаси (тизими);


ишчи станция (терминал) - товар-хом ашё биржаси аъзосида мавжуд бўлган ва биржа савдоларининг электрон тизимига уланган махсус дастур билан таъминланган компьютер;


дастурларни дастурлаш интерфейси (Аpplication Programming Interface) (кейинги ўринларда - API) - бир дастурий тизимнинг бошқа дастурий тизим билан ўзаро алоқада ишлаш усулларининг тавсифи;


веб-сервис - бир дастурий тизимнинг бошқа дастурий тизим билан ўзаро алоқасида қўлланиладиган стандартлаштирилган интерфейсларга эга ахборот ресурсларининг тақсимланган тизими.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН БИРЖА САВДОЛАРИ

ТИЗИМЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

          

4. ЭБСТ қуйидагиларни таъминлаши лозим:

локал ҳисоблаш тармоқларида фаолият кўрсатишни;

корпоратив ҳисоблаш тармоқларида фаолият кўрсатишни;

глобал интернет тармоқларида фаолият кўрсатишни;

веб-сервис орқали маълумотлар базаси билан боғланган ҳолда брокерлик идоралари, брокерлар, дилерлар, брокерлик идораларининг мижозлари ҳақидаги ахборотни ташкил қилиш, сақлаш ва акс эттиришни;

веб-сервис ва жараёнларни масофадан ишга тушириш тизими орқали маълумотлар базаси билан боғланган ҳолда талабномалар, битимлар, савдо натижалари ва хабарлар бўйича ахборотни сақлаш ва акс эттиришни;

API орқали маълумотлар базасида сақланаётган маълумотномалар асосида ахборотни сақлаш ва акс эттиришни;

дастурий воситалар мажмуининг ишини қисқа йўриқномалар, ёрдам кўрсатиш ва тушунтиришлар билан таъминланадиган меню орқали ташкил қилишни;

тизим иштирокчилари ўртасида (уларнинг қаерда жойлашганлигидан қатъий назар) аниқ вақт режимида мунтазам ахборот алмашинувини;

биржа аъзолари (брокерлар, дилерлар ва бошқалар)га биржа савдо залидан ташқарида ишлашни;

исталган ишчи станциялар (терминал)дан киритилган ахборотни шу вақтнинг ўзида биржа савдоларининг электрон тизимига уланган барча иштирокчиларига умумфойдаланиш учун акс эттиришни;

тизимга келувчи ахборотни бирхиллаштириш, яъни бирор-бир ишчи станциядан тизимга киритиладиган ахборотнинг олдиндан белгиланган биржалар томонидан ўрнатилган қоидалар бўйича шакллантирилган тақдирдагина келиб тушишини;

зарур таҳлилий материалларни шакллантириш, савдоси бўладиган алоҳида активлар (товарлар ва молиявий воситалар) бозори, активлар гуруҳлари, айланма ҳажмлари, талаб ва таклиф ҳажмлари, котировкалар, позицияси очиқ қолган ҳажмлар (сотилмаган ҳажмлар), лотлар миқдорининг ҳолати бўйича маълумотларни танлаб олиш, турли мезонларга кўра ахборотни тезкор ва осон қидириш жараёнларини.


5. ЭБСТ ўз таркибида қуйидаги операциялар ва маълумотлар рўйхатга олинадиган, савдо сессиялари бўйича бажарилган амалларнинг ҳисобини юритувчи автоматлаштирилган журнал (савдоларнинг электрон баённомаси)га эга бўлиши керак:

савдонинг очилиши;

савдонинг ёпилиши;

савдо иштирокчисини идентификация қилиш;

савдо иштирокчисининг тизимга кириш вақти;

савдо иштирокчисининг тизимдан чиқиш вақти;

савдо иштирокчиси томонидан нарх таклифи берилган вақт;

савдо иштирокчисининг нарх таклифини қайтариб олган вақти;

савдо иштирокчисининг нарх таклифини ўзгартирган вақти;

савдо иштирокчисининг битим тузган вақти;

актив номи;

нарх таклифидаги актив миқдори;

лотлар миқдори;

актив баҳоси.

Ёзувларни қайд қилиш вақтининг формати - йил, ой, кун, соат, дақиқа, сония (камида 0,1 сониягача бўлган аниқлик билан).


6. ЭБСТ ўтказилган биржа савдоларига оид ҳисоботларнинг биржа операциялари журнали мазмунига қатъий мос келишини таъминлаши керак.


7. ЭБСТ операциялар журналида бажарилаётган операцияларнинг автоматик равишда бириктириладиган хос рақамининг юритилишини таъминлаши керак.



3-БОБ. ДАСТУРИЙ ТАЪМИНОТГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

            

8. ЭБСТ ДВ лицензияга эга бўлган дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиши ва эксплуатация қилиниши керак.


9. Ахборотнинг тўлиқ ёки қисман йўқотилишининг ва маълумотлар базасининг яхлитлиги бузилишининг олдини олиш мақсадида ЭБСТ ДВ шундай яратилган бўлиши керакки, унда фойдаланувчининг хатолари, техник носозлик ҳолатларида юзага келадиган хатолар ва маълумотлар базаси хатолари, фойдаланувчига кейинги ҳатти-ҳаракатлари ёзилган маълумотларни узатган ҳолда, қайта ишланишини таъминлаши лозим.


10. ЭБСТ ДВда қуйидаги функцияларни таъминловчи дастурлар ишини назорат қилувчи модуль бўлиши керак:

фойдаланувчини идентификация қилиш (таниб олиш), аутентификация қилиш (ҳақиқийлигини тасдиқлаш) ва авторизациялаш (ваколатларини белгилаш);

ЭБСТ ресурсларига кириш рухсатларини назорат қилиш;

ЭБСТда содир бўлаётган воқеаларни рўйхатга олиш ва таҳлил қилиш;

ЭБСТ ресурслари яхлитлигини назорат қилиш.


11. ЭБСТ ДВ савдо натижаларига кўра шаклланган маълумотларга ўзгартиришлар киритилишига йўл қўймаслиги керак.


12. ЭБСТ ДВ киритиладиган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигининг назоратини таъминлаши керак.


13. ЭБСТ ДВ қуйидаги дастурий тизимларни ўз ичига олиши (ёки мавжуд дастурий тизимлар билан электрон тарзда ўзаро ишлашни таъминлаши) керак:

савдо тизими;

маблағлар кирим ва чиқим амалиётларида инсон омилисиз, банк ахборот тизими билан интеграцияси мавжуд бўлган ҳисоб китоб-клиринг тизими;

депозитар тизим (ваколатли биржа омбори тизими) (агар технологик савдо жараёни бундай тизим билан ўзаро ишлашни назарда тутса);

ахборот-таҳлил тизими;

маълумотларни узатиш тармоқлари (агар технологик савдо жараёни бундай тизим билан ўзаро ишлашни назарда тутса).


14. ЭБСТ ДВ назарда тутилган барча иш режимларида ўзбек ва/ёки бошқа тилларда ишончли ишлаши керак.


15. ЭБСТни ўрганиш ва ундан амалда фойдаланиш учун зарур бўлган ҳужжатлар (давлат тилида ва бошқа тиллардаги таржимаси) бўлиши лозим.



4-БОБ. АППАРАТ ТАЪМИНОТИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

            

16. Сервер ва коммуникация ускунаси қуйидагиларни таъминлаши керак:

товар-хом ашё биржаларида қабул қилинган иш тартибини таъминлаш учун етарли даражадаги иш унумдорлигини;

кенг қамровли, яъни ахборотнинг ортиб бораётган ҳажми билан ишлаш имкониятларини.


17. Юқори сифатли тизимларни ташкил қилишда ишончли "raid" массивларини яратиш учун серверларни зарур миқдордаги дискли сақлаш қурилмалари ҳамда "hot swap" қувват манбалари билан таъминлаш зарур.


18. Сервер барча сервер-аппарат қисмларини мониторинг қилиш ва уларнинг созлигини назорат қилиш тизимига эга бўлиши керак.


19. Сервернинг электр таъминотини кириш кучланишини барқарорлаштирган ҳолда узлуксиз таъминлаш қурилмаси (кейинги ўринларда - УТҚ) орқали амалга ошириш талаб этилади.


20. УТҚ қуввати сервер томонидан талаб қилинадиган қувватга мувофиқ танланиши ва батареянинг камида 120 дақиқалик иш вақти билан таъминлаши керак ва бунда номинал қувватнинг кўпи билан 60 фоизи юкланган бўлиши лозим.


21. Дискли сақлаш қурилмаларида (масалан, юқори даражали "raid", акс нусха олиш), шунингдек, маълумотлар сақланадиган ташқи қурилмаларда (масалан, стример ва бошқалар) маълумотларнинг захираланганлиги таъминланган бўлиши керак.


22. Серверга махсус оператив хотира - хатоларни топиб, тузатиш (ECC - error corecting code) қобилиятига эга бўлган хотира ўрнатилган бўлиши керак, бунда оддий ҳисоб назорати етарли бўлмайди.


23. Биржа ўзига тегишли сервер қурилмалари ва алоҳида жойлашган сервер хонасига эга бўлиши шарт.


24. Сервер хонаси қуйидаги талабларга жавоб бериш керак:

чекланган доирадаги шахсларнинг кириш ҳуқуқига эга бўлиши;

кодли қулфлар ёки биометрик тизим билан ҳимояланган кириш эшикларига эга бўлиши;

ёнмайдиган материаллардан кўтарилган поллар (фальшпол) билан жиҳозланган бўлиши;

иситилган ва намликни йўқотувчи тоза ҳаво оқимини таъминловчи тизимга эга бўлган, "24/7" режимида ишловчи асосий ва захира совитиш техникалари билан жиҳозланиши;

ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 20-24 даражада сақлаб турилиши;

кузатув камералари билан жиҳозланиши;

электр таъминоти узлуксизлигини (генератор ишга туширилгунга қадар) камида 2 соат таъминловчи қувват манбаи батареяларига (UPS) эга бўлиши;

электр энергияси таъминотида узилишлар содир бўлганда, камида 3 сутка давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган генератор ускунаси мавжуд бўлиши;

махсус газ ёрдамида автоматик ёнғин ўчириш тизимига эга бўлиши.



5-БОБ. АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

          

25. ЭБСТ ушбу Низом талаблари ва бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ муҳофаза қилинади.


26. Ахборот хавфсизлиги ахборотни муҳофаза қилишнинг ташкилий-техник чора-тадбирлари ва дастурий-аппарат воситаларидан иборат тизим билан таъминланиши керак.

Қуйидагилар мавжуд бўлиши талаб этилади:

мураккаб бошқарув сиёсатини амалга ошириш ҳамда тармоқ хавфсизлигини таъминлашда илғор ечимларга эга (Enterprise) тармоқлараро аппарат хавфсизлик деворлари;

рухсатсиз киришларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимлари;

илова серверлари ва ЭБСТ ДВ маълумотлар базаси серверлари фаолияти бўйича мониторинг тизими;

ходимлар ва савдо иштирокчиларининг ЭБСТга кириши учун паролларни қўллаш бўйича схемалар ва йўриқномалар;

ходимларнинг ЭБСТ ахборот ресурслари ва хизматларидан фойдаланиш рухсати даражаларини белгилаш схемаси;

ахборотни такрорлаш ҳамда маълумотлар нусхалари ва жўнатилган хабарларни сақлаш технологияси бўйича йўриқнома ва ҳужжатлар;

ходимларнинг махфий маълумотлар ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлган ва олиб келган ҳаракатлари учун жавобгарликни белгилайдиган ҳужжатлар;

биржа иштирокчиларининг ўзаро электрон жараёнда ишлаши давомида ахборотнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида ахборот алмашинуви қоидаларини белгилайдиган ҳужжат;

ахборот алмашинуви учун савдоларнинг технологик жараёнидаги барча иштирокчилар учун ягона бўлган, узунлиги камида 1 024 битдан иборат калитли, маълумотларни шифрлаш алгоритми қўлланилиши керак.


27. Амалга ошириладиган ташкилий чора-тадбирлар таркибида юридик ва жисмоний шахсларни ЭБСТ ДВни лойиҳалаш, яратиш, эксплуатация қилиш ва таъминлашга жалб қилишни тартибга солувчи талаблар ҳамда ҳатти-ҳаракатлар рўйхати бўлиши керак.


28. Биржа аъзоларининг ЭБСТда ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан, шу жумладан, электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда иш олиб боришлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.


29. ЭБСТ ДВнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизими хавфсизликка таҳдидни ҳамда уларни юзага келтирган сабаб ва шароитларни ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган хавфсизлик сиёсатига мувофиқ амалга оширилиши керак.



6-БОБ. ТАШКИЛИЙ ТАЛАБЛАР

          

30. ЭБСТ узлуксиз равишда суткасига 24 соат мобайнида (иш кунларида) ишлаш имкониятини таъминлаши керак.


31. Биржа савдоларининг ҳар бир иштирокчиси биржа савдоларининг электрон савдо тизимидан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Иштирокчилар сони ЭБСТ ДВнинг унумдорлиги ёки дастурий-аппарат тавсифлари билан чекланмаслиги керак.


32. Биржа савдоларининг ҳар бир иштирокчиси учун тенг шароит яратиш мақсадида савдоларга Интернет тармоғи мавжуд бўлган исталган жойдан ёки савдо залларидан иштирок этиш имкониятини таъминлаши шарт.


33. Биржанинг ҳудудий филиаллари, алоҳида брокерлик жойлари, савдо майдончалари ва бошқа жойларда ишни ташкил қилишда биржа ЭБСТга уланадиган ва ҳудудларда ишлаш имкониятига эга бўлган ишончли каналларни таъминлаши ҳамда биржа иштирокчилари учун тенг савдо шартларини таъминлаши шарт. Биржа савдо иштирокчилари томонидан мустақил равишда танлаб олинадиган ва фойдаланиладиган техник тавсиф ва техник комплектга эга бўлган терминалларнинг бутлиги ва ишга яроқлилиги учун жавобгар эмас.


34. Товар-хом ашё биржаси биржадан узоқда жойлашган савдо иштирокчиларини масофадан туриб фойдаланиш режими бўйича улаш учун зарур миқдордаги портларни таъминлаши керак.


35. Биржа аъзолари учун Интернет тармоғи орқали исталган жойдан туриб биржа савдоларида иштирок этиш имконияти яратилиши мумкин. Бунда мазкур Низомнинг 31-бандида келтирилган талаб инобатга олинмайди.


36. Товар-хом ашё биржаларида биржа савдоларининг электрон тизимига уланиш ва унда савдо иштирокчиларининг узоқ масофадан туриб ишлаши бўйича шарт-шароитлар, талаблар ва техник тавсифларни белгилайдиган йўриқнома бўлиши керак. Товар-хом ашё биржалари савдо иштирокчилари томонидан мустақил равишда танлаб олинган ва фойдаланиладиган алоқа каналларининг ишлаши ва ўтказиш имконияти учун жавобгар эмас.


37. Тизимга ушбу соҳанинг мутахассислари ҳисобланган ва шу каби тизимларда камида уч йил иш стажига эга бўлган штатдаги ходимлар хизмат кўрсатиши керак.


38. ЭБСТ белгиланган тартибда тасдиқланган биржа савдолари қоидаларига мувофиқ ишлаши керак.



7-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИНИНГ ЭЛЕКТРОН

ТИЗИМЛАРИ ЭКСПЕРТИЗАСИ

           

39. Экспертизани ўтказишнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган товар-хом ашё биржаларида ЭБСТ қўлланилишини йўлга қўйишдир. Экспертизани биржа фаолиятини тартибга солувчи ваколатли давлат органи ўтказади. Зарур ҳолларда, экспертизани ўтказиш учун бошқа идораларнинг тегишли мутахассислари жалб қилиниши мумкин.


40. ЭБСТ экспертизасини ўтказишда асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

ДВда ахборотни қайта ишлаш технологик жараёнларининг Ўзбекистон Республикасида биржа фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларининг шартлари ва талабларига мос келишини аниқлаш;

ЭБСТнинг ахборот хавфсизлиги талабларига мос келишини аниқлаш;

жорий этиладиган ЭБСТ ДВнинг товар-хом ашё биржаларида амалга оширилаётган операцияларнинг тўлиқ жараёнини таъминлайдиган амалдаги автоматлаштирилган тизимларга дастурий ва ахборот жиҳатдан мос келишини аниқлаш;

фойдаланиладиган дастурий маҳсулотни тартибга солиш ва товар-хом ашё биржалари томонидан сотиб олинадиган ёки ишлаб чиқиладиган янги дастурий таъминотни назорат қилиш.


41. Товар-хом ашё биржалари фаолиятини автоматлаштириш учун мўлжалланган амалий (ишлаб чиқилган ёки сотиб олинган) ДВ экспертизани ўтказиш объекти ҳисобланади.


42. Экспертизани ўтказиш учун дастурчи ва оператор фойдаланадиган қўлланмалар, дастур матнлари ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши керак.


43. Қайта ишлаб чиқилган ЭБСТ (ўзгартирилган ёки янги версиядаги ЭБСТ) қайта экспертизадан ўтказилади. Бу ҳолда ЭБСТнинг ўзгартирилган ёки қўшимча киритилган қисми экспертиза қилинади. Бунда ЭБСТнинг қайта ишлаб чиқилган қисмлари учун ҳужжатлар тақдим этилади. Норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши натижасида ўзгартирилган ЭБСТ версиялари ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирган кундан бошлаб, уч ой ичида экспертизага топширилади.


44. Экспертизадан ўтказилмаган ЭБСТдан фойдаланилганлик учун товар-хом ашё биржаларига нисбатан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жазо чоралари қўлланилади.


45. ЭБСТни экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган камчиликлар, яъни ЭБСТда ахборотни қайта ишлаш технологик жараёнининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талаб ва шартларига мос келмаслиги, ЭБСТ ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги ёки жорий этиладиган ЭБСТнинг дастурий ва ахборот жиҳатдан мос келмаслик ҳолатлари лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади ҳамда биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беришни рад этишга асос бўлади.


46. ЭБСТнинг ушбу Низом талабларига ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга (ўзгартиришлар ёки янги талаблар киритилганда) мос келмаслиги аниқланганда, товар-хом ашё биржасига, агар унга биржа фаолиятини юритиш учун илгари лицензия берилган бўлса, ушбу аниқланган номувофиқликлар ва уларни бартараф этиш муддатлари кўрсатилган кўрсатма юборилади. Юборилган кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, ушбу биржа учун берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади.


47. Товар-хом ашё биржаси томонидан ЭБСТни экспертизадан ўтказиш хулосаси бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят аризаси берилиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

         

48. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


49. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

         

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 декабрь






























































Время: 0.2177
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск