ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар /

Биржа савдоларида нархлар манипуляцияси, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш Қоидалари (ЎзР ВМ 30.11.2022 й. 687-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 ноябрдаги

687-сон қарорига

2-ИЛОВА



Биржа савдоларида нархлар манипуляцияси,

ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш

ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа

усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш

ҚОИДАЛАРИ

          

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Қоидалар биржа савдоларида нархлар манипуляцияси, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш тартибини белгилайди ва биржа савдолари иштирокчиларига (сотувчи, харидор ва биржа аъзоларига) нисбатан қўлланилади.


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бошланғич нарх - сотувчи томонидан белгиланадиган биржа савдоларига қўйилган товарнинг нархи;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси;


манипуляция - биржа савдолари иштирокчиларининг қўшимча даромад олиш мақсадида нархларни сунъий ўзгартиришга, бир даражада ушлаб туришга ва бошқа иштирокчиларнинг ҳатти-ҳаракатларига таъсир этишга қаратилган ҳаракатлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва Интернет тармоғида қасддан ёлғон маълумотлар тарқатиш;


ички (инсайдерлик) маълумотлар - аввал тарқатилмаган ва тарқалиши биржа товарининг нархига, талабига ёки таклифига таъсир қилиши мумкин бўлган (қонун билан қўриқланадиган тижорат, банк ва хизмат сирини ташкил этувчи) маълумотлар;


савдо сессияси - биржада белгиланган тартибда биржа савдолари ўтказиладиган вақт;


маҳсулотларни савдога қўйиш жадваллари - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарорига мувофиқ сотувчилар томонидан тасдиқланадиган маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари;


сотувчи - биржа товарини котировкалаш варағига киритиш ҳамда уни сотишни амалга оширувчи юридик шахс (резидент ва норезидент);


стандарт биржа контракти - биржа томонидан белгиланган тартибда котировкалаш варағига киритилган стандарт биржа контракти;


харидор - биржа товарини ўз эҳтиёжи учун, қайта сотиш ва бошқа мақсадларда харид қилувчи юридик шахс (резидент ва норезидент) ёки якка тартибдаги тадбиркор;


шахсий кабинет - ваколатли органга биржа савдолари бўйича маълумотларни тезкор олиш имкониятини берувчи, биржа томонидан ишлаб чиқилган махсус электрон модуль.



2-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИДА НАРХЛАР

МАНИПУЛЯЦИЯСИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

         

3. Ваколатли орган биржа савдоларида нархлар манипуляциясининг олдини олиш мақсадида биржа билан биргаликда биржа савдолари иштирокчилари учун ўқув семинарларини ўтказади ҳамда тегишли тарғибот ишларини амалга оширади.


4. Биржа аъзолари ўз мижозлари томонидан қонунчиликка, биржа савдоси қоидаларига ҳамда мазкур қоидаларга зид равишда берилган ва биржа савдоларида манипуляция ҳолатларига олиб келадиган кўрсатмаларни бажармасликка ҳақли. Мазкур кўрсатмалар тўғрисида биржа аъзолари ваколатли орган ҳамда биржани тегишли тартибда хабардор қилган тақдирда, уларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилмайди.


5. Биржа савдоларида нархлар манипуляциясининг олдини олиш ваколатли орган томонидан савдоларни ташкил этиш жараёнини мониторинг қилиш орқали ҳам амалга оширилади.



3-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИДА НАРХЛАР

МАНИПУЛЯЦИЯСИНИ АНИҚЛАШ

         

6. Биржа савдоларида нархлар манипуляцияси савдолар жараёни ва битимлар шаклланишини доимий мониторинг қилиш, биржа товарининг нархлари ўзгаришини таҳлил қилиш ҳамда манипуляция ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш орқали аниқланади.


7. Ваколатли орган томонидан нархлар динамикасидан қатъи назар, манипуляция ҳолатларини аниқлашнинг бошқа чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.


8. Нархлар манипуляцияси ҳаракатларини аниқлашда шахсий кабинет орқали олинадиган, товарларнинг савдога қўйилиши, биржа аъзолари томонидан берилган буюртмалар, битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши ва товар етказиб берилиши тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади.


9. Оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ўрганиш ўтказиш учун келиб тушадиган мурожаатлар (ёзма ёки оғзаки) ҳамда мустақил равишда аниқланган шубҳали ахборотлар асос бўлади.

Ушбу турдаги манипуляция материаллари маълумотлар манбаи, уни чоп этиш санаси ва вақти (экран тасвирлари, видео, аудио ёзувлар, ҳаволалар ва бошқалар) кўрсатилган ҳолда кайд этилиши керак.


10. Манипуляция ҳаракатларини аниқлашда ваколатли орган қуйидагиларга эътибор беради:

биржа шартномаларида кичик лотларда юкланиши мумкин бўлган товарларга асоссиз йирик лотларнинг белгиланганлигига;

биржа шартномаларида сотувчилар томонидан гаров маблағлари асоссиз равишда кам миқдорда белгиланганлигига;

харидорларнинг илгари бекор қилинган битимлар бўйича тегишли товарларларни сотиб олиш учун берилган буюртмаларига;

ўхшаш товарлар сотувчиларининг биржа шартномаларида кўрсатилган тўлов ва юклаб жўнатиш муддатлари ҳамда алоҳида шартларининг мувофиқлигига;

биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, синфи, маркаси ва бошқалар) бўйича етарли маълумот кўрсатилганлигига;

ўхшаш товарлар сотувчиларининг биржа шартномаларида кўрсатилган маркировкалаш стандартларининг мувофиқлигига;

биржа шартномалари товар гуруҳлари бўйича бўлиниши ва товарларнинг миллий стандартларга мувофиқ маркалари уларнинг жаҳон ёки бошқа мамлакатлар стандартларига мувофиқлигига;

биржа шартномаларига товар ҳақида қўшимча маълумот киритиш зарурлигига;

биржа шартномаларининг махсус шартларида харидорларнинг ўз транспорт воситаларидан, товарларни юклаш ёки тушириш учун ўз ишчи кучидан фойдаланишларини чеклаши мумкин бўлган шартларнинг, биржа шартномасида назарда тутилган тўлов ва юклаб жўнатиш муддатларида қўшимча сақлаш хизматларининг белгиланганлигига;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида форвард ва спот шартномалари бўйича ҳажмлар мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда мутаносиб тақсимланганлигига;

муайян биржа аъзоси томонидан биржа савдолари давомида нархларнинг ошишига сабаб бўлган, юқори нархларда ва катта ҳажмлардаги буюртмалар киритилганлигига ва кейинчалик уларнинг ўчириб юборилганлигига;

нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлувчи, сотувчилар томонидан товарни савдога қўйиш ҳажмларининг муайян савдо кунида кескин ошириб юборилишига, кейинги кунларда эса ҳажмларнинг аввалги кунлар даражасида ёки кам миқдорда қўйилишига;

бошланғич нархлари қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқиладиган товарларнинг биржа савдоларига қўйилган бошланғич нархларига;

биржа шартномасида кўрсатилган ва тузилган битимларда товар бошланғич нархининг тенглигига;

сотувчилар томонидан товар ҳажмларининг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилиши натижасида биржа савдоларига қўйиш ҳажмининг камайишига;

сотувчининг автотранспорт воситаси ва темир йул вагонларида кунлик юклаб жўнатиш имкониятларидан келиб чиқиб, товар қўйиш ҳажмлари кичик ва йирик лотлар бўйича мутаносиб тақсимланганлигига;

айрим турдаги товарларнинг нарх динамикасига;

жарима санкциялари қўлланмасдан харидор ташаббуси билан муайян биржа шартномаси бўйича асоссиз равишда битимларнинг бекор қилинишига.



4-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИ ЖАРАЁНИДА

НАРХЛАР МАНИПУЛЯЦИЯСИ

          

11. Биржа иштирокчиларининг қуйидаги қасддан қилинган ҳар қандай ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади ва уларни амалга ошириш тақиқланади:

биржада сотилаётган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиш, шу жумладан, олдиндан келишиш ва тил бириктириш ҳолатлари орқали асоссиз фойда олиш, муайян иштирокчиларга савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш орқали бошқа иштирокчиларга маҳсулотни сотиб олиш имкониятини чеклаш, биржа нархларини кескин ошириш, қатъий белгилаш ёки бир даражада ушлаб туриш;

оммавий ахборот воситалари, Интернет ва бошқа коммуникация каналларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёлғон маълумотлар тарқатиш;

биржа шартномаси бўйича йирик, яъни барча харидорларга савдоларда тенг қатнашиш имкониятини чеклайдиган лотлар белгилаш;

бир хил маҳсулотлар сотувчилари томонидан белгиланган шартлардан сезиларли даражада фарқ қиладиган асоссиз тўлов ва етказиб бериш муддатлари ҳамда алоҳида шартлар киритиш;

биржа расмий веб-сайтига маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларини жойлаштирмаслик;

биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чегараловчи алоҳида шартларни кўрсатиш;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида уларнинг ҳажмларини форвард ва спот шартномалари бўйича асоссиз равишда номувофиқ қўйиш;

форвард шартномаси бўйича маҳсулотни бир ойдан кам бўлган муддатда юклаб жўнатиш;

савдо жараёнида муайян биржа иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчилар нарх таклифига нисбатан ноодатий равишда тафовути йирик бўлган нарх таклифини бериш ва бунинг натижасида савдолар тугагунга қадар буюртмани ўчириш ёки тузилган битимни асоссиз равишда жаримани тўламаган ҳолда бекор қилиш;

қонунчилик ҳужжатларига асосан нархлари тартибга солинадиган маҳсулотларнинг бошланғич нархларини шакллантиришда белгиланган тартибларга риоя қилмаслик;

бошланғич нархларни белгилашда монопол юқори нарх қўллаш;

биржа шартномаси бўйича бекор қилинган муайян харидор иштирокидаги битим нархининг ушбу биржа шартномаси бўйича айнан ўша харидор иштирокида кейинги амалга оширилган иккита савдодаги битимларининг минимал нархларидан пастлиги;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларнинг биржа савдосида сотилмай қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш орқали маҳсулотларни савдоларга қўйиш ҳажмларини қисқартириш;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслик;

маҳсулотларни муқобил транспорт турида юклаб жўнатиш имконияти бўла туриб, асоссиз равишда муайян транспорт тури орқали юклаб жўнатиш кўзда тутилган шартномалар бўйича қўйиш;

биржада тузилган битим ва шартномаларни асоссиз ёки мунтазам равишда жарималар қўлланмасдан бекор қилиш;

маҳсулотни юклаб жўнатиш навбати бўйича кетма-кетликка амал қилмаслик;

буюртмаларни бирлаштириш ва биржа савдолари ғолибини аниқлаш жараёнида, жумладан, рухсат берилмаган биржа дастури таъминотидан фойдаланиш;

сотувчи ва харидор томонидан битта шахсий ҳисобрақамда битим тузиш, шунингдек, сотувчи ва харидор бўлиб иштирок этаётган битта брокерлик идораси томонидан битимни амалга ошириш.


12. Баланд нарх асосида шаклланган битимни расмийлаштирмаслик ҳолати савдоларга таъсир этиш омилларини инобатга олган ҳолда манипуляция деб топилиши мумкин.


13. Ваколатли орган биржа савдолари жараёнида бошланғич нархга нисбатан нархлар ошишининг йўл қўйиладиган чегарасини белгилаши ҳамда нарх белгиланган чегарадан ошиб кетган тақдирда савдоларни тўхтатиш ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмини кейинги савдоларга ўтказиш бўйича биржага кўрсатмалар беради.


14. Биржа бўлиб ўтган савдолар натижасида нархларнинг кескин ошиши, талаб ёки таклифнинг жиддий номутаносиблиги ва манипуляция аломатлари кузатилганда ваколатли органни хабардор қилади.


15. Манипуляция ҳаракатлари аниқланган барча ҳолларда ваколатли орган рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлайди. Биржа аъзоларининг жавобгарлик масаласи биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



5-БОБ. ИЧКИ (ИНСАЙДЕРЛИК) МАЪЛУМОТЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ЧЕКЛАШ

         

16. Ички (инсайдерлик) маълумотларнинг ҳисоби юритилиши, уларнинг сақланиши учун жавобгарлик биржа ва биржа иштирокчилари зиммасига юклатилади.


17. Ички (инсайдерлик) маълумотларни тарқатиш ва улардан биржа товарининг нархига, талабига ёки таклифига таъсир қилиш мақсадида фойдаланиш, шу жумладан, учинчи шахсларга ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланган ҳолда маълум бир биржа товарини харид қилиш бўйича маслаҳатлар бериш тақиқланади.


18. Оммавий ахборот воситалари ёки Интернет тармоқларида, шунингдек, бошқа ахборот воситаларида ошкор қилинган маълумотлар ички (инсайдерлик) маълумотларни ташкил этмайди.


19. Ички (инсайдерлик) маълумотлар тарқатилган тақдирда манфаатдор шахслар уларнинг тарқатилиши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

           

20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 декабрь

































































Время: 0.0329
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск