язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Алоҳида корхоналар ва лойиҳалар бўйича ҳужжатлар/ Озиқ-овқат ва тамаки саноати/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2005 й. 8-сон "Вимм-Билл-Данн" компанияси иштирокидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.01.2005 й.

N 8



"ВИММ-БИЛЛ-ДАНН" КОМПАНИЯСИ

ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА


Сут ва сут маҳсулотлари бозорини янада ривожлантириш учун хорижий инвесторларни жалб қилиш, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, экспортга йўналтирилган ва импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек янги иш ўринлари яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

"Вимм-Билл-Данн-Продукты Питания" компанияси (Россия Федерацияси) "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси "Тошкент-Сут" очиқ акциядорлик жамиятининг 76,98 фоиз акцияларини сотиб олганлиги ҳамда ўз шўъба компанияси - "VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонасини ташкил этганлиги;

2005-2009 йиллар мобайнида "Вимм-Билл-Данн-Продукты Питания" компанияси замонавий юқори ишлаб чиқариш технологиялари, асбоб-ускуналар ва интеллектуал мулк, "Тошкент-Сут" ОАЖнинг ҳосил бўлган (1,5 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги) кредиторлик қарзларини тўлаш ва бошқа маблағлар сифатида 7,3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция қўйишни мўлжаллаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш бўйича "VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонаси компанияси лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг 2005-2009 йиллардаги Инвестиция дастурига киритсин.


3. Қуйидагилар:

"VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонаси ва унинг расмий дистрибьюторларига "Вимм-Билл-Данн" компаниясининг маҳсулотларини, нақд пулларни ҳар куни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан, аҳолига нақд пулга автофургонлардан сотишга;

"VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонасига фермер, деҳқон хўжаликларидан ва жисмоний шахслардан сутни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси корхоналари учун белгиланган тартибда нақд маблағларга мустақил равишда сотиб олишга рухсат этилсин.


4. Маълумот учун қабул қилинсинки, "VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ:

рўйхатдан ўтказилган вақтидан бошлаб 7 йил муддатга даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинади.

5-6. Махфий.


7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2005 йил 1 январдан бошлаб "VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонасини маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг барча турларини тўлашдан беш йил муддатга озод қилсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари чорвачилик хўжаликлари ташкил этиш учун ер участкалари ажратишда ҳамда чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқи учун тегишли рухсатномалар беришда "VBD Toshkent" МЧЖ хорижий корхонасига кўмаклашсинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари М.З. Усмонов ва Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов